1. Аудитнинг мақсади, вазифалари, маълумот манбалари ва ўтказиш тартиби. Товар-моддий заҳираларини аудиторлик текширувидан ўтказишнинг мақсади-уларнинг сақланиши, тежамли ва оқилона ишлатилиши, ҳисобга олишнинг тўғри ташкил этилишини аниқлашдан иборат. Шунингдек, ҳисобот кўрсаткичларининг ишончлилигини ва товар-моддий заҳиралар билан боғлиқ муомалалар ҳисоби ва солиққа тортиш услубининг Ўзбекистон Республикасида амал қилаётган қонунчилик ҳамда меъёрий ҳужжатларга мувофиқлигини аниқлаш лозим. Ушбу мақсадга муомалалар моҳиятини, ҳамда назорат тузулмаси ва бухгалтерия ҳисоби тизимини текширувдан ўтказиш ва рискларни баҳолаш орқали эришилади. Заҳираларни текшириш, улар ҳажми катта бўлган корхоналарда аудитнинг асосий қисми деб қаралади.
Товар-моддий заҳиралар бўйича ҳисобот кўрсаткичларининг ҳаққонийлигини текширишда бошқа аудит объектларидаги каби, даставвал, баланснинг «Ишлаб чиқариш заҳиралари»(120-сатр), «Тугалланмаган ишлаб чиқариш (130-сатр)», «Тайёр маҳсулот»(140-сатр), «Сотиш учун олинган товарлар»(150-сатр) деган моддалари, Бош дафтар, журнал-ордерлар ва бошқа ҳисоб регистрлари орасидаги тенгликни аниқлаш зарур. Шу билан бирга, синтетик ва аналитик ҳисоб маълумотларининг мувофиқлигига ишонч ҳосил қилиши муҳимдир. Моддий бойликларни ишлаб чиқариш харажатларига олиб бориш ва уларнинг баҳоларини текшириш, ишлаб чиқаришга сарфлаш меъёрлари ва бошқаларни текшириш зарур. Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга даъво қўзғатишнинг ўз вақтидалиги ва тўғрилиги ҳамда йўлдаги (корхонага етиб келмаган) материаллар қолдиғининг ҳаққонийлигини ҳам текшириш керак.
Йўлдаги моддий бойликларни текширишнинг вазифалари: йўлдаги моддий бойликлар сифатида ҳисобда турган ҳар бир жўнатишнинг асослилигини аниқлаш, юкларни етказиб бериши муддатларининг ўтиб кетмаганлигини аниқлаш, хўжалик томонидан юкларни қидирув чораларининг кўрилишини аниқлаш, бош бухгалтер ва таъминот ходимлари томонидан йўлдаги моддий бойликларни ҳисобга олиш устидан назорат ўрнатилиши кабиларини аниқлашдан иборат. Булардан ташқари ҳисоб маълумотларининг ҳақиқатда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга мос келиши ва товар маҳсулотлар ишлаб чиқариш тўғрисидаги ҳисоботларда қўшиб ёзиш фактлари аниқланади.
Текширув жараёнида аудитор қуйидагиларни аниқлаши лозим:
заҳираларнинг ҳақиқатда мавжудлиги;
заҳиралар билан боғлиқ барча муомалаларнинг бухгалтерия ҳисоби счётларида тўлиқ ва тўғри акс эттирилганлиги;
барча заҳиралар корхона мулки эканлиги яъни уларга мулкий ҳуқуқ мавжудлиги, қарз сифатида акс эттирилган суммалар эса мажбурият эканлиги;
заҳираларни ва улар билан боғлиқ мажбуриятларни баҳолашнинг тўғрилиги;
товар-моддий заҳираларни ҳисобга олиш тамойиллари тўғри танланилганлиги ва қўлланилишининг тўғрилиги.
Товар-моддий заҳираларни текширишда қуйидаги маълумот манбаларидан фойдаланилади:
Моддий бойликларни қабул қилиш, ҳисобга олиш, сақлаш ва беришга алоқадор меъёрий ҳужжатлар.
Ҳисоб сиёсати тўғрисидаги буйруқ.
Товар - моддий заҳиралар билан боғлиқ муомалаларни расмийлаштиришга доир дастлабки ҳужжатлар.
Аудитор текширувга киришиш чоғида текширувнинг ушбу со-ҳаси бўйича танланган ҳисоб юритиш усуллари ва услублари тўғ-рисида ахборотга эга бўлиши лозим. №4-«Товар-моддий заҳира-лар» номли бухгалтерия ҳисоби миллий стандарти талаб-ларига мувофиқ корхонанинг ҳисоб юритиш сиёсати тўғрисидаги буй-руғида товар-моддий бойликларни ҳисобга олишнинг услубий жиҳатлари, хусусан қуйидагилар ҳақидаги ахборотлар акс эттирилиши лозим:
асосий воситалар билан инвентарь ва хўжалик ашёлари ўртасидаги чегаралар;
товар-моддий бойликларни сотиб олиш (тайёрлаш)ни ҳисобга олиш;
товар-моддий бойликларни уларнинг турлари бўйича ҳисобдан ўчириш чоғида баҳолаш усуллари.
Мижоз-корхона раҳбарияти, у ёки бу ҳисоб юритиш тамоили молиявий натижага таъсир қилишини билсада, ҳисоб сиёсатига киритилган маълумотларнинг зарурлигига кўп ҳолларда етарли аҳамият бермайди. Мана шунинг оқибатида ҳар хил қоидабузарликлар келиб чиқади. Улардан энг кўп тарқалгани танланган ҳисоб юритиш усулларига ёки уларни қўллашда изчилликка риоя қилинмаслиги ҳисобланади.
Товар-моддий заҳираларни ҳисобга олишда қўлланиладиган дастлабки ҳужжатлар шакллари корхонадаги моддий қийматликларнинг турлари ва гуруҳларига боғлиқ. Қўлланиладиган дастлабки ҳужжатларда барча зарур реквизитлар бўлиши шарт. Бундай дастлабки ҳужжатларга қуйидагилар киради: моддий қийматликларни олиш учун ишончномалар, кирим ордерлари, материаллар, инвентар ва хўжалик ашёларини киримга олиш ва ҳисобдан ўчириш далолатномалари, лимит-забор карталари, талабнома-накладнойлар, товар-транспорт накладнойлари, омбор ҳисоби карточкалари ёки дафтари.
Ташкилий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа маълумот манбаларига қуйидагилар киради:
корхона раҳбарининг буйруғи (ёки фармойиши) директор кенгаши мажлисининг баённомалари, таъсисчилар ва бошқа комиссиялар йиғилиш қарорлари. Агар корхона устав капиталининг миқдорини шакллантириш ёки ўзгартириш чоғида улуш сифатида материаллар, инвентарь ва хўжалик ашёлари, товарлар қўшилган бўлса, шунингдек агар дивидендлар ёки даромадлар моддий қийматликлар билан тўланса ушбу ҳужжатларни ўрганиш аудитор учун ўта муҳим аҳамият касб этади;
товарлар, материаллар, хом ашёлар ва ҳоказоларни етказиб бериш шартномалари;
моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартномалар.
Аудиторнинг корхона ходимлари билан раҳбарият таркибидаги, бухгалтерия ҳисоби ва ички назорат тизимидаги ўзгаришлар тўғрисидаги суҳбатлари текширув учун зарур қўшимча ахборотлар бериши мумкин. Бундай ўзгаришларнинг натижалари ишчи ҳужжатларда расмийлаштирилган бўлиши лозим.
Товар-моддий заҳиралар билан боғлиқ муомалаларни текширишда фойдаланиладиган ахборотлар корхонанинг бухгалтерия ҳисоботлари ва ҳисоб регистрларида акс эттирилади. Булардан «Бухгалтерия баланси» (1-шакл)да - товар-моддий заҳиралар тўғрисидаги маълумотлар баланс активининг II-«Айланма маблағлар» бўлимида жойлашган «Ишлаб чиқариш заҳиралари»моддаси (120 сатр) ва «тугалланмаган ишлаб чиқариш» (130-сатр) моддаларининг маълумотлари текширилади.
Товар-моддий заҳираларни ҳисобга олишга доир бухгалтерия регистрлари хилма-хил бўлиши мумкин. Улар корхонада қўлланилаётган бухгалтерия ҳисоби шакли ва усулларига, ҳамда мавжуд товар-моддий заҳираларнинг турлари ва гуруҳларига боғлиқ. Аммо, ҳар қандай ҳолатда ҳам аудитор 1010-1090, 1080, 1510 ва 1610 счётлар бўйича аналитик ва синтетик ҳисоб регистрларини, қолдиқ ведомостлари, омборхона ҳисоби карточкалари, дафтарлар, инвентаризация материалларини ҳамда тугалланмаган ишлаб чиқаришлар (2010, 2110, 2310-счетлар) бўйича ҳисоб регистрларини таҳлил қилиб чиқиши лозим.