Мухбирликнинг олис йўллари” (Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист болалар публицисти ва адиби Эркин Малик ижодий сиймосига чизгилар)



бет1/5
Дата14.07.2016
өлшемі0.62 Mb.
#197982
  1   2   3   4   5
Охунжон Сафаров, Башорат Жамилова
Болалик - боқийлик тимсоли

ёхуд

мухбирликнинг олис йўллари”




Охунжон Сафаров, Башорат Жамилова

Болалик - боқийлик тимсоли

ёхуд

мухбирликнинг олис йўллари”


(Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист болалар

публицисти ва адиби Эркин Малик ижодий сиймосига чизгилар)

Эркин Малик ўзбек болалар журналисти ва адиби сифатида яхши танилган. Унинг қатор мақолалари ҳамда қиссаларида кичик замондошимизнинг орзу-кечинмалари ўзига хос бадиий тарзда ифода этилган. Ушбу рисолада ёзувчининг ижодий йўли монографик йўналишда ўрганилган, таҳлил қилинган.

Китоб адабиётшунослар, матбуотчи журналистлар ва кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган.

Тақризчилар: филология фанлари номзоди,

ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт

институтининг катта илмий ходими Раҳматулла Баракаев,

филология фанлари номзоди, БухДУ доценти

Дилрабо Қувватова

Яхшилик учун туғилган адиб
Олтмишинчи йиллар... Ўшанда “Ленин учқуни”, деб аталмиш рўзнома Навоий кўчасининг серҳашам биносида жойлашган эди. Эркин Маликов, Эркин Хўжаев, Тоҳир Ҳобилов(Т.Малик), Бердибой Эргашев, Абдусаид Кўчимов ва бошқалар талабчан муҳарриримиз Суҳроб Йўлдошев бошчилигида рўзномани тайёрлардик. Ҳаётимиз турмуш қийинчиликларидан холи эмас, аммо одамлар самимий, кўнгли очиқ эди. Дўстларим орасида Эркин Маликов билан беллашиш осон кечмас эди. У келгуси ҳафтада чиқадиган, ҳали режалаштирилмаган рўзноманинг истаган саҳифасини 10 -15 кун олдин банд қилиб қўяверар эди.

Танбеҳ эшитавериб, жонга теккач, у билан рўзномани кўтарадиган мақола ёзиш учун Сергели тумани томон йўлга тушдик. Шу ёнверда ўқийдиган ўқувчилар далада мол-ҳол боқиш баҳонасида катталарга ҳавас қилиб, сигарет чекишяпти, ҳатто гиёҳвандлик қилишаяпти, деган хабар қулоғимизга чалинган эди. Давра қуриб, ниманидир тутатаётган турли ёшдаги болалар бизни кўриши билан чўчиб қолишди. Бир қанча фурсат ўтгач эса... болалар бегонасирамай бекорчи пайтларида нима билан шуғулланишларини очиқ-ойдин айтиб беришди. Кўзи, меҳри қотган бу болалар ҳақида каттакон мақола ёздик... Аммо муҳаррир ҳам, рўзнома ҳам бу “оғир юк”ни кўтара олмади. Бунақа гапларни айтиш мумкин эмасди. Бизнинг кашшофлар (пионерлар) ақлли, доно, деган ақида мустаҳкам эди. Кам-кўстсиз яшаяпмиз, деб бонг уришга катта-ю кичик мубтало бўлган эдик. Гап унда ҳам эмас. Мен Эркиннинг кичик дўстлари билан тил топишишига, синчковлигига қойил қолганман. У эринмасдан воқеа-ҳодисанинг тагига етмагунча, сир-у синоатни билмагунча қўлига қоғоз-қалам олмаслиги ўша йиллардаёқ аён эди. Жуда кўп ёзувчиларимиз ўз болалиги ҳақида асар битади. Аммо, камдан-ками мактабга қадам қўяди. Хотираси, кўрган-кечирганларига ишониб қолади. Эркиннинг ижодида бу ҳолатни кўрмаймиз. Унинг ёзганларида бугунги болалар дунёси, ташвиши тўлароқ ўз ифодасини топади. У бормаган мактаб, кашшофлар оромгоҳини топиш маҳол. У ҳужжатлими, бадиийми - ҳикоя, қисса ёзар экан, ўз қаҳрамонининг ички оламини очишга, муҳими, ҳавас қиладиган, эргашадиган ўқувчи суратини чизишга интилади.

Касбдошимиз жумҳурият бўйлаб эринмай юриб, кашшофлар ҳаракати тарихини яратди. Бўлиб ўтган ҳар бир воқеа-ҳодисани мисқоллаб йиғди. Тарихнинг ўқилмаган саҳифаларида ота-оналаримизнинг болалик даври ётибди. Эркин ана шу болаликни бизга тирилтириб берди. У шу орқали ўзбек болалар журналистикаси борлигини намойиш этди. Мен гапни атай рўзномадаги соғлом адабий муҳитдан бошладим. Эркин Малик деган ана шу қозонда қайнади, пишди. Рўзномабоп мақолалар ёзишдан бадиий асарларга қўл урди.

Биз Макаренко, Короленко, Сухомлинский деган тарбиячи ёзувчиларни биламиз. Ўзимизда Абдулла Авлоний сингари маърифатпарвар адиблар ўтган. Янглишмасам, Эркин ўз ижоди, фаолияти билан ана шу улуғлар ишини давом эттираяпти. У бадиий, ҳужжатли асарлари орқали болаларга маърифат улашаяпти.

Эркиндаги шахсий манфаат ўзиники эмас, ўқувчисиники, ёру-дўстлариники. У шундан ҳузур қилади. Оламга, атрофга кенгроқ назар ташлайди. Одамларни синашдан кўра, сийлашни хуш кўради.

Эркин Малик турли жанрларда болалар учун ижод қилиб кам бўлмади. Энг муҳими, ўқувчи дўстлар орттирди. Ёзувчи сифатида Ғафур Ғулом мукофотига сазовор бўлди. Тарбиячи дўстим Жумҳурият “Халқ маорифи аълочиси” ҳамдир.




Сафар Барноев,

1991 йил.


Муқаддима
Болалар қалби ҳис-туйғуларга берилувчан ва айни пайтда билимга, меҳнатга чанқоқ бўлади. Уларнинг ана шу мусаффо юракларидан жой олган ҳар бир яхши-ёмон ҳодисалар бутун ҳаёти давомида акс-садо бериб яшайди. Зотан, жамият тараққиёти ҳам болаларга муносабатдан, эътибордан бошланади. Бунда қалам соҳибларининг алоҳида масъулияти сезилади. . .

Болалар учун ижод қилиш анъанаси умумижодкорликнинг таркибий қисми бўлиб, қадим замонлардан ҳодиса сифатида мавжуддир. Ўзбек халқ оғзаки ижодида кичкинтойларни эркалаш ва йиғлаганда овутиш, топқирликка ва равон талаффузга ўргатиш мақсадида яратилган топишмоқлару қувноқ бадиҳалар, хуллас, болалар фольклорининг хилма-хил жанрлари шу силсилада айрича мавқега эга. Мумтоз адабиётдаги пандномачилик, маърифатпарварлик заминида шаклланган болалар адабиёти ХХ аср бошларида реал воқеликка айланди. Абдулла Авлоний, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Садриддин Айний сингари ислоҳотчи педагог адиблар ўз дарсликларида болалар учун махсус ҳикоя ва шеърлар ёзиш билан бирга миллий болалар матбуотининг пайдо бўлиши ва инкишофига муносиб ҳисса қўшдилар. Натижада, “Ёш туркистончилар”, “Болалар товуши”, “Болалар йўлдоши”, “Болалар дунёси”, “Ўзгариш болалари” сингари қалдирғоч нашрларнинг юзага келиши ўзбек болаларининг миллий журналистикасига йўл очди. Бу газеталар мунтазам чиқмаган, албатта. Гоҳ иқтисодий етишмовчилик, гоҳ цензура таъқиби остида бири ёпилиб, иккинчиси чиқиб турган. Фақат 1929 йилдан “Ленин учқуни” (ҳозирги “Тонг юлдузи”) газетаси ва кейинчалик “Ёш куч ” журналининг мунтазам нашри йўлга қўйилгач, ўзбек болалар журналистикаси кенг қанот ёйди. Натижада ўзбек болалар журналистикасида профессионал ижодкорлар силсиласи вужудга келди. Аммо қарийб бир аср давомида болалар журналистикаси тарихи ва бу соҳанинг тараққиётига ҳисса қўшган етук болалар журналистлари ҳақида деярли ҳеч нарса ёзилмади. Уларнинг ижодий фаолияти тадқиқ этилмади. Ҳамонки болалар эртанги кун ворислари экан, ҳар бир миллат болалар матбуотига, болалар журналистикасига эҳтиёж сезилаверади. Бу эса, ўз навбатида, соҳанинг жиддий тадқиқ этилишини тақозо этади. Қолаверса, ёш авлод тарбиясига алоҳида эътибор берилаётган бугунги кунда ҳодисанинг долзарблиги кундан-кунга оша боради. Зеро, болалар журналистлари ижодининг ўзига хос такомили ва тамойили мавжудки, у, асосан, реал ҳаёт тарзи билан чамбарчас боғлиқдир. Шундай фидойи, болажон қалам соҳибларидан бири Эркин Маликовдир.

У ярим аср муқаддам ўз тақдирини болалар журналистикаси билан боғлаб, кейинчалик бу соҳанинг таниқли намояндаси сифатида эътироф этилди. Унга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист унвони берилди. У ранг-баранг долзарб хабарлар, публицистик мақолалар ёзиш баробарида болажонлар учун қатор ҳикоя ва қиссалар муаллифи даражасигача кўтарилди ва заҳматкаш болалар адиби сифатида танилди. Муаллифнинг ўнлаб публицистик китоблари, ҳикоялар ва қиссалар тўпламлари ўзбек болалар матбуоти ва адабиёти хазинасидан жой олди. Бу асарлар таълим-тарбия, миллий қадриятларимиз анъаналари нафаси билан йўғрилгани билан ўзбек болалар миллий матбуоти ва адабиётида салмоқли ўринга эга.

Ижодкорнинг ҳаёт йўли

Адибнинг болалик ва ўсмирлик даври ўтган асримизнинг машаққатли йилларига тўғри келди. Эллик миллион кишининг ёстиғини қуритган машъум иккинчи жаҳон уруши бошланган 1941 йилнинг августида туғилган болакайга ота-онаси тезроқ эркинлик, тинчлик ва омонлик барқарор бўлсин деган ёруғ ният билан Эркин исмини қўйди. Ота-онаси қулоқ фарзандлари бўлиб, Андижондан Янгийўл тарафларга сургун қилинган ва шу ерда оила қуришган, уруш йилларида эса Тошкентга келиб қолишган эди. 1945 йилнинг қиш кунлари отаси ҳарбий қурол ортилган эшалонларни заводдан нари кузатиб бориши керак бўлиб қолади. Она қўшимча иссиқ кийимларни олиб, уйда қолдирадиган одам бўлмагач, 3-4 ёшлардаги Эркин билан вокзалга чиқади. Шу ерда фалокат юз беради... Тўс-тўполонда она-бола отани топиша олмайди. Она иккинчи фарзандга ҳомиладор эди. Бирдан дард тутиб, ўзидан кетади. Онани жанг майдонидан ярадорларни олиб келган “Санитар” поездига олиб чиқишади. Болага эса ҳеч ким эътибор қилмайди. Шу тариқа, Эркин бирпасда тирик етим бўлиб кўчада қолаверади. Унинг ҳаётида энди дарбадарлик бошланади. У турли эшикларда дастёрлик қилиш, мол боқиш, дала болалар боғчасида энагаларга қарашиш каби юмушларни бажариш билан кун кечира бошлайди.



Болалик кечинмалари-инсон келажагини белгиловчи омил, хотиралар эса ҳамиша руҳий-маънивий озиқ бўлади инсонга... Э.Малик ижод оламига кириб келишини “Мухбирликнинг олис йўллари” бадиҳасида (“Тонг юлдузи”, 2009 йил,...) ёрқин акс эттиради. Бу хотираларнинг баъзилари бугунги ёш авлодга чиндан-да эртакнамо туюлади. “Тўртинчи синфда ўқирдим,-деб ҳикоя қилади муаллиф. Синфимиз ҳайҳотдек. Уч қатор парта қўйилган. Биз унинг бир қаторинигина тўлдириб ўтирамиз. Икки қатори бўм-бўш. ...Уруш мактаб синф хоналарини ана шундай кемтик, ночор қилиб кетган эди”. Бадиҳада ёш Эркиннинг болалик хотиралари орқали уруш йилларидаги оғир шароит, мактабга, китобга муносабат, урушга кетиб, қайтиб келмаган эркак ўқитувчилар ўрнига Жаннат опа сингари кекса, қариб қолган устозларнинг шўх болаларга кучи етмаслиги кабилар бирма-бир баён қилинади. Муҳими, Эркин Малик бошқа болалардан фарқли равишда ўзи билиб-билмай, ижод остонасига қадам қўйиши қизиқарли воқеа мисолида айтиб ўтилган: ...Ўша йиллари “Муштум” журналининг бир сони Эркиннинг қўлига тушиб қолади. Унда ҳажвий расмлар бор эди. Эркин журналдаги қўрқиб қочиб кетаётган, дарахт соясида ухлаб ётган кишилар карикатураларини қийиб олади-да, тагига ўзининг синфидаги “икки”чи, “прогулчи” болаларнинг исм шарифларини ёзиб қўяди. Бундай ҳажв қилинганлар қаторида ўзини ҳам қўшади-да, ҳаммадан олдин мактабга келиб, “кашфиёт”ини дарс жадвали олдига осиб қўяди. Аслида Жаннат опага раҳми келиб, қилинган бу иш катта шов-шувга сабаб бўлади. Ҳамма унинг муаллифини алқайди. Ҳатто уни “Янги йўл” газетасига жўнатишмоқчи бўлади. Фақат синф раҳбари Жаннат опа жуда хафа бўлади ва бу Эркиннинг иши эканлигини пайқаб, “мени мактабга шарманда қилдинг-ку, болам”, дея хафа бўлади ва уни директорга олиб киради. Директор Эркинни аввал роса мақтайди, сўнгра ҳар ойда шунақа битта газета чиқарасан, деб бўйнига қўяди. “Газетанг бунақа “Муштум”нинг кўчирмаси бўлмасин, -деб таъкидлайди директор, яхши болаларнинг яхшилигини, “лодр” болаларнинг лодрлигини бундоқ тушунтириб-тушунтириб ёз, ўқиган одам маза қилсин.” Хуллас, “тушунтириб гап ёз”иш учун кўп гап билишга киришган Эркин шу дақиқадан бошлаб “семиз” китоб ўқишга тушиб кетади. Эркин Малик ҳаётидаги бундан кейинги воқеалар чиндан ҳам худди эртаклардаги қайтармачоқлардек, бири-иккинчисини келтириб чиқараверади: у газета чиқариш учун кутубхонага аъзо бўлади, вақтида китобни топшириш учун кундузи вақт камлиги, кечқурун керосин танқислигидан томга чиқиб, ой ёруғида китоб ўқийди; ярим тунда зиёфатдан қайтаётган қўшниси Туроб акага салом берганда, оти ҳуркиб олиб қочади; Туроб аканинг бели синади. Мени томдан жин чалди, дейди. Ўша “жин” Эркин эканлиги маълум бўлгач, янаям шов-шув бўлади. Мактаб директори уйида чироғ йўқлигини баҳона қилиб, дарс тайёрлаб келмайдиганларга Эркинни ибрат қилиб мақтайди. Ниҳоят, чироқ йўқлиги учун болаларнинг томларга чиқиб китоб ўқиб юргани мақола қилиниб, туман газетасида чоп этилади. Энди Эркин чинакам қаҳрамонга айланади. Қишлоққа чироқ келтиришади. “Менимча,-хотирлайди бадиҳада Э.Малик,- каминанинг журналистика оламига кириб келишимга Жаннат опага болаларча чин дилдан ачиниб ёрдам бермоқчи бўлганим бўлса керак. Бўлмаса, мен шу ёшимда газета чиқараман деб Ойбекдек, Абдулла Қаҳҳордек улуғларнинг романларини ўқимаган бўлармидим? Адабиёт оламини шу қадар яхши кўриб қолмасмидим?” Шундай қилиб, бўлажак болалар журналисти ўзи кўрган, гувоҳи бўлган воқеаларни туман газетасига гоҳ хат шаклида, гоҳ мақола шаклида ёза бошлайди. Масалан, “Қишлоққа чироқ келди” мақоласининг эълон қилиниши шундай кечган: Эркин қишлоғида чироқ келаётганини хатда ёзиб, газетага жўнатади. Лекин бу юқоридаги номда чиқиб кетади. Болакай қаёққа қочишини билмай қолади. Чунки ҳали қишлоққа чироқ келмаган, энди столбаларни ўрнатишаётган бўлади. Мақолада эса қишлоқ уйлари нурафшон бўлгани ҳақида гап боради. Аммо шу “ёлғончи”лиги учун партком тоғадан мақтов эшитади. “Баракалла, чироғим, иш бундай бўпти-да, ёзсанг, шунақа пақат мақтаб ёз”,-дейди. Муҳими, ўша мақола электрчиларни шошириб қўяди. Улар кечаси-ю кундузи ишлашга мажбур бўладилар. Ёлғонни рост қилиш ҳаракатига тушиб кетадилар. Қизиғи, биринчи бўлиб “мухбирча”нинг уйида чироқ ёнади. Раиснинг ёки парткомнинг уйида эмас. Ўртоқлари электр чироғини биринчи бўлиб Эркинларнинг уйига келиб томоша қилишади.

Буларгина эмас, яна қишлоқ омборидаги чигитни талон-торож қилиш, қишлоқдош ўртоғининг ҳомиладор ойисини кўзини ёритиш учун доянинг уни наматга ўраб думалатгани, аёл ҳар қанча дод деб кўзи ёримагани каби воқеалар ҳам ёш мухбир номидан газетада чоп қилинади. Албатта, уларнинг аксариятидаги фактик маълумотлар ёш Эркин томонидан битиларди, саҳифани тўлдириб чиққан мақолаларда эса кўпроқ шу маълумотларга оид мулоҳазалар, муаммоли фикрлар катта журналистлар ижодига хос бўлган. Ҳар қалай, уларнинг самараси диққатга сазовор. Айтайлик, доя хола воқеаси газетада чиқмасдан бир кун илгари тумандан “Тез ёрдам” машинаси келиб, аёлни Зангиота тарафдаги туғруқхонага олиб кетишади. Ўртоғининг ойиси қўчқордек ўғил кўради. Қишлоқда амбулатория очилиб, тошкентлик Марелла опа врач бўлиб келади.

Дарҳақиқат, мухбирликда катта ё кичик бўлмоқнинг аҳамияти йўқлиги, энг муҳими, у ким бўлишидан қатъий назар қаламини фақат эзгуликка йўналтириши лозимлиги, шунда бу меҳнат самараси ўз-ўзидан бўй кўрсатиши бўлажак болалар журналисти тақдири мисолида яна бир карра аёнлашади. Бинобарин, ҳаётнинг ўзи Эркин Маликни қўлига қалам олишга тайёрлаган. Бундай тақдир эгалари, таъбир жоиз бўлса, яхши одамларга суяниб кўкаради, уларнинг қадрига етади, ўзи-да яхшиликка эш бўлади.

Йилларни қувалаб ўтган болалик ортда қолди. Эркин энди орзулар оғушида азим Тошкент сари йўл олади. Журналистикага меҳр қўйиб улгурган Э.Малик университетга ҳужжат топширмоқчи бўлди. Қабул комиссиясидаги бир опа унинг ёзган аризасини кўрибоқ, шундай маслаҳат беради:

-Бизга кира олмайсиз, ука, қаранг, бир ариза ёзишда учта имловий хатога йўл қўйибсиз, бунақада иншодан ўтолмайсиз.

Бу гапни эшитиб Эркиннинг пешанасидан совуқ тер чиқиб кетади. У саводли ёзолмаслигини яхши биларди. Мактабда диктантдан зўрға уч баҳо оларди. Иншолари эса мазмунига кўра бешга лойиқ бўларди-ю, саводхонлигига ўқитувчилар “кўмаклашишарди”. Шунда йигитнинг ўсал ҳолати, ғарибгина уст-бошига ачинган опа яна дардига ора киради.

-Ҳужжатларингиз орасида кўриб қолдим, кутубхонада ишлаган экансиз, сизга маслаҳатим, Низомийга (ТДПУ) боринг, у ерда бу йил “кутубхонашунослик” деган янги факультет очилаяпти, сиздақаларни имтиҳонсиз қабул қилишади.

Журналистикада ўқимасдан туриб анча-мунча нарсалар ёзган ўспириннинг қизиқиши етти ёт бегона бу опада шундай ишонч туғдирганди. Журналистикада ўқишдан кўра, унга қизиқиш, иқтидор бўлиш муҳимлигини ўша опа илк марта Эркиннинг қулоғига қуйган эди. Тарвузи қўлтиғидан тушиб, қишлоққа қайтишдан чўчиб турган Э.Малик опага раҳмат айтиб, Низомий номидаги педагогика институтига қараб ошиқади. Бу ерда, опа айтганичалик унинг ҳужжатларини хурсандчилик билан қабул қилишади. Имтиҳонлардан ўтиб, ўқишга ҳам киради. Институтда кўп тиражли газета чиқар эди. Э.Маликнинг қаламкашлиги тилга тушиб, газета таҳририятига ишга қабул қилинади. Бир-икки мақоласи билан эса факультетда ҳам танилиб қолади. Пахта терими пайтида талабалар январь ойигача далада қолиб кетишади. Улар пахта терганда, Эркин гоҳ отда, гоҳ машиналарда юриб, газета учун мақола йиғади. Газетани чоп этиб, обориб тарқатади...

Болалар журналистининг ижодий олами ана шу қайноқ талабалик йилларидан бошланди, десак муболаға бўлмайди. Чунки Э.Маликов институтдаги маърузалардан, институтнинг кўп тиражли газета ишларидан ортиб, “Ғунча”, “Гулхан”, “Ленин учқуни”га қатнай бошлайди. Қолаверса, ҳафтасига икки марта кечки мактабда адабиёт фанидан дарс ҳам беришга улгуради. Муҳими, бу югур-югурлар ёш қаламкашга завқ бағишлаганидан, заррача бўлса-да, малол келмасди. У дастлабки машқларини эслаганда, унга устозлик қилган болалар матбуоти ходимларидан бири Абдувоҳид Мулламуҳамедовнинг “ижодкор қўйтиканга ўхшаган бўлиши керак”,- деган ўгитини ёдга олади. Қўйтикан ёнидан ўтган нарсага ёпишиб, бир нима юлиб олади.

“Дарҳақиқат,-дейди Э.Малик бугун хушнудлик билан, мен кейинчалик устоз айтганларидек қўйтикандек ҳаётга ёпишиб яшадим. Ҳар бир нарсага бефарқ бўлмасликка ҳаракат қилдим...”

Ҳа, устозлар ўгити ёшларга ҳамиша порлоқ маёқ бўлади. Буни Э.Малик чандон ҳис қилади. У ўзининг болалар журналистикасига кириб келишида, мавзу ва материал танлашида ана ўша устозлар раҳнамолигини ҳеч қачон унутмайди. Шу сабабли Э.Малик “Ленин учқуни”да (ижодкорнинг журналистик фаолияти, асосан, шу газетада кечгани боис, ҳозирги “Тонг юлдузи”нинг ўша йиллардаги номи билан атамоқдамиз-- О.С.Б.Ж.) мактаб бўлимини бошқарадиган Ҳамид Жалолов номини ҳам алоҳида эътироф этади. “Ҳамид ака биз мухбирларни тинчитмас эдилар,--деб эслайди қаҳрамонимиз.-Ишлари бошларидан ошиб-тошиб ётган бўлса ҳам гаплашишга вақт топар эдилар. Бир куни у киши: -Шундай кўча бўлсаки, у ерда яшаётган болалар фақат “4” ва “5” баҳога ўқиса; кўчаси ҳам тоза, озода бўлса, кўрган одам “Воҳ, қандай ажойиб кўча экан” деса, нима дейсиз, шундай бўлиши мумкинми?-деб қолади. “Бу сизга редакциянинг топшириғи,-дейди Ҳамид ака қатъий изоҳга ўрин қолдирмай, ҳамма томонлама намуна бўладиган кўчани топинг, биламан, бу дарровда бўладиган иш эмас, балки бир йил кетар, икки йил кетар... ”

Эркин Малик аввалига чўчиган бўлса-да, бу эзгу ишни юзага чиқариш ниятида қатъий ҳаракатга тушади. Янгийўл шаҳридаги 5-мактаб билан боғланиб, ишни бошлашга аҳд қилади. Устоз айтгандек, деярли бир йил давомида Э.Малик ҳар ҳафта шу мактабга, кўчага қатнаб, ободонлаштиришга бош-қош бўлади. Кўча одамлари бир аҳил оиладек, бу жараёнга фаол иштирок этишади. Фақат аълочи ўқувчиларни кўпайтириш бир оз қийин кечади. Паст баҳога ўқийдиганларни юқори баҳога кўтаришда мактаб етакчиси Гулферуза яқиндан ёрдамлашади. Э.Малик ҳар гал қилинаётган ишлар ҳақида Ҳамид акага маълумот бериб турар, аммо у киши ёзиш ҳақида ҳадеганда гапирмасди. Ниҳоят, кўча кўнгилдагидек таъмирлангач, алвондан катта юлдуз ясаб, ичига чироқ ўрнатиб, кўча бошидаги симёғочга ўрнатиб қўйишади. Бу кўчага “Юлдузли кўча” деган расмий ном берилади. Унинг очилиш маросими бўлиб ўтади. Сўнгра газетада “Юлдуз порлаган кўчалар” сарлавҳаси билан каттагина мақола босилиб чиқади. Буни қарангки, астойидил қилинган меҳнат ўз самарасини беради. Бу иш ташаббус даражасига кўтарилиб, бутун республикага ёйилади. Э.Маликка юқори идоранинг Фахрий ёрлиғини топширишади. Бўлажак болалар журналисти учун энг катта мукофот эса олдинда эди: уни ҳали битирув имтиҳонлари тугамаёқ, редакцияга ишга таклиф қилишади. Журналист бўлиш иштиёқи билан азим Тошкентга қадам қўйган, орзуси ушалмаганидан ярим ўксиб, ярим таскин топиб кутубхоначилик ўқишига бел боғлаган ўспирин учун бу аввало, катта ишонч, қолаверса, тақдир насибаси эди, албатта.

Эркин Маликов ана шу даврдан эътиборан болалар журналистикасига жиддий ҳодиса сифатида қараб, болаликнинг покиза ва қизиқарли оламини янада теранроқ ҳис қилиш, улар кўзи билан оламга боқишдан ҳарорат туя борди. Бунинг сабабини ижодкорнинг ўзи шундай изоҳлайди: “Менинг мустақил эркли инсон сифатидаги илк остонам, насибам, дастлабки маошим шу “Ленин учқуни”дан бошланган. Мен ушбу даргоҳда улғайдим. Етимлик, болалик йилларимни эслаб, ўзим яшаган маҳаллалар, ўқиган мактабларимда бўлиб қайтдим. Ижодий сафарлар баҳонасида деярли барча вилоятлардаги ўқувчи ёшлар билан ишладим, ҳаётлари билан руҳиятига тобора чуқурроқ кириб бориш, қалбларини теранроқ ҳис қилишга ҳаракат қилдим.”

Бинобарин, фаолиятини болалар газетасидан бошлаган адиб бутун ижодий йўлини болалар журналистикасига бағишлади. Турли мавзудаги мақола ва очерклари “Ленин учқуни”, “Гулхан”, “Ёш куч”, “Ғунча” журналларида узлуксиз эълон қилиб келинди. Mуҳими, бу соҳа ижодкор учун чинакам ҳаёт мактабига айланди. Тўғрироғи, ранг-баранг мавзудаги публицистик мақолалар--болалар ва ўсмирларга бағишланган туркум рисолаларнинг ёзилишига пойдевор бўлди. Адибнинг “Қирқ икки оғайни” “1970”, “Пионернома” (1977), “Тимурчилар олға”(1980), “Улар менинг дўстларим” (1982), “Ўқилмаган саҳифалар” (1984), “Тўрт қонуниятнинг 4000 қирраси” (1986) сингари тўпламлари бирин-кетин нашр этилиб, ўз ўқувчиларини топа борди. Айниқса, истиқлолга эришув ва миллий қадриятларнинг тикланиши заҳматкаш журналист ижодий имкониятларига янада кенгроқ йўл оча борди. Бу даврда адиб серқирра ижодкорга айланди. Хусусан, Ўзбекистон радиосининг болалар ва ўсмирлар эшиттиришининг бош муҳаррири сифатида хайрли ишларга қўл урди. Бу даврда Мустақиллик неъматини болалар онгига етказиш ва унга муносиб фарзанд бўлиб етишиш муаммоси кун тартибига қўйилди. Мактаб ўқувчиларини ота-боболарнинг бой мероси билан таништириш мақсадида “Бобожонларимиз болалиги”, мардлик ва қаҳрамонликка ундовчи “Тарих сабоқлари”, “Бизнинг радио китоб”, “Иймон ва эътиқод сабоқлари”, дўстликка чорловчи “Бир танмиз, бир жонмиз-қадим она Туркистонмиз” каби янги дастурларга бош-қош бўлди. Жамиятимизда кечаётган ўзгаришларни болаларга етказиш учун хилма-хил услубга эга болалар ижодкорларини тарбиялаш зарурлигини идрок эта олди. Қолаверса, инсонни бошқариб турувчи иймон ва эътиқодни, илоҳий билим қудратини, болаларбоп асарлар ва мақолалар руҳига сингдириш жоизлигини ўринли қайд эта билди. Шунингдек, у “Ёш куч” журналида масъул котиб, “Ғунча” журналида бош муҳаррир бўлиб ишлади. Муҳими, ёзувчи ижодида янги тамойиллар, услублар кўзга ташлана борди. Ёзувчи мумтоз адабиётдаги таълим ва тарбия анъаналари йўлидан бориб, ахлоқий-тарбиявий бадиҳалар, ҳикоялар ва маърифий қиссалар ёзди. Адибнинг “7“А” да қайта қуриш” (1990), “Бугуннинг қақажонлари-эртанинг қаҳрамонлари” (1999), “Субҳидам ҳикоялари” (2002), “Чампо отли илон” (2006), “Шайтонваччанинг найранглари”( 1-китоб 2006 ва 2008; 2-китоб 2009) “Она шаҳрим-Тошкентим” (2009) каби асарлари болалар тарбиясига хизмат қилувчи ахлоқ китоблари сифатида эътироф этилган. Буларда ёзувчининг мақсад ва ўйлари гоҳ панд-насиҳат тарзида, гоҳ ҳаётий-фантастик воқеалар орқали намоён бўлади. Уларда болаларнинг тарбияси, маънавият оламига алоҳида эътибор берилади. Баъзан халқона ривоятларга, афсоналарга мурожаат қилинади. Баъзи адибларимиз болалар орасида учраб турадиган камчиликларни юмористик йўналишда қаламга олса, Э.Малик бу масалага Қуръони карим оятлари ва пайғамбаримиз ҳадислари қаъридан қарайди.

Ижодкорнинг яна бир бетакрор қирраси болалар руҳиятини руҳшуносларга хос болалар тилида тадқиқ этишида кўзга ташланади. Рост, адибнинг энг қайноқ ижод даври собиқ шўро тузуми даврига тўғри келди. Аммо у нимаики ёзган бўлса, эътиборини ёш авлод тарбиясига қаратди, у ёки бу масаланинг моҳиятини содда тилда, болаларбоп қилиб тушунтиришга ҳаракат қилди. Шу аснода, “Болаларни асраш-жамиятни асрашдир. Бола Аллоҳнинг неъматидир. Бола жаннатнинг райҳонларидир. Боланинг бир қўлига нон, бир қўлига китоб беринг”,- дея таъкидлайди адиб бот-бот. Унинг ёзганларида бу ғоялар етакчи тамойил сифатида кўзга ташланади. Бинобарин, бу ғояларда умуминсонийлик руҳи баланд ва у шўро замонидаги ақидапарастликдан баланд туради. Бу ҳам бўлса унинг бетакрор қалам соҳиби эканлигини билдиради.

Журналистик бурчга садоқат

Журналистика, журналист-булар жарангдор сўзлар! Аммо бу соҳага кириб келаётган ёшлар шуни билишлари керакки, уларнинг замирида ҳамиша тинимсиз меҳнат, беҳаловат тунлар, машаққатли изланишлардан иборат ҳаёт ётади. Ўткир идрок, сезгир нигоҳ жўшқин ва безовта юрак соҳибигина бу касбни орзу қилиши мумкин. Журналист хизмат тақозосига кўра турли касб эгалари, турли феъл-атвордаги кишилар билан учрашади, суҳбатлашади. Бунинг учун журналист ҳаётнинг ҳамма жабҳаларидан бохабар бўлмоғи зарур. Кишилар дунёқарашини шакллантириш, ватан равнақи йўлидаги ғояларни тарғиб ва ташвиқ этишда журналистлар бир қадам олдинда борадилар. Бир қарашда бу касб беҳад шарафли, вале жуда масъулиятли касбдир. Журналистнинг кимлигини элга танитадиган жараён- бу оммавий ахборот воситаларидир. Улар ана шу майдонда от сурадилар. Ижтимоий ҳаётдаги долзарб масалалар орқали миллат маънавиятини кўтарадилар. Иқтисод, илм-фан равнақига ҳисса қўшадилар. Бунда ҳақиқат ва ҳурфикрлик уларга қўшқанот бўлади. Булар умумий тамойиллардир. Энди шу тамойиллар орқали болалар журналистикасига назар ташланса, ўзига хос манзара кўзга ташланади. Катталар ахборот ва воқеаларни баён қилинсаёқ тушуниб олишлари мумкин. Лекин болалар учун ахборот танланиши, худди мультфильмлардек, воқеалар ҳаракатланиши керак. Бўлмаса, бола уни ўқимайди. Тегишли хулосани чиқариб ололмайди. Ҳа, оддий хабар учун ҳам суратлар, чизмалар ва безаклар ишга тушади. Баъзан “бор эканда, йўқ экан” деб эртакларни бошлаб берувчи усулларидан, “ривоят қилишларича” деб ривоят жанри бошламаларидан фойдаланишга тўғри келади. Болалар журналистлари ўз ўқувчиларини умумий гаплар, ялтироқ сўзлар билан алдаб бўлмаслигини яхши биладилар. Бу касб эгалари ёзганларига, аввало, бола кўзи билан қарайди ва шу аснода ўзи ҳам болага айланади. Бироқ бу ёзувчининг қувваи-ҳофизаси ҳам боланики даражасига тенглашиб қолмоғини англатмайди. Аксинча,улар тажрибали, доно, устоз мақомида қолаверишлари шарт. Гапнинг индаллоси, болалар ижодкорлари бир пайтнинг ўзида ҳам катта, ҳам бола бўлиб яшай билиши жоиз. Зотан, болаликка ошуфта қалбларнинг энг катта ютуғи, қувончи-ю саодати ҳам шунда.

Болалар журналисти бўлиш-ижтимоий долзарб воқеаларни замонавий ўқувчи қизиқишига мос талқин этишни тақозо қилади. Болалар дунёсини севиш, уларнинг покиза ва қизиқарли оламини ҳис қила билаш, суҳбатидан завқ олиш, улар билан бирга ишлашни ёқтириш фазилатлари ҳам болалар журналисти учун муҳим аҳамиятга эга. Кузатишларимиз Э.Маликда ҳам бу фазилатлар зоҳирлигини яққол кўрсатиб турибди. У ўз табиати, эътиқоди ва аъмоли билан болажон инсон. Тўғрироғи, болаларча софлик, самимийлик, беғуборликни ўзида сақлаб қола олганки, бу болалар журналистига яратгувчининг улкан инъомидир. Қолаверса, бу касбга содиқликка ҳам муносиб жавобдир. Ҳар қалай, битта соҳанинг ўнқир-чўнқирларига бардош бериб, матонат билан унинг ҳақиқий соҳиби даражасига кўтарилиш ҳамма замонларда ҳам осон кечмаган. Хусусан, адиб ижодининг шаклланиш ва қайноқ даври шўро замонасига тўғри келгани назарда тутилса, масала моҳияти янада равшанлашади. У ҳар қандай вазиятда замонанинг оқ рангдаги умидбахш нуқталарини кўришга интилди. Шу муносабат билан муаллиф “Мухбирликнинг олис йўли” бадиҳасида эслаган тубандаги воқеа диққатга сазовор:

...Ўшанда Тошкентда кучли зилзила бўлган, шаҳарни қайта тиклаш учун қўшни давлатлардан қурувчилар сафарбар қилинган эди. Қурувчи деб жўнатилганларнинг кўпчилиги муқаддам судланган, ишёқмас, ўғри, муттаҳам, ахлоқи бузуқ одамлар экани маълум бўлиб қолади. Шундоқ ҳам ярим вайрон бўлган шаҳарда тағин пиянисталар, ўғрилар, товламачилар кўпайиб кетади. Шаҳар атрофларида куппа-кундуз куни қўйлар, моллар йўқола бошлайди. Бир куни Маҳмуд аканинг чойхонасида тушлик қилиб ўтирган Э.Малик ва С.Барноев катта газетада ишлайдиган акахонлардан шаҳар атрофидаги хилват жойлар келгиндиларнинг ишратхонасига айланиб кетгани, мол боқиб юрган болалар уларга аралашиб юргани ҳақида гапириб қолишади. Улар бир-бирига қараб қўйишади. Болалар газетасида ишлагани учун бу гап уларга тегиб кетади. Агарда эшитганларининиг юздан бири ҳам рост бўлса, бу жуда катта фожиа эди. Қолаверса, улар яхши биладики, бечора ота-оналар молларини болаларга, болаларини далага ишониб қўйишган. Кечқурун сигирнинг елинига қарашади-ю, болаларининг ранги-рўйига қарашмайди. Э.Малик, С.Барноев иккаласи ҳеч кимга айтмай шанба, якшанба куни ўзларича рейдга чиқадиган бўладилар. Албатта, болалар орасига дазмолланган шим, оқ кўйлак билан кириб бўлмасди. Иложи борича, далача кийиниб, ҳар эҳтимолга қарши, кетмон ҳам олволиш керак эди. Иккала болалар журналисти эртаси куни шаҳар яқинидаги “Ўзгариш” деган жойда учрашиб, пиёда Сергели томонга қараб юрадилар. “Қаҳрамонлар”ни қалин тутзорлар этагидаги қари тол тагидан топадилар. Бу томонлар кенг дала бўлиб, кетмон кўтарганлар кўп эди. Шунгами қаҳрамонлар кўпам эътибор қилишмайди. Журналистлар оқова сувларни тутзорга бурган бўлиб, болаларни кузата бошлайдилар. Улар ёввойи нашалар тагига газеталар ёйиб, бир нималар билан овора бўлишарди. Тушга яқин тутзор ичи иккита- иккита бўлиб келувчилар билан гавжумлашиб кетади. Енгил машинада келадиганлар ҳам бор эди. Уларнинг баъзилари болаларни танир, уларга бир нима егуликлар беришар, машинасини тол тагида қолдириб, ўзлари ичкари юришарди. Машинага қараб тургани учун олдиндан пул ҳам тутқизишарди. Энг ёмони уларнинг бу ерга нима мақсадда келаётганини болалар билишарди. Ўзларича, орқаларидан кулиб, масхаралашиб қўйишарди. Катта ёшли болалар уларга ароқ, вино, пиво, сигарет пуллашарди. Икки касбдош ҳам вино билан сигарет сотиб олиш баҳонасида улар билан яқинлашиб, анча валақлашади. Болаларнинг бети очилиб бўлган эди. Энг даҳшатлиси, улар наша ўсимлигининг гулидан мум тайёрлашни билишарди. Келгиндилар уларга бу ифлос ишни обдон ўргатишган, данакдагини уч сўм, ёнғоқдагини беш сўмдан пуллашар эди. Бундан ҳам даҳшатлиси, болаларнинг муштагидан-тошдагигача чекар,ичар, ҳатто, бузуқ аёлларга яқинлик қилишарди. Улар таносил касаллигига чалинган бўлишлари ҳам мумкин эди. Кўзи очилмаган, покиза болалар ана шу ифлосликларнинг қурбонига айланган эди. Бу бор-йўғи битта жойда кузатган ҳодисалар эди. Шаҳар атрофида бунақа хилват жойлар қанча?

Журналистлар кўп ўтмай “Қаровсиз қолган ёки тол тагидаги болалар” деган сарлавҳа билан фельетон ёзадилар. Бош муҳаррир Суҳроб ака Йўлдошев даҳшатга тушиб “бу бомба-ку”,-деб юборади. “Наҳотки”... Улар болалардан сотиб олган далил-ашёларини кўрсатади. Фельетон шу заҳоти газета саҳифасига қўйилади. Бироқ “бомба” портламайди. Мақолани юқори идоралар ўтказмайди. Чунки шўро мафкурасига кўра совет тузумида бунақа воқеалар бўлмаслиги лозим эди. Билъакс, бу ҳолат тирноқ ичидан кир қидириш деб тушунилган. Аммо журналистлар бу ишни шундай қолдира олмас эдилар. Улар “Ўзгариш” даги “Нўғайқўрғон” қишлоғига ота-оналар билан учрашгани боришади. Бор гапни айтиб беришади. Баъзи оналар ўша ернинг ўзида дод деб йиғлаб юборишади. Шаҳар атрофидаги хилват жойларга, ота-оналардан иборат назоратчилар қўйилади. Болалар тиббий кўрикдан ўтказилганда, таносил касалига чалинганлари ҳам топилади. Наша ўсимлигига қарши ёппасига кураш бошланади. Уни даромад манбаига айлантириб, ҳатто томорқаларига эка бошлаган одамлар кўпчилик талаби билан жиноий жавобгарликка тортилади... Лекин бу ҳаракатлар матбуот юзини кўрмайди.

Англашилаётирки, ушбу хотиралардан журналистик бурчнинг машаққатли шарофати ойдинлашаётир. Журналистнинг бошқалардан фарқи ҳар бир воқеани, фожиани ўз дарди деб билиши, уни эшитгани заҳоти ҳаловати йўқолиши, кичик жароҳатни-да, катта оғриқдек туя билишида. Хусусан, юрт бошига иш тушганда, кўпинча, болалар назоратсиз қолиб кетадилар. Ана шу ҳолатга лоқайдлик жамиятга кўп кулфат келтиради. Буни теран англаб етган Э.Маликнинг болалик оламига муносабатида ўз фалсафий қарашлари бор. Унинг эшитгани шу эди-донолар ҳаётни оқин дарёга ўхшатишади. дарёнинг эса икки қирғоғи бор: бири болалар бўлса, иккинчиси-кексалардир. Ҳа, бири ҳаётдан кетиб боради, иккинчиси дунёга келиб, уларнинг ўрнини тўлдиради. Лекин ҳар иккала қирғоқ ҳам заиф, ёрдамга муҳтож... Бири гўдаклиги, ҳеч нарсага қодир эмаслиги учун, иккинчиси, кексалиги учун. Қайси жамият шу икки қирғоқни эътибордан қочирса, фалокатга юз тутади. Эътиборли бўлса-чи, йилдан-йилга гуллайди, яшнайди, ривожланиб бораверади. Журналистлар, қалам аҳллари эса жамиятнинг кўрар кўзлари сифатида шу воқеалардан хабар беради, огоҳ этади. Шу хусусда мушоҳада юритаркан, у Ғ.Ғулом, А.Қаҳҳор, Шайхзода, Шуҳрат, Ғайратий, Қ.Муҳаммадийдек қалби уйғоқ улуғ зотларни бир-бир санаб ўтади. Бу устозлар болалар муҳарририятига тез-тез келиб, ҳаёт дарёсининг бир қирғоғи бўлган болалар учун ёзишни эсдан чиқармасликдан иборат бурчларини ёруғ юз билан бажара олганликларини таъкидлайди.

Адабиётшунос Б.Қосимов шўро ҳукуматининг Туркистондаги сиёсати ҳақида фикр юритар экан: “20-йилнинг ўрталаридан барқ урган ниҳоллар қовжирашга тушди”,-деб ёзган эди.1 Бу фикрни Туркистон ҳаётининг барча жабҳаларига истисносиз, татбиқ этиш мумкин. Адабиёт ва санъат, сиёсат ва маданият, маориф ва матбуотда ҳуқуқ ва эркинликларнинг чеклаб қўйилгани матбуот ва адабиёт ривожига ҳам монеълик кўрсатди, албатта. Умуман, мавжуд тузум, сиёсатига маъқул келувчи, унинг манфаатларига хизмат қилувчи адабиёт, матбуот нашрларигина яшай олган. Журналистлар матбуотда шўро мафкурасини тарғиб ва ташвиқ этишга мажбур эдилар. Натижада, кундалик ҳодисаларнинг дабдабали баёни, мактаб ва дала ҳаётига оид оламшумул хабарлар, тантанавор репортаж ва ахборотлар ёзиш, ёшдир-қаридир, дала меҳнатидан бўшамайдиган “қаҳрамон”ларни тобора кўпроқ кашф этиш журналистнинг “юксак маънавий бурчи”га айланиб қолганди ўшанда. Ана шу қолипга асосланган ижод усули ўша давр матбуоти учун анъана тусига киргани сир эмас. Давр сиёсати журналистларни “қолип”дан чиқишга йўл қўймасди. Матбуотдаги мақолаларнинг кўпчилиги юқори идораларнинг кўрсатмаси, буюртмаси билан ёзилар ва маъқул тушганлари кўтар-кўтар қилинарди. Бироқ шундай ҳолатда ҳам ўзини йўқотмаган, сиёсат қурбонига айланмаган ижодкорлар бор эди. Эркин Маликов шу тоифага мансуб қалам аҳлларидан эди дейиш мумкин. Унинг қаҳрамонлари ҳаётда қандай бўлса мақола ва лавҳаларда ҳам худди шундай акс этган. Журналист сифатида ижодийфазилатларидан бири унинг сафарларда бўлиб, айрим ташаббусларни аввалдан ташкиллаштириб, ҳаётга татбиқ этиб, кейин ўша ҳақда ёзишидир. Ижодкорнинг Хоразмдан ёзган “Биз кашф этган болалар” очерки бу фикрни тўла далиллайди. Журналист сафарда бўлиб, ёзнинг иссиқ кунида ишлашаётган болалар ва ўсмирлар учун ҳеч қандай шароит, яратилмаганининг гувоҳи бўлади. Журналист ўн кун қолиб, болалар билан бирга ишлайди, уларни ишга солиб, шийпон атрофида спорт майдончаси, кутубхона, қизлар ва ўғил болалар учун алоҳида-алоҳида дам олиш хоналари ташкил этади. Ва бу ишни болалар ишлаётган бошқа бригадаларда оммалашувига ҳам ҳисса қўшади. Мухбир сафар олдидан ўн кун ичида қадрдон бўлиб қолган ёш дўстлари билан Хивани томоша қилгани боришади. “Бир воқеани эсласам, қалбимни ҳамон ҳаяжон қоплайди,- дея эслайди Э.Маликов завқланиб,- ўшанда, 40 ўқувчининг ҳаммаси бир-биридан бехабар биттадан музқаймоқ олиб менга бараварига “совға” қилишган эди. Ўшанда кўзларимдан ёш чиқиб кетган эди...”

Ўзбек болалар матбуоти ва журналистикасининг 1960-80-йиллардаги нашрлари варақланса, анчайин бир хиллик кўзга ташланиб туришига гувоҳ бўласиз. Айтайлик, баҳор фаслида дала юмушларига тайёргарлик, экинларни тез ва барвақтроқ экиш, боғлар барпо қилиш, кўчатлар экиш, тозалаш ишларида ўқувчи-ёшлар ҳаракати тўғрисида ахборот ва хабарлар берилган; ёз фаслида эса оромгоҳлар ва уларда ўтказилаётган тадбирлар, шунингдек, қишлоқ ёшларининг даладаги фаолиятига бағишланган ахборотларда ҳам шундай якранглик; таътилни колхозчи ота-оналарига ёрдам бериш билан ўтказаётган болалар тенгдошларига ибрат қилиб кўрсатилган. Куз келиши билан ёш пахтакорлар шуҳрати, “жажжи теримчи”ларнинг жасоратини мадҳ этувчи репортаж, хабар ва лавҳалар асосий мавзуга айланган. Пахта мажбурияти бажарилгунга қадар дала меҳнати жанговар чақириққа айланган. Қиш фаслидагина ўқиш, ўқитиш билан боғлиқ масалалар ёритилган. Спорт мусобақалари, викторина ва турли учрашувлар, фан олимпиадалари билан боғлиқ информацион характердаги лавҳалар силсиласи. Хуллас, қулликка асосланган болалар ҳаёти қандай бўлмасин, “бахтли болалик” деб тарғиб этилиши жоиз эди. Шунга қарамай, болалар ва ўсмирлар нашрлари етук адиб ҳамда журналистлар фидойилиги туфайли коса тагида нимкоса услубида ўқимишлилик касб этган материалларни ҳам бериб борган. Бу жиҳатдан, Адҳам Раҳмат, Суҳроб Йўлдошев, Худойберди Тўхтабоев, Эркин Маликов, Сафар Барноев, Тоҳир Малик(Ҳобилов), Эркин Хўжаев, Абдусаид Кўчимов каби ижодкорлар, аввало, ўзларининг болалик оламига мойил табиатлари, қолаверса, турмуш ҳодисаларига муносабат билдиришда, муаммоларни болалар тафаккурига мос даражада талқин этиш ҳамда таҳлил қилишдаги услублари билан ажралиб турганлар. Э.Маликов ҳам “катта қозон”да қайнаб, ўша турғунлик деб аталмиш даврда юзлаб хабар, лавҳа, мақола, очерк ва бадиалар ёзди, рисолалар чоп эттирди. Уларнинг ҳар бирида кичкинтойларнинг чинакам олами, реал кечинмалари, қизиқиш ва ҳаётга муҳаббатларини ростгўйлик билан ёритди. “Шуни ишонч билан айтишим керакки,-дейди адиб,-ижодни кун кўриш воситасига айлантирмадим.Бу мени журналист деган номга иснод келтирадиган, таъмагирлик, сиздан угина, биздан бугина, деган иллатлардан сақлаб қолди. Оддий хабар, лавҳани керак бўлса 2-3 марталаб қайта-қайта ишлаб, қалам ҳақини ҳам, маошимни ҳам ҳалол қилиб олишга одатландим”. Дарҳақиқат, заҳматкаш қаламкаш 40 йилдан зиёд умрини болалар журналистикасига бағишлади. Юзлаб мактаб ва қишлоқларда бўлди, болажонлар олами билан яшади, улар ҳақда ёзишни ўзи учун муҳим иш деб билди. Натижада мақола, очерк ва эсселари орқали ёш дўстлари меҳрини қозонди. Яъни, болалар ва ўсмирлар билиши зарур бўлган воқеа ва ҳодисаларни талқин этишга ҳаракат қилди. Зеро, унинг ёзганларини мавзу моҳиятига кўра қуйидагича туркумлаш мумкин:

1.Болалар ташкилоти ва уларнинг фаолияти ҳақидаги информацион хабар ва лавҳалар: “Ёз ўтиб бораяпти-ю, аммо” (“Л.У”1964 йил, 28 июль), “Илғорлар отряди” (“Л.У”1964 йил, 4 август), “Отряд иш бошлади” (“Л.У”1964 йил, 11 сентябрь), “Оҳаклида байрам” (“Л.У”1966 йил, 28 июнь), “Отрядинг кимнинг номида” (“Л.У” 1965 йил, 5 феврал). Бунга ўхшаш туркум лавҳаларда муаллиф мактаб, болалар оромгоҳлари, ижодиёт марказлари ва саройларида учраб турадиган камчиликларни танқид қилиб, уларни бартараф этиш йўлларини излайди; ихчам хабарлар орқали Ватан урушида иштирок этиб, қаҳрамонлик кўрсатиб, номлари отрядларга қўйилган кишиларнинг таржимаи ҳолини билмаган ёшлар танқид қилинади. Бефарқ яшамасликка даъват этилади.

2.Турли ёшдаги болаларнинг феъл-атвори, руҳий олами ҳамда қизиқишларига оид очерк ва бадиҳалар: “Одобинг-обрўйинг” (“Л.У”1964 йил, 2 октябрь), “Лазокатнинг афсуси” (“Л.У”1965 йил, 24 август), “Вақтидан ким қандай фойдаланади” (“Л.У”1966 йил, 11 январь), “Касални яширсанг” (“Л.У”1966 йил, 25 февраль), “Пушаймон” (“Л.У”1965 йил, 26 январь), “Чағалайларга узилган ўқ” (“Гулхан”, 1969 йил, 12-сон,) “Ўша Ғуломжонми?” (“Гулхан”, 1969 йил, 9-сон, 6-бет), “Қуёш қидирган бола” (Гулхан, 1970 йил, 8-сон, 8-бет), “Ғалати бола” (“ Гулхан”, 1971 йил, 1-сон, 10-бет). Бу туркумдаги мақолалар рўйхатини яна давом эттириш мумкин. Уларда болалар ва ўсмирларнинг ёш хусусиятлари билан боғлиқ психологик ўзгаришлар, оила ва муҳит тарбиясига алоқадор жиҳатларлар таҳлил қилинади. Уларнинг аксарияти воқеий ҳикоялардан иборатдир. Жумладан, “Ўша Ғуломжонми?” сарлавҳали мақоласи шундай сатрлар билан бошланган: “Ғуломжон билан Ҳамзаободдаги “Шельковик” пионер лагерида танишдик. Бу икки ўқувчининг суҳбатидан бошланди.

“–Ҳув анави дарахтларни оқлаётган болани кўраяпсанми? Ўзимизнинг Ғуломжон- танидингми?

-Йўғе, наҳотки ўша Ғуломжон бўлса, нечук, отдан тушса ҳам узангидан тушмас эдику?

Қизиқ, Ғуломжоннинг бу иши уларни нега бунча ажаблантираяпти? У қандай бола экан,-дея қизиқиб қолдик биз.”

Муаллиф шу тариқа, марғилонлик Ғуломжон Қодировнинг лагердаги тўполончилиги, хунук қилиқлари туфайли ўртоқлари назаридан қолиши, ҳатто бокс секциясидан ўчирилиш сабабларини тадқиқ эта боради. Айниқса , спорт секцияларига одобли, тўғрисўз, камтар, хушфеъл болаларнинг қабул қилиниши ва бундай фазилатларнинг биронтаси ҳам Ғуломжонда йўқлиги, муҳими, лагер штабида муҳокама этилиб, кўрик танловларга қатнашишга жалб этилиши ёш қаҳрамон феъл-атворининг ижобий томонга ўзгаришига олиб келгани кенг ёритилган. Алал-оқибат Ғуломжоннинг лагерь майдонидаги дарахтларни оқлашга киришгани биринчи ибратли иши бўлганлиги туфайли кўпчиликни таажжубга солгани асослаб берилади.

3.Давр талаби асосида ёзилган ижтимоий-сиёсий мавзудаги мақолалар: “Табиб ва унга қарши бўлган болалар” (“Л.У”1964 йил, 3 ноябрь), “Ажойиб экспедиция”, “Чин дўстлик”, “Интилиш” (“Л.У”1965 йил, 19 март), “Йиллар садоси” (“Гулхан”, 1971 йил, 3-сон, 14-бет). Бундай мақолаларда мафкуравий ғоя етакчилик қилса-да, муаллифнинг туб мақсадларини англаш қийин эмас. Айтайлик, “Йиллар садоси” сарлавҳали мақолада Урганч шаҳридаги Ленин номли мактаб ўқувчиларининг партия ХХ1У съездига бағишлаб тайёрлаган композициялари хақида хабар берилади. Жумладан, 1922 йил 26 августида бўлиб ўтган Хоразм комсомолининг 2-съезди, Аму дарёга ғарқ қилинган “Йигирма иккилар” фожиаси, 1924-30-40-йиллардаги тарихий воқеалар, “Ўз областингни биласанми?”, “Хоразмнинг машҳур наққош ва санъаткорларининг ҳаёт йўлларини ўрганамиз” шиори асосида тайёрлаган композициялари мақолада таҳлил қилинган.

Кўринадики, Эркин Маликов ўша қатағонлик руҳи устивор шароитда ҳам болалар қалбига яқин мавзулар танлашга, улар орқали кичкинтойлар қалбида яхшилик уруғини экишга ҳаракат қилган. Давр талабига жавоб беришни кўзлаб воқеалар кетидан қувмади, воқеаларни тантанавор мадҳ этиш йўлидан бормади, билъакс ўша ҳодиса моҳиятини англатиш йўлидан борди. Шу фазилатига кўра унинг болалар ва ўсмирлар таълим-тарбияси, қизиқишларига бағишланган ўнлаб бадиалари, юзлаб мақола ва лавҳалари замондош ўқувчиларни бефарқ қолдирмади. Муаллифнинг ўтган аср сўнгги чорагидаги журналистик маҳорати, публицистик ижоди, хусусан, тадқиқотчилик фаолияти диққатга сазовордир. Бир сўз билан айтганда, виждон амри билан қалам ушлаган адиб болалар ва ўсмирлар билмоғи керак бўлган воқеа-ҳодисалар тўғрисида жим қараб турмади. У ҳамиша болалар онгини ўстириш, ахлоқ-одобини яхшилашни долзарб муаммо сифатида талқин этди. Шунингдек, тил ўрганиш, фанлар хусусидаги баҳслар, донолар ўгити, тарих, миллий анъаналар, қадриятлар тўғрисида ҳам туркум мақолалар эълон қилди, теле-радио эшиттиришлари орқали бот-бот уларни эфирга узатиб турди.

Эркин Маликнинг жамиятда кечаётган ўзгаришларга муносабати илк истиқлол йилларида янгича тароват касб эта бошлади. Адибнинг “Биз ўзи киммиз?” (“Туркистон”, 1992, 17 март) сарлавҳали мақоласи шу жиҳатдан эътиборлидир. Муаллиф мақолада истиқлол шабадалари эсаётган Ўзбекистоннинг кечаги ва бугуни ҳақида фикр юритади. Хусусан, одамларда иймон-эътиқод, инсоний фазилатларнинг баъзан етишмай қолаётганини ҳаётий воқеалар билан таҳлил қилиб беради. Айниқса, оиладаги фарзандлар тарбияси ора йўлда қолиб кетгани, яъни кўпгина оталар кўча-куйда бекорчи, оналар эса юртма-юрт юриб, савдо-сотиқ билан оворалиги тўғрисида куйинчаклик билан мушоҳада юритади. Кўп хонадонларда эса ким ўзарга уй-жойлар қуриш, қўша-қўша машиналар олиш, “гап” деган зиёфатга муккасидан кетиши, хуллас, шу каби бошқа қатор иллатларга томошабин бўлиб бефарқ қараб туришлар қаламга олинади. Лоқайдлик оқибатида келиб чиқадиган нохушликлар рўй-рост очиб ташланади. Жумладан, мана бу воқеага муаллиф чидаб туролмайди: Тошкентдаги Ал-Бухорий номидаги ислом институтига кўзи очиқ, аммо кўр бир одам талабалар етовида кириб келади. “Мен ўша ердайдим,-деб аниқроқ изоҳлайди муаллиф. Истанбулдан меҳмон экан дейишди, талабалар. У киши чўнтагини пайпаслаб мударрисларга ҳужжатини кўрсатади. “Муҳаммад Али Текқанот, профессор”. Ким билан келдингиз, қандай шамоллар учирди, деган саволларга меҳмон: “Эй ўзбек қардошларим, Ўзбекистоннинг мустақил ўлғонини эшитиб, чўғ қувондим, Истанбулдан Бокуга ўтдим, ўрадан бўрага галдим, ҳеч бир кишисиз-ўзим галдим, қардошлар. Ўзбекистон чўғ истеъдодлар юрти. Гўрдим, энди бўлди ярдам этсангиз, Бокуга етиб олсам аравам вар(енгил машинам) мени кутиб туриер”. Хуллас, маълум бўладики, бу киши таклиф қоғозисиз, турист йўлланмасисиз сафарга чиққан. Бокудан тайёра орқали фуқаро сифатида ўтиб келаверган. Меҳмоннинг бирдан-бир орзуси улуғ алломалар юрти ҳавосидан нафас олиш, одамлари билан суҳбатда бўлиш, яъни кўзи очиқлигида етолмаган орзусига мустақиллик шарофати туфайли эришиш бўлган. Қайтишда нажотсиз қолган меҳмон уларга хижолатомуз мурожаат қилади: “Сизлар бир биша этинглар. Истанбулга бориб бир кунда қанча бўлса, шунча доллар жўнатурман”,-дейди. Ҳайрон бўлган мезбонлар “долларим вар эди..”-деяпсизку, дейди. “Ай, долларлар вар эди, олдилар, олдилар, жан аман қолди, бўлди”. “ Кўзи очиқ кўр одамнинг жовдираши ғалати бўларкан”,-деб куйинади муаллиф,- у бу сўзларни шундай шошиб-шошиб, хижолат билан айтдики, ўтирганлар беихтиёр юзларини бир-бирларидан яширдилар. Ҳа, ҳаммамиз ерга кириб кетган эдик, ерга. Ҳозиргина ғала-ғовур бўлиб турган хона бирданига қудуққа тушиб кетгандек тим-тирис бўлиб қолди. Меҳмон кутилмаганда одамларни йўқотиб, нажотсиз қолгандек, очиқ кўзларини жовдиратиб, атрофга аланглаб қолди. “

Эркин Малик шу воқеа сабаб мусулмончиликни ниқоб қилиб олган, аслида иймонсиз баъзи миллат фарзандлари ҳақида надомат билан фикр юритади. Ўша меҳмон Мадинаи мукаррамадаги институтда ўн уч йил мударрислик қилган, Ал-Бухорийнинг ҳадис илмидан дарс берган, бир эмас, иккита эмас, бешта диний ва дунёвий олий ўқув юртини тамомлаб, илм зўрлиги туфайли кўр бўлган экан. “Қаранг, кўр одам бизни, буюк алломалар юрти-Ал Бухорий авлодларини кўргани , тупроғимизни тавоф қилгани келса-ю, тақдирини бизга ишонса-ю, долларини шилиб олсак... Кўрниям чўнтагига тушадиларми, ҳеч жаҳонда. Бу ишниям ўзимиздан бўлак одам қилмаган, Сабаби, меҳмон ўзбек тилидан бошқа тилни билмайди, бошқа миллат одами билан мулоқотда бўлмайди”,-дея мулоҳаза юритади муаллиф. Чиндан-да, бундай воқеалар нафақат истиқлолимизнинг дастлабки йилларида, балки ҳали-ҳануз учраб туриши кишини ўйлантиради. Негаки, атрофимизда ҳамон маънавияти саёз ёшлар, ўзининг кимлиги, аждодлари қанақа инсонлар эканини билмайдиган одамлар кўп. Муаллиф шунга ўхшаш мисоллар орқали мустақил бўлган юрт ёшларини чинакам ватанпарвар бўлишга, юқоридагидек иллатларга қарши курашишга чақиради. Ва ривоятлар орқали келажакда манглайига Аллоҳнинг “ҳалол”, “бахтли” деб ёзилган зурриёдлари дунёга келишига умид билдиради.

Шу тариқа, адибимиз мустақиллик йилларида барча газета ва журналларда публицистик чиқишлари билан иштирок этиб, дилда тугилиб ётган армонларини муштарийлар билан баҳам кўрди, Жумладан, “Тонг юлдузи”, “Ишонч”, “Туркистон” газеталарининг, “Гулхан”, “Ёш куч”, “Ғунча”, “Саодат” журналларининг фаол муаллифи сифатида эътирофга сазовор мақолалар ёзди. У болалар учун ёзганда болаларча содда, равон, ихчам услубда, катталар учун ёзганда эса шунга хос мушоҳада юритишга ҳаракат қилди. Айтайлик, “Суҳроб бобо ...ва уларнинг сайроқи “қуш”лари ҳақида” (“Тонг юлдузи”, 1992 йил, 1 август) мақоласи мустақил юрт болаларига аталган илк “эртак”лардан... Мақола республика болалар матбуоти ва журналистикасининг жонкуяри, қаламкашларнинг катта мактабини яратган, уларга раҳбарлик қилиб, устозлик мақомига эришган Суҳроб Йўлдошевнинг 60 йиллигига бағишланган. Мақолада муаллиф ўзининг ижоддаги илк тетапоя йилларини, устоз сабоқларию ўзига тенгдош авлод дил изҳорларини бугунги болажонларга эртакнамо қилиб сўйлаб беради. 60-йилларда “Ленин учқуни” атрофида уюшган Ўктам Усмонов, Раззоқ Абдурашид, Сафар Барно, Омон Мухтор, Тоҳир Малик,Султон Жаббор, Чўлпон Эргаш, Маҳмуд Саъдий, Мурод Хидир, Ризвон Сафарова, Дилбар Маҳмудова, Ҳабиб Саъдулла, Эркин Хўжаев, Абдусаид Кўчимов каби ёш ижодкорларни жиблажибон, майна, мусича, чумчуқ каби қушларга ўхшаб турли мақомда сайрамоқчи бўлгани, аммо Суҳроб ака уларнинг ҳар бирининг ўз йўлини, овозини топишига ундаганини мароқ билан ҳикоя қилади. Жумладан, ўша Суҳроб бобо бир куни “дарс” ўтаётганда “қуш”ларидан мусичавой бундай куйлабди: -Ғаққа-ғу-ғу, ғаққа ғу-ғу, Юрагимда бир ғулу, Каптар бўлсам, каптар бўлсам, Ўша кунга етар бўлсам, Армоним йўқ, ўлар бўлсам... Ғаққа-ғу-ғу, ғаққа ғу-ғу. ...Эй, зўр бўлганингизда мени кабутарга, чумчуқни майнага, жиблажибонни булбулга айлантиролган бўлардингиз”... Шунда “қуш” ўргатувчи Суҳроб бобо : “-Оббо сен-ей, сенинг ҳам дардинг ичингда экан-ку а? Ундай дема, Мусичажон. Устозларнинг вазифаси ҳаммага ўзининг кимлигини танитиш, тўғри йўлга солиш. Паррандаю- дарранда ҳаммасининг ҳаётда ўрни бор,” –деб насиҳат қилади.

Эркин Маликов шу тариқа, ёш муштарийларга ўша сайроқи қушлар - номлари юқорида зикр этилган адиблар экани, уларни ўргатувчи бобо эса талабчан раҳбар, ижодкор, яхши таржимон ва дилкаш суҳбатдош Суҳроб Йўлдошев бўлганлигини маълум қилади. Кейинчалик эса бу “сайроқи қушлар” ҳақида алоҳида-алоҳида очерклар ёзади. Бугунги ёш авлодга уларни таништириш йўлидан боради.




Достарыңызбен бөлісу:
  1   2   3   4   5




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет