РИЁЗУС-СОЛИҲИЙН
Ҳаж Ислом рукнларидан бири эканлиги ҳақидаги ҳадислар шарҳи
(2)
] Ўзбекча [
شرح رياض الصالحين
الأحاديث الواردة في أن الحج الركن الخامس من أركان الحج
(2)
[اللغة الأوزبكية ]
Абу Абдураҳмон Насафий
أبو عبد الرحمن النسفي
Муҳаррир: Дорул Ислом таҳририяти
مراجعة: فريق عمل الأوزبكي
Риёз шаҳри Робва маҳалласи диний тарғибот бўлими
المكتب التعاوني للدعوة وتوعية الجاليات بالربوة بمدينة الرياض
2008 –1429
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Аллоҳ таолога ҳамду сано ва пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламга дуруду саловатлар бўлсин.
Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Азиз ва муҳтарам мусулмон биродарлар.
Ушбу дарс имом Нававийнинг Риёзус-солиҳийн номли китобидаги (Ҳаж китоби)га қилинган шарҳнинг давоми бўлиб, унда ҳаж исломнинг беш рукнидан бири эканига ва у умрда бир марта фарз бўлишига далолат қиладиган ҳадисларнинг шарҳига бир оз тўхталиб ўтамиз ва Оллоҳ таъолодан бизларга фойдали илм ато этиб, солиҳ амаллар қилишга муваффақ қилишини сўраб қоламиз.
وعن ابن عمر، رضي الله عنهما، أن رسول الله، صلى الله عليه وسلم، قال: بني الإسلام على خمسٍ: شهادة أن لا إله إلا الله وأن محمداً رسول الله، وإقام الصلاة وإيتاء الزكاة، وحج البيت، وصوم رمضان. متفقٌ عليه.
Абдуллоҳ ибни Умар (розияллоҳу анҳума)дан ривоят қилинишича Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Ислом беш (рукн) устига қурилган; Оллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқлиги ва Муҳаммад унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бериш, намозни адо этиш, закот бериш, Каъбага бориб, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш." - деган эканлар. (Муттафақун алайҳ)
Шарҳ:
Ушбу ҳадисда ислом дини беш устунли қасрга ўхшатилмоқда. Маълумки устун бинонинг пойдевори ҳисобланиб, усиз бино қулаб кетади. Бордию устунсиз қурилса, ўта заиф қурилади. Лекин ислом мустаҳкам, кучли бино бўлиб, Оллоҳ таъоло уни бандаларига машруъ қилиб у ҳақида: “Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим.”-деди.
Ислом асослари
Биринчи асос:
Оллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқлиги ва Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бериш. Яъни Оллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқлиги ва Ундан ўзга сиғиниладиган барча маъбудалар ботил эканини тил билан эътироф қилиб, қалб билан тасдиқлаб гувоҳлик бериш. Баъзи одамлар қуёшга, баъзилари ойга, баъзилар сигирга ва яна баъзилар инсон зикр қилишга уяладиган нарсаларга сиғиниб, ибодат қилишади. Турли-туман миллат ва элатлар ҳар хил маъбудаларга сиғинишади, лекин ҳақиқий илоҳ ким?! Ҳақиқий сиғиниладиган илоҳ буюк ва ягона Оллоҳ таъолодир. Шариат ва ақл шуни тақозо қилади, чунки халойиқни яратган зотгина ибодат қилинишга ҳақли бўлади. Хўш, борлиқни ким яратган? Албатта уни Оллоҳ таборака ва таъоло яратган. Оллоҳ таъоло Тувр сурасида: “Балки улар ҳеч нарсадан (яъни, Яратгувчисиз) яралиб қолгандирлар?! Ёки улар ўзлари яратгувчимиканлар-а?!” (Тувр: 35)-деган бўлса, Воқеъа сурасида: “Сизлар тўкадиган маний-уруғ ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми? Уни сизлар яратурмисизлар ёки Биз яратгувчимизми?!” (Воқеъа: 58-59)-дейди. Агар халойиқнинг ҳаммаси битта эмбрион яратишга жамланишса ҳам уларнинг бунга кучлари етмайди. Оллоҳ таъоло айтадики: “Эй инсонлар, бир масал айтилгандир, шундай экан унга қулоқ тутингиз! Аниқки, сизлар Оллоҳни қўйиб илтижо қилаётган бутлар агар барчалари бирлашганларида ҳам бир чивин ярата олмаслар, агар чивин улардан бирон нарсани тортиб олса уни (ўша чивиндан ҳам) қутқариб ола билмаслар. (Демак ўша бутлардан ҳожатини раво қилишни) сўрагувчи (мушрик) ҳам, сўралгувчи (бутлар) ҳам ночор-нотавондир.” (Ҳаж: 73) Ажабо! Ноҳақ сиғиниладиган маъбудалар барчаси жамлансалар ҳам битта чивин ярата олмас эканлар. Яна Оллоҳ таъоло айтадики: “Айтинг: Қасамки, агар бор инсу жин мана шу Қуръонни ўхшашини келтириш йўлида бирлашиб, бир-бирларига ёрдамчи бўлсалар-да, унинг ўхшашини келтира олмаслар.” (Исро: 88) Демак, Оллоҳдан ўзга бирон зот Унинг яратишидек ярата олмайди, ва бирон зот Унинг каломига ўхшаш каломни келтиролмайди. Оллоҳ таъоло айтади: “Қасамки, агар улардан «Осмонлар ва Ерни ким яратган?» деб сўрасангиз албатта «Оллоҳ» дерлар.” (Луқмон: 25) (Эй Муҳаммад), қасамки, агар сиз улардан ўзларини ким яратгани ҳақида сўрасангиз, албатта улар: «Оллоҳ», дерлар. (Зухруф: 87) (Эй Муҳаммад) айтинг: «Ким сизларга осмон ва заминдан ризқ берур ёки ким қулоқ-кўзларингизга эгалик қилур?! Ким ўликдан тирикни чиқарур ва тирикдан ўликни чиқарур ҳамда ким барча ишларни тадбир қилиб турур?!» Улар албатта: «Оллоҳ», дейдилар. (Юнус: 31) Демак, ушбу улуғ сифатлар эгасигина ибодат қилинишга лойиқ бўлади. «Ла илаҳа иллаллоҳ» шаҳодати ибодатлар фақат ўша билангина тўғри бўладиган ихлосни ва «Муҳаммадун Расулуллоҳ» мазмунидан келиб чиқадиган Пайғамбаримизга эргашишни ўз ичига олади. Шунинг учун ҳам бу икки шаҳодат битта рукн ҳисобланади.
Иккинчи асос:
Иккинчи асос намозни адо этиш бўлиб, унинг маъноси: беш вақт намозни ўз вақтида, шарт, рукн ва вожибларини тўлиқ бажариб, унинг мустаҳабларини комил қилиб адо қилиш дегани.
Учинчи асос:
Учинчи асос закотга ҳақли кишиларга закот бериш. Закот араб тилида зиёда бўлиш маъносида ишлатилса, шаръий истилоҳда: закот махсус мол эгасига махсус молдан маълум бир қисмини вожиб қилишдан иборат экан. Маълум миқдорда пул, савдо моллари, ва чорва моллари каби закот бериш вожиб бўлган бойликларга эга бўлган киши шу турдаги бойликларда шариат белгилаган миқдордаги садақа-закотни бериши фарз бўлиб, унинг (Закот китоби)да зикр қилинган маълум шартлари бор. (Таърийфот, Журжоний, 1/37) Закотга ҳақли кишиларни эса Оллоҳ таъоло Тавба сурасида батафсил баён қилиб, шундай дейди: “Албатта садақалар (яъни закотлар) Оллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда, фақат фақирларга, мискинларга, садақа йиғувчиларга, кўнгиллари (Исломга) ошна қилинувчи кишиларга, қулларни озод қилишга, қарздор кишиларга ва Оллоҳ йўлида ҳамда йўловчи мусофирларга берилур. Оллоҳ билим ва ҳикмат Соҳибидир.” (Тавба: 60) Мазкур кишилардан бошқа бировларга берилган закот Ислом назарида мақбул эмас.
Тўртинчи асос:
Тўртинчи асос ҳаж ибодати бўлиб унинг маъносини юқорида айтиб ўтдик. Ҳадисдаги (ҳажжул-байт)дан мақсад ал-Масжидул-ҳаромни ва ҳаж мавсумида бажариладиган бошқа буюк маросимларни қасд қилиб бориш. (Абу Ҳанифа муснадининг шарҳи, Мулло Али Қори, 1/329)
Бешинчи асос:
Бешинчи асос эса Шаъбон ва Шаввол ойлари орасидаги "Рамазон ойида рўза тутиб бериш". (Риёзус-солиҳийн шарҳи, Ибни Усаймийн, 3/219-221) "Рамазон ойининг фазилати" ва унда рўза тутиб беришнинг ажру-савоблари ҳақида Риёзус-солиҳийн китобидаги (Китабул-фазоил) "Фазилатлар китоби" да етарлича тўхталиб ўтдик.
و عن أبي هريرة، رضي الله عنه، قال: خطبنا رسول الله صلى الله عليه وسلم فقال: يا أيها الناس قد فرض الله عليكم الحج فحجوا فقال رجلٌ: أكل عامٍ يا رسول الله ؟ فسكت، حتى قالها ثلاثاً. فقال رسول الله، صلى الله عليه وسلم: لو قلت نعم لوجبت، ولما استطعتم ثم قال: ذروني ما تركتكم؛ فإنما هلك من كان قبلكم بكثرة سؤالهم، واختلافهم على أنبيائهم، فإذا أمرتكم بشيءٍ فأتوا منه ما استطعتم، وإذا نهيتكم عن شيءٍ فدعوه. رواه مسلمٌ.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилиб дейдилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга хутба қилиб: “Эй одамлар, Оллоҳ сизларга ҳаж қилишни фарз қилди, шундай экан ҳаж қилинглар.”-деб айтдилар. Шунда бир киши: “Эй Расулуллоҳ, ҳар йилими?”-деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) индамадилар, ҳатто бу гапни уч марта айтди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар “Ҳа.”- деганимда у вожиб бўлиб қолиб, унга кучларинг етмай қоларди.”-дедиларда, сўнг: “Модомики мен (бу хусусда гапирмай) сизларни тинч қўйдимми, сизлар ҳам мени тинч қўйинглар. Сизлардан олдингиларни фақат уларнинг кўп сўрашлари ва пайғамбарларига ихтилоф қилишлари ҳалок қилган. Агар бирон нарсага буюрсам, уни қўлларингиздан келганича қилинглар, бирон нарсадан қайтарсам, уни тарк қилинглар.”-дедилар.” (Муслим ривояти)
Шарҳ:
Бошқа ривоятда бу саволни Ақраъ ибни Ҳобис (розияллоҳу анҳу) берганлиги баён қилинган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Модомики мен (бу хусусда гапирмай) сизларни тинч қўйдимми, сизлар ҳам мени тинч қўйинглар.”-деган сўзлари аслида инсонга бирор ибодат вожиб бўлмаслиги ва шариат келмасдан олдин ҳеч қандай ҳукм йўқлигига далолат қилади. Тадқиқотчи усул уламолари Оллоҳ таъолонинг: “Биз то бирон пайғамбар юбормагунча (у орқали Ўзимизнинг амру фармонларимизни юбориб, унга итоат қилишдан бош тортмагунларича, бирон кимсани) азоблагувчи эмасмиз.” (Исро: 15)-деган оятини далил қилиб, ушбу фикрни тўғри деб топишган экан. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Агар бирон нарсага буюрсам уни қўлларингиздан келганича қилинглар.”-деган сўзлари исломнинг муҳим қоидаларидан бўлиб, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га берилган жавомеъул-калим (яъни сермазмун сўзлар)дан саналади. Бунга сон-саноқсиз аҳкомлар киради. Масалан: намознинг баъзи шарт ё рукнларини бажаришдан ожиз бўлган киши қолганларини бажаради. Агар ғусл ё таҳорат аъзоларидан баъзиларини ювишдан ожиз бўлса, ювиш имкони борларини ювади. Агар таҳорат учун ё нажосатни кетказиш учун етарли сувдан озроғини топса, имкони борини қилади. Агар авратининг баъзи қисмини беркитадиган нарса топса, ёки Фотиҳа сурасини баъзисини ёдласа, имкони борини қилади ва ҳоказо. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Агар бирон нарсага буюрсам уни қўлларингиздан келганича қилинглар.”-деган сўзлари Оллоҳ таъолонинг: “Кучларингиз етганича Оллоҳдан қўрқинглар.”-(Тағобун: 16)деган оятига мувофиқ келади. Аммо Оллоҳ таъолонинг: “Оллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар.»-деган ояти ҳақида икки хил фикр бор. Биринчиси: Ушбу оят Оллоҳ таъолонинг: «Кучларингиз етганича Оллоҳдан қўрқинглар.»-деган ояти билан мансух яъни бекор қилинган. Иккинчиси: Ушбу оят мансух эмас, балки Оллоҳ таъолонинг: «Кучларингиз етганича Оллоҳдан қўрқинглар.»-деган ояти унинг: “Оллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар.»-деган оятидан кўзланган мақсадни баён ва тафсир қилмоқда. Мана шу фикр тўғрироқ фикр бўлиб, буни тадқиқотчи уламолар қўллаб-қўвватлашган. Улар айтишларича: Оллоҳ таъолонинг: “Оллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар.»-деган оятининг маъноси Оллоҳнинг бўйруқларига бўйсуниш ва ман қилган нарсаларидан четланиш дегани. Ҳолбуки Оллоҳ фақат имкони бор нарсага буюради. Оллоҳ таъоло Бақара сурасида: «Оллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди.» (Бақара: 286)-деган бўлса, Ҳаж сурасида: «Ва бу динда сизларга бирон ҳараж-танглик қилмади.» (Ҳаж: 78)-дейди. Валлоҳу аълам. (Саҳиҳ Муслим шарҳи, Нававий, 4/499)
Давоми бор
Достарыңызбен бөлісу: |