6. Харидорлар ва буюртмачилар билан ҳисоб-китоблар аудити. Харидорлар ва буюртмачилар билан ҳисоб-китобларни текширишнинг умумий қисми - қолдиқлар ҳаққонийлигини баҳолаш ва бажариладиган услубий амаллар мол етказиб берувчилар ва пудратчилар билан ҳисоб-китобларни текширишга ўхшаш.
№21-БҲМСга мувофиқ жўнатилган маҳсулот, материал, бажарилган иш ва кўрсатилган хизматлар учун харидор ва буюртмачилар билан олиб бориладиган ҳисоб-китоблар 4010 - «Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар», 4020- «Олинган векселлар», 6310- «Харидорлар ва буюртмачилардан олинган бўнаклар», 9010 - «Маҳсулотлар сотишдан олинган даромадлар», 9020 - «Товарларни сотишдан олинган даромадлар», 9030 - «Бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлардан олинган даромадлар», 9110 - «Сотилган маҳсулотлар таннархи», 9120 - «Сотилган товарлар таннархи», 9130 - «Сотилган ишлар ва хизматлар таннархи», счётларида ҳисобга олинади. Аудитор 4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар», 4020-«Олинган векселлар» ва 6310-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинган бўнаклар» счётлари бўйича ҳисоб юритиш ва назоратнинг ҳолати ҳамда қолдиқларнинг ҳаққонийлигини баҳолаш натижасида харидорлар ва буюртмачилар билан ҳисоб-китоблар бўйича муомалаларнинг ишончлилигини текширади. Бу счёт бўйича оборотларни текширишнинг муҳимлиги корхона фаолиятини баҳолайдиган асосий кўрсаткич - товарлар, маҳсулотлар, иш ва хизматларни сотишдан олинадиган даромад кўрсаткичи бўйича ахборотларни шакллантириши билан изоҳланади.
Харидорлар ва буюртмачилар билан ҳисоб-китобларга доир муомалаларни текширишда 4010, 4020 ва 6310 счётлар бўйича ҳисоб регистрлари маълумотларининг Бош дафтар ҳамда ўзаро алоқадор ҳисоб регистрлари маълумотлари билан тенглиги аниқланади. Бунда асосан 4010- счёт дебети бўйича ёзувлар 9010, 9020, 9030, 9210, 9220-счётларнинг кредити бўйича ёзувлар билан солиштирилади. Агар қонун ёки олди-сотти шартномасида товарга мулкчилик ҳуқуқининг махсус тартиби кўзда тутилмаган бўлса, уҳолда умумий қоида бўйича мулкий ҳуқуқ мол етказиб берувчидан харидорга товарни жўнатиш вақтида ўтади ва дебет 4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар» ва кредит 9010-«Тайёр маҳсулотларни сотишдан олинган даромадлар»счёти ёзуви билан акс эттирилади. Бундай ёзув солиққа тортиш мақсади учун қандай ҳисоб тартиби - «тўлов бўйича» ёки «жўнатиш бўйича» қабул қилинганидан қатъий назар амалга оширилади. Дастлабки ҳужжат ва 4010-счётнинг ҳисоб регистри бўйича маҳсулот жўнатилган санани таққослаш орқали муомалаларнинг ўз вақтида акс эттирилиши назорат қилинади.
Агар шартномада товарларга мулкий ҳуқуқ ўтишининг махсус тартиби кўзда тутилган бўлса, у ҳолда жўнатилган қийматликларга мулкий ҳуқуқ уларни жўнатиш вақтида эмас, балки пул тўланиш вақтида ўтиши мумкин. Бу ҳолда жўнатилган ва сотилган товарлар учун харидорларнинг қарзлари ҳам шундай ёзув билан, аммо пул тўланиш вақтига акс эттирилиши муҳимдир. Бу харидорлар билан чет эл валютасида ҳисоблашилганида ва харидорлар билан шартли бирликларда ҳисоблашилганда ўта муҳимдир. Чунки муомалаларни акс эттириш санасига боғлиқ ҳолда валюта курси натижада эса умумий қарздорлик, курс ва сумма тафовутлари аниқланади.
Муомалаларнинг ҳужжат билан асосланганлигини текшириш чоғида товар (маҳсулот, иш ва хизмат)лар баҳоси шаклланишининг шартнома шартларига мувофиқлиги, ҳамда ҚҚС суммаси ва харидорларга тақдим қилинган счётлар бошқа элементларининг тўғрилиги аниқланади. Харидорлар томонидан счётларни тўлашнинг ўз вақтидалиги ва тўлиқлиги 5110, 5210, 5220, 6310, 7310 счётлар билан богланадиган маълумотларни таққослаш ва аналитик ҳисоб регистрларидаги ёзувларни кўриб чиқиш йўли билан аниқланади.
Векселлар билан ҳисоб-китоб қилинганида №21 БҲМС талабларига мувофиқ 4020 -«Олинган векселлар» счётини юритиш тартибига риоя қилиниши ва харидорларнинг векселлар билан таъминланган қарзлари аналитик ҳисобининг тузилишига қатъий эътибор қаратилиши лозим. Бунда хусусан, векселларнинг тўлов муддати, банкларда ҳисобга олинганлиги (дисконтлангани), ўз вақтида пули келиб тушмаганлари алоҳида текширилиши зарур.
Шунингдек, олинган векселлар бўйича вексел фоизлари ва ҚҚС акс эттирилиши, вексел бўйича пул маблағларининг келиб тушиш чоғида (товарлар, қарама-қарши талаблар) вужудга келадиган мажбуриятлар тўғрилиги текширилади.
Текширув жараёнида харидорларнинг муддатлари ўтиб кетган дебитор қарзлари талаб қилинганлиги ва талаб қилинмаганлигини аниқлаб таҳлил қилинади. Дебитор қарзларни ҳисобдан ўчириш фактлари бўйича аудитор ушбу фактларнинг асосланганлиги ва тўғри акс эттирилганлигини аниқлайди.
Дебитор қарзларнинг аҳволи ва уларни ҳисобдан ўчиришни текшириш амаллари шубҳали қарзлар бўйича резерв яратиш ва ундан фойдаланишни текшириш амаллари билан кесишади. Шубҳали қарзлар бўйича резервлардан фойдаланишнинг асослилигини текшириш дебитор қарзларни ҳисобдан ўчириш чоғида кўриб чиқилади.
Маҳсулот ва материалларни сотишга жўнатиш меъёрига қараб барча накладной маълумотлари тайёр маҳсулотларни сотишга доир ҳужжатлар реестри (63 - АСК шакл)га ёзиб борилади. Реестрлар ички хўжалик бўлинмалари (ширкатлар, бригадалар ва бошқалар)дан хўжалик бухгалтериясига топширилиб, уларнинг маълумотлари асосида «Қишлоқ хўжалик маҳсулот, материал, иш ва хизматлари реализациясини ҳисобга олиш ведомости (62 - АСК шакл) тузилади. Реестрларда харидор ва буюртмачилар билан ҳисоб - китоблар ҳар қайси тўлов ҳужжати бўйича алоҳида-алоҳида ҳисобга олиб борилади. Ҳисобот ойи ичида тўланмаган суммалар, ундан кейинги ойда харидор ва буюртмачилар билан ҳисоб-китобларни ҳисобга олиш учун хизмат қиладиган, янги сальдо (қолдиқ) реестрига ҳар қайси тўлов ҳужжатидан ўтказилади.
Харидор ва буюртмачилар билан ҳисоб - китобларни текширишни бошлашдан олдин сальдо (қолдиқ) реестрларида кўрсатилган қолдиқларнинг Бош дафтардаги 4010 - «Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар», 4020- «Олинган векселлар», 6310- «Харидорлар ва буюртмачилардан олинган бўнаклар» счётлари бўйича қолдиқларга тенг келишини аниқлаш зарур. Шунингдек, реестрларнинг ўз вақтида тўлғазилиши, бухгалтерияга топширилиши ва хўжаликнинг кассасига ёки ҳисоб-китоб счётига тушган тўловлар ҳақида белгилар (ёзувлар) мавжудлиги текширилади. Маҳсулот, материал, иш ва хизматлар реализацияси бўйича тўлов талабномаларининг ўз вақтида тўлғазилиши ва инкассага қўйилиши текширилади. Қарзларнинг вужудга келиш саналари ва тўлов муддати ўтиб кетган суммаларини сальдо (қолдиқ) реестрлари бўйича аниқлаш зарур. Ушбу тўлов ҳужжатлари бўйича қарзлар ниҳоятда пухта текширилади. Чунки, амалиётда харидорлар ва буюртмачиларнинг қарзлари 4010 - «Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар» ва 4020- «Олинган векселлар», счётларининг дебетида, тўловларнинг келиб тушиши эса 6310- «Харидорлар ва буюртмачилардан олинган бўнаклар» счётининг кредитида акс эттирилади, шунингдек маҳсулот ва материаллар бир хўжалик ёки ташкилотга жўнатилиб, счёт эса адашиб бошқасига тақдим этилиши ҳоллари ҳам учрайди. Бунинг натижасида нохақ дебитор ва кредитор қарзлар вужудга келади.
Харидор ва буюртмачилар билан ҳисоб-китобларни текширишда корхона раҳбари ва бош бухгалтери томонидан муддати ўтиб кетган дебитор қарзларни ундириш чоралари кўрилаётганлиги аниқланади, ҳисоб-китобларни ўзаро таққослаш ва аниқланган тафовутларни таққослаш далолатномаси тузиб тўғрилаш, шунингдек қарзларни ўзаро суришишга доир ишларнинг амалга оширилаётганлиги текширилади.