Вилоят ҳокими А.Усмановнинг “Биз буюк юрт фарзандларимиз” шиори остида ўтказиладиган ёшлар фестивалидаги
Т А Б Р И К С Ў З И
Ассалому алайкум, ҳурматли меҳмонлар,
азиз ёшлар!
Авваломбор умумтаълим мактабларининг 9-синфини битириб, ўзлари севган касблари бўйича коллеж ва академик лицейларга биринчи қадамини қўяётган, замонавий касб сирларини эгаллаб мустақил ҳаёт остонасида турган азиз ёшларни ота-оналари, устозлари ва ўз номимдан муборакбод этаман.
Муҳтарам Президентимиз томонидан ёш авлодни ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етиши учун мамлакатимизда барча имкониятлар яратиб берилмоқда.
Бугунги илм-фан, техника асрида жаҳондаги 80 миллиондан зиёд болалар савод олишдан маҳрум бўлиб турган, 100 миллиондан ортиқ болалар эса умуман саводсиз саналаётган бир паллада Ўзбекистонда 12 йиллик мажбурий таълимнинг жорий этилиши, 9-синф битурувчиларини касб-ҳунар коллежларига қамраб олиниши, касб-ҳунар коллежларини тамомлаётган ёшларни эса иш билан тўлиқ таъминланиши - бу дунё экспертлари томонидан ҳақли равишда тан олинаётган “таълимдаги мўъжиза”дир. Айтинг, бундай имокониятлар дунёнинг яна қайси мамлакатларида бор?
Бугун соғлом, юксак билимли, мақсадли, орзу-умидлари тўлиб-тошиб ётган ёшларимизни кўриб қувонасан киши. Ёшларнинг соғломлиги бўйича дунёдаги кучли ўнлик таркибида турганлигимизнинг ўзи биз учун фахр эмасми?
Муҳтарам Президентимиз 9 май - “Хотира ва Қадрлаш куни” муносабати билан оммавий ахборот воситалари ходимларига берган интервьюсида ёшларимизнинг бокира, тинч ҳаётини кўз қорачиғидай асрашимиз, ёшларимизга “Мана шу муқаддас тупроқ меники, бу ерда ота-боболаримнинг хоки ётибди. Агар шу мусаффо осмон, шу эркин ва ёруғ ҳаёт, мана шу муқаддас Ватанни мен ҳимоя қилмасам, ким ҳимоя қилади?” деган ғояни сингдиришимиз, уларни касб-ҳунарли, билимли, ақл-заковатли қилиб тарбиялашимиз лозимлигини қайта-қайта таъкидладилар.
Юртбошимиз фахр билан “Бугун ёшларимиз ҳал қилувчи куч бўлиб ҳаётга киряпти. Мен бу ёшларга ўзимга ишонгандек ишонаман”, - деб юксак ишонч билдирдилар.
Азиз юртдошлар!
Бугун Андижонда Президентимизнинг ёшларимизга бўлаётган ғамхўрлиги ва эътиборининг катта бир шодиёнасида, байрамида турибмиз.
Шу кунларда вилоятимиздаги 741 та умумтаълим мактабини битирувчи ўғил-қизларимиз таълимнинг кейинги босқичига ўзлари танлаган касб-ҳунар таълими муассасаларига жалб этилмоқда, 117 та коллежларни тамомлаётган ёшлар эса эгаллаган мутахассисликлари бўйича иш билан таъминланмоқда. Ҳаёт йўлини эндигина бошлаётган инсон учун бундан ортиқ бахт борми дунёда?
Ёшларни нафақат узлуксиз таълим босқичлари билан қамраб олиш, балки ёшларнинг жисмоний ва маънавий жиҳатдан баркамол бўлиб вояга етишлари учун спорт иншоотлари, мусиқа мактаблари, турли-туман маданий марказларнинг очилгани бу уларнинг бахти эмасми?
Азиз ёшлар, Сизлар Ватаннинг қанотларисиз. Сизларга кўрсатилаётган чексиз ғамхўрликларга жавобан ҳар томонлама баркамол шахс бўлиб вояга етишингиз, Сизни тарбиялаётган ота-онангиз, маҳалла-кўй, қолаверса, халқингиз олдидаги муқаддас бурчингизни адо этишингиз зарур. Буни Сиз асло унутманг. Ҳозир Сизнинг авжи билим оладиган ва ҳунар ўрганадиган даврингиз.
Айниқса, қизларимизнинг аниқ бир касб эгаси бўлиши тўғрисида Муҳтарам Юртбошимиз Сурхондарё вилояти Кенгаши сессиясида: “Қўлида ҳунари бор қиз бировга қарам бўлиб қолмайди, ўз меҳнати, билим ва истеъдоди билан оиласини тебратишга, фарзандларини баркамол инсон этиб тарбиялашга ҳисса қўшади” – деб, алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
Сиз илм ва ҳунар ўрганиб, халқпарвар бўлинг, ватанпарвар бўлинг, шу элнинг корига ярагудек фарзанд бўлиб етишинг. Мана шундай фарзандлари бўлган халқнинг ўтмиши каби эртанги куни, келажаги албатта порлоқ, буюк бўлишига шубҳа йўқ.
Биз Сизлардан ана шу нарсани кутиб қоламиз.
“Биз - буюк юрт фарзандларимиз” деб номланган ёшлар фестивалини очиқ деб эълон қиламан.
Улкан орзуларга етишишингизда соғлик-саломатлик, куч-қувват, ғайрат ва шижоат ҳамиша Сизларга ёр бўлсин.
Ҳаммамизга маълумки, Муҳтарам Юртбошимиз йил бошида туриб, 2012 йилни мамлакатимиз тараққиётида алоҳида йил бўлишини олдиндан башорат қилган эдилар.
Дарҳақиқат, бугун қайси бир соҳани олиб қарамайлик, уларнинг барчасида халқимиз улкан ютуқларни қўлга киритаётганини кўришимиз мумкин. Буларнинг асосида келажагимизнинг пойдевори, эртанги кунимизни яратувчилари саналган азиз ёшларга – фарзандларимизга бўлган чексиз эътибор, меҳр-муҳаббат туйғулари яшириниб ётганлиги ҳеч кимга сир эмас.
Достарыңызбен бөлісу: |