Таянч сўз ва иборалар.
8. Саноатнинг қадимги, янги ва энг янги тармоқлари. Саноатнинг тармоқ таркиби. Ёқилғи-энергетика баланси. Ноанъанавий энергия манбаалари. Шартли ёқилғи бирлиги. Энергетика. Қора металлургия. Рангли металлургия. Машинасозлик мажмуаси. Органик синтез химия саноати. Ноорганик химия саноати. Химия саноати ишлаб чиқаришнинг “қуйи” ва “юқори” қаватлари. Енгил саноат тармоқ таркиби. Урмон-целлюлоза саноати. Озиқ - овқат саноати.
Такрорлаш учун саволлар.
Иқтисодиётнинг умумий тармоқ таркиби ва мохиятини тушунтириб беринг?
Ёқилғи-энергетика мажмуаси ва унинг дунё хужалиги тизимидаги ўрнига тавсиф беринг ва ИТИ таъсирида юз бераётган ўзгаришларнинг мохиятини очиб беринг?
Металлургия саноатининг ривожланиш хусусиятлари ва ИТИ таъсиридаги ўзгаришларга тавсиф беринг?
Машинасозлик саноатининг “зарбдор учлик” нинг марказий бўғини сифатида ривожланиш жараёнлари ва иқтисодиётдаги ўрнини тавсифлаб беринг?
Химия саноати, унинг тармоқ таркиби ва жойлашиш хусусиятларига тавсиф беринг?
Енгил, ўрмон-целлюлоза ва озиқ-овқат саноатининг тармоқ таркиби ва ривожланиш жараёнларини тушунтириб беринг?
9-БОБ. Агросаноат мажмуаси: ривожланиш жараёнлари.
9.1.Агросаноат мажмуаси ва агробизнес тушунчаларининг мохияти. “Кук инқилоб” ва унинг мохияти.
ХХ асрнинг 60-70 йилларида дунё хўжалиги ишлаб чиқаришда дастлаб иқтисодий ривожланган мамлакатларда аввало АҚШда янги технологик силжиш “агросаноат интеграция” си жараёни бошланди.
Агросаноат интеграцияси - саноат бирлашмалари ва хизмат курсатиш сохаларидан фарқли уларок - бош хусусияти тармоқлараро характерга эга бўлиб, бир-биридан жиддий фарқ қилувчи саноат ва қишлоқ хўжалигининг ташкилий ва тижорат жихатидан бирлашувини ифодалайди.
Агросаноат интеграцияси маълум маънода қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг:
табиий-ижтимоий омилларга боғлиқлигини юмшатиш;
олдиндан режалаштиришнинг сифатини ошириш;
мева-ўзум, сабзавот-полиз ва бошқа қишлоқ хўжалиги махсулотларидан олинадиган хосил ва унинг хажмини башоратлаш имконини беради хамда қишлоқ хўжалигини саноат ишлаб чиқаришнинг умумий жараёнлари билан кушади. Интеграция, жамиятдаги қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши ва саноат ишлаб чиқаришнинг ўзаро боғлиқлигини янада кучайтириш орқали саноатни қишлоқ хўжалик хом-ашёси билан таъминлашнинг барқарор иқтисодий ва тижорат механизмини вужудга келтиради.
Агросаноат интеграцияси тарихий ва мантикий суръатда агросаноат мажмуасини (АСМ) тўзилишига олиб келади. АСМ- мураккаб тушунча бўлиб ижтимоий ишлаб чиқаришда қишлоқ хўжалиги ва саноат корхоналари, тармоқларининг интеграцион асослардаги барқарор, ўзок муддатли ишлаб чиқариш ва тижорат алоқаларини билдиради, хусусий ва шартномавий муносабатлар, (контракт типида) негизида бутун агросаноат занжирида қишлоқ хўжалик махсулотларини етиштириш, саклаш, қайта ишлаш, тайёр махсулотларни истеъмолчига етказиб бериш ва қишлоқ хўжалиги учун ишлаб чиқариш воситалари ишлаб чиқаришни ифодалайди.
АСМ таркибига уч соха:
Қишлоқ хўжалиги ва унга алоқадор тармоқлар учун ишлаб чиқариш воситалари етказиб берадиган, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига - ишлаб чиқариш техника хизмати курсатадиган саноат тармоқлари;
қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришнинг ўзи;
қишлоқ хўжалиги махсулотларини қайта ишлаш ва истеъмолчига етказиб бериш (тайёрлаш, қайта ишлаш, саклаш, ташиш, реализация қилиш) билан банд бўлган тармоқлар киради.
Шунингдек, айрим тадқиқотларда АСМ таркибида туртинчи соха инфратўзилмалар хам махсус таркиб сифатида ажратилади. Инфратўзилмалар таркибига - АСМ ва унда бандлар фаолияти учун шарт-шароитларни таъминлаб берадиган хўжалик тармоқлари - йўл - транспорт хўжалиги, алоқа, моддий-техника таъминоти, омбор хўжалиги, моддий бўлмаган ишлаб чиқариш тизимлари киради.
АСМ функционал характерига кўра ижтимоий ва ишлаб чиқариш йўналишларига бўлинади.
Агросаноат интеграциясининг ривожланиши ва АСМнинг шаклланиш жараёни иқтисодий ривожланган мамлакатлар, айниқса, АҚШда юқори суръатлар билан бормоқда. Чунончи, 90-йилларнинг бошларида АҚШ АСМда мехнатда банд ахолининг 18,5 % банд бўлиб, ялпи миллий махсулотнинг 17,5 % етказиб берди, ёки амалда қишлоқ хўжалиги самарадорлигини саноатдан орқада қолишга бархам берилди. Ривожланаётган мамлакатлар қишлоқ хўжалигида мухим ўзгаришлар юз бераётганлигини, умумий жараён ва шакллар кўзга ташланаётганлигига қарамай, агросаноат сохасида умумий қолоқлик Ғарб иқтисодиётига боғлиқ холда ўзига хос равишда мавжуддир.
Кўпчилик ривожланаётган мамлакатлар агросаноат ишлаб чиқаришида трансмиллий корпорациялар (ТМК) интегратор вазифасини бажармокда ва мухим рол ўйнамоқда. ТМК ўзлариннг қайта ишлаш корхоналарини ривожланаётган мамлакатларда кўриш орқали ўз давлатларидаги шаклланган ишлаб чиқариш жараёнларни хам кўчирмоқдалар.
Халқаро агросаноат интеграциясининг бош йўналиши - умумбашарий муаммолардан бири ўсиб бораётган ер шари ахолисининг озиқ-овқат махсулотлари ва саноатни хом-ашё билан таъминлашдир.
-
Агробизнес тушунчасининг мохияти. Агробизнес-юқори фойда олиш мақсадида қишлоқ хўжалиги ва у билан боғлиқ тармоқларни (маркетинг тизими хам киради) хозирги замон бошқарув усуллари ва йўллари билан ташкил қилишдир. Агробизнеснинг юзага келиши 70- йилларнинг ўрталаридан бошлаб дастлаб иқтисодий ривожланган мамлакатларда, сўнгра бозор иқтисодиётига ўтаётган ва ривожланаётган мамлакатларда озиқ-овқат саноати компанияларининг фермер хўжаликларидан қишлоқ хўжалик махсулотларини сотиб олиши ва қайта ишлаши бозорга олиб чиқиш туфайли ягона агроишлаб чиқариш тизимига бирикиш жараёни билан боғлиқ. Агробизнесда йирик қишлоқ хўжалик корпорациялари, саноат капитали, банк ва суғурта ташкилотлари хам иштирок этмоқда.
Агробизнес бозор муносабатлари хосиласи бўлиб ўзига хос хусусиятларга эга:
ишлаб чиқарилаётган товарларнинг деярли бир хиллиги;
товарларнинг юқори рақобатбардошлиги;
ишлаб чиқаришнинг мавсумийлиги ва унинг махсулотларига бўлган бозор конъюктурасининг ўзгарувчанлиги;
аграр сохадаги тадбиркорлик таваккалчилигининг ғоят юқорилиги яъни об-хаво ва бошқа омилларга боғлиқлиги;
аграр сохага давлатнинг аралашуви ва ёрдамининг зарурийлиги;
махсулотларни ўзаро айирбошлашда нарх-навонинг мукаммал эмаслигидир.
Агробизнеснинг асосий мақсади бозорларни қишлоқ хўжалиги махсулотлари билан тулдириш орқали фойда кўришдир. Агробизнес тизимида бу мақсадни амалга оширишда соф қишлоқ хўжалиги махсулотлари етиштириш билан шуғулланувчи тадбиркор- фермерлар, дехқонлар, қишлоқ хўжалик махсулотларини қайта ишловчи саноат тадбиркорлари, “сервис” хизмати тадбиркорлари, тижоратчи - тадбиркорлар хамда манфаатдор банк, суғурта ва молия компаниялари иштирок этадилар.
Агробизнес шакллари жуда хилма-хилдир. Унинг кенг тарқалган турлари шахсий индивидуал фермалар, агрофирмалар, агросаноат бирлашмалари ва бошқалардир. Агробизнеснинг энг оммавийлашган турларидан бири шахсий индивидуал фермалар бўлиб АҚШда кенг тарқалган ва фермер хўжаликлариннг 90 % тўғри келади. Бу хўжаликлар ихтисослашув даражасининг юқорилиги, фан-техника ютуқларини, илғор технологияларни қўллаши, мехнат унумдорлиги ва иқтисодий самарадорликнинг юқорилиги, бозорга кенг суръатда тортилганлиги билан ажралиб туради.
Қишлоқ хўжалиги махсулотларининг етиштириш ва қайта ишлаш тизимини яхлит хўжалик организми сифатида бирлаштирган агрофирмалар хам агробизнес тизимида мухим ўрин тутади. Агрофирмалар дон хўжалиги, пахта етиштириш, боғдорчилик, узумчилик, сабзавот-полиз махсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш, чорвачиликда сут ва гўшт етиштириш ва тайёр махсулотлар тайёрлаш хамда реализация қилишнинг ягона занжирини юзага келтиради.
Агросаноат бирлашмалари эса йирик қишлоқ хўжалик махсулотлари етиштириш ва уни қайта ишлаш, истеъмолчига етказиш билан машғул бўлиб, на фақат қишлоқ хўжалиги корхоналари ва саноат, балки банк капитали, молия тизимлари билан хам интеграциялашади.
Агросаноат бирлашмаларида йирик фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг бошқа ташкилий тузилмалари (комбинат ва бошқ.) саноатнинг қишлоқ хўжалиги техникаси ва жихозлари ишлаб чиқарувчи сохалари ва “сервис” булинмалари (таъминот ва хизматлар билан шуғулланувчи), қайта ишлаш корхоналари ва тайёр махсулотни реклама қилиш (маркетинг) ва реализация қилувчи турли савдо ташкилотлари ягона технология занжирга бирлашадилар.
-
"Кўк инқилоб" ва унинг мохияти. "Кўк инқилоб" тушунчаси 60-йилларнинг ўрталаридан бошлаб Лотин Америкаси, Осиё ва Африка мамлакатларида амалга оширилган аграр ислохотлар билан чамбарчас боғлиқдир. "Кук инқилоб" қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини замонавий агротехника ва бошқариш асосида ташкил қилиш негизида, ИТИ ютуқларини қўллаш орқали қишлоқ хўжалиги экинлари хосилдорлигини оширишдан иборат чора-тадбирлар мажмуасидир.
"Кўк инқилоб"ни амалга оширишда қуйидаги холатлар асосий ўрин тутади:
яъни, тез пишар, юқори унумдорликка эга донли экинларнинг гибрид навларини экиш, хосилдорликнинг 2-3 баробар юқори бўлишидан ташқари, қулай агроиқлимий хусусиятларга эга худудларда икки, уч ва хатто тўрт марта хосил олиш орқали озиқ-овқат муаммоси ечимларини хал қилиш;
ирригация ва мелиорацияни кенгайтириш ва такомиллаштириш, айниқса суғорма дехқончилик маданиятини ривожлантириш, агротехник тадбирлар мажмуасини амалга ошириш;
замонавий техника, минерал ўғитлар, қишлоқ хўжалиги зараркундаларга карши гербицидлар, биометодларни қўллаш орқали ижтимоий-иқтисодий ривожланиш учун асос яратиш.
"Кўк инқилоб" халқаро хамкорликнинг натижаси бўлиб, донли экинларнинг юқори махсулдор навлари яратилди. Энг катта ютуқ Рокфеллер фонди ва Мексика қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Мехико яқинида ташкилланган Норман Борлауг генетика - селекция станциясида кўлга киритилди. Америкалик селекционерлар томонидан юқори навли буғдой Япониянинг паст бўйли навлари билан чатиштирилади ва юқори хосилдор, касалликларга чидамли янги нав яратилди. (Н.Борлоу Нобел мукофотига сазовор бўлди).
Ушбу навнинг кенг кўлланиши, суғориладиган майдонлар ва механизация Мексикада кейинги 20 йилда буғдой хосилдорлигини 3 марта ошириш имконини берди. Натижада, 70-йилларнинг охирида Мексика буғдой импорт қилишидан уни экспорт қилишга ўтди. Сўнгра, шолининг “Филиппин” нави, Хиндистонда “Орисса-1” навлари гектаридан 80 ц шоли, Югославия селекционерлари яратган буғдой навидан эса гектаридан 150 ц хосил олиш имконини берди. Аргентина, Кения ва Замбияда маккажўхорининг янги навлари, Марказий Америка ва Анд гурухи мамлакатларида тариқ ва қўноқнинг серхосил янги навлари яратилди.
Аммо "Кўк инқилоб" ривожланаётган мамлакатларнинг хаммасида хам кутилган натижаларни бермади. Чунки, бу режани амалга оширишга маълум маънода дехқончиликнинг интенсивлаштириш ва молиявий тўсиқлардан ташқари кенг дехқонлар оммасининг фойдаланиш имкониятлари чегараланганлиги хам таъсир кўрсатди.
"Кўк инқилоб" ни амалга ошириш маълум шарт-шароитлар, яъни йирик ер эгалиги мавжуд бўлган, суғорма дехқончилик ривожланган қишлоқ хўжалиги районларида, айниқса Мексика, Хиндистон, Покистон, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида кенг ёйилди. "Кўк инқилоб" айрим донли экинларга, жумладан буғдой ва маккажўхори етиштириш, унинг хосилдорлигини оширишга таъсир қилсада шоли ва бошоқли хамда техника экинларга таъсири жуда бўш эди.
Шундай қилиб, дехқончиликнинг тармоқ таркибидаги районлараро фарқлар "Кўк инқилоб" нинг географик таркалиш қонуниятларга хам таъсир килди хамда қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш қулайбўлган худудларда, экинлар, биринчи навбатда буғдой хосилдорлиги суръатлари юқори бўлди.
Бундай тараққиётга Хиндистондаги Панжоб штати ва Покистондаги Панжоб провинцияларида маълум шарт-шароитлар :
қишлоқлардаги йирик ва бақувват хўжаликларнинг мавжудлиги, ирригация каналлари ва қўшимча ер ости сувларидан фойдаланиладиган қудуқлар;
буғдой етиштириш имкониятларининг катталиги ва шу йўналишининг шаклланганлиги;
хилма-хил қишлоқ хўжалик жихозлари ишлаб чиқарувчи мавжуд ва янги майда саноат корхоналари асосида эришилди.
Шунингдек, "Кўк инқилоб" хорижий компанияларга карашли юқори товар хўжаликларда катта муваффақиятга эришган бўлсада, кўпгина ривожланаётган мамлакатларда (айниқса Африка контингентида ) табиий шарт-шароитлардан ташқари, мураккаб ижтимоий-иқтисодий сабаблар таъсирида “озиқ-овқат” муаммоси кескинлашиб бормоқда.
-
Қишлоқ хўжалиги - моддий ишлаб чиқаришнинг энг қадимги - тармоқларидан биридир. Қишлоқ хўжалиги ўсимликларини ўстириш ва кўпайтириш - ўсимликшунослик (зироатчилик) ва уй хайвонларини кўпайтиришдан (чорвачилик) иборат икки бўлимга бўлинади ва айни вақтда оралиқ тармоқлар - ўрмон хўжалиги, овчилик ва балиқчиликни хам ўз таркибига олади. Қишлоқ хўжалиги ахолини хилма-хил озиқ-овқат махсулотлари билан таъминлабгина қолмай, саноат тармоқларини хом-ашё билан хам таъминлайди.
Халқаро статистикада агроишлаб чиқариш тизимида ахолининг эркак ишчи кучи бандлиги асосий кўрсаткич сифатида фойдаланилади ва мамлакатларни иқтисодий ривожланиш даражасини аниқлашда кенг кулланилди. Чунончи, агроишлаб чиқариш тизимида банд эркак ишчи кучлари 35 % дан оз бўлса бундай мамлакатлар индустриал, 35-59 % бўлса ярим индустриал ва 60 % ундан юқори бўлса, аграр мамлакатлар деб юритилади. Кўриниб турибдики хозирги дунёни ярим индустриал сифатида тавсифлаш мумкин. Бу умумлаштириш универсал жараённи ифода этади ва ер шарининг турли минтақаларида жойлашган мамлакатларда турлича кўринишларга эга. Шунинг учун мамлакатлар иккита йирик гурухларга-иқтисодий ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларга бўлинади. Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришда 1,1 млрд.киши банд. Бу дунё бўйича мехнатда банд ахолининг карийб 50 % ни ташкил қилади. Осиё, Африка ва Лотин Америкасидаги мамлакатларида эса 85-90 % қишлоқ хўжалиги билан банд бўлса, иқтисодий ривожланган мамлакатларда бу 7-10 % (АҚШда Буюк Британияда - 3 % хам етмайди) ташкил қилади, холос. Қишлоқ хўжалиги қишлоқ ахолиси ва ахоли қўргонларининг ижтимоий-иқтисодий муаммолари билан чамбарчас боғлиқдир.
Буғунги кунда фойдаланилаётган маданий ўсимликлар Лотин Америкаси ва Африка тоғли районларида, Осиёдаги дарё водийларида бир неча минг йиллик тарихга эгадир. Айни вақтда жудда катта худудлар (Австралия) нисбатан ўзлаштирилиши жихатидан ёш қишлоқ хўжалик минтақаларидир.
Қишлоқ хўжалиги бир қатор ўзига хос хусусиятларига эга бўлиб:
ИТИ шароитида хам табиий шарт-шароитларга боғлиқлик холати сақланиб қолади; б) Бозор талабларига ва табиий шароитга боғлиқ холда мослашади; в) Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг хилма-хил типлари мавжуд. (50 га яқин типлар мавжуд); г) Қишлоқ хўжалик махсулотларининг товарлилик даражаси ва мехнат унумдорлиги ўртасидаги катта фарқлар; д) Худуднинг табиий имкониятлари ва ундан хўжаликда фойдаланиш характери билан ажралиб туради.
Қишлоқ хўжалиги деярли барча жахон мамлакатларида мавжуд бўлсада, зироатчилик ва чорвачиликнинг уйғунлашув холати турличадир. Мамлакатда қишлоқ хўжалиги тармоқларини ривожланиши ва жойлашишига аввало табиий ва ижтимоий-иқтисодий омиллар:
халқаро мехнат тақсимоти;
ишлаб чиқариш кучларининг ривожланганлик даражаси;
мехнат ресурслари малакаси ва кўникмалари;
иқтисодий-географик ўрни;
қишлоқ хўжалик махсулотларига бўлган эхтиёж кучли таъсир қилади.
Қишлоқ хўжалигининг ривожланишида икки асосий: - а) Экстенсив: б) Интенсив шакллар мавжуддир. а) Экстенсив ривожланиш шакли учун қишлоқ хўжалигининг “энига” кенгайиши характерли бўлиб, у янги ерларни ўзлаштириш ва қишлоқ хўжалиги оборотига киргизиш, қишлоқ хўжалик корхоналари, дехқон ва фермер хўжаликлари сонининг ортиши, чорва бош сонларини кўпайиши, яйлов ва ўтлоқларни кенгайтиришдан иборат.
б) Интенсив ривожланиш шакли йирик капитал маблаглар билан боғлиқ холда, қишлоқ хўжалик тармоқларини комплекс механизациялаш, электрлаштириш, химиялаштириш, ирригация - мелиорация ишларини кенгайтириш, замонавий инфратузилмалар сохаларини юзага келтириш негизида махсулот етиштиришни кўпайтиришдир. Интенсив шаклда кенг маънода ИТИ ютуқларидан фойдаланиш - (юқори сортли уруғлар, махсулдор чорва моллари) негизида қишлоқ хўжалиги тармоқларининг саноат асосларига кўчиши тушунилади. (теплица - парник хўжаликлари, чорвачилик фабрикалари, бўрдоқичилик базалари). Етиштирилган қишлоқ хўжалик махсулотларининг 25-40 % саноатда қайта ишланади.
ХХ аср 50-йилларидан бошлаб йирик шахар ва шахар агломерациялари атрофларида ихтисослашган шахар атрофи қишлоқ хўжалиги минтақалари шаклланди. Шахар атрофи қишлоқ хўжалиги шахар ахолисининг янги сут, сут махсулотлари, сабзавот, полиз ва мева билан таъминлашга қаратилгандир. Урбанизациялашган минтақаларда ернинг нархи хаддан ташқари қиммат бўлиши қишлоқ хўжалигини юқори интенсив ривожланишини тақозо қилади. Масалан: 1 гектар ерга солинадиган минерал ўғитлар, экстенсив қишлоқ хўжалиги минтақаларига нисбатан 500 мартадан ортиқ бўлиши мумкин. ИТИ қишлоқ хўжалиги тармоқларини ривожланиши ва ихтисослашувига сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Қишлоқ хўжалик тармоқларининг саноат асосларига кўчиши, мехнат унумдорлигининг ортиши кўзга ташланса-да, бу хол кўпроқ иқтисодий ривожланган мамлакатларга хосдир.
Айни вақтда Осиё, Африка, Лотин Америкасидаги бир қатор мамлакатларда қишлоқ хўжалиги экстенсив шаклга эга бўлиб, унда индустрлаштиришгача даврдаги қолоқ бўлган укладлар тизими ва шунга мувофиқ ижтимоий-иқтисодий муаммолар мажмуаси мавжуддир.
Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш зарурияти.
Дунё хўжалиги тизимида қишлоқ хўжалигини устивор тармоқ сифатида ривожлантириш зарурияти бир қатор сабаблар билан боғлиқ агроишлаб чиқариш сохасидаги вазифаларни белгилаб беради.
Биринчи сабаб - ўсиб бораётган ер шари ахолисини озиқ-овқат махсулотлари билан таъминлаш. ХХ асрдаги ахоли кўпайишининг юқори суръатлар билан бориши (Лотин Америкаси ва бошқа бир қатор минтақаларда айрим йиллари ахолининг ўсиш суръатлари 3 % га етди.), “демографик портлаш” жараёни қишлоқ хўжалиги махсулотлари етиштириш хажмини ошириб боришни тақозо қилади. Чунки, ХХI аср бўсағасида хам БМТининг озиқ-овқат комиссияси маълумотларига кўра 700-750 млн.киши оч, тўйиб овқат емайди ёки ярим оч холда кун кечирмоқда.
Иккинчи сабаб - озиқ-овқат махсулотларига бўлган талабнинг юқори даражада ўзгарувчанлиги (мослашувчанлиги), яъни унинг хажми, таркиби ва истеъмоли ахоли даромадлари билан чамбарчас боғлиқлигидир. Иқтисодий ривожланган мамлакатларда ахоли жон бошига ўртача озиқ-овқат махсулотлари истеъмол қилиш илмий асосланган меъёрларда ва хатто айрим социал гурухларда ундан юқори бўлганлиги учун талаб мослашувчанлиги даражаси 0,1-0,2 гача пасайиши мумкин. Ривожланаётган мамлакатларда эса бу кўрсаткич 0,8 гача ошиши мумкин. Озиқ-овқат махсулотларига бўлган талаб тез ўсиши, бир томондан, ахолининг озиқ-овқат махсулотлари билан етарли таъминланмаганлигини, иккинчи томондан-жамиятдаги кучли мулкий табақаланиш жараёнини ифода этади. Охирги жараён Россияга таъллуқли бўлиб юқори даромадли оилаларга нисбатан паст даромадли оилалар гўшт махсулотлари-1,5 марта, тухум, меваларга 2 марта балиқ махсулотларига 4 марта оз харажат қилади.
Учинчи сабаб - саноатнинг хом-ашё асосини мустахкамлаш билан боғлиқ. Айниқса, бу муаммо билан ривожланаётган мамлакатлар тўқнаш келдилар. Чунки, индустрлаштириш жараёнини тезлаштиришда бу мамлакатлар қишлоқ хўжалигига умид қилган эдилар. Енгил саноатининг етарли даражада хом-ашё билан таъминлашга уринишлар агроасосларнинг бўшлиги туфайли кутилган натижаларини бермади. Натижада, 80-йилларда кўпгина ривожланаётган мамлакатлар иқтисодиётида саноат ролининг пасайиши кузатилди. Фақатгина, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари қишлоқ хўжалигини интенсификациялашлари орқали чуқур тармоқлараро фарқдан қутулиб қолдилар.
Туртинчи сабаб - қишлоқ хўжалиги иқтисодий ва ижтимоий сохаларга ишчи кучи ва капитал етказиб берадиган тармоқдир. Иқтисодий ривожланган мамлакатлардаги тадқиқотларда бу жараён ишчи кучининг “шахар” тармоқларига ўтиши деб қаралади. Ривожланаётган мамлакатларда қишлоқ хўжалигига капиталнинг жамгарилиши сохаси сифатида қаралди ва унинг бошқа тармоқларни инвестициялаштириши учун манба бўла олишига эътибор берилди. Аммо, кўпчилик ривожланаётган мамлакатларда амалга оширилаётган ёш ишлов берувчи саноат тармоқларини қўллашдан иборат расмий протекционизм сиёсати қишлоқлар учун ғоят зарур маблағларни индустрлаштириш эхтиёжларига сарфланиши, ички бозорда саноат махсулотларининг фойдасига қишлоқ хўжалиги махсулотларига ноэквивалент айирбошланиши каби салбий оқибатларни келтириб чикаради. Худди шундай гоя СССР да партиячи - иқтисодчи Е.О.Преображенский (1926) томонидан ишлаб чиқилган эди. Унинг амалга оширилиши 74 йил давомида СССРда қишлоқларнинг хароб бўлиши ва қолоқ қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши сақланиб колишига қишлоқ ахолисининг турмуш даражасининг оғирлашишига олиб келди.
Бешинчи сабаб - қишлоқ хўжалиги валюта ишлашнинг мухим манбаи бўлиб, дунёдаги бир қатор мамлакатлар - Дания, Нидерландия, Аргентина, Янги Зелландия ва бошқ. ташқи иқтисодий фаолиятида мухим ўрин тутади. Унчалик тўлиқ бўлмаган маълумотларга кўра халқаро савдога жахон аграр махсулотларининг 12 % и чиқарилади. Айни вақтда, кўпчилик ривожланаётган мамлакатлар қишлоқ хўжалик махсулотлари экспортига кучли боғлиқдир. Масалан: Гватемала - банан ва кофе, Белиз - шакар ва цитрус, Бенин - мойли ўсимликлар, Чад - пахта ёки чорвачилик махсулотлари етказадилар хам экспортга чиқарадилар.
Шуни алохида таъкидлаш керакки, кейинги йилларда иқтисодий ривожланган мамлакатларда қишлоқ хўжалик махсулотлари етиштириш, юксак технологияни қўллаш асосида қишлоқ хўжалиги экинлари хосилдорлигини ва унинг махсулот кўламини оширишга алохида эътибор бермоқдалар хамда озиқ-овқат мажмуасини ривожлантириш орқали кучли давлат ролини келажакда хам саклаб колишига умид қилмоқдалар.
Чунончи, АҚШ экспорти қийматининг 20 % аграр махсулот хисобига шаклланмоқда ва 1950 йил четга ишлаб чиқилган қишлоқ хўжалиги махсулотлари 7 % и чикарилган бўлса хозир 25% махсулот чиқарилмоқда ёки халқаро дон савдосида 80-йилларда АҚШ хиссаси 50 % га яқинлашган бўлса, эндиликда қаттиқ рақобат шароитида - 40 % атрофида ушлаб туришга уринмокда.
Кўриниб турибдики, хозирги дунёда озиқ-овқат махсулотлари экспорти тўлов баланси ва савдо фаоллигини кучайтиришдан иборат иқтисодий мақсадлар учунгина эмас, балки таъсир кўрсатиш воситаси хам бўлиб қолмоқда.
Инсон иқтисодий фаолиятида қишлоқ хўжалиги табиий мухит билан чамбарчас боғланган сохадир. Кейинги йилларда ИТИ натижасида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида мухим сифат ўзгаришлари юз берганлигига қарамай табиий шароитга боғлиқ холатлар сақланиб қолмоқда.
Табиий шароит на фақат қишлоқ хўжалиги тармоқлари йўналишигина эмас, балки қишлоқ хўжалик махсулотлари етиштириш хажмларига таъсир этади. Табиий шарт-шароит аввало:
қишлоқ хўжалигининг асоси хисобланган ер ресурсларини;
ўсимликларнинг вегетация даври учун хаётий зарур бўлган агроиқлимий ресурслар - иссиклик, нам ва ёруғликнинг ўзаро уйғунлашувини;
Тупроқнинг табиий унумдорлиги, мелиорация ва ирригация имкониятларини;
чорвачиликнинг озуқа базаси хисобланган табиий ўтлоқ ва яйловларни ўз ичига олади.
Қишлоқ хўжалиги инсон фаолиятида атроф-мухитга кучли таъсир этадиган сохадир. Қишлоқ хўжалиги ривожланиши билан табиий ландшафт чуқур ўзгаришларни бошидан кечиради ва маданий ландшафтга айланади. ИТИ шароитида қишлоқ хўжалигининг атроф-мухитга таъсири хаддан ташқари кучаймоқда.
Қишлоқ хўжалигида ер ресурс ларини бахолаш - ерларни қишлоқ хўжалигига яроқлилик (сифати) нуқтаи-назаридан сифатлаш мухим ўрин тутади. Ер сифатини бахолаш (бонитровка) маълум маънода иқтисодий эхтиёжлардан келиб чиқади ва қишлоқ хўжалиги фаолиятини олиб боришда табиий холат ва мелиоратив тадбирларни хисобга олиш имконини беради. Бунда истиқбол йўналишидаги иқтисодий-экологик талабларни хисобга олиш хам ғоят мухимдир. Чунки, бугунги кунда, бевосита инсон фаолияти туфайли ўрмонларнинг аёвсиз кесилиши, қўриқ ва бўз ерларнинг оммавий ўзлаштирилиши, уқувсизларча мелиоратив тадбирлар мажмуасини амалга ошириш оқибатида унумдор ерларнинг қишлоқ хўжалигига яроқсиз холга келиши, эррозион жараённинг кучайиши ва ўз навбатида махаллий, регионал ва халқаро экологик вазиятнинг кескинлашувига хам олиб келмоқда.
Қишлоқ хўжалигида ер ресурсларини синфлаштиришда улар бош типларга: 1) дехқончиликда ишланадиган барча қишлоқ хўжалигига яроқли ерлар; 2) табиий ўтлоқ ва яйловлар; 3) яроқсиз кам фойдаланиладиган ёки мутлақо яроқсиз ерларга ажратилади. Юқоридаги барча тип майдонлар ер шарининг 1/3 қисмини ёки 4,5 млрд. гектарни ташкил этади. Қишлоқ хўжалигида ишланадиган майдонлар эса 1,5 млрд. гектардан (хайдаладиган ерлар - 1 млрд. га, кўп йиллик ўсимликлар эса 0,5 млрд.га) иборат. Ишланадиган майдонларнинг 16 % МДХ га, 10% - Европага (Россиянинг Европа қисмидан ташқари), - 32 % Хорижий Осиёга, - 16 % Шимолий Америкага, - 9 % Лотин Америкасига, - 3 % Австралия ва Океанияга, - 14 % Африкага тўғри келади. Европа деярли хайдалганлик даражаси юқорилиги, ер ресурслари захираларининг чегараланганлиги билан ажралиб турса, Хорижий Осиё, Лотин Америкаси, Африка чул ва чала чўл, тоғли рельефга эгалиги хамда катта ер фонди захиралари мавжудлиги билан ажралиб туради. Аммо, бу худудларни ўзлаштириш табиий ва ижтимоий-иқтисодий кийинчиликлар хамда катта сарф-харажат боғлиқдир.
Агроиқлимий ва Тупроқ қоплами ер шарининг умумий қонуниятлари асосида зоналлик ва тик (вертикал) минтақалилик қонуниятлари асосида тарқалгандир. Иссик, мўътадил ва совуқ минтақа зоналари алохида ажралиб туради. (8-жадвал). Фаол температура суммаси (+10 С дан юқори) 200С дан то 4000С ва 1000С дан 2000С бўлган зоналарда, яъни биринчи зонада урмон-кунгир, қора ва каштан Тупроқлар, иккинчи зонада ўрмон кулранг ва подзол Тупроқлар тарқалгандир. Мавжуд агроиқлимий ва Тупроқ ресурслари ИТИ ютуқларидан оқилона фойдаланилган холда барча мамлакат ва регионларда қишлоқ хўжалик ишлаб чикришини ривожлантириш имконини беради.
Зироатчилик. Барча мамлакатларда ва регионларда зироатчилик тармоқлари қишлоқ хўжалигининг, умуман иқтисодиётнинг мухим тармоғи сифатида катта ўрин тутади. Зироатчиликнинг мухим тармоқлари дон хўжалиги, техника экинлари, сабзавотчилик ва картошкачилик, боғдорчилик ва узумчиликдир. Бу ва бошқа янада табақалашган зироатчилик тармоқларининг булиниши шартлидир. Зироатчилик озиқ-овқатнинг асосий қисмини бир йиллик ўсимликлар беради. (дон, техника экинлари, сабзавот ва бошқ.)
Қадимдан зироатчиликнинг икки типи-суғорма ва носугорма (лалмикор) дехқончилик мавжуддир. суғорма дехқончилик майдонлари 230 млн.гектар бўлиб, зироатчилик махсулотларининг 50 % беради. Ер шари бўйича 30 % суғориладиган майдонлар Хитой, 14 %, Хиндистонга, тўғри келади, шунингдек АҚШ, Россия, Марказий Осиё давлатлари (Ўзбекистон), Покистон, Мексика, Италия, Австралия мамлакатларида хам катта сугориладиган майдонлар мавжуддир. Кейинги йилларда кургокчил ва ёғинларнинг мавсумийлигига боғлиқ бўлмаган мўътадил ва тропик минтақаларда суғорма дехқончилик юқори ва барқарор хосил олиш мақсадида кенгаймокда.
Дон хўжалиги. Хилма-хил донли экинлар 500 млн.гектарни ташкил этади. Донли экинлар Чекка Шимолдан ташқари деярли ахолининг жойлашишига мос барча худудларда етиштирилади. Дон хам майда дехқон хўжаликларида хам юқори даражада механизациялашган фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалик корхоналарида етиштирилади. Донли экинлар етиштиришга ахоли мехнат анъаналарига нисбатан хам агроиқлимий омилларнинг таъсири кучли. Чунончи, буғдой учун энг паст температура +4, +5С, атрофида, фаол температура суммаси эса 1150С то 1700С, маккажўхори учун эса юқоридагига мос холда +10С, ва 2100-2900С, шоли учун +12, +15С ва фаол температура суммаси 2200-3200 бўлиши керак.
Донли экинлар орасида кенг тарқалгани-буғдой, маккажўхори ва шоли бўлиб, дунё бўйича етиштириладиган доннинг 3/4 қисмини ташкил қилади. Буғдой - Шимолий Америка, Ғарбий ва Шарқий Европа мамлакатлари, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари, Россия, Украина, Қозоғистон ва бошқа давлатларда асосий озиқ-овқат сифатида Шимолий Америка ва Лотин Америкасида, шоли эса Шарқий, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида етиштирилади.
Дунё бўйича етиштирилган 75% дон учта асосий “нон”-буғдой, маккажўхори ва шоли хиссасига тўғри келади.
Донли экинлар орасида буғдой 200-230 млн.гектардан ортиқ ерга экилади. Хосилдорлик, айниқса, Ғарбий Европа мамлакатларида юқори 45-50 ц/га бўлса, Шимолий Америкада 40-45 ц/га, Осиё, Африка ва Лотин Америкасида 20-25 ц/га, Шарқий Европа мамлакатларида -40 ц/га ва Россияда - 20 ц/га ташкил қилади. Ғарбий Европа мамлакатларидаги дон етиштирувчи хўжаликлар юқори интенсивлашган товар хўжаликлари сифатида ажралиб туради. Лотин Америкасида йирик товар хўжаликлари Ла-Плата дарёси хавзасидаги унумдор Лампа-Аргентинада жойлашгандир. Дунё мамлакатлари бўйича йилига ўртача 550-600 млн. т, буғдой олинади ва йилига 100 млн.т. буғдой (унга хисоблаганда) халқаро бозорга чиқарилади.
ХХ асрдаги дон (буғдой) хўжалигининг ривожланиш жараёни шу билан изохланадики, иккинчи жахон урушига қадар халқаро бозорга унчалик илғор бўлмаган мамлакатлар дон
8-жадвал
Дунё агроиқлимий ва Тупроқ ресурслари.
Кундаланг жадвал тушади.
экспорт қилган ва саноатлашган бош мамлакатлар импорт қилган бўлса, хозирги кунда мутлақо бошқача манзара, яъни “Шимол” дан аграр “Жануб” га катта дон окими йуналгандир. Хатто узоқ йиллар дон импорт қилган Буюк Британия экспортга (ахоли жон бошига 0,12 га ишланадиган майдон тўғри келгани холда йилига 3 млн.т. дон чиқармоқда) мамлакатга айланди. Ғарбий Европа мамлакатлари дон хўжаликларини интенсификациялаш негизида (сарфланган мехнат ва капитални оқлаш учун) 60ц/га ва ундан юқори хосил олиш учун интилмокдалар. Биргина Францияда бутун Африкага нисбатан 4 марта кўп буғдой етиштирилади.
Ихтисослашган буғдой етиштирувчи юқори товар хўжаликлари Ғарбий Европа мамлакатлари, АҚШ (буғдойкор минтақа), ва Канада (чўл провинциялари, Аргентина (Пампа), Австралия ва Қозоғистонда (қўриқ ва бўз ерлар) шаклланган.
Дунё бўйича маккажўхори майдонлари 120 млн.гектардан ортади ва 30 % экин майдонлари АҚШ хамда маккажўхори ватани Лотин Америкасига тўғри келади. Маккажўхори етиштирувчи йирик район Аргентина - Пампасида (Буэнос-Айресдан Шимоли-Ғарбдаги районларда) шаклланган. АҚШда маккажўхори етиштириш юксак даражада механизациялашган бўлиб хосилдорлик гектаридан 65-70 центнерни ташкил қилади ва дунё бўйича маккажўхори донли экспортининг 70 % и АҚШга тўғри келади ва АҚШда 200 млн.т. ортиқ маккажўхори дони йиғиштириб олинади.
Дунё бўйича йилига 500 млн.т. дан ортиқ маккажўхори дони йиғиштириб олинади. Маккажўхори шунингдек, Ғарбий Европа мамлакатлари, бошқа саноати ривожланган мамлакатлар, Шарқий Европа мамлакатлари хамда МДХ давлатларида етиштирилади. Маккажўхори дони етиштиришда иккинчи ва учинчи ўринда Хитой ва Бразилия туради, Африкада-Кения, Ангола, Мозамбик, Малави ва бошқ. мамлакатларда етиштирилади. Осиё, Африка мамлакатларида маккажўхори хосилдорлиги анча паст эканлиги билан (4-10 ц/га ) ажралиб туради. Венгрия, Руминия, Молдовада маккажўхори дони озиқ-овқат сифатида кенг фойдаланади.
Шоли асосан суғоришни талаб қилувчи ўсимлик бўлсада, йилига 1500-2000 мм ёғин ёғувчи районларда (Муссонли Осиё) уни сугормай етиштириш мумкин. Нихоятда кўп қўл мехнатини талаб қилувчи ўсимлик. Шоли асосан Жанубий, Жануби-Шарқий Осиёдаги халқларнинг на фақат асосий озиқ-овқати бўлибгина қолмай, балки кундалик турмуш хаётида хам катта ўрин тўтади. Шунингдек, шоли Япония, Хитой, Россия ва Марказий Осиё, Жанубий Осиё, Жануби-Ғарбий Осиёдаги дарё водийлари, Африка, Шимолий Америка (АҚШ), Ғарбий Европа (Италия, Испания, Португалия), Австралия шунингдек Лотин Америкасида етиштирилади. Хосилдорлик айниқса, Шимолий Америкада (АҚШ) ва Японияда юқоридир. (50-60 ц/га). Йилига 450-500 млн.т. шоли олинади. Шунинг 30 % дан ортиги Хитойга, 20 % га яқини Хиндистонга тўғри келади. Биргина Таиландда бутун Африкада етиштирилган шолига нисбатан 2 марта кўп хосил олинади.
Европа мамлакатларида донли экинлардан рож, арпа, тариқ, Осиё ва Африкада қўноқ, хилма-хил махаллий дуккакли ва бошоқли экинлар етиштирилади. 60-70-йилларда Осиё, Африка ва Лотин Америкасида озиқ-овқат муаммосини хал қилиш мақсадида амалга оширилган "Кўк инқилоб" режасига мувофиқ шоли етиштиришни хам кескин кўпайтириш вазифа қилиб қўйилди. Шу асосда янги юқори навли тез пишар, бўтасимон уруглар, минерал ўғитлар, юқори агротехника қўллаш асосида шолидан йилига икки ва хатто уч марта хосил олиш имкониятлари юзага келди. Ирригацион тармоқлар кенгайтирилди. Дончилик хўжаликларига давлат ёрдамининг кучайиши оқибатида озиқ-овқат муаммосини хал қилишда муайян ютуқларга эришилди.
Дунё бўйича етиштирилган доннинг (1,3-2,0 млрд.т) 40 % дан ортиги иқтисодий ривожланган мамлакатлар хиссасига тўғри келади. Осиё, Африка ва Лотин Америкасидаги мамлакатларда дон етиштириш 900 млн.т. ортганлигига қарамай, озиқ-овқат муаммоси кескин турибди. Донли экинлар халқаро савдода мухим ўрин тутади. (180 млн.т.).
Асосий дон экспорт қилувчи мамлакатлар 20 тага етмагани холда 100 дан ортиқ мамлакатлар дон импорт қилади. Асосий буғдой экспорт қилувчи мамлакатлар Шимолий Америка (АҚШ ва Канада), Аргентина, Австралия бўлса, маккажўхори ем сифатида АҚШ, шоли-гурунч, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари томонидан экспорт килинади.
Дон импорт қилувчи мамлакатлар Осиё, Япония, Хитой, Хиндистон, Покистон, Африкадаги ривожланаётган мамлакатлар, Россия, Марказий Осиё давлатларидир. Европа мамлакатлари асосан ем учун маккажўхори ва арпа импорт қилади.
-
Техника экинлари. Техника экинлари- кандли, толали, мойли ва “рағбатлантирувчи” (чой, кофе, какао) каучуксимон гурухларга бўлинади. Бу ўсимликлар асосан иссиксевар, сермехнат ва юқори товарлилиги билан ажралиб туради. Бу экинлар деярли тропик ва субтропик минтақаларда бўлиб, “мустамлака экин” лари деб хам юритилади.
Қандли ўсимликлар орасида шакар қамиш ва қанд лавлаги алохида ўрин тутади. ХХ аср бошларига қадар қанд-шакар саноатида қанд лавлаги асосий ўрин тутган бўлса, кейинчалик шакар қамиш мухим ўрин тута бошлади. Шакар камиш кўп йиллик ўсимлик бўлиб иссиқ, нам ва куёшни жуда яхши кўради. Сермехнат бўлиб, катта майдонларида етиштирилади. Шакар заводлари эса хом-ашё районларида жойлашган. Шакар қамиш асосан тропик ва субтропик минтақаларда тарқалган. Шимолий ва Марказий Америка (Куба, Мексика, АҚШ, Кариб хавзасидаги ороллар), Жанубий Америка (Бразилия, Аргентина, Перу) Осиё, (Хиндистон, Хитой, Филлипин), Африка (ЖАР, Миср, Маврикий ороли), Океания (Гавайи оролларида), Австралияда йирик плантация хўжаликларида шакарқамиш етиштирилади.
Қанд лавлаги эса мўътадил минтақаларда айниқса, Европанинг ўрта минтақасида, Россия, Украина, Беларусь, Польша, Чехия, Словакия, Руминия, ГФР, Франция, Буюк Британия ва АҚШда етиштирилади. Қанд лавлаги чорвачилик билан уйғунлашган холда ривожланган. Дунё бўйича йилига 120 млн.т. шакар етиштирилмоқда. Бунинг 50 % ривожланаётган мамлакатлар хиссасига тўғри келади, йилига 8-9 млн.т. дан Куба, Бразилия ва Хиндистон, 5-6 млн.т. АҚШ, Чили ва 4 млн.т. ортиқ Франция шакар ишлаб чикаради. Ишлаб чикарилаётган шакарнинг 60 % шакар қамиш ва 40 % канд лавлаги хиссасига тўғри келади.
Техника экинлари таркибида тамаки етиштириш алохида ўрин тутади. Мутахассисларнинг таъкидлашича бирорта экиннинг бозор нархи тамаки сингари Тупроқ таркибига боғлиқ эмас. Хатто озгинагина Тупроқ таркибининг ўзгариши унинг хушбуйлиги, ранги ва тамаки баргининг ёйилишига (текстура) кучли таъсир қиладики бу хосил хажмига хам нисбатан олинадиган фойдани белгилаб беради. Худди шу хусусият АҚШ Жанубида (Виргиния, Шимолий ва Жанубий Каролина) ва Кентукки штатида йирик тамакичилик минтақасини шаклланишига ва ривожланишига олиб келди. Бу худуддаги Тупроқ таркиби айниқса, машхур Виргиния навини етиштириш имконини беради. Бу минтақа хозир хам дунёдаги йирик тамаки ва тамаки махсулотларини экспорт қилувчи (АҚШ йилига 250 минг.т.экспорт қилади) минтақа бўлса-да, 1990 йилдан бошлаб ўзининг ўрнини Хитойга (дунёдаги 33 % тамаки етиштириш тўғри келади) бўшатиб бермоқда. АҚШ хиссасига эса дунёда етиштирилаётган 7,1 млн.т. тамакининг 10% тўғри келади. Шунингдек, Россия, Қирғизистон ва бошқа мамлакатларда хам тамаки етиштирилади.
Толали ўсимликлар ўртасида- пахта алохида ўрин тутади. Пахтачилик тўқимачилик саноати ишлатадиган толаларнинг 50-60 % ини беради. Пахта етиштирувчи районларда пахта мойи олиш хам мухим ахамиятга моликдир. Пахтани дастлабки қайта ишлаб (тола ва чигитини ажратмай), узоққа олиб бориш ўзини иқтисодий жихатидан оқламайди. Шунинг учун хам пахта тозалаш заводлари пахтакор районларда жойлашган. Хар бир тонна пахтадан 350-400 кг тола олинади. Пахта толасини узоққа ташиб бориш қулайлиги учун тўқимачилик фабрикалари пахтакор районлардан минглаб.км. узоқликда, истеъмол районларда жойлашгандир. Пахта асосан 20 ва 40 Шимолий кенглик орасида қуруқ субтропик минтақаларда етиштирилади. Пахта суғориб (Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон, Қозоғистон, (Миср хамда суғормай (АҚШ) етиштирилади. Йилига дунё бўйича 19-20 млн.т. пахта толаси етиштирилади.
Энг йирик пахта толаси етиштирувчи мамлакатлар АҚШ - 2,5 млн.т. Ўзбекистон ва Хитой 1,5-2,5 млн.т., Хиндистон - 1,5 млн.т. бўлиб, шунингдек Туркия, Покистон, Бразилия, Мексика, Перудир. (хар иккала мамлакат қимматбахо, ингичка толали пахта етиштиради.), Халқаро бозорга 4,5-5 млн.т. пахта толаси чиқарилади. Айниқса, ривожланаётган мамлакатларда етиштирилган пахтанинг 50-75 % чиқарилади. (Хиндистон экспортга чикарилган пахта толасига нисбатан кўпроқ импорт қилади). Европадаги мамлакатлар 2 млн.т. ортиқ пахта толасини, Япония - 800-900 минг тонна пахта толасини импорт қилади. Хитой-йирик пахта етиштирувчи мамлакат бўлишига қарамай зўрға ўз эхтиёжларини қондиради.
Толали ўсимликлардан жут ва сизаль ўсимликлари хилма-хил техник мақсадларда ишлатилувчи материаллар олишда фойдаланилади. Жут-Хитой ва Хиндистонда (1,5-2 млн.т. дан), Бангладешда (500-600 минг.т.) етиштирилса (дунё бўйича 4,5-5 млн.т.), сизал (агава баргидан олинади) Бразилия (200 минг.т.) ва Танзанияда (400 минг.т.) етиштирилади. Дунё бўйича 500-600 минг.т. сизал ишлаб чиқарилади.
Мойли ўсимликлар - ўсимлик мойи олишда ва озиқ-овқат саноатида кенг фойдаланилади. Мойли ўсимликлар - асосан бир йиллик ўсимликлар -кунгабоқар, соя, ер ёнгок (арахис), пахта, зиғир, рапс, кунжут, нўхот хамда кўп йиллик ўсимликлар (зайтун дарахти, мойли ва кокос пальмаси, туню дарахти ва бошқ.) бўлиб, хар бирининг жойлашиш хусусияти бир-биридан фарқ қилади. Иқтисодий жихатидан бир йиллик мойли ўсимликлар алохида ахамиятга эга. Йилига дунё бўйича 60-65 млн.т. ўсимлик мойи ишлаб чиқарилади. Энг йирик ўсимлик мойи истеъмол қилувчи мамлакатлар, АҚШ, Канада, Россия, Ўзбекистон, Украина, Хитой, Хиндистондир.
Кунгабоқар етиштириш Россия, Украина, Шарқий Европа мамлакатлари Аргентина ва Уругвайда, Соя-ватани Шарқий Осиёда (Хитой ва Корея ярим ороли) бўлишига қарамай кейинги йилларда - қимматбахо озиқ-овқат ва ем-хашак экини сифатида АҚШ, Россия, Бразилия ва тропик мамлакатларда кенг тарқалди. Йилига 90-100 млн.т. соя етиштирилади. Бунинг 50 % ортиги АҚШга, 20% Хитой хиссасига тўғри келади. Зигир етиштирувчи асосий районлар АҚШ, Канада, Аргентина, Хиндистон, Россияда ер ёнгок, рапс, кунжут эса субтропик мамлакатларда етиштирилмоқда.
Кўп йиллик мойли ўсимликлардан зайтун дарахти Ўрта денгиз қирғоқ бўйи районларда(Испания, Италия, Тунис, Марокко, Туркия), копр /кокс ёнғоғини куритиб кокс мойи олинади) тропик мамлакатларда( Филиппин, Индонезия, Хиндистон, Океания ороллари), пальма мойи-тропик Африкада (Сьерра-Леоне, Нигерия), Малайзия, Индонезияда етиштирилади.
“Рағбатлантирувчи” ўсимликлар - чой, кофе, какао ривожланаётган мамлакатларнинг экспорт махсулотлари бўлиб “колониал ўсимликлар” номи билан машхурдир. Бу экинлар тропик, қисман субтропикларда (чой), сернам районларда етиштирилади ва мўътадил минтақаларда истеъмол қилинади. Чой барги асосан Осиёда етиштирилади (ватани Хитой бўлиб, Европага XVII асрда маълум бўлди). Йилига 1,8-2,0 млн.т. чой барги йиғиштириб олинади. Бунинг 50% Хиндистон ва Шри-Ланкага тўғри келади.Шунигдек, Хитой, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари, Туркия, Озарбайжон, Грузия (Аджария), Африкада-Кения хам чой етиштирувчи мамлакатлардир.
Кофе - деярли тропик районлар ўсимлиги бўлиб, плантация хўжаликларида етиштирилади. Кофе ватани Африка бўлсада, бутун дунёда етиштирилаётган кофенинг 2/3 қисми Лотин Америкасига (Бразилия 1,8 млн.т., Колумбия 0,7 млн.т.) тўғри келади. Марказий Африка (Эфиопия), Марказий Америка (Мексика) йирик кофе плантацияларига эгадир. Йилига дунё бўйича 5-6 млн.т. кофе етиштирилади.
Какао - кондитер саноатининг мухим хом-ашёси сифатида Африкада (Ғарбий қисми) ва Бразилияда етиштирилади. Дунё бўйича 1,5-2,0 млн.т. какао бошоғи йиғиштириб олинади. Ватани Лотин Америкаси бўлишига қарамай асосий ишлаб чиқариш Гвинея қирғоқ бўйига (Африка) тўпланган.
Каучуксимон дарахтлардан (гевая), каучук (латекс) йиғиштириб олинади. Бразилияда (Амазонка дарёси хавзаси) хамда иккинчи жахон урушидан сўнг Жануби-Шарқий ва Жанубий Осиёда характерлидир. Йилига 4-4,5 млн.т. табиий каучук йиғиштириб олинади.
Сабзавотчилик ва картошкачилик деярли барча мамлакатларда кенг тарқалгани билан ажралиб туради. Сабзавот ва картошка ахоли озиқ-овқат рационида катта ўрин тутади. Картошка кўпчилик мамлакатларда “иккинчи нон” сифатида етиштирилади хамда техник мақсадларда хам ишлатилади. Йилига 400-450 млн.т. картошка йиғиштириб олинади. Эртанги картошка ва сабзавот мухим экспорт махсулотлари хисобланади. Картошка етиштириш Шимолий Америка, Европа мамлакатларида, ширин картошка (батат) эса тропик мамлакатларда кенг тарқалгандир.
Боғдорчилик-субтропик ва тропик минтақада, узумчилик-субтропик минтақада кенг тарқалган. Боғдорчилик ва узумчилик плантация хўжалик шаклида бўлиб, юқори товар қийматига эгалиги билан ажралиб туради. Йирик боғдорчилик ва узумчилик минтақалари - Ўрта денгиз қирғоқ бўйи (Испания, Италия, Франция, Югославия, Болгария), АҚШ (Калифорния), Марказий Осиёда (Ўзбекистон) шаклланган. Дунё бўйича йилига 360-400 млн.т. мева йиғиштириб олинади, бунинг 60 млн.т. цитрус меваларидир. Цитрус мевалари АҚШ, Ўрта денгиз ва Кариб хавзалари мамлакатларида кўплаб етиштирилади.
Боғдорчилик ва узумчиликнинг тез ривожланганлиги қайта ишлаш саноатини хам ихтисослашган транспорт воситаларининг юзага келишига олиб келди. Шунингдек, боғдорчилик ва узумчилик махсулотлари (хам янги холда хам қайта ишланган холда) халқаро савдода мухим ўрин тутмоқда. Кўпгина минтақаларда боғдорчилик ва узумчилик хам ички хам ташқи бозор (АҚШда Калифорния, Ўзбекистонда - Фарғона водийси, Ўрта Денгиз қирғоқ бўйи ва бошқ.) йўналишдадир.
-
Чорвачилик ва унинг тармоқ таркиби.
Қишлоқ хўжалигининг чорвачилик тармоғида қуйидаги чорвачилик типлари кенг тарқалган. а) аралаш тоғ қишлоқ хўжалиги - бой ва махсулдор табиий ўтлов ва ўтлоқлар, вертикал (тик) минтақалилик асосида сертармоқ йўналиш характерли. Дон хўжалиги, боғдорчилик ва чорвачилик деярли бир хил ахамиятга эгадир;
б) ранчо чорвачилиги - асосан ривожланган ишлаб чиқариш муносабатлари кўчирма қилинган мамлакатлардаги (Австралия, Янги Зеландия, ЖАР, Канада) ва Аргентина, Бразилия экспорт учун дон йўналишидаги хўжаликларда (ўн минглаб гектар худудларда) жун, қўй гўшти ва мол гўшти етиштиришга ихтисослашгандир;
в) яйлов чорвачилиги - худудий жихатдан жуда катта бўлиб узоқ ораликда хайвонларни бокиб юришдир.Жануби-Ғарбий Осиё, Африка шимоли, АҚШ (Ғарбий штатлар), Лотин Америкаси (Бразилия, Аргентина), Мексика, Марказий Осиё давлатлари, Мўғулистон, Россия, Афгонистонда тарқалган бўлиб, унга майни ва ярим майин қўйчилик, эчкичилик, туячиликдан иборат кўчманчи ва ярим кўчманчи хўжаликлар киради. Бу худудларда яйлов чорвачилиги минглаб км. ораликдаги миграцион (хатто Африка шимолида-давлатлараро) харакатлар билан боғлиқ;
г) экстремал шароитдаги тундра ва тундра ёни буғучилик хўжаликлари - Россия (чекка Шимол), Канада, АҚШда (Аляска) кенг тарқалган бўлиб чекка шимол халқлари турмушида мухим ўрин тутади;
д) мўътадил минтақаларда аралаш интенсив дехқончилик-чорвачиликка ихтисослашган хўжаликлар- юқори товар хўжаликлари бўлиб, турли йўналишдаги аграр ва агросаноат корхоналаридан иборат. Ғарбий Европа, Шарқий Европа, Россия учун характерлидир;
е) сут хўжаликлари - деярли иқтисодий ривожланган мамлакатларда тарқалган бўлиб АҚШ, Ғарбий Европа (Буюк Британия, Франция, ГФР, Финляндия, Дания, Нидерландия, ва бошқ.) қорамоллар махсулдорлигининг юқорилиги (5000 кг.ва ундан юқори, қора-ола зотидан сут соғиб олинади ва унинг ёғлилик даражаси 4,35 % ташкил қилади) билан ажралиб туради. 1995 йил дунё бўйича 500 млн.т.ортиқ сут соғиб олинган бўлса (450 млн.т. мол сути) бунинг 25 % Ғарбий Европа мамлакатларига, 13 % АҚШ ва 15 % МДХ мамлакатлари хиссасига тўғри келади;
ж) шахар атрофи хўжалиги - йирик шахар ва шахар агломерацияларни тез бузилувчи сабзавот, мева, сут, тухум билан таъминлашга қаратилгандир. Шахар атрофи хўжалиги икки йўналишдан: а) мева, илдиз мевалар, сабзавотлар билан таъминловчи кўп сонли дехқон ва фермерлар; б) саноат-характеридаги йирик қишлоқ хўжалиги корхоналари -сут, тухум “фабрика” лари, йирик теплица ва парник хўжаликларидан иборат.
Шахар атрофи хўжалиги кейинги йилларда ИТИ таъсирида (транспорт) янги жараёнларни бошидан кечирмоқда. Агар илгари 150 км.дан флягаларда сут олиб келинган бўлса, эндиликда авторефрежераторларда -1500 км.дан олиб келинмоқда. Тез бузиладиган шафтоли, қулупнай, гул ва бошқ. самолётлар билан (гул-Кения) ташилмоқда. Шахар атрофи хўжалиги йирик шахарларни жумладан 18 млн.ахолига эга Нью-Йоркни 40 % сабзавотга бўлган эхтиёжини қоплайди. (картошка ва чўчқа гўштига бўлган эхтиёжини эса -2% қоплайди). Умуман шахар атрофи хўжалиги иқтисодий ривожланган мамлакатларда юқори самарадорликка эгалиги билан ажралиб туради.
Қишлоқ хўжалиги тармоқлари ўртасида чорвачилик мухим ўрин тутади. У ахолини кундалик зарур махсулотлар -сут, сут махсулотлари ва гўшт билан таъминлабгина колмай, саноат ва медицина учун хам зарур бўлган махсулотлар (жун, тери, суяк, кон ва бошқ.) етказиб беради. Кейинги йилларда чорвачиликнинг ихтисослашув жараёни кучайди. Гўшт, сут, жун-гўшт-тери йўналишидаги чорвачилик маълум худудларда ривожланмокда. Иқтисодий жихатдан ривожланган мамлакатлар ва худудларда чорвачилик ривожланиши интенсив йўналишга эга бўлса, Осиё, Африка, Лотин Америкасида бир қатор мамлакатларда экстенсив йўналишга эгадир. Шуниси характерлики, жахон чорвачилик махсулотлари асосий қисмини муътадил минтақадаги мамлакатлар етказиб беради.
Чорвачиликнинг асосини озуқа базаси ташкил қилади. Иқтисодий ривожланган мамлакатларда озуқанинг асосий қисмини зироатчилик етказиб беради. Кўпгина мамлакатларда (ГФР) зироатчилик чорвачилик манфаатларига бўйсунганлиги билан ажралиб туради. Зироатчиликда алмашлаб экишда маккажўхори, бир йиллик турли ўтлар, беда, илдизмевалар (хашакли лавлаги) чорвачилик озуқа базасини хилма-хил бўлишига олиб келади. Ахоли зич районларда табиий ўтлоқ ва яйловлари чегараланган.
Интенсив ва экстенсив йўналишдаги чорвачилик Шимолий Америка учун хос. (АҚШ, Канада). АҚШнинг қурғоқчил районлари, Аргентина, Мексика, Австралия ва ЖАРда чорвачилик минтақалари, яъни жуда катта табиий яйловлар ва ихтисослашган боқув пунктлари ривожланган. Осиё, Африкада (Жануби-Ғарбий Осиё, Мўғулистон, Шимолий, Ғарбий ва Шимолий Африка) чорвачилик кўчманчи ва ярим кўчманчи шаклида ривожлангандир.
Чорвачилик-йирик шохли хайвонлар (қорамолчилик), қўйчилик ва эчкичилик, чўчқачилик, йилкичилик, паррандачилик сохаларидан иборат.
Йирик шохли хайвонлар - деярли барча мамлакатларда ва худудларда ривожлангандир. Дунё бўйича 90-йиллар бошларида йирик шохли хайвонларнинг умумий сони 1,4 млрд. бошдан ортиб кетди. Юқори махсулдор зотли қорамолчилик Европа, Шимолий Америка, Австралия иқтисодиётида мухим ўрин тутади. Лотин Америкасида товар чорвачлиги Аргентина, Уругвай, Бразилиянинг жанубида ривожланган. Хиндистонда йирик шохли хайвонлар (200 млн.бош) кўп бўлишига қарамай, иш хайвонлари сифатида (диний қарашлар билан боғлиқ холда, молнинг гўшти ейилмайди, сути ичилмайди) фойдаланилади. Африканинг кўпгина районларида хам чорвачилик махсулдорлиги паст бўлиб, асосан ишчи хайвон сифатида фойдаланилади.
Қорамолчиликда иккита йўналиш-сут-гўшт йўналиши шахар атрофи хўжаликларида, иқтисодий ривожланган минтақалар ва мамлакатларда ривожланган. Ахоли зич, озуқа таннархи юқори бўлишига қарамай, бу минтақаларда-ёғ, пишлоқ ва хилма-хил сут махсулотларини саноат асосларида тайёрланади, ички ва ташқи бозор учун махсулот етказиб берилади. (Нидерландия, Дания). Гўшт йўналиши табиий шароити қулай, ер ресурсларига бой Аргентина ва Австралияда хам интенсив ем-хашак етиштириш (маккажўхори ва соя) ривожланган районларда (АҚШ, Франция) ривожлангандир. Йилига дунё бўйича 55-60 млн.т. гўшт етиштирилади.
-
Кўйчилик ва эчкичилик - деярли экстенсив характерга эга бўлиб, нам мўътадил минтақалар Европа, Янги Зелландия, Аргентина, Уругвай, шунингдек, қурғоқчил худудлар-Австралия, Хитой, Хиндистон, Эронда ривожлангандир. Қўйчилик ва эчкичилик гўшт-жун ва гўшт йўналиши - АҚШ, Буюк Британия, Аргентина, Бразилия, жун-юнг йўналиши эса - Австралия, ЖАР, Намибия, Аргентина, Испания мамлакатлари учун хосдир. Майин юнг етказиб берувчи ангор эчкилари - Туркия, Афғонистон, Намибия, Ўзбекистон Қозоғистон учун хосдир. Қоракўл қўйлари Афғонистон, Ўзбекистон(Бухоро), Намибияда тарқалган. МДХ худудида майин жунли қўйчилик-Кавказ олди, Волга бўйининг қўйи қисми, Қозоғистон, дагал жунли қўйлар Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Россиянинг НоқораТупроқ минтақасида тарқалгандир. Юнг (тивит) берадиган эчкичилик Урал ёни, Волга бўйи, Дон бўйидаги қуруқ дашт районларида, шунингдек бутасимон яйловлари бўлган тоғ даштларида (Олтой, Қирғизистон, Байкал орти) ривожланган. Қўйчилик ва эчкичилик мхасулотининг асосий қисми жун-теридир. Йилига дунё бўйича 2,5-3 млн.т. жун тайёрланади. Бунинг асосий қисми Австралия (800 минг.т.), Янги Зеландия (350 минг.т.), Ғарбий Европа ва Аргентинага (100-150 минг.т.) тўғри келади.
-
Чўчқачилик- гўшт ва ёғ берадиган чорвачиликнинг энг тез махсулот етиштирадиган тармоғидир. Интенсив дехқончилик ва аралаш ем саноатининг ривожланганлиги чўчқачиликни саноат асосларга ўтказиш имконини берди. Бугунги кунда кўпчилик мамлакатларда йирик чўчқачилик мажмуалари мавжуд. Дунё бўйича чўчқалар сони 850-900 млн.бошни ташкил қилади. Шунинг, 150 млн. боши Хитойдадир. Чўчқачилик Ғарбий ва Шарқий Европа, Россия, Болтиқ бўйи, Украина, Беларусь хамда Лотин Америкасида ривожланаётган мамлакатлардаги чўчқаларнинг 75 % тарқалган. Ислом дини мавжуд мамлакатларда чўчқачилик унчалик ривожланган эмас.
-
Паррандачилик (товуқ, ўрдак, ғоз, курка) гўшт ва тухум беради. Парранда боқиш кўп жихатидан емга, донга асосланади. Паррандачилик тарихан йирик ғалла етиштирувчи минтақаларда, хусусан дашт ва ўрмон дашт зоналари билан боғлиқдир. Паррандачилик чорвачиликнинг бошқа тармоқларига нисбатан бир мунча олдин саноат асосларига ўтди. 50-йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб иқтисодий ривожланган мамлакатларда йирик паррандачилик фабрикалари барпо этилди. Паррандачилик фабрикалари махсулот истеъмол қиладиган районларда, урбанизациялашган минтақалар, йирик шахарлар атрофи хамда ғаллакор минтақаларда жойлашгандир.
Шунингдек, чорвачилик тармоқлари ўртасида йилқичилик хам мухим ўрин тутади. Йилқичилик учта йўналишга: а) зотдор йилқичилик; б) от-улов йилқичилиги; в) махсулот берадиган йилқичилик; г) гўшт ва бия сути шифобахш қимиз тайёрланади.
Чорвачилик тармоқлар ўртасида, қўтосчилик, туячилик, моролчилик, буғучилик хамда чорвачиликнинг ўзига хос ем-хашак базасига эга бўлган тармоқлари-асаларичилик, пиллачилик, муйнали паррандачилик ва ховуз балиқчилиги хам иқтисодий жихатдан мухим ахамиятга эгадир.
Иқтисодий ривожланган мамлакатларда чорвачилик тараққий этган учта минтақани ажратиш мумкин. 1) Ғарбий Европанинг интенсив чорвачилик ривожланган марказий қисми-сут ва гўшт-сут йўналишидаги қорамолчилик, чўчқачилик ва паррандачилик-Дания, Нидерландия, Буюк Британия, Ирландия, Бельгия, Швейцария ва бу мамлакатларга кушни мамлакатларнинг чегарадош худудлари; 2) АҚШ ва Канада -хилма-хил йўналишидаги чорвачилик ривожланган минтақа; 3) Австралия ва Янги Зеландия қайсики юқори махсулот берувчи экстенсив яйлов хўжалиги (жун ва гўшт- жун қўйчилик, қорамолчилик) ривожланган бўлиб, юқори даражада механизациялашганлиги билан ажралиб туради. Юқоридаги иқтисодий ривожланган мамлакатлар ахолиси жахон ахолисининг 0,5 % ташкил этгани холда уларга дунё бўйича қорамолларнинг 5 %, қўйларнинг 15 % тўғри келади. Улар қарийиб 30 % жахон бозорига чикарилаётган хайвон ёгини, 15 % пишлок, 80 % қўй гўшти, 25% мол гўшти ва 75% жунни етказиб беради.
Лотин Америкаси хам экстенсив чорвачилик ривожланган минтақалардан биридир. Жуда катта ерларга эгалик шакли - латифундия кенг тарқалган. айниқса, чорвачилик Аргентина, Уругвай ва Бразилияда ривожланган. Гўшт ва сут махсулотлари ахоли озиқ-овқат рационида пастлиги билан ажралиб туради. Африканинг бир қатор мамлакатларида экстенсив чорвачилик қишлоқ хўжалигининг асоси бўлиб хизмат қилади. Айниқса, чўл ва чала чўл минтақаларида чорвачилик дехқончиликдан тамомила ажралган бўлиб, кўчманчи холатдадир. Қўйчилик ва эчкичилик, туячилик характерлидир. Африка жун экспорт қилувчи йирик минтақа бўлиб, хисобланади.
Шарқий Европа мамлакатларида чорвачилик интенсив йўналишидадир. Сут-гўшт чорвачилиги, чўчқачилик ва паррандачилик Чехия, Словакия, Польшада, қўйчилик Руминия ва Венгрияда ривожланган. Мўғулистон экстенсив чорвачилик минтақаси (қўй, йирик шохли хайвонлар, эчки, от) бўлиб, ахоли жон бошига чорва моллари тўғри келиши жихатидан дунёдаги олдинги ўринлардан бирида туради. Хитойда қорамолчилик, Ғарбий вилоятларида эса, яйлов чорвачилиги ривожланган. Россия, Болтиқ бўйи, Украина, Беларусь, Кавказ орти, Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Қозоғистонда қорамолчилик, қўйчилик, эчкичилик, чўчқачилик ва паррандачилик ривожланган.
-
Турли мамлакатларда қишлоқ хўжалиги ижтимоий - иқтисодий типларининг хусусиятлари.
Иқтисодий ривожланган мамлакатлар қишлоқ хўжалиги интенсивлаш, механизациялаш ва махсулдорлилик даражаси, ишлаб чиқаришни ихтисослашув ва концентрацияси юқорилиги хамда қишлоқ хўжалиги монополиялари манфаатларига буйсунганлиги-агробизнес тобора кучайиб бораётганлиги билан характерланади. Қишлоқ хўжалигида ўртача ва кичик фермер ва дехқон хўжаликлари монополистик агробизнеснинг таркибий қисми, унинг қишлоқ жойлардаги ишчи кучи бўлиб қолди. Бу мамлакатларда деярли чорвачилик, зироатчилик билан чамбарчас боғлиқ холда ривожланмокда. Маданий яйловлардан кенг фойдаланиб, яйлов махсулдорлигини барқарор ортиб бориши, айниқса, шахар атрофи хўжаликлари учун мухим ахамият касб этмокда.
Ғарбий Европа қишлоқ хўжалиги юқори даражада интенсивлашгани билан ажралиб туради. Минерал ўғитлардан фойдаланиш, хар 100 га ишланадиган ерга тўғри келадиган тракторлар сони, 1га ердан олинадиган махсулдорлик Шимолий Америка қишлоқ хўжалиги билан бир хил. Шимолий Америка қишлоқ хўжалиги катта майдонларда юқори хажмда қишлоқ хўжалиги махсулотлари етиштиришга ихтисослашган зоналарнинг (минтақа) шаклланганлиги билан ажралиб туради. Масалан: АҚШда-сут чорвачилиги, сабзавот, нам ва қуруқ субтропик мевалар етиштирувчи тор ихтисослашган қишлоқ хўжалик минтақалари шаклланган. Япония қишлоқ хўжалигида амалга оширилган аграр ислохот оқибатида йирик механизациялашган хўжаликлар (фермер) хукмрон рол ўйнайди. Бошқа иқтисодий ривожланган мамлакатлардан фарқли уларок, Япония қишлоқ хўжалигида зироатчилик асосий ўрин тўтади. Зироатчиликда эса шоли етиштириш бош йўналишидир. Шоли - қишлоқ хўжалик махсулотининг карийиб 50%дан ортигини беради. Австралия, Янги Зеландия, ЖАР, Исроил қишлоқ хўжалиги хам юқори товар қийматига эгалиги билан ажралиб туради. Айниқса, Австралия қишлоқ хўжалиги - экспорт йўналишидадир.
Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатларида 50-йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга алохида эътибор берилди. Аммо ер ресурсларининг камлиги, Тупроқ унумдорлигининг пастлиги механизациялаш ва химиялаштириш даражасининг бўшлиги, мелиорация ишларининг амалга оширишдаги иқтисодий кийинчиликлар, тез-тез бўлиб турадиган табиий офатлар (кургокчиликлар) озиқ-овқат муаммосини хал қилишни доимий суръатда мураккаблашувига таъсир қилади. Аргентина, Уругвай, Бразилия, Мексика каби давлатлардан ташқари деярли барча мамлакатлар қишлоқ хўжалиги таркибида зироатчилик бош тармоқ бўлиб хисобланади.
Бу мамлакатларда дехқон хўжаликларининг икки типи мавжуд:
Озиқ-овқат экинлари (Жанубий ва Жануби-Осиё мамлакатларида шоли етиштириш) ёки бирданига бир неча хил қишлоқ хўжалик экинлари (хар бир карич ердан фойдаланган холда) етиштирувчи хўжаликлар кенг тарқалган.
Нам-тропик урмонлар минтақасида ханўз ут далали зироатчилик тизимини сакланиб колиши тропик урмонларнинг катта-катта худудларда кесиб юборилишига, Тупроқ эрозиясининг кучайишига ва табиий-экологик шароитни мураккаблашувига олиб келмокда. Саванналарда эса маккажўхори, бошоқли ва дуккакли экинлар ўстирилмоқда, ширин картошка (батат) ва бошқа экинлар етиштирилади.
Экспорт қишлоқ хўжалик махсулотлари эса кўп йиллик тропик ва субтропик экинларни етиштирувчи плантация хўжаликларида етиштирилади. Плантация хўжаликлари халқаро трансмиллий корпорациялар билан боғлиқ бўлиб, иқтисодий ривожланган хўжаликларидир. Плантация хўжаликларида банан, шакарқамиш, пахта, хилма-хил цитрус мевалари етиштирилади. Плантация хўжаликлари одатда порт шахарлар ва қайта ишловчи корхоналар билан темир йўл ва автомобиль йўллари орқали боғлангандир.
Ривожланаётган мамлакатлар қишлоқ хўжалиги кўп укладли эканлиги билан ажралиб туради. Йирик чет эл капиталига карашли плантация хўжаликлари, йирик хўжалик, ўрта ва майда дехқон хўжаликлари ва ердан ва бошқа ресурслардан (яйлов) жамоа бўлиб фойдаланиш характерлидир. Кейинги йилларда бир қатор мамлакатларда (Хиндистон ва бошқ) “кук режа” сиёсатининг (қишлоқ хўжалигини ривожлантириш негизида озиқ-овқат муаммосини хал қилиш) амалга оширилиши, қишлоқ хўжалиги моддий-техника базасини мустахкамлаш ва қишлоқ хўжалик махсулотларини кўпайтириш имконини бермокда.
Шарқий Европа мамлакатлари қишлоқ хўжалиги экстенсив шакллардан интенсив шаклларга ўтиш билан характерланади. 80-йилларнинг иккинчи ярмидан бошланган мухим ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида хам мухим ўзгаришларни юзага келтирди. Социалистик секторни ташкил қилувчи хўжаликлар ўрнида, дехқон ва фермер хўжаликлари, дехқонларнинг ихтиёрий кооперациялари кенгаймокда. Бозор иқтисодиётига ўтиш жараёни тезлик билан бормоқда. Хитой мухим иқтисодий ислохотларни амалга ошириш негизида “социалистик бозор муносабат” ларини барпо этишни максад қилиб қўйган бўлса, Въетнам ва Мўғулистон бозор иқтисодиётини шакллантириш йўлига кирди. ЛХДР ва Кубада социалистик принциплар хамон иқтисодиётнинг асосий мезони бўлиб колишига қарамай, бозор муносабатлари кенгаймокда. МДХ доирасидаги мамлакатларда бозор иқтисодиёти ва бозор муносабатларига ўтиш жараёни тез бормоқда. Қишлоқ хўжалик корхоналари билан бир қаторда фермер ва дехқон хўжаликлари кенгаймокда.
-
Озиқ-овқат муаммоси ва уни хал қилишнинг асосий йўналишлари.
Ахолини озиқ-овқат билан таъминлаш инсоният олдида турган муаммоларнинг марказий қисмини ташкил қилади. Озиқ-овқат махсулотларини етиштириш ва истеъмол қилиш нафақат табиий омилларга боғлиқ бўлибгина қолмай, балки мамлакатлар ва районларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси, хўжалик ихтисослашуви, худудларни ўзлаштирилганлик даражаси, яъни ишлаб чиқариш кучларининг тараққиёти билан хам боғлиқдир.
Озиқ-овқат махсулотларининг сифати, озиқ-овқат рационида мухим ўрин тутади. Чунки, хаётнинг асосини ташкил қилувчи оқсил чорвачилик махсулотлари (гўшт, сут ва тухум) орқали истеъмол қилинади. Иқтисодий ривожланган мамлакатларда ахоли озиқ-овқат рационининг 1/3 қисми чорвачилик махсулотлари хиссасига тўғри келгани холда, колган минтақаларда 1/10 қисмини ташкил этади, холос. Озиқ-овқат махсулотларининг энергия қуввати тўйимлилиги (колориялилиги) билан ўлчанади. Дунё бўйича озиқ-овқат махсулотларининг туйимлилик даражаси кўрсаткичи суткасига ўртача 2400 ккал (ФАО меъёри бўйича) деб белгиланган бўлсада, мутахассислар уни 2700-2800, хатто 3300 ккал деб хисоблайдилар. АҚШда 1995 йил эълон қилинган, маълумотга кўра соғлом овкатланиш меъёри ишламайдиган аёллар учун 1600 ккал, фаол мехнатда банд эркаклар учун 2800 ккал. деб тавсия килинади.
Ахолини озиқ-овқат махсулотлари билан таъминлаш муаммоси иқтисодий ривожланган мамлакатларда деярли хал қилинган бўлса-да, ер шарининг катта қисмида ХХ аср 90-йилларида хам энг кескин муаммо (1992 йил Сомолидаги очарчилик 1 млн.дан ортиқ сомалиликларнинг хаётни олиб кетди.) бўлиб колмокда. Озиқ-овқат муаммосининг кескинлиги МДХ худудидаги мамлакатлар учун хам характерли жараёндир. Туйиб овқат емаслик ва ярим очлик Африка, Осиё ва Лотин Америкаси учун ўзига хос “доимий” муаммо бўлиб қолди.
Жахон ахолисининг озиқ-овқат махсулотлари билан етарли таъминлаш, истиқболли озиқ-овқат режасини амалга оширишнинг бир қатор йўналишлари мавжуд табиий ва ижтимоий-иқтисодий омиллардан оқилона фойдаланишни, янги ресурсларни ишга солишни тақозо қилади.
Озиқ-овқат ресурсларини кенгайтиришнинг биринчи йўналиши мавжуд ер фондидан самарали фойдаланишдир. Осиё, Африка ва Лотин Америкасида қишлоқ хўжалигини ташкил қилиш иқтисодий ривожланган мамлакатлар даражасига кўтариш, озиқ-овқат махсулотлари тайёрлашни кўпайтириш имконини беради. Иккинчи йўналиш тропик ва қурғоқчил минтақаларда мелиорация ишларини амалга ошириш негизида асосий қишлоқ хўжалик махсулотлари етказиб берувчи минтақаларни барпо қилиш билан боғлиқ. Учинчи йўналиш, нисбатан қолоқ аграр иқтисодиётга эга бўлган мамлакатлар ва худудларда ИТИ ютуқларидан кенг фойдаланиш ва агросаноат интеграциясини ривожлантириш асосида қишлоқ хўжалиги самарадорлигини кўтариш юқори унумли навлардан дехқончиликда ва махсулдор хайвон турларидан чорвачиликда фойдаланиш хамда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг экстенсив ва интенсив шаклларини оқилона уйгунлаштириш билан боғлиқдир.
-
Қишлоқ хўжалиги ва экологик муаммолар.
Дехқончилик ва чорвачиликнинг минг йиллар давомида ривожланиши атроф-мухитга сезиларли таъсирини ўтказган ва маданий ландшафтларни юзага келтирган. Айниқса, ўт-далали дехқончилик тизими кўплаб урмонларнинг Европада қирқиб юборилишига олиб келган бўлса, бугунги кунда хам Осиё, Африка ва Лотин Америкасида бу жараён такрорланишига Тупроқ устки қатламинг очилиб колишига (тропик ёғинлар натижасида ювилиб кетилишига), эррозион-жараёнларнинг кучайишига олиб келмоқда. Яйлов чорвачилигининг ривожланиши унумдор ўтлок ва яйловларнинг махсулдорлигини пасайишига, Тупроқ устки қопламининг очилиб колиши ва шамол эрозияси оқибатида адир ва ярим адир минтақаларда чўлланиш жараёнининг кучайишига таъсир этмокда.
ХХ асрнинг иккинчи ярмидан ИТИнинг қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига таъсири натижасида интенсив ривожланиш жараёни бошланди. Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида химиялаштириш жараёни оқибатида (ўсимликларни химиявий химоя қилиш воситалари-пестицидлар, минерал ўғитлар, ветеринария пестицидлари ва бошқ) Тупроқ, хаво ва сув ресурслари жиддий захарланмокда хамда тузатиб бўлмас оқибатларини юзага келтирмоқда.
Буғунги кунда дунё мамлакатларда 100 минг.т. турли хил химиявий препаратлар қўлланилмоқда, 100 млн.т. ортиқ минерал ўғитлар (фосфорли, калийли, азотли), ва 2-3 млн.т. захарли химикатлар ишлатилмоқда.
Кейинги йилларда иқтисодий ривожланган мамлакатлар қишлоқ хўжалигида захарли химиявий воситалардан фойдаланишни тақиқланиши оқибатида кўпроқ биологик усуллар кенг ёйилмоқда. Биологик усул атроф-мухит учун хавфсиз бўлиб, зарар келтирмайди. Айниқса, биологик усуллар-боғдорчилик-ўзумчилик, сабзавот ва полиз етиштиришда кулланилмокда хамд бу экологик “соф” махсулотлар нархи юқорилиги билан ажралиб туради.
Шунга қарамай, хануз дунё мамлакатларида қишлоқ хўжалиги экинларидан юқори хосил олиш ва чорвачилик махсулдорлигини ошириш мақсадида минерал ўғитлар, пестицидлар, турли химиявий моддалар кенг қўлланилмоқда, бунинг оқибатида йилига тўлиқ бўлмаган маълумотларга қараганда, 400 мингдан - 2 млн. га қадар одамлар захарланмокдаки, бунинг асосий қисми ривожланаётган мамлакатлар қишлоқ ахолиси хиссасига тўғри келади.
Яқин истиқболда, қишлоқ хўжалигида илғор биотехнология, ген инжинерияси ютуқларини қўллаш юзага келган экологик муаммоларнинг юмшатиш имконини бериши мумкин.
Достарыңызбен бөлісу: |