7-мавзу. Халқаро иқтисодий интеграция жараёнлари
1. Халқаро иқтисодий интеграция, унинг моҳияти ва асосий турлари.
2. Интеграцион жараёнларни ифодаловчи омиллар ва Европа иттифоқи интеграцияси.
-
Иқтисодий ривожланиш даражаси турлича мамлакатларнинг ҳудудий интеграциясига хос хусусиятлар (НАФТА).
-
Ривожланаётган мамлакатлар худудий интеграциясининг хусусиятлари (МЕРКОСУР).
-
Осиё ҳудудий интеграцияси хусусиятлари (АСЕАН, АТЭС ва ҳ.к.).
-
Ўтиш иқтисодиёти мамлакатларида интеграцион жараёнларининг ривожланиши хусусиятлари ва муаммолари. МДҲ.
-
Марказий Осиёда иқтисодий интеграция жараёнлари. Ўзбекистон ва халқаро иқтисодий интеграцион жараёнлар.
1. Халқаро иқтисодий интеграция, унинг моҳияти ва асосий турлари.
Ҳозирги кунда жаҳон иқтисодиётида иккита асосий тенденция амал қилмоқда. Бир томондан жаҳон хўжалигида яхлитлик кучаймоқда, бунинг натижасида мамалакатлар ўртасидаги иқтисодий алоқалар ривожланиши, халқаро савдонинг эркинлашуви ҳамда замонавий ахборот технологиялари тизимининг ташкил топиши кузатилмоқда. Айниқса бу жараён ТМКлар фаолияти орқали намоён бўлмоқда.
Бошқа томондан эса, иқтисодий жиҳатдан бир-бирига яқинлашиш ва мамлакатларнинг минтақавий даражада ўзаро биргаликда фаолият кўрсатиши, шунингдек йирик минтақавий интеграцион тузилмалар шаклланиши ҳамда уларни жаҳон хўжалиги марказларида мустақил фаолият кўрсатиб ривожланиб бориши содир бўлмоқда.
Халқаро иқтисодий интеграция - миллий хўжаликлар ўртасида ўзаро барқарор алоқаларнинг ривожланиши ҳамда меҳнат тақсимоти негизида юзага келган мамлакатларнинг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ва маданий жиҳатдан бирлашуви бўлиб, ишлаб чиқариш тузилмаларининг турли даражада ва турли кўринишлардаги ўзаро алоқадорлигини намоён қилади.
Халқаро иқтисодий муносабатларда интеграцион жараёнлар иккита асосий кўринишда, микро ва макро даражаларда намоён бўлади. Микро даражада бу жараён қўшни мамлакатлардаги алоҳида фирмаларнинг турли шакллардаги иқтисодий алоқаларни амалга ошириш орқали, шунингдек хорижий мамлакатларда ўз филиалларини ташкил этиш ёрдамида юзага келади. Давлатлараро даражада интеграция мамлакатларнинг иқтисодий бирлашмаларини ташкил этиш ва миллий сиёсатларини мувофиқлаштириш орқали амалга оширилади.
Бизга маълумки, фирмалар ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари ўртасида алоқаларнинг тез ривожланиши, товар алмашувида хизмат кўрсатиш, капитал ва ишчи кучларининг мамлакатлар ўртасида эркин ҳаракатини таъминлашга, иқтисодий, ижтимоий, илмий-техникавий, ташқи иқтисодий ва шунингдек мудофаа сиёсатларини, молия - валюта соҳасидаги ҳаракатлар ягона сиёсатга келишишга қаратилган давлатлараро тартибга солиш заруриятини тақозо этади. Бунинг натижасида, ягона валюта, инфратузилма, молиявий фондлар, умумий мамлакатлараро бошқарув органларига эга бўлган иқтисодий мажмуалар ташкил топиши юз беради.
Жаҳон хўжалигини ривожланишининг замонавий босқичида турли шакллардаги интеграцион жараёнларни кўришимиз мумкин. Кундан кунга хўжалик ҳаётда интеграцион жараёнлар чуқурлашиб, кенгайиб бормоқда. Буни биз интеграцион жараёнларни боришини халқаро иқтисодий муносабатларда савдодан тортиб, илмий-ахборот, товар айирбошлашгача бўлган турли кўринишларини бир-бирига қўшилиб боришида кўришимиз мумкин.
Халқаро интеграцион бирлашмаларнинг бир нечта асосий турлари мавжуд. Булар қуйидагилардан иборат:
-
Эркин савдо ҳудуди;
-
Ягона божхона иттифоқи;
-
Умумий бозор;
-
Иқтисодий иттифоқлар.
Эркин савдо ҳудуди (ЭСҲ) икки ва ундан ортиқ мамлакатларнинг ўзаро келишувига асосан, бу мамлакатларда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар билан ўзаро савдо қилишда божлар ва бошқа чекловчи чораларни бекор қилиш орқали ташкил этилган гуруҳидан иборат. Битимга аъзо бўлмаган мамлакатлар билан савдо алоқаларини амалга оширишда ЭСҲга кирувчи ҳар бир давлат ўзининг мустақил савдо сиёсатини юритади.
Божхона иттифоқига (БИ) кирувчи давлатлар орасидаги ўзаро савдода бож тўловлари ва йиғимлари ва бошқа чекловчи тадбирлар олиб ташланади. Учинчи (БИга кирмайдиган) давлатлар билан савдо муносабатларида бу давлатлар ягона божхона сиёсатини амалга оширадилар.
Маълумки, ташқи иқтисодий фаолиятни давлатлараро тартибга солишнинг бу кўриниши божхона иттифоқи қатнашчилари ўртасида божсиз савдонигина эмас, балки унинг ташқи чегараларида мувофиқлаштирилган тариф тизимини жорий қилишни ҳам назарда тутади. Божхона иттифоқининг эркин савдо ҳудудидан фарқи ҳам ана шундадир.
Божхона иттифоқларини яратиш ва уларнинг шаклланишининг аниқ натижалари унга аъзо-мамлакатларнинг ишлаб чиқариш ва истеъмол соҳасида юз берадиган таркибий ўзгаришларда ўз аксини топади: талаб ва таклиф нисбий устунлик табиатига мос равишда ўзгаради. Бошқача қилиб айтганда, божхона иттифоқи савдонинг кенгайишига қараб аҳолининг турмуш фаровонлигини оширади, бироқ, айни бир пайтда ишлаб чиқарувчиларнинг арзон маҳсулотларидан қимматроқ товар ишлаб чиқаришга мослашишлари натижасида эса, фаровонликни бирмунча пасайтиради.
Умумий бозор интеграцион бирлашмаларнинг анча мураккаб тури бўлиб у божхона иттифоқига ишчи кучи ва капитал харакатига қўйилган чеклашларни бекор қилишни қўшиш ва иқтисодий сиёсатни мувофиқлаштириш орқали ташкил этилади.
Умумий бозорлар қаторига қуйидаги халқаро ташкилотларни киритиш мумкин:
- Жанубий конус мамлакатлари умумий бозори (МЕРКОСУР) – Аргентина , Бразилия, Венесуэла (2006 йил июлдан), Парагвай ва Уругвай каби давлатларни бирлаштирган.
- Марказий Америка умумий бозори – Гватемала, Гондурас, Коста-Рика, Никарагуа ва Сальвадор каби давлатларни бирлаштирган.
- Шарқий ва Жанубий Африка умумий бозори (КОМЕСА), ўз таркибига Африканинг бир қатор ривожланаётган давлатларини бирлаштирган.
- Жанубий-Шарқий Осиё давлатлари Ассосиациси (АСЕАН) –Тинч ва Хинд океани қирғоқларида жойлашган 10 та (Бруней, Вьетнам, Индонезия, Камбоджа, Лаос, Малайзия, Мьянма, Сингапур, Таиланд, Филиппин) ривожланаётган мамлакатларни бирлаштирган.
Божхона иттифоқини умумий бозорга айлантириш жараёни фақатгина савдони эмас, балки иқтисодий сиёсатнинг бошқа соҳаларини ҳам қамраб олувчи катта миқдордаги қонуний меъёрларни ўзаро уйғунлаштириш масалаларини ҳам ҳал этиш билан боғлиқдир. Шу сабабли ички божхона тўсиқлари ва бошқа чеклашларни бартараф этиш орқали учинчи дунё мамлакатлари билан савдода умумий тамойилларни ишлаб чиқиш зарурки, бунинг натижасида миллий чегаралар орқали товарлар, хизматлар, капитал ва ишчи кучининг ҳеч қандай тўсиқларсиз ўтишига шароит яратилади. Бундан ташқари умумий бозорни шакллантириш мобайнида ижтимоий ва ҳудудий ривожланиш учун замонавий фондларни яратишга зарурият туғилади. Умумий бозорни халқаро иқтисодий иттифоққа айлантириш жараёнида бу фондларнинг аҳамияти жуда катта бўлади. Бунда миллатлараро мувофиқлаштирувчи ташкилотлар муҳим аҳамият касб этади. Европа Иттифоқи тажрибасидан маълумки, бундай ташкилотларни ташкил этмасдан туриб миллий қонунчилик меъёрини соддалаштириш ва интеграцион бирлашма иштирокчиларининг умумий қарорларини бажарилишини назорат қилиш мумкин эмас.
Умумий бозорни иқтисодий иттифоққа айлантиришнинг замонавий босқичида ЕИнинг аҳамияти каттадир. Чунки фақатгина ана шу ташкилот иқтисодий интеграцион жараёнларнинг энг юқори чўққисига интилишини яққол намойиш этмоқда.
Иқтисодий иттифоқ юқоридаги кўриб чиқилган барча интеграцион тадбирларга қўшимча равишда қатнашувчи давлатлар томонидан ягона иқтисодий сиёсат ўтказилишини, ижтимоий-иқтисодий жараёнларни тартиблаштиришнинг давлатлараро тизимини яратишни тақозо этади.
2. Интеграцион жараёнларни ифодаловчи омиллар ва Европа иттифоқи интеграцияси.
Ғарбий Европа иқтисодий интеграцияси ривожланиш жараёнини шартли равишда 4 босқичга бўлиш мумкин.
1951 йил апрел ойида таркибига 6 давлат кирувчи Европа кўмир ва пўлат бирлашмаси ташкил топди.1957 йилда шу давлатлар Европа иқтисодий ҳамжамияти ва атом энергетикаси бўйича Европа ҳамжамияти тузиш тўғрисида шартномага қўл қўйдилар. Ҳамжамият таркибига иқтисодий жиҳатдан юқори даражада ривожланган давлатлар кирди.
Европа иттифоқининг ташкил топиш ва ривожланиш тарихи 1951 йиллардан бошланади. 1951 йил апрел ойида таркибига 6 давлат кирувчи Европа кўмир ва пўлат бирлашмаси ташкил топди. 1957 йилда шу давлатлар Европа иқтисодий ҳамжамияти ва атом энергетикаси бўйича Европа ҳамжамияти тузиш тўғрисида шартномага қўл қўйдилар. Ҳамжамият таркибига иқтисодий жиҳатдан юқори даражада ривожланган давлатлар кирди.
Биринчи босқич 50-йиллар охиридан 70-йиллар ўрталаригача давом этди. Бу давр Европа иқтисодий интеграцияси учун “олтин аср”бўлди.
Европа иқтисодий ҳамжамиятини ёки “Умумий бозор”ни ташкил этишнинг аниқ мақсадлари қуйидагилардан иборат эди:
- аъзо мамлакатлар ўртасидаги савдодаги барча чекловларни аста-секинлик билан бартараф этиш;
- учинчи мамлакатлар билан савдога умумий бож тарифларини ўрнатиш;
- “Инсонлар, капитал, хизматлар”нинг эркин ҳаракати учун тўсиқларни тугатиш;
- Қишлоқ хўжалиги ва транспорт соҳасида умумий сиёсатни ишлаб чиқиш ва ўтказиш;
- Валюта иттифоқини тузиш;
- Солиқ сиёсатини бирхиллаштириш;
- Қонунчиликни бир-бирига мослаштириш;
- Иқтисодий сиёсатни мувофиқлаштириш тамойилларини ишлаб чиқиш.
Ушбу юқоридаги мақсадларни амалга ошириш учун бошқарув тузилмаси ташкил этилди: булар, ЕИҲ вазирлар кенгаши, Европа ҳамжамияти комиссияси, Европа суди ҳамда Европа парламентидан иборат.
ЕИҲ аъзо-мамлакатларнинг маҳсулотлари, капиталлар, ишчи кучи ва хизматларининг умумий бозорини ташкил этиш масаласини ҳал қилишни ўз олдига биринчи галдаги мақсад қилиб қўйди. Бунинг учун эса Божхона иттифоқи ташкил қилинди. Ушбу Божхон иттифоқи ЕИҲ асосида туради. Божхона иттифоқи доирасида қуйидагилар амалга оширилди:
-
аъзо-мамлакатлар ўртасидаги савдо алоқаларидаги чекловлар бартараф этилди;
-
учинчи мамлакатлар билан муносабатлар бўйича ягона божхона тарифи ўрнатилди;
-
капиталлар, кредитлар, пул ўтказмалари ҳамда хизматларнинг эркин харакатига эришилди;
-
ишчи кучи миграциясининг эркинлиги таъминланди.
Юқоридаги барча чоралар саноат интеграциясининг жадаллашишига имкон туғдирди.
Иккинчи босқич (70-йиллар ўрталаридан 80-йиллар ўрталаригача) ЕИ тарихида турғун давр бўлиб ҳисобланади. Шундай бўлсада бу даврда ЕИга аъзо-мамлакатлар Европа валюта ҳамкорлиги дастурини қабул қилишга, ташқи сиёсий маслаҳатлар механизмини ташкил этишга муваффақ бўлдилар лекин баъзи салбий тенденцияларнинг юзага келиши оқибатида ғарбий Европа иқтисодий интеграциясини, “евросклероз” номини олган жиддий инқирозга учрашига олиб келди. 70 йилларнинг охири ва 80 йилларнинг бошларида ЕИ мамлакатлари ўртасида ривожланиш даражасининг бузилиши кучайди. 1981 йилда Грециянинг ЕИга кириши билан бу тенденция янада яққол намоён бўлди, унинг иқтисодиёти бошқа иттифоқ аъзолари билан солиштириш бўйича анча паст даражада эди.
Учинчи босқич (80 – йилларнинг иккинчи ярмидан 90-йиллар бошларига қадар) – Иттифоқ таркибини келажакда кенгайтириш босқичи. 1986 йилда Испания ва Португалиянинг қўшилиши олдиндан давом этаётган давлатлар ўртасидаги номутаносибликни кучайишига олиб келди. ЕИҲга кириш вақтида Португалияда аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромади тахминан ЕИҲ бўйича 3/2ни, Испанияда эса 3/4 атрофида бўлган. Янги аъзо – мамлакатларда тахминан бештадан бир киши қишлоқ хўжалигида ишлаган, бу пайтда ЕИҲда ўн учтадан бирига тўғри келган. Шу билан биргаликда бу давр Ғарбий Европа интеграцияси ривожланишида Ягона Европа Актининг (ЯЕА) қабул қилинганлиги ифода этади. ЕИҲ ривожланишида 1987 йилда қабул қилинган ЯЕА муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ушбу акт умумий бозорни иқтисодий иттифоққа айлантириш йўналишларини белгилаб берди. Яъни савдо йўлидаги барча тўсиқларни олиб ташлаш, аъзо-мамлакатларда ички чегараларни очиш, товар айирбошлашни жаллаштириш, ягона валюта тизимини жорий этиш ва барча фуқароларнинг ҳуқуқлари тенглиги ҳамда ижтимоий кафолатланиш тадбирларини амалга оширишдан иборат эди.
Мазкур акт қабул қилиниши билан Иттифоқга аъзо-мамлакатларда микро ва макроиқтисодиёт, сиёсат ва ҳуқуқ, фан ва экология соҳаларида ҳамда ижтимоий муносабатларда интеграция жараёнлари кучайиб борди. 90-йиллар бошида ЕИга аъзо мамлакатлар амалиётда умумий бозор қоидаларини ташкил этишни тугатдилар ва валюта-иқтисодий ҳамда сиёсий иттифоқ шакллантиришга астойдил киришдилар.
Тўртинчи босқич (90-йиллар ўрталаридан XXI аср бошларига қадар). Ягона Европа Акти қоидаларига мувофиқ 1993 йил 1 январдан Иттифоқ чегаралари ичида маҳсулотларнинг эркин ҳаракатланиши киритилди. Бунга мувофиқ ҳамжамиятнинг ўн икки давлат раҳбарларидан иборат аъзоси одамлар, товарлар, капитал ва ахборотларнинг эркин ҳарактланиши учун иштирокчи-мамлакатлар ўртасидаги чегараларни очиш тўғрисида Шенген битимини имзоладилар. Ҳақиқатда Иттифоқ доирасида ягона иқтисодий макон вужудга келди.
1992 йилда ЕИ тўғрисида Маастрих шартномаси имзоланиб, ушбу ҳужжатга кўра қуйидагилар таъсис этилди:
-Ягона Европа фуқаролиги.
-Сиёсий иттифоқлиги.
-Иқтисодий ва валюта иттифоқи.
Маастрих шартномасига (1992 йил феврал) асосан ЕИҲ 1994 йил 1 январдан 15 та аъзо мамлакатни ўз ичига олган Европа Иттифоқига айлантирилди. ЕИ доирасида тўлиқ ягона ички бозорни ташкил этиш амалга оширилди. Интеграцион ҳамкорликни ривожлантриш мақсадлари барча аъзо мамлакатлар томонидан қўллаб қувватланди. Булар ўз ичига ягона валюта ЕВРОни эмиссия қилувчи Европа банкини ташкил этиш ҳамда ички чегараларсиз ягона Ғарбий Европа маконини яратишни ва бошқаларни оларди.
Юқоридаги маълумотлар асосоида шуни хулоса қилишимиз мумкинки, Ғарбий Европада иккинчи жаҳон урушидан кейин иккита йирик интеграцион гуруҳнинг, яъни, Европа Иқтисодий Ҳамжамияти (ЕЭС) ва Европа эркин савдо ассоциацияси (ЕАСТ)нинг вужудга келиши натижасида интеграцион жараёнлар катта тезликда ривожланиб борган эди. 90-йилларнинг ўрталарига келиб эса ЕЭС деярли ЕАСТни ўз таркибига қўшиб олди. ЕАСТ ўз таркибида фақатгина Исландия, Лихтенштейн, Норвегия ва Швейцария давлатларини сақлаб қолди холос. Бу икки бирлашмани солиштирадиган бўлсак, ЕАСТ ўзининг тараққиётида божхона иттифоқини яратишдан у ёғига ўтмади, унинг тузилмаси миллатлараро ташкилотлар билан мустаҳкамланмади. 1990 йилда ЕИ ва ЕАСТ ўртасида Европа иқтисодий маконини яратиш тўғрисида келишиб олинди. Бу макон доирасида ЕАСТ аъзоларининг ишлаб чиқарувчилари ЕИ аъзолари компаниялари билан бир қаторда преференциал божхона режимидан фойдаланишади.
Шунингдек, Маастрих шартномасида миллий валюталарни аста-секин муомаладан чиқариб ва ягона умумевропа пул бирлигини, яъни Еврони жорий этишдек мураккаб жараёнга илк қадам қўйилди. Ва, ниҳоят, 1995 йилда Ҳамжамиятга яна учта давлатни (Австрия, Финляндия ва Швеция) кириши ва Европа Иқтисодий Ҳамжамиятининг ЕИ деб номланишидан сўнг бу интеграцион бирлашма ўзининг ҳозирги замонавий кўринишига эга бўлди.
1970-80 йилларда кўплаб ривожланаётган мамлакатлар билан, 90-йилларда Европа эркин савдо ассосиацияси (ЕАСТ) аъзолари билан, шунингдек АҚШ ва Япония билан тузилган битимлар ЕИни жаҳон иқтисодиётининг йирик марказлардан бирига айлантирди. ЕИ билан жаҳоннинг барча етакчи мамлакатлари ўзаро алоқаларни олиб боришади.
ЕИининг мақсади Европа халқининг узвий алоқасини ташкил этиш, барқарор иқтисодий тарққиётга кўмаклашиш, ички чегарасиз умумий маконни яратиш, ижтимоий соҳада ўзаро алоқаларни кучайтириш ҳисобланади.
Европа иттифоқи фаолияти давомида аъзо мамлакатларнинг иқтисодий, маданий ва ижтимоий жиҳатдан ривожланишини қўллаб қувватлашни ўз олдига энг муҳим мақсадлардан бири сифатида қўйган.
-
Иқтисодий ривожланиш даражаси турлича мамлакатларнинг ҳудудий интеграциясига хос хусусиятлар (НАФТА).
Ғарбий Европада иқтисодий интеграциянинг ривожланиш ютуқлари дунёнинг ривожланаётган минтақалари диққатини ўзига жалб этди. Осиё, Африка ва Лотин Америкасида бир нечта ўнлаб эркин савдо ҳудудлари, божхона ёки иқтисодий иттифоқлар вужудга келди.
Интеграция жараёнларининг сезиларли даражада ривожланишида Шимолий Америка Эркин савдо ассоциациясининг (НАФТА) ташкил қилиниши ва фаолият кўрсатиш жараёни муҳим аҳамият касб этди. Бизга маълумки, жаҳон иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий муносабатларда иқтисодий аҳамияти жиҳатидан юқори ўринда турувчи халқаро интеграцион марказлардан бири Шимолий Америка ҳудуди ҳисобланади. Бу ерда 1994 йилнинг 1 январида Шимолий Америка Эркин савдо ассоциацияси (НАФТА) ташкилоти ташкил этилди ва ўз фаолиятини юрита бошлади. НАФТА ташкилоти АҚШ, Канада ва Мексика давлатларини ўз таркибига бирлаштирган. Ушбу иттифоқ 370 млн, аҳолини ўз ичига олган кенг ҳудудни қамраб олган бўлиб кучли иқтисодий имкониятга эгадир. Бу мамлакатларда ҳар йилги ишлаб чиқарилган маҳсулот ва хизматлар 7 трлн. АҚШ долларини ташкил этади. Бутун жаҳон савдоси ҳажмида уларнинг улуши 20% атрофида тўғри келади. НАФТА давлатлари келишувида асосан товар ва хизматлар савдосида чеклашларни олиб ташлаш, ўзаро келишмовчиликларни ҳал этиш механизмларини ишлаб чиқиш, бир-бирига нисбатан инвестицион муҳитни эркинлаштириш масалалари назарда тутилган. НАФТАнинг ЕИга нисбатан ўзига хос хусусияти интеграцион жараёнларнинг симметрик эмаслигидир. Канада ва Мексика давлатлари интеграциялашув жарёнида АҚШ билан кўпроқ яқинлашишга интилишади, ўзаро эса кучсиз боғланишган.
Битимнинг асосий қоидалари қуйидагиларни ўз ичига олади:
-
АҚШ, Канада ва Мексика ўртасидаги савдо алоқаларида маҳсулотларга нисбатан божхона божларини бекор қилиш;
-
Шимолий Америка бозорини ўзларининг товарларини Мексика орқали АҚШга реэкспорт қилиш йўли билан Америка божларини тўлашдан қочишга ҳаракат қилаётган Европа ва Осиё компаниялари экспансиясидан ҳимоялаш;
-
Мексикада суғурта ва банк ишида Америка ва Канада компанияларининг рақобат ва капитал қўйилмаларига бўлган чекловларни бекор қилиш;
-
Атроф-муҳит билан боғлиқ бўлган муаммоларни ҳал қилиш учун уч томонлама гуруҳларни ташкил этиш.
Дастлабки икки йил ичида НАФТАнинг экспорт ҳажмини ошиши ҳисобига қўшимча иш жойларини ташкил этишдаги муносабатларда фаолият кўрсатиши ишончларни оқламади. Бундан ташқари, АҚШ билан Мексика савдосидаги ижобий савдо сальдоси йўқолиб 1995 йилда унинг ўрнини дефицит эгаллади. Охир-оқибатда НАФТАни тузувчилар режаси бўйича тўла мукаммал шимолий Америка умумий бозорини 2010 йилда ташкил этиш мумкин деб ҳисобланди. Ҳозирги вақтда Америка иқтисодчилари етарли даражада қудратли бўлган Америка савдо блокини ташкил этишнинг моделини ишлаб чиқмоқдалар.
Шимолий Америка интеграцион мажмуаси ўзининг тузилиш жиҳатлари билан Европа интеграция моделидан бирмунча фарқли томонларга эга. Асосий фарқ – АҚШ, Канада ва Мексика ўртасидаги ўзаро иқтисодий боғлиқликнинг асимметриклиги. Бу интергацион мажмуанинг Яна бир ўзига хос хусусияти унинг иштирокчиларини турли хил шароитда эканликларидир. Агар Канада охирги ўн йиллик ичида макроиқтисодий кўрсаткичлар бўйича АҚШга анча яқинлашишга эришган бўлса, Мексика эса узоқ йиллардан бери юқори ташқи қарз билан иқтисодий ночор мамлакат ҳолатидадир.
-
Ривожланаётган мамлакатлар худудий интеграциясининг хусусиятлари (МЕРКОСУР).
90-йиллар ўрталарида Лотин Америкаси мамлакатларида интеграция жараёнлари кучайиб борди. 1991 йилда тузилган ва 1995 йил 1 январдан кучга кирган Бразилия, Аргентина, Парагвай ва Уругвай ўртасидаги шартномага асосан ушбу мамлакатларни ўзаро яқинлаштирувчи йирик минтақавий савдо – иқтисодий иттифоқ юзага келди (2006 йил июлдан Венесуэла ҳам аъзоликка қабул қилинган). Бунда деярли 90% ўзаро савдо алоқаларида барча чегараловчи тўловлар олиб ташланди ҳамда учинчи мамлакатлар билан муносабатларда ягона божхона тарифлари ўрнатилди.
МЕРКОСУР интеграцион жараёнларини мувофиқлаштирувчи ва бошқарувчи муқаррар тизимга эга. Унга ташқи ишлар вазирлиги таркибидаги умумий бозор кенгаши, умумий бозор гуруҳи – ижрочи орган ва унга бўйсунувчи 10та техник комиссия киради. МЕРКОСУРнинг фаолияти унга кирувчи мамлакатлар иқтисодиёти ривожланишини барқарорлаштиришга, шу жумладан инфляцияни жиловлашга ва ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга ёрдам беради. Шу билан биргаликда валютани тартибга солиш, солиққа тортишни унификация қилиш ҳамда меҳнат қонунчилигида бир қатор ҳал қилинмаган муаммолар мавжуд.
МЕРКОСУРнинг ташкил этилиши ўзаро савдонинг бирданига ошишига ҳамда бошқа минтақавий савдо гуруҳлари билан савдо-иқтисодий хамкорликнинг кенгайишига олиб келди. Шунингдек, ўзаро инвестицион фаоллик ҳам сезиларли даражада ошди ва бунининг натижасида хорижий инвестициялар оқими жадаллашиб борди. МЕРКОСУРнинг ижобий фаолияти минтақадаги сиёсий барқарорликка сезиларли таъсирида намоён бўлди.
Ғарбий Европа интеграциясидан фарқли равишда Жанубий Америка бирлашмаси турли хил давлатлар ўзининг даражаси бўйича нафақат ягона ташкилотда бирга бўлиши, балки самарали ҳамкорлик қиларди. Бунинг учун бирлашманинг барча босқичларига астойдил тайёргарлик, унинг фаолиятини юқори малакали бошқаруви, шунингдек бу жараёнда ҳар бир мамлакатнинг ўз ўрнини топиши ҳамда зиддиятларни юмшатиш учун юксак маҳорат талаб қилинарди.
-
Осиё ҳудудий интеграцияси хусусиятлари (АСЕАН, АТЭС ва ҳ.к.).
XX аср охирида Шарқий Осиёда интеграция жараёнлари кучайиб борди. Тўртта Осиё «аждаҳо»ларидан бири бўлган Сингапур, шунингдек НИС «янги тўлқинлар» - Малайзия, Индонезия, Таиланд, Бруней ва Филлипин давлатлари кирувчи Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари ассоциацияси (АСЕАН) деярли 30 йил мобайнида муваффақиятли фаолият кўрсатиб келмоқда. Ушбу гуруҳлар доирасидаги ўзаро муваффақиятли хамкорлик АСЕАН қатнашчилари бўлган кўпчилик мамлакатларнинг кучли иқтисодий ўсиши билан чамбарчас боғлиқдир, шу билан биргаликда ушбу мамлакатларнинг олдиндан амал қилиб келаётган ўзаро савдо алоқаларининг яхши йўлга қўйилганлиги ҳамда хамкорликнинг тартибга солиб туриладиган шаклининг амал қилишидир. АСЕАН режасида 2000 йилгача аъзо мамлакатлар 38 минг турдаги товарлар бўйича божхона тўловларини ўртача 5%гача пасайтириш белгиланган. 1995 йил охирида 2003 йилдан тўла эркин савдо ҳудудини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлиб воқеаларнинг ижобий ривожланиши давом этса 2000 йилдан кучга кириши кўзда тутилган эди. АСЕАН - Жануби-Шарқий Осиёда жойлашган мамлакатларнинг сийсий, иқтисодий ва маданий минтақавий хукуматлараро ташкилоти бўлиб ҳисобланади. АСЕАН 1967 йил 9 августда Бангкокда “АСЕАН декларация”си имзоланиши билан биргаликда ташкил этилгандир. 1976 йилда Бали оролида имзоланган АСЕАН келишув декларацияси ва Жануби-Шарқий Осиёда дўстлик ва хамкорлик шартномасига асосан АСЕАНнинг шартномавий тарзда расмийлаштирилиши амалга оширилди.
АСЕАНнинг юқори органи бўлиб аъзо-мамлакатлар етакчиларининг 2001 йилдан бошлаб ҳар йили ўтказиладиган саммити ҳисобланади. Одатда саммит уч кун давом этиб бунда, минтақа бўйича ташкилотнинг хамкорлари билан учрашувлар олиб борилади. Доимий секретариат Жакарта шаҳрида жойлашган бўлиб унга бош секретар етакчилик қилади(2008 йил ноябрдан Таиладнинг собиқ ташқи ишлар вазири Сурин Питсувандир). Шунингдек, АСЕАН доирасидаги ҳар йили ўтказиладиган 300дан ортиқ тадбирларни ўтказишга ёрдам беришда ишлар 29та қўмита, 122та ишчи гуруҳлар томонидан амалга оширилади.
Бангкок декларациясига мувофиқ ташкилотнинг мақсадлари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади: ҳамкорликдаги интилишлар ёрдамида минтақада ижтимоий тараққиёт ва маданий ривожланишни ҳамда иқтисодий ўсишни жадаллаштириш; Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари тараққий этиши учун дунё хамжамияти билан алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек БМТ низомидаги тамойилларга таянган ҳолда минтақада тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш.
АТЭС 1989 йилда Канберрада, Австралия ва Янги Зеландия бош вазирларнинг ташаббуси бўйича ташкил этилган. АТЭС қаттиқ ташкилий тузилишдан ёки йирик бюрократик аппаратдан ҳоли бўлган эркин маслаҳат форуми сифатида ташкил этилган. АТЭС секретариати Сингапурда жойлашган бўлиб, ўз ичига фақатгина АТЭС аъзо-мамлакатларидан вакил бўлган 23та дипломатни шунингдек, 20та маҳаллий ёлланма ходимларни олади. 1993 йилдан АТЭС ташкилий фаолиятининг асосий шакли АТЭС мамлакатлари етакчиларининг ҳар йилги саммити ҳисобланади, бунда форум умумий фаолиятининг йил якунлари ва кейинги фаолиятнинг истиқболлари белгиланади ҳамда декларациялар қабул қилинади.
Шарқий Осиёда иқтисодий интеграциянинг ривожланиш истиқболлари, Осиё – Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (АТЭС) ташкил этилиши билан сезиларли даражада боғлиқдир. Осиё – Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (АТЭС) – бу ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, ўз ичига 21та давлат минтақасини бирлаштириб олган. АТЭС (инг. АРЕС) Тинч океани кўрфазида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Австралиянинг таклифи бўйича 1989 йилда тузилган эди. Дастлаб унга 12та давлат: Австралия, Бруней, Канада, Индонезия, Япония, Малайзия, Янги Зеландия, Филиппин, Сингапур, Жанубий Корея, Таиланд ва АҚШ кирарди. Кейинги йиллар давомида унга Хитой, Гонконг, Тайван, Мексика, Чили, Янги Гвинея-Папуа, 1998 йилдан эса Вьетнам, Перу ва Россия ҳам қўшилишди. АТЭС инвестицион ва молиявий фаолият бўйича расмий равишда маслаҳат бериш ҳуқуқига эгадир, бироқ унинг ишчи органлари доирасида минтақавий савдо юритиш тартиби белгиланган, бўлиб тармоқ вазирлари ва экспретларининг у ёки бу минтақалар хамкорлиги масалалари бўйича учрашувлари ўтказилади.
Осиё – Тинч океани минтақасидаги иқтисодий интеграция жараёнларини баҳолаш орқали кўплаб мутахассислар уни ривожланишини ўзига хослигини ва алоҳида шарт-шароитга эгалигини таъкидлайдилар. Осиё – Тинч океани минтақасидаги интеграция жараёнларининг асосий хусусиятларига қуйидагиларни киритиш мумкин:
Биринчидан, АТЭС ташкилотида интеграция жараёнлари давлатлараро хамкорлик учун замин яратувчи ТМКларнинг етакчилиги орқали амалга ошмоқда. Шу жумладан бу, хукуматга тегишли бўлмаган минтақавий иқтисодий ташкилотлар – Тинч океани иқтисодий иттифоқи (ТЭС) 1967 йилда ва Тинч океани иқтисодий хамкорлиги бўйича иттифоқ (СТЭС) 1980 йилда юзага келиши АТЭСни ташкил этишага анча қулай замин яратганди. Шу билан биргаликда, ТЭС ва СТЭС ўзларининг ҳукумати билан мустаҳкам алоқага эга бўлган ҳамда улардан ҳар томонлама ёрдам олаётган миллий қўмиталар негизида ташкил топганди.
Иккинчидан, интеграция жараёнлари иқтисодий ривожланиш даражаси турли хилда бўлган мамлакатларни қамраб олганди. АТЭСнинг ягона роли шунда эдики, унга XX асрнинг иккита йирик иқтисодий жиҳатдан кучли мамлакатлари АҚШ ва Япония қўшилганди, шу билан биргаликда, XXI асрнинг иқтисодий жиҳатдан қудратли бўлган давлати Хитой ҳам кирарди.
Учинчидан, Осиё – Тинч океани минтақаси кўламидаги интеграция ўз ичига субминтақавий иқтисодий иттифоқларни (АСЕАН, НАФТА, Жанубий-Тинч океани форуми ва бош.) олади.
Осиё – Тинч океани минтақасидаги интеграцион муносабатлар бир бутун етуклик даражаси нуқтаи назаридан қараганда хали унча юқори даражага етмаган. Шундай экан, АСЕАН тизимидаги савдо ҳудудини тарифлар ва бошқа чекловларни бартараф этилишини ҳисобга олган иқтисодий интеграция ривожланишининг биринчи босқичига киритиш мумкин. Ҳозирча АТЭСдаги муносабатларни эркин савдо ҳудудидаги деб гапириб бўлмайди, балки буни “очиқ иқтисодий ассоциация” деб қараш мумкин.
АТЭС — йирик иқтисодий бирлашма бўлиб, 2007 йил маълумотларига кўра унга жаҳон ЯИМини 57% ва жаҳон савдо ҳажмининг 48%дан ортиқроғи тўғри келади.
Ташкилотнинг асосий мақсади – эркин, очиқ садо тартибини таъминлаш ҳамда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат.
1994 йилда стратегик мақсадлар сифатида 2020 йилдан Осиё – Тинч океани минтақасида эркин ва очиқ савдо тизимларини ҳамда либерал инвестицон режимини ташкил этиш расмий равишда эълон қилинган. Бир қадар ривожланган мамлакатлар эркинлаштиришни 2010 йилдан амалга оширишлари зарур. Ҳар бир мамлакат фаолият юритишнинг алоҳида режалари асосида янги тартибларни жорий этиш муддатларини ва ўзининг хақ-ҳуқуқларини мустақил равишда белгилайди.
-
Ўтиш иқтисодиёти мамлакатларида интеграцион жараёнларининг ривожланиши хусусиятлари ва муаммолари. МДҲ.
Маълумки, ўтиш иқтисодиёти мамлакатлар гуруҳига Марказий-Шарқий Европадаги собиқ социалистик мамлакатларни ва собиқ Иттифоқ ҳукумати таркибига кирган иттифоқдош республикаларни киритиш мумкин.
XX асрнинг 90-йиллари бошига қадар социалистик режали тизимни бошидан кечирган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) мамлакатлари жаҳон хўжалигига дадил кириб боришининг назарий ва амалий томонларини ечиш учун қуйидаги муаммоларни ҳал этишга киришган эдилар:
«Очиқ иқтисодиёт» тамойиллари концепциясини назарий жиҳатларини таҳлил этиб, амалиётда кенг қўллаш.
Жаҳон иқтисодиётида социалистик режали тизимни бошидан кечирган (ХХР, Марказий ва Шарқий Европа давлатлари) ва ҳозирги кунда бозор иқтисодиёти асосида дадил ривожланиб бораётган мамлакатларни иқтисодий ислоҳотларини чуқур таҳлил этиш ва амалиётда қўллаш лозим.
Иқтисодиётда экспорт стратегияси билан саноат сиёсати ўртасидаги ўзаро алоқадорликни чуқур таҳлил этиш.
Жаҳон мамлакатлари ўртасидаги интеграцион жараёнларни боришини таҳлил этиб, иқтисодий фаолиятни жаҳон стандартларига мос механизмини қўллаб чиқиш, такомиллаштириш ва бошқалар.
Собиқ Совет иттифоқи парчалангандан кейин мустақил давлатларда интеграцион тенденциялар юзага кела бошлади. Биринчи босқичда улар қисман бўлсада, олдинги ягона иқтисодий маконни таркибий қисмларга ажралиш жараёнидан ҳимоя қилишга ҳаракат қилиш билан намоён бўлдилар ҳамда биринчи навбатда халқ хўжалиги ҳолатига салбий таъсир этадиган соҳалардаги алоқаларни қисқартиришга алоҳида эътибор қаратилди. Кейинги жараёнларда эса, хусусан 1996-1997 йилларда юзага келган шарт-шароитларни ҳисобга олган ҳолда интеграцияга интилиш кучайтирилди.
Собиқ иттифоқ ҳудудида интеграцион жараёнлар қуйидаги асосий омиллар натижасида юзага келди:
-
меҳнат тақсимотини анча қисқа даврда тўлиқ ўзгартириш мумкин эмасди. Меҳнат тақсимотининг бирмунча даражаси тарихий ва табиий-иқлим шароитларининг ривожланишига боғлиқ бўлиши сабабли кўпгина ҳолларда бу мақсадга мувофиқ бўлмайди.
-
Бир давлат ҳудудида кўп халқларнинг узоқ давр мобайнида биргаликда яшаши. У турли хил соҳаларда пухта “муносабатлар тўқимасини” ташкил этганди. Миллатлараро ва динлараро можаро юқори даражада эмасди. Шу сабабдан, МДҲга аъзо мамлакатларга кўплаб аҳолининг истаги ўзаро дўстона алоқаларни етарлича қўллаб – қувватлайди.
Бизга маълумки, 1991 йилнинг охирида Белоруссия республикасининг ҳукумат қароргоҳида Россия Федерацияси, Украина ва Белоруссия республикаларининг президентлари МДҲ давлатлари иттифоқини тузиш тўғрисида битимни имзолашди. Кейинроқ эса Болтиқ бўйи давлатларидан ташқари барча собиқ иттифоқ республикалари МДҲга қўшилишди. Жумладан, 1991 йилнинг 21 декабрида Олма – Ота шаҳрида 11 та мустақил давлатларнинг раҳбарлари (Латвия, Литва, Эстония ва Грузиядан ташқари) Озарбайжон, Арманистон, Белоруссия, Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Молдовия, РФ, Тожикистон, Туркманистон, ва Украина республикалари МДҲнинг тенг ҳуқуқли давлатлари эканлигини қайд этувчи Баённомани имзолашди. Бундан икки йил кейин яъни, 1993 йилда эса, Грузия давлати ҳам МДҲ га аъзо бўлиб кирди.
МДҲ ўз аъзоларининг суверен тенглигига асосланган бўлиб, аъзо-мамлакатлар халқаро ҳуқуқнинг мустақил ва тенг ҳуқуқли субъекти ҳисобланади.
Ташкилотнинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:
-
сиёсий, иқтисодий, экологик, гуманитар, маданий ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилиш;
-
аъзо-мамлакатларни умумий иқтисодий макон доирасида ҳар тарафлама ривожлантириш, шунингдек давлатлараро интеграция ва кооперацияни кучайтириш;
-
инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаш;
-
халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда ҳамкорлик;
-
ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш;
-
давлатлар ўртасидаги келишмовчилик ва баҳсли мунозараларни тинчлик йўли билан ҳал қилиш.
Аъзо-мамлакатларнинг ҳамкорликдаги фаолияти қуйидагилар доирасида амалга оширилади:
- инсон ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаш;
- ташқи сиёсий фаолиятни мувофиқлаштириш;
- умумий иқтисодий ҳудудни, божхона сиёсатини шакллантириш ва ривожлантиришда ҳамкорлик қилиш;
- алоқа,транспорт тизими ривожланишида ҳамкорлик қилиш;
- атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;
- ижтимоий ва миграцион сиёсат бўйича масалаларни ҳал қилиш;
- уюшган жиноятчиликка қарши курашиш;
- мудофа сиёсати ва ташқи чегараларни сақлаш соҳаларида ҳамкорлик қилиш.
Ташкилотнинг юқори органи бўлиб, МДҲ давлат раҳбарлари Кенгаши ҳисобланади. Давлат раҳбарлари кенгаши йилига икки марта йиғилишга тўпланадилар. Шунингдек, МДҲ низомида мамлакатларнинг унга аъзо бўлиш шартлари, мақсад ва тамойиллари белгилаб берилган.
Ташкилотга аъзо – мамлакатлар1
Давлатлар
|
МДҲни ташкил этиш тўғрисидаги битимнинг тасдиқланиш санаси (1991 йил 8 декабрда)
|
МДҲни ташкил этиш тўғрисидаги битимга қарор тасдиқланиш санаси (1991 йил 21 декабрда)
|
МДҲ устави тасдиқланиш санаси
|
Озарбайжон
|
имзоланмаган
|
24 сентябр 1993 йил
|
14 декабр 1993 йил
|
Арманистон
|
18 феврал 1992 йил
|
18 феврал 1992 йил
|
16 март 1994 йил
|
Белоруссия
|
10 декабр 1991 йил
|
10 декабр 1991 йил
|
18 январ 1994 йил
|
Грузия
|
имзоланмаган
|
3 декабр 1993 йил
|
19 апрел 1994 йил
|
Қозоғистон
|
23 декабр 1991 йил
|
23 декабр 1991 йил
|
20 апрел 1994 йил
|
Қирғизистон
|
имзоланмаган
|
6 март 1992 йил
|
12 апрел 1994 йил
|
Молдавия
|
8 апрел 1994 йил
|
8 апрел 1994 йил
|
27 июнь 1994 йил
|
Россия
|
12 декабр 1991 йил
|
12 декабр 1991 йил
|
20 июль 1993 йил
|
Тожикистон
|
имзоланмаган
|
26 июнь 1993 йил
|
4 август 1993 йил
|
Туркманистон
|
имзоланмаган
|
26 декабр 1991 йил
|
имзоланмаган
|
Ўзбекистон
|
4 январ 1992 йил
|
4 январ 1992 йил
|
9 феврал 1994 йил
|
Украина
|
10 декабр 1991 йил
|
10 декабр 1991 йил
|
имзоланмаган
|
МДҲ ташкил қилинган дастлабки кундан бошлаб, Ўзбекистон республикаси иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш, ҳамкорлик алоқаларини мутаҳкамлаш ва кенгайтириш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик тарафдори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олди. МДҲга аъзо-мамлакатлар билан муносабатда Ўзбекистоннинг ўрни қуйидагилардан иборат:
- МДҲнинг барча аъзо-мамлакатлари манфаатларини тенг ҳуқуқлилигини эътиборга олган ҳолда, иқтисодий интеграциянинг устувор йўналишда бўлишини таъминлаш.
- Ўзбекистон Республикаси ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилишда интилувчи ихтиёрийлиги тамойилини сақлаш тарафдорлиги ва бошқалар.
Ҳозирги кунда МДҲ доирасидаги ҳамкорликнинг иқтисодий асосларидан шуни айтишимиз мумкинки, МДҲ давлатлари билан иккиёқлама ва шунингдек ҳар томонлама олиб борилаётган муносабатларнинг барча соҳаларида ўзаро тенг ҳуқуқли ҳамкорлик қилиш учун барча имкониятлар мавжуддир. Шу билан биргаликда МДҲ ёрдамида янги мустақил давлатларнинг ўзаро ҳамкорлик қилишлари учун ҳуқуқий ва ташкилий шароитлар ҳам яратиб берилмоқда.
МДҲ доирасида давлатлараро ўзаро иқтисодий ҳамкорлик муносабатларининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
- МДҲ доирасида мақсадлар амалга ошгунга қадар интеграцияга сакраб ўтмасдан, секин-асталик билан эркин иқтисодий ҳудудни ташкил қилиш;
- МДҲ доирасида савдо – иқтисодий ҳамкорлик соҳасидаги салоҳиятни кўтариш;
- МДҲ доирасида товарларнинг эркин ҳаракатини таъминлаш, ўзаро манфаатли ва тенг ҳуқуқли алоқаларни таъминлаш ҳамда бошқалар.
МДҲга аъзо давлатлар ҳамкорлик алоқаларида ҳамда иқтисодий интеграция даражасига боғлиқ ҳолда интеграцион жараёнларнинг кейинги босқичларида ва минтақавий бирлашмаларда қатнашиш тўғрисида мустақил қарорлар қабул қилишади, қабул қилинган қарорларнинг амалий бажарилиши эса МДҲ доирасида самарали ҳамкорликда намоён бўлади.
Шунингдек интеграцион жараёнларни ривожланишига мос келмайдиган иқтисодий характерга эга бўлган омилларни қуйидагилар асосида кўриб чиқиш мумкин. Интеграциянинг асосий элементларидан бўлиб, аста-секинлик билан божхона божларини пасайтириш, қўшма корхоналар тузиш, товарлар, хизматлар, ишчи кучи ва капиталнинг эркин харакати учун шарт-шароит яратиш ҳисобланади. Бироқ ҳозирда МДҲ ҳудудида божхоналарни жорий этиш, квоталар белгилаш, ўзаро савдони лицензиялаш ва бошқалар каби тескари жараёнлар содир бўлмоқда. Бундай ҳолатга қуйидаги иқтисодий сабаблар ундаган: бозорга турли хилдаги тезкорликдаги харакат, иқтисодий ислоҳотларни ўтказиш хусусиятларидаги тафовут, хом-ашё, озиқ-овқат ресурслари ва малакали кадрлар билан таъминланишнинг турли хил даражаси. Собиқ иттифоқ республикалари нархларни эркинлаштириш хусусияти ҳамда нархлар даражаси бўйича сезиларли даражада фарқ қилади, бу ҳолат ресурларни бир жойдан бошқа жойга кўчиб ўтишига сабаб бўлади ва бунинг натижасида бунга қарши божлар ва бошқа чекловлар киритилади.
Ушбу мураккаб ҳолатга қарамасдан МДҲга аъзо бир қатор мамлакатлар пухта ўйланган режа асосида харакат қилишлари натижасида интеграция жараёнларининг аста-секинлик билан жадаллашуви юзага келмоқда.
Марказий Осиё мамлакатларини ўзаро бир бирига интеграция қилувчи ташкилотлардан бири бу Шанхай хамкорлик ташкилотидир.
Шанхай хамкорлик ташкилоти – халқаро минтақавий ташкилот бўлиб 2001 йилда Хитой, Россия, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон давлат раҳбарлари томонидан ташкил қилинган.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллик йилларида стратегик манфаатларини такомиллаштириб бориб, дунёнинг турли жойларида ва айниқса, Марказий Осиё минтақасида барқарорликни мустаҳкамлаш соҳасида халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйди. Тажовуз ва таҳдидлар барча учун умумий эканлигини, Марказий Осиё ва унда яшовчи халқларнинг тақдири учун зиммасидаги масъулиятни англаб, мамлакатимиз 2001 йил июнь ойида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо бўлиб, унинг муассиси ва тенг ҳуқуқли қатнашчисига айланди.
Ташкилотнинг асосий вазифалари аъзо-давлатларни қамраб олган кенг миқёсдаги ҳудудда хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, экстремизм, наркомания ҳамда терроризмга қарши курашиш, ўзаро илмий ва маданий алоқаларни, энергетик шерикчиликни ҳамда иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш.
ШҲТнинг салоҳияти ва дунё ҳамжамиятида тутган ўрни ҳақида тасаввурга эга бўлиш учун қуйидаги маълумотлар ҳам етарли бўлади.
ШҲТ таркибига кирувчи давлатларнинг ҳудуди Евроосиё умумий ҳудудининг 61 фоизини, яъни 30,2 млн км2ни ташкил этади. Демографик жиҳатдан эса дунё аҳолисининг тўртдан бирини ташкил этади.
ШҲТ аъзо – мамлакатлари раҳбарларининг учрашувлари
|
Сана
|
Ўтказилган жойи
|
|
1
|
14-15 июнь 2001
|
Шанхай
|
|
2
|
7 июнь 2002
|
Санкт-Петербург
|
|
3
|
28-29 май 2003
|
Москва
|
|
4
|
17 июнь 2004
|
Тошкент
|
|
5
|
5 июль 2005
|
Остона
|
|
6
|
14-15 июнь 2006
|
Шанхай
|
|
7
|
16 август 2007
|
Бишкек
|
|
8
|
28 август 2008
|
Душанбе
|
|
9
|
15-16 июнь 2009
|
Екатеринбург
|
|
Сўнгги йилларда ташкилотнинг нуфузи янада ортиб бормоқда. Минтақанинг Эрон, Покистон, Ҳиндистон, Мўғулистон каби давлатларининг ШҲТга қизиқиши ортиб бораётганлигининг ўзи ҳам бунинг исботи бўла олади.
МДҲ, АСЕАН давлатлари, Афғонистоннинг ШҲТ саммитларига таклиф этилиши, Белоруссия, Шри-Ланка давлатларининг мулоқот ҳамкори сифатида танилгани ташкилотнинг истиқболидан дарак беради. Шуни ҳам айтиш жоизки, Покистон, 2008 йилнинг мартида эса Эрон Ислом Республикаси ШҲТга аъзо бўлиш истагида расман мурожаат қилган.
2009 йилнинг 15-16 июнь кунлари Россия Федерациясининг Екатеринбург шаҳрида ўтказилган ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида ҳам давримизнинг долзарб масалалари муҳокама этилди.
Жумладан, минтақада кечаётган жараёнлар, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози таъсирини юмшатиш ва оқибатларини бартараф этиш, бу борада қўшма саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва фаоллаштириш масаласи кўриб чиқилди. Шу билан бирга, хавфсизликни мустаҳкамлаш соҳасида ҳамкорлик, трансмиллий жиноятчилик каби таҳдидларга қарши курашиш масаласи муҳокама қилинди.
Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга аъзо бўлишидан кўзлаган мақсадлари, манфаатлари нималарда кўринади?
Жаҳон тажрибаси умумбашарий ва минтақавий муаммоларга қарши курашишнинг самарали усули мустаҳкам ва ишончли ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат эканлигини кўрсатмоқда. ШҲТнинг ўз олдига қўйган вазифалари эса барқарор тараққиёт ва фаровон истиқбол учун ҳамкорликда кураш олиб боришдан иборатдир.
ШҲТ ўз олдига инсоният бошидан урушлар ва турли ҳарбий-сиёсий тўқнашувлар хавфини даф этиб, абадий тинчликка, фаровон ҳаётга эришишдек улуғ мақсадни қўйган. Мамлакатимиз манфаатлари ҳам хавфсизлик, иқтисодий ва ижтимоий алоқалар, транспорт коммуникациялари масалаларида акс этади.
ШҲТнинг республикамиз манфаатлари билан ҳамоҳанг яна бир жиҳати, унинг халқаро терроризм, диний экстремизм ва миллий айирмачилик, наркотраффик ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш фаолиятида намоён бўлади. Бундан буён ҳам ушбу йўналиш ШҲТ фаолиятининг энг муҳим таркибий қисми бўлиб қолади.
Cўнгги йилларда ташкилот доирасида иқтисодий ҳамкорлик масалаларига катта эътибор берилмоқда. Узоқ муддатли иқтисодий ҳамкорлик дастури ҳаётда татбиқ этилмоқда. Иқтисодий ҳамкорлик ҳақида гап кетганда ШҲТ ҳузурида йигирмага яқин ихтисослаштирилган тузилма фаолият юритаётганини айтиб ўтиш ўринли.
-
Марказий Осиёда иқтисодий интеграция жараёнлари. Ўзбекистон ва халқаро иқтисодий интеграцион жараёнлар.
XXI аср бўсағаси жаҳон иқтисодиётида ривожланишнинг ўзига хос хусусиятига эга бўлиб, ташқи савдо соҳасидаги халқаро иқтисодий муносабатларнинг кенг кўламда ривожланганлиги билан ажралиб туради. Ана шу даврда Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий ривожланишида сезиларли даражада барқарорлик жараёнлари рўй берганлиги, Осиё-Тинч океани минтақаси давлатларини иқтисодий тикланганлиги кўзга ташланади.
Марказий Осиё давлатлари билан яқин ва узоқ хорижий мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларини боришида, айниқса саноати ривожланган мамлакатлар – АҚШ, Япония, Буюк Британия, Швецария, Жанубий Корея, ГФР, Франция, Туркия алоҳида ўринни эгалламоқда.
Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатида Ҳамдўстлик мамлакатлари билан икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш алоҳида ўрин тутади. Икки томонлама ҳамкорлик дейилганда икки давлат ўртасидаги, яъни Ўзбекистоннинг бошқа бир мамлакат билан давлатлараро алоқаларни йўлга қўйиш ва чуқурлаштириш жараёни тушунилади.
Ўзбекистон Республикаси Россия Федерацияси билан давлатлараро тенг ҳуқуқли муносабатлар ўрнатиш ва ривожлантиришга алоҳида аҳамият бериб келмоқда. 1991 йил 26 октябрда Ўзбекистон Президенти И.Каримов расмий давлат сафари билан Москвага борди. Учрашувда И.Каримов ва Ельцин икки давлат ўртасида мухтор ваколатхоналар очиш, бир-бирларининг суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш, ташқи сиёсатда ва иқтисодий масалаларда ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар. Шу сафар чоғида 1992 йил учун савдо-иқтисодий ҳамкорлик тамойиллари 6ўйича битим имзоланди. Шунингдек, икки давлат Президентлари Ўзбекистон билан Россия ўртасида иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш тўғрисида, ҳарбий соҳадаги ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзоладилар.
Ўзбекистоннинг жаҳон халқлари тинчлиги ва ҳавфсизлигига мос тинчликсевар ташқи сиёсати, уни жаҳонда мустақил давлат сифатида тезда тан олинишини таъминлади. Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини дунёдаги 165 давлат тан олди, уларнинг 120 таси билан дипломатик, сиёсий, иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий алоқалар ўрнатилди. Тошкентда бир қатор дунё мамлакатларининг элчихонаси фаолият кўрсатмоқда. Булар жумласига АҚШ, Германия, Франция, Буюк Британия, Хитой, Ҳиндистон, Покистон ва бошқаларни киритиш мумкин. Шунингдек, Ўзбекистонда 88 хорижий мамлакатлар ва халқаро Ташкилотларнинг, 24 ҳукуматлараро ва 13 та ноҳукумат Ташкилотларнинг ваколатхоналари фаолият кўрсатмоқда. Ушбу кўрсаткичлар эса Ўзбекистоннинг жаҳон давлатлари билан яхши муносабатда эканлиги ва ўзининг аҳамиятли ўрнига эгалигини кўрсатиб турибди.
Янги ташкил топган мустақил давлат учун, ўз миллий манфаатларига мос келадиган пухта ташқи сиёсий йўлни белгилаш, жаҳон ҳамжамиятига қўшилиш, хорижий мамлакатлар билан сиёсий, дипломатик, иқтисодий, илмий-техникавий, маданий алоқалар ўрнатиш масалалари долзарб вазифадир. Чунки, мустақилликни мустаҳкамлаш, мамлакат хавфсизлиги, барқарорлиги ва тараққиёти кўп жиҳатдан ана шу вазифаларнинг оқилона ҳал этишига боғлиқдир. Албатта, бу амалга ошириш мураккаб бўлган вазифа бўлиб, кўп йиллар давомида ташқи сиёсат юритиш, ташқи дунё билан боғланиш, давлатлар билан ташқи савдони ташкил этиш каби вазифаларни бажарилишини талаб этади.
Шўро тизими даврида Ўзбекистонга бевосита тегишли халқаро муносабатларга оид ишлар ҳам марказий ҳокимият томонидан амалга оширилган, ўзи эса ташқи оламдан ажратилган эди. Бунинг натижасида эса Ўзбекистон ташқи сиёсат юритиш тажрибасига ҳам жаҳон дипломатияси ва ташқи иқтисодий фаолиятини биладиган юқори малакали кадрларга ҳам эга эмас эди. Ушбу вазият зудлик билан ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий алоқаларини такомиллантиришни талаб қилди. Ўзбекистон раҳбариятига бу соҳадаги кўп қиррали ишларни бошдан бошлашга тўғри келди.
Президентимиз ўзининг "Ўзбекистоннинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўли" асарида таъкидлаганидек, ....«ўзининг халқаро обрў-эътиборини қозониш ва мустаҳкамлаш, халқаро ҳуқуқнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида ўзини қарор топтириш учун кўп ишларни қилиш, баъзида эса умуман бошидан бошлашга ҳам тўғри келади". Дарҳақиқат мамлакатимизни халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида белгилайдиган, республиканинг ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий алоқаларини тартибга соладиган қонунлар қабул қилинди. "Чет эл инвесициялари тўғрисида"ги, "Хорижий инвестицияларига кафолат бериш ва инвесторлар тўғрисида"ги, "Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида"ги ва бошқа қонунлар ҳамда норматив ҳужжатлар ана шулар жумласидандир.
Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатининг асосий йўналишларидан бири Шарқ ва Тинч океани ҳавзаси мамлакатлари билан алоқалар ўрнатиш ва ривожлантиришга қаратилган. Бу мамлакатлар ўртасида айниқса Хитой Халқ Республикаси билан давлатлараро алоқа ўрнатиш алоҳида аҳамиятга эга. Ўзбекистон давлат мустақиллигини қўлга киритган дастлабки пайтлардаёқ Ўзбекистон ва Хитой ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди.
Ўзбекистон Шарқнинг энг ривожланган мамлакати бўлган Япония билан ҳам ҳамкорлик алоқаларини ривожлантирмоқда. 1994 йил 16-19 май кунлари Ўзбекистон давлат делегацияси расмий ташриф билан Японияда бўлди. Сафар пайтида Ўзбекистон билан Япония ўртасида муносабатларнинг асосий тамойиллари ҳақида қўшма баёнот, ташқи ишлар бўйича муносабатлар ҳақида ҳужжат имзоланди.
Ўзбекистоннинг Тинч океани ҳавзаси мамлакатларидан Малайзия ва Индонезия билан давлатлараро алоқалари ўрнатилган ва ривожланиб бормоқда. Шунингдек, Ўзбекистон ва ушбу мамлакатлар ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатиш бўйича қўшмa ахборот, икки томонлама муносабатлар бўйича қўшмa баёнот, иқтисодий ва техникавий ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланган.
Шу билан биргаликда, Ўзбекистоннинг Осиё ва Океания минтақасидаги Вьетнам Республикаси, Таиланд, Австралия ва бошқа мамлакатлар билан сиёсий-дипломатик алоқалари йўлга қўйилди, иқтисодий ва маданий ҳамкорлиги ривожланиб бормоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда тарихий жиҳатдан қисқа бир даврда халқаро муносабатларни йўлга қўйиш ва ривожлантириш бобида бир неча ўн йилликларга арзийдиган ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон ўзининг тинчликсевар, яхши қўшничилик, ўзаро фойдали ҳамкорликка қаратилган сиёсати ва фаолияти билан бутун дунёга танилди, жаҳон ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллади, унинг мавқеи йилдан-йилга мустаҳкамланиб бормоқда.
Достарыңызбен бөлісу: |