Матн тилшунослиг и



бет1/9
Дата11.07.2016
өлшемі0.62 Mb.
#192105
  1   2   3   4   5   6   7   8   9


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА

МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ

АЛИШЕР НАВОИЙ НОМИДАГИ

САМАРҚАНД ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИ

М А Т Н



Т И Л Ш У Н О С Л И Г И”

фани бўйича услубий қўлланма

Самарқанд давлат университети

ўқув- услубий кенгаши томонидан нашрга тавсия этилган

Самарқанд - 2012

УДК:4


Й -69

ББК:81
Йўлдошев Б., Ражабова К. “Матн тилшунослиги” фани бўйича услубий қўлланма. – Самарқанд: СамДУ нашри, 2012 – 110 б.


“Матн тилшунослиги” фани лингвистика (ўзбек тили) йўналиши бўйича таълим олаётган 1-босқич магистрларига ўтилади. Шунингдек, 5220100 – филология (ўзбек филологияси) йўналишининг 3-курс талабаларига “Ўзбек тили ўқитиш методикаси” фанида матн устида ишлаш усуллари юзасидан машғулотлар олиб борилади. Мазкур иш магистрантлар ва бакалавр талабалар орасида ана шу машғулотларни илмий-методик жиҳатдан тўғри ташкил этишга ёрдам беради. Услубий қўлланма икки қисмдан иборат бўлиб, унинг биринчи қисми матн тилшунослигининг назарий ва амалий муаммолари, уни ўқитиш масаласига бағишланган. Бу қисмда матн компонентларининг поғонали муносабати, матнда синтактик алоқани таъминловчи лексик воситалар талқини, матн компонентларининг семантик ва прагматик муносабатлари, “Матн тилшунослиги” фанини ўқитиш муаммолари ҳақида сўз юритилади. Ишнинг кейинги қисмида матн ёрдамида нутқ устириш усуллари ўрганилади.

Мазкур ўқув-услубий қўлланма матн тилшунослиги муаммолари билан қизиқувчи талабалар, магистрантлар, аспирант ва тадқиқотчиларга мўлжалланган.

Тузувчилар: Б.Йўлдошев, К.Ражабова
Масъул муҳаррир проф. А.Абдусаидов

Тақризчилар: проф. Б.Ўринбоев

доц. Х.Хайруллаев
© Алишер Навоий номидаги Самарқанд Давлат университети, 2012
МАТН ТИЛШУНОСЛИГИНИНГ НАЗАРИЙ

МУАММОЛАРИ
1. МатнДА синтактик алоқаНИ таъминловчи ЛЕКСИК воситалар ҲАҚИДА
Таянч сўз ва иборалар: матн, матн компонентлари, матн компонентларининг синтактик алоқаси, иатнда синтактик алоқани таъминловчи воситалар, лексик такрор, олмошлар, синоним сўзлар, абзацлараро синтактик муносабат.

Кейинги йилларда жаҳон тилшунослигида матн, унинг моҳияти, лексик ва грамматик хусусиятлари тадқиқига бағишланган ишлар ортиб бормоқда. Уларнинг аксариятида матн компонентларининг семантик алоқасини ўрганишга асосий эътибор қаратилади. Бизнингча, матн компонентларининг синтактик жиҳатдан ҳам боғланишли эканлигини мукаммал талқин этиш учун вақт келди, зотан, матн фақат семантик жиҳатдан эмас, балки синтактик жиҳатдан ҳам яхлитликни тақозо этади. Бошқача айтганда, матн компонентлари қандай йўсинда бўлмасин синтактик жиҳатдан ҳам ўзаро боғланган бўлади.

Кузатишлар шундан далолат берадики, матн компонентларининг ўзаро синтактик боғланишига қуйидаги омиллар ўз таъсирини кўрсатади: а) лексик такрор; б) синонимик муносабатлар; в) олмошлар; г) кириш сўз ва бирикмалар; д) боғловчилар.

Лексик такрор баъзан матн компонентларининг синтактик алоқаси учун асос бўлади: Мана бугун, Низомжон яна Дилдор билан учрашди. Низомжон йиғилиб қолган гапларини энтикиб, шошилиб гапирар, Дилдор бўлса бепарвогина унинг гапларига қулоқ солиб борар эди. Умуман, Дилдор кейинги пайтларда сал бошқачароқ бўлиб қолган эди. Низомжонни кўрганда бир қизариб оларди-да, пилдираб қочиб кетарди (С.Аҳмад. Уфқ).

Келтирилган матнда Низомжон ва Дилдор сўзларига эътибор берсак, уларнинг турли синтактик вазифаларда келиб, матн компонентларининг ўзаро синтактик муносабатини таъминланаётганини кўрамиз. Биринчи гапда Низомжон эга, Дилдор тўлдирувчи, иккинчи компонент – мураккаб синтактик қурилмада эса Низомжон ва Дилдор сўзларининг ҳар иккаласи ҳам эга вазифасида келмоқда. Учинчи гапда Дилдор эга вазифасида, тўртинчи гапда эса Низомжон сўзи тўлдирувчи бўлиб келмоқда. Бундан ташқари, мазкур матнда гаплари сўзи ҳам такрорий қўлланилиб, бир ўринда воситасиз, иккинчи ўринда эса воситали тўлдирувчи вазифасини бажаради.

Маънодош сўзлар бадиий матн компонентларининг синтактик муносабатини ифодалашда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бунда бир компонентнинг сатҳида келаётган маълум бир сўзнинг иккинчи, учинчи ва ҳ.к. компонентларда синонимлари ёки синонимик маъноли унсурлари иштирок этади: Қиш совуқлари ҳам Гавҳаршодбегимнинг ҳаётидан узоқлашиб кетди. Улуғбек . . . икки қаватли кўшкда онаси шарафига катта қабул маросими ўтказди. Маросимда Гавҳаршодбегимнинг барча келинлари шаҳарнинг аслзода аёллари ҳам иштирок этдилар. Зиёфатдан сўнг ҳаммаларига саруполар улашилди. (П.Қодиров. Она лочин видоси).

Келтирилган матнда синонимик маъноли қуйидаги сўзлар мавжудлигини кўрамиз: Гавҳаршод бегим – она (си), қабул маросими – зиёфат, келинлар (и), аслзода аёллар – ҳаммалари(га), барча – ҳамма.

Айни пайтда матн компонентлари (гаплар)нинг сони тўртта бўлиб, синонимик маъноли сўзлар уларнинг барчасида қатнашмоқда ва компонентларнинг ўзаро синтактик алоқасини таъминлайди1.

Матннинг таркибий қисмлари ўртасида синтактик алоқа шаклланиши учун олмошларнинг ҳам аҳамияти жуда каттадир. Бунда олмошнинг от, сифат, сон, равиш каби мустақил сўзлар ўрнида қўлланила олиши муҳим мавқега эга бўлади: Меҳмонлар оғир сукунатдан қоронғи хонақоҳга битта – битта кирдилар. Барча ўзини гўё пайғамбар қабри олдида ҳис этарди. Ўртадаги тошни навбат билан бир – бир ўпиб, ҳўнг – ҳўнг йиғладилар.

Гумбаз устидаги кабутарлар овози уларга гўё самодан келган пайғамбар овози каби туюларди (Ойбек. Улуғ йўл).

Берилган матн тўрт компонентли бўлиб, биринчи ва иккинчи гаплар барча жамловчи олмоши воситасида, иккинчи ва учинчи гаплар имплицит ифодали улар учинчи ва тўртинчи гаплар эса уларга олмошлари билан синтактик алоқада эканлигини кўрамиз. Мазкур олмошларнинг барчаси меҳмонлар сўзининг субститутлари сифатида келиб барча – эга, яширин ҳолда келаётган улар ҳам эга, уларга олмоши эса воситали тўлдирувчи вазифаларини бажармоқда.

Матн компонентларининг синтактик алоқаси кириш сўз воситасида воқеланиши ҳам мумкин. Бунда кириш сўз ўз вазифасига кўра боғловчига яқинлашади2. Хусусан, кириш сўз вазифасида келган модал сўзларда бундай имконият анча салмоқлидир. Кириш сўзлар ҳозиргача тилшуносликда гапнинг бошқа бўлаклари билан грамматик алоқага эга эмас, деган фикр қатъийлашган.

Матн шаклланишида боғловчилар ҳам муҳим вазифа бажаради. Бунда боғловчиларни вазифаларига кўра иккига бўлинади: а) мустақил гапларнинг ўзаро муносабатини таъминловчи боғловчилар; б) абзацлар муносабатини таъминловчи боғловчилар3.

Матн таркибидаги мустақил гапларнинг синтактик муносабатини таъминловчи боғловчилар микро майдонда ҳам, макро майдонда ҳам қўлланиши мумкин4.

Боғловчи макроматн таркибида келганда кўпроқ абзацларнинг семантик ва бир пайтнинг ўзида синтактик алоқаларини таъминлаш учун хизмат қилади:

1. Атрофни ўраб келаётган мерганлар ёй ўқи билан уни нишонга олаётганларига кўзи тушиб, ваҳимаси баттар ошди. Саросима ичида қоятошнинг нариги пана томонига ўзини отди.

Бироқ қоянинг нариги томони икки юз қулоч баландликдаги тош жарзов эди. Зов тагидан ўтган Ҳирот дарёси тоғлардан келган сел билан тўлиб – тошиб оқмоқда (П.Қодиров. Она лочин видоси).

2. . . . ошириб бажарганларга устама мукофот белгилаш; тоғда собиқ Қуйки районини тиклаш; унинг ўзига хос экономикаси билан алоҳида шуғулланиш …



Лекин бу таклифларни айтиш учун Ориф ака кўп идораларнинг ичига кириб чиқди (А.Мухтор. Чинор).

Берилган мисолларнинг ҳар иккиси ҳам макроматннинг муайян парчалари саналади. Биринчи мисолда макроматннинг икки абзаци бироқ зидлов боғловчиси орқали синтактик ва семантик муносабатга киришаётганини кўрамиз. Айни пайтда икки абзацнинг синтактик алоқаси учун қоя, нарги томони сўз ва сўз бирикмалари ҳам хизмат қилмоқда. Бу ўринда абзацлараро лексик такрор қўлланилаётганини кўрамиз. Мазкур воситалар, ўз навбатида, абзацлар ўртасидаги синтактик муносабатнинг янада мукаммалроқ тус олишига кўмаклашмоқда.

Иккинчи мисолда абзацлараро синтактик муносабат лекин зидлов боғловчи вазифасида шакллангани кўзга ташланади. Бу ўринда ҳам синтактик алоқанинг узвий эканлигини қайд этамиз. Чунки айни пайтда икки абзац синтактик муносабати учун иккинчи абзац бошида келаётган боғловчидан ташқари, бу кўрсатиш олмоши ҳамда биринчи абзацда маъно салмоғини умумлаштириб кўрсатаётган таклифлар сўзининг ҳам аҳамияти катта бўлмоқда.

Шундай қилиб, матн компонентларининг турли йўллар билан, жумладан, лексик такрор, синонимик воситалар, олмош - субститутлар, кириш сўз ва бирикмалар, боғловчи кабилар ёрдамида синтактик муносабат ташкил этишини кўрамиз. Албатта, биз бу ўринда мазкур воситалар хусусида илмий мулоҳаза юритиётганимиз йўқ. Аммо, шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, уларнинг ҳар бири келгусида алоҳида тадқиқотлар учун асос бўла олади. “Матн тилшунослиги” фани бўйича маъруза тингловчи магистрантлар ва бакалавр талабалар ана шу ҳолатни инобатга олишлари лозим.



Назорат саволлари:

1. Матн компонентларининг ўзаро синтактик боғланиши ҳақида тушунча.

2. Матн таркибида мустақил гапнинг синтактик муносабатини изоҳланг.

3. Матнда абзацлараро синтактик муносабат қандай таъминланади?

4. Матндаги синтактик алоқани таъминлашда олмошлар ва маънодош сўзларнинг ўрни.



Достарыңызбен бөлісу:
  1   2   3   4   5   6   7   8   9




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет