Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги



бет1/4
Дата22.07.2016
өлшемі411 Kb.
#215682
  1   2   3   4

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ


МИРЗО УЛУГБЕК НОМИДАГИ

ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

Қўлёзма ҳуқуқида

УДК
АВЕЗОВА ЎҒИЛХОН ШАРИПОВНА
ИБН СИНО ФАЛСАФАСИДА ДЕТЕРМИНИЗМ МАСАЛАСИ

Фалсафа


Бакалавр

академик даражасини олиш учун ёзилган

МАЛАКАВИЙ БИТИРУВ ИШИ


Илмий раҳбар:

Ф.ф.н. доц., Шарипов М.


ТОШКЕНТ-2013

МУНДАРИЖА:







КИРИШ




3-9

1 Боб.

ИБН СИНО ФАЛСАФИЙ ҚАРАШЛАРИ ШАКЛЛАНИШИНИНГ ТАРИХИЙ ШАРТ- ШАРОИТЛАРИ ВА ҒОЯВИЙ МАНБАЛАРИ.

10-32





    1. Ибн Сино яшаган давр хусусиятлари, уларнинг аллома ҳаёти ва ижодига таъсири.







1.2. Ибн Сино фалсафасининг ғоявий – назарий асослари.




2 Боб.

ИБН СИНО ФАЛСАФАСИДА ДЕТЕРМИНИЗМ МАСАЛАЛАРИНИНГ ҚЎЙИЛИШИ ВА ҲАЛ ЭТИЛИШИ.







2.1. мутафаккирнинг детерминизм масаласини қўйишининг ўзига хослиги.







2.2. Субстанция масаласига детерминистик ёдашиш.







2.3 Ибн Синонинг табобат масалаларини детерминизм принципи асосида тадқиқ этиши.




Хулоса




Фойдаланилган адабиётлар рЎйхати





КИРИШ
Тадқиқот мавзуининг долзарблиги. Аждодлар маънавий меросини, уларнинг жаҳон маданиятига қўшган ҳиссасини ўрганиш, улар илгари сурган ғояларни илмий асосда талқин этиш ва таълим-тарбия соҳасида кенг фойдаланиш ёш авлодни миллий истиқлол ғоялари руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Чунки улар ижодида маълум бир даврнинг ютуғи, замонанинг, катта бир гуруҳнинг орзу-интилишлари, мақсад-муддаолари мужассамлашган ғоялар ўз ифодасини топган бўлади. Бу ғояларни ўзлаштириш ва ривожлантириш, айниқса, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифаларни муваффақиятли амалга оширишнинг муҳим маънавий омили бўлиб ҳисобланади.

Зеро, Президентимиз И.А.Каримов таъкидлаганларидек, “...танланган ўз тараққиёт ва ислоҳот йўлимиздан тезкорлик билан илгари силжишга кучли руҳий қувват берадиган миллий мадниятимз, Шарқ фалсафасининг ҳаётбахш ва теран булоқларидан баҳраманд бўлиш муҳимдир”.1

Ўз маънавий идеалларига содиқ бўлган, маънавиятимиз ривожига улкан ҳисса қўшган, Хоразм Маъмун академиясининг фаол аъзолари қаторида бўлган мутафаккирлардан бири Абу Али Ибн Синодир.

Буюк ватандошимиз Абу Али Ибн Сино нафақат тиббиёт соҳасида, балки фалсафа, мантиқ, сиёсат, этика ва бошқа соҳаларда кўплаб асарларнинг муаллифидир. Президент И.Каримов “Юксак маънавият - енгилмас куч” китобида қайд этиб ўтганидек, “... бу беназир алломанинг бутун илмий фаолияти дунё тараққиётини инсонпарварлик руҳида, яъни маънавий негизда ривожлантиришга улкан таъсир ўтказди, деб айтишга барча асослар бор”.1

Ибн Синонинг фалсафий мероси ва табиий-илмий қарашлари акс этган асарлари ўзаро чамбарчас боғлиқ бўлиб, улар бир-бирининг умумий ва хусусий жиҳатларини, услубий йўналиш ҳамда асосларини белгилайди. Жаҳон, олимлари қайд этганларидек, алломанинг илмий ютуқлари новаторлик моҳияти билан, ўз давридаги қарашлардан анча илгарилаб кетганлиги, тадқиқот услубининг илғорлиги билан ажралиб туради.

Бу, айниқса, алломанинг ўз тадқиқотларида детерминизм принципидан усталик билан фойдаланиши, мазкур методологик усулни назарий жиҳатдан таҳлил этиши, қайта англаши, уни янги мазмун билан бойитишида ўзининг яққол ифодасини ва натижасини топган. Шу сабабли Ибн Синонинг ўз ижодида қўйган ва ҳал қиладиган масалаларга детерминистик ёндошишини ўрганиш муҳим илмий қиммат касб этади.

Битирув малакавий иши учун мавзу сифатида танлаб олинган бу масалани ўрганишнинг долзарблиги яна қуйидаги ҳолатлар билан белгиланади.

Биринчидан, бу ўрта аср Яқин ва Ўрта Шарқ фалсафасида, айниқса, Ибн Сино мансуб бўлган машшоиййунлар оқимида детерминизм принципининг қандай талқин этилгани ва қўлланилгани тўғрисида нисбатан аниқроқ тасаввур ҳосил қилишга имкон беради.

Иккинчидан, у детерминизмнинг Ибн Сино тадқиқотлари учун умумий бўлган принцип эканлиги, унинг асарларини бирлаштириб турувчи ва аллома дунёқарашини яхлит тарзда кўрсатишга йўғрилган методологик восита эканлигини тушинишга хизмат қилади.

Учинчидан, Ибн Сино асарларидаги детерминизм талқини билан замонавий фалсафа ва фандаги, шу жумладан, синергетикадаги детерминизм тўғрисидаги қарашларни қиёсий таҳлил қилишга ва шу орқали детерминизм ҳақидаги тасаввурлар эволюциясини тушинишга асос бўлади.

Тўртинчидан, мавзуни ўрганиш детерминизмнинг ҳозирги илмий ва фалсафий методология тизимидаги ўрни, имкониятлари, самарадорлик даражасини чуқурроқ тушиниб етишга ёрдам беради.

Муаммонинг ўрганилганлик даражаси. Ибн Сино ўзининг бой ва серқирра илмий мероси Шарқ ва Ғарб мутафаккирлари, олимлари томонидан катта қизиқиш билан тадқиқ этилган.1 Хусусан, Шарқнинг Беруний, Умар Хайём, Абу Убайд Жузжоний, Насриддин Тусий, Фаридуддин Аттор, Ибн Рушд, Низомий Ганжавий, Фахриддин Розий, ат-Тафтазоний, Носир Хисрав, Жалолиддин Румий, Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Улуғбек, Бедил, Баҳманёр ибн Марзбон каби мутафаккир ва олимлари Ибн Сино асарлари, дунёқараши ва илмий ғоялари билан таниш эдилар, ўз асарларида уларга муносабатларини билдирганлар ва мос равишда ривожлантирганлар.

Европада алломанинг асарлари Х11 асрдан бошлаб лотин тилига таржима қилиниб, университетларда ўқитила бошланди. Европанинг машҳур файласуф ва табиатшунос олимларидан Жордано Бруно, Гундисвальво, Вильгельм Овернский, Александр Гельский, Альберт фон Больштедт, Фома Аквинский, Рожер Бэкон, Данте ва бошқалар Ибн Синонинг илғор фикрларидан ўз ижодларида фойдаландилар ва унинг номини зўр ҳурмат билан тилга олдилар.2

Ибн Сино илмий меросини ўрганиш ишлари янги даврга келиб жадал тус олди ва натижада чет эл ҳамда Ўзбекистонда махсус илмий йўналиш — синошунослик вужудга келди.

Европа олимлари Е. Бишманн, Ю. Руска Карра де Во, X. Корбин, Круз Хернандез, Л. Гарде, А. М. Гуашон, X. Лей, П. Моривидж, Ж. Салиба ҳамда араб, турк ва эрон олимлари М. У. Нажотий, А. Н. Нодир, Ж. Ш. Қанавотий, Саид Нафисий, Яҳё Махдавий, Умар Фаррух, Э. Иҳсонўғлу, Ф. Раҳмон, М. Мусо, Ҳ. Ғараба, М. Шоҳвардий ва б. Ибн Сино ижодини ўрганишга маълум ҳисса қўшдилар. Россиялик олимлардан Е. Э. Бертельс, А. Я. Борисов, И. С. Брагинский, С. И. Григорян, Б. А. Петров, Б. А. Розенфельд, В. Н. Терновский, А. В. Сагадеев, М. М. Рожанская, Тожикистон олимларидан С. Айний, М. Н. Болтаев, М. Диноршоев, Т. Мардонов, Н. Раҳматуллаев, А. Баҳовуддинов, Ю. Нуралиев бу йўналишнинг ривожланишига хизмат қилдилар. А. В. Сагадеевнинг “Восточный перипатетизм” ( М., 2010) китобида Ибн Сино илмий – фалсафий қарашлари таҳлилига кенг ўрин ажратилган.

Ўзбекистонда Ибн Сино асарларини таржима ва тадқиқ этишда шарқшунос олимлар С. Мирзаев, А. Муродов, А. Расулов, У. И. Каримов, Ю. Н. Завадовский, А. А. Семёнов, М. А. Салье, П. Г. Булгаков, Ш. Шоисломов, Э. Талабов, Ҳ. Ҳикматуллаев, А. Шариповларнинг улкан ишларни амалга оширганликларини алоҳида таъкидлаш зарур. Шунингдек, Т. Н. Қори-Ниёзий, И. М. Мўминов, М. М. Хайруллаев, М. Н. Болтаев, А. Ахмедов, Г. П. Матвиевская, В. К. Жумаев, Н. Мажидов, О. Ф. Файзуллаев, М. Б. Баратовнинг монография ва мақолаларида Ибн Сино ижодининг турли қирралари тадқиқ этилган.1

Ибн Сино ижоди халқаро ва республикамиз миқёсида ўтказилаётган конференцияларда муҳокама мавзуи бўлмоқда, у илгари сурган ғоялар илмий журналлар, газеталардаги мақолаларда таҳлил қилинмоқда. Хусусан, “Ўзбекистонда ижтимоий-фанлар” журналида Беруний ва Ибн Синонинг фалсафий мавзуга бағишланган ёзишмалари А. Шарипов томонидан, Ибн Сино билан шайх Абулхайрхоннинг фалсафий мазмундаги ёзишмалари (1991) Н.Толипов ва Ҳ.Алиқуловлар таржимасида шу журналда чоп этилди. П.Ҳабибуллаев ва О.Файзуллаев муҳаррирлигида нашр қилинган “Классическая наука Средней Азии и современная мировая цивилизация” (2000 йил) номли фундаментал монографияда олимнинг табиий-илмий, онтологик ва гносеологик қарашлари, шу жумладан, детерминизмга тааллуқли фикр - мулоҳазалари таҳлил қилинган.

Ибн Сино ижодига бағишланган тадқиқодларни ўрганиш шуни кўрсатадики, алломанинг детерминизмга оид қарашлари кам ўрганилган. Бу ҳолат битирув малакавий ишимиз мавзусини танлаш учун асос бўлди.

Охирги йилларда Р.Носировнинг “Ўрта Осиёлик алломаларнинг фалсафий қарашлари” (2007. Ҳаммуаллифликда), “Абу Али ибн Синонинг табиий-илмий ва ижтимоий-фалсафий қарашлари” (2000), Ҳ.Алиқуловнинг “Гуманистик мерос ва шахс маънавий камолоти” рисоласи (2009) чоп этилди. 2007 йилда нашр қилинган “Ўзбекистонда ижтимоий-ахлоқий ва гуманистик фикрлар тарихининг муҳим босқичлари” номли жамоавий монографияда Ибн Синонинг ижтимоий-ахлоқий ва гуманистик қарашлари тадқиқ этилган.



Тадқиқотнинг объекти. Ибн Синонинг илмий - фалсафий қарашлари.

Тадқиқотнинг предмети. Мутафаккирнинг детерминизм масаласини тадқиқ этишини фалсафий тахлил қилиш.

Тадқиқотнинг мақсади. Ибн Сино фалсафий қарашларида детерминизм масаласининг қай даражада ўрганилганлигини фалсафий тадқиқ этиш, умумлаштирувчи хулосалар чиқариш ва баҳолаш.

Ушбу мақсадга эришиш учун қуйидаги тадқиқотчилик вазифаларини амалга ошириш зарур.



  • Ибн Сино яшаган давр хусусиятлари, алломанинг ҳаёти ва ижодини тадқиқот мавзуи хусусиятларидан келиб чиқиб таҳлил қилиш,

  • Алломанинг фалсафасининг ғоявий – назарий асосларини қайта англаш,

  • мутафаккирнинг детерминизм масаласини қўйишининг ўзига хослигини аниқлаш,

  • субстанция масаласини ҳал этишга детерминистик ёндашишини ёритиш,

  • Ибн Синонинг табобатга оид масалаларини детерминизм приципи ёрдамида тадқиқ этишини кўрсатиш.

Малакавий битирув ишининг илмий-тадқиқот ишлари режалари билан боғлиқлиги. Малакавий битирув иши мавзуси Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Фалсафа факультети “Фалсафа тарихи ва мантиқ” кафедрасининг илмий тадқиқот ишлари мавзуси билан боғлиқ бўлиб, у факультет илмий кенгашида тасдиқланган (2012 йил __ -сонли баённомаси) ҳамда илмий тадқиқотлар режасига киритилган.

Тадқиқотнинг назарий – методологик асослари. Президентимиз И.А. Каримов асарлари, нутқларида миллий – маънавий қадриятларимизни тиклаш ва уларни ривожлантириш, хусусан, Ибн Сино илмий фаолиятининг жаҳон фани тараққиётига қўшган ҳиссаси тўғрисидаги фикр – мулоҳазалари, хулосалари, илгари сурган ғоялари ва принциплари, шунингдек, аллома асарлари, уларга бағишланган тадқиқотлар малакавий битирув иши учун назарий – методологик асос вазифасини ўтади.

Битирув ишида қўлланилган конкрет илмий – тадқиқот принциплари асосан ҳозирги фалсафа тарихи фанида кенг, самарали қўлланилаётган редукция, қиёсий таҳлил, манбаашунослик усуллари, верификация принципи, парадигмал ёндашиш ва шу кабилардан иборат. Шунингдек, тадқиқотимизда умумфалсафий, умуммантиқий методлардан, хусусан, объективлик, тарихийлик ва мантиқийликнинг бирлиги, тизимлилик, герменевтика принципларидан кенг фойдаландик.



Тадқиқотнинг илмий янгилиги.

  • Ибн Сино яшаган давр хусусиятлари, мутафаккирнинг ҳаёт йўли ва ижодий мероси янги манбалар асосида ҳамда жамиятимиз олдида турган бугунги кун вазифалари билан узвий боғлиқ равишда қайта англанди.

  • Алломанинг детерминизм масаласига ёндашишининг ўзига хослиги, унинг фалсафанинг фундаментал масаласи бўлган субстанция муаммосини тадқиқ этишида ўз ифодасини топиши кўрсатилди.

  • Табобат масалаларини ҳал қилишида детерминизм принципидан самарали фойдалангани ёритилди.

Тадқиқотнинг назарий ва амалий аҳамияти. Малакавий битирув ишида билдирилган фикр – мулоҳазалар, ҳосил қилинган назарий хулосалар Ибн Сино ижодини чуқурроқ ўрганишда, айниқса, унинг ижодий меросининг беқиёс илмий қадр – қимматини, жаҳон фани, фалсафий тафаккур тараққиётида тутган ўрнини кўрсатишда мухим аҳамият касб этади. Шунингдек, битирув иши натижа ва хулосалари баркамол авлодни тарбиялашда, бугунги кун ёшларининг дунёқарашини кенгайтиришда муҳим амалий аҳамият касб этади.

Ишнинг синовдан ўтиши (апробацияси). Малакавий битирув ишининг илмий–назарий хулосалари ва натижалари Ўзбекистон Миллий университети фалсафа факультети “Фалсафа тарихи ва мантиқ” кафедраси мажлисида муҳокама қилиниб, ҳимояга тавсия этилган.(2013йил, май, баённома № )

Натижаларнинг эълон қилинганлиги. Малакавий битирув иши, унда баён этилган хулосалар ва муаллиф томонидан нашр этилган жами 2 та республика илмий-назарий конференцияларидаги маърузаларида ўз аксини топган.

Малакавий битирув ишининг тузилиши ва ҳажми. Малакавий битирув иши кириш, беш параграфни ўз ичига олган икки боб, хулоса ҳамда фойдаланилган адабиётлар рўйхатидан иборат. Матннинг умумий ҳажми __ бет.

I.боб. ИБН СИНО ФАЛСАФАСИ ШАКЛЛАНИШИНГ ТАРИХИЙ ШАРТ ШАРОИТЛАРИ ВА ҒОЯВИЙ МАНБАЛАРИ.
1.1. Ибн Сино яшаган давр хусусиятлари, уларнинг аллома ҳаёти ва ижодига таъсири.
VIII—XII асрларда Ўрта Осиёда ижтимоий-фалсафий фикрлар ўз тараққиётининг гуллаб-яшнаган даврини кечирди. Бу жараёнга Ўрта ва Яқин Шарқ мамлакатларидаги илмий, фалсафий, ижтимоий-сиёсий, диний таълимотлар ҳам катта таъсир кўрсатди. Умуман олганда ўша даврларда Ўрта Осиё, Ўрта ва Яқин Шарқ мамлакатларидаги ижтимоий-фалсафий фикрлар бир-бири билан боғланган яхлит жараён сифатида ривожланди. Унда қадарийлар, муржиъалар, мутазила ва Каломдан иборат рационалистик ва инсонпарварлик йўналишдаги диний-фалсафий оқимлар, тасаввуфнинг орифлик таълимоти, “соф араб-мусулмон фалсафаси” — машшоийунлар (Киндий, Яҳъё ибн Али, Насриддин Тусий, Ибн Бажжа, Ибн Туфайл, Ибн Рушд), Демокритнинг эмпирик табиатшунослик фалсафаси йўналишидаги табиийунлар (Жобир, Эроншаҳрий, Розий, Беруний, Абу-л-Баракот), амалий сиёсат, давлат ва ахлоқ фалсафаси (Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ал-Хирожий, Мавардий, Форобий, Ибн Мискавайх, Ибн Сино, Кайковус, Низом ул-Мулк, Насриддин Тусий, Саъдий, Ҳофиз), мантиқшунослик ва ҳозирги семантик мантиқ фалсафаси йўналишидаги фалсафа (Матта ибн Юнус, Юханна бинни Хайлон, Форобий, Абу Сулаймон Мантиқий ас-Сижжистоний, Ибн Сино, Насриддин Тусий, Хуруфийлар, Мир Сайид Шариф Журжоний), фан, фалсафий ва диний таълимотларни қиёсий ўрганувчилар (Ибн ан-Надим, Абу Абдуллоҳ Котиб Хоразмий, Абдулкарим аш-Шаҳристоний, Байҳақий, Ибн Халликон, Ибн аби Усайбиъа, ал-Форисий ал-Фаҳрий)каби олимлар таъсири катта бўлди.1

Марказий Осиё халқлари маданиятини ўрта аср шароитида дунё маданиятининг олдинги қаторига олиб чиққан буюк мутафаккирлардан бири Абу Али Ибн Сино бўлиб, у Европада Авиценна номи билан машҳурдир.

Ибн Сино (асл исми Ҳусайн, отасининг исми Абдуллоҳ) Бухоронинг Афшона қишлоғида ҳижрий 370 (980) йилнинг сафар ойида, амалдор оиласида туғилди. Ибн Синонинг отаси Абдуллоҳ Балх шаҳридан бўлиб, Сомонийлар амири Нуҳ ибн Мансур (967—997) даврида Бухоро томонга кўчиб, Хурмайсан қишлоғига молия амалдори этиб тайинланади. У Афшона қишлоғида Ситора исмли қизга уйланиб икки ўғил фарзанд кўради. Ўғилларининг каттаси Ҳусайн (Ибн Сино), кенжаси Маҳмуд эди. Ҳусайн беш ёшга киргач, Ибн Синолар оиласи пойтахт — Бухорога кўчиб келади ва уни ўқишга берадилар. Ўн ёшга етар-етмас Ибн Сино Қуръон ва адаб дарсларини тўла ўзлаштиради. Айни вақтда у ҳисоб ва алжабр билан ҳам шуғулланади, араб тили ва адабиётини мукаммал эгаллайди. Ибн Синонинг илм соҳасидаги дастлабки устози Абу Абдуллох Нотилий эди. У эл орасида ҳаким ва файласуф сифатида машҳур бўлгани учун отаси Ибн Синони унга шогирдликка беради. Нотилийнинг қўлида олим мантиқ, ҳандаса ва фалакиётни ўрганади ва баъзи фалсафий масалаларда устозидан ҳам ўзиб кетади. Ибн Синонинг ақл-заковатини кўрган устози отасига уни илмдан бошқа нарса билан шуғуллантирмасликни тайинлайди. Шундан сўнг ота ўғилга илм ўрганиш ва билимларини чуқурлаштириш учун барча шароитларни яратиб беради. Абу Али тинмай мутолаа қилиб, турли илм соҳаларини ўзлаштиришга киришади. У мусиқа, кимё, фиқҳ каби фанларни, хусусан, табобатни севиб ўрганади ва бу илмда тез камол топа бошлайди.1

Ибн Синонинг тиб илмида юксак маҳоратга эришишида бухоролик бошқа бир табиб Абу Мансур ал-Ҳасан ибн Нуҳ ал-Қумрийнинг хизмати катта бўлди. Ибн Сино ундан табобат дарсини олиб, бу илмнинг кўп сирларини ўрганган. Қумрий бу даврда анча кексайиб қолган бўлиб, 999 йилда вафот этади. Ибн Сино ўн етти ёшдаёқ Бухоро халқи орасида моҳир табиб сифатида танилади. Ўша кезларда ҳукмдор Нуҳ ибн Мансур бетоб бўлиб, сарой табиблари уни даволашга ожиз эдилар. Довруғи бутун шаҳарга ёйилган ёш табибни амирни даволаш учун саройга таклиф қиладилар. Унинг муолажасидан бемор тезда соғайиб, оёққа туради. Эвазига Ибн Сино сарой кутубхонасидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Сомонийларнинг кутубхонаси ўша даврда бутун Ўрта ва Яқин Шарқдаги энг катта ва бой кутубхоналардан саналарди. Ибн Сино бир неча йил давомида шу кутубхонада кечаю-кундуз мутолаа билан машғул бўлиб, ўз даврининг энг ўқимишли, билим доираси кенг кишиларидан бирига айланади ва шу пайтдан бошлаб ўрта аср фалсафасини мустақил ўрганишга киришади. У юнон муаллифларининг, хусусан, Аристотелнинг “Метафизика” асарини берилиб мутолаа қилади. Лекин бу китобда баён қилинганларнинг аксарияти Ибн Синога тушунарсиз эди. Тасодифан ёш олимнинг қўлига Абу Наср Форобийнинг “Метафизиканинг мақсадлари ҳақида”ги китоби тушиб қолади ва уни ўқиб чиқибгина, Ибн Сино метафизикани ўзлаштиришга муваффақ бўлади.



Шундай қилиб, Ибн Сино зарурий билимларнинг барчасини Бухорода олади. Олимнинг илмий ижоди ўн саккиз ёшидан бошланди. У Нуҳ ибн Мансурга атаб Нафсоний қувватлар ҳақида рисола, “Уржуза” тиббий шеърий асари, ўз қўшниси ва дўсти Абул-Ҳусайн ал-Арузийнинг илтимосига биноан, кўп фанларни ўз ичига олган “Ал-Ҳикмат ал-Арузий” (“Арузий ҳикмати”) асарини яратди. Ундан ташқари, бошқа бир дўсти фақиҳ Абу Бакр ал Барқий (ёки Барақий)нинг илтимосига кўра, 20 жилдли “Ал-Ҳосил ва-л-маҳсул” (“Якун ва натижа”) қомусий асари ҳамда 2 жилдли “Китоб ал-бир ва-л-исм” (“Саҳоват ва жиноят китоби”)ни ёзади.1

Қорахонийлар 999 йили Бухорони забт этиб, сомонийлар давлатини ағдарганидан кейин Ибн Сино ҳаётида ташвишли, нотинч ва оғир дамлар бошланади. 1002 йили унинг отаси вафот этади. Икки сулола вакилларининг тахт учун кураши 1005 йилгача давом этиб, охири қорахонийларнинг буткул ғалабаси билан тугайди. Бундай вазиятда Бухорода ортиқ қолиб бўлмас эди. Шу боис Ибн Сино ўз юртини тарк этиб Хоразмга бош олиб кетди. ХI аср бошларида Хоразм қорахонийлар ҳужумидан бирмунча тинч бўлиб, иқтисодий ва маданий жиҳатдан анча ривожланган ўлка эди. Хоразмшоҳлар Али ибн Маъмун (997—1009) ва Маъмун ибн Маъмун (1009—1017) илм-фанга эътиборли ҳукмдорлар бўлиб, олимларга илмий ижод учун қулай шароит яратиб берган эдилар. Шу боис бу даврда Хоразмнинг пойтахти Гурганж (Урганч)да замонасининг кўпгина таниқли олимлари тўпланади. Йирик математик ва астроном Абу Наср ибн Ироқ, (1034 й. в. э.), атоқли табиб ва файласуфлар Абу Сақл Масиҳий (1010 и. в. э.), Абу-л-Хайр Хаммор (942—1030) ва буюк олим Абу Райҳон Беруний шулар жумласидандир. Ана шу илмий даврага 1005 йили Ибн Сино ҳам келиб қўшилди.1 Хоразмда Ибн Сино асосан, математика ва астрономия билан шуғулланади. Бу соҳалардаги билимларининг чуқурлашиб, илмий дунёкарашининг шаклланишида Ибн Ироқ ва Беруний билан бўлган илмий мулоқотлар катта аҳамият касб этади. Ибн Синонинг Аристотель таълимоти хусусида Беруний билан ва ўзининг шогирди Бахманёр билан ёзишмалари тарихда машҳурдир. Ибн Сино Абу Сахл Масиҳийнинг тиббий тажрибаси ва билимларидан ҳам катта сабоқ олади. Хоразмшоҳ вазири Абу-л-Ҳусайн ас-Саҳлий илмларни севувчи киши бўлганидан, Ибн Сино у билан дўстлашади ва унга атаб алкимёга оид “Рисола ал-иксир” (“Иксир ҳақида рисола”) номли асар ёзади. Бироқ Хоразмдаги осойишта ҳаёт узоққа чўзилмайди. Шарқда қудрати ортиб бораётган Ғазна ҳукмдори султон Маҳмуд Ғазнавий бу ўлкага кўз тикади. У аввал, Маъмунга саройдаги бир гуруҳ олимларини Ғазнага жўнатиб юборишни сўраб хат ёзади. Бу хатга жавобан Беруний ва Абул-Хаммор Ғазнага кетадилар. Ибн Сино эса бу таклифни рад этиб, Масиҳий билан биргаликда 1010—1011 йилларда яширинча Хоразмни тарк этади. Шу вақтдан олимнинг саргардонлик йиллари бошланиб, умрининг охиригача ватандан узокда ҳаёт кечиришга мажбур бўлади. Масиҳий билан Ибн Сино Журжонга — Масиҳийнинг ватанига йўл олдилар. Лекин йўлдаги қийинчиликлар ва сувсизлик туфайли Масиҳий бетоб бўлиб, вафот этади. Натижада, Ибн Сино азоб-уқубатлар чекиб, аввал, Нисо, сўнг Обивард, Тус, Шиққон ва Хуросоннинг бошқа шаҳарларида қисқа муддат турганидан кейин, ниҳоят, Каспий денгизининг жануби-шарқида жойлашган Журжон амирлигига етиб келади. Ибн Сино Журжонда 1012—1014 йилларда яшайди, лекин шу қисқа вақт ичида унинг ҳаётидаги муҳим воқеалардан бири — Абу Убайд Жузжоний билан учрашув ва бир умрга дўстлашув содир бўлади. У Ибн Синога нафақат шогирд, балки содиқ дўст ҳам эди. У Ибн Сино билан олимнинг сўнгги дамигача, 25 йил давомида бирга бўлади. Ибн Сино таржимаи ҳолининг ёзилиб қолиши, кўпгина асарларининг таърифи ва тартибга тушиши ҳамда уларнинг кейинги авлодларга келишида Жузжонийнинг хизмати катта.1

Журжондалик вақтида Ибн Сино ҳам илмий ижод билан шуғулланади, ҳам табиб сифатида фаолият кўрсатади. Бу ерда у шогирдининг илтимосига кўра, мантиқ, фалсафа ва бошқа фанларга оид бир нечта рисола ёзади ва энг муҳими “Тиб қонунлари”нинг дастлабки қисмларини яратади. 1014 йилда олим Журжонни тарк этиб, Райга кўчади. Ибн Сино Райга келган вақтида бу ерда бувайҳийлардан бўлмиш Маждуддавла Абу Толиб Рустам (997—1029) ва унинг онаси Саййида Хотун ҳукмронлик қилар эдилар. Бу ерда Ибн Сино савдойи дардига чалиниб қолган Маждуддавлани даволади ва шу сабабли салтанат тепасида турган Саййиданинг ҳурмат-эҳтиромига сазовор бўлади. Лекин олим Райда ҳам узоқ туролмади, чунки Султон Маҳмуд Ғазнавийнинг Райга ҳам ҳужум қилиш хавфи бор эди. Шу боис Ибн Сино Райни тарк этиб, нисбатан кучлирок, бўлган Ҳамадонга, Маждуддавланинг акаси Шамсуддавла (997— 1021) ҳузурига кетади. Ҳукмдорни санчиқ касалидан даволаганидан кейин олимни саройга таклиф қиладилар. У аввал сарой табиби бўлиб ишлайди, сўнг вазирлик мансабига кўтарилади. Давлат ишлари билан банд бўлишига қарамай илмий ишларини ҳам давом эттиради ва қатор асарлар яратади. “Тиб конунлари”нинг 1-китобини тугатиб, ўзининг машҳур фалсафий қомуси — “Китоб аш-шифо” ни ҳам шу ерда ёзишга киришади. “Тиб қонунлари” нинг қолган қисмини эса Ҳамадонда ёзиб битиради.

Ибн Сино Ҳамадонда 1023 йилгача истиқомат қилади ва айрим сиёсий сабабларга кўра, шу йили Исфаҳонга жўнаб кетади. Умрининг қолган 14 йилини шу ерда ўтказади. Бу ерда хам у тинимсиз илмий иш билан машғул бўлиб, бир қанча асарлар яратади. Улар орасида тиб, фалсафа, аниқ фанлар, тилшунослик каби фанларга оид китоблар бор. “Китоб аш-шифо” нинг қисмлари, форс тилидаги “Донишнома” ва 20 жилдли “Инсоф-адолат китоби” шулар жумласидан.

Жузжонийнинг ёзишича, Ибн Сино, гарчи жисмоний жуда бақувват бўлсада, бироқ шаҳарма-шаҳар дарбадарликда юриш, кеча-кундуз тиним билмай ишлаш ва бир неча бор таъқиб қилиниб, ҳатто ҳибсда ётишлар олимнинг саломатлигига жиддий таъсир этади. У қуланж (колит) касаллигига чалинади. Алоуддавланинг Ҳамадонга юриши вақтида Ибн Сино қаттиқ бетоблигига қарамай, у билан бирга сафарга чиқади. Йулда дарди қўзғаб олимнинг тамомила мадори қурийди ва оқибатда у шу дарддан 57 ёшида вафот этади. Олим Ҳамадонда дафн этилади. Унинг қабри устига 1952- йилда мақбара ишланган (меъмори X. Сайхун). Мақбара Ибн Синога бағишланган музей хоналарини ҳам ўз ичига олади.

Замондошлари Ибн Синони “Шайх ар-раис” (“донишмандлар сардори, алломалар бошлиғи”); “Шараф ал-мулк” (“ўлка, мамлакатнинг обрўси, шарафи”), “Ҳужжат ал-ҳаққ” (“ростликка далил”); “Ҳаким ал-вазир” (“донишманд, тадбиркор вазир”) деб атаганлар.1 Жаҳон фани тарихида Ибн Сино қомусий олим сифатида тан олинган, чунки у ўз давридаги мавжуд фанларнинг қарийб барчаси билан шуғулланган ва уларга оид асарлар ёзган. Олим асарларини ўша даврда Яқин ва Ўрта Шарқнинг илмий тили бўлган араб тилида, баъзилари (шеърий ва айрим фалсафий асарлари)ни форс тилида ёзган. Турли манбаларда унинг 450 дан ортиқ асар ёзганлиги қайд этилган, лекин бизгача уларнинг 160 таси етиб келган. Шулардан 80 таси фалсафага, 43 таси табобатга оид бўлиб, қолганлари мантиқ, психология, табииёт, астрономия, математика, мусиқа, кимё, ахлоқ, адабиёт ва тилшуносликка бағишланган. Ибн Синонинг илмий меросини шартли равишда тўрт қисмга, яъни фалсафий, табиий, адабий ва тиббий соҳаларга бўлиш мумкин, олим шуларнинг ҳар бирида чуқур из қолдирган. Лекин Ибн Сино асарларининг миқдорий нисбатига назар солсак, олимнинг қизиқиш ва эътибори кўпроқ фалсафа ва тибга қаратилганини кўрамиз. Гарчи, уни “Авиценна” сифатида Ғарбда машҳур қилган унинг тиббий мероси, хусусан, “Тиб қонунлари” бўлса-да, “Шайх-ар-раис” номи, энг аввал, унинг буюк файласуфлигига ишорадир.1

Олимнинг фалсафага оид энг йирик ва муҳим асари “Китоб аш-шифо” дир. У 4 қисмдан иборат: 1) мантиқ — 9 бўлакка бўлинган: ал-мадҳал — мантиққа кириш; ал-мақулот — категориялар; ал-иборат — талқин; ал-қиёс — силлогизм; ал-бурҳон — исбот, далил; ал-жадал — тортишув, диалектика; ас-сафсата — софистика; ал-хитоба — риторика; аш-шеър — поэтика (шеър санъати); 2) табииёт (бу ерда минераллар, ўсимликлар, ҳайвонот олами ва инсонлар ҳақида алоҳида-алоҳида бўлимларда гапирилади; 3) риёзиёт — 4 фанга бўлинган; ҳисоб (арифметика), ҳандаса (геометрия), астрономия ва мусиқа; 4) метафизика ёки илоҳиёт. Бу асарнинг айрим қисмлари лотин, сурёний, иброний, немис, инглиз, француз, рус, форс ва ўзбек тилларида нашр этилган.2

Ибн Синонинг яна бир фалсафий асари “Китоб ан-нажот”, “Китоб аш-шифо” нинг қисқартирилган шакли бўлиб, у ҳам қисман жаҳоннинг бир неча тилларига таржима қилинган. Олимнинг фалсафий қарашлари яна “Ал-ишорат ва-танбиҳот” (“Ишоралар ва танбиҳлар”), “Ҳикмат ал-машриқийн” (“Шарқчилар фалсафаси”), “Китоб ал-ишорат фил-мантиқ вал-ҳикмат” (“Мантиқ ва фалсафанинг ишоралари”), форс тилида ёзилган “Донишнома” (“Билим китоби”) ва бошқа турли ҳажмдаги фалсафий рисолаларда ҳамда “Тайр қиссаси”, “Саломон ва Ибсол”, “Ҳайй ибн Якзон”, “Юсуф ҳақида қисса” каби фалсафий мазмунли бадиий қиссаларда ўз аксини топган.1

Ибн Сино ўз давридаги табиий фанларнинг ривожига ҳам улкан ҳисса қўшган олимдир. Унинг табиий-илмий қарашлари “Китоб аш-шифо” нинг табиий фанларга оид қисмида баён қилинган. Олимнинг баъзи геологик жараёнларга оид мулоҳазалари ҳозирги илмий назарияларга жуда яқиндир.

Ибн Сино ботаника масалалари билан ҳам жуда кўп шуғулланди, чунки табобатда ишлатиладиган доривор моддаларнинг аксарияти ўсимликлардан олинади. У “Китоб аш-шифо” нинг “ан-Наботот” (“Ўсимликлар”) қисмида ўсимликларнинг турлари, пайдо бўлиши, озиқланиши, ўсимлик аъзолари ва уларнинг вазифалари, кўпайиши ҳамда ўсиш шароитлари ҳақида ёзади, илмий терминология яратиш соҳасида ҳам иш олиб боради.

Ибн Сино ёшлигидан астрономияга қизиққан ва бу қизиқиш умрининг охиригача сақланган. У 8 та мустақил рисола ҳамда “Китоб аш-шифо” ва “Донишнома” нинг риёзиёт қисмларида астрономияга алоҳида бобларни бағишлаган. Птолемейнинг “Алмагест” ини қайта ишлаб, шунинг асосида амалий астрономия бўйича қўлланма яратган.

Математика соҳасида Ибн Сино Евклиднинт “Негизлар” китобини қайта ишлаб, унга шарҳ битди ва тўлдиришлар киритди, геометрик ўлчамларга арифметик терминология қўллади, “сон” тушунчаси доирасини “натурал сон” дан анча кенгайтирди.

Шеърият соҳасида ҳам Ибн Сино сезиларли из қолдирди. У ўзининг айрим тиббий асарлари (“Уржуза”)ни ражаз вазнли шеърда ёзган. Бундан ташқари, унинг бир нечта фалсафий қиссалари ҳам борки, улар кейинчалик форс-тожик адабиётига чуқур таъсир кўрсатди.

Ибн Синонинг табобатга оид ёзган асарларининг 30 дан ортиғи бизгача етиб келган, уларнинг орасида “Қонун” каби тиббий энциклопедия билан бир қаторда тибнинг айрим назарий ва амалий масалаларига бағишланган турли ҳажмдаги “Уржуза фит-тибб” (“Тиббий ур-жуза”), “ал-Адвият ал-қалбия” (“Юрак дорилари”), “Дафъ ал-мадорр ал-куллия ан-ал-абдон ал-инсония” (“Инсон баданига етишган барча зарарларни йўқотиш”), “Китоб ал-қуланж” (“Қуланж ҳақидаги китоб”), “Мақола фин-набз” (“Томир уриши ҳақида мақола”), “Рисола фи тадбири ал-мусофирин” (“Сафардагиларнинг тадбири ҳақида рисола”), “Рисола фи хифз ас-сиҳҳа” (“Соғлиқни сақлаш ҳақида рисола”), “Рисола фи-с-сиканжубин” (“Сиканжубин ҳақида рисола”), “Рисола фи-л-фасд” (“Қон олиш ҳақида рисола”), “Рисола фи-л-ҳиндабо” (“Сачратқи ҳақида рисола”) каби рисолалар ҳам бор. Уларда табобат масалалари детерминистик ёндашув асосида таҳлил қилинган.1

Ибн Синонинг табобатда қилган ишлари унинг номини бир неча асрларга шу фан соҳаси билан чамбарчас боғлади. Олимнинг табобат тараққиётидаги буюк хизмати шундаки, у ўзигача ўтган турли халқ намояндалари томонидан асрлар давомида тиб илми соҳасида тўпланган маълумотларни саралаб, муайян бир тартибга солди ва уларни ўз тажрибалари билан бойитган ҳолда маълум назария ва қонун-қоида асосида умумлаштирди. Бунга унинг “Тиб қонунлари” ва бу асарнинг жаҳон тиб илми тарихида тутган мавқеи ва қозонган шуҳрати ёрқин далилдир.

Ибн Синонинг табобат соҳасида қилган ишлари ўша давр табобатини бир неча асрларга илгарилатди ва айрим соҳаларда ҳатто ҳозирги замон тиббиётига якинлаштирди ҳам. Олим яшаган даврда бу соҳада антик олимларнинг, хусусан Гиппократ, Гален, Диоскорид ва бошқанинг таълимоти устувор эди. Ибн Сино ҳам ўз тиббий фаолиятида уларнинг назарий қарашлари ва амалий кўрсатмаларига таянди, лекин уларни Ҳиндистон, Хитой, Ўрта Осиё, Шарқ олимларининг ҳамда ўз тажрибалари ва билимлари асосида ривожлантирди ва бойитди. Ибн Синонинг даҳо табиб сифатида шуҳрат қозонишининг асосий омилларидан бири — унинг тиб назариясини, хусусан, анатомия — инсон гавдаси тузилишини мукаммал билишлигидир. Бош суягининг тузилиши, тишларнинг тузилиши тўғрисида у Галенга эргашган ҳолда тўғри фикрлаган. Унинг кўзнинг анатомияси, кўриш жараёнининг қандай содир бўлиши ва унда кўз қорачиғининг роли, кўз мускулларининг жойлашиши хусусида ёзганлари замонавий офтальмологияга яқиндир. Асаблар, қон томирлар, мушакларнинг тузилиши ва функциялари тўғрисида ёзганлари анатомиянинг амалиёт билан боғлиқлигини кўрсатади. Бу эса амалий анатомиянинг асосчиси деб тан олинган рус олими Н. И. Пироговник Ибн Синонинг издоши дейишга асос беради. Ибн Сино ўткир диагност бўлган. Унинг баъзи ташҳис усуллари ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Перкуссия (аъзога уриш орқали диагноз қўйиш)ни, хусусан, асцит ва метеоризмни фарқлашда, истисқони аниклашда (қоринга секин уриш орқали) қўллаган. Бу усул 600 йилдан кейин веналик табиб Леопольд Ауэнбруггер (1722—1809) томонидан қайта кашф қилиниб, яна 50 йилдандан сўнг амалиётга кирган.1

Ибн Сино ўзининг кўп тармоқли маҳсулдор ижоди, бой мероси билан жаҳон маданияти тараққиётида катта роль ўйнади. Ўз ижоди, илмий фаолиятида ибн Сино Марказий Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларидаги юқори маданий кўратинкилик, маданий “уйғониш”нинг маънавий ютуқларини мужассамлаштира олди, бу билан бутун Шарқ ва Оврўподаги маърифат, маданият тараққиётига катта таъсир кўрсатади. У ўз даврида Шарқ ва Оврўпода “Шайх ур-раис”, “Олимлар бошлиғи”, “Табиблар подшоҳи” каби энг буюк номларга сазовор бўлди. Ибн Сино машҳур мураббий сифатида Абу Убайд Журжоний, Умар Исфаҳоний, Муҳаммад Шерозий, Аҳмад Маъсурий, машҳур озарбайжон мутафаккири Бахманёр ибн Марзбон, Юсуф Ийлоқий, ажойиб олим ва шоир Умар Ҳайём каби шогирдларини тарбиялади. Уйғониш даври миниатюра ва суратларида ибн Сино машҳур қадимги юнон олимлари Аристотель, Гален, Гиппократ, Птолемей, Эвклид билан бир қаторда тасвирланган. Ўсимликларнинг биринчи илмий таснифини яратган табиатшунос Карл Линней доимо яшил бўлиб турувчи бир ўсимликни Ибн Сино шарафига “Авицения” деб атади.

Ибн Сино асарлари Оврўпода XII асрдан бошлаб лотин тилига таржима қилина бошлади. “Тиб қонунлари” асарининг ўзи лотинчада 30 мартадан ортиқ нашр қилинди. “Китоб уш-шифо”нинг кўп бўлимлари, мантиқ, мусиқа, ернинг тузилиши, геологик жараёнлар, метафизикага оид қисмлари ҳам лотинчада нашр этилди. Сўнгги илмий тадқиқотлар Ибн Синонинг Шарқ адабиётига ҳам таъсир кўрсатганлигини, чуқур фалсафий мазмунни ифодаловчи рубоий ва фалсафий қиссалар жанрининг тараққиётига туртки берганлигини кўрсатади. Ибн Сино халқ орасида шу даражада ҳурматга сазовор бўлдики, у фольклор қаҳрамонига айланиб кетди. Шарқ халқларида унинг тўғрисида турли ҳикоя, ривоят, афсоналар вужудга келди. Жаҳон олимлари Ибн Сино асарлари, унинг фаолияти тўғрисида кўпдан бери илмий тадқиқот ишларини олиб борадилар. Ҳозирда жаҳоннинг деярли барча йирик тилларида Ибн Сино ҳақида асарлар яратилган.



Достарыңызбен бөлісу:
  1   2   3   4




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет