И.Ҳ.Ҳамдамов, С.Б.Мустанов, Э.И.Ҳамдамова, Г.А.Сувонова
БОТАНИКА
И.Ҳамдамов, С.Мустанов,
Э.И.Ҳамдамова, Г.Сувонова
Ботаника.
Қишлоқ хўжалик олий ўқув юртлари
талабалари учун дарслик. – Т.: 2013. – 226 бет
Мазкур дарслик 5410100-агрокимё ва тупроқшунослик, 5410200-Агрономия (деҳқончилик маҳсулотлари), 5410300-Ўсимликлар ҳимояси ва карантини, 5410500-Қишлоқ хўжалик экинлар уруғчилиги ва селекцияси, 5410500-Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш, сақлаш ва уларни дастлабки қайта ишлаш технологияси, 5111000-Касб таълими (5410200-Агрономия (деҳқончилик маҳсулотлари бўйича), 5420100-Фермер хўжалигини бошқариш ва юритиш) таълим йўналишларида ўқиётган талабалари учун Ўзбекистон Республикаси Олий ва Ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган намунавий ўқув режа ва фан дастури асосида ёзилган. Маълумки, ботаника фани қишлоқ хўжалик фанлари: ўсимликшунослик, селекцияси ва уруғчилиги, фитопотология, мева-сабзавотчилик, деҳқончилик, ўрмончилик ва шу каби фанларнинг назарий негизини ташкил этади. Шу сабабли қишлоқ хўжалиги соҳасида таҳсил олаётган талабалар ўсимликнинг тузилиши, уларнинг ташқи муҳит билан ўзаро муносабатларини ўсимликларда бўладиган ҳаётий жараёнлар (ўсиши, ривожланиши, кўпайиши), ер юзида тарқалиши қонуниятларини ҳамда ўсимликлар дунёсини уларнинг яқин ва узоқ белги – хусусиятларига асосланиб, маълум бир системага солиш тартибини ва ниҳоят ўсимликлардан оқилона фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш йўлларини билиб олмоқлари зарур.
Дарслик кириш ва 7 бўлимдан иборат бўлиб, унда ҳужайра, ва тўқималар ҳамда вегетатив ва репродуктив органларнинг (гул, уруғ ва мевалар) тузилиши тубан ва юксак ўсимликлар системаси, уларнинг таснифи, вакиллари ва аҳамияти, ўсимликлар географияси ва фитоценинология қисмлари янги маълумотлар асосида баён қилинган. Дарсликда талабаларнинг билимларини назорат қилувчи рейтинг ва тест саволлари аниқ қилиб берилган.
Дарслик Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2013-йил 20 августдаги 312-сонли буйруғига асосан чоп этишга тавсия этилди.
Тақризчилар:
Х.Қ.Хайдаров - Самарқанд Давлат университети Ботаника ва ўсимликлар физиологияси кафедраси доценти, биология фанлари номзоди
Н..Х. Халилов - Самарқанд қишлоқ хўжалик институти профессори, қишлоқ хўжалик фанлари доктори
Ностоящий учебник написан на основе типовой программы для студентов сельскохозяйственных учебных заведений утвержденной – министерством высшего, среднего специального образования Узбекистана от 15 августа 2012 года.
Известно, что ботаника составляет научную основу таких агрономических дисциплин как растениеводство, селекции и семеноводства сельскохозяйственных культур, фитопатологии, овощеводства и плодоводства, земледелии и лесного хозяйства. Поэтому студентам обучающихся в области сельского хозяйства необходимо усвоевать знание о строениях растительных организмах, взаимоотношение растений с внешней средой, жизненными процессы происходящие в их организме а именно рост, развитие, размножение, закономерности распространения их на зимней поверхности, системы растительного мира, рациональное использование природных ресурсов растений и пути обеспечения их охраны.
Учебник состоит из введения и 7 глав, в которых изложены материалы на современном уровне о строениях клетки, ткани, вегетативных органов (корень, стебeл и лист), размножение растений, строение генеративных органов (цветок, семян и плоды), системы низких и высших растений и их классификации, фитоценозы и географии растений. В конце каждой главе даются контрольные вопросы для самопроверки знаний студентов а также вопросы рейтингов и тестов.
The given text-book is written on the base of sample program for the students of agricultural edicational establishments confirmend by the ministry of Aigher and Secondary special Education of Uzbekistan from the 15th of August, 2012.
It is well known, that Botany is the scientific base of such agronomical sciences as: plant-growing, selection and seed-growing of agricultural crops, phitopa-thology, vegetable-growing and fruit-farming, crop-growing and forestry. That is why it is necessary for the students, studying at agricultural educational establish ments, to get knowledges about the structures of vegetable organisms, relations between plants and external environment, vital processes, taking place in their organisms and namely the growth, development, propagation, objective regularity of their dissemination on the land surface, the systems of vegetable Kingdom, rational employment of natural resources of plants and ways of ensuring their protection.
The text-book consists of introduction and 7 chapters, where the materials,are set forth in the modern level about the structure of the cell, tissue, vegetative organs (root, stalk and leaf) the system of the lowest and highest plants and their classification, phitoce nose and geography of plants at the and of every chapter there are test questions for selfcontrol of know-ledges of students and also test questions.
Кириш
Бугунги кунга келиб планетамизда 1,5 миллионга яқин ҳайвон ҳамда 500 мингга яқин ўсимлик турлари борлиги аниқланган. Планетамизнинг умумий майдони эса 510 млн км2 бўлиб, шундан 149 млн км2 ни қуруқлик ва 361 млн км2 ни океан ва денгизлар ишғол этади. Ана шу қуруқликда ва сувда ўсувчи ўсимликларнинг тузилишини, уларнинг ташқи муҳит билан ўзаро муносабатларини, ўсимликларнинг ўсиш ва ривожланишда бўладиган ҳаёт жараёнлари (озиқланиш, нафас олиш, кўпайиш, транспирация, фотосинтез ва ҳоказолар)ни, уларнинг келиб чиқишини, ер юзида тарқалиш қонуниятларини ҳамда ўсимликлар дунёсини уларнинг яқин ва узоқ белгиларига асосланиб маълум бир системага солишни ва ниҳоят ўсимликлардан ҳар тарафлама фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш йўлларини ботаника фанн ўргатади.
«Ботаника» сўзи грекча «botane» сўзидан олиниб, кўкат, сабзавот деган маънони билдиради. Демак, ботаника умуман ўсимликлар тўғрисидаги фан бўлиб, биологияънинг бир қисми ҳисобланади.
Ўсимликлар ранги, тузилиши, ривожланиши ва яшовчанлигига кўра ҳар хил бўлади. Улар орасида сув ўтлари, бактериялар, замбуруғлар, уруғли ўсимликлар, жумладан, очиқ уруғли ва гулли ўсимликлар учрайди. Буларнинг кўпчилигини яшил-автотроф ўсимликлар ташкил қилади. Фақат бактериялар ҳамда замбуруғларгина гетеротроф ўсимликлар жумласига киради.
Ўсимликлар ер юзида кенг тарқалган. Уларнинг вакиллари-йўсинлар ва лишайниклар ҳатто Антарктидадаги музламаган очиқ жойларда ҳам ўсади.
Ҳозирги замон ботаника фанининг олдида турган муҳим вазифалардан бири табиий шароитда учрайдиган ўсимлик гуруҳларини чўл, дашт, ўрмон, ўтлоқ ва шу кабилар бўйича ўрганиб, улардан халқ хўжалиги манфаати йўлида кенг фойдаланишдир. Мазкур дарсликда берилган илдиз, поя ва барглар тузилиши асосан Марказий Осиёда ўсадиган, халқ хўжалигида муҳим рол уйнайдиган маҳаллий ўсимликлар мисолида баён қилинган. Дарсликдаги гулли ўсимликлар системасида классик систематика А. Энглер ҳамда А. Тахтаджяннинг замонавий системаси асос қилиб олинган.
Ўсимликлар дунёси озиқланиш ҳусусиятларига кўра юқорида айтиб ўтганимиздек икки гуруҳга: автотроф ва гетеротрофларга бўлинади.
Автотрофлар - хлорофилли яшил ўсимликлар автотроф ўсимликлар дейилади. Бу гуруҳга кирувчи ўсимликлар озиқланиш учун керакли органик моддаларни ўзлари тайёрлайди. Автотрофлар ҳам ўз навбатида учга бўлинади: яшил автотрофлар; хлорофилсиз автотрофлар; паразит ва сапрофитлар - улар эволюцион жараён натижасида хлорофилини йўқотиб паразит ҳаёт кечиришга мослашган ўсимликлардир.
Биринчи гуруҳга қуруқликда, денгиз, океанларда ҳамда чучук сувларда яшовчи барча яшил ўсимликлар; иккинчи гуруҳга кичик хлорофилсиз ўсимликлар киради. Улар олтингугурт, темир бактериялари ҳамда эркин азотни ўзлаштирувчи азот тўпловчи бактериялар бўлиб, ўзлари учун керакли органик моддаларни синтез қилади. Аммо бу жараёнда қуёш нуридан эмас, балки оксидланиш натижасида ажралиб чиқадиган кимёвий энергиядан фойдаланади. Шунинг учун бундай усулда органик моддаларнинг ҳосил бўлишини фотосинтездан фарқли улароқ хемосинтез дейилади. Бу буюк кашфиётни улуғ рус олими С. В. Виноградский (1856-1953) кашф этган. Учинчи гуруҳ ўсимликларга гулли ўсимликлардан - зарпечак (Сusсutа), шумғия (Оrаbanche), цистанхе (Cistanche) ва бошқалар киради.
Гетеротрофлар - бу гуруҳга ўсиши ва ривожланиши учун зарур органик моддаларни бошқа, яъни автотроф ўсимликларда тайёрланадиган моддалар ҳисобига яшайдиган ўсимликлар киради. Гетеротрофларнинг бир қисми тирик организм ҳисобига озиқланади ва улар паразитлар дейилади. Масалан, бундай паразитларга кишилар ва ҳайвонлар организмида, шунингдек, экинларда паразитлик қилувчи замбуруғлар ҳамда бактериялар киради. Гетеротрофларнинг яна бир қисми сапрофитлар дейилиб, фақат ўсимлик ва ҳайвон қолдиқлари ёки чириндилар ҳисобига ҳаёт кечиради. Масалан, сапрофит бактериялар ва замбуруғ (моғор замбуруғ)лар. Сапрофитлар табиатда ва кишилар ҳаётида муҳим аҳамиятга эга, чунки улар иштирокида оқсилли органик моддаларнинг чириши, яъни парчаланиб минерал моддаларга айланиши, сут кислотали, ёғ кислотали ачиш ва спиртли бижғиш жараёнлари бўлиб туради. Сапрофитларнинг бундай ҳусусиятларидан ёғ олишда қатиқ, пишлоқ, сариёғ, териларни ошлашда, силос тайёрлашларда кенг фойдаланилади.
Спиртли бижғишда қанд моддаси спирт ва карбонат ангидридга айланади, Шу сабабли бундай бижғиш нон маҳсулотлари, вино, пиво тайёрлашда қўлланилади. Шундай қилиб, сапрофит замбуруғлар ва бактериялар табиатда жуда катта фойдали иш бажарадилар.
Афтотроф ўсимликлар анорганик моддалардан органик моддаларни синтез қилсалар, гетеротроф ўсимликлар эса унинг аксини, яъни автотроф ўсимликлар томонидан тайёрланган органик моддаларни парчалаб мннерал моддаларга айлантиради. Ана шу икки гуруҳ ўсимликлар иштирокида табиатда биологик модда алмашиш жараёни бўлиб туради.
Ботаниканинг ривожланиш тарихи
Ботаника тўғрисидаги дастлабки маълумотлар эрамиздан олдинги IV асрларда пайдо бўлган.
Аристотелнинг шогирди. Теофраст ўсимликлар ҳақидаги маълумотларни тўплади ва уларнинг таснифини яратди.
Христиан динининг пайдо бўлиши билан Европада фан тараққиёти тўхтаган бир пайтда Марказий Осиёда аниқ ва табиий фанлар жадаллик билан ривожлана бошлади
Абу Райҳон Беруний (973-1051). Марказий Осиёда ботаника фанининг ривожланишига Абу Райҳон Беруний (973-1051) катта ҳисса қўшди. Унинг асарларида Марказий Осиё, Эрон, Ҳиндистон ва Афғонистонда кенг тарқалган ўсимликлар, уларнинг фойдали хислатлари ҳақида кенг маълумотлар келтирилган. Берунийнинг таъкидлашича бирорта ҳайвон ва ўсимлик тури ер юзини бутунлай қоплаб олса, бошқаларининг кўпайишига ўрин қолмайди. Шунинг учун деҳқонлар экинларни ўтоқ қиладилар, асаларилар асални бекор ейдиган ўз жинсларини ўлдирадилар дейди. Табиатда ҳам шундай жараён бўлади. Беруний қайд этишича ер юзининг ўзгариши ўсимлик ва ҳайвонлар ўзгаришига олиб келади. Беруний 1116 та дорини таърифлайди. Доривор ўсимликлар қаторига бодом, гулхайри, маврак, мингдевона, қизилмия, сачратқи, ялпиз кабиларни киритади. У Ҳиндистоннинг ўсимликларини ташқи кўриниши, уларнинг муҳит билан алоқаси ҳақида маълумотлар келтиради.
Абу Али ибн Сино (980-1037). Ботаника фанини ривожлантиришда ва жаҳон фани тараққиётига жуда катта ҳисса қўшган бу буюк олимнинг хизмати каттадир. Ибн Синонинг «Алқонуни фит тиб» (Тиббиёт қонунлари) номли беш томли асарининг лотин тилига қилинган таржимаси XV асрда 16 марта, XVI асрда 20 марта нашр этилди. Мазкур асар 5 та китобдан иборат бўлиб, унда 400 дан ортиқ доривор ўсимликлар хақида маьлумот берган. Унда одам танасидаги турли касалликлари, уларнинг келиб чиқиш сабаблари, бу касалликни даволовчи ўсимликлардан, оддий ва мураккаб дориларни тайёрлаш ва бу дориларнинг органларга кўрсатадиган таъсири ҳақида маълумотлар келтирилган. Шу билан биргаликда кўпгина ўсимликларни доривор ва заҳарли хусусиятларини ўз асарларида ёзиб ботаника фанига катта ҳисса қўшган.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1483-1530) - буюк давлат арбоби, шоир бўлибгина қолмай, шу билан бирга йирик табиатшунос олим ҳамдир. У томонидан ёзилган “Бобурнома”да Марказий Осиё, Афғонистон, Ҳиндистон каби мамлакатларининг тарихи, жўғрофияси, халқларнинг турмуш тарзи, маданияти, шунингдек ўсимликлар ва ҳайвонлар олами тўғрисида қизиқарли маълумотлар берилган. У бу мамлакатлар ўсимлик ва ҳайвонларини ўхшаш томонлари борлиги ва уларни фарқлари тўғрисида ўз кузатишлари асосида маълумотлар келтиради. Чунончи Самарқанд, Бухоро яйловларида арчалар, буталар, сарвлар, зайтунлар, чинорлар кўплигини айтади. Бу жойлардаги ҳайвонларнинг кўпчилиги Ҳиндистон ҳайвонларига ўхшашдир, дейди. У Ҳиндистондаги кўпгина ўсимликлар, ҳайвонлар эндемик эканлигини қайд этади. Бобур тўти, товуқ, лайлак, ўрдак, фил, маймун, дельфин, тимсоҳ, кийик ва бошқа ҳайвонларнинг ташқи тузилиши, ҳаёт кечириш тарзини тасвирлайди. У бир мамлакат ўсимликларини иккинчи мамлакат ҳудудларига ўтказиб боғлар ташкил қилган, яъни иқлимлаштириш билан шуғулланган. Чунончи у Қобулга шимолдан олича, Ҳиндистондан банан, шакарқамиш келтириб эктирган. Кейинчалик бу ўсимликларни Бухоро ва Бадахшонга ҳам юборган. Бобур ҳайвонот дунёсини 4 гуруҳга: қуруқлик ҳайвонлари, паррандалар, сув ва сув яқинларида яшайдиган қушлар ва сув ҳайвонларига бўлган.
Джон Рей (1587-1657). Инглиз ботаниги биринчи марта ўсимликлар оламини спорали (яширин никоҳли) ва гулли (очиқ никоҳли) ўсимликларга бўлиб, гуллиларни ўз навбатида бир паллалилар ва икки паллалиларга ажратди. Сўнг уларни 33 синфга бўлди. Ўсимликлар систематикасига биринчи бўлиб, «тур» терминини киритди, экиш, ўстириш натижасида турни ўзгартириш мумкинлиги тўғрисида фикр юритди.
Карл Линней (1707-1778). Ботаникани ривожлантиришда швед олими Карл Линнейнинг хизмати катта. У ўсимликларни тасвир этиш техникасини систематикага бинар номенклатура, яъни ўсимликларнинг илмий номларини икки сўз билан аташни; мавжуд ўсимликларни маълум системага солиб, уларнинг Сунъий системасини яратишдек буюк ишлар қилди. Линней системаси чангчиларнинг сонига, уларнинг гулда қандай жойлашганлигига асосланган. Шу белгиларга қараб у ўсимликлар оламини 24 синфга, синфларни ўз навбатида қабила, туркум ва турларга бўлди. Линней системаси сунъий системадир. У турлар ўзгармайди деган нуқтаи назар билан иш олиб борган.
Андреа Незальцин (1510-1603). Ўсимликлар оламини аввало 2 бўлимга: ёғочли ўсимликларга (дарахт, бута) ҳамда чала бута ва ўт ўсимликларга бўлди. Уларни ўз навбатида 15 синфга ажратди. Синфларга бўлганда гул, мева, уя ва ундаги уруғларнинг сонини ҳамда муртак тузилишини асос қилиб олади ва 15 синфга йўсинлар, қирққулоқ, қирқбўғим ва замбуруғларни киритади.
Антуан Де Жюссье (1748-1835).Табиий система тузишни дастлаб француз олимларидан Антуан Де Жюссье бошлаб берди. У ўз системасини тузишда ўсимликларнинг бир қанча белгиларига асосланди. 1779 йилда «Табиий оилалар бўйича жойлашган ўсимлик туркумлари» деган асарида ўсимликларни, уларда уруғ баргларининг бўлиши ва бўлмаслигига қараб уч катта бўлимга ажратди:
1. Уруғ палласизлар (барча тубан ўсимликлар, йўсинтоифалар, қирққулоқтоифалар). 2. Бир уруғ палласизлар. 3. Икки уруғ палласизлар.
Икки уруғ палласизларнини ўз навбатида тожбаргсиз, бир тожбаргли ва кўп тожбарглиларга бўлди. Бундан ташқари Де Жюссье систематикага оила терминини киритди. У ўсимликларни 100 та оилага бўлиб, уларнинг ҳар қайсисини биринчи марта тўла тасвирлади.
Ф.Горяънинов (1796-1865). ҳужайра тўғрисидаги таълимотнинг асосчиларидан биридир.
В. И. Максимович (1827-1891). Рус ботаник флористларидан В. И. Максимович «Ўсимликлар оламининг системаси» деган китобда Де Жюссье системасини танқид қилиб, у кўпинча табиий системадан кўра сунъий системага яқинроқ деб қаради.
Огюстен Пирам Де Кандол (1813). Женева ботаниги, ўсимликлар оламини вегетатив органларига қараб икки катта бўлимга: найчали ва найчасиз ўсимликларга бўлди. Найчали ўсимликларни эса бир паллали ва икки паллали синфларга ажратди. Найчасизларга фақат ҳужайрадан иборат бўлган ўсимликларни киритиб, уларни ҳам икки синфга: барглилар (йўсинлар) ва баргсизлар (лишайниклар, замбуруғлар ва сувўтлар) га бўлди. Де Кандол ўз асарини 1824 йилда нашр эттиришни бошлади. Унинг китоблари 17 томдан иборат бўлиб, 194 оилани ўз ичига олади.
Жан Батист Ламарк (1744-1829). Ботаника фанининг тараққиётида машҳур табиатшунос ва эволюцион таълимотга биринчи бўлиб асос солган француз олими Жан Батист Ламарк ҳам катта роль ўйнади. У 1778 йилда «Франция флораси» деган уч томли, 1809 йилда эса «Зоология фалсафаси» деб номланган китобни нашр эттирди. Ламарк ўз таълимотида табиий шароитнинг ўзгариши ўсимлик ва ҳайвон организмини ўзгартиради, ташқи муҳитнинг таъсири натижасида ҳосил бўлган бу ўзгариш аломатлари наслдан-наслга ўтади деб ҳисоблади ва буни фактлар билан исботлади.
Инглиз олими Чарльз Дарвиннинг (1809-1882) «Табиий танланиш йўли билан турларнинг пайдо бўлиши» (1859) деган машҳур асарининг босилиб чиқиши биология фанида катта воқеа бўлди. Дарвин назариясининг асосий ғояси-табиий танланиш ва Сунъий танлаш ҳақидаги таълимотдир.
XVIII ва XIX асрларда ўсимликлар вегетатив органларининг метаморфози тўғрисидаги таълимот юзага келди. Бу таълимотнинг асосчилари немис шоири ва олимларидан Гёте, К Ф. Вольф ва О. П. Декандоллардир. Улар ўз таълимотлари билан ўсимликлар морфологиясига асос солдилар.
А. Н. Бекетов (1825-1903) Петербург университетининг профессори. Ботаникадан бир неча қўлланмалар ёзиб Ч. Дарвиннинг эволюцион таълимотини ривожлантиришда катта ҳисса қўшган олимлардан ҳисобланади.
К. А. Тимирязев ўсимликларда бўладиган фотосинтезни батафсил ўрганиб бу соҳада классик асарлар ёзиб қолдирди. У кенг доирали мутахассис бўлиб, дарвинизмнинг Россиядаги актив тарғиботчиси эди.
И. Н.Горожанкин Москва давлат университетининг профессори. ўсимликлар морфологияси соҳасида чуқур из қолдирувчи асарлар яратди. У икки ҳужайрани бирлаштириб турувчи плазмодесмаларни ҳамда гулли ўсимликларни спермий чанг найчасидан чиқиб тухум ҳужайрани уруғлантириш ҳолатини биринчи бўлиб асослаб берди.
М. И. Голенкин (1864-1941) ботаника соҳасидаги йирик назариётчи олим. Унинг фикрича бўр даврига келиб ёпиқ уруғли ўсимликларнинг ер юзига кенг тарқалишининг асосий сабаби бу шу даврга келиб қуёш нурининг ер юзига кўпроқ тушиши натижасида ер юзи иқлимининг қурғоқчилик томонга ўзгаришидир.
С. Г. Новашин (1857-1930).Киев Давлат университетининг профессори биринчи бўлиб, 1898 йилда гулли ўсимликларда бўладиган қўш уруғланиш ҳодисасини кашф этди.
В. Н. Сукачев ва В. В. Алехинлар Ленинград ва Москва геоботаника мактабларининг асосчилари. Ҳамдўстлик мамлакатларининг ўсимлик зоналарини ўрганиб, шулар асосида геоботаника фанининг назарий асосларини ривожлантиришга катта ҳисса қўшдилар.
Н. И. Вавилов Машҳур олим маданий ўсимликларнинг келиб чиқиш марказлари тўғрисидаги ажойиб назарияни яратди. Ирсий ўзгарувчанликдаги гомологик қаторлар қонунини ҳам Н. И. Вавилов асослаб берди.
Ўзбекистон ўсимликлар дунёсининг пайдо бўлиши, флористик таркиби ривожланиши ва ҳозирги ҳолати ҳамда улардан оқилона фойдаланиш йўллари бобоколонларимиз А.Р.Беруний, Абу Али Ибн Сино, З.М.Бобур каби илмий соҳанинг алломалари билан бир қаторда республикамизда фаолият кўрсатган ва ижод қилаётган А.И.Введенский, Э.П.Коровин, М.П.Папов, К.З.Зокиров, А.М.Музаффаров, И.И.Гранитов, Е.И.Проскоряков, Ж.К.Саидов, А.А.Абдуллаев, Н.А.Амирханов, О.А.Ашурматов, И.В.Белолипов, А.Я.Бутков, В.А.Буригин, А.А.Бутник, Л.С.Гаевская, М.М.Набиев, В.И.Пченицин, М.И.Икрамов, У.И.Пратов, Ф.Н.Русанов, В.А.Руме, С.С.Саҳобиддинов, Ж.Ю.Турсунов, У.Х.Хасанов, Р.Х.Худойбердиев, З.Ш.Шамсиддинов, А.Э.Эргашев, каби олимларнинг илмий асарларида ўз аксини топган.
Ботаника фани ва унинг асосий тармоқлари
Юқорида айтилганидек, ботаника умумий биологияънинг ажралмас қисми бўлиб, у фақат қуруқликда яшовчи ўсимликларнигина эмас, балки денгиз ва океанларда ҳамда атмосфера таркибида учрайдиган ўсимликларни ҳам ўрганади.
Ҳозирги вақтда ўсимликлар дунёсини ўрганувчи ботаника фани бир-бири билан узвий боғлиқ бўлган қуйидаги бўлимларни ўз ичига олади.
Ўсимликлар морфологияси - бу ботаниканинг энг катта ва даставвал шаклланган бўлими бўлиб, ўсимлик органларини, уларнинг турли-туманлигини ҳамда ҳосил бўлиш қонуниятларини тушунтиради. Морфологияънинг асосий вазифаси ўсимлик органлари ташқи тузилишини ва метаморфоз (шакли ўзгарган органлари)ни ўрганишдир. У ўсимликларнинг келиб чиқиш тарихини асослаб берувчи ботаниканинг муҳим бўлими.
Ўсимликлар анатомияси - ўсимликни ички тузилишини, тўқималарини ўрганувчи фандир. Бу фан тўқималарни ҳосил бўлиш ва ривожланиш қонуниятларини ўрганади. Анатомияънинг кичик ва ажралмас қисмларидан бири цитологиядир. У ҳужайра ҳақидаги фан ҳисобланади.
Ўсимликлар физиологияси - ўсимликлар организмида бўлиб турадиган ҳаётий жараёнларни, метаболизм қонуниятларини (ўсимликлар организмидаги модда алмашиниш жараёнини), яъни ўсимликларнинг озиқланиши, ўсиш ва ривожланиши, ҳаракати ҳамда таъсирчанлигини ўрганади. Ўсимликлар физиологияси анатомия фани билан узвий боғлиқдир. Ўсимликлар физиологияси К. А. Тимирязев сўзи билан айтганда, агрохимия билан биргаликда деҳқончилик фанининг асосини ташкил этди.
Биохимия-ўсимликлар физиологиясининг ажралмас бир қисмидир. Бу фан ҳаётий ҳодисалар негизида ётган кимёвий жараёнларни ўрганади.
Эмбриология - жинссиз ва жинсий органларнинг ҳосил бўлиш қонуниятларини, уруғланиш ҳамда муртак ва уруғнинг етилиши, тузилишини ўрганади.
Экология- маълумки, ўсимликлар ҳаёти ташқи муҳит билан узвий боғланган. Ўсимликларнинг ҳаёти учун иқлим, тупроқ ва биотик омиллар жуда зарур, бироқ айни пайтда, ўсимликлар ҳам ўз навбатида ташқи муҳитга бевосита таъсир этади. Ўсимликлар тупроқ ҳосил қилишда иштирок этади, шунингдек, иқлимга таъсир этиб уни ўзгартиради. Демак, экология фани ўсимликларнинг ташқи муҳитга мослашиш қонуниятларини, ёруғлик, иссиқлик, сув, минерал моддалар ва бошқа ташқи муҳит омиллари таъсирида ўсимликларни морфологик ҳамда анатомик тузилишининг моҳиятини ўрганади.
Ўсимликлар систематикаси - морфология билан узвий боғланган бўлиб, унинг асосида морфологик белгилар ётади. Систематиканинг бир-бири билан узвий боғланган иккита флористик ва филогенетик вазифаси мавжуд бўлиб, флористик вазифа, турлар ва ундан катта бўлган бошқа таксономик бирликлар тўгрисида кўпроқ маълумот тўплаб, уларни бир-бири билан яқин (ўхшаш) лик белгиларига асосланган ҳолда маълум бир систематик категориялар (тур, туркум, оила, қабила, синф, бўлимлар) га жойлаштирилади.
Филогенетик вазифада ўсимликларнинг комплекс белгилари морфологик, биохимик, палеонтологик, физиологик, эмбриологик, иммунитет, гибридологик ва шу кабилар) га асосланган ҳолда улар шундай бир системага жойлаштириладики, бу система ўсимликлар дунёсининг келиб чиқиш тарихини, уларнинг филогениясини акс эттира олиши керак.
Демак, филогения ўсимликларнинг эволюциясини туркумдан тортиб энг катта систематик бирликларгача бўлган ўхшашлик муносабатларини ўрганади. Шу сабабли у икки қисмга: мегафилогения ва мезофилогенияга бўлинади. Биринчиси, ўсимликларнинг бўлим ва қабилага доир ўхшашлик муносабатларини, иккинчиси эса уларнинг оила ва туркумга тааллуқли белгиларини ўрганади.
Тур ичидаги ўзгаришларни, кенжа тур ва турларни ҳосил бўлишини ўргатувчи филогенияънинг бир бўлаги микрофилогения дейилади. Систематиканинг бу бўлагини Н. И. Вавилов асослаган ва уни дифференциал систематика деб атаган эди. Ҳозирги вақтда эса бу биосистематика дейилади.
Геоботаника - фитоценоз ёки ўсимлик гуруҳлари тўғрисидаги фан бўлиб, унда фитоценознинг тузилиши, тараққиёти, тарқалиш қонуниятлари ва ундан фойдаланиш йўлларини ўргатувчи билимлар жамланган.
Фитоценология - эндиликда яйловчилик ҳамда ўрмончилик фанларининг назарий негизини ташкил этиб, ўсимликлар географияси, ер юзида тарқалиш ва тақсимланиш қонуниятларини, ўсимликлар ценозининг ҳам қуруқликдаги ҳам сувдаги ҳозирги ҳаётини, шунингдек, уларнинг келиб чиқиш тарихини ўрганади.
Палеоботаника - ўтган геологик даврларда яшаган, ҳозирда фақат қазилма ҳолда мавжуд ўсимликларнинг тузилиши, систематикаси, географияси ва ҳаётини ўргатадиган фандир.
Юқорида кўрсатилган ботаника фанларидан ташқари, ўсимликларни комплекс ўрганадиган яна бир қанча хусусий фанлар ҳам бор. Масалан, бактерияларни ўргатадиган бактериология, сув ўтларига бағишланган алгология, замбуруғлар ҳақидаги микология шулар жумласига киради. Дарахт ва буталар тўғрисидаги билимлар эса ботаниканинг бир бўлаги дендрология фанида мужассамлашган.
Достарыңызбен бөлісу: |