Инглизчадан Аъзам Обидов таржимаси қ ғ ҳ ў Ноуман Смайлз



бет12/13
Дата27.06.2016
өлшемі0.91 Mb.
#161886
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   13

Мен эса режамни аллақачон пишитиб қўйгандим...
128.
Жан-Пьер Балпенинг сохта паспорти билан Қошғардан Урумчига йўлга чиққан дабдала автобусда икки кун вақт ўтказдим. Бу мен чиққан автобуслар ичида энг ғалатиси эди. Аввал ҳайдовчи қўзғалиш вақти ўтиб кетса ҳам, одам тўлгунча кутиб ўтирди. Сўнг у автобусни Қошғарнинг нариги бир четидаги гараж томонга ҳайдаб, механик билан нимадир тўғрисида гаплашди, кейин яқинроқдаги қассобхона томонга бурилди, у ерда баланд овозда чақирганди, бир болакай икки килоча гўшт келтириб берди. У гўштни уйига ташлагандан сўнггина Урумчига қараб йўлга тушишимизни эълон қилди. Бу шунчаки гап экан, чунки автобус Қошғардан чиқиши ҳамоно турли одамлар у ёққа-буёққа олиб бориб қўйинг, дея сўрай бошлашди. Шу тариқа автобус гоҳ ўнгга, гоҳ чапга, ҳатто бир йўловчи ухлаб қолган экан, уни орқага ҳам ташлаб келди. Сиз нечоғли ғазаб ва хавотирга тўлганимни тасаввур қиляпсизми? Чунки биринчи қайрилишдаёқ ҳайдовчи мени полицияга топширади ва унда мени қаттиқ жазолашади деб ўйлагандим. Лекин энг шармандалиси ҳар тун учун 500 доллар тўлаган Жан-Пьер менга худди майда ўғрига тикиладиган кўз билан қараган бўларди!..

Автобуслар орқасидан келаётган ҳаракатдаги куч қайрилиб кетаётганини кўргач, анча хотиржам бўлдим, гарчи БМТ вакили жаноб Балпе барча полиция кучлари ва назорат пунктларини оёққа турғизиши мумкин эди. Лекин агар шундай қилса, визасиз шубҳали бир кишига бошпана бергани унинг баъзи қоидалрин бузганини очиқ-ойдин кўрсатиб қўйган бўларди. Ҳар ҳолда у бундай қилмади, БМТ ҳақида ижобий фикрим яна бир карра оқланди. Лекин саҳронинг ўртасига келганда ният-мақсадим хотиримдан кўтарилди - қаёққа бунча шошилиб кетаётган эдим? Нега? Қачон? Ниманинг ортидан? НиҲоят икки (балки ч) кундан кейин Урумчига етиб келдим.


129.

Доно Тонгюқуқ ҳалиям чодирда якка ўзи Билга-Ҳоқон тўплаган Универсал Ақлу-заковатни варақлаб ўтирарди. Мана молхонада бир юлдуз остида мўъжиза туфайли отасиз туғилган бола ҳақидаги ҳикоя. Маги мўъжизани кўришга келди, лекин подшоҳ она ва болани ўлдиришга буйрёқ берди...

Ёки Хоннинг дарё ёқасида еттита бола туғиб, ўлим талвасасида ётган урғочи шерни учратган уч ўғли ҳақидаги ҳикоя бор унда. Энг кичик шаҳзода она шерни ҳаётга қайтариш учун озроқ гўшт ва қон керак деб ўйлайди ва шу онда янги туғилган болалар ва она шер учун ўзини қурбон қилишга қарор қилади. Узоқ тафаккурга чўмгач, ўзини она шерга едиради. Ҳикоянинг давоми унинг акалари ва ота-онасининг бу воқеадан ғам-андуҳга ботганлиги тўғрисида...

Бундай ҳикоялар одамни кучсиз ва бўш-баёв, таъсирчан ва вайрон қилиб кўрсатади. Тонгюқуқ бир гал Билга-Ҳоқонга шунга ўхшаш гап айтган, лекин у эътиборга олинмаган. Энди нима бўлди? Билга-Ҳоқон охирги васиятини қолдирди:

*Эй, турк қўмондонлари ва халқи, қулоқ тутинг! Устингиздаги осмон қулаб тушиб, остингиздаги ер ўпирилиб кетмаса, эй турклар, ким сизнинг Салтанатингизни ва ҳаётингизни барбод қила оларди? Эй турклар, афсус ва надомат чекинг! Қатъиятсизлигингиз учун доимо ошқозонингизни ва миянгизни тўйдириб турган ўз доно Ҳоқонингизни сотиб қўйдингиз, ўзингиз дунёнинг Тўрт Бурчига қадар чўзилган давлатга хоинлик қилдингиз ва ўзингиз ғалаён кўтарилишига сабабчи бўлдингиз. Мана энди қонингиз дарё бўлиб оқади, суякларингиз уюмидан тоғлар барпо этилади ва ўзи қул бўлган хўжайинлар ўғил фарзанд кўрадилар...*

Ҳукмдор ўлди, Қаҳрамон энди йўқ, биргина Тонгюқуқ дунё ақлу заковатини англаган, лекин ўз йўлидан адашган халқи ҳақида қайғуриши лозим...

Ана шу ўзим қўлда кўчириб ёзган ва кундалигимдан йиртиб олганим парчани атайин ўтирғичим устига Ли кўрсин деб ташлаб кетдим.

130.
Урумчи вокзалига етмай туриб, атрофни кузатганим ҳолда, бу вокзалдан олдинги охирги бекатми-йўқми, аниқ билмасдан автобусдан тушиб олдим. Урумчига қилагн бу сафарим аввалгисидан катта фарқ қиларди. Таржимоннинг кўчманчи ҳаётини яшаб ўтиб, бир кун жосусликда қўл келадиган ажойиб техникаларни ўрганиб олганман. Масалан, сиз Робия Қодир супермаркети қаерда жойлашганини жуда яхши биласиз, лекин ўша томонга қараб кетаётган йўловчидан *Кечирасиз, Робия Қодир супермаркети қаерда жойлашган?* дея сўрайсиз. У сизга тушунтира бошлайди ва *Мен ҳам ўша ёққа кетяпман, албатта кўрсатиб қўяман*, дейди. Шу нуқтадан ўзаро суҳбатингиз бошланади. Агар яхши ният қилсангиз, суҳбатингиз натижасида дўстлашиб қолишингиз мумкин.

Аёлнинг исми Марям бўлиб, ёлғиз она эди. Унинг ўғлига супермаркетдан телепузикми ва ё дангасаполвоннингми расми туширилган футболка сотиб олгандим. Аёл мени уйғурча лағмонга таклиф этди. Икки кунни унинг Урумчи атрофидаги лойшувоқ уйида ўтказдим. Марям икки кун *Хангшиан Бингуа* меҳмонхонаси қаршисидаги суратхонадан менинг чиқариб қўйилган расмларимни олиб келиш учун югурди. Ахири у уларни келтириб берди - икки ёшли расмлар: саҳро ўртасидаги эшак, машҳур сўфи Офоқ-хўжа зиёратгоҳи, *Икки от бир-бирини тепган маҳал уларнинг орасидаги эшак ўлади* деган буюк шоир Юсуф Ҳос Ҳожиб зиёратгоҳи, Урумчи тепалигидаги Хитой ибодатхонаси, бир жуфт Манихеан қўлёзма ва ... ва... юрагим Урумчидан Турфонга қадар қаттиқ уриб турганди... бир, икки, уч, тўрт... бир неча мутлақо оппоқ суратлар. Йўқ, улар тамоман оқ эмасди: бир неча овалсимон нур тўрт томондаги чанг бурчакдан таралиб турарди... Ўлик Шаҳардаги тош...


131.

Ли икки ярим йил аввал Турфонда мени кузатиб юрган одамнинг айни ўзи эди. Ли ё Жон деб аталади ё Жонни Ли. Бу тушунча миямни тешиб ўтиб, мени қўрқитиб юборди. Нега олдинроқ буни сезмадим-а? Бу шунчалик аниқ эдики! Майин соқолини қЕртишлаб, катта қора кўзойнак тақиб, инглизча гапиртириб қўйсангиз бас, қаршингиздаги ё орқангиздаги Лидан кўра, устингиздаги Жонни ясайси-қўясиз. Бу унинг хавфсизлик кучлари ходими эканини билдирадими? Шунга қарамай, у жангарилар орасида уларнинг ишончини қозониб юрибдими? Қандай қилиб? Қачон? Қаерда? Нега?

Вой Худо, жинни бўлиб қоляпманми?

Катта қора кўзойнак таққан ҳолда Турфонга кетаётган автобус орқасида ўтириб кетардим, бу кўзойнаклар қиёфамни ўзгартириш учун тақилган, қолавреса, бу ўлкаларда кўзга яққол ташланадиган биринчи белги бўлиб, менинг туристлигимга ишора эди. Айниқса, менинг икки йилдан зиёд вақтдан бери қидирувдаги портлатгич сифатидаги ҳар бир назорат пунктига осиғлиқ турган суратимни хаёлга келтирсам... Ҳарқалай хавфсизлик ходимининг қўлига тушмаслигим керак эди, ҳаётимнинг биргина ипи - Жан-Пьернинг паспортини қўрқув ичра олиб юрардим. Шукурки, манзилга етиб келдим. Дунёнинг энг чуқур инқирози.

Ҳаммаси тескари тартибда қайтарилаётган эди. Тер босган қўйиндаги қоғоз парчаси, катта қора кўзойнакли Жон-Зиангнинг зуғуми остида махфий агентлар тўғрисидаги хаёллар, Ўлик Шаҳарнинг ўзидан аввал келаётган чанг иси. Жаннат деб ўйлаганим жаҳаннам қуршовига қайтаяпманми?Шундай хаёллар мени янада эҳтиёткор қилиб қўйди, биринчи дуч келган уйғур дорихонасидан кўзойнаклар сотиб олдаим ва уни таққандан кейингина бир оз хавфсизроқ сездим ўзимни, гарчи бу кўзойнакларда атрофни аранг кўриб турардим. Шу ерликларнинг айтишича: қассобдан сотиб олиб, баққолга пулини тўлайди. Бу иккинчи ҳалқа бўлиб, мен замонавий цивилизациянинг марказида эмас, балки учинчи дунё мамлакатларида умргузаронлик қилардим. Дунёнинг ҳануз одам кун кечираётган нокерак ўлкаси. Шундай қилиб, қовушмаган кўзойнакларим туфайли юзага келган бош оғриғимни босган кўк чойдан ичиб, токзордаги узумлар остида куним ўтди. Кечга яқин айланма йўл орқали Ўлик Шаҳарга томон йўлга тушдим.

Аввалдан ҳисобга олмаган бўлсам-да, ўша тун ой тўлиб турган эди. Бирдан, Хитой манбаларида ёзилишича, кўк туркларнинг ойдин кечада ҳужумга ўтишлари эсимга тушиб кетди.


132.
Бугун эрталаб, яна бир бор, яшаб яшагим келмай қолди. Кеча ярим тунда қўмондон телба биродаримизни ўз қўли билан отиб ўлдирди. У бу сафар ҳам қочиб кетмоқчи эди, лекин қўриқи уни топиб олди. Улар: *Беркинган жойингдан чиқ, сенга тегмаймиз, пулемётимиз ҳам ўқланмаган!* дея бақиришди. Телба йигит оёғини қайириб олган чамаси қимирлай олмасд, лекин аввал патруль, кейин қўмондон унга яқинлашиб келди ва телбани оёққа турғизмоқчи бўлди. У эса икки қадам юрибоқ юмалаб тушди. Қўмондон уни яна турғазиб қўйди, лекин телба ожиз мушукчадай зўрға судралди ва қорга йиқилди. Қўмондон уни яна бир бор ўрнидан кўтарди ва олдинга томон итарди. Йигит бир қадам қўйди-ю, чалқанчасига қулади... Қўмондон нарироққа бориб, унга қарата ўт очди. Тана бир неча бор тўлғонди-ю, ер тишлади қолди.

Бу мудҳиш воқеа ойдин кечада рўй берди...


133.
Мен Антрактиканинг қоқ ўртасида ўлмоқ истайман. У ерда ҳеч ким мени тополмайди ва ўлик танамни кўриб ғамга ҳам ботмайди.
Нима деб валдираётганимни биламан. Мен унда бир марта бўлганман. Бу 8ам халқаро анжуманлардан бири эди, ҳомийлар чегарани бузиб, Антарктикада йиғилиш ўтказишга келишишганди. Мен доимо бу минтақага боришни орзу қилардим. Шуниниг учун бу Атланта афсонасига ўхшаган бир нарса бўлдики, қорли тоғлардаги ишониш қийин бўлган ғаройиботлар ичида ўз йўқотган жаннатингни топиб олгандай бўлсан киши: узун папоротниклар, динозаврлар ва болаликдаги рангли, тасаввурларга бой хаёлий ҳаётдаги яна минглаб бошқа нарсалар...

Афсуски, бунинг ўрнига хунукдан-хунук бир қаватли метал уйларни кўрдимки, уларнинг бирида халқаро анжуман ҳомийлари *разминка* қилишни бошлашди. Биринчи кун ичкилик билан ўтди-кетди, лекин Қозоғистон чўлларидан келган Донобек деган бир ёш совет йигити билан танишдим. У ён атрофни айлантиришга ваъда берди ва мижозларимиз жўрликда хуррак отишни бошлаб юборишганда чиқишни назорат қиладиган ҳужжатларимизни стол устига қўйиб, бошпанамиздан чиқиб кетдик. Барча йўл сигнал байроқлари ўрнатилган симлар билан белгилаб қўйилган, Донобекнинг тушунтиришча, энг хавфли нарса қор остидаги муз ёриқлари экан. Шамол қайсидир томондан яна бир қайсидир ёққа эсар, тиканли қор учқунлари чироғимизнинг ёруғида нурланиб, нақ кўзимизни мўлжалга оларди. Донобек қор устида юрадиган чана олишни таклиф қилганди, мен осудаликни бузмасликни ёқтирмаслигимни айтиб рози бўлмагандим. Биз икки жуфт чанғи олдик. Донобек олдинда, мен орқада кетдик. Биз оппоқ қоронғиликда етим учоқ шумшайиб турган учиш майдони томонга қараб кетдик. Унинг охирида кичик тепалик бор эди. Мен чанғи учиш учун у ерга боришни таклиф қилдим. Донобек хоҳламайгина таклифимга кўнди ва биринчи бўлиб тепаликнинг устига чиқиб, учиш майдонига томон елиб кетди. Унинг қизил қор костюми қоронғиликда кўздан ғойиб бўлди. Мен ҳам ўша тепаликка чиқиб, бир зум атрофга боқдим ва ажойиб манзарани кўрдим - шамол булутларни қор учқунларидан ҳам тезроқ олдинга сурар ва баъзан қоронғи осмонда ойнинг қораси кўриниб қоларди. Бу лаҳзаларда бутун водий сеҳрли нурга чўмилган, менинг завқим ошиб-тошиб кетиб, бирдан тепаликнинг нариги тарафига сирпаниб кетдим. Бу шунчалик кутилмаганда рўй бердики, мен асло тўхтай олмас ва бунин нақадар хавфли эканинитушуна бошлагандим, чунки у томонда тутиш учун арқонлар йўқ эди. Худо билади олдинда нима кутиб турганини, қайси лаънати ёриқ ҳаётимга якун ясайди ва ё тезлашиб бораётган ҳаракатимга қайси қоя чек қўяди...

Ҳатто ҳозир ҳам ўша танамни музлатиб юборадиган пойгани яхши эслайман. Лекин ўлганим йўқ. Бир соатча ўтиб, Донобек икки қутқарувчи билан қор устида юрадиган чанада келиб, мени тутиб қолишди. Лекин умрим бино бўлиб Ернинг стида-ю осмон остида унчалик қўрқувга, шунинг билан бирга у қадар завқу шавққа тўлган эмасман..
134.
Бу воқеани яри тунда Ўлик Шаҳарнинг бошқа еи ва бошқа осмони остида эсга олдим. Буни ўзимга далда бериш учун эсладим, чунки ҳатто энг йирик минтақасининг ўртасида (Ернинг қоқ киндигида) ҳам ёлғизлигимдан даҳшатга тушаётгандим. Шеригим тўлин ой қоп-қора осмонга безбетларча кириб кета бошлаган, унинг қарашидан юлдузлар ҳам эриб кетаётганга ўхшарди. Томирларимда қон ўрнига қўрқув оқаётган эди гўё. Мен сирли ёзувлар ўйиб ёзилган тошни кўрсатган ўша қарияни кўрмоқни истардим. Ундан Зевнинг тақдири тўғрисида сўрамоқчийдим. Негадир менга шундай туюлардики, агар шу ишни қилсам, ўтган икки йил ичидаги воқеаларнинг тагига ета оламан деб ўйлардим. Аслида бу бемаъни бир фикр эди. Лекин у Билга-Ҳоқоннинг фикричалик маънисиз эмасди. Ҳақиқатда эса, ҳамма телбалик ўзимда эди, чунки ўша қария тунда мени кутиб ўтирган дея ишонардим. Бироқ, кўпинча аниқ нарсалар ноаниқ нарсаларни келтириб чиқаради.

Барибир! Мен Ўлик Шаҳарнинг бўм-бўш лой шакллари, ҳатто вайрон қилинган ярим шакллари орасидан олдинга юриб борардим. Ер остидаги ҳар бир илонннинг вишиллашию, қуриган ўт орасидаги ҳар битта чигиртканинг овозига диққат билан қулоқ тутардим. Ахири мудҳиш тунда Ўлик Шаҳарни кесиб ўтдим, лекин шуни сездимки, тўхтаган заҳотинг, атрофингга боқиб, тунинг қатнашчиларидан бирига айланар экансан, масалан, қабрга ўхшаган бир нарсанин устига кичик ёзилиш қилишга тўхтайсан ва шу онда қўрқинчдан асар ҳам қолмайди. Ҳаракат қилишинг билан ҳаммаси яна бошланади. Ҳатто тунда ҳам ўзингни асирга олишлари, зуғум ўтказишлари ёки ҳужум қилишларидан қўрқиб турасан.

Шу хаёллар билан ўтган сафар сирли дарвиш билан учрашган жойимга келдим. У ерда ерга қоқилган бир таёқ ва унинг учида бир неча муқаддас латталар билан отнниг ёллари ҳилпираб турарди. Лекин ҳеч ким йўқ эди. Атрофга қараб, ҳаёт асарини кўрмадим, лекин яқинроқда силлиқ бир нимадир турганига кўзим тушди. Юрак ютиб унга яқинлашдим: бу дарвиш менга кўрсатган тошнинг ўзи эди. Ўша пайт не аҳволга тушганимни тасаввур қилиб кўринг: истаган еримни топгандим! Тош тупроққа кўмилиб кетган, шу боис унинг атрофини тозалашга тушдим, бироқ унинг юзаси теп-текис эди. Шунда тошни ағдариш учун ерни кавлай бошладим. Қизишганимдан бирор асбобим йўқлигини ҳам унутиб, ерни эртаклардаги жодугарлар сингари қўлимда кавлай кетибман. Юзу баданим қора терга ботиб кетди. Бир соатдан ошиқ вақт қаттиқ ишлаб, тошни ўгирдим, лекин не кўз билан кўрайки, унинг бошқа томони ғадир-будир ва тишли бўлиб, унда ҳеч қандай ёзув кўринмасди...
135.
Эндиликда вақтини асосан жангарилар штабида ўтказаётган Ли стол устида қолдирганим ёзувни ўқиганди. У буни мен ухлаб ётганимда ўқиган ва жавобини ёзиб, стол устида қолдирганди:
*Бухоролик шаҳзода Нян Сянг (Ат-Тоҳарийнинг ёзишича, ҳақиқий исми Ниҳон Санг - Яширин Тош) ахири ноаниқликка барҳам бериб, Ислом динида эканини тан олди. Аслида, ҳар бир эътиқодли инсон мусулмондир, деди у, чунки бу фақат Аллоҳга бўйсунмоқ дегани. *Нега сен эътиқодингни бизнинг тилимизга ўгирмадинг? Нечун Хитойча эътиқоддаман деб даъво қилиб юрдинг?*, дея сўради ундан Тонгюқуқ. - *Қоронғи хонада қора мушукни топиш жуда мушкул иш, айниқса, мушук у хонада бўлмаса...* - жавоб берди шаҳзода.
*Унга кейин нима бўлганини биласанми? - сўраганди Ли жавобида. Бирдан унинг хушхабарлари ҳар томонга тарқаб кетди. - Лекин мен мушуклар ҳақидаги бошқа бир ривоятни биламан - давом эттирганди Ли. - Кунларнинг бирида эр уйига бир кило гўшт сотиб олиб келибди. Кечроқ уйга меҳмон келади, буни пишириб берасан, - дебди у хотинига. Хотини гўштни яхшилаб қовурибди, лекин у пишгунича битта-битта олиб, еб қўйибди. Эри уйга келгач, унга қовурилган гўштни мушук еб қўйди, деб шикоят қилибди. Жаҳли чиққан эри дарҳол мушукни олиб тарозига солиб тортибди ва мушук роппа-роса бир кило чиқибди. Агар гўштни еган мушук бўлса, гўшт қани ва агар гўшт унинг ичида бўлса, мушук қани? - деган экан қизиққон эр...*
136.
Ушбу жавоб мазмунининг икки маънолилиги ўз йўлига, лекин ундаги мантиқ юрагимда турли хил туйғуларни уйғотиб юборди. Ўқувчилик йилларимда бир куни сиёҳдон тагидаги чуқурчада бир ёзув борлигини сезиб қолдим. Буни қиз бола ёзгани билиниб турарди: *Мен сени севаман ва жавобингни интизорлик билан кутаман*. Ўша маҳал қанақа аҳволга тушганимни бир тасаввур қилинг. Ўшанда жавоб ёзиб, унда бу гапни ким ёзганини сўрагандим. Лекин на унда ва на ундан кейин гапни ёзган қиз ўзини кўрсатмади, шунга қарамай, ҳаётим мактублардаги сирли муҳаббат ҳаяжонларига тўлиқ кечди.

Ҳозир Линниг қисқача хатини ўқиб, негадир ўша туйғуни бошимдан кечирдим, гарчи у севги ҳақида эмас, балки менинг ҳаётим ва ўлимим хусусида эди.

Мен шарқ шеъриятидан таржима қилиб турардим. Бир гал қайсидир китобга ёзилган сўзбошида шоирнинг бир сатрини шарҳлаш анъанаси мавжуд эканини ўқиганман. Сўзбоши муаллифи гапида давом этар экан, агар бирор киши шу шоирнинг бир сатрини 39 йўлда шарҳлаган ва бу сатр ортида бошқа нарса йўқлигига ишонч ҳосил қилган бўлса, бошқа бир мутахассис бу шарҳга яна 47 та қўшимча шарҳ ёзганини айтганди.

Шуни назарда тутган ҳолда Лининг мушук ва гўшт тўғрисидаги сўзларини биргина туйғу билан шарҳлашга юрагим бетламаган бўларди: *Ли жосусми ё жангари?* ёки: *У Жон эмасми, агар шундай бўлса, бу ерда нима қилиб юрибди?* Ҳатто: *Ли менинг қиёфадошимми ёхуд ўзим Ли эмасманми?* деб ҳам сўрай олмасдим. Ҳозир ўша 47 та қўшимча шарҳ ёзган иккинчи билимдонга ўхшаб, ёзишмада батамом бошқа қатлам ҳам мавжудлигини кўра олдимки, уни сизларга тушунтиришга ҳаракат қиламан.

137.
Ҳафсалаи пир бўлганди. Хонавайрон бўлгандим ҳатто. На расм ва на қари дарвиш бор, бунинг устига Шинжонда ҳар хил бош оғриқларга йўлиқардим. Эртасига кунниг қоқ ярмида, бирор жозот инидан чиқмай яширинб ётадиган маҳал яна ўша жойга бордим. Яхшики, ўйинқароқ болаларни учратиб қолдим ва улар дарвишнинг икки-уч йил олдин кетиб қолганини айтишди. Мени Турфонга боғлаб турган биргина ришта бу Зевнинг кундалиги эди. Болалар ҳамма нарсадан хабардо бўлиб, уларнинг бири Урумчида яшайдиган Шиа Чанг холанинг исмини билар, унинг бу ерда укаси ҳам борлигини айтиб берди. Холанинг укаси яқинда қамоқдан қайтди, деди болакай ва ҳатто менга унинг қаерда яшашини кўрсатиб қўйишгача рози бўлди. Гарчи у Кариз деган жой ёки ер ости ўралари яқинида бир манзилни кўрсатиб қўйган эса-да, лекин ҳали Шиа Чангнинг укаси билан учрашишга ҳали тайёр эмасдим. Ахир унга нима ҳам дердим: *Салом, Мен Зевнинг кундалигини ўқиб чиқдим...?* дейманми? Хўш, нима бўпти?

Мен нима қилишни ўйлаб, ўша ўраларни кўришга бордим. Аслида Зевнинг қотили билан кўришиш учун йўлга чиққандимки, албатта, у мени кўришдан хурсанд бўлади дея ўйлаш телбалик бўлур эди. Ундан нима олишим мумкин? Умуман, нега бу ерга келдим? Яхшиси, ортимга қайтиб, жаноб Жан-Пьер Балпега ўзимни топширганим маъқулмасми? Шу хаёллар билан бир соатча тентираб юрдим ва бирор яхшироқ қарорга келолмай, ахири ер ости каналида тинмай оқиб турадиган сувга ўхшаб, таваккалига у билан кўришиш учун кетдим.


138.
Ҳаддан ташқари кўркам юзли, ўрта ёшлардаги мулойим бир киши эшикни очди ва ўзимни таништирмасимдан бурун ичкарига таклиф қилди. Очиғи, узун ҳовлида унинг ортидан эргашиб боришдан қўрқаётгандим, худди у қочоқ эчки-ю мен қурбонликка сўйиладиган қўй кабиман. Бунниг устига у уйда ёлғиз яшайдигандай туюларди. Мени атиргул соя солиб турган тахта супага ўтиришга таклиф қилди. Ўн ёшлар чамаси қизалоқ дарҳол дастурхон келтириб ёзди ва нон-чой келтирди. Тўғриси, уни кўргач, сал ўзимга келдим.

*Биз сизни кутаётган эдик* - деди у. Мен қўрқиб кетдим, келишимни қаёқдан билдийкин? *Замин тўла ғийбат* - деди у ва жилмайди. Билишимча, Шиа Чанг ярим хитой, ярим уйғур эди, унинг укасини эса кўпроқ хитойга тортган бўлса керак деб ўйлардим., лекин қаршимда турган кишида хитойликка хос ҳеч бир аломат сезилмасди. Қаерга келиб қолдим, дея иккиланишга тушдим. *Сиз Шиа Чангни қоралаб келгансиз, мана мен унинг укасиман* - деди у киши худди фикримни ўқиётгандай.

Лолу ҳайрон бўлиб, ўзим, кейинги икки йилда кечган ҳаётим, Лук, кекса дарвиш, Зевнинг кундалиги, бу ерга қайтишим ҳақида деярли ҳамма нарсани гапириб бердим... У диққат билан қулоқ солди ва биргина гап айтди, лекин ўша гап мени эсанкиратиб қўйди. У: *Ўша қария менинг отам бўлади* деганди.
139.
Хитой Ҳукмдори қон ҳидини сезди. Биринчи майса ерни ёриб чиққан ва Билга-Ҳоқоннинг кулини ерга топшириш фурсати етганда, у элчиси князь Тсуанни ҳамдардлик билдириш ва қурбонлик қилиш учун юборди. Тонгюқуқ унинг ташрифидан кўзланган асосий мақсадни яхши биларди, лекин Ичи Лянгни Ўрта Қиролликка қайтишга қарор қилмасдан бурун князь делегациясига қўшиб юбориш лозим эди.

Тонгюқуқ ҳисобидаги вақт камайгандан камайиб борарди. Ўзининг йирик юришида ҳатто кўтарилиб-тушиб турган сарой аҳлини-да унутиб қўйганди: Побека ўғли Йўллукни ўзига оғдириб олган, лекин унинг икки амакиси - Салтанатнинг ўнг ва чап қанот шаҳзодалари ҳукуматни бошқаришда тўсқинлик қилар, шу боис Побека ўз ўғлини ғарбий шаҳзодани қатл этиб, унинг армисига эга бўлишга кўндирди. Лекин айтмишларки, қўрқоқ олдин мушт кўтарар. Ғарб шаҳзодаси Ҳоқон саройига ҳужум қилиб, Йўллукни ўлдирди. Лекин кўп ўтмай унниг ўзи ҳам Муқаддас Дуғин тоғига қилган сўнгги зиёратидан қайтаётганида Тонгюқуқ одамлари томонидан ўлдирилди.

Унда Ҳалҳа деган жойда Аллоҳнинг инояти билан шаҳзода Ашина ва Она Бўридан Кўк Туркларидунёга келди. Бешинчи ойнинг ўртасида Тонгюқуқ дарахт, ўсимлик ва ўт-ўлан ўсмайдиган дарё ёқсидаги муқаддас Бодун-инли тепалигига келиб, Тангри номи билан бир оқ қўйни қурбонлик қилди. У ерда, тепаликнинг устидан туриб кўрдики, турли қабилаларнинг турфа вакиллари ҳар хил йўлдан кетиб боришар, лекин сўнгги борар манзиллари бир экан. Гарчи у буни бутун ҳаёти давомида кўрган бўлса ҳам, биринчи марта унинг яширин маъносини тушуниб етди.

Одамлар Тангридан худди шу ерда Тонгюқуққа хабар келган дейишади, улар муқаддас тоғнинг тепасидан дарё қирғоғига тушиб турган бир нурни кўришган, лекин тулки овловчилар ҳеч кикмга бирор нарсани очиқ айтишмаган...
140.
Тушимга бир уй кирибди, бу уй Эмма Бовари ёки Анна Каренинага каби машҳур адабий қаҳрамонга қарашли эмиш. Ҳар 8ил одамлар менинг у билан муносабатимдан даҳшатга тушишяпти. Ичкарига кириб, қулоқ тутаман. Залда диний қўшиқ айтаётган болалар хори. Уларга ҳалақит бермаслик учун юқорига чиқишим керак, лекин зинага кўтарилмоқчи эдим, унинг ўрнида нур таратиб турган йирик айиқполвон турганини сезаман. Тахтадан фойдаланиб, юқорига тирмашаман, лекин у шунчалик силлиқки, орқага сирпаниб тушавераман.

Қаҳрамоннинг ўзи олдимга келиб, мен билан жиддий бир нарса хусусида суҳбатлашади, лекин фикру хаёлим бошқа нарсада.

Қасрнинг юқорисига қараб югураман ва бирдан довул бошланади. Қора, қўрғошин булутлар компьтердагидай сузади, шамол унинг занжирларини бузиб юборади. Лекин мен аллақачон қасрнинг юқорисидаман. Ундан пастга қарайман, тошқин ҳамма нарсани бузиб юбомоқда. Энг сўнгги ҳаракат - қаршидаги эшикни очишим ва хона ичкарисига киришим керак, лекин довул бундай қилишга йўл бермайди...

Бирдан шундай туйғу билан уйғониб кетдимки, энди нима қилишни аниқ билардим. Қоронғиликдаги Лининг ўриндиғига қарадим. У йўқ эди, сўнг яна ухлаб қолдим ва бояги тушнинг давомини кўрдим (қизиқ!).

Биринчи эпизодда юқоридаги кутубхонага чиқаман, унинг эшиги ўрнида бир тешик бор, пластик рамкага тегишим ҳамони у сурила бошлайди. Уни суриб, биринчи қаватдаги пластик томда кўрганимга ўхшаш кутубхонага кираман. Унда на девор, на шифт бор., фақат эгилувчан том. Аввал чой тўла пиёламни тушириб юбораман, сўнг пастга сакрайман ва гарчи тап этиб томга тушмасам ҳам, у билан баб-баравар туравераман, худди учаётгандай..

Иккинчи эпизод исиқ ёмғир ҳақида эди. Ёмғир остида яланғоч турардим, осмондан қуйилаётган кучли оқим бутун баданимни ювиб тушарди. Мен уйга томон юрар, ювиниб олишни ўйлардим, ким билсин, қанақа ёмғир ёғяпти экан ҳозир...


Гарчи кейинги икки эпизод ҳам анча ёқимли бўлса-да, уларнинг нима билан тугаганини билолмай уйғониб кетдим. Ниҳояси қандай бўлди экан?
141.
Ҳаётда баъзан биз ўйлаган нарсаларнинг акси содир бўлади. Шиа Чангнинг укаси Зевни ўлдирмаганди. Унинг исми Камол бўлиб, Зевнинг қотили сифатида ўн икки йил қамоқда ўтириб чиққан, лекин аслида ҳаммаси бошқача рўй берганди.

Ҳа, Зев уларникига келгани рост. *Қора Тулки ҳақидаги қадимги эртакни эслайсизми?* - сўради мендан Камол. Бошимни қимирлатган эдим, у *Шундай қилиб Шиа Чанг уни бу ерга олиб келди* - деди. Лекин Зев унинг отаси билан танишгач, қизни унутди. Улар тули хил тарихий масалалар хусусида суҳбат бошлашган, эртасига Шиа Чанг Урумчидаги ишига кетганида ҳам, Зев у ерда қолиб, ҳикоя кетидан ҳикоя ёзиб ўтирарди. (Шу пайт у менга Зевнинг ўша ҳикоялар ёзилган кундалик дафтарини узатди, уларнинг кўпини аввал келтириб ўтганман...)

*Отам: *Ҳамма шохлар бир танадан ўсиб чиқади* дея кўп такрорларди, шу боис у хитой миллатига мансуб бўлган онамизга уйланган, шунинг учун Зев ундан суфизм билан шуғулланишни сўраганида, у қаршилик қилмаганди. Кейинчалик, отам мендан Зевни лғизликдаги қирқ кун - чилла пайтида Гансудаги машҳур буддистлар ғорига олиб боришимни илтимос қилган. У улар муқаддас ёзувларга тўла экани ва мен уларни Зевга ўқиб беришим керак эди. У менга ҳатто уларни қаерда, қанақа тошнинг ортида топишимиз мумкинлигини айтганди. Эртасига Зев билан Сучжуга йўл олдик. Автобусда деярли икки кун юрдик ва ахири манзилга етиб келдик ва биринчи ғорга киришимиз билан, у ерда ўқ товуши эшитилди ва мени ҳибсга олишди. Зевга нима бўлгани ҳақида хабарим йўқ, лекин мени қамоққа тиқиб, унинг қотили сифатида жазога тортишди...



Достарыңызбен бөлісу:
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   13




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет