Қодир Тўраев
Муҳайё Зокирова
ҚИЗИҚАРЛИ БИЛИМЛАР ОЛАМИДА
Қодир Тўраев
Муҳайё Зокирова
Қизиқарли билимлар оламида
Тошкент 2010 йил
Профессор Олимжон Дўсматов тахрири остида.
Тақризчи: Раҳматилла Бекмирзаев.
Физика-математика фанлари доктори, профессор.
Қодир Тўраев Муҳайё Зокирова Аниқ фанлардан қўшимча адабиёт сифатида тавсия этилган.
Мазкур ўқув қўлланмадан академик лицей, коллеж умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ва абитуриентлари, олий ўқув юртлари талабалари ҳамда табиий фанлардан билимини чуқурлаштиришни хоҳловчилар фойдаланишлари мумкин.
Ушбу қўлланмада табиат қонунлари, ҳодисалари ва тушунчаларининг моҳиятини очиб беришга ҳаракат қилинган.
I-БЎЛИМ
СЎЗ БОШИ
Атрофимизни ажойиб ва ранг – баранг муҳит қуршаб олган. Бу шундай муҳитки, унда бизга маълум бўлган ҳодисалар ўз сирини пинҳон тутган номаълум ҳодисалар билан бизга таниш, ўрганилган жараён қандайдир нотаниш, ҳали ўрганиб улгурилмаган жараёнлар билан ёнма – ён одимлайди.
Ҳаётимизнинг ҳар бир куни, агар у беҳуда ўтмаган бўлса, бизни янги – янги билимлар билан ва демакки, янгидан янги кашфиётлар билан бойитади. Бугун сиз янги физика қонунини ўргандингиз, эртасига эса ўқитувчингиздан яна бир янги геометрик теориманинг изчил ва мантиқий исботини эшитдингиз ёки бир кимёвий элимент билан танишдингиз.
Буларнинг ҳаммаси сиз учун шубҳасиз қизиқарли ва ажабланарли бўлади.
Мана, столингиз устида бир китоб турибди. Уни ким ёзган? Александр Пушкинми? Балки, Алишер Навоийдир!? Тарас Шевченко, Мирзо Бобур, Лев Толстой, Чингиз Айтматов, Тоҳир Малик, Абдулла Қодирий, Ғафур Ғулом, Ойбек, Ҳ. Олимжон, Уйғун ёки Чўлпонми? Хуллас , уни ким ёзганидан қаътий назар, ундан сиз албатта қандайдир янгилик, қандайдир бир оқилона фикр топасиз ва у кўп йиллар мобайнида ёдингизда сақланиб қолади.
Кишини ўзига мафтун этувчи куй-қўшиқ, оҳанграбо мусиқа-чи? Раққосанинг нафис ҳаракатлари-чи? Рассомнинг мўжизакор мўйқалами билан чизилган сурат ёки монементал ноёб скульптура асарлари-чи? Буларни ҳам эшитган ёки томоша қилган киши ҳар сафар қандайдир бир туйғуни, илгари сезмаган қандайдир бир гўзалликни туймайдими ахир!?
Ажойиб ҳодисалар завод ва фабрикада, далада, ўрмон ва денгизларда, ... , хуллас, ҳар қадамда учрайди. Фақат атрофни кузата билиш, янгиликни кўра олиш, тинглаш ва эшитиш, билмаган нарсани сўраш ва англаб олиш керак ҳолос ...
Биз сиз ўқувчиларни, талабаларни қизиқ ва ажойиб тасодифларга тўла олам билан саёҳатга олиб чиқмоқчимиз. Бу оламни инсоннинг қудратли ақл – идроки, моҳир ва меҳнатсевар қўл яратади. Балки баъзиларингиз бу тўғрида олам, табиат, дунё мўъжизаларини эшитгандирсиз, баъзиларингиз ҳатто, унинг баъзи тор кўчаларига кириб чиққандирсиз ҳам. Шундай бўлсада, бу китоб барчангиз учун қизиқарли ва ибратли бўлгай деб умид қиламиз. Аммо китобни ўқишдан олдин диққат – эътибор ва синчковлик машъалини олишни унутманг.
Китоб – вақтингизни чоғ, дилингизни ҳушнуд этиб, кайфиятингизни оширади деган умидимиз бор.
Энди дўстлар, китобни ҳар бир бетини варақлаганингизда сиз ўзингиз учун керакли маълумотларни олишингизга албатта ишонамиз.
“Илм ҳамма нарсанинг устидан ҳукмронлик қилади”
Бир куни Хоразмшоҳ отда ўтирган ҳолда бир неча коса шароб ичди ва мени ўз ҳузурига келтирибшни буюрди, - деб ёзади Беруний.
- Мен бир оз кечиқиб қолдим, Хоразмшоҳ мени кўриб отини мен томонга қараб ҳайдай бошлади ва олдимда тўхтагач, отдан тушмоқчи бўлди. Аммо мен ерга тиз чўкиб бундай қилмослигини ёлвориб сўрадим. Маъмун бунга жавобан қуйидаги арабча байтни ўқиди:
“Илм ҳамма хил ҳукмронликлардан ҳам ортиқдир
Ва бутун кишилар ўзлари унинг олдига борадилар.
Унинг ўзи эса ҳеч кимнинг олдига келмайди”.
Хоразмшоҳнинг бу хил ҳаракати ва сўзлари менда унга нисбатан ҳурмат ва ташаккур ҳиссини қўзғотган бўлса ҳам, унинг араб тилида айтган мана шу сўзларидан жуда уялиб кетган эдим: “Агар бу расмий одатлар бўлмаганда эди, мен ҳар ҳолда, олдин сени ҳузуримга чақирмасдим, ўзим сени олдингга борар эдим, чунки илм ҳамма нарсанинг устидан ҳукмронлик қилиб келган ва қилади, дунёда ҳеч нарса ундан юқори бўла олмайди”.
БУЮК ОЛИМЛАР ҲАЁТИ
1880 йили Россия ҳарбий денгиз флоти министрлиги Д.И. Менделеевга Францияда ишлаб чиқарилаётган тутунсиз портловчи модда – порохнинг таркибини аниқлаб бериш вазифасини топширди. Тезда у ерга етиб борган Менделеевдан порохни кашф қилган француз химик олим М. Бертло унинг сирини яширди. Бертло рус олимига порох ишлаб чиқарилаётган заводни кўрсатишга кўрсатади-ю, аммо ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган маълумотларни ёзиб олишга ва у ердан ҳеч бир нарсани олиб чиқишга рухсат этмайди.
Шунга қарамасдан, ўткир зеҳнли, топқир Менделеев порох ишлаб чиқариш сирини мана бундай қилиб очиб беради: у темир йўл орқали заводга ташиб келтириблаётган химиявий моддалар ва заводдан чиқариб ташланаётган чиқиндилар ҳақидаги маълумотларни ўрганиб чиқди. Сўнгра эса улар орасидаги миқдорий тенгликни ҳисоблаб чиқиш олимдан кўп меҳнат талаб қилмайди. Кейинчалик бу ҳақда у Бертлога сўзлаб берганида, у ўзини қўярга жой топа олмай, олимнинг топқирлигига тасаннолар айтган эди.
Машҳур даниялик физик олим, Нобель мукофоти лауреати Нильс Бор иккинчи жаҳон уриши вақтида гитлерчи босқинчилар томонидан таъқиб остига олинди. Шу сабабдан у ўзини фашистлар зулмидан сақлаб қолиш мақсадида 1943 йили Копенгаген шаҳрини ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлди. Лекин Нобель олтин медалини ўзи билан олиб кетишни маъқул кўрмайди ва уни “шоҳ суви”да (яъни концентрланган кислоталар-нейтрат кислота HNO3 (1 ҳажм) ва хлорид кислота HCL (3 ҳажм) аралашмаси. Кучли оксидловчи; бу кислоталар ҳеч бирида ҳам эримайдиган олтин ва платинани шоҳ сувда, ёки КСN да эрийди) эритди-да, эритма солинган шиша идишини ўз лабораториясидаги бошқа эритмалар қаторига қўшиб кетаверди. Уруш тугаганидан сўнг ўз ватанига қайтган Нильс Бор ўша эритмадан олтинни химиявий усул билан ажратиб олди ва Нобель олтин медалини янгидан қуйиб беришга буюртма берган эди.
Польшалик профессор Казимир Яблочинский институтда ўзи бошчилик қилаётган химия тўгарагига талабаларни қабул қилиш маросимини мана бундай ўтказарди. Талаба Тредвеллнинг кислота ва ишқор томчилари ўйиб юборган жуда эски дарслигига қўлини қўйиб, қуйидаги сўзларни айтиш керак эди:
-
Гелий элементи каби мағрур бўлишга, кальций хлориднинг сувни ютиши каби илмга чанқоқ бўлишга, водородни ажралиб чиқиши вақтидаги активликдек, ҳар доим актив бўлишга... қасамёд қиламан!
Буюк физик Фарадейдан фанда шунчалик муваффақиятга эришганлигингизни боиси нимада, деб сўрашганида, у:
-
Мен бошлаган ҳар қандай ишимни охирига етказаман, - деб жавоб берган.
Ўрта асрнинг буюк энциклопедист олими ўз замонасининг ҳамма фанларни жумладан, астраномия, физика, математика ва бошқа фанларни чуқур билган Умар Хайём беш йил Исфахон расадхонасида ишлаб шу расадхонага раҳбарлик қилди, у 1079 йили Солжух султони топшириғига биноан янги календар Эрон Қуёши тақвимини ислоҳ қилиб, янги тақвимни таклиф қилди. Умар Хайём тақвимидан 500 йил кейин Европа Григорий тақвими юзага келган.
Умар Хайём яратган тақвими ҳаётга жорий қилинмай қолиб кетди. Григорий тақвимининг хатоси йиғилиб бир суткага етиш учун 2200 йил керак бўлса, Умар Хайём тақвимида бу хато 4500 йил ўтгандан сўнггина юзага келади. Биз ишлаётган Григорий тақвимининг хатоси бир кунга етиш учун 3300 йил (Умар Хайём тақвимидан 1200 йил кам вақт) керак бўлади. Умар Хайём тақвими Григорий тақвимига нисбатан аниқроқ эди.
ШАРҚ ХАЛҚЛАРИ КАЛЕНДАРИ
ШАРҚ ХАЛҚЛАРИ йил ҳисоби жуда кўҳна замонларда шакиланиб, ижтимоий ва маданий-иқтисодий хаёт билан чамбарчас боғлик бўлган. Жумладан, Хитойда ҳам бошқа қадимий цивилизациялар сингари йил ҳисобининг юзага келиши аҳолининг дехқончиликка бўлган зарурати билан узвий боғлиқ бўлиб, бу ҳол «вақт» ва «йил» иероглифларида айниқса яққол акс этади. Ҳозирги хитой тилида қўлланилиб келаётган қадимий иероглиф - «вақтининг график тасвирида сахий офтоб нурлари таъсирида униб чиқаётган дон акс этган. Кейинги иероглиф - «йил»да буғдой бошоқларини ортмоқлаб кетаётган одам тасвирланган. Кўриниб турибдики, қадимий хитойликлар учун йил ва ҳосил, йил цикли ва дехқончилик цикли бир хил тушунча касб этган.
Хитой календарининг ўзига хос хусусияти Ой билан Қуёш ҳаракати қонуниятларига асосланганликда яққол кўринади. Бу мамлакатнинг қадимги астрономлари Ойнинг Қуёш ва юлдузлар ҳолатига қараб қандай ҳаракат қилишини жуда аниқ белгилай олишган. Хитойликлар ҳаёти ва маданиятининг турли жиҳатлари ҳам ушбу календарнинг шаклланишига катта таъсир кўрсатган.
Хитойда Ой фазаларининг алмашинуви вақтнинг асосий ўлчов бирлиги сифатида қабул қилинади. Йил - ўн икки ойдан ташкил топади, бироқ бу бизнинг ҳозирги Григорий календаридан фарқланади. Чунки ҳар бир ой ўрта ҳисобда 29,53 суткага тенг бўлиб, бундай Ой йилида 29 кунлик «кичик» ҳамда 30 кунлик «катта» ойлар кетма-кет келган. Шунингдек, бу мамлакатда Қуёш календаридан ҳам фойдаланилган.
Қишки ва ёзги қуёш тикка келадиган кунлар хитойликларга жуда қадимдан маълум бўлган. Улар ушбу санага асосланиб, экин-тикин ишларини қай пайтда амалга ошириш зарурлигини белгилашган.
Қуёшнинг йиллик ҳаракати, шунингдек ўн икки бурж туркуми ҳам уларга қадимда маълум эди. Ўн икки бурж туркумига асосланиб Осиёда 12 йиллик цикл - ҳайвонлар номи билан аталувчи хитойча мучал тузилади. Мучалдаги қадимий шарқ халқлари маданияти, урф-одатлари, фикрлаш тарзига хос хусусиятлар этнографик материал сифатида киши диққатини ўзига жалб этади.
Милоддан аввалги I минг йилликда Хитойда 13 ойдан иборат бўлган 354,36 суткали Ой йили ҳам амалда бўлган. Кейинроқ Метон цикли деб номланувчи ва 235 ой йили ҳисобидаги ойлар (125 «катта» ва 110 «кичик» ой), яъни 19 Қуёш йилига тенг бўлган циклдан ҳам фойдаланилган.
Бу мамлакатда сутка тушунчаси «қуёш» иероглифи билан ифодаланади. Афтидан, қадимги хитойликларнинг календарь куни эрталабки вақтдан бошланган. Кейинчалик суткалар ўртасидаги чегара ярим кеча деб белгиланган.
1911 йилда Хитойда монархия ағдарилгандан сўнг Григорий календари бўйича европача йил ҳисоби қабул қилинди. Шунга қарамай, хитойликлар Ой йилининг асосий байрамларини ўз ичига олган эски календардаги аньаналарини сақлаб қолишди.
Кўҳна Хитой календари қўшни мамлакатларга ҳам ўз таьсирини ўтказмай қолмаган. Шу боис япон, монгол ва тибет анъанавий календари билан хитой календари ўртасида анчагина умумий жихатлар мавжуд. Бироқ бу халқлар календарида миллий ва маданий ўзига хослик яққол сезилади. Жумладан, аньанавий япон календарида ҳам хитойликлардан ўзлаштирилган Ой ва Қуёш йили ҳисоби мавжуд бўлса-да, улар мазмун жиҳатидан фарқланади. Япон маданиятига хос бўлган атроф-борлиқ гўзаллигини нозиқ ҳис қилиш хусусияти бу халқнинг илк ўрта аср фольклори ва шеъриятида мужассамлашган бўлиб, мазкур хусусият ўзига хос поэтик календарни юзага келтирди. Бу ҳол ҳар бир йил фаслига хос сифатлар мажмуасида яққол кўринади. Масалан, халқ мулкига айланган шеърларда заранг дарахтининг алвон япроқлари, оҳу, ойдин кеча, кечки шолипоя ҳақида гап борса, куз фасли, какку, майсалар тилга олинса, ёз кўзда тўтилган бўлади.
Шуниси қизиқки, японларда йилнинг ўн икки ойининг ҳар бири асосий номидан ташқари бошқа қўшимча номларга ҳам эга. Масалан, 1-ой - «дўстлик ойи»; 2-ой - «кийимларни янгилаш ойи», яна бир номи: «баҳорнинг ўрталари; 3-ой - «униб чиқиш ойи» ва ҳоказо. Бундай қўшимча ой номларида асосан кишиларнинг деҳқончиликдаги ташвишлари, табиат ҳодисаларидан олган таассуротлари ва анъанавий байрамлар ўз аксини топган.
