Ўзбекистон республикасининг қонуни 25. 12. 1998 й. N 725-i радиочастота спектри тўғрисида



Дата30.06.2016
өлшемі154.81 Kb.
#168809
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

25.12.1998 й.

N 725-I

Радиочастота спектри тўғрисида
Мазкур Қонунга ЎзР 25.04.2003 й. 482-II-сон Қонунига мувофиқ ўзгартиришлар киритилган

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

2-модда. Асосий тушунчалар

3-модда. Радиочастота спектри тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

4-модда. Радиочастота спектрини тақсимлаш ва ундан

фойдаланиш ҳуқуқи

5-модда. Радиочастота спектридан фойдаланиш соҳасида

давлат томонидан тартибга солиш ва бошқариш

6-модда. Радиочастота спектри бўйича давлат бошқарув

органининг ваколатлари

7-модда. Радиочастота органлари

8-модда. Радиочастота органларининг ваколатлари

9-модда. Радиочастота спектридан фойдаланиш

10-модда. Радиочастота спектридан фойдаланиш муддатлари

11-модда. Радиочастота спектридан фойдаланганлик учун

ҳақ тўлаш

12-модда. Радиочастота спектридан фойдаланувчиларнинг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари

13-модда. Радиочастота спектридан фойдаланиш ҳуқуқини

бекор қилиш, тўхтатиш ёки чеклаш

14-модда. Радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали

қурилмаларни яратиш, лойиҳалаш, ишлаб чиқариш, қуриш

(ўрнатиш), олиш (бериш), ишлатиш ва Ўзбекистон Республикаси

ҳудудига олиб кириш

15-модда. Индустриал радиохалақитларнинг эҳтимол тутилган

манбаларига қўйиладиган талаблар

16-модда. Электромагнит мослашув

17-модда. Берилган радиочастоталар тўғрисидаги ахборот

18-модда. Ҳарбий ҳаракатлар ва фавқулодда ҳолатлар содир

бўлганда фойдаланувчиларнинг радиоэлектрон воситаларидан

фойдаланиш

19-модда. Радиочастота спектри мониторинги

20-модда. Низоларни ҳал этиш

21-модда. Радиочастота спектри тўғрисидаги қонун ҳужжатлари



бузганлик учун жавобгарлик

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади радиочастота спектрини тақсимлаш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.

2-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

радиочастоталар (радиотўлқинлар) - белгилар, сигналларни, ёзма матнни, тасвирлар ва товушларни узатиш ёки қабул қилиш мақсадида фазода сунъий тўлқин ўтказгичсиз тарқатиладиган, шартли равишда уч минг гигагерцдан камроқ қилиб қабул қилинган частотали электромагнит тўлқинлар;

радиочастота спектри - шартли равишда уч минг гигагерцдан камроқ қилиб қабул қилинган оралиқдаги радиочастоталар тўплами;

радиоэлектрон воситалар - радиотўлқинларни тарқатиш ва (ёки) қабул қилиш учун мўлжалланган техник қурилмалар ёки тизимлар;

юқори частотали қурилмалар - радиочастоталар энергиясини саноат, илмий, тиббий, маиший ёки бошқа мақсадларда ҳосил қилиш ва ундан фойдаланиш учун мўлжалланган ускуналар ёки асбоблар, улардан радиотўлқинларни тарқатиш ёки қабул қилиш мақсадида фойдаланиш бундан мустасно;

радиочастоталар полосаси - радиочастота спектрининг муайян шароитларда радиоэлектрон воситалар ёки юқори частотали қурилмалардан фойдаланиш учун мўлжалланган қисми;

радиочастоталарни тақсимлаш миллий жадвали - ҳар хил турдаги радиохизматлар ўртасида тақсимланган радиочастоталар рўйхати;

радиоалоқа миллий регламенти - радиочастоталар спектридан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятни тартибга солувчи норматив ҳужжатлар мажмуи;

радиохалақитлар - радиоалоқа тизимида қабул чоғида бир ёки бир нечта тўлқин тарқатишлар келтириб чиқарган, ахборот сифатининг ёмонлашуви, хатоликлар бўлиши ёки ахборот йўқолишида намоён бўладиган электромагнит энергиясининг таъсири;

индустриал радиохалақитлар - радиотўлқинларни узатиш учун мўлжалланмаган техник воситалар томонидан вужудга келадиган радиочастота спектри диапазонидаги электромагнит тарқатишлар;

электромагнит мослашув - радиоэлектрон воситаларнинг уларга радиохалақитлар таъсир этиб турган бир вақтнинг ўзида мавжуд ишлатиш шароитларида талаб даражасидаги сифат билан ишлай олиш қобилияти;

радиочастота спектридан фойдаланувчи - радиочастоталардан фойдаланиш ҳамда радиоэлектрон воситалар ёки юқори частотали қурилмаларни ишлатиш учун радиочастота органининг тегишли рухсатномасига эга бўлган юридик ёки жисмоний шахс;

радиочастота бериш - фойдаланувчига муайян радиочастоталардан фойдаланиш учун радиочастота органи томонидан бериладиган рухсатнома;

радиочастота спектрининг мониторинги - радиочастота спектри ҳолатини кузатиш, ундан фойдаланишни баҳолаш, радиочастота спектри тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишининг олдини олиш ва бартараф этиш учун мўлжалланган ташкилий-техник тадбирлар мажмуи.

3-модда. Радиочастота спектри тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Радиочастота спектри тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонундан ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида радиочастота спектри тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларидагидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



4-модда. Радиочастота спектрини тақсимлаш ва ундан

фойдаланиш ҳуқуқи
Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасида радиочастота спектридан фойдаланувчиларга радиочастоталарни тақсимлаш ваколатли давлат органларининг мутлақ ҳуқуқидир.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида радиочастота спектридан фойдаланиш ҳуқуқи оммавий ва хусусий мулк асосида фаолият кўрсатувчи фойдаланувчиларга берилади.



5-модда. Радиочастота спектридан фойдаланиш соҳасида

давлат томонидан тартибга солиш ва бошқариш
Радиочастота спектридан фойдаланиш соҳасида давлат томонидан тартибга солиш сертификатлаш, лицензиялаш, солиқ солиш, ягона илмий-техника сиёсатини шакллантириш йўли билан, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа воситалар билан амалга оширилади.

Радиочастота спектридан фойдаланиш соҳасида давлат бошқарувини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ваколат берилган радиочастота спектри бўйича давлат бошқарув органи амалга оширади.



6-модда. Радиочастота спектри бўйича давлат

бошқарув органининг ваколатлари
Радиочастота спектри бўйича давлат бошқарув органи:

- радиочастота спектрини тақсимлаш ва ундан фойдаланиш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширади;

- радиочастота спектрини тақсимлаш ва ундан фойдаланиш масалалари бўйича норматив ҳужжатларни, радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалардан фойдаланиш бўйича давлат стандартлари, техник шартлар, ишлатиш нормалари ва қоидалари ҳамда бошқа норматив-техник ҳужжатларни ишлаб чиқади;

- радиочастота органлари ўртасида радиочастоталар полосаларини тақсимлайди, радиочастоталарни тақсимлаш миллий жадвали ва радиоалоқа миллий регламентини шакллантиради;

- радиочастота органларининг радиочастота спектридан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

- ажратиладиган радиочастоталар ёки радиочастоталар полосаларининг техник экспертизасига оид ишларни ташкил этади;

- радиочастота спектридан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилади;

- радиочастота спектри тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;

- радиочастота спектридан фойдаланиш масалалари бўйича халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини ифода этади;

- радиочастота спектридан фойдаланиш соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади.

Радиочастота спектри бўйича давлат бошқарув органи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин.

7-модда. Радиочастота органлари
Радиочастота органлари жумласига қуйидагилар киради:

- Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги; (ЎзР 25.04.2003 й. 482-II-сон Қонуни таҳриридаги хат боши)

- Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги;

- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ҳукумат алоқа хизмати.

Радиочастота органлари ўз фаолиятларини радиочастота спектри тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширадилар.

8-модда. Радиочастота органларининг ваколатлари
Радиочастота органлари:

- радиочастоталардан фойдаланиш учун рухсатнома беради;

- радиочастоталар спектри бўйича давлат бошқарув органи томонидан ажратилган радиочастоталар полосалари доирасида радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида олиш (бериш), лойиҳалаш, қуриш (ўрнатиш), ишлатиш ҳамда чет эллардан олиб кириш учун рухсатнома беради;

- радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалар белгиланган стандартлар ва техник нормаларга номувофиқ бўлган, фуқароларнинг хавфсизлиги, атроф муҳит муҳофазасини таъминламаган тақдирда, шунингдек алоҳида ҳолатларда уларни ишлатишни белгиланган тартибда тақиқлайди;

- фойдаланувчиларга берилган радиочастоталар ҳисобини юритади, шунингдек радиочастота спектридан радиочастота спектри бўйича давлат бошқарув органи томонидан белгиланган тартибга мувофиқ фойдаланилиши устидан назоратни амалга оширади;

- радиоэлектрон воситаларга, шу жумладан халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг халқаро шартномалар ва қоидаларга мувофиқ фаолият кўрсатаётган радиоэлектрон воситаларига бўлган радиохалақитларни бартараф этади;

- бошқа ваколатли органлар билан биргаликда электромагнит мослашувни таъминлаш бўйича ташкилий-техник тадбирларни ишлаб чиқади.

Радиочастота органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ радиочастота спектри соҳасида бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин.



9-модда. Радиочастота спектридан фойдаланиш
Радиочастота спектри фойдаланувчиларга давлат, жамоат ва шахсий эҳтиёжларни таъминлаш учун берилади.

Радиочастота спектридан фойдаланиш белгиланган тартибда радиочастота органи томонидан бериладиган рухсатнома асосида амалга оширилади.

Фойдаланувчиларга муайян радиочастоталар бериш радиочастоталарни тақсимлаш миллий жадвалига мувофиқ амалга оширилади.

Радиочастоталарни радиочастота спектридан фойдаланувчилар ўртасида тақсимлаш танлов асосида ёки ким ошди савдоси натижаларига кўра амалга оширилиши мумкин.

Радиочастота органи ва радиочастота спектридан фойдаланувчи ўртасидаги ўзаро муносабатлар шартнома асосида амалга оширилади.

10-модда. Радиочастота спектридан фойдаланиш муддатлари
Радиочастота спектри фойдаланувчиларга радиочастота органи рухсатномасида ёки фойдаланиш шартномасида назарда тутилган муайян муддатга берилади.

11-модда. Радиочастота спектридан фойдаланганлик учун

ҳақ тўлаш
Радиочастота спектридан фойдаланиш пулликдир. Радиочастота спектридан фойдаланганлик учун ҳақ тўлаш тартиби, шунингдек ҳақ тўлашдаги имтиёзлар қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

12-модда. Радиочастота спектридан фойдаланувчиларнинг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Радиочастота спектридан фойдаланувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

- қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда радиочастота спектридан фойдалана олиш;

- Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланиш учун рухсат этилган радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни белгиланган тартибда олиш (бериш);

- радиохалақитлар манбаларини аниқлаш учун радиочастота органига мурожаат этиш ва уларни бартараф қилишда иштирок этиш;

- берилган рухсатнома доирасида радиочастота спектридан фойдаланиш жараёнида қонун ҳужжатларида тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш;

- ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган тақдирда ваколатли давлат органларига ёки судга мурожаат этиш.

Радиочастота спектридан фойдаланувчилар қуйидаги мажбуриятларга эга:

- радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни олиш (бериш) учун радиочастота органининг рухсатномасини олиш;

- радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни радиочастота органида рўйхатдан ўтказиш ҳамда уларни ишлатиш ҳуқуқи учун рухсатнома олиш;

- радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни белгиланган нормалар ҳамда қоидаларга мувофиқ лойиҳалаш, қуриш (ўрнатиш) ва ишлатишни амалга ошириш;

- радиочастота спектридан фойдаланганлик учун ҳақни ўз вақтида тўлаш.

Радиочастота спектридан фойдаланувчилар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлиши мумкин.



13-модда. Радиочастота спектридан фойдаланиш ҳуқуқини

бекор қилиш, тўхтатиш ёки чеклаш
Радиочастота органлари радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни ишлатиш хусусиятлари, шунингдек айрим частоталардан фойдаланиш имкониятлари билан боғлиқ муайян шароитларда радиочастота спектридан фойдаланишни бекор қилиш, тўхтатиш ёки чеклашга ҳақлидир.

Радиочастота спектридан фойдаланиш ҳуқуқи қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:

- фойдаланилаётган радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалардан фуқаролар ҳаёти ёки соғлиғига, шунингдек атроф муҳит ҳолатига аниқ хавф юзага келганда;

- фойдаланиш рухсатномаси ёки шартномасининг амал қилиш муддати тугаганда;

- берилган радиочастоталардан белгиланган муддат мобайнида фойдаланилмаганда;

- берилган радиочастоталардан воз кечилганда;

- юридик шахснинг ўзи ёки жисмоний шахснинг фаолияти тугатилганда.

Радиочастота спектридан фойдаланиш ҳуқуқи қуйидаги ҳолларда тўхтатилиши ёки чекланиши мумкин:

- фойдаланиш рухсатномаси ёки шартномаси шартлари бузилганда;

- радиочастота спектрининг муайян полосаларидан ўта муҳим давлат эҳтиёжлари учун фойдаланиш зарур бўлиб қолганда;

- радиочастота спектридан фойдаланганлик учун белгиланган ҳақ тўланмаганда.

Радиочастота спектри бўйича давлат бошқарув органи ҳам қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда радиочастота спектридан вақт ва (ёки) ҳудуд бўйича фойдаланиш ҳуқуқини тўхтатишга ёки чеклашга ҳақлидир.

Давлат мудофааси, миллий хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартибот мақсадлари учун ажратилган радиочастоталардан фойдаланиш фақат тегишли давлат бошқарув органлари билан келишилган ҳолда тўхтатилиши, чекланиши ёки тугатилиши мумкин.

14-модда. Радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали

қурилмаларни яратиш, лойиҳалаш, ишлаб чиқариш,

қуриш (ўрнатиш), олиш (бериш), ишлатиш ва

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш
Радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни яратиш, лойиҳалаш ва ишлаб чиқариш, шунингдек радиочастоталардан фойдаланиб илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини ўтказиш фойдаланувчи радиочастота спектридан фойдаланиш учун рухсатнома олганидан ва яратиш учун техник шартлар келишилганидан кейингина амалга оширилади.

Барча турдаги ва йўналишдаги радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни қуриш (ўрнатиш) радиочастота органининг тегишли рухсатномаси бўлган тақдирдагина амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни олиш (бериш) радиочастота органининг тегишли рухсатномасини тақдим этган ҳолда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси мудофааси ва хавфсизлигини таъминлаш учун мўлжалланган радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни, шунингдек фуқаро авиациясида учишларни ҳамда ҳаво ҳаракати хизматини радионавигация жиҳатидан таъминлаш мақсадларида фойдаланиш учун мўлжалланган бортдаги ва ер усти радиоэлектрон воситаларни олиш (бериш) тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида радиоэлектрон воситаларни ва юқори частотали қурилмаларни ишлатиш бевосита тегишли радиочастота органининг рухсатномаси билан, хорижий давлатларнинг дипломатия ваколатхоналари ва консуллик муассасаларида ўрнатилган шундай воситалар ва қурилмаларни ишлатиш эса - Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали амалга оширилади.

Телевидение кўрсатувлари ва радиоэшиттиришлар дастурларини қабул қилиш учун мўлжалланган радиоэлектрон воситаларни, шунингдек савдо тармоғи орқали сотишга рухсат берилган маиший радиоэлектроника буюмларини олиб кириш, олиш (бериш) ва ишлатиш учун тегишли рухсатнома талаб қилинмайди.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни олиб кириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

Радиочастота органининг тегишли рухсатномасисиз олиб киришга, олишга (беришга) ва ишлатишга йўл

қўйиладиган радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалар рўйхати радиочастота спектри бўйича давлат бошқарув органи томонидан белгиланади.

15-модда. Индустриал радиохалақитларнинг эҳтимол тутилган

манбаларига қўйиладиган талаблар
Яратилаётган, лойиҳалаштирилаётган, ишлаб чиқарилаётган ва ишлатилаётган турли техник воситаларнинг техник тавсифномалари радиохалақитларнинг эҳтимол тутилган манбалари (электр транспорти, электр узатиш линиялари, электр асбоблари, автотранспорт воситалари ва бошқалар) тариқасида индустриал радиохалақитларнинг йўл қўйиладиган даражалари нормаларига мувофиқ бўлиши керак.

Техник воситаларни радиохалақитларнинг йўл қўйиладиган даражадаги нормаларига мувофиқлигини синаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон давлат стандартлаш, метрология ва сертификатлаш маркази томонидан белгиланади.



16-модда. Электромагнит мослашув
Барча фойдаланувчиларнинг радиочастота спектридан фойдаланиши қўлланилаётган радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларнинг электромагнит мослашуви қатъий тарзда таъминланган ва уларнинг ўлчамлари ҳамда тавсифлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қабул қилинган стандартлар ва техник нормаларга мувофиқ бўлган тақдирда амалга оширилади.

Радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларнинг электромагнит мослашувига риоя қилиниши ҳамда ўлчамлар ва тавсифларнинг стандартлар ва техник нормаларга мувофиқлиги устидан назоратни радиочастота органлари амалга оширади.

Агар радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларнинг ишлаши бошқа фойдаланувчиларнинг алоқа сифатига салбий таъсир этса ёки фуқароларнинг соғлиғи ва атроф муҳитга зарарли таъсир кўрсатса, бу воситалар ва қурилмаларни ишлатиш тўхтатилади ёки бевосита радиочастота органининг қарорига кўра ёхуд тегишли давлат органлари ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг асослантирилган тақдимномасига кўра тугатилади.

17-модда. Берилган радиочастоталар тўғрисидаги ахборот
Берилган радиочастоталар тўғрисидаги ахборот маълумотлар миллий базаси (радиочастоталар регистри) асосини ташкил этади.

Берилган радиочастоталар тўғрисидаги ахборотни ҳисобга олиш, тизимлаштириш ва сақлашни радиочастота органлари радиочастота спектри бўйича давлат бошқарув органи белгилаган тартибда амалга оширади.

Радиочастота органлари радиочастота спектридан фойдаланиш тўғрисидаги ахборотни радиочастота спектри бўйича давлат бошқарув органига белгиланган тартибда тақдим этади.

18-модда. Ҳарбий ҳаракатлар ва фавқулодда ҳолатлар

содир бўлганда фойдаланувчиларнинг радиоэлектрон

воситаларидан фойдаланиш
Ҳарбий ҳаракатлар, зилзилалар, сув тошқинлари, ёнғинлар, эпидемиялар ва бошқа фавқулодда ҳолатлар содир бўлганда радиочастота органлари фойдаланувчиларнинг радиоэлектрон воситаларини ишлатишини чеклашни жорий этишга, шунингдек бу воситалардан давлат хавфсизлигини таъминлаш, табиий офатларни ёки уларнинг оқибатларини бартараф этиш мақсадларида фойдаланишга ҳақлидир.

19-модда. Радиочастота спектри мониторинги
Радиочастота спектри мониторингини Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги бошқа радиочастота органлари билан биргаликда амалга оширади. (ЎзР 25.04.2003 й. 482-II-сон Қонуни таҳриридаги қисм)

Мониторингни амалга ошириш тартиби радиочастота спектри бўйича давлат бошқарув органи томонидан белгиланади.



20-модда. Низоларни ҳал этиш
Радиочастота спектридан фойдаланиш соҳасида келиб чиқадиган низолар суд тартибида ҳал этилади.

21-модда. Радиочастота спектри тўғрисидаги қонун

ҳужжатлари бузганлик учун жавобгарлик

Радиочастота спектри тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузишда айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.



Ўзбекистон Республикасининг

Президенти И.А. КАРИМОВ

Достарыңызбен бөлісу:




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет