Улуғ мутафаккир Алишер Навоий буюк шоир ва ёзувчи, тарихчи, адабиётшуносгина эмас, улуғ тилшунос ҳам эди. Унинг тилшуносликка тегишли икки асари бор: “Mуҳокамату-л-луғатайн” ҳамда “Сабъат абҳур” луғати. Навоий “Mуҳокамату-л-луғатайн” aсарини ҳижрий 905 (мелодий 1499) йилда ёзди (асар тўғрисида қаранг: Содиқов 2011).
Асар икки тил – туркий ва форсийнинг ўзаро қиёсига бағишланган. Навоий туркий улусни türk, türklär, türk eli, türk ulusï; atrāk, туркий тил(эски ўзбек тили)ни эса türk tili, türk lafzï, türk alfāzï, türk ’ibāratï; türkčä; türkî, türkî alfāz деб атайди. Форсий улусни sart, sartlar, sart ulusï, sart eli, тилини эса fārsî, fārsî til, fārsî alfāz ёки sart tili, sart lafzï, sart ’ibāratï деб атайди.
Ёзма манбаларда sart атамаси турли маъноларда ишлатилган. Навоий уни форсларга нисбатан қўллайди. “Абушқа” луғатида қайд этилувича, ўша чоғларда “ажамнинг шаҳрини sart деганлар” (sart – ’ajamïŋ šahrïsïna derlär) (DDT,273). Сўзнинг бу маъноси Навоий ишлатган маънога яқин келади.
Муҳими, “Муҳокамату-л-луғатайн” икки тилни шунчаки чоғиштириш учунгина ёзилган эмас. Унда икки тоифа тилининг бир-бирида қайтарилмайдиган қирралари ўзаро чоғиштирилиб, хос хусусиятлари илмий асосда ёритиб берилган. Навоийнинг ушбу асарни ёзишдан кўзлаган бош мақсади, туркийнинг бадиий адабиётда имкониятлари ниҳоятда чексиз экани, луғат бойлигини ёритиб бериш ва шу асосда ёш ижодкорлар эътиборини унга қаратиш эди. Навоийнинг айтмоқчи бўлгани, айрим туркий тилли шоирларнинг она тилида эмас, кўпрак форсийда ижод қилишни маъқул кўрганлигининг сабаби, туркийнинг бой ва чексиз имкониятларини билмагани, ундан фойдалана олмасликларидир.
“Mуҳокамату-л-луғатайн” Навоийнинг тилшуносликдаги улуғ кашфиётидир. Асар тилшуносликда янги-янги соҳаларни, тилни ўрганишнинг янги йўл ва усулларини очиб берганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Навоий ушбу асари билан шарқ тилшунослигидагина эмас, дунё тилшунослигида биринчи бўлиб типология соҳасини, тилларни ўзаро чоғиштириб ўрганиш ишини бошлаб берди. Тўғри, бундан бурун яратилган айрим луғатлар, грамматик асарларда тилдаги бирор ҳодисани очиб бериш учун, ўрни билан, муайян тилга чоғиштириб кетилган жойлари ҳам бор. Лекин улар турли тилларни чоғиштирма ўрганишга бағишланмаган эди. Навоий ўз асарида тилшуносликдаги ана шу бўшлиқни тўлдирди. У турли оилага кирувчи икки тил – туркий ва форсийни ўзаро чоғиштириб, типологиянинг лексик-семантик, фонологик, морфологик аспектларини ишлаб чиқди. Асар бошдан-охир типологияга, тилларни чоғиштириш йўриғига, метод ва усулларига таянади. Навоий икки тилни ўзаро чоғиштирар экан, тил бирликларининг стилистик жиҳатларига, унинг матндаги ўрни, тингловчига таъсири, матн лингво-поэтикаси масалаларига кенг тўхталади. Шу йўл билан у икки тилнинг лексик-стилистик, фоно-стилистик, морфо-стилистик жиҳатларини, қолаверса, ушбу тилларнинг лингво-культурологик белгиларини ёритиб берди.
Навоий икки тилни ўзаро чоғиштиришда уларнинг таянч нуқталарини топа олган. Улар тасодифий эмас, тилнинг бадиий имкониятлари кенглиги ҳамда бойлигини илмий асосда очиб берувчи белгиларидир. Жумладан, фонетикада туркийнинг бошқа тилларда, хусусан, форсчада учрамайдиган ўзига яраша товушлари, семантикада нозик маъноли ҳаракат-ҳолатларни билдирувчи феъллар ва уларнинг мазмунга таъсири, синонимларнинг бадииятдаги ўрни, стилистик хусусиятлари, сўзларнинг кўпмаънолилиги, шунингдек, туркий атамалар тизимининг ўта бойлиги сингари муҳим лингвистик белгиларига эътибор қаратади. Навоийнинг тилшунослик тарихидаги хизматлари ниҳоятда улуғ.
Навоий ўз асарини risāla деб атайди. Фан тарихида илмий асарлар шу ном билан юритилган. “Mуҳокамату-л-луғатайн” – тилшунослик асари. У кенг омма тушуниши учун ўнгғай бир кўринишда ёзилган эмас. Матн услуби ниҳоятда мураккаб ва оғир, илм аҳлининг тил бобидаги теран билимига таянган ҳолда, замонасининг етук ўқимишли кишилари, шоиру адиблар учун мўлжаллаб ёзилган рисоладир. Шунга қарамай, асарда муаллиф ўз илмий қарашларини аниқ ва лўнда тил билан баён этади, матн услуби ўта кўтаринки. Илмий услубда ёзилаётган ҳозирги рисолаларимиздан фарқ қилади. Бу жиҳатдан ўтмишда яратилган тарих китобларининг услубига ўхшаб кетади. Жумлалар бадиий услубда, муаллиф матн тузишда турли бадиий воситалардан кенг фойдаланган. Шу белгиларини кўзда тутиб, “Mуҳокамату-л-луғатайн”ни фақат илмий эмас, бадиий асар сифатида ҳам ўрганса бўлади.
“Муҳокамату-л-луғатайн”нинг қўлёзмалари ва нашрлари
Фанда “Mуҳокамату-л-луғатайн”нинг тўртта қўлёзмаси маълум:
A. Нусхалардан биринчиси Истанбулдаги Тўпқопи саройи музейи Равон кутубхонасида 808- сони остида сақланувчи Навоий куллиётининг 774а–781b- бетларидан ўрин олган. Ушбу қўлёзма 1497 йили кўчирилган. Хати ўта тартибли, ҳар бетига 27 қатордан матн битилиб, тевараги зарҳал ҳошия билан ўралган. Орадаги оятлар ва айрим арабча жумлалар қизил рангда. Ишимизда биз, асосан, ана шу матнга асосландик.
B. Асарнинг яна бир нусхаси Истанбулдаги Сулаймония кутубхонасининг Фотиҳ бўлимида сақланаётган 4056- сонли Навоий куллиётига кирган.
C. Париж нусхаси. Ушбу нусха Mиллий кутубхонада сақланаётган (Suppl. Turc. 316–317- сонли қўлёзма) Навоий куллиёти таркибида. Қўлёзма 1526–1527 йилларда кўчирилган.
D. Aсарнинг яна бир қўлёзмаси Будапештда сақланмоқда.
“Mуҳокамату-л-луғатайн” биринчи марта 1841 йили Парижда M. Kaтремер томонидан нашр этилди. 1882 йили Боғчасаройда И. Ғаспирали, 1895 йили Истанбулда Аҳмад Жавдат чоп эттирди. Aсар 1917 йили Қўқонда тошбосма усулида ҳам чоп этилган. Toшкентда Порсо Шамсиев асарни уч қайта бостирди: 1940 йили O. Усмон билан биргаликда лотин алифбосида кириш сўзи, матн ва ҳозирги ўзбекча талқинини берди. Ушбу нашрга асарнинг париж нусхаси асос қилиб олинган эди. Яна 1948 ва 1967 йилларда ёлғиз ўзи кирилл хатида чоп эттирди.
Aсар Aнқара, Aшгабад, Урумчида ҳам чоп этилган.
1996 йили асар Анқарада Турк тили қуруми томонидан янгидан чоп эттирилди. Maзкур нашр асарнинг мавжуд қўлёзмалари асосида йиғма-чоғиштирма матн кўринишида тайёрланган.
Aсарнинг Тошкент нашрларининг бурунгилари (1948 ва 1967) aйрим қисқартишлар билан босилган: уларда асарнинг айрим ўринлари, aрабча диний мазмунли иборалар тушириб қолдирилган. Жумладан, китоб муқаддимасидаги тангрига бағишланган ҳамд берилмаган. Муҳими шундаки, бу қисмда Оллоҳнинг марҳамату қудратини мадҳ этувчи учта ажойиб рубоий ҳам бор. Яна бурунги нашрларда Навоийнинг араб тилини таърифлаб ёзган айрим жумлалари ҳам туширилган.
Aнқара нашрида қайд этилганларнинг бари тўлиқ.
Асарнинг 2000 йилдаги Тошкент нашрида ҳам аввалги нашрларда туширилган бўлаклар тикланибди.
Навоий туркий тилнинг сўз бойлиги тўғрисида
Навоий туркий тилнинг услубий қулайликларини кўрсатиш мақсадида форсийда муқобили бўлмаган юзта феълни келтиради. Уларнинг юзта сўз (yüz lafz) эканлигини муаллифнинг ўзи ҳам икки-уч ўринда таъкидлайди. Қизиғи шундаки, асарнинг Тошкент нашрида ушбу феъллар тўқсон тўққизта. Бунинг боиси, aсарнинг бизга етиб келган қўлёзмаларида уларнинг сони турлича: Тўпқопи ва Париж нусхаларида тўқсон тўққиз, Фотиҳ ва Будапешт нусхаларида юзтадир. Ушбу икки нусхада бошқа қўлёзмада тушиб қолган юзинчи феъл ҳам бор. У čïmdïlamaq феъли бўлиб, кетма-кетликда qïčïğlamaq сўзидан сўнг кeлади. Йиғма матн тайёрлаш жараёнида Анқара нашрида матнга ана шу феъл ҳам киритилган. Бундан кўринадики, ҳалиги нусхани кўчираётган котиб бу сўзни тасодифан тушириб қолдирган.
Навоий келтирган нозик маъноли феъллар қуйидаги кетма-кетликдадир: quwarmaq-u quruqšamaq va üšärmäk-ü jïyjaymaq va öŋdäymäk-ü čigräymäk va domsaymaq-u umunmaq va osanmaq-u igirmäk va egärmäk-ü oxranmaq va tarïqmaq-u aldamaq va arğadamaq-u išänmäk va iglänmäk-ü aylanmaq va erikmäk-ü igränmäk va awunmaq-u qïstamaq va qïynamaq-u qozğalmaq va sawrulmaq-u čayqalmaq va dewdäšimäk-ü qïmsanmaq va qïzğanmaq-u nikämäk… ва бошқалар.
Шундан сўнг синонимларга, уларнинг услубий ўзгачаликларига эътибор тортилади. Навоийнинг ёзишича, шоирлар майнинг таърифида кўп муболаға қилдилар, май ичмак қоидасида кўп сўз суриб, ниҳоясиз зариф таърифлар зоҳир қилурлар. Бири sïpqarmaq лафзидирким, муболаға бундан ўтмас. Байт:
Sāqiyā, tut bāda-kim, bir lahza özümdin baray,
Šart bu-kim, har nečä tutsaŋ, lab-ā-lab sïpqaray.
Новоийнинг эътирофича, sïpqaray сўзининг мазмунига етганда, форсий шеърда бу таърифни беришнинг иложи йўқ.
Яна tamšïmaq лафзики, маъноси “ғоят завқдан тез ичмасу, лаззат топа-топа, оз-оз ичар”. Ушбу ғаройиб маъно адосида туркчада шундай матла бор. Байт:
Sāqî ču ičip maŋa tutar qoš,
Tamšï-tamšï anï qïlay nоš.
Ёки boxsamaq лафзи адосида турк ушбу матлани айтибди:
Hijr anduhïda boxsap-men, bilä alman, netäy?
May ’ilājïmdur, qopup dayr-i fanāğa ’azm etäy.
Форсийгўй турк беклару мирзодалар boxsamaq ни форсий тил билан адо этмакни тиласалар, нима қиладилар?
Шеърнинг бино ва мадори ишққа эврилади. Ошиқлиқда yïğlamaq дан куллийрак ва доимийроқ амр йўқдир ва унда навланиш (бўлиниш) бор: yïğlamsïnmaq мазмунидаки, турк бундай дебди:
Zāhid ’išqïn desä qïlğay fāš,
Yïğlamsïnur-u közigä kelmäs yaš.
Бу ўринда Зоҳиднинг Тангри-таолога бўлган ишқи, илоҳий ишқ тўғрисида сўз бормоқда.
Яна iŋrämäk ва siŋrämäk лафзлариким, “дард билан яширин, оҳиста-оҳиста йиғламоқ”дир, ораларида тафовут оз топилур. Байт:
Ístäsäm davr ahlïdïn ’išqïŋnï pinhān äylämäk,
Kečälär gāh iŋrämäkdür ’ādatïm, gāh siŋrämäk.
Форсийда бу мазмунки бўлмағай, шоирнинг чораси қанча?
Яна sïqtamaq лафзиким, yïğlamaq да муболағадир. Байт:
Ul ay-ki, külä-külä qïrağlattï meni,
Yïğlattï meni demäy-ki, sïqtattï meni.
Яна ökürmäk ки, “кучли ун билан, тенгсиз фиғон билан йиғлағайлар” (“biyik ün biläki, e’tidālsïz āšub bilä yïğlağaylar”). Байт:
Íšim tağ üzrä har yan ašk sel-ābïnï sürmäkdür,
Firāq āšubïdïn har dam bulut yaŋlïğ ökürmäkdür.
Ökürmäk муқобаласида форсий тилда лафз йўқдир, форсийгўй шоир бунингдек ғаройиб мазмун адосидан маҳрумдир.
Яна yïğlamaq нинг ökürmäki муқобаласида inčkirmäk лафзи ҳам бор ва у “инчка ун билан йиғламоқ”дир. Байт:
Čarx zulmïda-ki boğzumnï qïrïp yïğlar-men,
Ígirür čarx kibi inčkirip yïğlar-men.
“Абушқа” луғатида inčkirmäk сўзига: kāflar kāf-i ‘arabîdur, inčkä ün bilä yïğlamaqdur, – дея таъриф берилган (DDT,83).
Yïğlamaq лафзига hay-hay ни ҳам қўшиб айтадилар ва бу ҳам туркий услубдир. Байт:
Navāyî, ul gul üčün hay-hay yïğlama köp,
Ki “hay” dеgünčä ne gulbun, ne ğunča, ne gul bar.
Яна турк алфозида qïmsanmaq ва qïzganmaq – икки ғариб лафздирки, унинг адоси бу байтда бор. Байт:
’Uzārïŋnï ačarğa qïmsanur-men,
Vale el körmäkigä qïzganur-men.
Форсийгўй шоирлар бундай хўб мазмун адосидан бебаҳрадирлар.
Ошиқнинг оёғига тикан кирмакка улар (яъни форсийгўйлар) xār лафзи билан арз қилибдурлар. Аммо čökür унга қараганда оғритувчидир, уларда бу лафз йўқдир. Туркчада бу шундай адо топибди:
Čökürlär-kim, seniŋ yoluŋda tewrälmiš ayağïmğa,
Čekip ul köy gardïn sürmä tartar-men qarağïmğa.
“Абушқа” луғатида čökür сўзининг талаффузи ва маъноси тўғрисида яхши маълумот берилган: čökür – kāf kāf-i ’arabîdur, dikän ma’nāsïnadur (DDT,249).
Яна ишқ йўлида маҳбубнинг назари муяссар бўлса, ошиқнинг ниёз юзидан телмурмаги сўнг муносиб ишдир. Бу лафз уларда йўқдир ва бунингдек лафзлари ҳам йўқдир. Туркчада бу бундай дейилибди. Байт:
Tökädür qanïmnï har dam közläriŋ baqïp turup
Kim, nečä yüzümgä baqqay-sen yïraqdïn telmürüp.
Яна турк лафзининг суюклиги yasanmağï муқобаласида сарт лафзида ārasta ва ārāyiš лафзи бор. Аммо bezänmäk муқобаласида бирор сўз демайдилар ва у yasanmağ нинг муболағасидир. Байт:
Erür bas ču husn-u malāhat saŋa,
Yasanmaq, bezänmäk ne hājāt saŋa.
Яхшиларнинг кўз ва қошлари орасини qabağ дерлар. Форсийда бу узвнинг оти йўқдир. Маснавийда бир жамоат гўзаллар таърифида бундай дейилибди, байт:
Meŋizläri – gul-gul, mijalarï – xār,
Qabağlarï – keŋ-keŋ, ağïzlarï – tar.
Яна ишқ изҳорида ašk ва yïğlamaq муқобаласида āh ва ïššïğ dam фурсатидир. Турклар “дам”ни čaqïn га ва “оҳ”ни ïldïrïm га нисбат бериб дебдурлар, байт:
Firāqïŋ ičrä ulus örtämäkkä, ey māhïm,
Čaqïn durur damïm-u ïldïrïm durur āhïm.
Сарт тилида čaqïn ва ïldïrïm дек тайинланган ва мўътабар икки нарсага от қўймаганлар. Араб тилидаги barq ва sa’iqa лафзлари билан адо қилибдурлар.
“Абушқа” луғатида čaqïn сўзининг маъноси “чақмоқнинг шуъласи” (čaqmaqdan čïqqan šu’laya derlär) дея изоҳланган (DDT,233).
Ҳусн таърифида “улуғроқ хол”га турклар meŋ от қўйибдурлар, улар эса от қўймайдилар. Турк бу таърифни бу нав адо қилибдур, байт:
Anïŋ-kim, al eŋindä meŋ yarattï,
Boyï birlä sačïnï teŋ yarattï.
Агар бир-бирини лафзлар ваъзида улар қисқа қилибдурлар, арз қилингудек бўлса, сўз узайиб кетади.
Навоийнинг таъкидлашича, омоним сўзлар ҳам бадиий санъатга йўл очади. Шеърда tajnis-u iyhām [мисралар охирида жинсдош, шаклдош сўзлар ишлатиб, турли маънолар чиқариб, сўз ўйини қилиш] қоидаси бор. Чиройли ибора ва гўзал белгиларда форсийдан кўра туркчада кўпроқ тажнисни билдирувчи сўз ва ийҳомни англатувчи нукталар борки, бу назмни безантиради ва санъатли қилади. Масалан: at сўзини олайлик: бир маъниси “от, исм”дир, яна бир маъноси “минадиган от” ва яна бир маъноси “амр”дирки, tašnï ya oqnï at деб буюрғайлар. Мисол:
Čun pari-vu hurdur atïŋ, begim,
Sur’at ičrä dev erür atïŋ, begim.
Har хadaŋi-kim, ulus andïn qačar,
Nātavān jānïm sarï atïŋ, begim.
Ушбу туюқда кечган биринчи at – “от, исм”; иккинчиси – “от, ҳайвон”; учинчи at- эса феъл, буйруқ маъносидадир.
Бу икки байт tajnis-i tām [тўлиқ тажнис]дир ҳамда турк шоирларига хос бўлиб, сартда йўқдир. Буни tuyuğ дерлар.
Яна it лафзи, унда ҳам уч маъни бор. Мисол:
Ey raqib, özni aŋa tutsaŋ ham it,
Bizgä rahm äyläp anïŋ köyidin it.
Garči bar dozaxča ’išqïŋ šu’lasï,
Bizni öz ilgiŋ bilä ul sarï it.
Ушбу туюқнинг биринчи сартидаги it – “ит, кўппак”, иккинчиси – “йўқот”, сўнгги сатридагиси эса “элт” маъносидадир.
Яна ش توtüš сўзида ҳам юқоридагидек уч маъно бор. Яна yan сўзида ва yaq сўзида ҳам шундайдир. Бу хилдаги уч маъноли сўзлар туркийда кўп топилади.
Ва шундай сўзлар топилурки, тўрт маъноси бўлади. Масалан, بار bar сўзи: бир маъноси – “мавжудлиғ” (таъкид), бир маъноси – “борувга амр”, бир маъноси – “юк”дир, бир маъноси – “самар” (мева)дир.
Шундай сўз ҳам топилурки, ундан беш маъно англашилади. Масалан, sağïn сўзи: бир маъноси – “ёд қилмоққа буйруқ”, бири – “сурли қўйнинг оти”дир, “ишқ мастлиги”ю “мажнунлиги” ва “хасталиги” муқобилида sağïn деса бўлади ва ҳар бирининг ўрнида ишлатса бўлади.
Яна андоқки, توز tüz сўзики, ундан бир неча маънони англаш мумкин. Бири tüz – “ўқ ёки найзага ўхшаш нарса”га айтилади, яна tüz – “текис дашт”ни дерлар, яна tüz – “тўғри киши”ни айтадилар, яна tüz – “чолғуни созламоққа буруқ”дир, яна tüz – “икки киши орасида мувофақат солмоқ (келиштириш, яраштириш)”. Яна tüz – “бирор мажлис (ўтириш) анжомлари”ни айтиш ҳам мумкин.
Яна کوک kök сўзини ҳам бир неча маънода ишлатадилар. Бири kök –“осмон”ни дейдилар, яна kök – “оҳанг”дир, яна kök – “тикарда кўкламак, кўклаб тикиш”, яна kök – “қадағ(бўёқ)”ни ҳам дерлар, яна kök – “сабза ва ўланг”ни ҳам дерлар.
Бу хилдаги уч, тўрт ва ундан ортиқроқ маъно англашиладиган сўзлар кўп, форсий сўзларда бундай нарсалар йўқдир.
Яна ейиладиган озиқ-овқатни yegülük дейдилар. Сарт элининг кўпи, балки барчаси емакни ҳам, ичмакни ҳам xordan сўзи билан айтадилар.
Улуғ қардош ва кичик қардошнинг ҳар иккисини barādar дейдилар, турклар улуғни – ağa, кичикни – ini дейдилар. Улар улуғ ва кичик қиз қардошни ҳам xāhar дейдилар. Булар улуғни – egäči ва кичикни – siŋil дейдилар. Булар отанинг оға-инисини – apağa, онанинг оға-инисини – tağayï дейдилар. Улар ҳеч бирига от белгиламайдилар, араб тили билан em ва xāl дейдилар. Kökältaš ни туркча айтадилар, ätäkä ва enägä ни ҳам бу тил билан айтадилар.
Бир аниқ нимаким, aq üy дир, унга xirgāh деб от қўйганлар. Аммо унинг бўлакларининг кўпини туркча айтадилар, андоқки, tüŋlük-ü üzük va torluğ-u basruğ va čïğ-u qanat va közänäk-ü uwuğ va bağïš-u bosağa va erkinä ва шунинг сингари.
Овда асосийси кийикдир, турк унинг эркагини – huna, тишисини (урғочисини) qïlčaqčï дейди. Яна суйқуннинг эркагини – buğu, тишисини – maral дейди, сарт эса āhu ва gavazn дейди, холос.
Тўнғизнинг эркагини – qaban, тишисини – megäjin, ушоғини – čorpa дерлар. Сарт эса барчисини xuk ва gurāz дейди.
Қушларга келганда, булар ичида аниқ ва машҳури ilbäsän ördäk бўлиб, бу овланадиган ўрдак, дегани. Ҳозирги ўзбекчада илвасин, илвасингина сўзлари ҳам ишлатилади. Навоий сўзида давом этади: сарт эл ilbäsün нинг ўзини билмайди. Турк ўрдакнинг эркагини – sona, тишисини borčïn дейди. Сарт буларга ҳам от қўймасдан, нар ва мода иккаласини murğābi деб атайди. Ўрдакнинг хилларини яхши биладиган қушчилар қошида, масалан, čörkä, erkä, suqsur, almabaš, čaqïrqanat, temürqanat, alalağa, alapökä, bağčal ва бу йўсинлиғ от билан айтайдиларки, улар етмиш хилга боради, сарт эса барчасини фақат murğābi дейди. Агар бир-биридан ажратмоқчи бўлса, туркча атайди.
Яна дашт қушларидан toğdaq, toğdarï, čağruq, qïlquyruğ, qulapurğa, yapalağ, quladu, lägläk, čaylaq, qaraquš, telbäquš, čïqčïğ дек қушларнинг отлари йўқдир, кўпини туркча айтурлар. Тоғ ва тузда čïlğa, soqmağ, döš, arğadal, qïrešmä, burtağ-u segritmä, sïrt, učma, ešmä, ïlat, qïralaŋ, toqay, köl, köyläk, saŋ, sayaŋ, čaqïl, say, šortaŋ дек нималарнинг кўпига от тайин қилмайдилар.
Жониворларнинг довушидан бир отнинг кишнамаги[kišnamäk]га šiha деб от қўйибдилар. Туянинг бўзламоғига[bozlamaq]ю сигирнинг мунграмаги[müŋrämäk]га ва эшакнинг инграмоғига[ïŋramaq]ю итнинг тегишмаги[tegišmäk]га ва увламоғи[uwlamaq]га форсчада сўз йўқдир.
Яна отнинг tabučaq, arğumaq, yäkä, yabu, tatu йўсинлиқ хилларининг барини фақат туркча айтурлар. Отнинг ёшини ҳам кўпрагини туркча айтадилар. Ёлғиз қулунни kurra дерлар, бошқаларини: tay, ğonan, donan, tulan, čïrğa, lanğa сингариларни сўзга чечанлари туркча айтадилар, кўпчилиги буни ҳам билмаслар.
От эгарини гарчи zin десалар ҳам, кўп жабдуқларини, мисли jibilgir, hana, toqum, jazlïğ, olaŋ, qom, olarčağ, ğanjuğa, jïlbur, qušqun, qantar, tüfäk, toqa йўсинлиғ туркча айтурлар. Қамчини tāzyāna десалар ҳам, аммо büldürgä сини ва čupčurğa сини туркча айтадилар.
Яна jibä, jäwšän, köhä, qanğalduruq, qarbïčï, kečim, aha сингари уруш асбобини ҳам туркча айтадилар.
Маълум кийимлардан, мисли dastār, qalpaq, navrozî, toppï, šïrdağ, däkälä, yeläk, yağlïg, terlik, qur сингари нарсаларнинг барини туркча айтадилар.
Егуликлардан гарчи қўй аъзоларидан баъзисига от қўйган бўлсалар ҳам, аммо arqa, ašuğluğ ilik ни ва yan söŋäk, qaburğa, ilik, orta ilik ва boğuzlağu ни туркча айтадилар. Яна баъзи емаклардан qaymağ, qatlama, bulamağ, qurut, ulaba, mantu, quymağ, ürkämäč ни ҳам туркча айтадилар. Qïmïz, suzma, baxsum, boza ни ҳам туркча айтадилар. Яна tutmač, umač, kümäč, talğan ни ҳам туркча айтадилар. Бу хил майда нарсалар жуда кўп топилади.
Алишер Навоийнинг “Сабъат абҳур” луғати
“Сабъат абҳур” (“Етти денгиз”) Алишер Навоийнинг арабшунослик, хусусан, араб лексикографияси соҳасида яратган йирик ишидир. Луғатда классик араб тилидаги сўзлар араб тилида изоҳланади (қаранг: Ҳасанов 1981).
Навоий ҳаёти давомида, айниқса, йигитлик йиллари араб дунёсида, бутун мусулмон оламида шуҳрат топган машҳур арабча асарларни қунт билан ўқиб чиққан. Навоий бу асарларни ўқиб тушуниш жараёнида “Саҳоҳ” луғати, “Кашшоф”, “Қуръон тафсирлари”, ҳадис ва бошқа луғатлардан кенг фойдалангани аниқ.
Масалан, “Сабъат абҳур”нинг ذهب луғат мақоласида 25 сўз ва иборага изоҳ берилган. Буларнинг изоҳлари “Саҳоҳ”, “Такмила” луғатлари, “Кашшоф” тафсири ва “Ғаройиб ал-ҳадис” луғатларидан олинган. Навоийни шоир ва адиб сифатида қизиқтирган девон, мақом, тарихий асарлар, грамматикага оид рисолалар, Қуръон ва ҳадислардаги сўзларнинг маънолари тушуниш учун зарур бўлган луғатлар ва тафсирни танлаган.
Навоий турли вақт ва шароитда луғатнинг у ёки бу ерида жойлашган сўзларни йиғиб, маъносини машҳур луғатларга таянган ҳолда изоҳлаб юрган, кейинчалик у луғат тузишга киришган.
Муаллиф ўз луғатининг илмийлигини таъминлаш учун энг ишончли етти китобни сайлаб олган. Булар Жавҳарийнинг “Саҳоҳ” изоҳли луғати; Соғонийнинг “Такмила” луғати; Маҳмуд Замахшарийнинг “Кашшоф” тавсири; Ибн Ҳожибнинг грамматикага оид “Муфассал” иккита муқаддима ва шарҳлари; Ғаройиб ал-ҳадис – ҳадис сўзларига тузилган луғатлар; Турли муаллифларнинг луғатлари, девон, рисола ва бошқа асарларнинг шарҳлари. Булар шартли равишда бир китоб саналиб, “Завойид” номи билан аталган (Ҳасанов 1981,64–65).
Навоийнинг ушбу луғати муайян тизим асосида тузилган бўлиб, алифбо тартиби бўйича йигирма саккиз бобдан иборат. Бобларда сўз ўзагининг охирги ҳарфига эътибор берилади. Ҳар бир боб йигирма саккиз фаслли бўлиб, фаслларда сўз ўзагининг биринчи ҳарфига эътибор берилади. Кимки, бирор сўзни луғатдан топмоқчи бўлса, аввал бобни, сўнг фаслни, ўртадаги ҳарфларнинг тартиби бўйича фасл таркибидан топади. Яъни, бирор сўзни луғатдан топиш учун аввал сўз ўзагининг охирги ҳарфига кўра бобини, сўнг биринчи ҳарфига кўра фаслини топиб, ўрта ҳарфига таянувчи ички фаслдан қидирган сўзимини топамиз. Айтайлик, مجاليس сўзини луғатдан топиш учун бу сўзнинг ўзаги جلس нинг охирги ҳарфига кўра луғатнинг “س боби”ни, биринчи ҳарфидан эса “ج фасли”ни, ўрта ҳарфи ل га кўра مجاليس сўзининг ўзаги جلس ни “ج фасли” ичидан топамиз. Бизга керак бўлган مجاليس сўзининг изоҳи جلس луғат мақоласида бўлади.
“Сабъат абҳур” ўз ичига 8609 луғат мақалани олган (Ҳасанов 1981,85-86). Луғатга кирган деярли ҳамма исмлар изоҳланганда уларнинг муаннас ёки музаккар, бирлик, кўплик, баъзан иккилик формалари албатта кўрсатилади. Сўзларнинг грамматик формаларини кўрсатиш билан бирга, навоий луғатининг “Саҳоҳ”дан фойдаланилган қисмида сўзларнинг таркибидаги товуш ўзгаришларини грамматик қоидалар билан асослаб ўтади. Аммо кўп ўринда Навоий “Саҳоҳ”да бор грамматик қоида ва тушунтиришларни қайтариб ўтирмайди, уларни тушириб қолдиради.
Луғатда кўп сўзларнинг этимологияси тўғрисида ҳам маълумот берилади. Бу маълумотлар “Саҳоҳ”, “Такмила” ва “Кашшоф”дан олинган.
Луғатда жой отлари, тоғ, дарё отлари ҳам берилади. Жумладан, جبب луғат мақоласидаги географик отларни кўриб чиқайлик (қаранг: Ҳасанов 1981,88):
الجباجب – Макка тоғлари ёки йўллари.
- جبانАҳвоздаги бир қишлоқ.
- الجبНаҳравондаги бир қишлоқ.
- جبБарбар шаҳарларидан бири.
- جبة عميرةМиср Фустодидаги бир мавзе номи.
- جب الكد بҲалабдаги бир қишлоқ.
- دير الجبМосул шарқидаги бир дайр.
- جبيبМавзе, жой номи.
- الجباباتЗуҳор ёнидаги бир жой номи.
Луғатдан ўсимлик отлари, ҳайвон номлари ва бирор соҳага (адабиётшунослик ва тилшуносликка, тиб соҳасига) тегишли атамалар ҳам ўрин олган.
Сўзларнинг маъноларини тасдиқлаш учун Қуръон оятлари, ҳадислардан олинган мисоллар кўп.
“Сабъат абҳур” Алишер Навоийнинг араб тилини ўрганиш йўлида узоқ йиллар тўплаган материаллари асосида яратилган луғатдир. Бу нарса бошдан Навоийнинг режасига кирмагани учунми, Навоий асарлари сирасида қайд этилмай қолган кўринади. Замондошларининг бу ҳақда ҳеч гап айтмаганлиги ҳам шундан бўлиши керак. Луғат ўзининг тузилиши, илмийлиги ва амалий аҳамиятига кўра араб лексикографияси тарихида яратилган “Саҳоҳ”, “Такмила” луғатларига тенглашади. Навоий ушбу луғатни яратишда араб лексикографлари қўллаган анъаналарнинг энг сараларига эргашди. Бу борада ўзи ҳам улардан қолишмаслигини исботлаб берди.
Муҳаммад Шайбонийнинг туркий тил грамматикасига бағишланган асари
Ҳасанхожа Нисорий ўзининг “Музаккири аҳбоб” тазкирасида Муҳаммад Шайбонийхон ҳақида маълумот бера туриб, ёзади: “Дейдиларки, хон Ҳазора қалъаси фатҳига отланганда бир ғазал битиб, Ҳири шайху-л-исломи ва Қози Ихтиёрга юборибди. ... Қози Ихтиёр туркий тилни билмас экан, унинг учун туркий тил қонун-қоидалари китобини битиб юборибди” (МА.21). Ушбу маълумотларга қараганда, Шайбонийхоннинг шеърий девонидан ташқари, туркий тилга бағишланган грамматик асари ҳам бўлган, мазкур асар форсийда битилган. Бироқ у кунимизга қадар сақланган эмас.
“Бадойиу-л-луғат”
Алишер Навоий асарлари бўйича тузилган биринчи луғатдир. Уни тахминан 1500 йили Ҳусайн Бойқаро фармонига кўра Толе Имоний Ҳиравий тузган. Ҳусайн Бойқаро ушбу луғатни тузишни бошқа бировга эмас, айнан шу олимга топширганлиги бежиз эмас. Бу унинг иқтидоридан, кучли олим, бу соҳани ўта даражада яхши билганидан далолатдир. Навоий “Мажолису-н-нафоис”нинг биринчи мажлисида Толе Имоний Ҳиравийни ўзига замондош, тўғрироғи, у ёш эканлиги чоғида яшаб ўтган шоирлар қаторида тилга олган эди; уни Мавлоно Толеий деган. Тазкирада ҳатто унинг бир форсий байтидан мисол ҳам келтиради. Толе Имонийнинг ёши Новоийдан бир оз улуғ бўлгани учун уни шу туркумга киритган кўринади (қаранг: Щербак 1962,53).
“Бадойиу-л-луғат”нинг ҳижрий 1117 (мелодий 1705–1706) йили кўчирилган қўлёзмаси Санкт-Петербургдаги М.Е. Салтиков-Шчедрин номидаги давлат кутубхонасида сақланмоқда (Хаников коллекцияси, 35- сонли қўлёзма). Асарни А.К. Боровков факсимили билан бирга чоп эттирган (қаранг: Боровков 1961).
Луғатда Навоий асарларида қўлланган 854 та асосан келиб чиқиши туркий, оз сонли арабча сўзлар форс тилида изоҳланган (қаранг: Ҳасанов 1989(1),4-16). Ҳар бир сўзнинг товуш тузилиши, унинг маъноси, грамматик хусусиятлари ҳақида маълумот берилади. Луғатда сўзларнинг маъносини очиқлаш мақсадида Навоийнинг “Хамса”, “Лисону-т-тайр” достонлари, “Маҳбубу-л-қулуб”, “Мажолису-н-нафоис” асарлари, “Хазойину-л-маоний” девонидан мисоллар келтирилади. Мисоллар келтирилганда, айниқса, шеърий байтларнинг мазмуни форсчада изоҳланади.
Луғатда Лутфий, Ҳусайн Бойқаро шеърларидан, Мир Ҳайдарнинг “Махзану-л-асрор” асарларидан ҳам мисоллар берилган. Суҳайлий ва Азрақийдан эса биттадан мисол берилган.
Ҳар бир сўзнинг маънолари ва маънолар тасдиғи учун келтирилган мисоллар биргаликда луғат мақолани ташкил қилади. Бош сўз матнда бошқаларидан ажратилиб қизилда битилган, баъзан устига чизиқ тортиб ҳам қўйилган.
Луғатда сўзлар биринчи ҳарфи бўйича араб алифбоси тартибида келади. Ҳар бир ҳарф билан бошланган сўзлар биргаликда bab деб аталади. Туркий сўзлар ичида араб тилига хос айрим товушлар билан бошланувчи сўзларнинг учрамаслиги сабабли бобларнинг сони ҳам озроқ – улар йигирма тўртта.
Луғатдаги фонетик ва грамматик изоҳлар ўта аҳамиятли. Бу изоҳлар туркий тилни яхши билмаган кишиларга асқотади. Қолаверса, ҳозирги фан учун ҳам Навоий асарлари, қолаверса, классик асарлар тилини ўрганишда ишончли далилдир.
Толе Имоний унлилар учун والاشباع (val-išba’) (яъни “išba’ билан”) ҳамда بالاشباع (bil-išba’) (“išba’сиз”) атамаларини қўллаган. А.К. Боровков val-išba’ атамасини “с насыщениям”, bil-išba’ атамасини эса “без насыщения” дея талқин қилади. Унингча, Толе Имоний val-išba’ атамаси остида тор i, ï, ü, u унлиларини, bil-išba’ атамаси остида эса ўртатор e, ö, o унлиларини кўзда тутган. Масалан, يش ا даги “алиф” išba’ли касра билан (“с насыщениям”) талаффуз қилинса - “иш”(дело); агар “алиф” išba’ сиз касра билан (“без насыщения”) ўқилса – “эшмак” (“вить”, “прясть”) сўзи англашилади (Боровков 1961,12).
Луғатда муаллиф сўзларни кўпроқ ёзилишига кўра туркумлаштиради: биринчи ёзилишини бериб, сўнг уларнинг талаффузи ва маъносини изоҳлайди. Шунинг учун ҳам ҳозирги изланувчи бундай сўзларнинг талаффузини аниқлашда ўта ҳушёр бўлмоғи керак. Масалан, يلاا (35б) сўзи äylä (яъни “шундай”) маъносини англатади, агар ундаги “алиф” касра билан ўқилса – ilä (яъни “билан”) сўзи келиб чиқади. بيل (42а) ҳам икки хил ўқилади ва икки сўз англашилади: bel ва bil-. Ёки: قين (71б) ни išba’ билан ўқилса – qïyïn (яъни “қийин”), агар išba’ сиз ўқилса – qïn (яъни “қин, пичоқнинг қини”) англашилади; اون ни išba’ ли замма билан ўқилса – “нидо” (“сас, овоз, ун”); агар бу сўз išba’ сиз ўқилса – “ўн” рақами англашилади (22б).
Сўзнинг биринчи ҳарфини ундан кейинги унли билан бирга тўғри ўқиш учун bi-fath (a-ä билан), bi-zamm (u-ü-o-ö билан), bi-kasr (ï-i билан) сингари фонетик ишоратлар ҳам келтирилади. Аслида бундай фонетик қайдлар келтирилмаса ҳам бўларди. Чунки луғатда қабул қилинган принцип бўйича, сўзларнинг ҳарфини ҳам уларнинг қайси бобга кирганлигига қараб тўғри ўқиш мумкин. Лекин боб ичида сўзлар кўп, айниқса, биринчи ҳарфдан кейин унли ёзилмаган бўлса, уни хато ўқиш мумкин. Шунинг олдини олиш учун ҳам шундай қайдлар берилади. Масалан: قراقچي сўзининг биринчи ҳарфидан кейинги унли ёзилмаган, бироқ изоҳда bi-fath ишораси борлиги учун ўқувчи уни qaraqčï (яъни “қароқчи”) деб ўқийди. Акс ҳолда уни qïraqčï ёки quraqčï деб ҳам ўқиши мумкин эди (Ҳасанов 1989(1),8).
Луғатда феъллар -maq, -mäk қўшимчали инфинитив кўринишда берилган. Муаллиф уларни masdar деб атайди.
Yalbarmaq – iltimās kardan; yalbardïm – iltimās kardam; yalbarïŋ – amr ba jamāa-i muxātibin; yalbarmïš – xabar az muğāyib-i vāhid, ba ma’ni iltimās karda ast.
(Маъноси: Yalbarmaq – илтимос қилмоқ; yalbardïm – ёлбордим; yalbarïŋ – тингловчи жамоага буйруқ; yalbarmïš – ўзганинг эшитганлиги тўғрисида хабар, “илтимос қилгандир” маъносида).
Феълнинг масдардан ясалган бошқа кўринишлари ҳам бош сўз бўлиб келиши мумкин.
Фонетик ва грамматик қайдлар луғат мақолалар ичида изоҳлар билан бирга аралаш келади. Баъзи сўзларнинг маъноси форсча эквивалентлар билан ҳам берилади. Масалан, sayaq – tanhā, günäš – āftāb сингари. Айрим ўринларда сўзнинг арабча таржимаси ва ўзбекча синоними ҳам кўрсатилади:
Tulum - ... мастона ашула айтиш ва эшитиш. Бу туркларнинг машҳур одати. “Ҳайрату-л-аброр”да келади: ”
Türk surudï bilän salïp qolum,
Qïlsa adā-yi ölüm vay tulum.
Ёки:
Šaq – bi-alif-i maqsura; nāvdān ke dar luğat-i ’arab mezāb goyad (қисқа алиф билан, “нов”, араб тилида уни “мезоб” дейдилар).
“Бадойиу-л-луғат” “чиғатой туркчаси”, хусусан, Навоий асарлари бўйича тузилган эса-да, айрим ўринларда ўғуз лаҳжасига хос хусусиятлар ҳам учраб туради. Муаллиф буни ўз ўрнида таъкидлаб ўтади ҳам. Масалан, ўша лаҳжаларда at ўрнида ad, tar ўрнида dar, taŋ ўрнида daŋ талаффуз қилинади, дея таъкилайди олим.
Толе Имоний ушбу луғати билан лексикография тарихида эски ўзбек тили луғатини йиғиш, биринчи галда, Навоий асарларида қўлланган сўз бойлигини жамлаш, уларнинг маъносини ёритиш ишини бошлаб берди. Мазкур луғат кейинги давр ўзбек лексикографияси учун муҳим манба бўлиб хизмат қилди.
“Абушқа” луғати ва унда сўзларнинг изоҳланиш принциплари
“Абушқа” туркий лексикография тарихидаги илк чиғатойча-туркча изоҳли луғатдир (қаранг: DDT). Луғатнинг муаллифи тўғрисида бир тўхтамга келинганича йўқ. Баъзилар унинг муаллифини Мустафо бин Содиқ деган. Б. Ҳасанов кейинги даврда тузилган “Санглох” луғатининг муаллифи Мирзо Меҳдихоннинг ана шу ва бизгача етиб келмаган қандайдир бир луғат тузувчиларини “muallif’ayn rumî’ayn” (“румлик икки муаллиф”) дея тилга олишига кўра “Абушқа” муаллифини Румий нисбаси билан атайди (Ҳасанов 1989(1),17).
“Абушқа”нинг яратилган йили, ҳатто луғатнинг ўз оти ҳам маълум эмас. Луғатнинг илк бош сўзи “қария, кекса” маъносидаги abušqa билан бошлангани учун, луғатга ҳам шу от бериб кетилган.
Классик ўзбек тили (“чиғатой туркийси”), хусусан, Алишер Навоий асарлари бўйича тузилган луғатлар ичида қўлёзмалари энг кўп тарқалгани “Абушқа”дир. Қўлёзмалари Британия музейида, Вена кутубхонасида, Санкт-Петербургдаги Салтиков-Шчедрин, университет кутубхоналарида, Россия ФА Шарқшунослик институтида сақланмоқда. Вена қўлёзмасининг 1552 йилда, Британия музейидаги нусхасининг 1554 йилда кўчирилганига кўра, луғат Навоийнинг ўлимидан бир оз кейин – XVI аср ўрталарида яратилган дея тахмин қиладилар (Щербак 1962,53–55).
Асарнинг учта қўлёзмаси ЎзР ФА Шарқшунослик институтида сақланмоқда (Ҳасанов 1989(1),18).
Асар классик матнларда ишлатилган сўзларнинг маъноларини очиқлашга бағишланган бўлиб, мисоллар Мавлоно Лутфий, Мир Ҳайдар, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур сингари улуғ адибларнинг асарларидан сайлаб олинган. Булар маъноси ҳар кимсага, айниқса, туркийнинг бошқа лаҳжаларида сўзловчи кишиларига тушунарли бўлмаган, ўзига хос маъноли ёки чиғатой туркчасида муайян англамда ишлатилиб, кейинчалик унутилган сўзлардир. Луғатга 2054 га та сўз ва сўз шакллари кирган.
Сўзлар бошланиш ҳарфларига кўра 21 бобга ажратилган. Боблар ўз ичига кирган сўзларнинг бош ҳарфлари номи билан (масалан, “al-harf al-alif”, “al-harf al-bā” сингари) юритлади.
Бобларнинг ҳар қайсиси ўз ичида уч қисмга бўлинган. Аввалги қисмда биринчи ҳарфи фатҳали, сўнг касрали ва бобнинг охирида биринчи ҳарфи даммали сўзлар келади.
Луғатнинг биринчи “алиф боби” фатҳали қисмида сўзлар биринчи ва иккинчи ҳарфларига кўра алифбо тартибида жойлаштирилган (abušqa, abağa, ataldï, atqadï, atap, atağïl, atïp сингари). Қолган бобларнинг ҳаммасида сўзларни алифбо тартибига солишда уларнинг уч ҳарфи эътиборга олинади, қолган ҳарфлари эса ҳисобга олинмайди.
Ёзилиши бир хил, талаффузи турлича бўлган сўзлар, яъни амографларнинг ҳар бири мустақил сўз мақола сифатида берилади. Масалан: ot – ātaš ma’nāsïdadur; ot – yerdä bitkän ot ma’nāsïdadur; öt – amr edip, keč demäkdür.
Муҳими, луғатда сўзлар маъносини изоҳлашнинг ўзига яраша принциплари амал қилади. Муаллиф танлаган йўлни, унинг принципларини ўрганиб, турк лексикографиясининг тарихий методлари, қолаверса, чиғатой тилидаги матнлар мазмунини тўғри талқин этиш имконига эга бўламиз. Луғат муаллифи чиғатой тили луғатидаги сўзларнинг маъноларини очиқлашда уларнинг икки жиҳатига эътибор қаратади. Биринчиси – сўзларнинг фонетик хусусиятлари. Маънони ечиб беришда сўзларнинг товуш белгилари муҳим омил эканлигини кўзда тутган ҳолда, чиғатой матнларида ишлатилган сўзларнинг талаффузи, ёзилиши, фонетик вариантлари кенг қамровда ёритилади. Бу нарса ўша замонларда ҳам қипчоқларга ёки ўғуз туркларига, айниқса, усмонли туркчасида сўзловчиларга чиғатойча матнларни ўқиш ва уларнинг маъносини талқин этишда қўл келган.
Маълумки, эски туркча матнларда жарангли [g] ва жарангсиз [k] товушлари ёзувда фарқ қилмайди, иккови ҳам kāf ҳарфи билан берилган. Луғат муаллифи уларнинг талаффузини акс эттириш мақсадида турли атамалардан фойдаланган: жарангли [g] учун kāf-e ’ajamî, жарангсиз [k] учун эса kāf-e ’arabî атамасини қўллайди. Масалан, ögürmäk сўзини изоҳлар экан, ундаги kāf ҳарфларининг талаффузига тўхталиб, “kāf-e avval ’ajamî va kāfe sānî ’arabîdur” деб ёзади (DDT.111). Ёки emgäk сўзининг изоҳида “kāf-e avval ’ajamî, kāf-e sānî ’arabîdur” дея урғулайди (DDT.20). Яна мисоллар: öksük – kāf kāf-e ’arabîdur (DDT.111); özgä – kāf kāf-e ’ajamîdur (DDT.105).
Шунингдек, туркий матнларда jim ҳарфининг вазифаси ҳам икки хил, у [j] ва [č] товушларини билдиради. Муаллиф уларни айириб кўрсатиш мақсадида: [j] учун jim-e ’arabî, жарангсиз [č] учун эса jim-e ajamî атамасини ишлатади. Масалан, ajïğ ёки ajïq сўзини изоҳлар экан, ундаги jim ҳарфининг талаффузига ва сўзнинг маъносига тўхталиб, “jim-e ’arabî-lä, “ajï” demäkdür” дея урғулайди (DDT.10). Ёки kečti сўзининг изоҳида kāf ва jim ҳарфларининг талаффузига тўхталиб, “kāf kāf-e ’arabîdur va jim jim-e ajamîdur” дея таъкидлайди (DDT.256).
Луғатда айрим сўзларнинг фонетик вариантларига ҳам эътибор қаратилади; муаллиф уларнинг ҳар икки кўринишини беради. Масалан: Ayağ va ayaq – “qadah” va “pāy” ma’nāsïndadur (DDT.29).
Луғат муаллифининг эътиборидаги иккинчи жиҳат сўзларнинг маъноларини изоҳлашдир. Сўзлар маъносини изоҳлар экан, айни маънода кимнинг асарида, қайси байт, ҳатто қандай вазиятда қўлланилганини аниқ кўрсатади ҳамда ўша байт ёки жумлани мисол келтиради.
Масалан, köklä- сўзининг таърифида ёзади: Köklä – kāf lar kāf-e ’arabîdur, amr edüp “sāz čal-” ma’nāsïnadur-ki, “Mahzan Mir Haydar”da maqāla-i avvalda kelür-ki, bayt:
Türk surudïnï tüzük birlä tüz,
Yaxšï ayalğu bilä köklä qobuz.
Va yana “Ğarāyibu-s-siğar”da kelür-ki, bayt:
Dedim tarāna-e jān yaxšï mutribā sen xud,
Firāq sāzï tüzüp öltürür kökin čaldïŋ.
Kök öldürmäk vaznïnda va āhaŋïda čaldük demäkdür (DDT.269).
Яна мисол: Qošuq – urğuštak usulïnda ïrlanan tarkiba derlärki, “Mezānu-l-avzān”da bir türkidä kelürki, yana qošuqdur-kim, urğuštak usulïda šāyedur va urğuštak tafsilï “Alif-e mazmuma”da kečmišdir va yana “Hayratu-l-abrār”da söz ta’rifïnda kelür-ki, bayt:
Aŋlamayïn sözdä tuyuq bahrïnï,
Qaysï tuyuq, balki qošuq bahrïnï (DDT.342).
Yawčïn “qonaq” ma’nāsïndadur-ki, “Mahzan Mir Haydar”da Hātam-e Tāyi hikāyasïnda bolur. Bayt:
Kim karamïn körgä bu hālï bilä,
Yawčïn ağïrlar kiši mālï bilä (DDT.407).
Луғатда соҳа атамалари ёки кейинчалик маъноси унутилган сўзларга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Масалан, sïğnaq сўзи жой оти сифатида ҳаммага маълум. Лекин у ёзув турини ҳам билдирган. Бу маъносини Бобур ўз шеърида ташбиҳ сифатида қўллайди. Луғатда ана шунга ишора этилади. Муаллиф ёзади:
Sïğnaq – bir nav’e xatdur, Čïğatayda xatt-i bāburî va ğayri kibi-ke, Bābur Mirzā aš’ārïnda kelür. Bayt:
Xublar xattï nasibïŋ bolmasa, Bābur, ne taŋ,
Bāburî xatï emäsdür, xat-i sïğnaqîmudur (DDT.278).
Мусиқа илмига тегишли бўлган urğustak сўзининг маъносини қуйидагича очиқлайди: Urğustak – kāf kāf-e ’arabîdur, ’ilm-i musiqîda bir usuldur-ki, “Mezānu-l-avzān”da-ki – ’aruz risālasïdur, qošuq luğatïn tasjih etdüki mahalda bir türkîda kelür-ki, yana qošuqdur-ki, urğuštak usulïda šāye’dur va ba’zi advār kišidä ul usul zikr bolupdur va ul surud ’a’rābnïŋ tewä sürär hudilar vaznï bilä ramal-i murabba’-i mahzufda vāqe’ bolur va anïŋ aslï bu nav’dur-kim, bayt:
Vah-ki ul ay hasratï dard-u dāğ-i furqatï,
Ham erür jānïmğa ört, ham hayālïm āfatï (DDT.134).
“Чиғатой туркчаси” бўйича тузилган луғатлар, шулар қатори “Абушқа” ҳам, чиғатой тилида қўлланилган сўзлар маъносини аниқлашда, классик матнларни тушуниш ва уларни талқин қилишда муҳим аҳамиятга эгадир.
Уй иши:
Навоийнинг “Муҳокамату-л-луғатайн” асарини синчиклаб ўрганиб чиқинг. Навоийнинг тилнинг ўзига хос қирраларини очиб беришдаги усталигини далиллаш учун мисоллар йиғинг.
“Бадойиу-л-луғат” ва “Абушқа”ни факсимил нашрлари бўйича синчиклаб ўрганиб чиқинг. Ушбу луғатларнинг тузилиши, ўзгачаликларини белгилашга уриниб кўринг. Бунга мисоллар йиғинг.
Талабаларнинг билимини текшириш учун сўроқ ва топшириқлар:
Навоийнинг тилшунослик тарихидаги хизматлари тўғрисида сўзлаб беринг.
Достарыңызбен бөлісу: |