Монголларнинг анъанавий календари ҳам хитойликларникига жуда ўхшаш. Фақат, уларда биргина йиллар эмас, ойлар, ҳатто 24 соатли сутканинг ҳар икки соати ҳам мучалдаги 12 ҳайвон номи билан аталади: 0=4 -хўкиз, 4=6 - йўлбарс, 6=8— қуён, 8=10—аждарҳо, 10=12—илон, 12=14—от, 14=16—қўй, 16=18— маймун, 18=20—товуқ, 20=22—ит, 22=24— тўнгиз соати ҳисобланади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, тибетликлар календари кам ўрганилган. Мамлакатдаги мавжуд йил ҳисоби хитой календари таъсиридан ҳоли бўлмаса-да, уни ўрганишда баъзи қийинчиликлар туғилади. Бунинг сабаби янги йил календарини эски йилнинг охирида мунажжим — астрологлар томонидан тузиб чиқилишидадир. Тибетликлар келгуси йил учун янги календарь эълон қилинмагунча қандай календарь асосида яшашларини билишмайди. Чунки астрологлар янги календарьнинг хурофий қарашлар билан боғлиқ бўлган «номувофиқ» жойларини бемалол ўзгартиришлари мумкин. Масалан, кеча ойнинг биринчи куни бўлган, бугун эса учинчи кун деб юритилади, чунки иккинчи кун — «номувофиқ» кун ҳисобланади. Ой кунлари ҳисобида хатолик содир бўлиб, «ортикча» кунлар йиғилиб қолса, ойнинг охирида кунлардан бирортаси икки марта келади. Масалан, бугун ойнинг йигирма тўққизинчи куни, эртага ҳам йигирма тўққизинчи кун деб белгиланади. Бир қараганда кулгили туюлувчи бундай ўзига хослик мазкур мамлакатнинг қадимий маданияти, ижтимоий-маънавий ҳаёти билан чамбарчас боғлиқдир.
ҚИСҚАСИ, ушбу календарларда Шарқ халқларининг ўтмиши, урф-одатлари, маданияти ва фалсафий дунёқараши маълум маънода ўз аксини топган.
АЛЕКСАНДР МАКЕДОНСКИЙНИНГ ШОҲИ БЎЛГАНМИ?
БОЛҚОН ярим оролида жойлашган Македония давлатининг подшоси Филипп II (милоддан аввалги 359 — 336 йиллар) бутун Юнонистонни ўз ҳукмига бўйсундиргандан кейин қудратли Эрон давлатига қарши урушга тайёрлана бошлади. Лекин шу вақтда у фитначилар томонидан ўлдирилади. Натижада Македония тахтини унинг йигирма яшар ўғли Александр эгаллайди.
Шарқда Искандар Зулқарнайн номи билан машқур бўлган Александр Македонский (македониялик Александр) отаси раҳбарлигида ҳарбий маҳоратни, устози Аристотель (Шарқда Арасту номи билан машҳур)дан эса ўз замонасидаги илғор илм-фан сирларини пухта эгаллайди.
Милоддан аввалги 334 йили Александр Македонский отаси бошлаган ишни давом эттириб, Эронга юриш қилади. У лашкари билан Дарданель бўғозидан ўтиб, Гранике дарёси бўйида Эрон қўшинларининг зарбдор қисмини тор-мор келтиради.
Бу ғалабадан кейин Александр ўз армиясини Кичик Осиёнинг ғарбий қирғоғи бўйлаб юришга бошлади. Бу ердаги илгари форслар томонидан босиб олинган юнон шаҳар-давлатлари ғолиблар томонига ўтди.
Милоддан аввалги 333 йили Александр лашкари Пинар дарёси бўйида, Исса шаҳрига яқин жойда Эрон шоҳи Доро III нинг асосий қўшинларини қириб ташлайди. Мағлуб бўлган шоҳ ўз яқинларини ташлаб жанг майдонидан шармандаларча қочиб қолади. Шундай қилиб, Александр Кичик Осиёни батамом эгаллайди. Милоддан аввалги 332 йили унинг қўшинлари Мисрга киради. Форслар зулмидан азоб чеккан Миср аҳолиси Александрни ўз халоскори сифатида кутиб олади. Миср коҳинлари уни Қуёш худосининг ўғли ва Осиё ҳукмдори деб эълон қилишади.
Шундан кейин, Александр қўшинлари Ўрта денгизнинг шарқий қирғоғида жойлашган барча мамлакатларни эгаллаб, Дажла ва Фрот дарёларини кечиб ўтади ва форс давлатининг марказига яқинлашади.
Александр Македонский милоддан аввалги 330 йили Эроннинг марказий қисмини фатҳ этиб, ўзини Эрон подшоси деб эълон қилади. Шу билан у қудратли форс империясининг асосий вилоятларини ўз давлатига қўшиб олади.
Милоддан аввалги 329 йили Александр қўшинлари Бақтрия ва Суғдиёнага (ҳозирги Афғонистон ва Ўрта Осиё территорияси) бостириб киради ва Мароқандад (ҳозирги Самарқанд) шаҳрини эгаллаб Сирдарё бўйларига чиқади.
Бироқ ғолибларнинг орқа томонида Спитамен исмли халқ қаҳрамони бошлиқ ерлик аҳоли фотиҳларга қарши қўзғолон кўтаради. Чопарлар Мароқанддаги гарнизонни Спитамен қамал қилгани ҳақида хабар келтирадилар. Ҳарбий вазият тобора мураккаблашиб боради.
Бу вақтда Бақтрия скифлари ҳам фотиҳларга тез-тез ҳужум қилиб турарди. Фақат 327 йилга келиб Александр ўз атрофига Бақтрия лашкарбошиларини яқинлаштиргач ва ҳатто улардан бирининг қизига уйлангач, Бақтрия ва Суғдиёна аҳолисини ўз ҳукмига тобе қилишга муваффақ бўлади.
Шу тарзда, Ўрта Осиёда ўз ҳукмронлигини мустаҳкамлаб олгач, Александр жуда катта қўшин билан Ҳиндикуш тоғларидан ошиб, Ҳиндистонга юриш бошлайди. Милоддан аввалги 326 йили Александр лашкари Ҳинд дарёсидан кечиб ўтиб, ҳинд қўшинлари билан бўлган қаттиқ жангларда ғалабага эришади.
У яна янги урушларга тайёргарлик кўраётганда безгак касаллиги билан оғриб, милоддан аввалги 323 йил 13 июнда 33 ёшида вафот этади.
Александр Македонский Дунай дарёсидан Ҳинд дарёсигача чўзилган жуда катта территорияни забт этди, Бу — қадим дунёдаги энг катта давлат эди. Аммо ички бирлик бўлмагани учун Александр Македонский вафотидан сўнг, кўп ўтмай, бу улкан империя парчаланиб, бир қанча майда давлатларга бўлиниб кетади.
Фридрих Энгельс Александр Македонскийни барча давр лашкарбошилари орасида энг моҳири деб атаганди.
XVI асрда ўтган француз мутафаккири Мишель Монтень ўзининг «Тажрибалар» деган китобида Александр Македонский тўғрисида шундай ёзади: «Унинг кишини ҳайратга соладиган ҳарбий талантини, тезкорлигини, эҳтиёткорлигини, батартиблигини, зийраклигини, дадиллигини тан олмаслик мумкин эмас...
Александр Македонскийнинг жасоратлари ҳақида тарихнавислар у ёқда турсин, ҳатто ҳукмдорларнинг ўзлари талай китоблар ёзиб қолдирган.
Александр Македонский атрофидаги хушомадгўйлар уни Юпитер ўғли деб кўкларга кўтаришмоқчи бўлишарди. Жанглардан бирида оғир ярадор бўлган Александр, ярасидан оқаётган қонни кўриб: хўш, энди нима дейсизлар, ахир бу айнан одамзод қонига ўхшаган қизил қон эмасми?...— деб хитоб қилади...».
«Искандар» «Александр»нинг шарқча талаффузи эканлигини баъзилар пайқар, эҳтимол. Лекин «Зулқарнайн» сўзининг маъносини кўпчилик билмаса керак. У арабча бўлиб, «икки шоҳли» деган мазмунни англатади.
Александр йирик ҳарбий йиғинлар, элчиларни қабул қилиш каби тантанали маросимларда икки шоҳли дубулға кийиб ўтирган. Элчилар эса бу манзарани оқизмай-томизмай ўз мамлакатларига етказишган. Бинобарин, Шарқ ўлкаларида «Икки шоҳли Искандар» деган ибора кенг тарқалгани ҳам бежиз эмас. Бу миш-мишлар фавқулодда, ғайритабиий одам сифатида Александрнинг нуфузини оширгани ва Жаҳонгирга қўл келгани, эҳтимол. Ўрта Осиё халқларида «Искандарнинг шоҳи борлиги тўғрисида кўплаб эртак, ривоятлар тўқилганининг боиси ҳам шунда.
Шуни ҳам айтиш зарурки, буржуа тарихшунослиги Александр Македонский истилоларининг маданий оқибатларини ҳаддан ташқари ошириб таърифлайди. Аммо юз минглаб одамни қириш эвазига келган “маданиятни” ни асло прогрессив ҳодиса деб бўлмайди. Аксинча, Бақтрия ва Суғдиёнада бир юз эллик йил давом этган юнон-македон ҳукмронлиги, бу ўлкалардаги миллий маданиятларнинг равнақ топишига катта ғов бўлиб келди.
ОЛАМНИНГ ЭНГ ЙИРИК АСТРОНОМЛАРИ
Мазкур мақола орқали оламга машҳур бўлган энг йирик астрономлар номларини дарс давомида ёки дарсдан ташқари вақтларда қизиқувчиларга баён қилсалар ҳар қандай ўқувчининг астрономия фанига қизиқишлари янада ошади. Маълумки, ер ўзига бир олам, осмон ўзига бир олам. Шундай экан, хронология тартибида 10 та жаҳоннинг энг машҳур астрономлари ҳақида қисқача маълумот бермоқчимиз.
Атоқли поляк астрономи Ян Гавелий ўзининг «Юлдуз осмонининг картаси» номли машҳур асари турли даврларда турли ҳалқлар орасида етишиб чиққан 10 астроном номини алоҳида айтгандир. Улар ичида Улуғбек юлдузларни каталоглаштириш соҳасидаги ишлари йирик олимлар сифатида фарқли ўринда тилга олингандир. Энди хронология тартибида 10 та жаҳоннинг энг машҳур астрономлари ҳақида тўҳталиб ўтамиз.
-
Тимоҳарис (эрамиздан аввалги III аср) Грециянинг Александрия мактабидан чиққан машҳур астроном. У ўз замондоши Аристтот билан биргаликда осмон сфераси доимий нуқталарига нисбатан бир нечта ёруғ юлдузларнинг вазиятини аниқлаган. Бу астрономларни юлдузлар каталогини тузишнинг асосчилари деса бўлади. Гиппарх 150 йил кейин улар аниқлаган натижадан фойдаланиб прецессияни кашф этган.
-
Гиппарх (эрамиздан олдинги II аср) Буюк грек астрономи, бизгача етиб келган биринчи юлдузлар каталогини тузган киши. У юлдузларни кўринма равшанлиги жиҳатидан 6 босқичга бўлиб уларни юлдуз катталиклари деб атаган. Тропик ернинг доимийлигининг аниқ (хатоси 6 мин) ўлчанган. Ердан ойгача бўлган масофани 50-60 ер радиусига тенг деб олиб ойнинг ўлчамларини аниқлади. Гиппарх 1000 та юлдузни ўз ичига олган юлдузлар каталогини тузган, прецессия ҳодисасини кашф этган. Бу каталогга мингга яқин юлдуз киритилган. Гиппарх баҳорги тенгкунлик нуқтаси вазиятининг ўзгаришига сабаб бўлувчи прецессияни кашф этди; юлдузларнинг астрономик узунлиги ҳам шу нуқтага қараб ҳисобланади. У йилнинг узунлигини жуда катта аниқликда белгилади. Ойга қадар бўлган масофани Ер радиуси катталигига тенг аниқликда ҳисоблади бу эса грек астрономияси осмон жисмларигача бўлган масофанинг бирдан бир тўғри ҳисобидир. Географик кординаталар тушунчасини фанга киритган киши ҳам Гиппархдир.
-
Птолемей (эрамизнинг II аср) машҳур грек астрономи бўлиб, унинг фаолияти Александрияда ўтди. Птолемей 13 китобда буюк математик қурилишлар асари бу китоблар арабча ном билан Альмагест деб фанга киритилган қадимги грек астрономиясининг қомуси ҳисобланади. Унда Птолемей дунёнинг геоцентрик системасини баён этди. Бу система астрономиянинг амалий масалаларини ҳал этишга кифоя қиладиган аниқликда осмон ёритгичларнинг вазиятини олдиндан ҳисоблаш имконини беради. Птолемей ўзининг «Альмагест» китобида баён қилинган олам системаси қуйидагича: чегараланган ва сферик шаклидаги олам, ўзининг марказига жойлашган шарсимон ер атрофида текис айланади. Ер атрофида Ой, қуёш ва планеталар (Ердан ҳисобланганда) қуйидаги тартибда айланадилар: Ой, Меркурий, Венера, Қуёш, Марс, Юпитер, Сатурн. Птолемей планеталар ҳаракати жадвалини яратди. Альмагестда 1022 юлдузнинг каталоги берилган бўлиб, улар кўп жиҳатдан Гиппарх кузатишларига асосланган. Асар Шарқда ҳам ғарбда ҳам кенг тарқалди. У 825 йилдаёқ Боғдод ҳалифаси Ал Маъмун (786-833) буйруғига асосан араб тилига таржима қилинган. Санскрит тилига эса уни машҳур буюк энциклопедист олим Абу Райҳон Беруний (973-1048) таржима қилган, 1515 йилда эса Венецияда биринчи марта лотин тилида нашр қилинган.
-
Албатегний Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Жобир (858-929) Ўрта асрда Шарқда танилган машҳур араб математиги астрономи ал-Баттонийнинг лотинлаштирилган номи. У Дамашқдаги обсерваторияда ишлаган Албатегний ажойиб кузатувчи ва ҳисобдон сифатида илм-фанга кирган. Ал-Баттоний синус, тангенес, котангенес ҳисобларини амалда жорий этди; эпликтиканинг экваторга оғиш бурчагини ва прецессия доимийсини қайтадан аниқлаб чиқди. У Альмагестга шарҳ ёзган. Бу шарҳи ўша вақтда жуда кенг тарқалган. Унинг «Юлдузларнинг ҳаракати ҳақида» деган рисола 1597 йилда лотин тилига таржима қилинган. Фрот дарёси бўйидаги ар-Раққа расадхонасида илмий кузатишлар олиб борган. Унинг илмий кузатишлари астрономик жадвалларда ўз ифодасини топган. Албаттегний «ал-Мажистийни мукаммаллаштириш» асари билан машҳур.
-
Мирзо Улуғбек (1394-1449) машҳур ўзбек астрономи, олими Улуғбек Амир Темур (1336-1405)нинг невараси бўлиб, ўн беш ёшданоқ Аму ва Сирдарёлар оралиғида жойлашган йирик давлат-Мовароуннаҳрнинг хокими эди. Ўша даврда Мовароуннаҳрнинг энг асосий шаҳри Самарқанд ҳисобланарди. Ҳар томонлама кенг маълумот олган Улуғбек давлат ишларидан ташқари тарих, поэзия, математика билан ҳам шуғулланди. У самарқандлик бошқа олимлар билан биргаликда 1048 та юлдузнинг каталогини тузиб, бутун дунё астрономи сифатида танилди. У Улуғбек томонидан Самарқанд яқинида қурилган обсерваторияда олиб борилган кузатишлар асосида тузилди.
Каталогдан ташқари бу обсерваторияда астрономик доимийликлар, эклиптиканинг экваторга оғмалиги, тропик йилнинг узунлиги ва бошқа катталиклар жуда аниқ белгиланди. Самарқандлик астрономлар томонидан тузилган синус, тангенесларнинг тригонометрик жадваллари, аниқроғи ўнламчи сонларнинг 9 сонигача бўлган миқдорнинг аниқланиши алоҳида диққатга сазовордир.
Улуғбек сиёсий фитна туфайли ўз ўғли Абдулатифнинг одамлари томонидан ўлдирилди.
-
Достарыңызбен бөлісу: |