Молия бозори ўз ичига қуйидаги сегментларни (ҳусусий бозорларни) олади



Дата13.06.2016
өлшемі293.71 Kb.
#132206
Мавзу: Молия бозори асослари
Молия бозори ўз ичига қуйидаги сегментларни (ҳусусий бозорларни) олади:

- пул-кредит (банк ва бошқа кредит ташкилотлари капиталлари) бозори;

- қимматли қоғозлар (фонд, капиталлар) бозори;

- валюта ва унга тенглаштирилган авуарлар (қимматбаҳо металлар, камёб элементлар, санъат асарлари ва ҳ.к.) бозори;

- суғурта ва пенсия фондлари бозори, лотерея ўйинлари инструментлари.
Молия бозорининг бозор муносабатлари тизимидаги аҳамияти уни томонидан қуйидаги қулай шароитларни таъминланиши билан боғлиқ асосий вазифалари асосида белгиланади:

- иқтисодиётнинг реал секторига инвестицион молия ресурсларни самарали жалб қилиниши;

- капитални самарасиз тармоқдан самаралисига қайта тақсимланиши;

- давлат бюджетига ҳизмат кўрсатиши, унинг камоматини (дефицитини) қоплаш учун пул маблағларини самарали жалб қилиниши;

- иқтисодиётнинг ҳолатини аниқ бозор индикаторлари ёрдамида баҳоланиши;

- инфляция суръатлари (темплари) ва валюта курслари ўзгаришига оператив таъсир кўрсатилиши;

- давлатнинг кредит-пул ва бюджет-солиқ сиёсатини объектив ва мутаносибликда олиб борилиши;

- мулкка эгалик хуқуқини ишлаб чиқариш воситаларига қайта тақсимланиши;

- жаҳон глобаллашуви жараёнларига миллий иқтисодиётни интеграллашуви.
Молия бозори бир қатор функцияларни бажаради. Уларни тўрт гуруҳга ажратиш мумкин: макроиқтисодий, умумбозор, маҳсус (иҳтисослашган) ва глобаллаштириш (мета, яъни халқаро даражада молиявий глобаллаштириш) функцияларга.

Макроиқтисодий функцияси жамғармаларни инвестицияларга смарали трансформациясини таъминлаб беришдан иборат.

Умумбозор функцияси, одатда, ҳар бир миллий бозорга мансуб. Маҳсус функцияси эса уни бошқа турдаги бозорлардан фарқлайди.

Умумбозор функциясига қуйидагилар киради:

- тижоратни ривожлантириш функцияси (бу функция бозор қатнашчиларининг ўзаро рақобат асосида даромад олишини таъминловчи функция);

- нарҳ-навони белгилаш функцияси, яъни бозорда молиявий инструментларнинг бозор нарҳларини (курсларини) шаклланиши ва таъсири жараёнини, уларни бозор конъюнктурасига боғлиқ тарзда узлуксиз ҳаракатини (ўзгаришини) таъминлайди (бозор курслари қанчалик тез шаклланиб барқарорлашса, молия бозорида бу инструментлар шунчалик самара билан жойлаштирилади ва ликвидлилиги таъминланади);

- информация билан таъминлаш функцияси, яъни бозор ўз қатнашчиларига савдо объектлари ва савдо иштирокчилари тўғрисидаги ахборотни шакллантиради ва ҳавола қилади;

- тартиблаштирувчи (мувофиқлаштирувчи ва назорат қилувчи) функция, яъни бозор ўзидаги савдо ва унда иштирок этиш, қатнашчилар ўртасидаги муносабатлар меъёрларини ва низоларни ҳал қилиш тартибларини жорий қилади, устувор йўналишларни аниқлайди, назорат органларини ва тартибларини белгилайди, бозор қатнашчилари томонидан бу меъёр ва тартиб-қоидаларга риоя қилинишини назорат қилади ва ҳ.к.


Мавзу: Молия бозори инструментлари ва қимматли қоғозлар
Молиявий инструмент-нинг қуйидаги функцияларини таъкидлаш мумкин:

- ўзига ҳос бозор орқали молиявий ресурсларни (капитални) иқтисодиётда (иқтисодиёт субъектлари ўртасида) самарали тақсимлаш ва қайта тақсимлаш;

- пулдан бўлак маълум шароитларда квазипул сифатида тўлов воситаси бўла олиш (m2 ва ундан йирик пул агрегатлари таркибига киритилганлиги муносабати билан);

- бир вақтда иқтисодий ва юридик мазмунни ўзида мужассамлаштирган ҳолда унинг эгаси, чиқарувчиси ва давлат ўртасидаги иқтисодий-хуқуқий муносабатларни белгилаш;

- ўз эгаларига капиталга эгалик хуқуқи билан бирга бошқа маълум қўшимча хуқуқларни (масалан, овоз бериш, бошқарувда иштирок этиш, маълумотга эга бўлиш, кредиторлик мавқеи ва ҳ.к.) бериш;

- алоҳида товар сифатида муомалада бўлиш, бозор конъюнктурасини ва унда бизнес сифатини белгилаш; уни чиқарувчиси ва бозор ҳолати тўғрисида информация билан таъминлаш ва ҳ.к. (буларни унинг молия бозоридаги роли сифатида қабул қилиш мумкин);

- инвестицион актив ва жамғарма сифатида ҳизмат қилиш;

- риск шароитида капитал бўйича даромад олишни, капитални қайтарилишини таъминлаш ва ҳ.к.


Эмиссия натижалари тўғрисидаги ҳисобот ва маълумотларни очиб бериш

Ҳар бир эмитент қимматли қоғозларини жойлаштирилиши тўғрисида ваколатли органга ҳар чоракда ва йиллик ҳисобот (белгиланган шакл ва муддатларда) тақдим этиши лозим.

Эмитент қимматли қоғозларини эмиссияси чоғида маълум муддатларда инвесторларга қонун хужжатларида кўрсатилган маълумотларни белгиланган тартибда очиб бериши талаб этилади.

Давлат қимматли қоғозларини Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Молия вазирлиги ва Марказий банк чиқаради.



Қимматли қоғозларнинг бозор муомаласи

Давлат рўйҳатидан ўтган эмиссияланувчи қимматли қоғозлар бирламчи бозорда жойлаштирилган вақтдан бошлаб уларнинг иккиламчи бозор муомаласи бошланади. Иккиламчи бозорда фақат қимматли қоғозларнинг эгалари ўзгаради ва бу жараённинг маҳсус инвестиция институтлари ва эмитент реестри томонидан ҳисоби юритилади.



Қимматли қоғозларни сўндириш(муомаладан чиқариш)

Қимматли қоғозлар қонунда белгиланган тартибда сўндирилади.

Акциялар қуйидаги ҳолларда муомаладан чиқарилиши мумкин:

- акциядорларнинг умумий йиғилиши қарорига асосан эмитентнинг тугатилиши ҳолида;

- жамиятнинг реорганизация (қўшилиши, ажралиши, бирлашиши, қайта ташкил этилиши) қилиниши ҳолида;

- қимматли қоғозларни майдаланиши, йириклаштирилиши, қайтариб сотиб олишиши, конвертацияланиши ҳолларида;

- суд қарори билан жамиятни тугатилиши ҳолида;

- агар жамият Уставида қимматли қоғознинг муомала муддати чекланган бўлса.

Эмиссияланувчи қимматли қоғозларнинг сўндирилиши уларни белгиланган тартибда аннуляция ва йўқ қилиш йўли билан амалга оширилади.

Давлат қимматли қоғозлари давлат томонидан белгиланган тартибда муомаладан чиқарилади.



Мавзу: Молия бозори индикаторлари ва моделлари
Молия тизими ва бозорининг ҳавфсизлик, рақобатбардошлилик, барқа-рорлилик ва жалбдорлилик даражаларини бевосита ва билвосита миқдорий ифодаловчи индикаторларни қуйидаги беш гуруҳларга ажратиш мумкин:

1. Макромолиявий индикаторлар;

2. Иқтисодиётда жамғармалар ва инвестициялар нисбатини ифодаловчи индикаторлар;

3. Банк тизими фаолиятининг индикаторлари;

4. Нарҳ-наво индикаторлари;

5. Молия бозорини (ундаги ҳолат ва динамик жараёнларни) ифодаловчи индикаторлар.



Индексларни ҳисоблаш методологияси

Қимматли қоғозлар бозори индексларини ҳисоблаш методологиясини кўришда қуйидаги саволларга жавоб топиш лозим:

- фонд индекслари қайси формулалар ёрдамида ҳисобланиб топилади;

- фонд индексларини ҳисоблашда фойдаланиладиган информация қандай талабларга жавоб беради;

- информация таркиби ўзгарганда ёки қандайдир корпоратив воқеалар содир бўлганда фонд индексларини ҳисоблаш формулаларига қандай қилиб тузатишлар киритилади.

Англо-саксон традицияларига асосланган молия бозори моделлари. Англо-саксон традицияларида (ёки “протестан капитализми” традицияларида) тарбияланган молия бозори қатнашчилари рисклар ва ҳатти-ҳаракатларга нисбатан прагматик, иқтисодий индивидуализм, давлатга ва йирик компания-ларга нисбатан камроқ назоратли бўладилар.

АҚШ ва Буюкбритания молия бозорлар қатнашчилари эса Германия ва Япониядагилардан фарқли консервативлик даражаси камроқ ва рискларга кўпроқ мойил. Буларнинг барчаси англо-саксон модели асосидаги молия бозорларини либераллигини, очиқлигини, фаоллигини, аммо кризисларга таъсирчанлигини белгилайди.



Германия традицияларига асосланган молия бозори модели. Диний эътиқодларнинг фарқлилигига қарамасдан, Германия ва Япония моделлари-нинг ўҳшаш тарафлари мавжуд. Сабаб, бу мамлакатларда аҳолининг иқтисо-дий қарашлари кўп жиҳатдан мос келишидир. Германия ҳалқи бошқалардан фарқли бир мунча ҳусусиятларга эга бўлиб, уларга қуйидагиларни киритиш мумкин:

- практицизм, иерархиклик, ўта меҳнаткашлик, ижтимоий ҳимояга, рисксизлиликка ва жамғармага мойиллик. Англо-саксон моделида эса мобилликка, иҳтирочиликка, рисклиликка, оппортунизмга, агрессивликка, ўзгаришларга мойиллик кўпроқ сезилади;

- компания раҳбарияти томонидан персонал манфаатларини акциядорларникидан юқори қўйилиши, компания менежментини акциялар курсини ва улар бўйича юқори дивидендлар тўловларини оширишга йўналганлиги. Бунда корпоратив бошқарувнинг германча моделида кўпроқ компаниянинг манфаатлари акциядорларга ҳизмат кўрсатишдан устун қўйилган. Корпоратив бошқарувнинг англо-саксон моделида эса корпорация ва акциядор тушунчалари, уларнинг манфаатлари ва ҳуқуқлари бир бирига тенглаштирилган.

Германия моделида акциялар бозори устун эмас, кўпроқ қарз муносабатларини мужассамлаштирувчи белгиланган фоизли қоғозлар ва суғурта полислари аҳолини қизиқтиради. Германия молия бозорида банкларнинг ўрни традицион ҳисобланади.


Мавзу: Молиявий инструментлар таҳлили
Фоизлар қарзнинг асосий суммасига маълум бир даврларга ҳисобланади. Фоизни ҳисоблашнинг турли усуллари мавжуд бўлиб, уларнинг асосийларини кўрамиз.

Оддий (содда) фоизлар. Фарз қилайлик, инвестиция қилиш учун қандайдир бошланғич Р пул маблағлари мавжуд. Инвестиция қилиш натижасида маълум вақт муддати (n даврларда) ўтганидан кейин бошланғич сумма iPn (i – фоиз став­каси бўлиб, у бўйича бошланғич Р суммага фоизлар қўшилади) миқдорга ўзгаради. Яъни бошланғич сумма Р маълум даврлар (n) ўтиши билан iPn миқдорга ошиб, натижада S (ортган сумма) миқдор ҳосил бўлади:

S = P + iPn = P(l + in). (4.2.1)

(1 + in) ифода оддий фоизлар бўйича орттирма кўпайтирувчи деб номланади. Орттирилган сумма S бошланғич сумма орқали топилган; фоиз ставкасини (i) декурсив ставка дейилади.

Пул оқимларини дисконтлаш асосида қимматли қоғозлар билан боғ-лиқ операциялар параметрларини миқдорий баҳолаш методи учун алоҳида тушунчалар ва терминология киритилган бўлиб, уларни қисқача келтирамиз.



Орттириш ва дисконтлаш. Инвестицион қўйилмаларнинг турли вариантлари тўловлар тушумини турли графикларига эга бўлганлиги бу графикларни ўзаро солиштиришни бир мунча қийинлаштиради. Шунинг учун пул тушумларини вақтнинг бир моментига келтириш лозим. Агар бу момент келажакда жойлашган бўлса, унда бундай процедурани орттириш дейилади, агар бу момент ўтган вақтда бўлса – дисконтлаш дейилади.

Пулларнинг келажакдаги баҳоси. Инвесторнинг ҳозирги вақтда бўлган пуллари унга келажакда капиталини банк депозитига қўйиш йўли билан орттириш имконини беради. Натижада инвесторда келажакда бир мунча кўпроқ пул суммаси (аввалги пул қўйилмаси билан бирга) пайдо бўлиши пулларнинг келажакдаги баҳоси дейилади.

Облигация даромадлилигининг купон нормаси g-га тенг. Даромадлиликнинг жорий нормаси



Облигация даромадлилигининг тўлиқ нормасини ҳисоблаймиз.

Бунда қисқа муддатли қимматли қоғозлар бўйича даромадлиликни топишдагига ўҳшаш йўл тутамиз. Фарз қилайлик, облигация сўндирилгунига қадар t1 йил қолганда Ц' нарҳда сотиб олинган ва сўндирилишига t2 йил қолганда Ц " нарҳда сотилган.

Ц' ва Ц" учун қуйидаги тенгликни оламиз:



Агар Ц' ва Ц" баҳолар (нарҳлар) назарий равишда баҳоларни ҳисоблаш формуласига мос ҳисоблаб топилса, унда формула устида тегишли операцияларни амалга оширишдан кейин қуйидагини олиш мумкин:





Ноль купонли облигациялар. Бу облигацилар дисконта билан сотилади, уларнинг баҳоси:

Бундай облигациялар даромадлилигининг жорий нормаси нолга тенг, чунки g = 0. Мантиқан олдинги формулага ўҳшаб даромадлиликнинг тўлиқ нормасини топамиз:



Даромад ҳосил бўлади, агар қуйидаги тенгсизлик бажарилса:

(1 +i1)t1> (1 +i2 )t2.

Агар банк депозит ставкаси i1 вақт ўтиши билан ўзгармаса (i1= i2), унда даромад ҳар доим бўлади. Фараз қилайлик, t2= 0, яъни облигация ўз эгасида сўндирилгунича қолган, унда i = i1 (ноль купонли облигациядан даромад банк депозит ставкасига тенг).


Фундаментал таҳлил қуйидаги йўналишлар доирасида амалга оширилади:

1. Макроиқтисодий таҳлил, бунда қуйидаги омилларни (1.1, 1.2, 1.4 параграфларга қаралсин) ҳисобга олинган ҳолда иқтисодиёт ва молия бозорининг ҳолати (1.6, 1.7, 3.1 параграфларга қаралсин) баҳоланади:

- ЯИМ, бандлик, инфляция, фоиз ставкаси, валюта курслари ва ҳ.к.;

- Ҳукуматнинг монетар ва фискал сиёсатлари, уларни бозорга таъсири, бунда инвестицион муҳит ва бозорнинг самараси аниқланади (баҳоланади);

2. Индустриал таҳлил, бунда иқтисодиётдаги фаоллик цикли (даври), унинг индикаторлари ҳамда тармоқларни фаоллик даражасига нисбатан ва ривожланиш даврлари бўйича таснифлаш амалга оширилади, умуман олганда тармоқларнинг параметрларни бозор конъюнктураси трендидан оғишлари таҳлил қилинади ва прогнози амалга оширилади, тармоқ ривожланишининг сифати таҳлил қилинади;

3. Конкрет фирма таҳлили, бунда фирманинг менежменти ҳолати ва ривожланиши истиқболлари, ташкилий ва бизнес фаолияти шароитлари, корпоратив бошқаруви (сиёсати) ҳолати, молиявий ҳолати кўрсаткичлари, бизнеси баҳоси, бозордаги ўрни ва ҳ.к. кўрсаткичлари таҳлилий баҳоланади; 4. Қимматли қоғозлар баҳосини ва уларнинг портфелини моделлаштириш. Қимматли қоғозлар баҳосини моделлаштиришда фонд бозорининг тузилмаси ҳисобланади.


Техник таҳлилни амалга оширишга қуйидаги муҳим таҳминларга асосланилади:

- ташқи омилларнинг ҳар қандай ўзгаришлари қимматли қоғозларни бозор нарҳлари (курслари) динамикасида ўз аксини топади;

- фонд бозоридаги нарҳлар динамикаси олдиндан идрок қилинадиган маълум қонуниятларга бўйсунади, бундай қонуниятлар барқарор бўлиши мумкин;

- қимматли қоғозлар курсларининг аввалги ва жорий бозор тенденцияларини ўрганиш асосида уларнинг келажакдаги ўзгариш динамикасини прогноз қилиш мумкин.


Секьюриметрик таҳлил ёрдамида бозордаги қимматли қоғозларнинг эквивалентлилик потенциали даражалари асосида фонд бозорининг потенциалини баҳолаш мумкин. Бунда эквивалентлилик потенциалини натижавий векторнинг миқдорига (натижавий йўналтирилган куч сифатида) кўпайтмаси қимматли қоғознинг қуввати кучини, бу қувватларнинг йиғиндиси эса қимматли қоғозлар бозори муҳитининг қуввати кучини билдиради


Мазу: Молия бозори эмитентлари ва инвесторлари, уларнинг сиёсатлари ва роли
Эмитентларни қуйидаги белгиларга асосан таснифлаш мумкин:

1. Ташкилий-хуқуқий шакли бўйича: давлат органи, турли мулкчилик асосидаги юридик шахс.

2. Фаолият йўналиши бўйича: давлат, халқаро ва нодавлат молиявий институтлар ва номолиявий ташкилотлар.

3. Молиявий инструментлари бўйича: давлат, муниципал, халқаро ва нодавлат (корпоратив) инструментлар чиқарувчи ташкилотлар.

4. Эмиссион сиёсати бўйича: давлатнинг иқтисодий сиёсатини (моне-тар, бюджет-солиқ) юритувчи ваколатли ташкилотлар, халқаро иқтисодий сиёсатни юритувчи ташкилотлар, инвестицион сиёсат (стратегик, портфел, ҳорижий инвесторларга қаратилган) юритувчи ташкилотлар.

5. Миллийлиги бўйича: резидентлар ва норезидентлар.

6. Эмиссион потенциали бўйича: катта, ўрта ва кичик ҳажмда молиявий инструментларни чиқарувчи ташкилотлар.

7. Имиджи ва риски бўйича: юқори, ўрта ва кам нуфузли ва рискли ташкилотлар.

8. Молиявий инструментларининг жалбдорлилиги бўйича: юқори, ўртача ва кам жалбдор эмитентлар.

Инвесторларни қуйидаги белгиларга асосан таснифлаш мумкин:

1. Ташкилий-хуқуқий шакли бўйича: давлат ташкилоти (давлат бошқаруви ва ҳокимияти органи), турли мулкчилик асосидаги юридик шахслар, жисмоний шахслар (фуқаролар ва вақтинчалик фуқаролик хуқуқига эга эмаслар).

2. Фаолият йўналиши бўйича: индивидуал ва институционал бўлган давлат, халқаро ва нодавлат молиявий институтлар ва номолиявий ташкилотлар, жисмоний шахслар.

3. Инвестицион воситалари бўйича: пул, валюта, кредит, мулк, товар-ҳом ашё, қимматли қоғозлар ва ҳ.к. ресурсларига эга бўлган инвесторлар.

4. Инвестицион сиёсати бўйича: давлатнинг иқтисодий сиёсатини (монетар, бюджет-солиқ) юритувчи ваколатли ташкилотлар, халқаро иқтисодий сиёсатни юритувчи ташкилотлар, инвестицион сиёсат юритувчи шахслар.

5. Миллийлиги бўйича: резидентлар (ички) ва норезидентлар (ташқи).

6. Инвестицион потенциали бўйича: катта (институционал, стратегик), ўрта ва кичик (миноритар) ҳажмда инвестицияларни йўналтирувчилар.

7. Риски бўйича: юқори, ўрта ва кам рискли инвесторлар.

8. Стратегияси бўйича: агрессив, консерватив ва уларнинг гибридига асосланган инвесторлар.

9. Инвестициялар турлари бўйича: портфел, тўғри инвестициялар қилувчи инвесторлар. Портфелли инвесторлар спекулятив-портфел ва стратегик-портфел турида бўлиши мумкин.

10. Инвестиция муддати бўйича: қисқа, ўрта ва узоқ муддатли инвесторлар.



Мавзу: Молия бозори институтлари, уларнинг фаолияти ва роли.
Суғурта компаниялари умуман ҳаётда ва иқтисодиётда, хусусан молия бозорида қуйидаги ролларни бажаради:

- рисксизликни (суғурта турлари классификатори бўйича) таъминловчи молиявий институтлар;

- молиявий ресурслар аккумулятори, йирик инвестициялар манбаи;

- институционал инвестор (белгиланган тартибда);

- қимматли қоғозлар эмитенти (белгиланган тартибда).

Айтилганларни халқаро суғурта бозори ва суғурта операциялари ривожланиши тенденциялари асосида кўриш мумкин.


Банклар умуман иқтисодиётда, хусусан молия бозорида қуйидаги ролларни бажаради:

- монетар сиёсатни таъминловчи институтлар;

- иқтисодиёт субъектларига кредит, пул воситалари билан боғлиқ операциялар бўйича профессионал ҳизматлар кўрсатувчи институтлар;

- молиявий ресурслар аккумулятори, йирик инвестициялар манбаи;

- институционал инвестор (белгиланган тартибда);

- қимматли қоғозлар чиқарувчи (белгиланган тартибда);

- фонд бозорида профессионал ҳизмат кўрсатувчи институт. Айтилганларни халқаро банк тизими ривожланиши тенденциялари асосидакўриш мумкин.
Банкларнинг молия бозоридаги фаолият турларини қуйидагича тизимлаштириш мумкин.

1. Банклар молия бозорининг қуйидаги сегментларида фаолият юритадилар: валюта, қимматли қоғозлар, пул-кредит (жумладан ипотека кредитлари), қимматбаҳо металлар ва тошлар (жумладан санъат асарлари).

2. Кўчмас мулк бозорида воситачи, риелтор, ишончли бошқарувчи (траст), ипотекавий инвестор сифати фаолият кўрсатади.

3. Валюта бозорида: дилер ва брокер (трейдер, жумладан валюта оператори). Бунда спот ва муддатли бозорларда иштирок этади.

4. Пул-кредит бозорида: пул ҳисоб рақамлари ва пул воситалари (чеклар, карточкалар ва ҳ.к.) бўйича мижозларга операцион ҳизмат кўрсатиш; кредит бериш ва олиш; бўлак кредиторларнинг кредит траншлари бўйича оператор бўлиш ва ҳ.к.

5. Қимматли қоғозлар бозорида: эмитент (эмиссияланувчи ва эмиссияланмайдиган турлари бўйича); институционал инвестор (ўзининг инвестицияларини бошқариш бўйича) ва коллектив инвестор (мижозларининг инвестицияларини бошқариш бўйича); профессионал институт (брокер, трайдер, дилер, андеррайтер, траст, консалтинг, клиринг, депозитарий, трансфер-агент ва ҳ.к.).


Молия бозорида давлат ўзининг қимматли қоғозлари эмитенти ва зарур объектларни молиялаштирувчи сифатида қуйидаги мақсадларни кўзлайди:

- жорий бюджет дефицитини (камамадини) молиялаштириш;

- аввал чиқарилган қарз мажбуриятларини сўндириш;

- давлат бюджетининг касса ижросини таъминлаш;

- солиқ тўловларининг нотекис тушумини текислаш;

- тижорат банкларини ликвид резерв активлар билан таъминлаш;

- давлат ва маҳаллий ҳокимият органлари томонидан амалга оширилаётган мақсадли лойиҳа дастурларини молиялаштириш;

- ижтимоий аҳамиятга эга ташкилот ва муассасаларни қўллаб-қувватлаш ва ҳ.к.


Мавзу:Молия бозори савдо тизимлари, уларнинг фаолияти ва роли.
Молия бозорининг савдо тизимларини молиявий инструментлар тури бўйича қуйидагича ажратиш мумкин:

- қимматли қоғозлар савдоси тизимлари;

- пул воситалари (масалан, пластик карточкаларнинг турли ҳиллари) ва валюта (ҳорижий ЭКВ) савдоси тизимлари;

- кредитлар савдоси тизимлари;

- суғурта инструментлари (полислари) савдоси тизимлари;

- молиявий (валюта) қийматга эга бўлган антиквариат ва ювелир буюмлари, қимматбаҳо металл ва тошлар ҳамда ноёб (камёб) элементлар (радиактив) савдоси тизимлари.


Қимматли қоғозлар бозорида савдо операциялари тўрт босқичда амалга оширилиши мумкин:

- битишувни (шартномани) тузиш;

- тузилган битишув параметрларини текшириш (солиштириш);

- қимматли қоғозлар бўйича савдони амалга ошириш;

- битишув талабларини оҳиригача ижро қилиш (тўловни амалга ошириш ва қимматли қоғозларни янги эгасига бериш). Ушбу босқич ҳисоб-китоб тизими томонидан амалга оширилади.
Фонд бозори савдо тизимларида қимматли қоғозларнинг турларига қараб улар бўйича савдо шакллари, усуллари, методлари ва механизмлари маълум даражада фарқланиши мумкин. Шу муносабат билан савдо тизимларини қуйидагича таснифлаш мумкин:

- эмиссияланувчи қимматли қоғозлар савдоси тизими;

- эмиссияланмайдиган қимматли қоғозлар савдоси тизими;

- базавий қимматли қоғозлар савдоси тизими;

- базисли қимматли қоғозлар (деривативлар, яъни ҳосилавий қимматли қоғозлар) савдоси тизими;

Савдо тизимларини қимматли қоғозлар бозори сегментлари бўйича ҳам таснифлаш мумкин:

- бирламчи тарзда илк бор жойлаштириладиган қимматли қоғозлар савдоси тизими (бирламчи бозор савдо тизими);

- иккиламчи бозор (спекулятив) савдо тизими.

Ушбу савдо тизимлари биржавий ва биржадан ташқари бозорларда мужассамлашган.

Фонд биржаси фазосини уч зонага ажратиш мумкин:

- биржанинг ўзига (ҳўжалигига);

- брокерлик идоралари ва биржа аъзолари ваколатхоналарига;

- мижозлар зонасига.
Биржавий фаолият тамойиллари савдо тизимлари тамойилларига мос.

Фонд биржаси фаолиятининг молиявий таъминоти:

- фонд биржаси акциялари ва пайларини сотиш;

- фонд биржасидаги брокерлик ўринларини сотиш;

- фонд биржаси аъзолари мунтазам тўлаб борадиган аъзолик бадаллари;

- биржа битимларини рўйхатдан ўтказишда олинадиган йиғимлар;

- биржа уставида назарда тутилган ахборот хизмати ва бошқа оид хизматлар кўрсатишдан келадиган даромадлар ҳисобидан амалга оширилиши мумкин.
Биржа курслари котировкасининг қуйидаги икки усули мавжуд:

- ягона курс усули;

- рўйҳатга олинувчи курс усули.

Курслар котировкасини белгилаш жараёни қуйидаги асосий тартибларга риоя қилиш негизида амалга оширилади:

- ягона биржа курси энг кўп савдо шартномалари миқдори таъминланган даражада белгиланади;

- “иҳтиёрий курс бўйича сотиш” ва “иҳтиёрий курс бўйича сотиб олиш” талаблари биринчи навбатда қондирилади;

- биржавий шартномалар ҳариднинг максимал нарҳлари ва сотишнинг минимал нарҳлари асосида содир этилади. Бундай нарҳларга яқин бўлган талаблар қисман қондирилади;

- биржадаги талаблар ва шартномалар сонини ошишига олиб келувчи ягона биржа курсидан кам бўлган нарҳлардаги талаблар қондирилмайди.


Биржа бюллетенларида барча нарҳлар кўрсатилавермайди, балки фақат биржа кунидаги нарҳлар динамикасини ўзида тўлиқ ифодаловчи чегаравий нарҳлар келтирилади.

Электорон савдо тизими фаолияти ўзига қуйидаги босқичларни киритади:

- тизимга кириш ва уни ҳимояси;

- савдо объекти тўғрисидаги бозор информациясини кўриб чиқиш (кузатиш);

- тизимга битишувларни содир қилишга талабларни (буйруқларни) киритиш;

- узлуксиз савдо режимижа битишувларни тузиш;

- буйруқлар ҳисоби китобини юритиш;

- тизимдан фойдаланувчиларга битишувлар тўғрисидаги информацияни тарқатиш;

- ҳар бир битишув бўйича тизимнинг фаолиятини назорат қилиш.
Электрон савдо тизимларининг ижобий томонларига қуйидагиларни киритиш мумкин:

- савдо операцияларини куннинг исталган вақтида амалга ошириш имконияти;

- жаҳон фонд бозорларига турли регионлардан брокерларнинг максимал кириши;

- нисбатан кичик миқдордаги операцион ҳаражатлар;

- савдода қатнашчилари тўғрисидаги информацияни юқори даражада маҳфийлиги (конфиденциаллиги);

- традицион биржа савдосидан фарқли (одатда ҳаридорнинг биргина қулай нарҳи ва сотувчининг нарҳи), бир вақтнинг ўзида бир неча қулай нарҳларни кўриш имкони мавжуд.



Мазу: Молия бозори рисклари ва инвестицион портфелларни бошқариш асослари
Рискларни тўлиқ ва ўз вақтида адекват аниқлаш асосида уларга таъсир кўрсатиш мумкин, демак уларни бошқаришнинг реал имконияти пайдо бўлади. Ушбу маънодаги ҳолда риск – фаолиятнинг ситуацион характеристикаси бўлиб, ўзида муваффақиятсизликни келтириб чиқарувчи натижанинг ноаниқлигини ва мумкин бўлган ноҳуш натижаларни акс этади. Бундай ноҳуш ҳодисалар ва ноаниқ натижаларни эҳтимолий равишда вужудга келишида қуйидагилар сабаб бўлиши мумкин: мамлакатдаги қонунчилик ва жорий иқтисодий ҳолатни барқарормаслиги, сиёсий ҳолатни ноаниқлиги, бозор конъюнктурасини, нарҳларни, валюта курсларини ўзгариши ва ҳ.к.

Стохастик-аниқ информация – кўрсаткичлар тўғрисидаги информация бўлиб, бу кўрсаткичлар ўтмиш ва келажакда маълум бўлган ўзгариш қонуниятлари (эҳтимолий) билан ифодаланади. Бунда кўрсаткичлар сифатида математик кутилиши ривожланишнинг объектив тенденцияларини ҳисобга олинган ҳолда ифодаланувчи беҳоста (эҳтимолий содир бўлувчи) катталиклар олинади. Кўрсаткичларнинг математик кутилишлардан оғишлари ўтмишдаги тажриба асосида олинган ушбу катталикларнинг тақсимланиш функцияларидан аниқланади. Кўрсаткичларнинг режалаштирилган (лойиҳавий) миқдорлари сифатида бундай кўрсаткичларнинг математик кутилишлари миқдорларини (маълум аниқлик даражаси билан) олиш мумкин.

Стохастик-ноаниқ информация – кўрсаткичлар тўғрисидаги информация бўлиб, бу кўрсаткичлар фақат ўтмишда маълум бўлган ўзгариш қонуниятлари (эҳтимолий) билан ифодаланади. Келажакдаги миқдорлари эса ҳозирда номаълум бўлган омиллар ёки конкрет бўлган ҳали қабул қилинмаган қарорларга боғлиқ бўлади. Бунда кўрсаткичларни миқдорий баҳолаш учун катталиклар ўзгаришининг (қониқарли аниқликда) маълум чегаралари доирасида эҳтимолий вариантлар таҳлил қилинади.
Молия бозори қатнашчиси учун молиявий инструмент бўйича кўпинча ноаниқ бўладиган қуйидаги информация аҳамиятга эга:

  • молиявий инструментни иқтисодий-хуқуқий таъминланганлиги асосида базисига эквивалентлилиги даражаси;

  • ликвидлилиги;

  • ҳаражатлар;

  • рисксизлилик ва натижавийлилик даражаси.

Умуман олганда, информациянинг ноаниқлиги мос равишда рискни келтириб чиқаради.

Қамрови бўйича рисклар қуйидаги турларга ажралади:



  • халқаро доирада;

  • мамлакат доирасида;

  • регионал доирада;

  • тармоқ ичида;

  • корхона рисклари.

Портфелнинг мазмуни – бир тўпламга жамланган қимматли қоғозлар бўйича инвестор учун қулай ва зарурий инвестицион шароитларни яхшилаш бўлиб, унда бу тўпламдаги қоғозларда инвесторнинг инвестицион сиёсати мақсад-вазифаси доирасида яратилган ушбу шароитлар талабларига жавоб берувчи инвестицион ҳоссалар шакллантирилади. Бундай ҳоссаларни алоҳида олинган бир турдаги қимматли қоғоз доирасида таъминлаб бўлмайди, фақат уларнинг комбинациясидагина шакллантирилиши мумкин.

Портфелдаги қимматли қоғозлар баҳосининг ўзгаришига олиб келувчи қуйидаги уч сабабни кўрсатиш мумкин:

1. Эмитентнинг кредит баҳоси ва ундан куталадиган қайтим нормаси яхшиланади ёки ёмонлашади.

2. Агар бозор параметрлари (кутилаётган қайтим нормаси ва кредит баҳо) ўзгармас қолса, лекин облигациялар бўйича мажбуриятлар ижроси муддати яқинлашса, унда қоғозлар (агар уларнинг нарҳлари рағбат ёки дисконта доирасида бўлса) нарҳи ўзгариб туради (ёки юқорига сакрайди ёки пастга тушади).

3. Кутилаётган қайтим нормаси ўзгаради, бу эса ўзгармас купонли инструментлар нарҳини корректировка қилишга олиб келади.

Порфелни шаклантиришда қуйидаги ишлар кетма-кетлиги бажарилади:

1. Қуйидагилар таҳлил қилиниб дастлабки мониторинги ўтказилади (тўлиқ мониторинг тартиби 8.6-чи параграфда кенгроқ келтирилган):

- қимматли қоғозлар бозори, унинг сегментлари ва индикаторлари;

- эмитентларнинг молиявий-иқтисодий кўрсаткичлари;

- қимматли қоғозларнинг инвестицион сифат кўрсаткичлари.

2. Дастлабки мониторинг (таҳлилий кузатиш) натижалари асосида қўйилган инвестицион мақсадга (масалан, юқори даромад олиш) мос келувчи портфелнинг бошланғич таркиби учун кам деганда акциялар ва облигация-ларнинг икки пакетини белгилаб олиш.

3. Режалаштирилган инвестицион маблағларни танлаб олинган пакетларга инвестицион мақсадга эришишни таъминловчи диверсификация тамойили асосида тақсимлаш. Бунинг учун қуйида келтирилган мисолдан фойдаланиш мумкин.

Портфелни баҳолаш қуйидаги тартибда амалга оширилиши мумкин.

Бозор нарҳини (баҳосини) аниқлаш (fixing):

- биржа нарҳларини (ёпилиши бўйича);

- биржадан ташқари бозор операторларининг нарҳларини;

- бозор аниматорлари (маркет-мейкерлар) ёки брокерларнинг нарҳлари:

- минимум 5 манбадан;

- оддий ўртачалари;

- ўртача квотирланиб вазнлаштирилганлари.
Оптимал портфелни танлаш кетма-кетлиги қуйидагилар:

1) Портфелни оптималлаштириш бўйича мониторинг тўғрисида шартнома тузиш.

2) Мониторинг ўтказиш.

3) Оптималлаштириш моделини танлаш.

4) Портфелни бошқариш бўйича қарор қабул қилиш мақсадида мониторинг натижалари бўйича портфел таркибини оптималлаштириш.

5) 8.5.1-8.5.4 формулалар ёрдамида портфелни қайта кўриб чиқиш (“Чангини қоқиш”, керакли қисмини янгилаш).

6) Янгиланган портфелни қайта мониторингини ўтказиш ва бошқатдан (янгидан) оптималлаштириш (портфелни бошқариш бўйича навбатдаги қарорни қабул қилиш).

7) Мониторинг шартномаси муддатининг тугаши билан ҳисобот тайёрлаб тақдим этиш.



Мавзу: Молия бозорини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш асослари.
Давлатнинг бош мақсади – молия бозорини тизимли равишда самарали тартиблаштириш асосида миллий манфаатларни комплекс таъминлаш. Бунда давлат молия бозори орқали:

- иқтисодиётга инвестицияларни жалб қилишни, реал секторни модернизациялашни ва индустриал ривожлантиришни, умуман барқарор иқтисодий ўсишни таъминлайди;

- давлатнинг молиявий-иқтисодий (монетар, фискал) сиёсатини амалга оширади;

- молия тизимининг ҳавфсизлиги ва рақобатбардошлигини таъминлайди;

- молиявий глобаллашув жараёнларини ривожлантиради.
Тартиблаштириш институтлари бўйича – давлат органлари (Молия вазирлиги ва Марказий банк), ваколатли давлат муассасаси, квази-ҳукумат ташкилоти (умумиллий макрорегулятор), давлат ва ўзини ўзи мувофиқлаштирувчи ташкилотлар билан биргаликда бўлган, алоҳида макрорегулятордан иборат тизим томонидан тартиблаштирилувчи тизимлар.

Тартиблаштириш усуллари бўйича – функционал, институционал, административ, индикатив, ўзини ўзи тартиблаштириш, макрорегулятив (9.5 параграфга қаралсин) ва гибрид (аралаш) усулларига асосланган тизимлар.

Тартиблаштиришнинг миллий тизимини ташкиллаштиришда қабул қилинган ёндашувлари бўйича – ҳукумат томонидан тўғридан тўғри тартиблаштириш (масалан, Ирландия, Нидерланды, Португалия), молия ва банк тизимларини регуляторлари бўлмиш органлар томонидан тартиблаштириш (масалан, Бельгия, Дания, Япония, Қозоғистон), маҳсус тузилган ваколатли давлат ташкилоти томонидан тартиблаштириш (масалан, АҚШ, Буюк Британия, Италия, Франция, Испания, Россия), аралаш тизимлар.

Тартиблаштириш кўлами (ҳажмининг кенглиги ва чуқурлиги) бўйича – молиявий глобал (халқаро, мета, планетар), макромолиявий ва микромолиявий даражада тартиблаштириш.

Тартиблаштириш индикаторлари бўйича – мета-, макро-, микроиндикаторларнинг чегаравий (критик) миқдорлари (энг паст ва энг баланд) даражалари доираси ичида (3.1 ва 3.2 параграфларга қаралсин).

Тартиблаштириш мақсадлари бўйича – давлат, нодавлат ва бошқа турли мулк шаклидаги юридик шахслар, жисмоний шахслар (асосан инвесторлар) фаолияти (операциялари) ва функцияларини молия бозори қатнашчилари сифатида уйғунликда (интеграллашган ҳолда, тарзда) тартиблаштириш тизими.

Тартиблаштириш моделлари бўйича – мумтоз (англо-саксон), континентал (асосан германча), японча-корейсча, исломий (Индонезии, Малайзия, Покистон ва ҳ.к.), аралаш моделларга (3.3 ва 3.4 параграфларга қаралсин) асосланган тартиблаштириш тизимлари.
Молия бозорини иқтисодий тартиблаштириш давлат томонидан қуйидаги иқтисодий ричаглар ва капиталлар ёрдамида амалга оширилади:


  • солиққа тортиш тизими (солиқлар тури ва ставкалари, улар бўйича имтиёзлар);

  • кредит-пул сиёсати;

  • давлат капиталлари (давлат бюджетит, бюджетдан ташқари фондлар, молиявий ресурслар ва ҳ.к.);

  • давлат мулки ва ресурслари (давлат компаниялари, табиий ресурслар ва ерлар).

Кўрсатилган мақсадларга мос келувчи тамойиллар қуйидагилар:



Регуляторга тегишли тамойиллар:

1. Регуляторнинг жавобгарлиги соҳаси (даражаси) аниқ ва объектив ҳамда тасдиқланган бўлиши лозим.

2. Регулятор ўз мажбуриятлари ва ваколатларини бажариши бўйича ҳисоботли бўлганлиги билан бирга операцион ҳолис (боғлиқ бўлмаган) бўлиши зарур.

3. Регулятор адекват ваколатларга, етарли ресурсларга эга бўлиши ва ўз функциялари ва ваколатларини бажариши лозим.

4. Регулятор очиқ, илгарилаган ва қарама-қарши бўлмаган регулятив жараённи таъминлаши лозим.

5. Регуляторнинг ҳизматчилари энг юқори даражадаги профессионал стандартлар талабларига жавоб бериши, жумладан конфиденциаллик стандартларига риоя қилишлари лозим.



Ўзини ўзи тартиблаштириш бўйича:

6. Бозорнинг ҳажми ва мураккаблиги даражаси билан белгиланувчи даражада мумкин бўлган соҳалар устидан тўғридан тўғри назорат функ-цияларини бевосита ваколатли бажариш учун ўзини ўзи тартиблаштириш ташкилотларини тартиблаштириш схемасига қўшилиши лозим.

7. Ўзини ўзи тартиблаштирувчи ташкилотлар давлат регуляторининг назорат объекти бўлиши керак. Бу ташкилотлар уларга берилган ваколатлар ва мажбуриятларни бажариши чоғида ҳалаллик, адолатдилик ва конфиденциаллик (маҳфийлик) стандартларига риоя қилишлари лозим.
ЎЎМ ташкилотлари қуйидаги хуқуқларга эга:

- қонун ҳужжатлари асосида ва мувофиқ ўз қатнашчиларининг қимматли қоғозлар бозорида фаолият юритишнинг ягона қоидаларини, шунингдек уларнинг касбий этикаси қоидаларини ишлаб чиқиш;

- қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга ошириш учун махсус рухсатномалар (лицензиялар) бериш мумкинлиги тўғрисидаги тавсиявий хулосалар бериш, қимматли қоғозлар бозорига оид қонун ҳужжатлари бузилган холларда бундай рухсатномаларни (лицензияларни) амал килишини тўхтатиб турилиши, тугатилиши ёки бекор қилиниши бўйича илтимосномалар киритиш;

- қимматли қоғозлар бозорининг профессионал қатнашчиларининг мутахассисларини тайёрлаш дастурларини ишлаб чиқиш;

- ўз аъзолари ўртасида низо ва келишмовчиликларни хал қилиш қоидаларини ўрнатиш.

Жаҳон амалиётида мавжуд макрорегуляторларни шартли равишда икки катта гуруҳга ажратиш мумкин:

- фақат (ёки кўпроқ) назорат функцияларини бажарувчи макрорегуляторлар. Масалан, бундайлари Японияда 1998 йилдан (Financial Supervisory Agency), Жанубий Кореяда 1998 йилдан (Financial Supervisory Comission), Венгрияда 1996 йилдан (Hungarian Banking and Capital Market Supervisory), Данияда 1988 йилдан (Danish Financial Supervisory Autority), Норвегияда 1986 йилдан (Banking Insurance and Securities Comissions), Швецияда 1991 йилдан (Swedish Financial Supervisory Autority), Финляндияда 1991 йилдан (Financial Supervision), Жанубий Африка Республикасида 1990 йилда тузилган (Financial Services Board);

- ҳам назорат, ҳам меъёрлаштирувчи (тартиб-қоидаларни ўрнатувчи) функияларни бир вақтнинг ўзига амалга оширувчи макрорегуляторлар. Mасалан, бундайлари Буюк Британияда 1997 йилда (Financial Services Autority), Австралияда 1998 йилда (Australian Securities and Investments Comission, Australian Prudential Regulation Autority), Канадада 1987 йилда (Office of the Superintendent of Financial Institutions), Сингапурда 1998 йилда (Monetary Autority of Singapore), Швейцарияда 1997 йилда тузилган (Swiss Federal Banking Comission).

Ўзбекистон шароитида ҳам молия бозори макрорегуляторини тезроқ тузишни мақсадга мувофиқ объектив ҳолат деб билиш мумкин.

Ўзбекистонда макрорегуляторни тузиш келажакда молиявий глобаллашув жараёнларига осонроқ ва тўлиқ қўшилиш имконини бериши мумкин бўлиб, жаҳонда ривож топиб бораётган қуйидаги иқтисодий тенденциялар ва назарий концепциялар билан белгиланади:

- молия институтлар ва улар инструментларининг универсаллашуви;

- молия бозорларининг турли сегментларида фаолият юритувчи молиявий конгломератларни ташкил топиши;

- молия институтларининг бир-бирлари ўртасида ўзаро молиявий инструментлар билан алмашиниши;

- миллий регулятив нормаларнинг ўзаро унификациялашуви, стандарталашуви ва мослашуви йўли билан миллий молия бозорларнинг интернационаллашуви ва глобаллашуви, молия бозорлари қатнашчилари фаолиятининг информацион транспарентлилиги (9.1 ва 9.6-чи параграфларга қаралсин) ва рисксизлилик даражаларини ортиб бориши;

- молиявий инструментларнинг диверсификацияланишида Интернет-молиявий бизнесни жадал ривожланиши;

- молия бозорлари индустрияси сифатини бошқаришнинг комплекс тизимларини шаклланиши;

- молия соҳасида финансометрика (секьюриметрика) ва молия инжинирингини жадал ривожланиши, уларнинг асосида банкларникига ўҳшаш молиявий маҳсулотларнинг ва секьюритизациялашган активларнинг ҳажмини тез ошиб бориши;

- умуман олганда умумжаҳон миқёсида глобаллашув жараёнларини жадаллашуви билан боғлиқ бошқа ҳодиса ва воқеликлар.


Молия бозорининг регулятив инфратузилмаси

Молия бозорининг регулятив инфратузилмаси институтларига қуйидаги давлат органлари киради ва улар қонунчилик билан бириктирилган тегишли ваколатларга эга.

Асосий органларга Марказий банк, Молия вазирлиги, Давлат мулкини бошқариш Қўмитаси ҳузуридаги қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Маркази (қуйида қисқача Марказ деб юритамиз) киради. Молия бозорида антимонопол сиёсатни кўрсатиб ўтилган органлар билан биргаликда монополиядан чиқари, рақобатни ривожлантириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш Давлат Қўмитаси амалга оширади. Молия бозорига таъсир кўрсатувчи фискал сиёсатни эса Молия вазирлиги, Давлат солиқ Қўмитаси ва Давлат божхона Қўмитаси биргаликда олиб боради. Молия бозорига оид ташқи иқтисодий фаолият билан боғлиқ масалаларни Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият вазирлиги (Агентлиги) иқтисодиёт вазирлиги биргаликда амалга оширади.

Мавзу: Жаҳон молия бозорининг замонавий тенденциялари ва муаммолари.
Жаҳон молия бозори молиявий глобаллашув жараёни маҳсули бўлиб, индустриал мамлакатларни умумжаҳон миқёсда иқтисодий самарадорлигини кескин оширди. Лекин бу жараён ривожланаётган мамлакатлар ривожига ижобий таъсирдан кўра кўпроқ салбий таъсир кўрсатиши ҳозирда барчага аён бўлиб қолди. Бунинг сабаби ривожланаётган мамлакатлар иқтисодиёти индустриал давлатлар иқтисодиётига кўпдан боғлиқлигида деб билиш мумкин. Аммо бунга қарамасдан ривожланаётган мамлакатлар иложи борича молиявий глобаллашувнинг ижобий тарафларини ўзларида жорий қилишни тинмай давом эттирмоқдалар (қуйидаги жадвалга қаралсин). Бунга мисол: Марказий ва Шарқий Европа мамлакатлари, Россия, Қозоғистон, Укранина, Латвия, Литва, Эстония, Ҳитой, Индонезия, Малайзия, Сингапур, Корея, ЖАР, Бразлия, Чили, Аргентина ва ҳ.к. давлатлари. Бу мамлакатларнинг борган сари жаҳон молия бозоридаги салмоғи (3.1 параграфда келтирилган умумий индикаторлар бўйича) ошиб бормоқда, молиявий глобаллашув жараёнларига қўшилиши тезлашмоқда, натижада иқтисодий самарадорлиги сезиларли ортмоқда.
Операцияларнинг турлари ҳар бир қатнашчининг молия бозоридаги функциясига мос равишда тартибли тарзда бажарилади. Операциялар молия бозорининг у ёки бу сегментида бажарилишига қараб турланиши мумкин. Масалан, валюта сегментида – валюта операциялари, фонд бозорида – қимматли қоғозлар билан боғлиқ операциялар, кредит-пул сегментида – пул, пул воситалари ва кредит операциялари, суғурта бозорида – суғурта операциялари ва ҳ.к.

Молия бозори сегментларидаги операцияларни умуман олганда икки катта гуруҳга ажратиш мумкин: тижорат (бизнес) операциялари, регулятив операциялар. Тижорат операциялари битишув предмети бўйича эмиссион, инвестицион, савдо-сотиқ ва ҳизмат кўрсатиш операцияларига бўлинади. Регулятив операциялар савдо-сотиқ ва ҳизмат кўрсатиш операцияларини микро- ва макродаражада тартиблаштиришга (лицензион битишувга асосан регулятив меъёрларга мос равишда) қаратилган бўлиши мумкин.

Келтирилган операциялар турлари ички (миллий) бозорда ва халқаро (ташқи) молия бозорларида бажарилиши мумкин.

Молия бозорларида ҳар қандай операцияларни бажариш регулятив тарзда меъёрланган бўлади. Операцияларнинг ҳажми молия бозоридаги талаб ва таклифга боғлиқ бўлиб, амалга оширилиши сифати эса молия бозори талабларидан келиб чиқади.

Регулятив операциялар молия бозорини тартиблаштирувчи институт-лар томонидан амалга оширилади.

Эмиссион, инвестицион ва ҳизмат кўрсатиш (сервис) операциялари молия бозорларининг тегишли қатнашчилари (институтлари) томонидан амалга оширилади.

Савдо операциялари савдо тизимлари ёрдамида амалга оширилади. Эмиссион, инвестицион, сервис ва савдо операцияларида молия бозорининг барча қатнашчилари меъёрий тарзда белгиланган тартибда бевосита ва билвосита иштирок этадилар.
Ўзбекистон молия бозорини жаҳон молия бозорига интеграциялашуви жараёнларини тезлаштиришда айниқса қуйидагиларга асосланиш мақсадга мувофиқ:

- Европа Иттифоқининг 1993 йил 10 май кунида қабул қилган Директивасига;

- Халқар ўттизлик Гуруҳининг 20 тавсияларига (6.5 параграфга қаралсин);

- ЕврОсиё Иқтисодий Ҳамжамиятига аъзо-давлатларнинг амалдаги қонунчилик ҳужжатлари, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи-давлатлари Парламентлараро Ассамблеясининг 2001 йил 24 ноябрда Санкт-Петербург шаҳрида 18-7-сонли Қарори билан тасдиқланган, “Қимматли қоғозлар бозори тўғрида”ги Моделли қонуни, ҳамда АҚШ, Германия, Буюк Британия, Корея, Япония ва бошқа мамлакатлари қимматли қоғозлар бозорининг фаолият кўрсатиш механизмлари ва тартиблаштирилиши қисмига оид қонунчилик ҳужжатларига;

- миллий банк тизими моделини ислоҳ қилиш, бунда банкларнинг очиқ молия бозорларидаги операцияларига катта эътибор бериш лозим;

- миллий суғурта тизми моделини ислоҳ қилиб инвестицион ва эмиссион операцияларига катта эътибор бериш зарур;

- корпоратив бошқарув сиёсати моделини такомиллаштириш лозим, бунда миноритар инвесторларнинг хуқуқларини ҳимоялаш ва қонуний манфаатларини таъминлашга катта аҳамият бериш лозим;

- хусусийлаштириш механизмини такомиллаштириш лозим;

- молиявий инструментлар турларини кўпайтириш ҳамда улар ва уларнинг базисларининг ўзаро эквивалентлилик даражасини таъминлаш;

- молия бозори ва иқтисодиётнинг ўзаро эквивалентлилик даражасига эришиши;

- молия бозори эмитентларининг эмиссия, инвестиция, даромад ставкалари сиёсатлари (стратегиялари) оптимал балансини таъминланишига катта аҳамият бериш зарур;

- муддатли қимматли қоғозлар (деривативлар) бозорини кескин шакллантириш зарур;

- коллектив инвесторларни кескин кўпайтириш;

- очиқ ва шаффоф бирламчи ҳамда давомий, мунтазам, узлуксиз, шаффоф фаолият юритувчи иккиламчи бозорни ривожлантириш лозим;

- молия бозори индикаторларининг ўрта муддатда ҳеч бўлмаса минимал чегаравий миқдорларига эришиш ;

- секьюриметрик (финансометрик) таҳлил ва молия инжинирингини кескин ривожлантириш зарур;

- молия бозоридаги фаолият рискларини самарали бошқаришни таъминлаш;

- молия бозори индустрияси сифатини бошқаришнинг комплекс тизимини тузиш лозим;



- молия бозори макрорегуляторини тўзиш мақсадга мувофиқ ;

- мамлакат ва кредит рейтингларининг яҳши кўрсаткичларига эришиш лозим ва ҳ.к.

Достарыңызбен бөлісу:




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет