“қаттиқ нарса” (I.128), oğla “ёш йигит” (I.149), qïz kiši “бахил одам” (I.315), bük “бурчак” (I.321), čigit “пахта уруғи, чигит” (I.337), köδäj “кўза” (I.341), qaδïq “ёғоч идиш” (I.363), tudrïč “гўнг” (I.422), baštar “ўроқ” (I.424), bitrik “писта” (I.441).
Яғмоча сўзлар: čarun “чипор дарахти” (I.392), čignä “сурги” (I.408).
Булғорча сўзлар: awus “мум” (I.91).
Барсағанча сўзлар: arïğ “чодир пардаси” (I.94), tünäk “зиндон” (I.387), sökti “кепак” (I.394), ačï “кекса хотин” (I.114).
Қашқарча сўзлар: sibüt “кашнич” (I.337), butïq “кичик меш” (I.358).
Туркманча сўзлар: qarït “ўғирлаш, талаш” (I.338), taquq “товуқ” (II.330).
Канжакча сўзлар: kenbä “бир ўсимлик” (I.393), körkä “ёғоч коса” (I.405).
Девонда бир гуруҳ сўзлар бир қанча диалектлар учун умумий бўлган деб кўрсатилади. Жумладан, қуйидаги сўзлар ўғуз ва қипчоқларда қўлланилиши таъкидланган: alïğ “ҳар нарсанинг қайтарилиши” (I.95), arïq “ориқ, заиф” (I.97), čufğa (čuwğa?) “йўл бошловчи, раҳбар” (I.400). Ёки яна мисолларни кузатинг: ebmäk “нон” (яғмо, тухси ва баъзи ўғуз ва қипчоқлар сўзи) (I.126), urğa “катта дарахт” (ўғуз ва арғуча) (I.148), benäk “уруғ” (арғу ва баъзи диалектларда) (I.367).
Айрим сўзлар бир диалектда маълум бир шаклда бўлса, иккинчи диалектда унинг ўрнида бошқа сўз қўлланилган. Бу нарса Маҳмуд Кошғарий томонидан ҳам алоҳида қайд этилган: Масалан, бошқа турклар идиш, коса, пиёлани ayaq десалар, ўғузлар унинг ўрнида janaq (čanaq?) сўзини қўллаганлар (I.112), турклар aδïn (бошқа, бўлак) десалар, ўғузлар aδruq деганлар (I.124), бошқалар камар, тўқа ва эгарнинг бошига ўрнатиш учун олтин-кумушдан ишланган зийнатни üstäm, ўғузлар эса saxt деганлар (I.131), турклар almïla (яъни олма) десалар, ўғузлар alma сўзини қўллаганлар (I.150), бошқа турклар ҳар бир оқ рангни örüŋ, ўғузлар aq // a:q деганлар (I.153), бошқалар шароб, мусаллас, майни süčik, Ила водийсида яшовчилар (яғмо, тухси ва чигиллар) майни qïzïl süčik деб атаганлар (I.387). Кўпчилик турклар čïqtï десалар, яғмо, тухси, ябоқу, қипчоқ ва баъзи туркман уруғлари худди шу маънода tašïqtï сўзини қўллаганлар: er ewdin tašïqtï “одам уйдан ташқари чиқди” (II.131).
Лексик қатлам орасида бир диалектда маълум маънода, бошқасида иккинчи маънода қўлланувчи сўзлар ҳам бўлган: Чигил туркларида uluš “қишлоқ” маъносида қўлланилган бўлса, Баласағун ва уларнинг юқори ёнидаги арғулар тилида “шаҳар” маъносини англатган (I.94), бошқа туркларда iŋäk сўзи “сигир” маъносида қўлланилган бўлса, ўғузлар тошбақанинг урғочисини шу сўз билан атаганлар (I.135), бошқалар ошхонани ašlïq, ўғузлар буғдойни ašlïq деганлар (I.137), бошқа турклар бургутни ва Муштарий юлдузини qara quš деб атаган бўлсалар, ўғузлар туя оёқларини учига ҳам шу сўзни қўллаганлар (I.319). “Kend – ўғузлар ва улар билан яқин турувчилар тилида қишлоқ. Кўпчилик турклар наздида вилоятдир” (I.330), бошқа турклар қурт (ҳашарот)ни qurt деганлар, фақат ўғузлар бўрини шундай деб атаган (I.328), бошқалар одамлар орасидаги шодлик ва кулгини baδram, ўғузлар ҳайит кунини bayram дейдилар (I.447). Турклар sen сўзини кичикларга, хизматчиларга ҳамда сўзловчидан даража, мартаба, ёшда қуйи бўлган кишиларга нисбатан қўллаганлар. Ўзларидан юқори ҳурматли кишиларни siz деганлар. Ўғузлар эса, аксинча, катталарга sen, кичикларга siz деб қўллайдилар. Кўпликда ҳам шуни ишлатганлар (I.326). Кўпчилик туркларда čapïldï сўзи “сувалди, чапилди” маъноларини англатган бўлса, уйғурларда бу сўз “бўйнига урмоқ” маъносидадир (II.135).
Полисемантик сўзларнинг баъзи бир маънолари айрим диалектлардагина амал қилган. Чунончи, ўғузларда čaqdï сўзининг “эшиттирди, айтди” маъноси ҳам қўлланилган: ol sözüg anïŋ qulaqqa čaqdï “у сўзни унинг қулоғига эшиттирди” (II.24). Soqdï (майдалади; чўқиди; чақди) сўзининг “чақмоқ” маъноси ўғузларга хосдир: anï yïlan soqdï “уни илон чақди” (II.26).
Бир гуруҳ сўзлар диалектларда стилистик жиҳатдан ҳам чегараланган эди. Жумладан, qïldï салбий маънода ҳам қўлланилгани сабабли, ўғузлар ундан қочиб, унинг ўрнида etti сўзини қўллайдилар: er yükünč etti “одам намоз ўқиди”. Турклар эса qïldï сўзини қўллаганлар (II.33). Ёки турклардаги tekindi – “эришди, муяссар бўлди” маъносидаги сўзини, девон муаллифининг ёзишича, ўғузлар “ёқтирмайдилар” (II.166).
Ўзлашган сўзларнинг миқдори бўйича ҳам диалектлар орасида фарқ бўлган. Буни Маҳмуд Кошғарийнинг қуйидаги маълумотида ҳам кўрамиз: “Ўғузлар форслар билан аралашгач, баъзи сўзларни унутдилар ва уларнинг ўрнига форсча сўзлар қўллай бошладилар: qumğan ўрнида āftāba; baqan ўрнида qalïda (бўйин тумор)” (I.406).
Уй иши:
“Девону луғатит турк” асарини бир бошдан ўрганиб чиқинг. Унда туркий сўзларнинг изоҳланиш йўлларига алоҳида аҳамият беринг. Амалий машғулот учун бирор мавзу чегарасида материал йиғинг.
“Девону луғатит турк”нинг биринчи ва учинчи томлари бўйича ўқиб чиққанларингизни системага солиб, қисқача конспект тузинг.
Талабаларнинг билимини текшириш учун сўроқ ва топшириқлар:
Маҳмуд Кошғарий ва унинг “Девону луғатит турк” асари тўғрисида маълумот беринг.
Ҳозирги туркшуносликда асарнинг қандай нашрлари амалга оширилган? Тошкент, Урумчи, Москва нашрлари, уларнинг ютуқлари тўғрисида сўзлаб беринг.
Асарнинг тузилиши, унда сўзларнинг берилиш принципларини изоҳланг.
Луғатда сўзлар маъносини изоҳлаш йўллари тўғрисида сўзлаб беринг.
Амалий дарс соатида ўқитувчи кўрсатмаси билан “Маҳмуд Кошғарий ва унинг “Девону луғатит турк” асари” мавзуида илмий семинар ўтказинг. Семинарда имкон қадар слайд материалларини кенг қўлланг.
Учинчи мавзу: “МАҲМУД ЗАМАХШАРИЙНИНГ “МУҚАДДАМАТУ-Л-АДАБ” АСАРИ”
Таянч тушунчалар: кўп тилли луғат.
Дарсни олиб бориш йўллари: маъруза, савол-жавоб. Маъруза баён, таҳлил, чоғиштирма-типологик усулда олиб борилади.
Дарсдан кўзланган мақсад ва вазифалар: Маҳмуд Замахшарийнинг “Муқаддамату-л-адаб” асарининг тузилиши, ундан ўрин олган туркий сўзликнинг тил тарихи учун аҳамияти тўғрисида билим бериш.
Кўрсатма ва тарқатма материаллар: луғат қўлёзмасининг ксеронусхаси; топшириқ берилган варақлар; турли жадваллар, слайдлар.
Дарсда қўллаш мумкин бўлган техник ускуналар: компьютер, расмни деворга туширувчи мослама, катта бичимли телеэкран, турли дисклар.
Э ъ т и б о р қ а р а т и л а д и г а н м а с а л а л а р:
Маҳмуд Замахшарийнинг “Муқаддамату-л-адаб” асари.
“Муқаддамату-л-адаб”нинг қўлёзма нусхалари.
Туркий тиллар тарихини ўрганишда “Муқаддамату-л-адаб”даги туркий сўзликнинг ўрни.
Луғатнинг тузилиш принциплари.
Луғатдаги туркий сўзликнинг муҳим тил хусусиятлари.
“Муқаддамату-л-адаб” (“Адаб муқаддимаси”) – араб тили лексикологияси ва грамматикасига бағишланган асар. Китобга бундай деб от қўйилувининг сабаби, ўтмишда тил билими, тил қоидаларини пухта эгаллаш, сўзни билиб ишлатиш, сўзга чечанлик балоғат даражасини, адабни, эстетикани белгилаган. Шуларга таянган ҳолда, ушбу асарда баён этилган қоидалар адабнинг бошланиши, асослари эканига ишора этилади.
Китоб муқаддима, исмлар бўлими, феъллар, ҳарфлар (ёрдамчи сўзлар), исмларнинг турланиши, феълларнинг тусланиши бўлимларидан тузилган. Шулардан исмлар ва феъллар қисми луғат бўлиб, қолган бўлимлар грамматикага оид. Асарнинг ҳар қайси бўлими тугал бир асар шаклида. Муҳими шундаки, асарнинг мавжуд қўлёзма нусхаларида бу бўлимларнинг жами берилган эмас. Баъзан унинг араб тили грамматикасига бағишланган бўлимлари асардан ажратиб олиниб, мустақил китоб шаклига келтирилган. Уларнинг айримлари грамматика тўпламлари таркибида. Шу зайл ушбу бўлимлар алоҳида грамматик асар сифатида хизмат қилган.
Яна бир белгиси, мавжуд қўлёзма нусхаларда луғат бўлимлари ҳам тўлиқ берилмаган. Айрим қўлёзмаларда ё феъллар ёки исмлар бўлими йўқ.
“Муқаддамату-л-адаб”нинг луғат бўлими (яъни исмлар ва феъллар қисми) кўп тиллидир. Луғат араб бўлмаган халқларга (форслар, туркий халқлар, мўғуллар ҳамда қадимги хоразмча сўзловчиларга) араб тилини ўргатиш учун мўлжалланган. Унга мўғулчанинг киритилишига сабаб кейинчалик – XIII асрга келиб мўғуллар орасида ҳам мусулмонликни қабул қилганлари бор эди, улар ҳам ҳисобга олинган. Луғатда аввал арабча сўз келтирилади, сўнг бошқа тилларда – форсча, туркий, мўғулча, баъзан қадимги хоразмий тилида унинг таржимаси берилади. Демак, луғатдаги арабча сўзлик арабшунослик учун, форсча ва қадимий хоразмча сўзликлар – эроншунослик, туркий сўзлик – туркшунослик, мўғулча сўзлик эса мўғулшунослик учун аҳамиятга эга. Агар турли тиллардаги сўзлар қиёсий-типологик аспектда ўрганилса, қиёсий тилшунослик учун ўта аҳамиятли иш бўлади.
Муҳими, асарнинг мавжуд қўлёзмаларида сўзликларнинг берилиш тартиби ҳар хил: асар нусхалари икки тилли (арабча–форсча, арабча–туркий, арабча–хоразмий), уч тилли (арабча–форсча–туркий), тўрт тилли (арабча–форсча–туркий-мўғулча) вариантларда тарқалган.
Асарнинг луғат бўлими киритилган қўлёзмалари ҳозирги чоғда Ўзбекистон, Россия, Тожикистон, Доғистон, Англия, Франция, Италия, Туркия, Эрон, Ҳиндистондаги йирик қўлёзма фондларида сақланмоқда (қаранг: Исломов 1998,12–21). Лекин буларнинг барида ҳам туркий сўзлик учрайвермайди.
Муҳими, “Муқаддамату-л-адаб”нинг қадимги хоразмий тилидаги сўзлик киритилган нусхалари ҳам бор. Шулардан бири фанда кўния нусхаси деб юритилади. У Юсуф оға кутубхонасида 5010 рақами билан сақланмоқда. Қўлёзмада асарнинг бўлимлари тўлиқ. Луғат икки тилли: арабча сўзлар хоразм тилидаги таржимаси билан келтирилган (хоразмча матн ҳам араб ёзувида). Қўлёзманинг китобат санаси номаълум; чамаси XII асрда кўчирилган.
Яна бири Англиянинг Британия музейида сақланаётган 7429 сонли қўлёзмадир. У 1353 йили кўчирилган. Қўлёзмада фақат феъллар бўлими бор. Луғат, асосан, арабча–форсча–туркийда бўлиб, ора-сира хоразмча сўзлик ҳам киритилган.
“Муқаддамату-л-адаб”нинг фариантлари кўп. Шу ўринда асарнинг луғат бўлими (исмлар ва феъллар) илк вариантда қандай кўринишда эди деган сўроқ туғилуви табиий. Олимлар, муаллиф асарнинг луғат бўлимини икки тилда (арабча–форсча) тузган; туркий ва мўғулчасини котиблар кейинчалик унга қўшганлар, деб биладилар. Бизнингча, бу фикр тўғри эмас. Буни рад этувчи далиллар ҳам бор. Чунки туркий сўзлик киритилган вариантларининг айримлари жуда эски. Яна бир жиҳати, асарнинг нодир нусхаларида келтирилган туркий сўзлик анча қадимий ёзув ва тил хусусиятларини акс эттиради. Ушбу нусхаларни кўчириш чоғида туркий сўзликка алоҳида эътибор қаратилган: баъзи қўлёзмалардаги туркий сўзлик қизилда. Жумладан, Анқарадаги Турк тили қуруми кутубхонасида асарнинг 1469 йили Константинополда кўчирилган нусхаси сақланмоқда (А.187- сонли қўлёзма). У уч тиллидир: арабча–форсча–туркий. Муҳими, ундаги барча арабча сўзлар остида туркий таржимаси берилган, форсий сўзлик эса мунтазам эмас.
Мавжуд нусхаларнинг бундай белгилари тубандаги хулосага олиб келади: чамаси, муаллиф мазкур асарини икки қайта ёзган, аниқроғи бир ёзиб, кейин тўлдириш киритган. Асарни беш бўлимдан иборат шаклда тузган. Бу илк вариантининг луғат қисми, чамаси, икки тилли эди: арабча сўзлар хоразмча таржимаси билан келтирилган. Бунинг билан маҳаллий муҳит талаби кўзда тутилган. Кейинчалик Хоразм давлатининг сиёсий-ижтимоий талабидан келиб чиққан ҳолда, муаллиф асарнинг луғат бўлимини қайта ишлаб, такомиллаштирган: уни кўп тилли луғатга айлантирган. Муаллиф томонидан қайта ишланган ана шу вариантида туркий сўзлик ҳам бор эди. Таъкидлаш ўринлики, кейинги варианларга хоразмча сўзлик киритилганлиги даргумон. Сабаби, XIII асрдан кейин хоразм тили аста-секин истеъмолдан чиқиб, ўлик тилга айлана бошлаган эди.
Кейинги асрларда вужудга келган вариантлар муаллифнинг ўша биринчи ёки кейинги – кўп тилли вариантига асосланган кўринади. Асарнинг арабча–хоразмча луғат берилган кўния нусхаси илк вариантига асосланган бўлса эҳтимол. Лекин асарнинг фанда маълум бўлган бошқа нусхалари иккинчи – кўп тилли нусхадан урчиган дейиш мумкин. Кейинги юзйилликларда асар кўчирилаётган юртнинг маданий, ижтимоий-сиёсий талаблари, ерли халқлар эҳтиёжидан келиб чиқиб, унинг янги-янги вариантлари юзага кела бошлаган. Туркий муҳитда кўчирилган нусхаларида туркий сўзлик сақланган, форсийзабон муҳит учун аталганларида эса туркийси тушириб қолдирилган.
Асардаги мўғулча сўзликка келсак, унинг кейинчалик - мўғуллар салтанати даврида киритилгани аниқ.
Британия музейида, ўрни билан, орада юнонча таржимаси берилган нусхаси ҳам бор. Бу эса асарнинг Европа мамлакатларида тарқалиши ва ўрганилиши билан боғлиқ ҳодисадир. Ўша ўлкаларда яшовчи олимларнинг талабидан келиб чиқиб, ундаги луғат юнончада ҳам изоҳланган.
“Муқаддамату-л-адаб”нинг исмлар қисми 18 боб, 78 фаслга бўлинади. Унда замон, само, ер билан боғлиқ сўзлар, маъданлар, ўсимликлар, деҳқончилик, боғдорчилик, турар жой, дин, ҳунармандчилик, тиббиёт, савдо-сотиқ, меҳмондорчилик, кийим-кечаклар, уй буюмлари, ўлчов бирликлари, ёввойи ва уй ҳайвонлари, қурол-яроғлар лексикаси берилган. Шунингдек, олмошлар ҳам айни бўлимга киритилган.
Феъллар қисми луғатнинг катта бўлимидир. Унда феъллар араб тилшунослигининг қонун-қоидалари бўйича жойлаштирилган бўлиб, уч ўзакли, тўрт ўзакли феълларнинг барча кўринишлари берилган. Унда жами 6934 та феъл, 1716 та масдар ҳамда сифатдош жамланган (Исломов 1998,10).
Луғатда туркий сўзликнинг берилиш тартиби арабча сўзликка таянади. Шунинг учун иборалар берилганда уларнинг тузилиши тескари шаклни олади.
Энди сўзликнинг арабий ва туркий кўринишини қуйидаги бир-икки ўрнакда кўриб чиқамиз (мисоллар асарнинг ЎзР ФА Адабиёт музейида (илгариги Қўлёзмалар институти фондида) сақланаётган тўрт тилли қўлёзмасидан олинди):
Арабчаси
|
Туркийси
|
Ҳозирги маъноси
|
اجبره علي كذا
|
küč birlä berdi anqa ul išni
|
унга ишни куч билан берди
|
احدرت السفينة
|
quyï bardï kemä
|
кема қуйи борди
|
احضر الشي
|
Keltürdi anqa nimäni
|
унга нарсани келтирди
|
احضر الفرس
|
yaxšï yügürdi at
|
oт яхши югурди
|
فرَحة
|
sewindürdi anï
|
уни севинтирди
|
ابدأ الامر
|
Bašladï išni
|
ишни бошлади
|
ابطأني الامر
|
kečikdi išdä
|
ишда кечикди
|
اخطأ الطَريق
|
azdï yolnï
|
йўлни адашди
|
تضاربوا
|
uruštïlar
|
урушдилар
|
القزمه
|
mulāzamat qïldï
|
мулозамат қилди
|
انتقم منه
|
öčni aldï andïn
|
ундан ўч олди
|
Уй иши:
“Муқаддамату-л-адаб” қўлёзмаларининг фотонусхалари асосида сўзларнинг берилиш усулини кўриб чиқинг. Туркий сўзликдан мисоллар олиб транскрипцияга ўгиринг. Имкон бўлса, туркий сўзликни арабча ёки форсча эквивалентлари билан чоғиштириб кўринг. Луғат бўйича конспект тузинг.
Талабаларнинг билимини текшириш учун сўроқ ва топшириқлар:
Маҳмуд Замахшарийнинг “Муқаддамату-л-адаб” асари, унинг луғат қисми тўғрисида сўзлаб беринг.
Луғатнинг тузилиши, унинг принциплари тўғрисида билганларингизни сўзлаб беринг.
Луғатдан ўрин олган туркий сўзлик ва унинг туркий лексикография тарихидаги аҳамиятини айтинг.
Достарыңызбен бөлісу: