Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўрта махсус, касб-ҳунар таълим маркази р. Д. Дусмуратов, Ш. Н. Файзиев, А. А. Каримов аудит


Товар-моддий заҳираларни аудиторлик текширувидаги аудит амаллари



бет86/127
Дата15.02.2024
өлшемі2 Mb.
#491751
1   ...   82   83   84   85   86   87   88   89   ...   127
«Аудит» номли дарслик Уз кирил

3. Товар-моддий заҳираларни аудиторлик текширувидаги аудит амаллари.
Омбор хўжалигининг аҳволи ва товар-моддий заҳиралар сақланишини текшириш энг муҳим аудиторлик амалларидан бири бўлиб ҳисобланади. Корхона фаолиятининг ушбу соҳасини ҳар томонлама ўрганиш учун аудитор омборлар, цехлар ва ишлаб чиқариш заҳиралари сақланадиган бошқа жойларни текширади. Бунда ишлаб чиқариш заҳираларини сақлаш шароитлари, ёнғин хавфининг олдини олиш, омборларнинг қурилмалар, техникалар, асбоблар билан жиҳозланганлиги ва уларнинг тўғри ишлатилиши, омбор биноларини қўриқлаш ҳолати ҳам ўрганилади. Омбор хўжалигининг қониқарсиз ташкил этилганилиги товар-моддий заҳиралар сақланиши устидан ички назоратнинг паст даражада эканлигидан далолат беради.
Ўрганиш жараёнида моддий қийматликларни қабул қилиш, сақлаш ва беришга алоқадор ходимларнинг моддий жавобгарликларини ташкил этишга махсус эътибор қаратилади. Ходимларнинг ҳуқуқ ва бурчлари, уларнинг иш тартиби, қийматликларни қабул қилиш ва бериш, ҳамда уларни ҳужжатлаштириш тартиби, омборларда натурал ўлчовларда ҳисобни юритиш, бухгалтерияга ҳисоботларни тақдим этиш муддатлари кўрсатилган стандартлар ёки йўриқномаларни ишлаб чиқиш ва моддий жавобгар шахсларга тақдим қилиш моддий қийматликларни сақлашни таъминлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.
Товар-моддий заҳираларни сақлаш жойларини кўздан кечириш чоғида моддий жавобгар шахслардаги ҳужжатлар бўйича улар қийматликларни қабул қилиш ва беришни расмийлаштириш, ҳамда омборхона ҳисоби дафтари ёки карточкаларига ёзишни ўз вақтида амалга оширилаётганлиги текширилади. Ҳисобга олинмаган ошиқча материаллар ва тайёр маҳсулотлар қуйидаги йўллар билан вужудга келиши мумкин:

  1. тайёр маҳсулотларни тайёрлаш чоғида хом ашёларни алмаштириш; хом ашё ва материалларни топширувчиларнинг оғирликдан уриб қолиши, намлигини ошириб кўрсатиш ва уларнинг навларини пасайтириш; тайёр маҳсулотларни харидорларга жўнатиш чоғида ўлчовдан, ҳисобдан ва тарозидан уриб қолишлар;

  2. моддий қийматликларни юклаш-ташиш-тушириш ёки сақлаш чоғида йўқолган деб асоссиз далолатномалар тузиш ва шунга ўхшаш.

Ҳисобга олинмаган ошиқча материаллар одатда алоҳида сақланади. Уларни аниқлаш учун омборхона ҳисоби дафтари ёки карточкалари маълумотларидан фойдаланилади. Агар ҳисобга олинмаган ошиқча материаллар бўлса, алоҳида турдаги материалларнинг маълум даврлардаги чиқими, қоидаги кўра, уларнинг киримидан ошиб кетади (қизил билан чиқиш). Бундай ошиқча сарфлашлар шу номдаги материалларнинг кейинги тушумлари ва киримлари ҳисобидан қопланади.
Омбор хўжалигини кўздан кечириш ва моддий қийматликлар сақланишининг назоратини ҳужжатлар асосида текшириш билан изчил амалга ошириш товар-моддий заҳираларнинг сақланиши тўғрисида асосланган хулосалар қилиш ва профилактик тадбирлар ишлаб чиқиш имконини беради.
Товар-моддий заҳираларни аудиторлик текширувдан ўтказиш жараёнини икки қисмга бўлиш мумкин:
1. Инвентаризация ўтказиш орқали уларнинг ҳақиқатда мавжудлигини аниқлаш;
2. Моддий қийматликларни ҳисоб ва ҳисоботда тўғри баҳолашни ҳамда акс эттиришни текшириш.
Аудиторлик амаллари инвентаризациягача, инвентаризация вақтида ва ундан сўнг бажариладиган амалларга бўлинади. Инвентаризацияни бошлагунга қадар аудитор олдинги ўтказилган инвентаризация натижалари тўғрисидаги маълумотларни сўраб олиб, заҳираларнинг таркибий ва миқдорий ўзгаришларини таҳлил қилади, заҳираларни сақлаш жойлари ҳақида, ҳамда инвентаризация ишларининг ташкил этилиши тўғрисида маълумотлар тўплайди.
Моддий бойликларни омборхона ва бошқа сақлаш жойларида ҳисобга олинишини текшириш уларни инвентаризация қилишдан бошланади. Текширишни бошлашдан олдин аудитор моддий бойликлар сақланадиган барча жойларни аниқлаш ва танлаб инвентаризация ўтказиладиган бойликлар рўйхатини алоҳида тузиши лозим.
Иш бошланишидан олдин аудитор корхона раҳбари билан инвентаризация комиссиясини тузиш тўғрисида келишиб олади. Корхона раҳбари бу ҳақда буйруқ чиқаради. Унинг бир нусхаси инвентаризация ўтказиш комиссияси аъзолирига берилади, комиссия раисига назорат сўрғич (пломба)лагичи топширилади.
Инвентаризация комиссияси таркибига, одатда, моддий жавобгар шахслардан ташқари, корхона раҳбарияти вакиллари, мутахассислар ҳам киритилади.
Агар моддий жавобгар шахс меҳнат таътилида ёки узоқ вақтдан бери касал бўлса, айрим аудиторлар инвентаризация ўтказишни ўша шахссиз бажаришга қарор қилиб катта хатога йўл қўйишади. Ваҳоланки, моддий бойликлар етишмовчилиги аниқланган тақдирда моддий жавобгар шахс кейинчалик уни тан олмаслиги ва унинг натижаларига эътироз билдириши мумкин.
Агар моддий жавобгар шахс узрли сабаб билан ишда бўлмаса, аудитор омборхонани муҳрлаб қўйиб, инвентаризация ўтказишни у ишга тушгандан сўнг бажариши лозим.
Аудитор инвентаризация қилишни бошлашдан олдин омборчидан инвентаризация бошланадиган сана учун моддий бойликларнинг кирими ва чиқими бўйича ҳисобот тузиб, унинг бир нусхасини ташкилот бухгалтериясига топширтиради ва иккинчи нусхасини аудитор ўзига олади. Бундан ташқари, аудитор моддий жавобгар шахсдан бойликларнинг кирими ва чиқимига доир барча ҳужжатлар бухгалтерияга топширилганлиги ва уларда кирим қилинмай қолган ёки чиқимга ҳисобдан ўчирилмаган ҳеч қандай моддий бойликлар йўқлиги ҳақида тилхат олади. Моддий бойликларни сотиб олиш учун ҳисобдорлик суммаси ёки уларни олиш учун ишончномага эга шахслардан ҳам шу мазмунда тилхат олинади.
Шундан сўнг комиссия аъзолари моддий бойликларни текширишга киришади, яъни уларни тарозида тортиш, қайта санаш ёки ўлчаб кўриш йўли билан ҳақиқий қолдиқларини аниқлайди. Аудиторлар инвентаризацияни бошлашдан олдин тарозилар ва бошқа ўлчаш асбобларининг аниқ ишлашига ишонч ҳосил қилишлари лозим. Айрим аудиторлар тортиш, ўлчаш, санаш ишларини ўзлари бажаришга ҳаракат қилишади, ҳисобчи ходим ёки моддий жавобгар шахс бу вақтда ўлчаш натижаларини қайд қилиб туради. Бироқ, бундай қилиш нотўғри. Аудитор тортиш, санаш, ўлчаш ишларини тўғри бажарилаётганлигини кузатиб туриши ва натижаларини ўзи ёзиб бориши лозим. Шунингдек, тушунмовчиликлар рўй бермаслиги учун моддий жавобгар шахс ҳам текширув натижаларини ёзиб бориши керак. Вақти-вақти билан бу ёзувлар солиштирилиши зарур.
Моддий бойликларнинг ҳар қайси тури бўйича инвентаризация қилиш натижалари инвентаризация рўйхатида қайд қилинади; бундай рўйхат моддий бойликлар турган ёки сақланадиган жойлар ёки уларнинг бут сақланиши учун жавобгар шахслар бўйича алоҳида-алоҳида тузилади.
Улар рўйхатларда номенклатура бўйича ва ҳисобга олишда қабул қилинган ўлчов бирликларида (!) акс эттирилади. Агар моддий бойликларни инвентаризация қилиш вақтида моддий жавобгар шахс баъзи нарсалар бу корхонага тегишли эмаслигини, улар бу ерда вақтинчалик сақланаётганлигини айтса, аудитор барибир уларни рўйхатга киритиши лозим. Аудитор бундай моддий бойликларнинг алоҳида рўйхатини тузиб, кейин қарама-қарши текширувда улар кимга тегишли эканлигини, шунингдек, 002 балансдан ташқари счётда ҳисобга олинишини аниқлаши лозим.
Аудитор текшириш чоғида моддий бойликларнинг рақами, русуми, номига алоҳида эътибор бериши керак. Чунки, амалиётда мавжуд бойликларнинг рақами ва русумларини кирим ҳужжатлари ҳамда паспортларига солиштириб, бир янги автомобил двигателини бошқа эскисига ёки камёб автомашинани бошқа арзонига алмаштириб қўйиш ҳоллари ҳам учрайди.
Баъзи моддий бойликлар бўйича намуна олиш усулини қўллаш тавсия этилади. Намуналар икки нусхада олинади ва муҳр билан сурғучланади. Намунанинг бир нусхаси тегишли идишга солиниб лабораторияга таҳлил учун топширилади. Иккинчиси тилхат бўйича корхонада қолдирилади. Тилхат эса текширувчига берилади. Таҳлил учун олинган намуналарга далолатнома тузилиб, унда корхонанинг номи, намунанинг оғирлиги, ҳажми, олинган жойи, сақланаётган жойнинг ҳарорати кўрсатилади. Намуна олиш далолатномасини текширувчилар ва моддий жавобгар шахслар имзолайди.
Инвентаризация маълумотлари бўйича рўйхатлар тузилади, уларни барча комиссия аъзолари имзолайди, моддий жавобгар шахс эса ҳар қайси рўйхат бўйича қуйидаги мазмунда тилхат ёзиб беради: «Ушбу инвентаризация рўйхатида қайд қилинган барча моддий бойликларни комиссия менинг иштироқимда аслидан текширди ва рўйхатга киритди, бу борада инвентаризация комиссиясига эътирозим йўқ. Рўйхатда қайд қилинган барча бойликлар менинг жавобгарлигимда сақланмоқда»
Аудитор ҳисобот йилининг охирги ёки янги йилнинг дастлабки кунларида текширилаётган корхона ходимлари томонидан ўтказилаётган инвентаризацияда қатнашиши мумкин. Бироқ, инвентаризация маълум бир сана оралиғида ўтказилган бўлса, аудитор инвентаризация ўтказилган пайтдан ҳисобот санасигача ўтган даврда заҳираларнинг кирими ва чиқимини кўздан кечириб чиқиши зарур. Бу ҳолда накладнойлар, счёт-фактуралар, божхона декларациялари ва шунга ўхшаш ҳужжатлар ҳисоб маълумотлари билан таққосланади.
Ишлаб чиқариш заҳиралари бир неча омборларда сақланиши мумкин. Бу ҳолда камомадни ёпиш мақсадида заҳираларни бир омбордан иккинчисга ўтказиб қўйишнинг олдини олиш учун инвентаризацияни барча омборларда бир вақтнинг ўзида ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Агар қандайдир сабабларга кўра бундай қилишнинг имкони бўлмаса, аудитор биринчи омборда инвентаризация бошланган пайтдан бошлаб, у охирги омборда тугагунга қадар вақт оралиғида заҳираларнинг бўлинмалар (омборлар) ўртасида бири-бирига ўтишини кўздан кечириб чиқиши зарур.
Агар барча омборларни бир вақтнинг ўзида инвентаризациядан ўтказиш имкони бўлмаса, уларнинг ҳаммасини муҳрлаб қўйиб, сўнгра бирма-бир инвентаризация қилиш ва натижаларини расмийлаштириш мумкин.
Инвентаризация ўтказиш чоғида аудиторда заҳиралар тўғрисида далил-исботлар олишда, технологик жараёнларнинг хусусиятларидан келиб чиқадиган мураккабликлар юзага келиши мумкин. Бунинг учун айрим ҳолларда мутахассислар маслаҳатига зарурат сезилади.
Шунингдек, заҳираларнинг миқдорини аниқлаш билан боғлиқ далил-исботларни олишда ҳам мураккабликлар вужудга келиши мумкин. Улар қуйидаги шарт-шароитлардан келиб чиқади:
а) танлаш усулининг қўлланилиши. Маълумки, битта текширув доирасида барча заҳираларни ёппасига текширишнинг имкони йўқ, аммо заҳиралар тўғрисидаги ҳисоб ёзувлари уларнинг ҳақиқатдаги қолдиқларига яққол мос келмаган ҳолларда барча товар-моддий заҳиралар текширувдан ўтказилиши зарур;
б) аудиторнинг заҳиралар сақланадиган барча жойларда бир вақтнинг ўзида иштирок эта олмаслиги;
в) назорат амалларининг хусусиятлари - такроран ҳисобга олиш, тасодифан ёки атайлаб ҳисобга олинмаган қийматликлар йўқлигига ишонч ҳосил қилиш зарур. Назорат учун ўтказилган текширувлар қийматликларни жамлаш тўғри амалга оширилганлигига ишонч ҳосил қилиш имконини беради;
г) инвентаризация қилинадиган қийматликларнинг хусусиятлари (масалан, фермаларда пичан ғарами, элеватордаги дон уюми ва ҳ. к. ). Бундай ҳолларда аудитор махсус ўлчаш, баҳолаш усулларидан фойдаланиб, бу вақтда заҳираларнинг бир қисми ўлчанади ва сўнгра уларнинг умумий миқдори аниқланади.
Бундай текширув натижаларининг тўғрилиги уларни бухгалтерия ҳисоби ва омбор ҳисоби маълумотлари билан солиштириш орқали амалга оширилади.
Айрим турдаги заҳиралар мавжудлигини оддий ҳисоб-китоб йўли билан текшириш мумкин эмас. Масалан, ишлаб чиқариш жараёни узлуксиз кечадиган - қайта ишлаш, саноат ишлаб чиқариши кабиларда. Бундай ҳолда аудитор ички назорат амалларига таяниши, ҳамда бундай моддий қийматликларни инвентаризация қилиш учун мижоз рухсати билан экспертлар жалб қилиши мумкин.
Айрим ҳолларда бир қатор сабабларга кўра инвентаризация ўтказиш имкони бўлмайди. Масалан, аудит ўтказиш учун шартнома тузиш пайтига, йил охирида мижоз томонидан инвентаризация ўтказиб қўйилган ва уни такроран ўтказишдан бош тортса ёки инвентаризация ўтказиш жуда қиммат бўлган ҳолларда. Бу ҳолда аудитор математик методларни қўллаши мумкин. Улар маълум даражадаги эҳтимол билан заҳиралар миқдорини баҳолашга имкон беради. Шундай ҳолат юзага келиши мумкинки, мижоз ёппасига инвентаризация ўтказишни истайди, аммо аудиторнинг илтимосига кўра товар-моддий заҳираларнинг бир қисми инвентаризация қилинади.
Инвентаризация ишлари якунланиб, тегишли тарзда расмийлаштирилгандан сўнг инвентаризация маълумотлари билан бухгалтерия ҳисоби маълумотлари таққосланиб, тафовутлар аниқланиши лозим. Бу иш таққослаш қайдномалари тузиш йўли билан амалга оширилади.
Агар инвентаризация натижасида мавжуд бойликлар қолдиқларининг бухгалтерия ҳисоби маълумотларидан фарқ қилиши аниқланса, аудитор расмийлаштирилган рўйхатни таққослаш қайдномаси тузиш учун бухгалтерияга топширади.
Таққослаш қайдномалари фақат ҳисобга олиш маълумотларидан фарқ қилганлиги аниқланган моддий бойликлар бўйича тузилади. Уларни аудитор, бош бухгалтер ва моддий жавобгар шахс имзолайди. Агар камомадлар ёки ошиқчаликлар аниқланса, моддий жавобгар шахс бу ҳақда ёзма тушунтириш беради. Бойликларнинг табиий камайишидан ортиқ камомади айбдор ҳисобига ёзилади, ошиқча чиққан бойликлар эса кирим қилинади. Бир текшириладиган давр ичида бир моддий жавобгар шахсга тегишли бир хил номдаги моддий бойликлар қайта хиллаш (навларга ажратиш) натижасида аниқланган ошиқчаликлар ва камомадларнинг ўзаро ўрнини қоплашга истисно тариқасида рухсат берилади. Моддий бойликларнинг табиий камайиш меъёридан ортиқча камомадлари ва бузилишдан йўқотишлари аниқ айбдорлари номаълум бўлган ҳолларда корхона даромади ҳисобидан қопланади.
Таққослаш қайдномасини мазкур корхона бухгалтерияси тузса ҳам аудитор унинг тўғри тузилганлигини ва унда бухгалтерия ходимлари томонидан қайд қилинган рақамлар бухгалтерия маълумотларига мос келиш-келмаслигини текшириб кўриши лозим.
Шунингдек, инвентаризацияда аниқланган, товар моддий заҳиралар камомади ва ошиқча чиқишини бухгалтерия ҳисобида акс эттириш ва солиққа тортиш масалалари ҳам ўрганилади.
Моддий бойликларнинг бут сақланаётганлигини текширишда моддий бойликларнинг тўлиқ кирим қилинганлигини ва чиқимга тўғри ҳисобдан ўчирилганлигини аниқлаш муҳим ўрин эгаллайди. Чунки айрим ҳолларда ортиқча хом ашё ҳосил қилиниб, ундан ноқонуний мақсадларда «чапга кетадиган» маҳсулот ишлаб чиқаришга йўл очиб берилади.
Одатда, моддий бойликларни кирим қилишни назорат қилиш мол етказиб берувчилардан келиб тушган ҳисоб-китоб ҳужжатларини текшириш йўли билан амалга оширилади. Бундай ҳужжатлар жумласига тўлов талабномалари, счёт-фактуралар, турли иловалар (спецификациялар, сертификатлар, сифат ёрлиқлари ва ҳоказо) қўшиб юбориладиган товар-транспорт юк хат (накладной)лари киради.
Корхонага келтирилган моддий бойликлар тегишли омборхонага ўз вақтида кирим қилинишини ёки агар улар дарҳол цехга бериладиган бўлса, омборхона орқали расмийлаштирилиб, бу ҳақда ҳужжатларда қайд қилинади.
Шундай қилиб, бу ҳолда омборхона ходими моддий бойликларнинг мавжудлиги ва цехга берилганлигини тасдиқлайди. Бундан ташқари, моддий бойликларни текширишда аудитор қуйидагиларни аниқлаши лозим:

  1. йўлдаги моддий бойликлар ва фактурасиз жўнатилган моддий бойликларни ҳисобга олиш ишлари тўғри бажарилишини; балансда кўрсатилган, йўлдаги моддий бойликлар қолдиқларининг ҳаққонийлиги;

  2. 10-«Материалларнинг пул ифодасидаги ҳаракати» қайдномасининг тўғри юритилишини;зиммаларида моддий бойликлар қолдиқлари ҳисобда турган моддий жавобгар шахсларнинг ҳаммаси ҳам ҳар ойда моддий ҳисоботларни топширишини; айтилган ҳисоботлар топширилмай туриб(моддий жавобгар шахснинг касаллиги ёки бошқа сабабларга кўра) корхона раҳбарининг алоҳида фармойиши бўйича материаллар ҳисобдан чиқарилишини ва ҳисобдан чиқарилган материалларнинг сони ва қийматига кейин топширилган ҳисобот бўйича ўзгартиришлар қилиниши;моддий бойликлар ишдан бўшаган ходимлар ҳисобида турган ҳоллар борлигини (агар бор бўлса, бунинг сабабларини ва айбдор шахслардан уларнинг қийматини ундириш учун қандай чоралар кўрилганлигини );келиб тушган(мол етказиб берувчилардан ва ҳоказо ) моддий бойликлар ҳисоб баҳолари бўйича қийматининг 6 ёки 7-журнал ордерларда акс эттирилган баҳолар бўйича қийматига мос келишини; сарфланган ва сотилган материаллар ҳамда фойдаланишга берилган ва ишга яроқсизлиги туфайли ҳисобдан чиқарилган арзон баҳоли ва тез эскирувчи буюмларнинг эскириши тегишли баланс счётларида тўғри ҳисобга олинганлигини; моддий бойликларнинг амалдаги таннархини уларнинг ҳисоб баҳолари бўйича қийматидан фарқи тўғри аниқланганлигини ва ҳисобдан чиқарилганлигини; ҳисоб баҳоларини қўллаш қийин бўлган инфляция шароитларида моддий бойликларни баҳолаш усули борасида корхонада қандай ҳисоб юритиш сиёсати қўлланилаётганлигини; транспорт-тайёрлов харажатларининг таркиби тўғри аниқланганлиги ва ҳисобга олинаётганлиги; моддий бойликларнинг ҳаракатига доир муомалалар 16-қайдномада тўғри ва тўлиқ акс эттирилганлигини;жўнатилган моддий бойликлар учун харидорлар зиммасидаги қарзларнинг ҳаққонийлигини; даъво қилиш муддати тугаган, тўлаш муддати ўтказиб юборилган қарзларнинг бор-йўқлигини;харидорлар томонидан қисман акцептланган ёки банкка тўлиқ суммада тўлаш рад қилинган, банкка инкассага қўйилган счётлар бор-йўқлигини, бундай ҳолларда қандай чоралар кўрилганлигини;

  3. омборхона хўжалигининг аҳволини;моддий бойликларнинг сақланиш шароитларини; материаллар миқдор ва сифат кўрсатгичлари бўйича тўғри қабул қилинганлигини;моддий жавобгар шахслар томонидан моддий бойликларни сақлаш ва ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг бажарилишини, уларни сақлаш қоидаларининг бузилиш сабабларини; корхона омборхонаси ҳудудидан моддий бойликларнинг транспортда ёки транспортсиз олиб чиқиб кетилиши устидан назоратнинг таъминланишини; омборхона биноларининг техник ҳолатини;

  4. моддий бойликлар бириктириб қўйилган ходимлар билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида ёзма шартнома тузилганлигини; моддий бойликларнинг омборхонадаги ҳаракати тўғри ва ўз вақтида расмийлаштирилишини; ишончномаларни бериш ва улардан фойдаланишга доир ҳисоботлар тузиш қоидаларига риоя қилинишини;

  5. моддий бойликларнинг ишлаб чиқаришга тўғри ҳисобдан чиқарилишини; амалдаги меъёрларнинг ҳозирги замон технологияси ва ишлаб чиқаришнинг ташкил қилиниш даражасига мувофиқлигини;материалларни қайта ишлаш учун четга беришнинг тўғри расмийлаштирилишини; моддий бойликларни сақлаш ва ташишда табиий камайиш меъёрларига мувофиқ уларнинг камомади ва йўқолишларини ҳисобдан чиқаришнинг асосланганлиги ва бошқа шуларга ўхшашларни.

Товар-моддий заҳираларининг тўлиқ кирим қилинишини текшириш чоғида аудитор мол етказиб берувчилар билан ҳисоб-китобларнинг шакллари ва шартларини, танланган баҳолаш усулини, сотиб олинган қийматликлар бўйича ҚҚСни қоплаш тартибини ҳисобга олиши зарур.


Товар-моддий заҳираларининг тушуми ва кирим қилиниши мол етказиб берувчилар билан тузилган шартномалар ва кузатиб борувчи ҳужжатлар (товар-транспорт накладнойлари, счёт-фактуралар, қодоқлаш (упаковка) ёрлиқлари, сифат гувоҳномаси, қабул квитанцияси ва бошқалар) асосида текширилади.
Омборхона кирим ҳужжатларини мол етказиб берувчиларнинг кузатиб борувчи ҳужжатлари ёки материалларни чакана савдода нақд пулга сотиб олиш ҳужжатлари билан солиштириш омборхонада содир бўлган кирим муомалаларини текширишнинг умумий усули ҳисобланади.
Тезкор ва хизмат юзасидан узатиладиган ахборотлар ҳам аудиторлик текширувнинг объекти ҳисобланади. Масалан, келган юкларни ҳисобга олиш журналидан моддий қийматликларнинг ассортименти ва етказиб бериш муддатлари тўғрисидаги маълумотларни мол етказиб берувчилар бўйича олиш мумкин. Аудитор бундай ҳисобнинг мижоз-корхонада қандай ташкил этилганлигини ўрганади. Хусусан, ҳар бир мол етказиб берувчи бўйича шартномада материалларнинг етказиб берилиш муддатлари ва ассортименти кўрсатилаётганлиги, ҳамда ҳақиқатда олинган материалларнинг ассортименти, олиниш санаси кўрсатилган ҳолда қабул қилинганлиги текширилади. Оператив ҳисобда келтирилган ахборотларнинг ишончлилигини аниқлаш учун аудитор уларни бухгалтерия ҳисобида акс эттирилган маълумотлар билан таққослайди. Келаётган юкларни ҳисобга олиш журнали ва мол етказиб бериш шартномаларини ҳисобга олиш карточкаларидаги ёзувлар бўйича аудитор текширилаётган давр ичида қандай мол етказиб беришлар амалга оширилганлигини аниқлаши мумкин.
Агар моддий қийматликлар жисмоний шахслардан ёки юридик шахс ҳуқуқига эга бўлмаган тадбиркорлардан нақд пулга сотиб олинган бўлса, аудитор харид далолатномаларининг мавжудлиги ва тўғри расмийлаштирилганлигига эътибор қаратади. Харид далолатномасида қуйидаги мажбурий реквизитлар бўлиши лозим: сотувчининг паспорт маълумотлари, моддий қийматликларнинг номи, миқдори ва қиймати.
Олинган моддий бойликларни расмийлаштирадиган ички ҳужжатларга юкни қабул қилиб олувчи штампаси босилган мол етказиб берувчиларнинг кузатиб борувчи ҳужжатлари, кирим далолатномалари, кирим ордерлари ва юкни қабул қилиш тартибига кўра айрим бошқа ҳужжатлар киради.
Сотиб олинган моддий бойликларнинг тўғри баҳоланиши ва тўлиқ кирим қилинишини текширишни бошлашда аудитор моддий бойликларни ҳисобга оладиган ведомостларда акс эттирилган жами суммаларнинг бошқа ҳисоб регистрлари маълумотларига мослигини аниқлайди.
Моддий бойликларнинг тўлиқ кирим қилинганлигини текширишда аудитор мол етказиб берувчиларнинг ҳисобга олинмаган счётларини аниқлаш мақсадида, мол етказиб берувчилардан кредитор қарзларнинг ҳаққонийлигига эътибор қаратади. Бунинг учун у бухгалтерия ҳисоби регистрларидаги ёзувларни тақдим қилинган счётлар, шартномалар ва мол етказиб берувчиларга тўланганлик тўғрисидаги пул ҳужжатлари маълумотлари билан солиштиради.
Товар-моддий заҳираларининг киримига доир муомалаларни ҳужжатлар бўйича текшириш чоғида қабул қилишнинг миқдор ва сифат қоидаларига риоя қилиниши; қабул қилиш далолатномалари, тижорат далолатномалари, қабул қилишда аниқланган тафовут далолатномаларининг тўғри расмийлаштирилиши; моддий жавобгар шахслар ҳисоботлари ва исботловчи ҳужжатлар реестрларининг бухгалтерияга ўз вақтида тақдим қилиниши аниқланади. Тафовутлар аниқланганида ҳужжатларни қарама-қарши текширувдан ўтказиш зарур.
Моддий бойликларнинг тўлиқ кирим қилинганлигини текширишда ички ҳужжатлар мол етказиб берувчиларнинг кузатиб борувчи ҳужжатлари билан солиштирилади. Аудитор олинган моддий бойликлар сифати ва миқдоридаги тафовутларнинг далолатномалар билан тўғри расмийлаштирилганлиги ва мол етказиб берувчиларга ёки транспорт ташкилотларига (масалан, автобаза, темир йўл компанияси) ўз вақтида даъво қўзғатилганлигини ўрганади. Айрим ҳолларда бундай тафовутлар моддий бойликларни ўзлаштириш ва камомадни яшириш мақсадида қалбаки далолатномаларни расмийлаштириш оқибатида юзага келиши мумкин.
Зарур ҳолларда аудитор моддий бойликларни кирим қилиш учун асос бўлган ҳужжатларни уларнинг мол етказиб берувчиларда сақланаётган нусхалари билан солиштириб, қарама-қарши текширув ҳам ўтказади.
Корхонага тегишли бўлмаган, аммо унинг ихтиёрида сақланаётган ёки ишлатилаётган товар-моддий заҳиралар шартномалар шартларига мувофиқ, шартномада кўрсатилган баҳода балансдан ташқари счётларда акс эттирилади.
Маъсул сақлаш учун қабул қилинган моддий бойликлар, ҳамда буюртмачининг хом ашёси сифатида қайта ишлашга қабул қилинган хом ашё ва материаллар корхонанинг ўзига тегишли ишлаб чиқариш заҳираларидан алоҳида сақланиши ва ҳисобга олиниши лозим. Бундай моддий бойликлар №21 БҲМС га мувофиқ 002 - «Маъсул сақлашга олинган товар-моддий бойликлар» ва 003-«Қайта ишлашга қабул қилинган материаллар» деган балансдан ташқари счётларда ҳисобга олиниши лозим.
Ҳужжатсиз (счёт-фактурасиз) олинган материалларни текшириш айрим хусусиятларга эга. Улар 6010 - «Мол етказиб берувчиларга ва пудратчиларга тўланадиган счётлар» (жорий қисми) ёки 7010 - «Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар» (узоқ муддатли қисми) счёти бўйича юритиладиган ҳисоб регистрида ҳар бир олинган материаллар бўйича алоҳида сўнги кирим қилинган партия баҳоси бўйича акс эттирилиши лозим. Бунда рақам ўрнига «Н» ҳарфи (фактурланмаган) қўйилади. Аудитор бундай моддий бойликларни кирим қилишга доир ёзув ҳисобда қандай акс эттирилганлигини аниқлаши зарур. Чунки, кейинги ойда мол етказиб берувчилар ҳужжатларининг келиб тушишига қараб, ушбу ёзувлар мол етказиб берувчиларнинг ҳисоб-китоб ҳужжатларига асосан материалларни ҳақиқий сотиб олиш баҳоси бўйича кирим қилиш билан бир вақтнинг ўзида тузатилиши (сторно қилиниши) керак.
Ҳужжатсиз мол олинган ҳолатлар мавжуд бўлганида аудитор қуйидагиларни текширади:

  1. қабул қилиш далолатномаларини тузиш тартибига қандай риоя қилинаётганлиги;

  2. ҳужжатларсиз олинган моддий бойликларни кирим қилишнинг тўлиқлиги ва тўғрилиги;

  3. баҳо белгилашнинг тўғрилиги;

  4. мол етказиб берувчиларнинг қарама-қарши ҳужжатлари келиб тушганда қилинган тузатиш (корректировка) ларнинг тўғрилиги (бунинг учун аудитор қабул қилиш далолатномаларидаги ёзувларни кейинчалик олинган мол етказиб берувчилар ҳужжатларининг маълумотлари билан солиштириши зарур).

Агар мижоз-корхона ҳисобида йўлда келаётган яъни пули тўланган, лекин ҳали ой охиригача келиб тушмаган моддий бойликлар мавжуд бўлса, у ҳолда аудитор бундай моддий бойликлар қийматини бухгалтерия ҳисоби ва балансда акс эттиришнинг ишончлилигини тасдиқлаши учун улар кейинчалик олинганлиги ва пули тўланганлиги ёки баланс тузилаётган санага кредитор қарзлар таркибига киритилганлигига ишонч ҳосил қилиши зарур.
Товар-моддий заҳираларни аудиторлик текширувидан ўтказиш чоғида аудитор олинаётган моддий бойликлар бўйича ҚҚСнинг ҳисобда акс эттирилишини ҳам текширади.
№4 –«Товар-моддий заҳиралар» номли БҲМСда товар-моддий заҳираларини сотиб олиш харажатларининг тахминий таркиби келтирилган. Уларга, хусусан, материалларни тайёрлаш ва ташиб келтириш, импорт божхона тўловлари ва йиғимлари, маҳсулотларни сертификациялаш харажатлари, таъминотчи ва воситачи ташкилотларга тўланган комиссион тўловлар, солиқлар (корхона кейинчалик қайтариб оладиган солиқлардан ташқари, масалан, қўшилган қиймат солиғи каби), ҳамда тайёрлов-транспорт, хизмат кўрсатиш ва заҳираларни сотиб олиш билан бевосита боғлиқ бўлган бошқа харажатлар киради. Савдо дисконтлари, чегирмалар ва шунга ўхшаш суммалар товар - моддий заҳираларни сотиб олиш харажатларини аниқлашда чегириб ташланади. 1610 - «Материаллар қийматидаги фарқлар» счётида ёхуд 1000 (1010-1090) – «Материалларни ҳисобга оладиган счётлар»да аниқланиб, ҳисобдан ўчирилган транспорт-тайёрлов сарфлари ёки ҳисоб баҳоларидан четга чиқишларни текширишда транспорт ташкилоти ёки воситачи ташкилот тўловга тақдим қиладиган счёт, товар-моддий заҳиралар кирим қилинганидан сўнг кечикиб олинган ҳолатларга эътибор қаратилиши керак. Бундай ҳолда транспорт сарфлари материалларни кирим қилишда уларнинг ҳақиқий таннархига қўшилиши мумкин эмас.
Корхонанинг омборхона-тайёрлов аппаратини сақлаш учун қилинган сарфлари, унинг ҳисоб сиёсатида кўрсатилган қоидаларга мувофиқ тайёрланган материаллар таннархига қўшилиши мумкин. Бундай сарфлар, одатда, ҳисобот ойининг охирида тақсимланади.

Амалдаги қоидаларга мувофиқ моддий бойликлар ҳисоб ва ҳисоботда ҳақиқий таннархи бўйича акс эттирилиши лозим. Ҳақиқий таннарх уларни сотиб олиш учун қилинган сарфлар (транспорт - тайёрлов харажатлари), ушбу ресурсларни етказиб берувчи томонидан тақдим қилинган қарз ҳисобига сотиб олганлик учун тўланадиган фоизларни ҳам қўшган ҳолда аниқланади. Шунингдек, ташқи иқтисодий ва бошқа ташкилотларга тўланган хизмат ҳақлари, устама ҳақлари, божхона тўловлари, чет ташкилотлар томонидан амалга оширилган сақлаш, юклаш-тушириш ва ташиш харажатлари (ҚҚС сиз) ҳам ҳақиқий таннархга қўшилади.


Агар ишлаб чиқариш заҳиралари ҳисоб баҳолари бўйича ҳисобга олинса, ушбу баҳолар ва сотиб олинган материалларнинг ҳақиқий таннархи ўртасидаги фарқларни товар-моддий заҳираларнинг турлари ўртасида тақсимлаш ишлари аудит объекти бўлиб ҳисобланади.
Корхона фаолиятининг молиявий кўрсаткичлари ишлаб чиқариш заҳираларини баҳолаш усулларидан қайсиниси танланганига ҳам боғлиқ. Товар-моддий заҳиралар йил давомида ҳар хил баҳоларда сотиб олинганлиги сабабли, уларнинг тўғри баҳоланганлигини аниқлаш асосий муаммолардан бири ҳисобланади. Ишлаб чиқариш заҳираларининг якуний қийматини махсус баҳолаш усуллари ёрдамида тартибга солиш мумкин. Текширув усули корхонада товар-моддий заҳираларни ҳисобдан ўчиришнинг қайси услуби (ҳар хил моддий бойликлар учун улар хилма-хил бўлишлари мумкин) қўлланилишига боғлиқ.
№4 - «Товар-моддий заҳиралар» номли БҲМСга мувофиқ, ишлаб чиқаришга харажат қилинадиган моддий бойликларнинг ҳақиқий таннархини аниқлаш чоғида ишлаб чиқариш заҳираларини баҳолашнинг қуйидаги усулларидан фойдаланиш тавсия қилинади:

  1. Ўртача таннархи бўйича (AVECO);

  2. Биринчи харид қилинган таннарх бўйича (FIFO);

Аудитор заҳираларнинг муайян турига нисбатан танланган усулнинг йил давомида ўзгартирилмасдан қўлланилганлигига ишонч ҳосил қилиши, уларни қўллашнинг тўғрилиги, ҳамда асосланганлиги ва бошқарув учун фойдалилигини текшириши лозим.
Агар корхонанинг ҳисоб сиёсатида товар-моддий бойликларни баҳолашнинг ФИФО (FIFO) методи белгиланган бўлса, у ҳолда улар ой бошига мавжуд бўлган заҳиралар қолдиғининг таннархини ҳисобга олган ҳолда, биринчи сотиб олинган заҳиралар баҳосида ишлаб чиқаришга сарфланиши лозим. Балансда эса моддий бойликларнинг қолдиқлари сўнги сотиб олинган, яъни қимматроқ харид баҳолари бўйича кўрсатилиши лозим.
Агар заҳиралар ўртача таннарх (AVECO усули) бўйича баҳоланса, аудитор заҳираларнинг қайсидир бир партиясини баҳолашнинг тўғрилигини, яъни ўртача баҳонинг тўғри ҳисоб-китоб қилинганлигини аниқлаши учун бир неча дастлабки кирим ҳужжатларини текшириши зарур.
Моддий бойликлар қиймати ишлаб чиқариш сарфларига ҳисобдан ўчирилишининг тўғрилигини аудитор қуйидаги товар баланси формуласи бўйича текшириши мумкин:
Смқ қ Йб Қ Кмб - Йо
Смқ - ҳисобот даврида сарфланган моддий бойликлар қиймати;
Йб, Йо - ишлаб чиқариш заҳиралари счётларидаги йил боши ва охирига бўлган моддий бойликлар қолдиғининг қиймати (баланс ва бош дафтар маълумотлари асосида);
Кмб - ҳисобот даврида кирим қилинган моддий бойликлар қиймати (1010-1090 счётларнинг дебет оборотлари).
Материаллар ҳақиқий таннархи рад этилиб ёки атайлаб оширилганда, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш (иш бажариш, хизмат кўрсатиш) харажатлари сунъий равишда кўпаяди ва маҳсулот (иш, хизмат)ларни сотишдан олинадиган фойда (даромад) камаяди. Шунингдек, фойда (даромад) солиғи бўйича солиққа тортиладиган база ҳам камаяди яъни сунъий равишда солиқ яширилади.
Агар корхонада ҳисобот даври давомида баҳоси пасайтирилган материаллар бўлса, ёки улар қисман ўз сифатини йўқотган ёки маънавий эскирган бўлса, бунда улар йил охирида ҳақиқий таннархи бўйича эмас, балки сотиш мумкин бўлган баҳода баҳоланиши ва балансда акс эттирилиши лозим. Агар у дастлабки тайёрлаш (сотиб олиш) қийматидан паст бўлса, баҳодаги фарқлар молиявий натижаларга олиб борилади.
Моддий бойликларнинг ишлаб чиқариш ва бошқа мақсадларда ишлатилишини текшириш учун аудитор технологик жараёнларнинг хусусиятлари, ҳамда моддий бойликларни омбордан ишлаб чиқаришга бериш тартиби билан батафсил танишиши лозим. Чунки, ушбу тартиб бузилганида кўплаб камчиликлар ва ҳатто суйистеъмол қилишлар юзага келади.
Моддий бойликларнинг ишлаб чиқаришга берилиши, дастлабки ва йиғма чиқим ҳужжатлари асосида тузиладиган, материаллар сарфланиши ҳисобга олинадиган йиғма ведомост бўйича текширилади.




Достарыңызбен бөлісу:
1   ...   82   83   84   85   86   87   88   89   ...   127




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет