Мухбирликнинг олис йўллари” (Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист болалар публицисти ва адиби Эркин Малик ижодий сиймосига чизгилар)



бет2/5
Дата14.07.2016
өлшемі0.62 Mb.
#197982
1   2   3   4   5

Улар бир сафда эдилар...

Хотира инсон учун энг оромбахш туйғу. У болаликдан кишига ҳамроҳ, қалбига сирдош, кексайганда эса ягона дардкашдир. Энг ширин ўйлар, дил ардоғидаги дўстлар чеҳраси намоён унда. Орадан йиллар ўтиб, бу ҳаётдан кўз юмган қадрдонлар ҳам хотирада абадий яшайверадилар. Баъзилари эса кексайиб, куч-ғайратга тўла йигитлик шиддати, қайноқ меҳнат шижоатидан узоқлашса ҳам хотирада яна ўша жўшқин сиймоси гавдаланаверади. Хотира ёзиш эса , аввало, қалб амри. Уни буюртма билан ёзиб бўлмайди. Ёмғир ва қор сувларини ўзига сингдириб-сингдириб, бир жойдан қайнаб чиққан тоғлардаги булоқдек, юрак тубидан мустаҳкам ўрин олган ҳодисалар, айрим инсонлар тақдирига эҳтиром тўла муносабат бир куни юракдан отилиб чиқади ва ёзишга даъват этади. Зеро, Э.Малик ижодида ҳам касбдош, сафдош дўстлари ҳақидаги хотиралар алоҳида туркумни ташкил қилади. Бу туркумдаги очерклар, аввало, болалар журналистикаси тарихи, сўнгра, журналистик бурч, фаолият, тажриба намунаси сифатида эътирофга сазовор; қолаверса, бу хотираларда етук адиблар ҳаётининг энг ёрқин лавҳалари акс этган. Умуман, уларда қаҳрамонимизнинг дўст ва устозларидан олган сабоқлари, ўрганган ва ўргатганлари яққол гавдаланади.

Муаллиф Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Давлат мукофотининг лауреати, ўнлаб шеърий тўпламлар, қиссалар, романлар муаллифи, ўтган асрнинг 60-йилларида “Ленин учқуни” газетасининг мактаб бўлимида ишлаган Омон Мухтор ҳақида ёзар экан, унинг илк ижодий машқларидаёқ дадиллиги, бадиий деталларга эътибори, қироатхонлиги кабиларни алоҳида таъкидлайди. “У жамоамизда бамисоли чақмоққа ўхшарди,-дея ҳикоясини бошлайди Э.Малик, -юрса ҳам, гапирса ҳам нимадир юз-кўзларида “ярқ-ярқ” этиб кетарди. Сўзлари дона-дона, аниқ ва зарбли эди. Бутун вужуди билан гапирарди...” Муаллиф айрим воқеаларни фикрининг далили сифатида келтириб ўтади. Эсланишича, бир куни у (Омон Мухтор-О.С.Б.Ж.) ўтирган жойида Саид Аҳмадга қўнғироқ қилиб, қисса ёзганини, вақтлари бўлса ўқиб бермоқчилигини айтади. Саид Аҳмад келтириб бер, ўзим ўқиб оламан, деганда, Омон Мухтор у кишига асар қўлёзма ҳолидалигини, маъқул бўлсагина машинкалатмоқчи эканини айтади... Саид Аҳмад ҳам шогирдини тўғри тушуниб, орадан бирор соат ўтмай, қаердандир етиб келади-да: -Ўқи, ёзганингни эшитаман,-дейди. Омон Мухтор бир даста қўлёзмани стол устига уйиб қўяди. Саид Аҳмад бир қўзғалиб, қўлёзмага қараб қўяди. О.Мухтор катта-катта ҳарфлар билан ёзар, ўн-ўн беш қатор билан битта қоғоз тўларди. Омон Мухтор ёзганларини одатдагидек, шеър ўқигандек ўқирди. Саид Аҳмад кўзларини юмиб, ўзини ўриндиққа ташлаб олган эди...

“Шуларни эслаб, ўзимча ўйлайман,-дея таъкидлайди Э.Малик,-ижодкор деганлари ё у ёғлик, ё бу ёғлик бўлиши керак экан-да. Ўрта миёна бўлдими, ўтмас пичоқдек ўзини ҳам қийнайди, ўқувчини ҳам. Назаримда ўта андишали бўлиш, тортинчоқлик ижодкорни ўлдиради. Улоқларда чавандоз отини ўйнатиб, майдонга кириб келади. Қўрқа-писа эмас. Омоннинг Саид Аҳмад акадек ёзувчига мен янги асар ёздим, ўқиб бермоқчиман, дейиши ана шу чавандозни эслатади кишига... ”



Муаллиф Омон Мухторнинг Саид Аҳмадга ўқиб берган қиссаси мазмунини, мавзусини айтиб ўтирмайди. Энг муҳим бир детальни таъкидлайди: “Сирлари кўчиб, афтодаҳол бўлиб қолган дераза қанотини шамол аста очиб, ёпиб ўйнайди. У очилганда ҳам, ёпилганда ҳам “шириқ”, “шириқ” овоз чиқаради...” Э.Малик бундай нозик нарсаларга эътибор қаратиш--ҳақиқий ижодкорларга хослиги, бундай тасвир чинакам бадиий асар, адабиёт намунаси эканлигини эътироф этади. Шу тариқа, Омон Мухторнинг илк ижодидаги шиддаткорлик ҳамда катта адабиётга шахдам қадами таърифланадики, бундай мулоҳазалар ёш қаламкашлар учун ҳамиша ибратлидир.

Бундай эътироф муаллифнинг Тоҳир Малик ҳақидаги хотираларида ҳам мавжуд. Зеро, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, ўнлаб қисса ва романлар, киносценарийлар муаллифи, ўша 60-йилларда газетанинг ҳарбий ватанпарварлик ва спорт бўлимида ишлаган бу ижодкорнинг адабиёт оламига кириб келиши ўзига хос кечганлигини англаш мумкин. Э.Малик ҳикоя қилишича, Т.Малик кечки ўқишга кирибоқ, газетага ишга келган. Шунинг учун у ўнинчи синф ўқувчисига ўхшаб кўринар, ўзи ориқ, бўйлари ҳам узун экан. Унинг ўша давр журналистикаси учун ноёб фазилат саналувчи сурат олишга ишқивозлиги кўпчиликка танилишига сабаб бўлади. “Тоҳир ёшлигида ҳам ҳозиргидек кам гап, камсуқум эди,-деб эслайди муалиф, -индамай, билиб-билиб ишини қилаверарди. Ёзса столдан бош кўтармасди. Тепасига бориб бир нима демоқчи бўлсак, бир қараб қўярди-да, яна қоғозни қитирлатаверарди. Анчадан кейин “боя нима демоқчи эдингиз” деб сўрарди. Сафар Барноевга ўхшаганлар: -э, бор тошингни тер, пойиз кетиб бўлди, шоир,-дерди. Сафар атайлаб “шоир” деб Тоҳирнинг жиғига тегишни яхши кўрарди. Тоҳир бўлса: -Билиб қўйинг, мен шоир эмасман,-деб ғудранарди. –Нима, биз шоирлар одаммасми ҳали, сенга,-деб Сафарнинг жаҳли чиқарди.-У ёғини билмадим-у, ҳар қалай мен шоир эмасман,-деб бўш келмасди эркатой укамиз.” Муаллиф Тоҳир Малик билан боғлиқ ҳикояда унинг ёзувчилик маҳоратини жонли воқеалар мисолида янада теранроқ ойдинлаштиради. Таъкидланишича, ўша кунларнинг бирида Тоҳир Малик оғизга тушиб қолади. Бўлим мудири Ҳамид ака Жалолов газета муҳокамасида Тоҳирнинг “5-“А” ва ҳафсала” мақоласини роса мақтайди. Адабиёт бўлимининг мудири Ўктам Усмонов ҳам “яхши” деб қўяди. Демак, у кишига ҳам ёқибдими, мақола зўр. Мақола воқеаси шундай: 5-“А” синф ўқувчиларидан “ҳафсала” аразлаб, кетиб қолади. Натижада “2”чилар кўпаяди. Ҳафсалани қандай қилиб синфга қайтарса бўларкин? Ҳамма гап шунда. Мақоланинг муҳокамасида кимдир “Тоҳир фантастик элементдан жуда моҳирона фойдаланган, шунга бошқача чиққан” дейди. Шу муҳоамадан кейин Т.Малик газетачилар сафига тасодифан келиб қолмагани англашилади. У Қуддус Муҳаммадийнинг “Ёш қаламкашлар” тўгарагида қатнашган, мактабда ўқиб юргандаёқ “Гулхан” журналида ҳикоялари босилиб чиққани сафдошларига маълум бўлади. У ҳатто ўша йиллари машҳур бўлиб кетган “Фарғона тонг отгунча” романининг муаллифи Мирзакалон Исмоилийнинг жияни эканлиги ҳақида ҳам лом-мим демайди. “Тоҳир бошқаларга ўхшаб кўзга ташланишни унча хуш кўрмасди,-таъкидлайди Э.Малик. Ҳикояларини эълон қилишга шошилмасди. Тоҳир биз учун қийин бўлган спорт ва ҳарбий ватанпарварлик мавзуидаги мақолалар билан газетани тўлдирарди. Билсак, отаси Абдумалик ака мактабда ҳарбий спорт ўқитувчиси эканлар.” Шунингдек, муаллиф ўз касбдоши ютуқлари ҳақида гапира туриб, унинг рус тилини яхши билиши, катта-катта шаҳарлардаги ҳарбий спорт ўйинларига мухбир сифатида иштирок этишини алоҳида таъкидлайди. Кунлардан бир кун эса Тоҳир Маликнинг “Шарқ юлдузи” журналида “Ойга сафар” деган фантастик ҳикояси босилиб чиқади. Яна “Ҳикмат афандининг ўлими” қиссасини ёзиб, нашриётга топширгани маълум бўлади. Шунда Сафар Барноев уни бағрига босиб: “Қачон ёза қолдинг бунақачикинларни, шоир, икки ўртада бизни синдирдинг-ку”, деган экан. Т.Малик суратчилик қилиб, мақолалар ёзиб, сафарларда бўлиб, ҳикоя ва қиссани қачон ёзишга улгуриши касбдошлари қатори Э.Маликни ҳам ҳайратлантирган. Яна, янги йўналиш-фантастикада. Ёш бўлишига қарамай, Тоҳир Маликнинг бу соҳа бошловчиларидан бири бўлиши чиндан-да, диққатга сазовор эди. Муаллиф Тоҳир Малик бадиий оламини ёзувчининг бугунги асарлари арсеналини назарда тутиб, унинг аслида севимли болалар газетасида танглайи кўтарилгани ва ижодга шов-шувсиз кириб келганини таъкидлайди. Катта ишларни ният қилиб, “туя миниб олисни кўзлаган”и уқтирилади. Бинобарин, Тоҳир Малик жим юриб, тап этиб бир нарса ёзиб қўйиши ва иккита-учта ашаддий, юз-хотир қилмайдиган дўстлари қўлига топшириши ҳақидаги ҳақиқат ҳам шу маънода эътирофли. У мақтовларга эмас, асосан, эътирозларга эътибор қилиши, яна бирор китоб ўқиса конспектлаштириш фазилати алоҳида қайд этиладики, бу ҳам бугунги ёш авлодга ибрат бўлгулик. “Унинг ёзганларини бир томчи деб олсак, ўқиганлари денгизга ўхшайди”,-дея лутф қилади муаллиф. Ва таъкидлайдики, унинг (Т.Маликнинг-О.С.,Б.Ж.)сўзлаганда дудмал эмас, аниқ –тиниқ гапириши, оғиздан чиққан ҳар бир ноаниқ ёки ёлғон сўз учун у дунёда жавоб беришдан қўрқиши кабилар журналистлар юқтириб оладиган яхши фазилат.

Дарвоқе, Э.Малик бу каби фазилатларни ўша вақтлари, аввало, ўзига юқтиради ва бу ҳақда айрим иқрорларни келтиради. Шунингдек, болалар газетасида ишлаган адибларнинг бадиий олами, ижод услуби, журналистик маҳорати ёш қаламкашлар учун ибрат мактабини ўтайди. Бундан ташқари, маллифнинг Ҳабиб Саъдулла, Ўктам Усмонов, Сафар Барноев ҳақидаги хотиралари том маънодаги ёднома эканлиги билан эътирофли. Чунки бир сафда, бир газетада, баъзан бир хонада узоқ ишлаган, садоқатли касбдошлар жуда озчиликни ташкил қилади. Э.Малик ҳам шундай ижодий муҳитга насибаси қўшилганидан хурсанд бўлгани ҳолда, улар тўғрисида ёзишни бурчи, деб билади. Ёзганда ҳам самимий, истеъдодига ҳавас, ижодига холис назар билан нигоҳ ташлайди. Энг ибратли фазилатларини жонлантиради. Айтайлик, Ўзбекистон халқ шоири, бир қанча шеърий китоблар муаллифи, хатлар бўлимини бошқарган Ҳабиб Саъдуллани эслаганда унинг прозада поэзиядан кам ёзмаслигини, ўз ишини меҳр ва садоқат билан бажаришини, ҳатто суратларнинг таг сўзларигача қаттиқ эътибор қилинишини қаламга олади. Тинч океанида ҳарбий хизматни ўтаб, битта шеърлар тўплами нашрдан чиққан Ҳабиб Саъдуллани болалар газетасига олиб келган Шуҳрат домла: “Танглайи шетта кўтарилса, дейман”,-тарзида лутф қилади. “Шуҳрат аканинг гаплари мени анча ҳаяжонга солиб қўйди,-таъкидлайди муаллиф,-демак, даргоҳимизнинг бошқа муҳурририятлардан афзаллик жойи бор экан-да. Биз бўлса катта даргоҳларни орзулаб юрамиз. Ўйлаб қарасам, беғубор болалар олами бизларни ҳам самимий бўлишга ундарди...” Шу муносабат билан болалар редакциясидаги ўзига хос муҳит, қатъий тартиб-интизом, бош муҳаррир Суҳроб Йўлдошевнинг бу борадаги талабчанлиги эътироф этилган. Натижада Ҳабиб Саъдулла ҳам чин маънода ана шу муҳитда камол топганлиги ойдинлашган.



Ўктам Усмонов ҳақидаги хотиралар янада ибратли воқеаларга бой. Эътироф этилишича, у киши болалар газетасида эълон қилинган оддий хабарларгача адабиёт кўзи билан қараркан. Муҳокамаларда нима деркин деб ҳамма шу ёзувчининг оғзини пойларди. Бир куни Ўктам ака қаердандир таржима қилиб, босилган кичик хабарни мақтаб қолади. “Текис йўл яхшими?” сарлавҳали бу хабарда ойнадек текис йўллар жуда ҳам яхши эмаслиги, у машина ғилдиракларидаги ишқаланиш кучини камайтириб, моторни зўриқтириб, тезликни оширишга халақит қилиши ҳақида ёзилган бўлади. “Биз ҳамиша яхшини яхши деб ўрганиб қолганмиз, лекин яхшини мана бунақа томонлари ҳам борлигини ўйлаб кўрмаймиз”,-дейди ёзувчи ўшанди. Бу тагмаъно гап кўпроқ ҳикоямиз қаҳрамонига таъсир қилади. “Ёзганларимда,-дея иқрор бўлади муаллиф,-нуқул фалончи жуда одобли, шунинг учун ҳамма фанлардан “5” баҳога ўқийди, деб бир хил қолипда ёзардим. Худди текис йўл ҳамиша яхши бўлади, дегандек.” Э.Малик шу воқеадан кейин мактабнинг фахрига айланган аълочи қаҳрамонларини танқидий ўрганишга киришади. Бир сафар фақат ўзим бўлай деб бошқалар билан иши бўлмайдиган аълочи ҳақида ёзади. Кейинчалик аълочиман деб синфдошларини менсимай қўйган болани нишонга олади. Яна шундай аълочиларнинг оила муҳитидаги дангасалигини қаламга олади. Ҳатто аълочи бўлмасаям кўпгина ишлари ибратли болалар ҳақида ёзади. Ана шу ёзганлари ҳам яхши баҳо ҳам олади. Шу тариқа, Ўктам аканинг бир оғиз сўзидан муаллиф ўзи учун керакли хулоса чиқариб олганлигини қайд этади. “Кўпинча танганинг орқа томони ҳам борлигини эсдан чиқариб қўяр эканман-да. Демак, мухбир бирор нарса ҳақида ёзса уни ҳамма тарафлама кўра олиши керак. Шундагина холис фикр юрита олади. Ёзганлари ишонарли чиқади.” Ҳа, бу муаллифнинг самимий иқрори ва ёзувчига айта олмаган дил изҳори. Аммо бу “Қизим сенга гапираман, келиним сен эшит”, дегандай гап. Жуда кўп ёш журналистлар, болалар шоирлари ва адиблари ўз қаҳрамонларини бир ёқлама талқин этадилар. Идеал ижобий, ғирт салбий образ яратишга интиладилар. Муаллиф шуни назарда тутиб, ўзи мисолида ҳақиқатни баралла айтмоқда.

Э.Малик Ўктам Усмонов билан боғлиқ яна бир ижодий сабоқни тилга олади. “Бир куни Ўктам ака,-деб эслайди муаллиф,-Янгийўлдан қатнашингизни биламан, шу районда Назарали ота Ниёзов деган машҳур пахтакор ўтган, айтишларича, деҳқончилик қилиб бўлмайдиган қиямалак жойларда барака пахталари етиштирган экан, вақт топиб, шуни бир ўрганиб келсангиз, деб қолдилар. Мен бунақа мавзуда ёзмаганим учун :-Ўрганиб келсам бўлдими?-дедим ёзишим шарт эмасми дегандек. Ўктам ака “ҳа” дедилару кулиб қўйдилар.”

Муаллиф ёзувчининг илтимосини пайсалга солмайди. Дам олиш куни-шанба ва якшанба Назарали ота яшаган қишлоққа боради. У киши ҳақида шоир Уйғун “Назир отанинг ғазаби” деган шеър ёзганлиги ва бу дарсликларга киритилиб, машҳур бўлиб кетганидан хабардор эди. Шундай бўлса-да, икки кун қишлоқда бўлиб, ота ҳақида шунчалар кўп маълумот тўплайдики, ёзса бир китоб бўладиган. Ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаган оддий деҳқоннинг “Барака” деган пахта навини яратиши, “Бош бармоқ-беш бармоқ” суғориш усулини кашф этиши ва бу эзгу ишлар бир муҳаббат қиссасига бориб боғланиши уни чиндан ҳам қизиқтириб қўяди. Эшитишича, ота ёшликда бир қизни ёқтирган. Пахта терими мавсумида қишлоқларда “уччаноқ”, “барака” деган ўйинлар бўлади. Теримчи қўшчаноқ-барака пахта топиб олса бошқалардан суюнчи сўрайди. Эшитган-кўрган баракасини –бир сиқим пахта беради. “Уччаноқ” ўйинида эса уни топган ҳадди сиққан кишидан бирор истагини сўрайди. Назарали қишлоқдаги бир қизга ўз туйғусини уччаноқ орқали билдириб қўймоқчи бўлади. Қиз йигитни тушунади ва майлини билдириб, “барака” пахта беради. Бу совчи қўйишга бир ишора эди. Лекин бу ҳодиса гап-сўз бўлиб кетиб, ота-она қизини бошқа қишлоққа узатиб юборади. Йигитда ўзи ёқтирган қиздан ёдгор бўлиб “барака” пахтагина қолади. Орадан вақт ўтиб, бу пахта томарқада пахта бўлиб ўсиб чиқади. Унинг ҳар тупи одам бўйидан баланд, бари қўшалоқ кўсакка эга. Муродига ета олмаган ошиқ бу нав уруғини кўпайтиришга тушади. Бу нав совуққа чидамли, илдизи бақувват эди. Бутага ўхшаб шохлаши оқибатида қирқтагача қўшалоқ кўсак тугади. Хуллас, “Барака” нави олдин звено, кейин бутун бошли бригада ерларини эгаллайди. Ҳосилдорлик юқори бўлади. Яна бу энг ноқулай жой-баланд-паст қиямалик майдонларда етиштирилади. Назарали ота бу дароз ғўзаларни сувга қондириш учун қамишдан найчалар ясаб, томчилатиб суғориш-бош бармоқдек сувни бешта эгатга тақсимлашни ўйлаб топади. “Мен ўшанда нима учун ота яратган “Барака” уруғи йўқолиб кетгани билан ҳам қизиқдим,-воқеага муносабатини билдиради муаллиф,-бунақа шохлаб ўсадиган ғўза навининг келажаги йўқ, уни машинада териб бўлмайди, дейишган.” Шундай қилиб, муаллиф отанинг меҳнати ўз вақтида муносиб тақдирланиб, Меҳнат Қаҳрамони унвонига сазовор бўлгани, дунёдан ўтгач, колхоз у киши номига қўйилганини-да билиб олади ва ота ҳақидаги бор гапни Ўктам акага айтиш билан бирга, шу ҳақда ёзганларини “Гулхан”да, газетада (“Ленин учқуни”-О.С.Б.Ж.) бостириб чиқаради. Аён бўладики, Ўктам ака “Гирдоб” романи учун маълумот тўплаб юрган ва ўзи ҳам бир неча марта Янгийўл томонларга қатнаб, пахтакорлар ҳаётини чуқур ўрганган.

Эътиборли томони, шу воқеа сабаб бўлиб муаллиф ўзини журналист сифатида қайта кашф этади. У, аввало, ўзи яшаб турган жой тарихини, унинг таниқли одамларини яхши билиши керак, деган хулосага келади. Бундан ташқари, муаллиф журналистнинг мен бу соҳани ёза олмайман дейишга ҳаққи йўқлигини англаб етади. Не бўлганда ҳам Ўктам Усмоновнинг муаллифни бу ишга сафарбар қилишида ўзига хос устоз-шогирдлик мактабини кўриш мумкин. Бу ишни унга ишониб топшириши ҳам шунчаки тасодиф эмасдир. Балки болалар журналистининг ҳар бир ишга сидқидилдан ёндашиши ёзувчи эътиборини тортган ёки бу каби топшириқлар орқали ёш журналистларни кенг қамровда фикр юритишига даъват этишдир. Ҳар ҳолда хотира муалифи Ўктам Усмоновни ана шундай устоз сифатида ёдга олади.

Ўзбек болалар журналистикаси ҳақида гап кетганда Сафар Барноевни эсламаслик мумкин эмас. Буни унинг содиқ сафдоши Э.Малик яна бир карра эътироф этади. “Болалар олами сафар Барноевсиз ҳувиллаб қолди,--дейди у ҳақли равишда. Ўйноқи шеърлар, қўшиқлар янграмай қўйди...” Дарҳақиқат, Сафар Барноев мустақиллигимизни жўшиб-жўшиб куйлаган адиблардан. Болалар матбуотининг фидойи ходими, газетанинг адабиёт бўлимини бошқарган, “Офарин” мукофотининг совриндори Сафар Барноев ҳақида ёзишни Э.Малик анча илгари дилига тугиб қўяди. Лекин энг қадрдон дўсти ҳақида ёзиш унга осон кечмайди. “Мабодо ёзсам, Сафардаги самимийликни, чапаниликни, мардликни, жўмардликни қандай бўлса, шундайлигича ёза оламанми, йўқми деб қўрқардим”,-дейди муаллиф. Хотира муаллифи бу ёдномага қўл ураркан, дўстидан олган сабоқлари, унинг адиблик истеъдодига ҳавасини яширмайди. “Ўшанда мен ишдан совиб, иккиланиб юрган пайтларим эди, -деб ҳикоя қилади муаллиф. Омонга, Ҳабибга, Сафарга, Тоҳирга ўхшаб қарсиллатиб ҳикоялар, шеърлар, қиссалар ёзолмасдим. Мактаб ҳаётига оид мақола, нари борса очеркларим деярли ҳар сонда чиқарди. Бу мени қониқтирмасди. Буни устига Янгийўлдан қатнаб ишлардим. Анча вақтим йўлга кетиб қоларди. Бир-икки Янгийўл шаҳар кутубхонасига кирсам, ўз соҳангиз бўйича ишламайсизми, сизга ўхшаган мутахссислар жуда керак, деб қолишди. Ўзимча узил-кесил қарорга келиб, энди ариза ёзаман деб турсам, Суҳроб ака Сафар иккимизни Сирдарёга командировкага юборадиган бўлиб қолдилар. Муҳарриримиз Сафарга қараб:-Газетага ҳадеб шеър, ҳикоя туширавермасдан, бундоқ мақола-соқола ҳам ёзиб туринг,-деб менга қараб қўйдилар. Гўё мен Сафарга мақола ёзишни ўргатадигандек. Сафар бўлса ўнта мақоладан ўн қатор шеър яхши деб юради... ” Шундай қилиб, икки дўст Сирдарёга жўнашади. Тоғлар орасида жойлашган болалар оромгоҳларида бўлишади. Мухбирлар асосан бирга юришса-да, Сафар Барноев бирдан йўқолиб қолиб, холироқ жойга бориб, шеър ёзади. Кечаси тадбирда уларни ўқиб бериб, роса олқиш олади. Э.Малик эса дафтарни янги маълумотлар билан тўлдиришга ошиқар, болалар кечки овқатдан сўнг нималар билан бандлигини аниқлашга ҳаракат қилади. Шунда Сафар Барноев уни бир четга тортади-да:

-Жонга тегмадими, шоир, дейди.

–Нима?, -ҳайрон бўлиб сўрайди Э.Малик ундан.

-Мақола ёзиш-да.

-Ўзимам шуни ўйлаб юрибман, ишдан кетмоқчиман,-дейди муаллиф ёрилиб.

-Э, Усмон аканинг гапини айтаяпсизми, қўйсангизчи,-деб қўл силтайди шоир.

Бу билан Усмон Юсупов деган ҳамкасб дўстларининг “Шундан шунга мақола ёзаман деб, қатнаб ишлаш зарилми?”,-деган гапига шамаъ қилинётганига муаллиф тушунади ва “Усмон акага раҳмат, ростини айтиб, кўзимни очдилар”,- деб қўя қолади. Аслида бу гап унга алам қилган эди. “Тўғри гап туққанингга ёқмайди, дейишади-ку”,- инкор этмайди Э.Малик.

-Сизам ҳадеб мақола ёзаверманг-да, шоир, - дейди Сафар Барноев.

-Бўлимим шу-ку, мана сизни ҳам мақола ёзиб ке, деб жўнатишди-ку!

-Бу ёққа юринг, -деб уни стадион томонга бошлайди Сафар Барноев.

Стадионлар қоронғи тушиши билан ҳувиллаб қоларди. Холироқ деб дўсти уни ўша ёққа бошлайди ва дўстига тушунтиради: -Қўйинг, бу гапларни, ким билан дўстлашдинг, қанақа китоб ўқидинг, неча кило семирдинг, деган гапларни айтаяпман-да. Биласизми, бу оромгоҳда ёзадиган бошқа нарсалар бор... Шундай деб Сафар Барноев аввал чироқ ёруғида янги ёзган шеърларини ўқиб беради. Болаларни уйқуга чорловчи горн овози янграйди. Муаллиф режаси савил қолганидан, бетоқатланади. Буни сезган С.Барноев:-Рўпарадаги шийпонни кўряпсизми?,-дейди шивирлаб. Шу ердаги болалар орасида битта “лунатиги” бор экан. Уйқусираб, кундузи чиқолмайдиган дарахтларга маймундек тирмашиб чиқиб тушар экан. Шийпоннинг ингичка тўсиғи устида бемалол юриб, устунларни айланиб ўтар экан. ...Бола ўрнидан туриб ҳаракат бошлаши билан тарбиячи опа бизга ишора қилади. Лекин эҳтиёт бўлиш керак, бола уйғониб кетса, йиқилиб майиб бўлиши турган гап. Хўш, бу ҳақда ёзсак, ўқувчиларга қизиқарли бўладими? “Мен ҳа, дегандек бош қимирлатиб қўйдим,-эслайди муаллиф. Сафар ҳақ. Чунки бу воқеага ўзимиз шунчалик қизиқаяпмизми, бошқаларнинг ҳам қизиқиши табиий.”

Аммо икки дўст ўтирганларида бошқа бир саргузашт устидан чиқиб қоладилар:-Ие, ўзлари-ку, ановини қаранг,-муаллифнинг йили илон бўлгани учун ҳазиллашиб уни туртади дўсти. Катта бир қора илон стадионда сургаланиб келарди. Шундан кейин улар чироқ ёруғидаги илонни чалажон ҳашаротларни қандай ҳамла билан тутиб егани, сўнгра иккинчи илон судралиб майдонга чиққач, улар ўртасида қизғин жанг боргани, аёвсиз курашда енгилгани эса мардларча ўлжани ташлаб чиқиб кетганига гувоҳ бўладилар. Нариги томошани кейинги тунда кузатгач, муаллиф ана шундай қизиқарли воқеларни ҳикоя қилиш завқини дўсти ёрдамида уқиб олган эди. “Мен бу ижодий сафардан тамоман бошқача бўлиб қайтдим. Дўстим Сафар мени бошқа бир йўлга солиб юборгандек бўлди, ”-таъкидлайди муаллиф.

Э.Малик оромгоҳда кўрганларини жуда равон, мароқ билан ёзади ва остига дўстининг ҳам исмини унинг норозилигига қарамай, қўшиб қўяди. Ҳамма Сафар Барноевни олқишлайди. Худди мақолани у ёзгандай. Шунда шоир яна чидаб туролмай: -Мен бу мақоланинг бир сатрига ҳам қўл урганим йўқ, мақтовларнинг ҳаммаси меҳнат қилган дўстимники,-дея муаллифини кўрсатади.

–Унда нимага фамилия қўйдингиз?-гапини бўлади муҳаррир.

-Сиздан қўрққанимиздан.

-Унда сиз нима қилдингиз?

-Ўз ишимни қилдим, янги шеърлар ёздим... Келгуси сонда Сафар Барноевнинг янги шеърлари эълон қилинади.

Бу сатрларни ўқир экансиз, унинг муаллифи шунчаки ўтмиш воқеаларни эслашни эмас, катта ижод мактабининг сабоқларини ёдга олишни мақсад қилганлигини англаш мумкин. Аслида ҳам етук инсонлар тажрибаси, истеъдоди ёш авлодларга ҳаёт ҳақиқатидан дарс беради. Уларнинг босиб ўтган ибратли йўли ўрганишга арзигулик.

Бинобарин, хотира муаллифнинг журналист сифатидаги нигоҳи ўткирлигига, ҳар бир давр воқелигига, бир сафда елкама-елка ишлаган қадрдон дўстларига бефарқ бўлмаганлигига гувоҳ бўламиз.

Болаликнинг публицистик солномалари

Эркин Малик болаларни севиб, улар ҳаётини кузатибгина қолмай, уларга кўпроқ маънавий тарбия бериш, саводхонлигини ошириш, ўтмиш сабоқларидан хулоса чиқариш, катталар ва болалар ўртасидаги тафовутларни тасвирлашга ҳаракат қилади. У қадами етган ҳар бир гўша, болалар ижодиёти саройи, мактаб ва оромгоҳлардан бир дунё таассурот билан қайтар экан, қаҳрамонларини алоҳида-алоҳида ўрганиш, улар оламига чуқурроқ кириб бориш, бошқалар кўрмаган қирраларини кашф этишга интилади. Болалар ва ўсмирлар билан ишлайдиган етакчилар, муаллимлар ва болалар гуруҳларининг сардорлари нималарга муҳтож эканликларини, ёхуд қандай қўлланмаларга кўпроқ эҳтиёж сезишларини ҳис қилгани ҳолда жажжи ҳикоялар ёзади, уларни тўплаб, тўплам ҳолида чоп этади. Шу жиҳатдан унинг асарларини икки гуруҳга бўлиш мумкин:

1. Мактаб ўқувчиларига дастуруламал бўладиган илмий-оммабоб, публицистик, таълимий рисолалар: “Пионернома” (Тошкент, “Ёш гвардия” нашриёти, 1977 йил); “Тимурчилар олға” (Тошкент, “Ёш гвардия”, 1980 йил); “Бўл тайёр”(Тошкент, “Ёш гвардия”, 1980); “Улар менинг дўстларим” (Тошкент, “Ёш гвардия”, 1982); “Тўрт қонуниятнинг 4000 қирраси” (Тошкент, “Ёш гвардия”, 1986), “Бугуннинг қақажонлари – эртанинг қаҳрамонлари ” (Тошкент, “Шарқ”, 1999), “Она шаҳрим-Тошкентим” (Тошкент, “Шарқ”, 2009).

2. Маънавий омиллар, қадриятларга доир ахлоқий-тарбиявий, ҳужжатли, тарихий-бадиий ҳикоя ва қиссалар: “7“а”да қайта қуриш” (Тошкент, “Ёш гвардия”. 1990), “Ўқилмаган саҳифалар” (Тошкент, “Ёш гвардия”, 1984), “Субҳидам ҳикоялари” (Тошкент, “Маънавият”, 2002); “Шайтонваччанинг найранглари” 1- китоб. (Тошкент, “Зарафшон”, 2006); 2- китоб, (Тошкент, “Шарқ”, 2009), “Чампо отли илон” (Тошкент, “Шарқ”, 2006).



Пионернома”-ихчам публицистик ҳикоялардан ташкил топган мажмуалардан бири. Бунинг ёзилиши ўзига хос тарихга эга. Китоб аннотациясида таъкидланишича, таҳририятга Фарғонадан тарихий сурат келиб қолади. Унда Самарқанддаги Ўзбекистон пионерларининг илк слёти ва юрт оқсоқоли Йўлдош Охунбобоевнинг фахрий пионерлик сафига қабул қилиш маросими ҳамда бир гуруҳ кашшофлар акс этган эди. Бу сурат Эркин Маликовни қизиқтириб қолади: хўш, Йўлдош ота билан суратга тушган ўқувчилар ким? Улар ҳаёт бўлса, 50-60 ёшларда бўлишлари тайин, уларни қидириб топиш мумкинмикан? Пионер ташкилоти бу болалар қисматида қандай роль ўйнаган ва қандай тарихга эга? Ана шу саволларга жавоб топиш учун дастлабки ҳаракат Москвадаги марказий кутубхонадан бошланади. Тиришқоқ, изланишни хуш кўрадиган журналист “Ўзбек. 2-Г-3 шифри” билан сақланадиган “Ленин учқуни” газетаси тахламларини кузатар экан, қалбини ҳаяжон қоплайди; ахир редакцияда ишлаётган ўзи тенги журналистлар орасида газетанинг илк тарихий саҳифаларини варақлаш унга насиб этаётибди-да... У пайтларда бугунгидек имкониятлар йўқ, ахборот технологиялари ривожланмаган, тарихий манбалар билан танишиш амримаҳол эди; шундай бўлгач, ўзинг хизмат қилаётган нашр тарихини ўрганиш катта фахр эди, албатта. Ниҳоят, Э.Маликов китоб шаклига келтирилган илк болалар газетасини варақлар экан, кўнглига шундай мақсадни тугади: 20-30-йиллардаги ўзбекистонлик болаларнинг, уларнинг илм ўрганиши, меҳнати, ижтимоий ҳаётда тутган ўрни, жасоратларини тўплаб, замондош ўқувчиларга етказиш. Шу ният билан муаллиф китоб шаклига келтирилган газетанинг илк сонларидан бошлаб то 70-йилларга қадар мавжуд намуналарини варақлаб, саҳифаларида чоп этилган мақола ва очерклар, уларда тилга олинган қаҳрамонлар тақдири, муҳим ҳодисалар санасини бирма-бир ўрганиб чиқади. Адиб тарихий шахсларнинг болалиги акс этган суратлар, пионер ветеранлари ҳақидаги лавҳалар, Ўзбекистон миқёсидаги диққатга сазовор тарихий тадбирлар тўғрисида кўплаб далилларга дуч келади. Ана ўша газета тахламлари орқали тарихга муҳрланган лавҳалар, мақолаларнинг ҳаёт бўлган қаҳрамонлари муаллиф тадқиқотига асос бўлади. Китобнинг номланиши ҳам мантиқий муҳим роль ўйнаган албатта. У болалар ва ўсмирларнинг шаклланиш тарихидан хабар берувчи “нома” йўналишида битилган. Тўғри, пионер атамаси бугунги ёш авлод наздида анчайин мавҳум тушунча. Бироқ у ўтган асрнинг 20-йилларидан бошлаб кенг қамровли, болалар ҳаракатини ифодалаган ва серқирра аҳамият аҳамият касб эта борган истилоҳ эди. Аслида пионер французча “pionnier” сўзидан олинган бўлиб, “бошлаб берувчи”, “ташаббускор” “биринчилардан” деган маъноларини билдиради. Яъни, пионер фан, техника, санъатда, умуман, тадқиқ қилинмаган муайян соҳада йўл очиб, бошлаб берган киши деганидир. Ўзбекчасига “кашшоф”-янгиликлар кашф этувчи маъносини англатади. Шўролар даврида эса бу асосан (1922-91) болалар ва ўсмирларни уютириб олган ташкилотнинг номи сифатида оммавийлашган.2 Зеро, Э.Маликов ўз китобида кашшофларнинг дастлабки фаолияти ҳақида фикр юритади. Шу билан бирга китобда хотиралар, тарихий воқеалар баёни, турли байрамларда ўзбекистонлик болаларга йўлланган табриклар, эсдаликлар ўз аксини топган. Жумладан, “Зебинисо” қизлари” мақоласида етим қизлар мактаби ўқувчиси ва болалар ташкилоти қалдирғочларидан бири доцент Шарифа Абдуллаева хотиралари, “Бир саҳифаки” сарлавҳали ҳикояда ўзбек хотин –қизлари орасидан етишиб чиққан дастлабки олима, шоира ва журналистларнинг, чунончи, шоир Зафар Диёрнинг синглиси, Республикада хизмат кўрсатган ўқитувчи Маҳбуба Диёрова; Ўзбекистон ижтимоий таъминот вазири ўринбосари лавозимида ишлаган Қамара Маҳкамова, “Ғунча” журналининг масъул котиби Маҳмуд Муродов; бухоролик кекса журналист Аҳрор Баҳромов ва бошқа кўплаб 1920-йиллардаги болалар ташкилоти аъзоларининг ҳаёти, болалик кечинмалари, ҳаёт йўлларидаги машаққатлари тадқиқ этилади. Шунга ўхшаш, китобнинг “Жонли газетачилар”, “Ҳамза –тўгарак раҳбари”, “30-йиллар”, “40-йиллар”, “50-йиллар”, “60-йиллар”, “70-йиллар”, “Ўзгариш болалари” деб номланган бобларида эса ҳар бир даврнинг муҳим воқеалари билан бирга пионерлик ҳаракати ветеранлари ҳаётидан лавҳалар, кашшофлар қурултойи делегатларининг таассуротлари ўз ифодасини топган. Китоб аслида болалар ташкилотининг 50 йиллик тўйига туҳфа сифатида тайёрланган бўлсада, унда келтирилган маълумотлар, таҳлилий қиссалар халқимиз тарихининг, болалар ва ўсмирлар оламининг кечаги ўтмишидир. Ҳикоя қаҳрамонлари ўз болалигини баён қилар экан, айнан ўн ёшли болакайлар жасорати кўз олдингизда намоён бўла боради Масалан, Маҳбуба Диёрова ҳикоясида шундай эътирофлар бор: -Зебинисо қизлари мактабида ўқиганлигимдан фахрланаман. Бу воқеа 1926 йили бўлган. Пионерга ўтаётганимда, аввало, аъло ўқишга, ундан кейин саводсизларга савод ўргатишга сўз берганман. Пионер сўз бердими- унинг уддасидан чиқиши керак. “Олмазор”, “Қатор терак” кўчаларида уйма-уй юриб, аёлларни ўқита бошладим. Тўғри, бир ўзим эмасдим. Сафимга Жамила Тожиева, Қамара Маҳкамовалар ҳам қўшилган эди. Уччала қиз жуда яхши ишлаганмиз. Қисқа вақт ичида ўндан зиёд аёлларни ўқишга, ёзишга ўргатганмиз.” (“Пионернома”,19-бет). Шунга ўхшаш бошқа лавҳаларда ҳам қаҳрамонларнинг болалик йиллари, кашшофлик фахри, ўқиш ва меҳнат фаолиятлари ҳикоя қилинади. Китобнинг ёзилишига туртки бўлган сурат воқеасига қайтадиган бўлсак, “Мангуга қотган лаҳзалар” боби диққатга сазовордир. Ниҳоят , узоқ изланишлардан сўнг муаллиф ўзи қизиқиб қолган сурат тарихига ойдинлик киритишга муяссар бўлади: расмнинг иккинчи нусхаси Шермат Мақсудов ва Мамасоли Жумабоев орқали топилиб, унда болалар шоири Илёс Муслим ҳамда таниқли ёзувчи Мирзакалон Исмоилийлар суратга тушгани маълум бўлади. Муаллиф суратни ёзувчи Мирзакалон Исмоилийга кўрсатиб, у киши шу сурат ҳақидаги хотирасини китобга киритади. “Бу нодир сурат умр баҳоримни кўз ўнгимга келтиради, -деб ҳикоя қилган ёзувчи.-Мен у вақтда Ўшдан ўқийман деб белимни маҳкам боғлаб келган бир етимча эдим. Сафда тизилиб турган тенгдошларимга қаранг. Улар ҳам ўзимга ўхшаш бири отасиз, бири онасиз, яна бири бошпанасиз қолиб, етимлик хор-зорлигини тортган болалар эди. ... Ўзбекистонга Йўлдош ота Охунбобо ўғли биринчи президент қилиб сайланди. У етим ўсган, етимлик азобини тортган, оғир меҳнат билан кун кечирган, хўп ажойиб одам эди. Ўзи ёшлигида ўқимагани, мактаб кўрмагани учунми, ўқувчи болаларни яхши кўрар, уларни тез-тез йўқлаб, ўзининг ширин суҳбати билан хурсанд қилиб турарди... ”(84-85-бет). Мирзакалон Исмоилийнинг болалик хотиралари қайта уйғонар экан, у Йўлдош отанинг қуйидаги сўзларини таъкидлайди: “-Болаларим, ўнг қулоқ, сўл қулоғингизда бўлсин, халқимизда “Бугуннинг кичиклари-эртанинг буюклари” деган чиройли гап бор. Яхши ўқиб, яхши тарбия олсангиз, эртанинг буюк кишилари, яъни олимлари, шоирлари, адиблари, шифокорлари, давлат арбоблари сизлардан етишиб чиқади”. Мирзакалон Исмоилий отанинг ўгитлари гўё башорат эди дегандай, расмдаги сафдошларини таништиради: Илёс Фозилов-болалар касалхонасининг шифокори, доктор. Собир Раҳмонов-ўқитувчи, Шермат Мансуров-математика фанлари номзоди, Мирзакалон Исмоилий-камина, Ваҳобжон Эшматов-қўқонлик шифокор, Хайрулло Абдуллаев-ўқитувчи. Ўртада-ўқитувчимиз Босит қори ака-Олтой, байроқни ушлаб турган бола-ҳозирда иқтисод фанлари доктори Олим Аминов, Отага қизил галстукни Жавлон Раҳимов боғлаяпти. У ҳам педагог бўлиб етишди.”

М.Исмоилий шу тариқа, расмда акс этган Ўзбекистон фанлар академиясининг академиги Ҳосил Фозилов ва Музаффаровларни, Ўзбекистон халқ шоири Миртемирни, Ўзбекистон киночилар союзи раҳбари Собир Муҳамедов, ёзувчи Маъруф Ҳакимов, болалар шоири Илёс Муслим, тилшунос Фахри Камолов кабиларни кўрсатиб, улар билан фахрланади.

Китобда шунга ўхшаш хотира лавҳалар кўплаб келтирилган бўлиб, уларни ўқир экансиз, ихчамгина лавҳа учун йиллаб суриштиришлар, изланишлар олиб борилганлигига гувоҳ бўласиз. Уларда заррача сохталик йўқ. Чунки тарихий далилларнинг барчаси қаҳрамонларнинг айнан ўз оғзидан ёзиб олинган, улар билан бевосита ёки билвосита мусоҳиба олиб борилган. Яъни, китобда жам этилган маълумотларнинг кўпчилиги муаллифнинг саъй-ҳаракатлари, қидируви, хат ёзишмалари орқали топилган бўлса, бир қисмида сафдош ижодкорларининг кўмаги бўлган. Шуниси муҳимки, адибимиз рисолага тартиб бериш жараёнида иккита хайрли ишни амалга оширди: биринчидан, 1929-79 йиллардаги ўзбекистонлик болалар ҳаёти, тарихини ўрганиб, кейинги ёш авлодга етказган бўлса, иккинчидан, Ўзбекистонда ҳали бирорта олим амалга оширмаган-болалар журналистикаси тарихини яратди. Кичкинтойлар матбуотининг ярим асрлик намуналарини синчиклаб кузатди ва уларда эълон қилинган мақолалар, лавҳа-ю суратлар билан ўқувчиларни хабардор этди.

Тўғри, мажмуада собиқ қаттол шўро тузумининг сиёсати, ўша давр талаби, қизил сиёсатга оид тушунча ва ақидалар бор. Аммо қандай тузум, мафкура бўлмасин, ота-боболаримизнинг эътиқоди, жасорати, қисматидан воз кеча олмаймиз-ку? “Пионер”-“биринчи” деган номни шараф билиб, аъло ўқишга, меҳнат ва шижоатга, ўз юртини улуғлашга ўрганган авлод-инсоний бурчини, фазилатини ҳеч қачон унутмаганлиги ҳам айни ҳақиқат. Қолаверса, унда минглаб ўзбекистонлик болалар, меҳнат фахрийларининг тақдири акс этган. Шу маънода китобда акс этган хотиралар, эсдаликлар, суратлар бугунги авлодга нима бера олади, деган саволга иккиланмай, ўзлигимизни-ўтмишимизни яна бир бора аниқроқ кўриш, ҳис этиш ва бугунги доруломон кунларнинг қадрига етишга ўргатади, деган жавобни бериш мумкин. Зеро, тарихни ўз хоҳишича ўзгартириб кўрсатишга, талқин этишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бинобарин, манбаларни холис баҳолаш бугунги авлодга тарихнинг оқ ва қора доғларини баробар кўра билишни ўргатади.



Ҳа, ўтган асрнинг энг суронли ва “саргардонли” ўнинчи –йигирманчи йилларида туғилганлар бугун орамизда йўқ; улар турли қатағонлар қурбони, ёхуд ёшини яшаб ҳаётдан кетган ё кетаётган экан, юрак тубида мунг қотган армонлари, яхши-ёмон хотиралари ҳам энди ўтмиш саҳифасига айланади. Ана шу саҳифаларни ўқиб қолиш ва орзу-умидларини кенжа авлодга етказишда юқорида эслатилган каби китоб ўзига хос манба вазифасини ўтайди. Кечаги кунимизга ҳурмат- бугун ва эртанги кунимизни қадрлашга ўргатади. Бинобарин, адибимизнинг “Тимурчилар олға”, “Бўл тайёр” “Улар менинг дўстларим”, “Тўрт қонуниятнинг 4000 қирраси”, “Бугуннинг қақажонлари – эртанинг қаҳрамонлари ” сингари асарлари ҳам моҳиятан болаларга, маориф аҳлига йўриқнома ёхуд дастурамал бўлиб хизмат қилади. Айтайлик, “Тўрт қонуниятнинг 4000 қирраси” китобида мактаб ислоҳоти, мавжуд билимларнинг 4 асосий қонунияти ва уларнинг минглаб қирралари ҳақида мулоҳаза юритилади. Яъни болаларнинг мактабда ўтиладиган фанлардан яхши баҳо олишининг ўзи кифоя қилмай, жамиятда кечаётган ўзгаришларга бефарқ қарамасликлари, таъсис этилган орден ва медаллар, давлат рамзлари моҳияти, маъносини билиш, касб-кор эгаллаш малакасини ёшликдан эгаллаб бориш, ҳар бир соҳада фаол бўлишга ҳаракат қилиш каби мавзуларда муаллиф ёш китобхонлар билан баҳсга киришади. Ўз мулоҳазаларини асослашда эса фақат қарор ва буйруқлар эмас, Лев Толстой каби буюк ёзувчилар, етук педагоглар фикрига таянади. Қизиғи шундаки, муаллиф қайси мавзуда қалам тебратмасин, шу соҳанинг чинакам тадқиқотчисига айланади. Унинг мактаб ва таълим-тарбия дастури, ютуқ ва камчиликларига оид лавҳаларини ўқисангиз, муаллиф кўп йиллик педагогик тажрибага эга муаллим ёхуд болалар ташкилоти етакчиси, деган тасаввур кўнглингизда кечади; қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар ҳақида ёзганда эса мутахассис агроном даражасида фикрлашининг гувоҳи бўласиз; ишлаб чиқариш тармоқларига доир ҳикоялари ҳам шу маънода аниқ таҳлиллар, деталлардан иборат. Таъбир жоиз бўлса, мазкур китоб худди шу қирралари билан эътирофга сазовор. Унда тилга олинган мавзулар бўйича муаллиф кенг қамровли тадқиқотларга асосланган, аниқ натижалари кўриниб турган мушоҳадаларини кичкинтойлар билан ўртоқлашади. Мажмуадаги лавҳаларни публицистик мақолалар ёки шарҳлар дейиш мумкин. Уларнинг ҳар бири мустақил мавзуда ва ўз даврининг долзарб масалаларига бағишланган. Жумладан, “Ҳашаротлар фабрикасига саёҳат”, сарлавҳали мақола тадқиқот ва таҳлилнинг устиворлиги билан ажралиб туради. Фан-техниканинг юксак тараққиёти, кескин бурилишлар жараёнидаги ижтимоий -иқтисодий ўзгаришлар даврида замондош ўқувчи билан мулоқотга киришишга эҳтиёж сезган муаллиф “биометод”, “биофабрика” деган тушунчалар моҳияти ва мазмунини ҳаётий мисоллар билан тушунтиришга ҳаракат қилади. Айтайлик, қишлоқ хўжалигида химикат ишлатмай, биологик методга ўтилган Андижон вилояти, Балиқчи туманида лайлакларнинг кўпайгани, дала шийпонларига асалари уялари келтирилгани, натижада ҳосилга зиён-заҳмат етказадиган кўсак қуртидан ном-нишон қолмагани ҳамда бу биологик жараённинг самаралари таҳлил этилган. Шунга ўхшаш, “Фойда нима-ю, зарар нима?”, “Булар ҳақида ўйлаб кўрганмисиз?” сарлавҳалари остида берилган матнларда математик ҳисоблашлар орқали чиқарилган аниқ хулосалар ўқувчи фаолиятига баҳо берса, “Куч билимда” ҳикоясида болаларбоп тушунча, талқин ва ташбеҳ етакчи. “Тасаввур қилинг,-ёш китобхонга мурожаат қилади адиб,-бир томонда турли-туман касблар маҳкам қўл ушлашиб турибди. Бир томонда мактаб ўқувчилари. Худди “оқ теракми, кўк терак” ўйнаганга ўхшаган. Болалар касбларга қараб “ оқ теракми, кўк терак, биздан сизга ким керак?” дейдилар. Касблар бараварига жавоб беради: “Бизга энг ботир, энг билимдон бола керак”. Бу ўйинда бола касблар ҳалқасини узиб ўта олса, у ўзи танлаган касбини танлаб, уни ўзиники қилиб олади. Ўта олмаса, касбларга “асир” тушиб, ўз ношудлигини сездириб қўяди.”(75-бет). Муаллиф бу ўринда болаларга хос тафаккур ва тасаввур билан фикрлар экан, билимни кенг қамровли тушунча сифатида талқин этади. Яъни, ҳар киши ўз ишининг билимдони бўлиши учун нималарга эътибор бермоғи, уқтирилиб, онгли меҳнат қилиш сирлари тилга олинган. Ёки “Тежамкор бўлиш осонми?” сарлавҳали мақолада болаларнинг тежамкорлик ҳақидаги тушунчалари таҳлил қилинган. Республикамизда бир кунда тонналаб газ беҳуда ёниб, осмонга учиш сабабларининг оддий кўринишини хонадонлардаги чой қайнатиш мисолида болаларга тушунтирар экан, уни тежаш орқали олинадиган фойда хусусида ҳам тўхталиб ўтади. Шунга ўхшаш бир тонна нефть ёнилғиси тежалганда олиниши мумкин бўлган нарсалар олимларнинг ҳисоб-китоби орқали асосланган. Хуллас, китобда нафақат давлат рамзлари, балки жамиятда воқеликка айланган ҳодиса ва тушунчалар ҳақида маромига етказилиб “дарс” ўтилиши болалар ва ўсмирлар учун муҳим омил кўринишини олган. Шу тариқа, Эркин Маликов журналист ва публицист сифатида ўша 70-йиллардаёқ ўзбек болалар матбуоти тарихи ҳамда ўтмиш маданиятимизга оид тадқиқий китоблар битишга эришди. Шунингдек, болалар ва ўсмирлар ҳаёти, қизиқишлари, талаб ва эҳтиёжларига мувофиқ маърифий, болаларбоп саҳна кўринишлари яратди.

Бугуннинг қақажонлари-эртанинг қаҳрамонлари” эса мустақиллик йилларида яратилган ўзига хос сабоқномадир. Ўзбекистон рамзлари ҳақидаги ҳикоялардан ташкил топган бу китоб бир қатор жиҳатлари билан кичкинтойлар дидига мувофиқ нашр этилган. Болаларнинг “Ғунча” журналига монанд, рангли, тасвирли, ҳар бир матн расм орқали тўлдириб борилиши ўқувчи диққатини тортишга хизмат қилади. Муаллиф, дастлаб, “Улуғ халқнинг улуғ садоси”, “Бахтимиз оҳанглари” ҳисобланувчи мустақил давлат мадҳияси ва унинг яратувчилари ҳақида маълумот бериб, сўнгра , “Байроқ нима?”, “Ўзбекистон герби”, “Азиз тупроқ”, “Ўзбекистон республикаси конституцияси” ҳақида тўхталиб ўтади. Биламизки, боланинг мантиқий фикрлаши, маданий билим саводхонлиги бошланғич синфлардаёқ шакллана бошлайди. Истиқлол туфайли 1- ва 4-синфлар ўқувчиларига ана шундай муҳим жараёнлар ҳақида тушунчалар бериш маънавий эҳтиёжга айланди. Болалар ва ўсмирлар Давлат рамзлари моҳиятини англаш орқали миллат қадриятлари, мустақиллиги, халқимиз ифтихори ва юрт тарихини теранроқ идрок қилади. Ватанни севиш билан бирга уларда шу Ватанга эгалик масъулияти кучаяди. Бу жиҳат ҳозирги кунда бошланғич синф дарсликларида тўла ифодасини топган. Яъни, Давлат рамзлари “Алифбе” ва “Ўқиш китоби” да ранг-баранг услуб ва кўринишларда акс этган. Жумладан, 2-синф “Ўқиш китоби”дан жой олган “Буюк мусаввир” эртаги Э.Маликов қаламига мансуб. У мустақил давлатимизнинг муҳим рамзларидан бири -Герб ҳақида. Матн эртакларга ошно, жажжи китобсевар ўқувчилар қизиқишига мос оҳангда бошланади: “ Бир мусаввир бор экан. У далаю даштларга чиқиб расм чизаркан. Шунда “мени чизинг, мени чизинг”, деб осмонда қушлар чулдирар экан. Улоқчалар, тойчоқчалар атрофида дикир-дикир сакрашар экан. Бу гал ҳам шундай бўлибди. Мусаввир уларга жилмайиб қараб қўйибди-да, бир нималарни чиза бошлабди”. Шундай қилиб, мусаввир ва жониворлар “суҳбат қуради”. Улар ўртасидаги мулоқотдан эса гербда акс этган тасвирлар изоҳлана боради: дунёда нонсиз яшаб бўлмаслиги, у таомларнинг подшоси ҳисобланиб, буғдойдан тайёрланиши; пахта –кийим-кечак дегани; Ҳумо қуши бор юрт эса тинч ва бадавлат бўлиши; серқуёш заминимизни Амударё ва Сирдарё сув билан таъминлаб туриши ҳамда тунни мунаввар этувчи Ой, юлдузлар тўғрисида кичкинтойлар тафаккурига мос далиллар келтирилади. Шу зайлда ижтимоий воқеликнинг моҳияти завқовар эртак мазмунига сингдирилади. (Қаранг: Абдуллаев Қ., ва бошқ. Ўқиш китоби. 2-синф учун дарслик. –Тошкент, “Ўқитувчи”, 2002, 7-б.)

Дарҳақиқат, ҳаётимизга жадал кириб келган улкан воқеалар, ҳодисалар мазмунини бу хилда бошланғич синф ўқувчилари ўқиб тушунишига мос талқин этиш аввало, болалар журналистлари ва адибларининг долзарб вазифалари эди. Шу мақсад билан қўлига қалам олган Э.Маликов республикамизда таъсис этилган қатор орден ва медаллар, чунончи, “Ўзбекистон қаҳрамони” олтин юлдузи, “Мустақиллик ордени”, “Амир Темир” ордени, “Буюк хизматлари учун” ордени, “Эл-юрт -ҳурмати” ордени, “Соғлом авлод учун” ордени , “Меҳнат шуҳрати” ордени, “Шон-шараф” ордени, “Дўстлик” ордени, “Жасорат ” медали, “Шуҳрат” медали ҳақида ҳам ихчам лавҳалар битиш, уларни жамлаб, китоб шаклида чоп қилишга жазм этган. Бинобарин, мажмуадаги ҳар бир матн ҳикоя, саҳна кўриниши, публицистик мақола ёхуд лавҳа тарзида муаллиф, орден ва медаллар ҳақида маълумот беришдан илгари, келажакда унга муносиб бўлмоқ учун бугунги болакайларнинг қандай фазилатларга эга бўлиши мумкинлигини қўллаб ибратомуз хислатларга эга бўлишларини ҳикоя қилиб беради. Ёзувчи ҳикояларининг барча қаҳрамонлари боғча ва кичик мактаб ёшидаги болалар. Масалан, “Шон-шараф” ордени ҳикоясида ўқиймиз: “Фарҳоджон яқиндагина боғчага борарди. Ҳаш-паш дегунча биринчи синфни тугаллаб, иккинчи синфга ўтди. ...Унга қараб турган одам чарчаб кетади. Оғзи бир зум жим турмайди; “пақ-пуқ”, “қих-қих”, “гумдишшш...” Қўлларини мушт қилиб, бўш ҳавони муштлаб кетадимией, ерга сиғмай икки қўлини дурбин қилиб, дарахтларнинг устига сайр қиладимией...” Билагига кучи сиғмаган болакайни ота онаси спорт мактабига беришни ўйлаб сўрашади:

- Боксёр бўласанми?

-Йўқ.

-Полвон бўласанми?



-Йўқ.

-Унда катта бўлсанг, ким бўласан?

-Тоға бўламан?

Отаси қотиб-қотиб кулди.

Жияним бор,-деди у кулгидан ўзини зўрға тўхтатиб,-ҳарбий қисмда зобит. Тунов куни меҳмонга келувди, сал қолди мундирини ечиб олишига, шапкасини бериб зўрға қутилди бечора..”(Бугуннинг қақажонлари-эртанинг қаҳрамонлари, 24-бет.)

Ҳикоя-қолипловчи композицияга эга. Муаллиф шу ҳикоя асносида Тошкентдаги болалар ҳарбий лицейи, Ватанимизнинг бўлажак зобитлари, юксак “Шон-шараф” ордени Низомида ёзилган сўзлар ва бу орденнинг нимадан тайёрлангани, қачон таъсис этилганию имтиёзлари ҳақида сўзлаб беради. Шунга ўхшаш, “Соғлом авлод учун” орденида 3-синф ўқувчиси Камоланинг болалар билан зукколарча тиллашиши, уларни ахлоқий ўйинлар билан машғул қилиши, озодалик ва кичкинтойларни қанчалик севиши ҳикоя қилинади-да, сўнгра орден Низомини болажонлар тилида тушунтириб, унинг имтиёзларини уқтиради. Келажакда Камолага ўхшаган қизларгина бунақа орденларга эга чиқишини айтади. Саҳна кўринишларида эса ўғил-қизлар Ўзбекистон байроғидаги турли ранг ва тимсоллар образини ижро этадилар.

Э.Маликов мавжуд воқелик ифодасини мустақиллик мафкураси ғояларини ўтган аср сўнгида яратган мажмуасида публицистик, илмий, бадиий услублар ёрдамида реал акс эттира олган. Бу эса, унинг фақат журналистика ва публицистикадагина эмас, балки бадиий асарлар яратишда ҳам болаларбоп услуб эгаси эканлигидан далиллаб беради.



Достарыңызбен бөлісу:
1   2   3   4   5




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет