Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги гулистон давлат университети “тарих” кафедраси



бет1/2
Дата09.07.2016
өлшемі0.59 Mb.
#186452
  1   2


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ
ГУЛИСТОН ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИ
ТАРИХ” КАФЕДРАСИ
Шамсиев Зафар Хамиджонович
5220200- тарих йўналиши бўйича бакалавр даражаси олиш учун
“ЎРТА АСРЛАР ЕВРОПА ЦИВИЛИЗАЦИЯСИ ТАРАҚҚИЁТИДА ВЕНЕЦИЯНИНГ ЎРНИ” МАВЗУСИДАГИ

Илмий раҳбар: Л.Қодирова



Гулистон – 2014

МАВЗУ: ЎРТА АСРЛАР ЕВРОПА ЦИВИЛИЗАЦИЯСИ ТАРАҚҚИЁТИДА ВЕНЕЦИЯНИНГ ЎРНИ
МУНДАРИЖА:
КИРИШ………………………………………………………………………..3-7
I БОБ. ЎРТА АСРЛАРДА ВЕНЕЦИЯНИНГ ИЖТИМОИЙ – ИҚТИСОДИЙ ТАРАҚҚИЁТИ
1.1. ВЕНЕЦИЯ ТАРИХИДАН..........................……………………...………8-17

1.2. ЎРТА АСРЛАРДА ВЕНЕЦИЯНИНГ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ ТАРАҚҚИЁТИ………………………………………………………………18-25


II БОБ. ЎРТА АСРЛАРДА ВЕНЕЦИЯНИНГ МАДАНИЙ ТАРАҚҚИЁТИ
2.1. ВЕНЕЦИЯ МЕЪМОРЧИЛИГИ…………………………………..........26-38
2.2. ҲАЙКАЛТАРОШЛИК ВА ТАСВИРИЙ САНЪАТ…………….........39-50
ХУЛОСА……………………………………………………………………51-53
АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ……………………………………………….54-55

Кириш

Мавзунинг долзарблиги. Ўрта асрлар Европа цивилизацияси тараққиётида Италия ўзига хос ўринни эгаллайди. Европа Уйғониш даври ҳам айнан Италиядан бошланганлиги бежиз эмас.

Италиянинг Шарқ ва Ғарбни боғловчи муҳим денгиз савдо йўлида жойлашиши унда капиталистик муносабатларнинг жуда эрта шаклланишига олиб келди. Савдо-сотиқнинг ривожланиши, ўзга юртлар билан алоқаларнинг тараққиёти ҳунармандчиликнинг ривожланишига замин яратди. Феодал муносабатларнинг заифлиги эса бу ерда янги сиёсий тартиб – шаҳар – республика тартибини пайдо бўлишига ва Италиянинг Европада биринчи бўлиб капиталистик мамлакатга айланишига имкон берди. Ижтимоий ҳаётда содир бўлган бу хусусият санъат ва маданиятда ўз ифодасини топди. Бу ўзгариш савдо ва ишлаб чиқариш ривожланган Ўрта Италияда жойлашган Флоренция, Пиза, Сиенада ҳамда Шимолий қисмидаги Генуя, Милан, айниқса, савдогарлар ва банкирлар республикаси бўлган Венецияда жуда сезиларли бўлди.

Венецияни одатда Адриатика қироличаси деб аташади. Бу шаҳар Италиянинг шимоли – шарқида, Адриатика денгизининг ботқоқли Венеция қўлтиғида, 118 та майда оролларда жойлашган1. У 150 та канал билан ўралган, улар бир-бири билан 400 та кўприк орқали туташган. Катта Канал (Гранд) Венецияни икки қисмга ажратади. Каналнинг узунлиги 3800 м, кенглиги 30 дан 70 метргача, чуқурлиги 6 метр.

Ўрта асрларда Венеция республикаси денгизда ҳукмронлик қилган қудратли шаҳар эди. Шаҳарни зодагонлар ва савдогарлар бошқарарди. Бундан ташқари Венеция салиб юришлари учун бошланғич нуқта вазифасини бажарган эди. Уйғониш даврида Венеция санъатнинг тараққий топиш марказларидан бири бўлиб қолди. Машҳур сайёҳ Марко Поло ҳам венециялик эди (Венециянинг замонавий аэропорти бугунги кунда унинг номи билан аталади).

Венеция Уйғониш даври ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш зарур. Венеция бу даврда бой, гуллаб – яшнаётган савдогарлар республикаси эди. Венеция герби- авлиё Маркнинг қанотли шери Ўрта ер денгизи сувлари устида ҳукмронлик қиларди. Итальян шаҳарларининг ўзаро урушларидан Венеция чеккада турарди, унинг турмуши ва тузуми мутлақо мустақил эди. Венециядаги Уйғониш умумиталия Уйғониш даврининг алоҳида ва ўзига хос қисмидир. Бу ерда у кечроқ бошланди ва узоқроқ давом этди. Венецияда антик анъналарнинг роли камроқ бўлиб, Европа маданиятининг бундан кейинги ривожи билан боғлиқлиги кучлироқ эди.

XX асрда Венеция туризмнинг, турли кўргазмалар ва фестивалларнинг севимли марказларидан бирига айланди. Бу ерга ташриф буюрганлар Венециянинг ўзига хос, бетакрор маданият ёдгорликларидан ҳайратга тушадилар.

Барча дунё халқлари бир – бирлари билан ҳар томонлама алоқа ва муносабатларини кундан – кунга яхшилаш ва ривожлантириш учун ҳаракат қилиб келаётган бугунги кунда бошқа халқлар, жумладан Венеция маданиятининг тарихини, ютуқларини ўрганиш долзарблик касб этади.

Жаҳон цивилизацияси ва маънавий қадриятларини ўзлаштириш ва уларга ошно бўлиш зарурлигини равшан англаган Ўзбекистон мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ ўз миллий манфаатларига мос келадиган пухта ташқи сиёсий йўлини белгилаш, сиёсий, дипломатик, илмий – техникавий, маданий алоқалар ўрнатиш масалаларини ишлаб чиқди. Бу борада Ўзбекистон раҳбарияти халқимизнинг умумбашарий цивилизация билан алоқаларини қайта мустаҳкамлаш соҳасига биринчи даражали вазифа сифатида қарамоқда.

«Ўзбекистоннинг мустақиллиги, унинг дунё кўз ўнгида очиқлиги шундай бир серунум тупроқки, бизнинг маънавий имкониятларимиз унда тобора тезроқ унади, давлатгина эмас, балки жамоатчиликнинг ҳам муттасил кенгайиб бораётган алоқаларига суянади. Бугунги кунда ҳур ва озод халқимиз барча халқлар ва давлатлар томонидан яратилган маърифатда, фан ва техникада, маданият ва санъатда нимаики янги ва илғор жиҳатлар бўлса, шунга дадиллик билан интилмоқда»1.

Республикадаги иқтисодий, ижтимоий ва маданий ўзгаришларнинг умумий ўзанида, ҳукуматимиз, ташқи сиёсатнинг тамойиллари ва мақсадларини белгилай туриб, устувор масалалардан бири сифатида чет мамлакатлар билан маданий ва маънавий соҳаларда алоқалар ўрнатишни илгари сурди.

Жаҳон халқлари тажрибаси ва умуминсоний қадриятлардан фойдаланиш бу алоқаларни янада кенгайтириш ва ривожлантириш имконини беради. Бу борада Ғарб мамлакатлари билан маданий алоқалар республикамиз учун катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб ўтиш жоиз.

Европа маданиятида алоҳида ўрин тутган Венеция маданиятини ўрганишнинг долзарблигини юқоридагилардан келиб чиқиб асослаш мумкин.



Битирув малакавий ишининг мақсад ва вазифалари. Битирув малакавий ишининг мақсади ўрта аср Венецияси ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий тараққиётининг ўзига хос хусусиятларини таҳлил қилиш, Венеция маданиятининг тараққиётига асос бўлган тарихий шароитни кўрсатиб бериш ва унинг Европа халқлари маданиятида тутган ўрнига баҳо беришдан иборат. Қўйилган мақсаддан келиб чиққан ҳолда ушбу вазифалар белгилаб олинди:

- Венециянинг давлат сифатида таркиб топиш жараёнини кузатиш, унда ўзига хос бошқарув шаклининг вужудга келиш сабабларини кўрсатиш;

- Ўрта асрларда Венециянгинг сиёсий, иқтисодий – ижтимоий тараққиёт омилларни таҳлил қилиш;

- Ўрта асрларда Венеция маданиятининг адабиёт, санъат соҳасида эришган ютуқлари билан таништириш;

- Венеция маданиятининг шу даврдаги жаҳон маданияти тараққиётида тутган ўрни ва аҳамиятини очиб бериш;

- Ўрта асрларда Венеция маданиятининг ўзига хос хусусиятларини мавжуд манбалар асосида тадқиқ этиш, таҳлил қилиш ва маълум хулосалар бериш



Ишдаги илмий янгиликлар ва эришилган натижалар.

Ушбу мавзуни ўрганишда фақатгина рус тилида мавжуд бўлган манбалар, адабиётлар ишга жалб этилди. Шу давргача мавзуни ёритишда жуда кўплаб тадқиқотлар олиб борилган ва биз бу тадқиқотлардан фойдаланган ҳолда мавзунинг янги қирраларини очиб беришга ҳаракат қилдик. Биз ўз ишимизда жаҳон маданияти тарихини ўрганишнинг ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдаги аҳамиятига эътибор бердик.

Мавзунинг ўрганилганлик даражаси. Жаҳон тарихининг ўрта асрлар қисмини ўз ичига олган дарсликлар, ўқув қўлланмалари, хрестоматияларда ушбу мавзу у қадар кенг ёритилмаган1.

Италия тархига бағишланган алоҳида асарларда эса Венеция шаҳар – республикаси, унинг маданияти ҳақида анча кенгроқ маълумотлар берилган, унинг маданий тараққиётининг умумий хусусиятлари ёритилган2.

Н.П.Соколовнинг «Образование Венецианской колониальной империи» асарида Венециянинг тарихи, унинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, бошқарув тартиби ва Венеция ҳукмрон синфининг босқинчилик сиёсати атрофлича ёритилган3.

К. Бекнинг «История Венеции» асари римликлар давридаёқ пайдо бўлиб, ўрта асрларда мустақил республикага - кучли денгиз ва савдо давлатига айланган Венеция тарихига бағишланади. Унда шаҳарнинг вужудга келиш омиллари, мустақил давлатга айланиш жараёни, Венеция жамиятининг тузилиши, ташқи сиёсати, салиб юришлари даврида Венециянинг тутган ўрни, кейинги даврлардан то бугунги кунгача босиб ўтган тараққиёт йўли, унинг маданиятига оид қизиқарли ва кенг маълумотлар берилган1.

Ю.Колпинскийнинг «Искусство Венеции» асари Венециянинг Европа маданиятида алоҳида ўрин тутган санъати - меъморчилиги, ҳайкалтарошлиги, тасвирий санъати ва бошқалар ҳақида маълумотлар берилган. Унда Венеция санъатининг буюк намоянадалари ҳаёти ва ижоди кенг тарзда ёритилган2.
Венециянинг буюк мусаввири Тициан ижодига бағишланган альбомда унинг ҳаёти ва фаолияти ёритилган бўлиб, мусаввирнинг энг машҳур асарларининг репродукциялари ва уларнинг яратилиш тарихи ҳақида маълумот берилган3.

Ўрта асрлар санъатига бағишланган асарларда Италияда, хусусан Венецияда санъатнинг тараққий этиши, унинг ўзига хос жиҳатлари, санъатда ҳукм сурган оқим ва йўналишларга алоҳида тўхталиб ўтилган4.



БМИнинг тузилиши. Битирув малакавий иши кириш, иккита боб, тўртта параграф, хулоса, адабиётлар рўйхати ва иловалардан иборат. Ишнинг умумий ҳажми 55 бет.


1.1. ВЕНЕЦИЯ ТАРИХИДАН

Венеция номида Шимолий Адриатикада эр.ав. II минг йилликда яшаган қадимги вёнетлар ёки энетлар қабиласининг номи сақланиб қолган. Жой номи сифатида Венеция XIII асрдагина шаҳар номига айланди.

М.а. V асрдан бошлаб Венеция ҳудудида аҳоли истиқомат қилган. Венеция ҳудудида бир нечта қадимги Рим шаҳарлари жойлашган эди: м.ав. 181 йилда асос солинган Аквилея, Опитергий (замонавий Одерцо), Тарвизий (замонавий Тревизо), Альтин (замонавий Альтино), Патавий (замонавий Падуя) ва бошқалар.

452 йилда, сўниб бораётган Ғарбий Рим империяси ўзининг ҳарбий қудратини йўқотган вақтда, Аквилея ва Венеция вилоятининг бошқа шаҳарлари Атилла бошчилигидаги хуннлар томонидан босиб олинди ва таланди.

Тирик қолган қирғоқбўйи аҳолиси варварлар қиличи тиғидан қочиб, кўрфазнинг ўртасида жойлашган Риальто ва бошқа ороллардан паноҳ топишган. Қадимги Венеция хроникаси Парма, Эста, Чезена, Бергамо, Редино, Мантуя, Гардо, Фано, Аквилея, Феррара, Флоренция, Гаэта, Калабрия, Истрия, Болонья, Равенна, Пиза, Верчелло, Салерно, Бари, шунингдек, Каттаро, Задар ва бошқа шаҳарлардан келган қочоқлар ҳақида маълумот беради1.

Италия лангобардларнинг босқинига дучор бўлган 568 йилда, патриарх Павлин ўзининг барча муқаддас нарсалари ва черков бойликлари билан Аквилеядан қочиб ўз патриархияси билан кичик Градо оролидан бошпана топди. Худди шу вақтда оролларга бошқа шаҳарларнинг епископликлари кўчиб ўтди. Масалан Альтинадан Торчелло оролига ва ҳ.к. Бу йилни шартли равишда Венециянинг пайдо бўлган санаси деб ҳисоблаш мумкин.

Қочоқлар жойлашган оролларда фақат қамиш ўсган ботқоқликлар ва қумлоқ пляжлар бор эди ва озуқа топиш учун қочоқлар денгиз сувини буғлатиб туз олишарди. Ўзларининг балиқчилик қайиқларида улар Адриатика соҳиллари бўйлаб сузиб, тузни нонга алмаштиришарди. Аста – секин оролларда ёғоч устун (свая) лардаги юзлаб ёғоч уйлар ва кичик черковдан иборат қишлоқ вужудга келди.

Император Юстиниан давридан «денгиз» Венецияси Шарқий империя таркибига кирган. Константинопол ҳокимияти бу ерга ўз вакилларини юборишди, у баландпарвоз герцог - «дука» номи билан аталар, оролликлар уни «дож» дея талаффуз қилишарди. Кейинчалик императорлар бу узоқ оролларни тақдир измига ташлаб қўйдилар ва дож маҳаллий аҳолининг йиғинида энг зодагон хонадонга мансуб одамлардан умрбод сайлаб қўйиладиган бўлди.

811 йилда дожлар резиденцияси Риальтога кўчиб ўтди. Орол- шаҳар XIII асрда Венеция деб ном олгунга қадар Риальто деб аталган. Риальтода ҳукм сурган биринчи дож   Агнелл Партециак (811—827) эди. Худи шу вақтда бу ерда Оливоло епископлиги ташкил топди. Унинг самовий ҳомийси Византия авлиёси Фёдор эди1.

Шундай қилиб, дастлаб Гераклея оролида, 756 йилдан Маломокка оролида ва ниҳоят, 811 йилдан Риальто оролида унча катта бўлмаган феодал давлат ташкил топди ва тараққий этиб борди.



VIII  аср охирида Ғарбий империянинг ташкил топиши ва унинг X  асрда бирмунча кучайиши Италияда шундай вазиятни вужудга келтирдики, Венеция улар билан ҳисоблашишга мажбур эди. Венециянинг бу икки империя билан муносабатлари мураккаб эди. Византиянинг Венецияга таъсири аста-секин камая борди, IX ва X асрларда улар фақат расмий равишда мавжуд бўлган бўлса, кейинчалик у бутунлай барҳам топди.

Вақт ўтиб борарди, туз савдоси яхши фойда берарди ва бойиган савдогарлар денгиз кемалари қура бошлашди, улар кемаларда Константинополга сузиб бориб, Шарқ молларини - ипак, шиша, зираворлар сотиб олишарди. Адриатика соҳилида денгизорти моллари отларга ортилар ва шимолга, Альп довонлари оша Германия ва Галлияга олиб кетиларди. Савдо тараққий этиб борар, бойиб кетган савдогарлар энди Шарққа кемаларнинг бутун флотларини юбориш имконига эга эди. Савдо флотларини ҳимоя қилиш учун савдогарлар ҳарбий флот барпо этдилар, улар унитилган рим намуналарини қайта тиклаб Август давридаги галераларни қура бошлашди. Бу тезюрар кемаларда 150 эшкакчи ва 20-30 аскар бўларди.

Кейинчалик савдогарлар ипак ва шишани ўзларида тайёрлашга уриниб кўришди, улар юнон усталарини таклиф этиб, устахоналар барпо этишди. Шу тариқа бора – бора балиқчилар қишлоғи ҳунармандлар ва савдогарлар шаҳрига айланиб борди.

Варварлар истилосидан сўнг уйғониб бошлаган маданий ҳаёт эҳтиёжлари туфайли денгиз бўйида савдо ва ҳунармандчилик билан ҳаёт кечирувчи Венеция каби кичик шаҳарлар пайдо бўлди. Бу шаҳаралар ҳайдаладиган ерлар ва яйловлар етишмаган ерларда пайдо бўлган ва аҳолининг кўпайиб бориши инсонларни савдо ва ҳунармандчилик билан кўпроқ шуғулланишга мажбур қиларди. Ҳақиқий савдо у вақтларда фақат денгиз орқали амалга ошириларди, шу туфайли савдо шаҳарлари кемалар тўхташи қулай бўлган денгиз бўйларида вужудга келарди. "Бизнинг далаларимиз йўқ, бизнинг узумзорларимиз йўқ, - деб ёзган эдилар венецияликлар Рим папасига, - барча зарур нарсаларни биз узоқ нотаниш мамлакатлардан келтиришимиз зарур".

 X асрга келганда Венеция воситачи сифатида фаол савдо олиб бораётган йирик шаҳар эди. У биринчи бўлиб ўзига катта фойда келтирадиган қул савдосини тартибга солишга ҳаракат қилди.

Венеция тарихи Тир, Афина, Карфаген тарихига ўхшаш – бу денгизда ҳукмронлик қилиш учун кураш тарихидир. Дастлаб венецияликлар араб қароқчилари, кейин – Жанубий Италияни босиб олган норманнлар билан кураш олиб боришга мажбур бўлдилар. Болқонни вайрон этаётган италий норманнлар устидан қозонилган ғалаба эвазига император Алексей I венецияликларга божсиз савдо ҳуқуқини берди ва улар империя шаҳарларида ўз савдо факторияларини барпо этдилар.

Кейин эса салиб юришлари бошланди ва 1100 йилда Венеция флоти салибчиларга ёрдам бериш учун сузиб кетди салибчилар арабларни қуруқликдан, венецияликлар эса денгиздан қамал қилишарди. Ўзининг ёрдами учун Венеция босиб олинган ҳар бир шаҳарнинг учдан бирини оларди. 1123 йилда Аскалон ёнида венецияликлар ва араблар флоти ўртасида ҳал қилувчи жанг бўлиб ўтди, венецияликларда икки юзга яқин кема, шу жумладан катта, ўша даврда тенги йўқ галералар бор эди. Араб флоти тор – мор этилди ва Венеция денгизда ҳукмронликни қўлга киритди, шу даврдан у «денгиз қироличаси» га айланди.

Венеция денгизлар устидан ҳукмронлик қилар ва ҳар йили ўзининг денгиз – океан билан унаштирилишини нишонларди. Белгиланган кунда безатилган кемалар флотилияси денгизга чиқар, дож авлиё Марк байроғи ҳилпираб турган ҳашаматли "Буцентавр" флагман галерасининг палубасида турарди. Венециянинг барқут камзул ва патлар билан безатилган беретлардаги барча аслзодалари ўз галераларининг палубасидан жой оларди. Кейин "Буцентавр" тўхтар ва минглаб кишиларнинг кўз олдида Венеция ҳукмдори денгизга никоҳ узугини ташлаб, қуйидаги сўзларни тилга оларди:

- Биз сен билан унаштириламиз, денгиз. Биз сенинг устингдан чин ва абадий ҳукмронлигимиз белгиси сифатида никоҳдан ўтамиз!1

XII аср ўрталарига келиб Венеция аслзодалари умумий манфаатлар бирлиги асосида шу қадар чамбарчас боғланган эдики, дожлар ҳокимиятини чеклаш имконияти туғилди. Дожнинг ҳукумати сенат эди, сенат эса кичик кенгаш ёки сеньория томонидан расмийлаштириларди. Сеньория ўз навбатида республиканинг олий қонунчилик ва назорат қилиш органи ҳисобланган Катта кенгаш тарафидан сайланарди. Шу даврдан бошлаб асрдан – асрга дожлар ўзининг ҳақиқий ҳокимиятини йўқота борди, аммо уларнинг ташқи ҳаёт тарзи янада дабдабали тус ола борди.

XIII асрда Венецияни энди аслида дож эмас, халқ йиғини ҳам эмас, бой савдогарлардан иборат Катта Кенгаш бошқарарди. XIII аср охирида Венеция зодагонлари дожнинг якка ҳукмронлигига қарама - қарши ўлароқ ўзларининг жамоа ҳукуматини ўрнатиш учун қатъий қадам қўйди: 1297 йилда Катта кенгаш «ёпиб қўйилди». Катта кенгаш аъзоларини сайлаш ҳуқуқи маълум аристократик хонадонларга (жами бўлиб бир неча ўн оилаларга) гина берилди. Бу хонадонларнинг ҳаммаси XIV асрда алоҳида «Олтин китоб» га киритилди, улар ўз гербига, унвонларига, саройларига эга бўлиб, кибор дворянлар табақасига айланди. Қудратли шаҳар патрициати (унда савдогарлар, банкирлар ва дворянларнинг оилалари ўз манфаатлари жиҳатидан бир-бировлари билан чирмашиб кетишган эди) ўз ҳокимиятини қизғанчиқлик билан қўриқлаб, бу ҳокимиятда ҳатто аҳоли ўрта табақаларининг қатнашишига ҳам йўл қўймас эдилар. Буни Венеция бошқармасининг ғоят мураккаб тизими таъминлаши лозим эди.

Аммо зодагонларнинг айрим вакиллари яккаҳукмронликнинг бу тарзда чекланишига дарҳол кўникмадилар. Бироқ бу уринишлар дарҳол тўхтатилар ва беаёв жазоланар эди. Масалан, 1310 йилда Байамонт Тьеполо фитнасининг олди олинди, фитначилар олигархия тузумини ағдариб ташлашни мақсад қилиб қўйган эдилар1.  

Фитна бостирилди, шундан кейин Венеция давлат тузуми янада тор доирадаги олигархия диктатураси хусусиятларга эга бўлди. Олигархия ўз ҳукмронлигини сақлаб қолиш учун фавқулодда органлар барпо этди, бу органлар дўқ - пўписа қилиш, зимдан ўлдириш ва қийноқ-азобга солиш йўли билан ўша вақтда мавжуд сиёсий режимни демократлаштирмоқчи бўлган одамларни қаттиқ жазоладилар. «Қирқлар кенгаши» ва «Ўнлар кенгаши» ана шундай органлар ҳисобланарди. Бу фавқулодда трибуналлар баъзан якка бир шахс ҳокимиятини ўрнатишга уринган зодагонлар вакилларини ҳам бурдалаб ташларди. Дожларнинг ўзлари ҳам ана шу даҳшатли органлар назорати остида ишлардилар.

Давлат тўнтариши ясамоқчи бўлган 80 ёшли дож Марино Фальерининг 1355 йилда ўз саройининг ҳовлисида бошини танасидан жудо қилдилар. Ўрта аср Венециясининг авахталари мудҳиш бир зиндон бўлиб, уларнинг томлари қўрғошин тахта билан ёпиларди. Ёзнинг жазирама офтобида қизиган бу «қўрғошин авахта» ларда ётиш маҳбусларни бетўхтов қийнашдан бошқа нарса эмас эди.

Венеция республикаси фаол тажовузкор ташқи сиёсат юритарди. Дастлаб Византия, кейин эса Генуя билан, ниҳоят, Туркия билан олиб борилган кураш Венеция ҳукуматидан жуда катта молиявий маблағни, ҳарбий ва дипломатик воситаларни талаб қиларди.

Венеция Шарқий Империядан ажралиб чиққан ва унинг иттифоқчиси бўлган шаҳар эди. Аммо вақт ўтиши билан Венеция эга бўлган имтиёзлар Константинопол савдосига зиён етказа бошлади ва дўстлик ўрнини душманлик эгаллади. 1171 йилда императорнинг буйруғига кўра минглаб венециялик савдогарлар ушлаб, зиндонга ташланди. Венециялик элчи Энрике Дандоло Константинопода кўр қилинди.

Ўттиз йилдан сўнг, 80 ёшида дож этиб сайланган сўқир Энрике Дандолога ўч олиш имконияти туғилди. У тўртинчи салиб юриши иштирокчиларини Венециянинг рақиби бўлган Константинопол устига юришга кўндирди. Бунинг учун Дандола салибчилар билан 4 500 отлиқ рицаарлар, 9 000 яроғбордорлар, ва 20 000 пиёдани Мисрга олиб ўтиб қўйиш учун 85 000 кумуш маркага шартнома тузади1. Уларнинг тўлов қобилиятига умид қилмаган ва Венецининг осойишталиги ҳақида қайғурган дож салибчиларни дастлаб уларнинг ҳаммасини ороллардан бирига олиб боришни буюради. Сўнгра венецияликлар кемаларни бир четга олиб чиқиб, тўловни олдиндан талаб қилади.

Кутилганидек, «худо жангчилари» да етарли миқдорда маблағ топилмайди (34 000 марка етмайди). Шунда олдинни кўра билган дож чорасиз қолган салибчиларадан Венеция учун Далмация қирғоғидаги Зара (ҳозирги Задар) шаҳрини босиб олишни талаб қилади (ўз кемалари учун қурилиш ёғочи олишни истаган венецияликлар Шарқий Адриатика соҳилларидаги ўрмонларга кўз тиккан, ундан ташқари Зара шаҳри уларнинг савдосига ҳалал берарди).

Салибчилар оддий қароқчилар сингари Зара шаҳрини босиб олдилар. Салиб юришининг ташкилотчиси папа Иннокентий III Зара шаҳри учун юксак ғояларни унутган венецияликлар ва салибчиларни черковдан ажратди. Аммо бу соғлом фикрли ва жасур Энрико Дандолога кераклича таъсир кўрсатмади. Бундан ташқари тўймас Венеция ўзи учун янада катта манфаат ундирмоқчи эди.

Гап шундаки, Венециянинг собиқ савдо рақиби бўлган Византия   ўша вақтда оғир аҳволга тушиб қолган эди. Сарой тўнтариши туфайли император Исаак II Ангел ўз акаси томонидан тахтдан туширилган ва қамоққа олинган, унинг ўғли Алексей эса қочишга улгурган эди.

Энрико Дандоло Алексейга салибчиларни Константинополга қарши юришга кўндиришда ёрдам берди. Албатта, салиб юриши иштирокчиларининг асосий қисмини ташкил этган француз рицарларнинг ўзида ҳам Шарқнинг энг бой шаҳрини талаш истаги йўқ эмас эди, аммо буни улар кўрфазни тўсиб қўйган Венеция флоти ёрдамидагина амалга оширишлари мумкин эди.

  1204 йилнинг 13 апрелида франклар Венеция кемаларидан ташланган кўприклар ёрдамида Константинопол деворларини ишғол этиб, шаҳарга бостириб кирдилар. Шарқнинг энг ҳашаматли ва бой шаҳри беаёв таланди ва ёқиб юборилди. Венеция ўз улушини олди: бир қанча омон қолган шаҳарлар, божсиз савдо қилиш ҳуқуқи ва кейинчалик авлиё Марк ибодатхонасини безаган тўртта бронза от ҳайкали1. Константинополда катта Венеция колонияси барпо этилди ва савдогарлар бу ердан Қора денгизнинг шимолий қирғоқларига йўл оларди. Константинопол босиб олинганидан ва бир вақтнинг ўзида Лотин империяси вужудга келганидан сўнг ўтган яқин йиллар давомида Венеция империясининг вужудга келиш жараёни ниҳоясига етди.

Венециянинг таъсиридаги ҳудудлар

1261 йилда Лотин империяси қулади, Византия қайта тикланди (генуяликларнинг ёрдамида), аммо у ўзининг илгариги қудратини қайтара олмади. Венеция эса бу даврда гуллаб-яшнади, чунки у Европа билан Шарқ ўртасидаги савдода ҳукмронлик қиларди. 1284 йилда Венеция ўзнинг шахсий танагаси – олтин дукатни зарб қила бошлади. «Венецияликлар — очкўз, қайсар халқ; улар мумкин бўлганида бутун дунёни эгаллашни исташади, — деган эди ғайратли орол халқи ҳақида руҳонийлардан бири. XIII асрда Венеция дарҳақиқат савдо империясига айланган эди.

XIII асрнинг биринчи йилларида Венециянинг нигоҳи Шарққа қаратилган эди. Аммо Шарқда ўз режаларини амалга ошириш билан бирга Венеция Ғарбда ўз мавқеини мустаҳкамлашни ҳам унутмасди. Кейинроқ, Шарқдаги ҳолат барқарор тус олгач, Венеция Падуя, Тревизо билан эски можароларини бошлади. Улар ўртасидаги тинчлик сулҳи 1216 йилда тузилди1.

XIV аср охирига келиб Венеция аҳолиси 100 минг кишини ташкил қилган, 1348 йилги ўлатдан сўнг унинг сони 50 минггача қисқарган. 1422 йилда унинг сони 85 мингга, 1563 йилда эса - 170 минг кишига етган.

XV аср — Венециянинг иқтисодий ва сиёсий қудратининг чўққиси бўлди. XV аср бошларида Венеция ўзга вилоятларни босиб олиш сиёсатини фаоллик билан амалга оширди.

Унинг аҳолиси бу вақтда деярли икки юз мингга етди. 1423 йилда дож Томаззо Моченигонинг васияти матнидан маълумки, республиканинг ишбилармонлик операцияларига 10 миллион дукат тикилган, улар йилига 4 миллион ҳажмида фойда келтирган. Давлат бу вақтда 3 345 кема ва 36 000 денгизчига эга бўлган. Кема қуриш верфларида 6000 киши меҳнат қилган. 16000 ишчи ипак, жун ва пахта матолари ишлаб чиқаришда Машғул бўлган. Патрициат бир минг кишидан иборат бўлган, уларнинг йиллик даромди 700 дан 4 000 дукатгача бўлган. Ҳар йили Венеция 1 200 000 олтин дукат зарб эттирган, турли кумуш тангалар эса 800 000 дукат; давлатнинг йиллик даромади 1614 000 дукатни ташкил этган1.

Аммо Истамбулнинг турклар тасарруфига ўтиши (1453) ва Буюк географик кашфиётлардан сўнг савдо йўлининг Ўрта денгиздан Атлантика океанига ўтиши Венеция мавқеига ката зарар етказди.

XVI асрда ва ундан кейинги асрларда Ўрта денгиз савдосида ҳукмронлик вазиятни сақлаб қолиш, Венеция республикасига янада қийинроқ бўлди. Чунки XVI асрда ва ундан кейинги асрларда Ғарбий Европада йирик марказлашган давлатлар таркиб топди, бу давлатларнинг бир қисми энди улкан мустамлакаларни қўлга киритган ва жаҳон бозаридаги савдога қатнаша бошлаган эди. Бундай шароитлар дипломатик Венеция республикаси учун катта аҳамиятга эга бўлди. Венецияликлар Еропада биринчи бўлиб у ёки бу саройга тайинланган доимий элчилар юбора бошладилар.

Шундай қилиб, бутун ўрта асрлар давомида Венеция республикаси денгизда ҳукмронлик қилган қудратли савдо-олигархия республикаси бўлиб қолаверди.

1.2. ЎРТА АСРЛАРДА ВЕНЕЦИЯНИНГ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ ТАРАҚҚИЁТИ
Венеция маданияти ўрта аср Италиясида алоҳида ўрин тутган, ўзига хос маданиятдир. Бундай бетакрор маданиятнинг шаклланиши ва тараққий этиши қатор омиллар таъсири остида юз берган. Бу омиллар Венециянинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий тараққиёти билан чамбарчас боғлиқ.

Материкдан тўрт километрли кўрфаз билан ажратиб қўйилган оролларда барпо этилган Венеция биринчи йилларданоқ феодаллар ҳукмронлигини билишмаган ва ўша вақтлардан уларни бошқа манфаатлар банд этган: савдони кенгайтириш, рақиблари – Пиза ва Генуя билан кураш.

Ўрта асрлар давомида тобора равнақ топиб борган Венециянинг юзлаб кемалари ҳар йили Шарққа ипак, зираворлар, зиғир учун борар, ўзлари билан эса қурилиш ёғочи, қурол, қулларни олиб боришарди. Аста – секин кичик оролнинг аҳолиси 50 мингдан ошди, барча ботқоқлар қазилган каналлар ёрдамида қуритилди.

Венецияликлар, шунингдек, чекланаган шароитда ҳам қишлоқ хўжалиги билан шуғулланганлар. Масалан, Кьоджа ороли IX-X асрлар чегарасида дож саройига ҳар йили 60 та товуқ ва хашак юкланган ики кема юбориши лозим бўлгани ҳақида маълумот бор1.

Венециянинг асосан савдо билан шуғалланиши бу ерда ҳунармандчилик турли соҳаларининг тараққий этишига олиб келди. Масалан, Венецияда бутун дунёга машҳур шиша ойналар ва шиша буюмлар ишлаб чиқарилган. 1291 йилда Риальтодан шишапазлар Мурано оролига кўчириб ўтказилган. XV-XVI асрларда Венеция шишасозлиги равнақ топди, Венеция шишалари бутун дунёда шуҳрат қозонди. Венецияда шишасозлар обрў-эътиборга эга бўлган ва бу ном дворян унвонидан кам фахрли бўлмаган, бироқ уларга ўлим хавфи остида ҳунармандчилик сирларини фош этиш манн этилган. Узоқ вақтгача шиша ойналар фақатгина Венецияда ишлаб чиқарилган.

Венецияда ҳам бутун Европада бўлганидек, цех тузуми қарор топди. Аммо бошқа Европа давлатларидан фарқ қилиб, зодагонларнинг ўзига хос монолитлиги туфайли Венецияда цехлар сиёсий хусусиятга эга бўлмади, балки соф ишлаб чиқариш бирлашмалари бўлиб қолаверди. Агар цехларга аъзо бўлиш фуқаролик ҳуқуқларига эга бўлиш билан баробар бўлган Флоренция цехлар сонини чеклашга ҳаракат қилган бўлса, Венецияда бу ҳақида умуман қайғуришмасди ва бу ерда цехлар сони рекорд даражага етди – 142 та1. Венеция цехлари зодагонларнинг қатъий назоратида турарди.



Венецияда ер миқдорининг камлиги туфайли бу ерда йирик феодал зодагонлар йўқ эди. Венеция аристократияси – истеъмолчи-феодаллар синфи эмас, балки ишбилармон ва омадли савдогарлар, қитъадан ажралган шаҳар якдиллиги орқали халқ билан боғланган бюргерлар синфи эди. Денгиз Венеция патрициатининг иқтисодий жиҳатдан тенглигини таъминлади ва шаҳарнинг сиёсий барқарорлигига асос бўлди.

Шу сабабли Италиянинг бошқа шаҳарларидан фарқ қилиб, Венецияда зодагонлар ўртасида жиддий низолар, ўзаро урушлар бўлмаган. Бу эса унинг маданий тараққиётида катта рол ўйнаган омиллардан бири бўлди.

    Бу ерда бойлик ҳақидаги тасаввурлар асосини ер эгалиги эмас, олтин ва қимматбаҳо тошлар тўла ҳамён ташкил этарди. Узоқ мамлакатлардан келтирилган бойликлар бу ерда ҳамма нарсадан кўпроқ қадрланарди. Венеция эса бундай бойликлар билан тўла: ноёб мармар, қимматбаҳо тошлар, санъат асарлари ва ҳ.к. Венециянинг кўп асрлик муваффақияти шаҳар ҳукуматига шаҳарни ободонлаштириш ва меъморчилигига ўша давр учун жуда ката маблағларни сарф этиш имкониятини берди.

Илк ўрта асрларда Венецияда кейинги даврлардан фарқ қилиб, бойлик ва қашшоқлик дарҳол кўзга ташланмасди. XII асрда венецияликлар ҳали ҳақиқий ҳашаматни билмасди, савдогарлар эса пулни санаш ва тежашни билардилар. Фойданинг баъзи қисми оддий халқга ҳам тегар ва халқ у ёки бу даражада етарлича ҳаёт кечириш шароитига эга эди. Шу туфайли Флоренция каби республикадан фарқ қилиб, Венецияда ижтимоий зиддиятлар у қадар кескинлашмаган, ҳар ҳолда Венецияда қўзғалонлар бўлмаган. Шаҳар оталари эса ҳатто камбағаллар учун уйлар қуришарди.

Венециянинг бетакрор хусусияти унинг табиий шароити билан ҳам боғлиқ эди. Венециянинг ҳаёти сув билан чамбарчас боғлиқ эди. XVI асрда қора тош плитада лотинча олтин ҳарфлар билан қуйидаги эдикт (бугунги кунда у Венециянинг шаҳар музейида сақланади) ёзиб қўйилган эди: «Худонинг иродаси билан сувда яратилган вёнотларнинг илоҳий шаҳри, сув билан девор каби ўралган, сув билан девор каби ҳимоя қилинади. Шундай қилиб, кимки шаҳар сувларига қандай қилиб бўлмасин, зиён етказмоқчи бўлса, Ватан хоини каби суд қилинади. Бу эдиктнинг кучи муқаддас ва ўзгармасдир»1

Венеция ҳаётининг сув билан чамбарчас боғлиқлиги, унинг ўзига хос маданиятида ўз аксини топди, масалан, унинг меъморчилигида. Сувда унинг ҳаёти хавфдан холи эди, шунинг учун шаҳар истеҳкомлари ва мустаҳкамланган қалъа – уйлар қуришга ҳожат йўқ эди. Уйлардаги зах туфайли очиқ ҳавода кўпроқ бўлиш учун уйларнинг олд тарафида очиқ арка-лоджиялар барпо этиларди.

Венеция аслзодалари Катта каналнинг қирғоқларида истиқомат қилишарди. Канал деб аталгани билан у сунъий иншоот эмас, бу бор – йўғи rio alto — ороллар ўртасидаги чуқур тармоқ бўлиб, унинг чуқурлиги 6 метргача етади. Бошқа кўплаб тармоқлар ёки кичик каналлар унчалик кенг эмас, уларнинг чуқурлиги эса 2 метр атрофида. Бир-бирига зич тақалиб турган уйлардан бўш жой қолмади. Икки қаватли тош уйларнинг бир томони каналга чиқарди. Деворлар ёғоч устунлар (сваялар) устида барпо этиларди, шу туфайли улар сувдан ўсиб чиққандек таассурот қолдирарди.

Икки томондан - қуруқлик ва сувдан киришга эга бўлган уйларнинг биринчи қаватини одатда омбор ва ошхона эгаллаган бўлиб, хўжайинлар гуллар билан бурканган балконлари канал томонга очилган иккинчи қаватда яшашаради.

  Кўчалар жуда тор ва уларни тез-тез баланд кўприклар кесиб ўтганлиги туфайли уларда от - аравада юриб бўлмасди ва Венеция сув фақатгина сув транспортидан фойдаланишга мажбур эди. Эшиклар олдига гандолалар боғлаб қўйиларди, улар венецияликларга от ўрнида хизмат қиларди.

Юқорида айтиб ўтилганидек, Венецияни олтин, қимматбаҳо тошлар билан ҳайратга солиш қийин эди. Аммо сарой олидаги кичиккина боғ венецияликлар учун бойликлардан ҳам устун эди. Чунки ер ниҳоятда танқис бўлган бу шаҳарда кўкат ноёб бир ҳодиса эди. Балки шунинг учун ҳам венецияликлар гўзалликнинг қадрига етадиган халқ сифатида ном қозонгандир.

Венеция ўз маданиятига ўзи алоқа олиб борган кўплаб халқлар маданиятининг ютуқларини қўшиб олган эди. Венеция кенг савдо олиб борар ва шаҳарга кўплаб чет элликлар ташриф буюрарди. Айниқса немис савдогарлари кўп эди, улар учун Катта каналда (Риальто кўприги олдида) алоҳида сарой - Фондако деи Тедески барпо этилган эди. Ундан ташқари турк саройи - Фондако деи Турки ҳам бор эди.

Италия жанубидаги сингари бу ерда ҳам Византия санъати анъаналарининг таъсири муҳим рол ўйнаган. Аппенин ярим оролининг бу қисмида Византия анъаналари қадимги илдизларга эга бўлиб, бевосита сўнгги антик давр билан ривожланган ўрта асрлар ўртасидаги боғловчи бўғин бўлган.

Италия ва Марказий Европанинг Шарққа «очилган» дарчаси бўлган Венеция маданияти Византия империясининг ҳашаматли ва дабдабали маданияти ва қисман араб дунёсининг нозик дидли декоратив маданияти билан чамбарчас боғлиқ эди.

Бой савдогарлар республикаси XII асрда, яъни Европада роман услуби ҳукм сурган даврдаёқ, ўзининг бойлиги ва қудратини тасдиқловчи маданият яратишда Византия тажрибасига кенг мурожаат этди. Византия, Ғарбий Европа давлатлари билан яқиндан алоқада бўлган Венеция санъаткорлари Шарқнинг бой, сержило ва ёрқин санъати ва готика анъаналарини ўзлаштирган ҳолда, ўзига хос жозибадор санъат мактабини яратишга муваффақ бўлдилар.

Венециянинг Византия билан маданий алоқалари византияликлар Италиядан сиқиб чиқарилганидан сўнг ҳам давом этган, чунки Венеция IX-X асрлардан то XVI асргача Шарқ ва Ғарб ўртасидаги савдода воситачи вазифасини бажарган.

Ўрта аср Венеция маданияти учун тантанаворлик, ёрқинлик ва дунёвийлик хосдир. Ўша даврнинг готик саройлар ва черковлари меъморчилиги ўзининг бой ва ҳашаматли безаклари, байрамона қиёфаси билан ҳайратга солади. XV асрда венециялик санъаткорлар ўзларини ўраб турган дунёга қатъийроқ мурожаат эта бошлаган вақтда ҳам уларни бошқа Италия халқлари, хусусан флоренцияликларга қараганда санъатнинг назарий асослари камроқ қизиқтирган. Аммо қайноқ ва байрамона ҳаёт кечирган ушбу шаҳарнинг санъаткорларга борлиқ ўзининг барча ёрқин рангбаранглигида намоён бўлган. Уларни ҳаққоний Венеция образи, унинг саройлари ва каналлари, экзотик байрамона оммаси ром этган.

Венецияда ўрта аср маданиятининг қирралари кўпроқ вақт сақланиб қолди. Уйғониш даври санъати Венецияда Италиянинг бошқа марказларига, хусусан Флоренцияга қараганда кечроқ таркиб топди. Уйғониш даври бадиий санъати принципларининг шаклланиши Венецияда фақат XV асрдагина бошланди. XV асрнинг иккинчи ярмидагина Венецияда Италия кватреченотоси санъатида муҳим ўрин эгаллаган аҳамиятли ва ўзига хос ҳодиса сифатида Уйғониш мактаби шаклланди, янги бадиий шакллар, гуманизм тобора кенгроқ тарқала бошлади1.

Бу Венециянинг иқтисодий қолоқлиги туфайли эмас эди. Аксинча, Венеция Флоренция, Пиза, Генуя, Милан билан бир аторда Италиянинг энг иқтисодий тараққий этган марказаларидан бири эди. Қанчалик зиддиятли бўлмасин, айнан Венециянинг XII асрдан бошланган ва салиб юришлари даврида айниқса кучайган улкан савдо, ишлаб чиқариш эмас, айнан савдо давлатига айланиши бу кечикишнинг сабаби эди.

XV аср ўртасига келиб Венеция ўз қудрати ва бойлигининг чўққисига етди. «Адриатика маликаси» нинг мустамлака мулкалари ва факториялари Адриатика денгизининг шарқий қирғоқларини қамраб олибгина қолмай, Ўрта денгизнинг бутун шарқий қирғоқлари бўйлаб ҳам ястаниб ётарди.

Константинополнинг турклар томонидан босиб олиниши Италия шаҳарларида аввалги савдо – сотиқ ишларининг камайишига олиб келган бир вақтда ўз қўлида жуда катта бойлик тўплаб олишга улгурган Венеция аристократияси узоқ вақт ўз мустақиллигини сақлаб қолиш имкониятига муяссар бўлди.

Венеция шарқий савдосининг умумий таназзули кечроқ рўй берди. Савдо айланмасидан қисман бўшаган ўша давр учун улкан пул маблағларини венециялик савдогарлар ҳунармандчилик ва мануфактуралар ривожига, қисман, ярим оролнинг кўрфазга ёндош ҳудудлари (террафермалар) да жойлашган ўз ер-мулкларида деҳқончиликни рационал ривожлантиришга сарф этардилар.

Бундан ташқари, Венеция республикаси 1509—1516 йилларда қатор Европа давлатларининг душман коалицияси билан курашда қурол кучи ва дипломатик усулларни усталик билан бирлаштирган ҳолда ўз мустақиллигини сақлаб қола олди. Венеция жамиятининг барча табақаларини вақтинча бирлаштирган мураккаб курашнинг муваффақиятли якуни билан боғлиқ умумий юксалиш Тициандан бошлаб, Венецияда Юқори Уйғониш учун хос бўлган қаҳрамонона оптимизм ва монументал байрамона руҳнинг кучайишига олиб келди.

Ўз мустақиллиги ва маълум даражада ўз бойликларини сақлаб қолганлиги Венеция республикасида Юқори Уйғониш маданиятининг узоқроқ вақт гуллаб-яшнашини белгилаб берди.

Венеция маданиятининг равнақига асос бўлган омиллардан яна бири унинг умумевропа аҳамиятига асос бўлган китоб босиш маркази бўлганлигидир. 1527 йилдан сўнг Венеция Италияда гуманистик маданиятнинг, китоб босиб чиқаришнинг марказларидан бирига айланди.   

Венецияликлар ишбилармон кишилар сифатида китоб босишнинг аҳамиятини тез англаб етдилар, 1490 йилда Альдо Мануччи (Альд Мануций) типографияга асос солди. Унда нафақат қадимги Рим, балки Юнон муаллифларининг китоблари нашр этларди. 1512 йилда Акоб Мегапартнинг хусусий типографияси ҳам очилди1.

Венециялик савдогарлар нафақат Венециянинг иқтисоди, балки маданияти ривожига ҳам катта ҳисса қўшганлар. Венециялик сайёҳ Марко Поло (1254-1324 йй) нинг номи ҳаммага таниш. У венециялик савдогар Николо Полонинг хонадонида туғилган. 1260 йилда Никколо ва Маффео Поло, Марконинг отаси ва амакиси Чингизхоннинг невараси Хубилай ўз пойтахти қилиб олган Пекинга йўл олишади. Хубилай уларнинг Хитойга қайтиб келиш ва ўзлари билан бир неча христиан монахларини олиб келиш ҳақидаги ваъдасини олади. 1271 йилда ака-укалар яна Шарққа йўл оладилар ва ўзлари билан Маркони оладилар. Экспедиция Пекинга 1275 йилда етиб келади. Бу ерда Марко мўғул тилини ўрганади. Хубилай Маркони ўз хизматига олади.

Марко Поло 15 йил Хитойда хизмат қилади ва Ҳиндистон, Япония ҳақида маълумот тўплайди. 1290 йилда у Ватанига қайтиш учун рухсат сўрайди, аммо Хубилай унга рад жавобини беради. Марко Хитойдан фақатгина 1292 йилда чиқиб кета олади. Венецияга етганидан бир йил ўтиб у шарқий Ўрта денгизда савдо кемасида генуяликларга асир тушиб қолади. 1296 - 1299 йилларда Марко Поло Генуяда зиндонда ётади. Бу ерда у «Марко Поло китоби» ёки «Дунё мўъжизалари китоби» ни Пизалик Рустичеллога айтиб туриб ёздиради. Китобда нафақат Хитой ва Осиёнинг материк қисми, балки Япониядан Занзибаргача бўлган кенг ороллар дунёсининг тавсифи ҳам берилган. 1299 йилда Марко озод этилган ва 1324 йилда Венецияда вафот этган.

Венеция маданияти ҳақида гап кетар экан, унинг бутун дунёга машҳур карнавалларига ҳам тўхталиб ўтиш керак. Венеция карнавалининг анъаналари узоқ ўтмишга бориб тақалади. Афсоналарга кўра 998 йилда Хорватия қароқчилари томонидан маҳаллий венециялик қизлар ўғирлаб кетилади. Ёш венецияликлар уларнинг ортидан қувиб, қизларни қутқаришади. Бу воқеанинг шарафига байрам уюштирилган, у эса кейинчалик карнавалга айланган1. Машҳур Венеция карнавал маскалари XIII асрда пайдо бўлган. Бугунги кунда ҳам карнаваллар Венециянинг сайёҳларни жалб этадиган жиҳатларидан бири.

Ўрта асрларда Венециянинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг юқорида қайд этилган хусусиятлари туфайли маданиятнинг юксак тараққиётига замин яратилди.


II БОБ. ЎРТА АСРЛАРДА ВЕНЕЦИЯНИНГ МАДАНИЙ ТАРАҚҚИЁТИ

2.1. ВЕНЕЦИЯ МЕЪМОРЧИЛИГИ

Ўрта аср Венеция меъморчилиги    ҳақида сўз бошлашдан олдин биз унинг қадимги даврига бир назар ташлашни лозим топдик. Энг қадимги иншоотлар “Венециянинг онаси” деб ном олган Торчелло оролида сақланиб қолган1. Чунки бу ерда инсонлар V – VI асрлардаёқ истиқомат қила бошлаган ва вақт ўтиши билан у орол ҳаётининг савдо марказига айланган.

VII асрда, бутун Италия бўйлаб тош қурилишлар деярли тўхтаб қолган, буюк Рим эса варварлар ботқоғига ботиб бораётган бир вақтда Торчеллонинг бой аҳолиси Санта Мария Ассунта черковини барпо этишган (XI-XII асрларда у қайта қурилган). Унинг ички қисми Византия услубидаги мозаика билан безатилган. Ибодатхона ёнида VII аср баптистериясининг қолдиқлари сақланиб қолган.

Санта Фоска черковига VII—VIII асрларда асос солинган бўлиб, XI—XII асрларда қайта қурилган. Черков беш томондан грек мармаридан ясалган устунлардаги аркали портиклар билан ўралган. Черковнинг гумбази сақланиб қолмаган. Бу оролни ундаги иншоотларнинг бадиий образлари туфайли «Кичик Византия” деб номлашган.

VII асрда яна бир орол — Муранонинг аҳолиси Санта Мария э Донато черковини барпо этишган (уни ҳам XII асрда қайта қуришган). Бу ғиштин базилика ҳам грек мармаридан ясалган устунлар билан ўралган.

IX в. асрдан Венеция меъморчилигида Византия анъаналарининг таъсири кучайди. Масалан IX асрнинг биринчи ярмида Патричиако оиласи аъзолари томонидан барпо этилган Сан-Теодоро ва Сан Марко чековлари, Риальто кўприги ёнида барпо этилган асосий шаҳар марказларида бу таъсирни кўриш мумкин. Сан-Теодоро черкови (у XI асрда қурилган Сан-Марко черковининг ичида қолган) нинг тархи юнон хочи кўринишида бўлиб, у авлиё Феодор Тиронга, византия армиясининг самовий ҳомийларидан бирига бағишланган эди. Сан – Марко черкови эса евангелист ва апостол Петрнинг шогирдига бағишланган эди. Авлиё Марк IX асрдан бошлаб Венециянинг ҳомийси саналади. Бу икки авлиёга эҳтиром кўрсатиш Венецияда анъанага айланди: Пьяцетта майдонидаги икки ҳайкал учун XII–XIII асрларда классик усулда барпо этилган устунлар авлиё Фёдор ва авлиё Маркни ифода этарди.

1008 йилда Венециянинг бир вақтлар энг гавжум ва обод қисми бўлган Торчеллода барпо этилган ибодатхонада VII асрдаги Равенна шаклларига риоя этишган. Фақат декоратив пилястралар қурувчиларнинг ломбардия санъати билан танишлигини билдиради. Каорладаги ибодатхона ҳақида ҳам худди шундай дейиш мумкин.

XI асрда Венеция меъморчилигида янги сифатлар ривожлана бошлади. Бу даврда ибодатхоналарни мозаикалар ва тошдан ясалган турли безаклар билан безаш тарқалди. Масалан, Мурано ва Эквило оролидаги черковлар, Венециядаги Сан-Сальвадор, Сан-Дзаккариа, Сан-Лоренцо ва Сан-Мартино черковлари шу тариқа безалган эди. Улардан кўпи сақланиб қолмаган, ёки XV асрдаёқ қайта қурилган.

Ўрта асрларда Ғарбий Европада готика санъатининг гуллаб-яшнаши Венециянинг сиёсий қудрати ва савдодаги муваффақиятлари даврига тўғри келди. Венециянинг муҳим меъморчилик мажмуаларининг кўпчилиги айнан шу даврда барпо этилган. Готика учун характерли бўлган эркин сурат принципи теварак-атрофдаги турфа ранглар (сув, тошлар, ғишт ранги) билан уйғунлашиб Венециядаги саройлар ва черковлар безакларининг жозибадорлигини оширди.

XIII асрда Венецияда шимолий санъатнинг принципларидан бири бўлган готикага интилиш кучайди. Венецияда готиканинг ривожланиши бир неча босқичга бўлинади: илк босқич, бунда дастлаб венето-византия юмалоқ аркалари қўлланилган (Лоредан ва Фарсетти саройлари) ва у аста-секин найзасимон кўринишга кирган (Санта – Мария Формоза майдонидаги Виттури саройининг олд пештоқи). Венециянинг энг машҳур готик саройи – Ка’д’ Оро (1422–1440, М. Раверти ва Б. Бон), асосийси – Дожлар саройи (Palazzo Ducale, XII–XVI а).

Ўрта аср Венеция меъморчилигининг асосий ёдгорлиги, унинг қудрати ва буюклиги рамзи авлиё Марк ибодатхонасидир. Бу улкан ибодатхонанинг барпо этилиши Европанинг уйғонишидан дарак берди ва унинг Константинополдан таклиф этилган юнон усталар томонидан барпо этилганлиги ҳам ўзига хос рамзий маънога эга. Европада бу даврда катта тош биноларни барпо этишни билишмасди ва фақат шарқ усталаригина цемент ва тош қурилишнинг қадимги сирларидан хабардор эди.

Ибодатхона қурилиши 976 йилда, қадимги базилика ёниб кетганидан сўнг бошланган. У асосан 1063 —1085 йилларда барпо этилган ( 1094 йилда ибодатхона расмий фаолиятини бошлаган)1. Черковни уч томондан ўраб турган ва гумбазлар билан ёпилган галлерея, тахминан XII асрда вужудга келган. Қурилишлар кейинги даврларда ҳам тўхтамаган. Ибодатхона XIII асрга келиб асосан тугалланган. Аммо XIII, XIV, XV ва ҳатто XVII асргача ҳам баъзи қўшимча иншоотлар қурилиши давом этган. Кейинги қурилишлар натижасида ғарбий фасад византия ибодатхонасини тўлиқ ёпиб қўйган. Дастлабки, унчалик баланд бўлмаган гумбазлар устидан баландроқ гумбазлар қурилган, буржлар тимсоллари акс эттирилган нақшлар ва готик услубдаги минорачалар билан алмашиб келган фронтонлар пайдо бўлган. XIII асрда, Константинополь салибчилар томонидан талон – тарож этилгандан сўнг ибодатхонанинг олд томони Шарқдан келтирилган асл Византия устунлари билан безатилган, томда эса қачонлардир Римдаги Нероннинг зафар аркини безаб турган, кейинчалик эса император Констатин томонидан унинг янги пойтахтига келтирилган антик бронза отлар пайдо бўлди. Буларнинг барчаси ибодатхонанинг дастлабки содда, жиддий шакллардаги кўринишидан тубдан фарқ қилувчи ўзига хос услубни вужудга келтирди. Авлий Марк ибодатхонасини яратиш даврида деворларнинг ташқи томонига фақат токчалар билан ишлов берилган, ғиштин асос эса очиқ қолаверган, бу эса Византия меъморчилигига хос жиҳатдир.

Ибодатхонанинг XI асрдаги кўриниши ҳақида ҳозир фақат унинг жиҳозларига қараб хулоса чиқариш мумкин. Унинг жиҳозланиши Константинополдаги Апостоллар ибодатхонасига ўхшаб кетади, аммо уни тўлиқ такрорламайди. Авлиё Марк ибодатхонасининг тархи ҳар бурчида биттадан ва ўртада битта, баландроқ гумбазга эга бўлган грек хочини эслатади. Ўз навбатида ҳар – бир гумбаз хочсимон гумбазлар гуруҳининг марказини ташкил этади. Шундай қилиб, гумбазлар беш карра такрорланиб, мураккаб, бироқ ўзаро мутаносиб гумбазлар тизимини ташкил этади. Ибодатхонанинг жиҳозлари ўша даврдаги Византия черковларидан ажралиб туради. Мармарнинг турли қимматбаҳо навларидан яратилган бой безаклар ва олтин фондаги мозаикалар ибодатхонага ўзига хос бетакрор жозиба бахш этади.

Ибодатхонанинг безаклари орасида асосий порталдаги санъат ва ҳунармандчиликнинг аллегорик образларини акс эттирувчи реалистик мавзудаги композицияларни алоҳида қайд этиб ўтиш лозим. Улар орасида темирчилар акс эттирилган рельеф ажралиб туради1.

Венецияда XIII асрда санъат, айниқса меъморчилик тараққиёти бу ерда мавжуд бўлган иккита монахлик орденлари – францисканлар ва доминиканлар орденлари билан ҳам боғлиқ эди. Улар шаҳарнинг ҳаётида фаол рол ўйнарди. XIII асрнинг биринчи ярмида улар ер-мулклар олиб, янги монастирлар ва черковлар барпо этишди. Масалан, Венециядаги энг йирик черковлардан бири бўлган Санти-Джованни э Паоло доминикан черкови. Бу черковда республиканинг кўзга кўринган арбобларидан кўпчилиги дафн этилган. Ёки Санта-Мария Глориоза деи Фрари францискан черкови.

Турк саройи Фондако Деи Турки ҳам Венециянинг ажойиб меъморчилик ёдгорликларидан бири. Аркали лоджиялар ва чеккаларида унча баланд бўлмаган минораларга эга бўлган катта ва бой икки қаватли сарой XIII асрнинг иккинчи ярмида Пезармолик Жакомо Пальмиеро томонидан барпо этилган. 1381 йилда Венеция республикаси саройни сотиб олган ва уни денгиздаги хизматлари учун маркиз Феррара Никколага совға қилган.

Шундан сўнг маркиз Феррарский уйи деб ном олган Сарой шунчалик ажойиб безатилган эдики, Венецияга тождор меҳмонлар таҳриф буюрганда ҳукумат уй эгасига уларни шу ерда қабул қилишни сўраб мурожаат этарди. 1438 йилда бу ерда Византия императори Иоанн Палеолог меҳмон бўлган.

1602 йилда саройни кейинчалик дож этиб сайланган Атонио Приули сотиб олган. 1621 йилда у саройни давлатга ижарага берган. Сарой турк меҳмонхонасига айланган. Бу ерда 1838 йилгача турк савдогарлари истиқомат қилган.

Фондако Деи Турки Византия услубидаги энг гўзал Венеция саройидир.



Достарыңызбен бөлісу:
  1   2




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет