Шу йилнинг 8 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институтида “Тарихни даврлаштиришга зарурат борми? Янгича қарашлар, ёндашувлар ва таклифлар” номли умуммиллий илмий йиғин бўлиб ўтган эди. Унда Ўзбекистоннинг нуфузли олимлари чиқиш қилиб, ўз фикрлари, илмий қарашлари ва таклифларини билдирган эди. Жумладан, тадбирда сўзга чиққан тарих фанлари номзоди Бахтиёр Алимжанов даврлаштиришда ҳар бир олимнинг ўз қараши бўлиши кераклигини, бу борада бир нечта мактаб шаклланиши зарурлигини айтиб ўтган эди. Шулардан келиб чиқиб, унинг фикрларини тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда, мен ҳам бу борадаги қарашларимни билдиришни лозим топдим.
Аввало, даврлаштириш масаласига бир оз тўхталиб ўтсак. Хўш, тарихни даврлаштириш ўзи нима ва у қандай амалга ошади? Тарихни даврлаштириш – бу тарихий жараённи муайян хронологик даврларга шартли равишда ажратишдан иборат бўлган тизимлаштиришнинг алоҳида тури. Шартли ажратилган даврлар муайян ўзига хос хусусиятларга эга бўлиб, улар даврлаштиришнинг танланган асосига (мезонига) қараб белгиланади. Тарихни даврлаштиришда турлича мезонлардан фойдаланилади. Масалан, тафаккур тарзининг ўзгаришидан тортиб, экологик трансформациялар ва алоқа воситаларининг ўзгаришигача. Кўпчилик олимлар иқтисодий-ишлаб чиқаришга асосланган даврлаштиришдан фойдаланади. Бу кўпроқ марксистик назарияни ўз ичига олади.
Одатда, жаҳон тарихчилигида даврлаштириш масаласида қуйидаги олтита тарихий давр кенг қўлланилади:
Преистория, яъни тарихдан олдинги давр
Буни бизда “ибтидоий жамоа даври” ҳам дейилади. Бу давр милоддан аввалги 5,5 миллион йилдан милоддан аввалги 3500 йилгача бўлган даврни қамраб олади. Яъни, илк одамлар пайдо бўлганидан то ёзув кашф этилишгача ёки Осиё ва Африкада илк давлатлар пайдо бўлгунга қадар. Дунёнинг айрим жойларида бу давр янада узоқроқ давом этган.
Антик давр ёки қадимги дунё тарихи даври
Бу давр милоддан аввалги 3500 йилдан милодий 476 йилгача, яъни ёзув пайдо бўлганидан то Ғарбий Рим империяси қулаган йилгача бўлган даврни қамраб олади.
Ўрта асрлар
Бу давр 476 йилдан 1453 ёки 1492 йилгача бўлган даврни қамраб олади. 476 йилда Ғарбий Рим империяси қулаган бўлса, 1453 йилда Константинополь Усмонийлар томонидан эгалланди. 1492 йилда Христофор Колумб Америка қитъасини кашф этди.
Янги дунё тарихи ёки янги давр
1453 ёки 1492 йилдан 1789 йилгача бўлган даврни ўз ичига олади. Яъни, Буюк француз инқилобигача бўлган давр. Айрим тарихчилар бу давр якунини Биринчи жаҳон урушининг тугаши билан ҳисоблайди.
Энг янги давр
1789 йилдан 1945 йилгача, яъни Иккинчи жаҳон уруши якунигача бўлган давр. Айрим олимлар ҳозирги даврни ҳам ушбу гуруҳга киритади.
Ҳозирги замон
Иккинчи жаҳон уруши якунидан ҳозирги кунгача бўлган муддатни қамраб олади.
Юқоридаги тартибда даврларга бўлиш аниқ қоида эмас, албатта. Бу борада олимларнинг турлича фикрлари, танқидлари бор. Улар билан вақти келганда яна батафсил танишиш имконига эга бўламиз.
Ана энди Ўзбекистон тарихини даврлаштириш масаласига қайтсак. Аввало, шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистон тарихини алоҳида ажратиб олиш бир оз мантиққа зиддек, назаримда. Чунки Ўзбекистон тарихи минтақадаги қолган республикалар тарихи билан узвий боғлиқ. Уни бошқалардан ажратиш имконсиз. Шунинг учун мен “Марказий Осиё ёки Ўрта Осиё тарихини даврлаштириш” бирикмасидан фойдаланишни таклиф қиламан. Аслида, Марказий Осиё деганда қаерлар тушинилиши ҳақида ҳам турлича қарашлар мавжуд. Ҳозирда кўпчилик тан оладиган Марказий Осиёга собиқ Совет Иттифоқи тарикибига кирган бешта Ўрта Осиё республикалари киради. Уларнинг тарихи эса бир-бири билан бевосита боғлиқ. Шундай экан, тарихни даврлаштиришда бу мезон ҳам ҳисобга олиниши керак.
Шундай қилиб, умуммиллий йиғинда тарих фанлари доктори Фарҳод Мақсудов ҳамда Бахтиёр Алимжановлар ўз таклифларини билдириб ўтди. Фарҳод Мақсудов учта катта даврни таклиф қилди: Турон, Туркистон ва Ўзбекистон. Б.Алимжанов эса диний мезондан келиб чиқиб зардуштийлик, ислом ва дунёвийлик даврларига бўлишни илгари сурди. Юқоридаги икки таклифда ҳам асос бор ва улар яшаши керак. Ахир биз фикрлар хилма-хиллиги замонида яшаяпмиз. Шулaрдан келиб чиқиб, мен ҳам ўзимнинг Марказий Осиёни даврлаштириш борасидаги таклифларимни имкон қадар соддалаштириб баён этишга ҳаракат қиламан.
Марказий Осиё тарихи қуйидаги даврларни ўз ичига олади:
Исломгача бўлган давр
Бу давр жуда катта ҳисобланади. Шу билан бирга турли сиёсий, ижтимоий жараёнларни ўз ичига олади. Ислом кириб келгач, жамият ҳаёти ва дунёқараши тубдан ўзгарди.
Мўғуллар истилосигача бўлган давр ёки турк-мусулмон сулолари даври
VIII-XIII аср бошларини ўз ичига олади. Бу даврни алоҳида қайд этишга ҳам бир қатор сабаблар бор: янгича бошқарув, янгича қараш, илм-фаннинг кескин ривожланиши ва ҳ.к. Лекин, минтақага мўғулларнинг кириб келиши ўзидан олдинги мусулмон сулолалар давридаги ҳаёт тарзини ва сиёсий қарашларини, аҳолининг этник таркибини кескин ўзгартириб юборди.
Рус босқинигача бўлган давр
1220 йилдан 1876 йилгача бўлган оралиқни ўз ичига олади. Даврнинг якуни сифатида Қўқон хонлигининг тугатилиши санаси таклиф қилинади. Бу ҳам катта давр ҳисобланади. Аммо, юқорида таъкидланганидек, мўғул омили Марказий Осиё давлатларида узоқ вақтгача асосий роллардан бирини ўйнаб келди. Ўзбек халқининг шаклланиш жараёни ҳам айнан шу даврга тўғри келиши бу даврнинг аҳамиятини янда оширади.
СССР қулашигача бўлган давр
Россия империяси ва Совет иттифоқи ҳукм сурган давр. Бу даврда Марказий Осиё жамиятларига ёт бўлган бир қанча янгиликлар кириб келди, янги бошқарувга ўтилди, аҳолининг таркибида ўзгаришлар юз берди, янги давлатлар пайдо бўлди.
Постсовет давр
СССР қулаганидан бошланган бу давр ҳозирча сўнгги давр бўла олади.
Хулосалайдиган бўлсак, бу ерда таклиф қилинаётган даврлаштириш ҳам юқоридагилар сингари шартли ҳисобланиб, кўпроқ сиёсий-ижтимоий мезонга таянади. Бу даврлаштиришни қатъий деб айтиш фикридан йироқмиз ва кенг олимлар жамоаси орасида муҳокама қилинишига умид қиламиз.
http://uz.hook.report/2022/10/tarix/