3. Дастлабки ҳужжатларни текшириш. Таъсисчилар улушларининг устав капиталига қўшилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларга далолатномалар, накладнойлар, банк кўчирмалари, тўлов-топшириқномалари нусхалари, касса кирим ордерларининг квитанциялари ва бошқа дастлабки ҳужжатлар мисол бўла олади. Устав капиталига улуш сифатида қўшиладиган мулкларга эгалик қилиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларга кўчмас мулк, ер участкалари, транспорт воситалари, интеллектуал мулк ва шунга ўхшашларга эгалик қилиш ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳномалар киради.
Ташкилий ҳужжатлар:
таъсисчилар томонидан устав капиталига улушларни қўшишда қонунчилик ва таъсис ҳужжатларида белгиланган муддатларга риоя қилиниши.
Устав капиталининг шаклланишини текшириш чоғида текширилаётган корхонанинг ташкилий-ҳуқуқий шаклини ҳам эътиборга олиш зарур. Чунончи, акциядорлик жамиятларида устав капитали акциядорлар томонидан сотиб олинадиган, жамият акцияларининг номинал қийматидан, маъсулияти чекланган жамиятларда эса унинг иштирокчилари томонидан қўшиладиган улушлар қийматидан ташкил топади. Давлат корхоналарида эса давлат мулки ҳисобланган устав фонди шакллантирилади.
Аудитор текширув чоғида барча таъсисчилар қонунчиликка мувофиқ ўз улушларини устав капиталига ўз вақтида ва тўғри ҳамда тўлиқ қўшганликларини аниқлаши керак.
Масалан, масъулияти чекланган жамият (МЧЖ) устав капиталига жамиятни рўйхатга олиш пайтида ҳар бир иштирокчи камида 30 % улушини қўшган бўлиши керак.
Корхона устав капиталига таъсисчилар томонидан улушлар қўшилмаган ёки тўлиқ қўшилмаган ҳолатларнинг аниқланиши, тегишли бошқарув органлари учун корхона таъсис этилмаган ва тугатилиши керак деб топилишига асос бўлади.
Таъкидлаш жоизки, таъсисчилар томонидан устав капиталига улуш сифатида қўшиладиган маблағлар Ўзбекистон Республикасида амалдаги қонунчиликка мувофиқ ҚҚС га тортилмайди. Шунингдек, корхоналарни тугатиш ёки қайта ташкил этиш чоғида пай (улуш) кўринишида натура ёки пул шаклида олинган маблағлар ҳам, уларнинг устав фондидан ҳамда юридик шахслар пай (улуши)дан ошиб кетмаган миқдорда, ҚҚС га тортилмайди.
Устав капиталига улушлар пул, қимматли қоғозлар, бошқа буюмлар ёки мулкий ҳуқуқлар ҳамда пулда баҳоланадиган бошқа ҳуқуқлар шаклида қўшилиши мумкин. Шу боисдан аудитор таъсисчилар улушларини пулда баҳолашнинг тўғрилигини текшириши муҳимдир. Хўжалик жамияти таъсисчисининг улушини пулда баҳолаш жамият таъсисчилар ўртасидаги келишувга мувофиқ амалга оширилади. Қонунда кўзда тутилган айрим ҳолларда эса мустақил эксперт томонидан баҳоланиши керак.