Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўрта махсус, касб-ҳунар таълим маркази р. Д. Дусмуратов, Ш. Н. Файзиев, А. А. Каримов аудит


Меҳнат ҳақи бўйича ҳисоб-китоблар аудити



бет102/127
Дата15.02.2024
өлшемі2 Mb.
#491751
1   ...   98   99   100   101   102   103   104   105   ...   127
«Аудит» номли дарслик Уз кирил

2. Меҳнат ҳақи бўйича ҳисоб-китоблар аудити.
Корхоналар амалиётида меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича қуйидаги камчиликлар кўпроқ учрайди: ойлик маошлари ва ставкалар ҳажмининг штат жадвали ва лавозим маошлари схемасида белгиланганидан ошиб кетиши; иш ҳақига ҳар хил қўшимча ва устамаларнинг ноқонуний тайинланиши; қўшиб ёзишлар; ишбай расценкаларнинг ошириб кўрсатилиши; ишчилар ва муҳандис—техник ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш учун белгиланган иш ҳақи фонди ҳисобидан котибалар, шахсий ҳайдовчилар ва ҳар хил бошқарув хизмати ходимларига ҳақ тўлаш кабилар.
Ноқонуний қўшимча ҳақ белгилаш, айрим ҳолларда ҳисобланган меҳнат ҳақини ўзлаштириш, ўзлаштириш мақсадида материал қийматликларни сотиб олиш ёки сметада кўзда тутилмаган харажатларни ёпиш учун сохта ходимларни ишга қабул қилиш ҳоллари ҳам учрайди. Аудитор дастлабки ҳужжатлар ва ҳисоботларни бевосита иш жойларида пухта таҳлил қилиш йўли билан қуйидагиларни аниқлайди: иш ҳақи тўлаш учун пул олишда банкка тақдим қилинадиган маьлумотлар тўғрилиги ва олинган пул маблағлари-нинг белгиланган мақсадда ишлатилиши, иш ҳақи фондидан ошиқча ҳақ тўлашга рухсат бериш тартибига риоя қилиниши, иш ҳақи фонди маблағларининг ошиқча сарфланишига йўл қўйилиш сабаблари яьни бутунлай нотўғри, қалбакилаштирилган, кўпчилик ҳолларда режа топшириқларини бажарганлик ва ошириб бажарганлик учун деб ноқонуний мукофот олиш мақсадида қилинадиган ҳисобот маьлумотларини ошириб кўрсатиш кабилар. Қўшиб ёзиш оқибатида ҳақиқатда бажарилмаган ишларга иш ҳақи тўлаш, хом ашё, материаллар, ёқилғилар ва бошқа ресурсларни ҳисобдан чиқариш, натижада талон-тарож қилиш ҳоллари кўп учрайди.
Ходимлар сони ва уларнинг тоифалари бўйича иш ҳақи фондининг ҳажми хўжаликнинг бизнес-режасида белгиланади. Текширув бошланишидан олдин аудитор хўжаликда тасдиқланган иш ҳақи фондининг ҳажмини ва унинг бизнес-режага тўғри келишини аниқлаши зарур.
Иш ҳақи фондининг ҳақиқий сарфи «Ходимларнинг тоифалари ва ҳисобланган иш ҳақининг таркиби бўйича маълумот» (19-шакл бўйича ҳисоб-китоблар бажариладиган жадвал), «Ходимлар, ёлланган ва четдан жалб қилинган шахслар иш ҳақи фондини ҳисобга олиш ведомости» (20-шакл), ҳисоб-китоб тўлов ведомостлари ва иш ҳақи ҳисоблаш учун асос бўлган бошқа дастлабки ҳужжатлар маълумотларига асосан текширилади. Текширилаётган давр (чораклик, йил) учун белгиланган иш ҳақи фондини ҳақиқатда ҳисобланган иш ҳақи суммалари билан таққослаш зарур. Бунинг натижасида иш ҳақи фондининг умумий тежалгани ёки ошиқча сарфлангани аниқланади. Агар йил давомида ишлаб чиқариш ҳажмининг ўзгарганлиги сабабли дастлабки иш ҳақи фондига ўзгартиришлар киритилган бўлса, у ҳолда улар умумий тежаш ёки ошиқча сарфлашни аниқлашда инобатга олинади.
Текшириш жараёнида ҳисоблашув-тўлов ведомостлари маълумотларининг ҳар ойда банкка тақдим қилинадиган маълумотнома кўрсаткичларига мос келиши ҳам аниқланади. Маълумотномадаги ҳисобланган иш ҳақининг умумий суммаси шу ойдаги 21-шакл «Ходимлар билан ҳисоб-китоблар бўйича жамлама маълумот» нинг суммасига мос келиши керак.
Иш ҳақи бериш учун банкдаги 5110-«Ҳисоб-китоб счёти»дан олинган суммалар, шунингдек, ундан ушланиб, ўтказилган суммалар 21-шаклдаги ҳисоб-китоблар бажариладиган жадвалнинг тегишли маълумотлари билан мос келиши керак.
Иш ҳақи фондининг ошиқча сарфланиши маъмурий бошқарув, хўжалик ва хизмат кўрсатувчи ходимлар сонининг штат жадвалидагидан ошиб кетганлиги; лавозим маошлари, ставкалар ва расценкаларнинг ошириб юборилганлиги. Аудитор хўжаликка четдан ишчиларни қанча, қачон ва қайси муддатга жалб қилинганлиги, улардан қандай фойдаланилганлиги ва уларга қандай тартибда меҳнат ҳақи тўланганлигини ҳам аниқлаши керак.
Меҳнатга ҳақ тўлаш масалалари етарли даражада мураккаб. Унда меҳнатнинг тавсифи, меҳнат харажатларини ва унинг натижаларини улчаш ҳамда баҳолаш, расценкалар, мукофотлар ва ҳоказоларни белгилаш билан боғлиқ кўплаб нозик ва ўзига хос тафсилотлари мавжуд. Шунинг учун аудитордан ушбу масалалар бўйича меъёрий база ва ҳисоб юритишнинг аҳволини аниқлаш, штатлар жадвали, корхона раҳбариятининг ходимларни ойлик маош тайинлаб ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқлари (танлаб текширилади), тузилган пудрат шартномалари ва меҳнат битимлари; меҳнатга ҳақ тўлаш, мукофотлаш ва моддий ёрдам бериш тўғрисидаги низомларни ўрганиш талаб этилади. Сўнгра иш вақтини ҳисобга олиш табеллари ва ишбай ишлар учун нарядлар, ҳисоблашув-тўлов ва тўлов ведомостлари, меҳнатга ҳақ тўлаш ҳамда уни тартибга солиш билан боғлиқ бошқа ҳужжатларнинг расмийлаштирилиши текширилади. Аудитор ушбу масалалар билан танишиб чиқиб, меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича ҳисоб-китобларнинг асосий блокларини синчиклаб текширади. Хусусан:
1. Корхона ходимларининг штат жадвалида белгиланган ойлик маошларига риоя қилиниши: штат жадвалининг бошқарув кенгаши ёки акциядорлар мажлисида тасдиқланганлиги; ўриндошлик асосида меҳнатга ҳақ тўлашнинг тўғрилиги; штат интизомига риоя қилиниши; меҳнат битимлари бўйича ҳақ тўлашнинг асослилиги.
2. Ишчиларга ишбай нарядлар бўйича ҳақ тўлашнинг тўғрилиги, хусусан, бажарилмаган ишлар учун қўшиб ёзиш ҳоллари йўқлиги, меҳнатга ҳақ тўлашнинг аккорд тизими қўлланилганлиги, аккорд нарядларининг тегишли бутун иш учун қилинган калькуляция билан асосланиши, аккорд топшириқларининг белгиланган муддатда бажарилганлиги ва юқори сифатлилиги аниқланади.
3. Мукофотлаш тартиби ва асослилиги, мукофотлаш сабабларини аниқлаш ва меҳнат жамоаси томонидан қабул қилиниб, тасдиқланган мукофотлаш тизимини таҳлил қилиш билан биргаликда аниқланади.
Маъмурий бошқарув ходимлари, мутахассислар, хизматчилар ва кичик хизматчи ходимларга тўланадиган ҳақ уларнинг ҳақиқий сонини штат жадвали ва белгиланган лавозим маошлари билан солиштириб текширилади.
Шунингдек, ҳисоблашув-тўлов ведомостлари ва 19, 20, 21-шаклдаги ҳисоб-китоб бажариладиган жадвалларни пухта текшириш зарур. Бош дафтардаги 4210 «Меҳнат ҳақи бўйича берилган бўнаклар» 6710- «Ходимлар билан меҳнат ҳақи бўйича ҳисоб-китоблар» ва 6720-«Депонентланган меҳнат ҳақи» счётларнинг қолдиғи 21-шакл ҳисоб-китоб жадвалидаги қолдиқ билан тенг бўлиши керак. 4210-счёт бўйича дебет қолдиқнинг мавжудлиги ва қанча миқдордалигини аниқлаш зарур. Ходимлар билан меҳнат ҳақи бўйича ҳисоб-китобларда дебитор қарз мавжудлиги бош бухгалтер томонидан ҳисоб-китоблар аҳволи устидан тегишли назорат ўрнатилмаганлигидан далолат беради.
Меҳнатга ҳақ тўлаш ва бошқа муомалалар бўйича ходимлар билан ҳисоб–китобларни аудиторлик текширувидан ўтказишда 4210-«Меҳнат ҳақи бўйича берилган бўнаклар», 4220-«Хизмат сафари учун берилган бўнаклар», 4230-«Умумхўжалик харажатлари учун берилган бўнаклар», 4710-«Кредитга сотилган товарлар бўйича ходимларнинг қарзлари», 4720-«Берилган қарзлар бўйича ходимларнинг қарзлари», 4730-«Моддий зарарни коплаш бўйича ходимларнинг қарзлари», 4790-«Ходимларнинг бошқа қарзлари», 6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходимлар билан ҳисоб-китоблар», 6720-«Депонентланган меҳнат ҳақи», 6970-«Ҳисобдор шахсларга тўланадиган қарзлар» счётлари бўйича юритиладиган ҳисобнинг тўғрилиги ва ишончлилигини текшириш салмоқли ўрин эгаллайди.
Иш ҳақи бўйича ҳисоб-китоблар ҳисоблашув-тўлов ведомостлари (73-шакл), оила (жамоа) пудратлари ва бошқа ички хўжалик бўлинмаларининг шахсий ҳисоб варақалари, иш вақтини ҳисобга олиш табели (64-шакл) ва бошқа ҳужжатлар бўйича текширилади.
Иш ҳақидан ушланадиган даромад солиқлари, нафақа фондига ва касаба уюшмасига аъзолик бадаллари Солиқ кодекси ва бошқа тегишли меъёрий ҳужжатларга мувофиқ текширилади. Иш ҳақидан қонунчиликда белгиланмаган суммаларни ушлаш ман этилади. Масалан, коммунал хизмат ва квартира ҳақлари, махсус кийим-бош, озиқ-овқат, болалар боғчаларда ва бошқа болалар муассасаларида тарбияланганлиги учун ва бошқалар.
Иш ҳақининг белгиланган вақтда берилмаслик ҳоллари мавжудлиги, агар шундай ҳолатлар бўлса, унинг сабаблари (ўз вақтида молиялаштирилмаганлик, ҳужжатларни банкка ўз вақтида тақдим қилмаслик ва бошқалар) ни аниқлаш зарур.
Дастлабки ҳужжатлар пухта текширилади: ҳисоблашув-тўлов ведомостлари, берилмаган иш ҳақлари реестри, иш вақтини ҳисобга олиш ва иш ҳақини ҳисоблаш табели ва бошқа ҳужжатлар. Охиригача тўлиқ расмийлаштирилмаган, ўчириб ёзилган ва доғ туширилган дастлабки ҳужжатларга алоҳида эътибор қаратиш керак. Бундай ҳужжатлар билан пул маблағларини ўғирлаш ва суйистеъмол қилишлар яширилиши мумкин.
Ҳисоблашув-тўлов ведомостлари санаб чиқилиши шарт. Уларни текширишда корхонада ишламайдиган шахслар ведомостга киритилмаганлиги, ҳисобланган иш ҳақи тегишли дастлабки ҳужжатларга мослиги текширилади.
Ижтимоий суғурта фонди бўйича муомалаларни назорат қилиш ходимларга иш ҳақи ва бошқа тўловларни ҳисоб-китоб қилишга доир бухгалтерия ҳужжатларини текшириш; ижтимоий суғурта тўловларини ижтимоий суғурта фондининг жорий счётига ўтказиш ҳақидаги тўлов топшириқларини текшириш; санаториялар ва дам олиш уйлари йўлланмалари учун ходимлардан нақд пулларни қабул қилиш бўйича касса ҳужжатлари; ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан қилинган сарфларга доир ҳужжатлар; ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар тўғрисидаги далолатномалар, касаллик варақалари, ҳисоб-китоб ведомостлари (44-шакл), ҳисоб-китоблар бажариладиган «Ходимлар билан ҳисоб-китобларга доир маълумотлар жамламаси» (21-шакл) маълумотларини текшириш орқали амалга оширилади.
Аудитор ижтимоий суғурта фонди бўйича ҳисоб-китобларни текширишда касаба уюшмаси қўмитаси аъзоларини ҳам жалб қилиши мақсадга мувофиқ.
Ижтимоий суғурта фондига ажратмалар сарфланган иш ҳақи фондига нисбатан фоиз ҳисобида ажратилиб 6510-«Суғурта бўйича тўловлар» счётининг кредити ва харажат счётлари (2010, 2310, 2510 ва бошқалар) нинг дебетига, яъни хўжалик бўлинмалари (оила (жамоа) пудратлари ва бошқалар)нинг шахсий ҳисоб варақаларига ёзиб қўйилади.
Ходимларнинг ишлаш ва дам олиш тартиби, уларни ижтимоий суғурта қилиш республика қонунчилиги меъёрлари билан тартибга солиб турилади. Бу меъёрлар, агар халқаро ва давлатлараро шартномаларда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, қўшма корхоналарда, халқаро бирлашмалар ва ташкилотларда ишлайдиган хорижлик фуқароларга ҳам қўлланилади. Хорижлик фуқаролар меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ҳар бир хорижлик фуқаро билан тузилган шартномада белгиланиши таъсис ҳужжатларида кўзда тутилган бўлиши мумкин.
Меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш шакллари ва миқдорлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида кўзда тутилган фуқаролар ҳуқуқларига риоя қилинган бошқа меҳнат шароитлари каби масалалар қўшма корхоналар, халқаро бирлашмалар ва ташкилотлар томонидан мустақил ҳал этилади.
Қўшма корхоналарда ишловчи хорижлик ишчилар оладиган иш ҳақлари ҳам Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида кўзда тутилган тартиб ва миқдорда солиққа тортилади.
Ходимлар ва ёлланган шахслар билан меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича ҳисоб-китоблар ишончлилигини текшириш ҳисоб ва ҳисобот маълумотлари тенглигини аниқлашдан бошланади.
Номувофиқлар топилганида уларнинг сабабларини аниқлаш зарур. Солиштириш амалларини ишчи ҳужжатлар билан расмийлаштириб, ҳисобот, синтетик ва аналитик ҳисоб маълумотларининг тенглигига ишонч ҳосил қилгандан сўнг, аудитор иш ҳақи ҳисоблашнинг тўғрилигини текширишни бошлайди.
Номувофиқликлар топилганда фарқ суммалари ва уларнинг вужудга келиш сабабларини ишчи ҳужжатларда кўрсатиш зарур. Шундан сўнг дастлабки ҳужжатларнинг мавжудлилиги ва ишончлилиги, тўғри тўлғазилганлиги, меъёрий ҳужжатлар талабларига мослиги ўрганилади.
Иш вақтини ҳисобга олиш табели, буйруқлар, ишбай ишлар учун нарядлар, бажарилган ишларни ҳисобга олиш варақалари, йўл варақалари, ҳисоб-китоб ва ҳисоблашув-тўлов ведомостлари, таътил учун ҳақ ва қўшимча ҳақларнинг бошқа турлари ва бошқалар текширилади. Текширув чоғида қуйидагиларга эътибор бериш зарур:
-барча мажбурий реквизитларнинг тўлиқлиги ва тўғри расмийлаштирилганлиги;
-бажарилган ишлар ва иш вақтини ҳисобга олиш учун масъул шахслар имзоларининг мавжудлиги;
-тушунтириш берилмаган тузатишлар ва тўғрилашлар;
-иш вақтини ҳисобга олиш табелига «ўлик жонлар»ни қўшиш ва бажарилмаган ишларни қўшиб ёзиш ҳолатларини аниқлаш зарур.
Ҳисоблашув-тўлов ва тўлов ведомостларидаги суммаларнинг жамланишини арифметик текшириш мақсадга мувофиқ. Бу ведомостларда ҳар бир алоҳида олинган ходим бўйича суммалар тўғри жамланганида, жами суммани атайлаб ошириб ёзиш ҳолларини аниқлашга имкон беради. Бундай хатолар нафақат меҳнат ҳақи харажатларининг ошиб кетишига, балки пул маблағларининг ўзлаштирилишига ҳам олиб келади.
Меҳнат ҳақи бўйича ҳисоб-китобларни моҳиятан текшириш, ёппасига (ходимлар сони унчалик кўп бўлмаганида) ёки танлаб амалга оширилиши мумкин, аудитор танлов кўламини текширув дастури ва муайян шарт-шароитлардан келиб чиққан ҳолда аниқлайди. Лекин барча турдаги меҳнат ҳақи ва ундан ушланадиган суммаларни қамраб олиш мақсадида танлов доирасига барча тоифа, гуруҳлар ва бўлинмалар ходимлари билан ҳисоб-китоблардан олиниши мақсадга мувофиқ.
Аудитор бир неча ҳодимларнинг шахсий жилдлари ва шахсий ҳисобварақаларини танлаб олиши ва ишга ёлланиш ҳамда бошқа лавозимга ўтказилиш саналари, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари (ставка, оклад) ва қўшимча тўловлар тўғрисидаги ахборотларнинг мувофиқлигини текшириши зарур. Бунда штат интизоми ва белгиланган лавозим маошлари ёки контракт шартларига риоя қилиниши, меҳнат шартномалари бўйича ва ўриндошлик асосида меҳнат ҳақи тўлашнинг асосланганлиги текширилади.
Иш вақтини ҳисобга олиш табели, ҳисоблашув-тўлов ведомости ва шахсий ҳисобварақаларини солиштириш йўли билан ишланган вақт миқдори тўғрисидаги маълумотларнинг бир хиллигини, тўлиқ ишланмаган ойда ҳисобланган иш ҳақининг арифметик ҳисоб-китоби тўғрилигини текшириш зарур. Меҳнатга ишбай ҳақ тўлашда бажарилган ишлар миқдори ва сифат кўрсаткичларининг мувофиқлиги, ҳамда меъёрлар ва баҳоларни қўллашнинг тўғрилиги текширилади. Аввал ҳақ тўланган дастлабки ҳужжатлар бўйича такроран иш ҳақи ҳисоблаш ҳолатларининг йўқлигини ҳам текшириш зарур.
Мукофотлар ҳисоблашнинг тўғрилиги ва асосланганлигини текшириш чоғида, аудитор мукофотлаш тўғрисидаги Низом, буйруқлар, ҳисоб-китоб ведомостлари ва шахсий ҳисобварақалар маълумотларини таққослайди. Масалан, ходимга ҳисобот даврида фаолияти учун мазкур даврда унинг иш кунлари бўлмаган ҳолда мукофот ҳисобланган. Мукофот ҳисоблаш корхона раҳбарининг буйруғи, директорлар кенгашининг қарори ва шунга ўхшаш тегишли ҳужжатлар билан расмийлаштирилиши лозим. Иш меъёрлари пасайтириб қўлланилганлиги ва бошқа шунга ўхшаш мураккабликлар ҳақида шубҳа пайдо бўлганида аудитор эксперт-мутахассис хизматидан фойдаланиши мумкин. Бунда у (аудитор) №16- «Эксперт ишидан фойдаланиш» номли АФМС га мувофиқ иш юритади. Таътил вақти учун ҳақ тўлашни текшириш чоғида буйруқ ва табел бўйича таътил белгиланган сана, ҳисоб-китоб даврини аниқлашнинг тўғрилиги ва таътил ҳисоб-китоби ва шахсий ҳисобварақада ҳисоб-китоб учун олинган даврдаги ойлар бўйича иш ҳақи суммаларининг мослигига эътибор берилади. Таътил учун ҳақ ҳисоблашнинг тўғрилиги ҳақида далил-исботларга эга бўлиш учун аудиторлар бир қанча ходимлар бўйича муқобил таътил ҳисоб-китоби тузиши мумкин.
Нормал иш шароитидан четга чиқиш билан боғлиқ қўшимча ҳақ( тунда ишлаганлиги учун, иш вақтидан ташқари иш учун, байрам кунлари ишлаганлик учун, оғир ва зарарли шароитда ишлаганлик учун ва ҳ. к) ҳисоблашнинг тўғрилиги ҳисоб-китоб маълумотлари ва иш вақтини ҳисобга олиш табели ҳамда қонунчиликда белгиланган қўшимча ҳақ миқдорининг мувофиқлигини текшириш йўли билан аниқланади.
Вақтинчалик ишга яроқсизлик учун нафақа ҳисоблашни назорат қилиш амаллари қуйидагиларнинг тўғрилигини текширишни ўз ичига олади:

  • бир кунлик ўртачи иш ҳақи;

  • нафақа миқдорини (%) иш стажига қараб текшириш;

  • нафақанинг энг катта миқдорини белгилаш ;

  • ишга яроқсизлик кунлари;

  • ҳисобланган нафақа суммалари.

Ҳисоб-китобларни текширишда аниқланган номувофиқликлар аудиторнинг ишчи ҳужжатларида қайд қилиб борилади. Иш ҳақи ҳисоблашнинг тўғрилиги ва асосланганлигини текшириш чоғида аудитор, одатда, меҳнат ҳақи ҳисоблаш текширилган шахсий ҳисоб варақалар бўйича, иш ҳақидан ушланадиган суммалар тўғрилигини танлаб текширади. Ходимлар иш ҳақидан ушланадиган суммалар ҳужжатлар билан асосланганлиги, қонунийлиги ва уларнинг тўғри ижро қилинганлигини аниқлаш зарур. Иш ҳақидан ушланмалар ижро варақалари (алиментлар, жарималар, моддий зарарни қоплаш) бўйича; кредитга сотиб олинган товарлар бўйича топшриқ- мажбуриятлар бўйича; ходимнинг аризаси бўйича (квартира ҳақини ўтказиш, боласининг мактабгача болалар муассасасида тарбиялангани учун, ўқиш учун, касаба уюшмасига аъзолик бадали ва ш. ў); тўлов ведомостлари бўйича берилган бўнакларни ушлаб қолиш. Иш ҳақидан даромад солиғи ва Нафақа фондига тўланадиган бадаллар ушланишининг тўғрилигини текшириш махсус эътибор талаб қилади. Шунингдек барча ушланмалар суммаси ходимнинг бир ойлик маоши 50 % и дан ошиб кетмаганлигини ҳам аниқлаш зарур.
Иш ҳақидан даромад солиғининг тўғри ушланганлигини текширишда Солиқ Кодекси 44-64 моддалари ва улар бўйича киритилган қўшимча ҳамда ўзгартишлардан фойдаланиш зарур.
Даромад солиғи бўйича берилган имтиёзларнинг қонунийлигини аниқлаш учун имтиёзларни тасдиқловчи ҳужжатларнинг мавжудлиги ва тўғри расмийлаштирилганлигига ишонч ҳосил қилиш керак:

  • ходимнинг жами даромадидан чегириладиган имтиёз суммаларини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари;

Шундан сўнг жисмоний шахслар жами даромадини аниқлаш, асосий ходимлар, ўриндошлар, фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида пул тўланадиган шахслар ва бошқалар бўйича солиқ имтиёзлари ва даромад солиғи ставкаларини қўллашнинг тўғрилиги текширилади.
Жами даромадни текширишда корхонанинг ўз маблағлари ҳисобидан тўланган, ижтимоий тавсифдаги тўловлар(овқат пули, йўл ҳақи ҳужжатлари, олий ўқув юртларида таълим олиш, имтиёзли шартлар билан қарз бериш, байрам ва юбилей саналарига совға бериш, меъёрдан ошиқ хизмат сафари харажатлари ва тегишли ҳужжат билан тасдиқланмаган сарфлар ва шунга ўхшашлар)нинг солиққа тортиш мақсадида жисмоний шахслар жами даромадига қўшилганлиги аниқланади.
Иш ҳақидан ушланадиган суммалар бўйича аниқланган тафовутлар ҳам аудиторнинг ишчи ҳужжатларида умумлаштирилиши ва акс эттирилиши лозим.
Иш ҳақи ҳисоб-китобини текширгандан сўнг меҳнат ҳақига доир харажатларни счетлар, маъсулият марказлари ва таннарх ҳисоблаш объектлари бўйича гуруҳлаш ва умумлаштиришнинг тўғрилигини аниқлаш зарур.
Меҳнат ҳақини харажат счетларига (2010, 2310, 2510, 9400,) олиб боришининг асослилигини текширишда ишлаб чиқариш заҳираларини тайёрлаш (1510) ва капитал ишлар (0810, 0820, 0830, 0840, 0850, 0860, 0890) билан боғлиқ меҳнат ҳақи суммаларининг харажат счетларига олиб борилиш ҳоллари йўқлигини аниқлаш зарур. Бу дастлабки ҳужжатлар (иш вақтини ҳисобга олиш табели, ишбай ишлар учун нарядлар ва бошқалар), ҳисоблашув ва ҳисоблашув-тўлов ведомостлари, ҳамда 4210, 6710 ва 6720 счетлар бўйича ҳисоб регистрлари маълумотларини кўриб чиқиш услуби билан аниқланади. Меҳнат ҳақи бўйича ҳисоб-китоблар акс эттирилишининг тўғрилигини текшириш натижалари аудиторнинг иш ҳужжатлари билан расмийлаштирилади. Умумлаштирилган маълумотлар асосида меҳнат ҳақи бўйича аниқланган тафовутларнинг ҳисобот моддалари кўрсаткичларига таъсирининг сезиларлилиги (жиддийлиги) аниқланади.




Достарыңызбен бөлісу:
1   ...   98   99   100   101   102   103   104   105   ...   127




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет