Навоийнинг “Муҳокамату-л-луғатайн”ни ёзишдан кўзлаган мақсади нималардан иборат эди?. Навоийнинг талқин принциплари. Турли оилага кирувчи тилларни чоғиштирма-типологик ўрганиш масаласи ҳақида сўзлаб беринг.
Навоий туркий тилнинг сўз бойлиги тўғрисидаги фикрларини тушунтиринг.
Навоийнинг луғатчилик фаолияти тўғрисида сўзланг.
Эски ўзбек тили, хусусан, Навоий асарлари бўйича луғатлар яратиш анъанасининг шаклланиши ва унинг тарихий тараққиёти тўғрисида нималарни биласиз?
Толи Имоний тузган “Бадойиу-л-луғат” асари тўғрисида сўзланг.
“Абушқа” луғати ва унинг тузилиши, сўзларнинг изоҳланиш йўллари тўғрисида сўзланг.
Навоийнинг “Муҳокамату-л-луғатайн” асари бўйича ўқитувчи раҳбарлиги остида илмий семинар ўтказинг. Семинарда слайд материалларидан кенг фойдаланинг.
“Бадойиу-л-луғат” ҳамда “Абушқа” бўйича ўқитувчи раҳбарлиги остида илмий семинар ўтказинг. Семинарда слайд материалларидан кенг фойдаланинг.
Олтинчи мавзу: “XVII–XIX АСРЛАРДА ЯРАТИЛГАН ЛУҒАТ ВА ГРАММАТИК АСАРЛАР”
Таянч тушунчалар: луғатчилик анъанаси;
Дарсни олиб бориш йўллари: маъруза, савол-жавоб. Маъруза баён, таҳлил, чоғиштирма-типологик усулда олиб борилади.
Дарсдан кўзланган мақсад ва вазифалар: XVII–XIX асрларда яратилган луғат ва грамматик асарлар, уларнинг тузилиш принциплари тўғрисида билим бериш.
Кўрсатма ва тарқатма материаллар: луғатлардан олинган мисоллар; топшириқ берилган варақлар; турли жадваллар.
Дарсда қўллаш мумкин бўлган техник ускуналар: компьютер, расмни деворга туширувчи мослама, катта бичимли телеэкран, турли дисклар.
Э ъ т и б о р қ а р а т и л а д и г а н м а с а л а л а р:
Муҳаммад Ёқуб Чингийнинг “Келурнома” асари ва унинг тузилиши.
Мирзо Меҳдихоннинг луғатшунослик тарихидаги хизматлари. “Санглох” ва “Мабони ул-луғат” асарлари.
Фазлуллахон барлоснинг “Луғат-и туркий” асари ва унинг тузилиши.
Фатҳали Қожорнинг “Китоб-и луғат-и атрокийа” асари.
“Хамса бо ҳалли луғат”.
Муҳаммад Ёқуб Чингийнинг “Келурнома” асари
Муҳаммад Ёқуб Чингий Ҳиндистонда юртга эгалик қилган бобурий хонлардан охиргиси Абу Музаффар Муҳиддин Аврангзеб ўрдасида хизматда бўлган эди. У ўзининг “Келурнома” асарини хоннинг буйруғи билан ёзган.
Фанда “Келурнома”нинг иккита қўлёзмаси маълум: бири - ЎзР ФА Шарқшунослик институтинида 5052 рақами остида, иккинчиси эса Британия музейида сақланмоқда.
Китоб ўн беш бобдан тузилган (қаранг: KN); ҳар қайси боб ўз ичида фаслларга бўлинади. Шундан ўн тўрт боби феълларга бағишланади. Уларда 400 дан ортиқ туркий феъл шакллари берилган. Феъллар масдар шаклида (-maq/-mağ аффикси билан), шунингдек, ўтган, ҳозирги-келаси ҳамда келаси замонда, бўлишли ва бўлишсиз кўринишларида берилиб, ҳар қайсиси форсчага таржима қилинган: uyqulamaq – xābidan, uyquladï – xābid, uyqulaptur – xābida ast, uyqular – xāhad xābid, uyqulabdï – xābida bud, uyqulaydur – mixābad, uyqulamadï – naxābid, uyqulamaptur – naxābida ast, uyqulamas – naxāhad xābid, uyqulamabdï – naxābida bud, uyqulamaydur – namixābad, uyqula – baxāb, uyqulama – maxāb, uyqular-biz – mixābim mā, uyqulamas-biz - namixābim mā сингари.
Боблар алифбо сирасидаги ҳарфлар билан бошланувчи феълларга аталган: биринчи боб – “алиф” ҳарфи билан бошланувчилар, иккинчи боб – “ба”, учинчиси – “та”, тўртинчиси – “чим”, шу кетма-кетликда ўн тўртинчи боб “йай” билан бошланувчи сўзларга бўлинади. Ҳар қайси боб ўз ичида фаслларга ажралади. Масалан, учинчи – “та” ҳарфлилар бобининг биринчи фасли – tanïmaq, иккинчи фасли – tanmaq, учинчи фасли – tonamaq, тўртинчи фасли – tïnmaq феълининг ўтган, ҳозирги-келаси ҳамда келаси замондаги, бўлишли ва бўлишсиз кўринишлари ҳақидадир. Жумладан, tanï- феълининг формалари қуйидагича: tanïmaq, tanïdï, tanïptur, tanïr, tanïbdï, tanïydur, tanïmadï, tanïmaptur, tanïmas, tanïmabdï, tanïmaydur, tanï, tanïma, tanïr-biz, tanïmas-biz.
Луғатнинг сўнгги – ўн бешинчи боби исмларга аталган бўлиб, улар маъносига кўра гуруҳлаштириб чиқилган. Бу боб тўққиз фаслдан иборат. Масалан, биринчи фасл – кўк ва унинг билан боғлиқ нарсалар, иккинчиси – ер ва унда жойлашган нарсалар, шундай кетма-кетликда охирги фасл – олмош, ёрдамчи сўз ва қўшимчалар ҳақида. Масалан, кўк ва унинг билан боғлиқ бўлган нарсаларнинг оти: kök, quyaš, künäš, kün, ay, aydïn, yulduz, Yetdikän, Hülkär, ağïl, yaruq, yaruqluq, yašïn, čaqïn, ïldïrïm, bulut, yağïš (ёғингарчилик), yağmur, čibär (шивирлаган ёмғир), qar, muz, čapqun, yüz, yel, qïraw, suw, ot, čoğaš (қуёшнинг тафти), yalïn, čäŋ, ayas (тоза ҳаво), šüdrün, taŋ, kün, kündüz, kečä, ertä, keč (кеч, вақтга нисбатан), keč (ўтмак, кечмак), axšam, qaranğu, alav, manyar, qïš, yaz (баҳор), sawuq, ïsïğ. Ёки ер ва унда бор бўлган нарсалар: yer, tufraq, čägä (қум), qum, teŋiz, say, arna (сув йўли, канал), bulaq, quduq, qaq (кўлмак), quyun, arïq, qayun (қайиқ), qayïq, kemä, čuqur, qïraq (қирғоқ), olaŋ (дашт, текислик), yaban (дашт, текислимк), yazï (текислик), balïğ, yïlan сингари.
Луғатда бир маъноли сўзлар, антонимлар, омонимлар, ёзилиши бир хил сўзлар бир ерда, муайян изчилликда берилади. Масалан: quyaš, künäš, kün – қуёш; yašïn, čaqïn, ïldïrïm - чақмоқ, яшин; yağïš, yağmur – ёмғир; čägä, qum – қум; qayun, qayïq – қайиқ; olaŋ, yaban, yazï - текислик, дашт; uy, öküz – буқа, ҳўкиз; inäk, sïyïr – сигир сингари синонимлар луғатда кетма-кет келтирилади.
Ёки: ertä – эрта, keč – кеч сингари зид маъноли сўзлар;
Ёки: keč – кеч (кечки пайт), keč – кечмoқ, феъл; tüz – текислик, tüz – тўғри, чин маъносини билдирувчи омонимлар кетма-кет келтирилган.
Ёзилиши ва ўқилиши бир-бирига яқин, маъноси турлича бўлган: arïq – ариқ, arïğ – тоза сўзлари ҳам бир ерда, сабаби тилни яхши билмайдиган киши уларни қориштириб юбориши ҳеч гап эмас.
Ёзилиши бир хил, талаффузи турлича сўзлар ҳам шундай изчилликда. Масалан, توز омографи маъноси ва талаффузига кўра турли англамларда келади: tüz – текислик, tüz – тўғри, рост; tuz – туз, ош тузи; toz – чида-; toz – чанг; toz - бардам бўл-, бўйунсун-; tüz - туз, созла;
Яна бир жиҳати, фасллар ичида сўзларнинг кетма-кетлиги тартибсиз эмас, маъноларига қараб олдинма-кетинликда берилади. Масалан, қариндош-уруғчиликни билдирувчи сўзларга бағишланган фаслда аввал туғушганлар (uluğ ata, ata, aba, abağa (амаки), uluğ aba (катта амаки), kičik aba (кичик амаки), ana, uluğ ana, ača (она), äkä, ağa, ini, apa, egäči, jiyän, siŋil), сўнг тўйдан кейин шаклланган қайинбўйлар (qayïn ata, qayïn ana, qayïn egäči, qayïn siŋil, qayïn ini, qayïn ağa), ундан кейин хотин билан боғлиқ уруғлар (qalïnlïq (келин), xatun (хотин), oğlan (авлод), oğul, qïz), эр-хотинликдан келиб чиққан қариндошлар (kiyaw, yäzna (почча), qušarta (севгили), abušqa (эр), er), қариндош-уруғларнинг умумий номлари (qarïndaš, uruğ, ätäkä (эркак тарбиячи), atalïq (ота томондан боғланиш), enägä) ва бошқалар келади. Киши тана аъзоларини билдирувчи отлар ҳақидаги фаслда кетма-кетлик бош ва унинг аъзолари билан бошланиб, оёқ учи билан охирлайди. Ёки сонларга бағишланган фасл соннинг даражалари асосида бирдан бошланиб, минглик билан тугайди.
Мирзо Меҳдихоннинг “Санглох” ва “Мабони ул-луғат” асарлари
Алишер Навоий ва “чиғатой туркийси”да ижод этган шоирлар асарлари бўйича тузилган луғатлардан бири Мирзо Меҳдихон (Низомиддин Муҳаммад Хож ал-Ҳусайн ас-Сафавий)нинг “Санглоҳ” асаридир. Луғатга грамматик очерк ҳам қўшимча қилинган бўлиб, у “Мабони ул-луғат” (“Тил асослари”) деб аталган.
Мирзо Меҳдихон ўзининг “Санглох” асарини ҳижрий 1173 (мелодий 1760 йили) ёзиб тугатган. Унда Лутфий, Мир Ҳайдар, Навоий, Ҳусайн Бойқаро, Бобур асарларида қўлланган туркий сўзлар форс тилида изоҳланган, улар қатнашган байтлардан келтирилган. Луғатга классик ижодкорларнинг асарларидаги маъносини топиш қийин бўлган сўзлар жамланган. Шундан келиб чиқиб, Мирзо Меҳдихон уни “Санглох” деб атаган эди (маъноси “тошлоқ ер” дегани).
Муаллиф “Санглох”нинг кириш қисмида “чиғатой туркийси”, хусусан, Навоий асарлари бўйича тузилган бошқа луғатларни тилга олади. Унинг бу маълумоти туфайли “Бадойиу-л-луғат”, “Абушқа”дан ташқари Румий, Фароғий, Надр Али, Мирзо Абдулжалил Носирийнинг бизгача етиб келмаган луғатлари бўлгани тўғрисида хабар топамиз.
Луғат беш жузвга бўлинган: биринчиси белгисиз бўлиб, ўз ичига “алиф” билан бошланувчи сўзларни қамрайди; иккинчи жузвда бошланиши ب, ز ҳарфли сўзлар келади; учинчи жузвда ص, ض, ط, ظ, ع, غ ва ف ҳарфли сўзлар; тўртинчи жузвда ق ва ك билан бошланган сўзлар; бешинчи жузвда эса ل, م, ن, ه, و ва ي ҳарфи билан бошланган сўзлар берилган.
Қисмлар китобларга бўлинади. Буларнинг ичига кирган ҳар бир ҳарф мустақил китобни ташкил қилган. Ҳар бир китобга кирган сўзлар биринчи ҳарфининг ҳаракатига кўра олдинма-кетин жойлаштирилган.
Ҳар бир боб бўлакларга ажралади. Улар maa-l-alif (алиф билан), maa-l-bā сўзлари билан бошланади. Бўлакчалар ичида феъл ва унинг бошқа шакллари аралаш келса, mina-l-muštaqqāt (ясама шакллар) ва mina-l-javāmid (ўзгармас шакллар)га ажратилади. Биринчисида феъллар, иккинчисида бошқа сўзлар келади..
“Санглох” ўз ичига 6181 луғат мақолани олади. Муҳими шундаки, “Бадойиу-л-луғат”да, қисман “Абушқа”да, сўз шакллари ҳам луғат мақолалар бошига олингани учун мустақил сўзлар қаторига кириб кетади. Агар “Санглох”даги сўз шаклларини ҳам мустақил сўзлар сифатида санайдиган бўлсак, бу ердаги сўзлар сонини ифодалаш учун 20000 дан кам бўлмаган рақамдан фойдаланишга тўғри келарди. Бунинг сабаби шундаки, бош сўзи феъл-луғат мақолалар ичида унинг 35 тагача грамматик шакллари ҳам келтирилган (Ҳасанов 1989(1)36-37).
Бош сўзлар ҳамма сўз туркумларидан тузилган. Феъллар инфинитив(масдар) шаклида, қолган сўз туркумлари эса бирликда ва бош келишикда келади.
Сўзлар ҳаракатларсиз, бироқ уларни тўғри ўқиш учун фонетик қайдлар бор. Агар унлилари “алиф”, “вāв”, “йā” билан ёзилган бўлса, фонетик қайдлар берилмайди.
“Санглох” ўзигача ва ўзидан кейин яратилган луғатлар орасида илмий жиҳатдан энг етуги бўлиб, унда сўзларни изоҳлашда қуйидагилар эътиборда тутилган:
1) Аввал бош сўз берилади.
2) Бош сўзнинг ўқилиши бўйича фонетик изоҳлар ва имло қоидалари келтирилади.
3) Бош сўз ва ундан ҳосил бўлувчи шаклларнинг грамматик характеристикаси.
4) Сўзнинг келиб чиқиши (этимологияси) баён қилинади.
5) Сўз ва ундан ҳосил бўлувчи шаклларнинг семантик таҳлили.
6) Бош сўз ва ундан ҳосил бўлувчи шаклларнинг маъносини тасдиқловчи ҳаволалар.
7) Бош сўз ва ундан ҳосил бўлган шаклларнинг румий (туркча), араб, форс ва бошқа тилларда ифодалаган маънолари.
8) Ўзидан бурун ўтган олимларнинг қарашларига танқидий муносабат.
9) Бош сўз маъносига мос ҳолда байтлар келтириш (қаранг: Хасанов1989(2),16).
Муаллиф сўзларни изоҳлаганда, керагига қараб, юқорида кўрсатилганларнинг у ёки бу жиҳатини баён қилади.
Энг муҳими, “Санглох”да ва бошқа луғатларда ҳам, Алишер Навоий ва бошқа классик ижодкорларнинг асарларидан олинган бош сўз сифатида, асосан, келиб чиқиши соф туркий, баъзан арабча ва ундан оз ҳолатда форсий сўз танланади. Луғат тузувчилар туркий сўзларнинг маъноларига, байт мазмунига боғлиқ ҳолда юз берувчи стилистик жиҳатларига алоҳида эътибор қаратганлар ва бунинг мураккаблигини, муҳимлигини тўғри англаганлар. Луғатларда берилган бош сўз барча туркумларига оид бўлиши мумкин.
Луғатшунослар бош сўз маъносини изоҳлаганда, унинг нозик қирраларига ҳам алоҳида аҳамият берганлар. “Санглох”дан олинган қуйидаги мисолга эътибор қаратинг:
Tuzağ – dāmrā nāmand. Cunānki, dar Xusrav-u Širin guyad, si’r:
Balā ičrä firāğï birlä kelmiš,
Tuzğqa öz ayağï birlä kelmiš.
(Tuzağ – dām дегани. Чунончи, “Хусрав-у Ширин”да келади, шеър:
Balā ičrä firāğï birlä kelmiš,
Tuzğqa öz ayağï birlä kelmiš).
Бу ўринда tuzağ сўзи форсчада dām деб берилган. Бунинг тўғрилигини Навоийнинг бошқа бир жумласи ҳам исботлайди. Чунончи у “Насойиму-л-муҳаббат”да tuzağ га эквивалент сифатида форсчадан ўзлашган dām ни келтиради: Va deptur-ki, quš-ki, yerdin yuqarï učğay, agarči āsmānğa yetmägäy, ammā dāmdïn yïraq bolğay.
Туркийда tuzağ га синоним сифатида tor сўзи ҳам қўлланилган. Буни Мирзо Меҳдихон шундай таъкидлайди: تور - hašt ma’nā dārad, avvalanči mušabbak bāfta šavad az qabili dām-i sayyidi… (“تور нинг саккиз хил маъноси бор: биринчиси, тўқилган ов тўри маъносида”). Бироқ, tuzağ билан tor сўзи ўртасида стилистик фарқ бор. Буни Меҳдихон ҳам яхши билган, шунинг учун бўлса керак, tuzağ ни изоҳлаганда у билан ёнма-ён tor сўзини келтирмайди (бу ҳақда қаранг: Хасанов 1989(2), 23-24).
Мирзо Меҳдихон туркий сўзларни изоҳлаганда, ўрни билан, уларнинг синонимлари ҳамда бошқа тиллардаги аталишига ҳам тўхталади. Масалан: Tašbaqa – sangpošt bāšadki, ānrā baqa va baqa čanaq ham guyand va ba-’arabi kasf xānand (Tašbaqa – sangpošt дирки, уни baqa ва baqa čanaq ҳам дейишади ва бу арабчада kasf аталади).
“Мабони ул-луғат” “чиғатой тили” (“чиғатой туркийси”)га бағишланган грамматик асардир (таржимасига қаранг: MBL). У сўз боши; муқаддима; тарсиф (яъни грамматика) бўлимларидан тузилган.
Тарсиф бўлими олти мабно(туркий тил морфологиясининг олти хил асоси)дан иборат. Ҳар қайси мабно ўз ичида яна бобларга бўлинади. Боблар муайян қоидаларга бағишланган.
Биринчи мабно туркий феълларнинг кўринишларига бағишланган.
Иккинчи мабно феъл шаклларининг ясалиш усулларига бағишланган.
Учинчи мабно олмошлар ва кўрсатиш исмларига бағишланган.
Тўртинчи мабно бирикмаган ҳолда маъно англатмайдиган сўзларга (эски грамматикаларда бундай морфемалар “ҳарфлар” деб аталган) бағишланган.
Бешинчи мабно мустақил маънога эга бўлган, лекин ўз маъносини ифодаламайдиган сўзлар ҳақида.
Олтинчи мабно имло қоидалари ҳақидадир.
Мирзо Меҳдихон туркий тилда мавжуд бўлган уйғун тартиб-қоидаларга катта эътибор қаратган эди. У “Мабони ул-луғат”нинг муқаддимасида шундай ёзади: “Гарчи Фароғий ўз асарида турк сўзлари вазн (яъни, арабчадаги сўз шакли – Қ.С.) ва масдар тартибига эга бўлмаганлиги учун, ўз китобимга қадимгиларнинг шеърларини асос қилиб олдим, деса ҳам, унинг фикрлари ҳақиқатга тўғри келмайди. Чунки турк тилида аниқ ва мавжуд бўлган уйғун тартиб ва қоидалар на форс тилида бор-у, на араб тилида. Унинг барча феъл формалари қоидага мувофиқ ясалгандир” (MBL.10).
Сўнгги йилларда тилшунослигимизда ўзбек тили тарихида, хусусан, Алишер Навоий асарлари тилида сингармонизм ҳодисаси учрамаган, ўзбек тили тарихи учун бу нарса аҳамиятли эмас, деган фикр оралаб қолди. Буткул асоссиз ва қўшилиб бўлмайдиган фикр. Tуркий тиллар тарихида, эски ўзбек тилида сингармонизм “темир қонун” сифатида амал қилган.
Tўғри, “сингармонизм” сўзини атама сифатида ғарб тилшунослари қўллади, кейин эса ўзбек тилшунослигига ҳам ўзлашди. Taрихан ушбу атама учрамагани билан, туркий тилларда бу ҳодиса бурундан бор. Ўтмишда яратилган тилшунослик асарларида ушбу ҳодисага ишора этувчи қайдларга дуч келамиз. Ўша замон тилшунослари муайян ҳарф, сўз ёки қўшимчаларнинг талаффузини шарҳлаганда, уларнинг фонетик-фонологик хусусиятини таъкидлаб ўтадилар. Бунга Навоий ҳам айрича эътибор қаратган эди. “Муҳокамату-л-луғатайн”да буни у жуда яхши ёритиб берган.
Навоий асарлари тилида сингармонизм ҳодисаси яққол кўзга ташланади. Масалан, муаллиф битган сатрларда “йўғон” ўзак-негизли сўзларга масдар кўрсаткичининг -maq варианти қўшилади: quruqšamaq, aldamaq, qïstamaq, yalïnmaq сингари; “ингичка” талаффузли сўзларга эса -mäk варианти қўшилади: igirmäk, indämäk, sürkänmäk, örtänmäk сингари. Навоийнинг таъкидлари ва унинг асарларидаги мисоллар ҳозирги тилшунослигимизда биз атаётганимиз “сингармонизм”нинг ўзидир. Ўтмиш тилшунослигида қандай аталгани, қай тартибда таърифланганидан қатъи назар, туркий тиллар тарихида бу қонун бор, бор бўлганда ҳам ўта аҳамиятли эди.
Мирзо Меҳдихон туркий тилдаги сингармонизм ҳодисасини ниҳоятда тўғри баҳолаган эди. Чунончи, у туркий феъл шакллари тўғрисида билим бера туриб, шундай ёзади: “Феъл формалари ишлатилишига кўра икки турдан иборат: “ğ”, “q”ли формалар ва “k”ли формалар. Бу ҳар икки тур грамматик қоида ва ихтиёрийлик юзасидан бўлмай, эшитилиш ва эътибор юзасидандир. Фароғий ўз асарида “q” ва “k”нинг ишлатилиши ихтиёрий деб ёзган. Толе Ҳиравий ҳам аlğučï маъносини тушунтирганда, ихтиёрий равишда ҳозирги замон сифатдошига “ğ” ёки “g” орттирилади, деб ёзади: qïlğučï, bilgüči каби. Лекин ҳар иккисининг сўзи ҳақиқатдан холи ҳамда нуқсон ва камчиликка эга. Чунки qïl сўзи буйруқ феъли бўлиб, қаттиқ ўзаклидир ва шунинг учун унинг барча феъл формалари “q” ва “ğ” билан ясалади: qïlmaq, qïlğay, qïlğüčï каби ва ҳоказо. Bil юмшоқ ўзакли бўлиб, унинг феъл формалари “k” ёки “g” билан келади: bilmäk, bilgäy, bilgüci каби ва ҳоказо” (MBL.11-12). Қизиғи шундаки, Толе Имоний “Бадои ул-луғат”да “ихтиёрий равишда ҳозирги замон сифатдошига “ğ” ёки “g” орттирилади” деб ёзгани билан, ўз луғатида туркий сўзларнинг ўқилишини ва ёзилишини тўғри беради.
Муҳими, эски ўзбек тилининг фонетик қуруми, морфо-фонологик тизими ана шу қонунга бўйсунар эди. Навоий асарларининг тили сингармонизмли тилдир. Бугина эмас, бутун ўзбек мумтоз адабиёти асарларининг тили айни қонунга асосланади. Ҳозир ҳам бошқа туркий тилларда бу ҳодиса давом этмоқда. Ўша тилларда сўзнинг фонетик-фонологик табиати шу қонунга мослашади.
Фазлуллахон барлоснинг “Луғат-и туркий” асари
Мазкур луғатни XVIII асрнинг иккинчи ярмида (мелодий 1779 йили) Ҳиндистоннинг Бангола шаҳрида Шоҳжаҳоннинг ўғли Аврангзеб буйруғи билан Фазлуллахон барлос тузган. Луғат форс тилида бўлиб, унинг кунимизгача етиб келган ёлғиз қўлёзмаси ҳозир Британия музейида сақланмоқда. Унда келиб чиқиши туркий бўлган 1366 та сўз маъносига изоҳ берилган (луғат ҳақида қаранг: Убайдуллаев 2011).
Луғатда туркий феъллар берилиб, унинг қандай ўқилиши, маънолари форс тилида баён қилинган. Тузувчи феълларни ўн уч хил ҳарф билан бошланувчи сўзлар гуруҳига (яъни бобларга), исмларни эса ўн саккиз хил ҳарф билан бошланувчиларга ажратади. Аввал феъллар, сўнг отлар берилади. Феълларни берганда аввал “аlif” билан бошланувчи сўзлар (масалан: oqumaq), сўнг “ba” билан бошланувчи сўзлар (масалан: bermäk), шу тартибда давом этиб, охирида “yay” билан бошланувчи сўзлар келади. Отлар эса англатган маъноларига кўра гуруҳлаштирилган: кетма-кетлик уй-рўзғор буюмларининг отларидан бошланиб ҳайвонот оламига кирувчи сўзлар билан тугайди.
Туркий сўзлар маъносини тўғри англаш, талаффузида янглишмаслик мақсадида турли ҳаракатлар (аломатлар), товушларнинг махсус атамалари (kāf-e ’arabî, jim-e fārsî ва б.) ва бошқа кўринишдаги изоҳлаш йўлларидан унумли фойдаланган.
Сўзларнинг маъносини берганда туркий сўзга тенг келадиган форсча сўзлар, сўз бирикмалари, баъзан бунга қўшимча ҳолда ҳиндча сўзларни келтириш билан, шунингдек, ўша сўзнинг маъносини умумий тушунтириш йўли билан беради. Масалан:
Alp – ba fatha-ye hamza va lām va sukun-e bā-ye fārsî, pahlavān.
(Таржимаси: Alp – (ўқилиши:) бошида [а], сўнгра “лом” ва усти сукунли форсча [p], (маъноси:) паҳлавон).
Soqur – bа tafxim-e zamma-ye sin-e muhmala va qāf va sukun-e rā-ye muhmala, yak čašm, kur.
(Таржимаси: Soqur – (ўқилиши:) тўлиқ талаффузли, нуқтасиз [s], сўнг [q], сукунли, нуқтасиз [r], (маъноси:) бир кўзли, кўр).
Qaz – bа fаtha-ye qāf bā alif va sukun-e zā-ye mo’jama, nav’-e az murğ-e ābi ki mašhurast.
(Таржимаси: Qaz – (ўқилиши:) фатҳали [q], кейин “алиф”, усти сукунли нуқтали [z], (маъноси:) машҳур сув қушларидан бири).
Омографларни (ёзилиши бир хил сўзларни) беришда шундай усулни қўллайди:
توز bа tarqiq zamma-ye tā-ye qurašat va sukun-e zā-ye mo’jama, maydān va namak, va batafahim zamma tā ba ma’niye ğubār.
(Таржимаси: توز – (ўқилиши:) қисқа заммали оддий [t], сукунли нуқтали [z], (маъноси:) майдон ва туз (намак), агар замма [o] деб ўқилса, чанг (деган маънода келади)). Бу ўринда муаллиф tüz (тузлик, текислик ер) билан tuz (ош тузи, намак) ни бир-биридан фарқлайди, агар “вав” ҳарфи [о] деб ўқилса, toz (чанг, тўзон) сўзи англашилишини таъкидлайди.
“Китоб-и луғат-и атрокийа”
Ушбу луғат ҳам Алишер Навоий асарларига тузилган бўлиб, муаллифи Фатҳали Қожор (Фатҳали ибн Калбали ибн Муршидқули ибн Фатҳали Қожор Қазвиний)дир (қаранг: Щербак 1962,59-60; Ҳасанов 1989(1),46-58). Муаллиф луғат устида тўрт йил ишлаб, уни 1862 йили тугаллаган. Асар туркшуносликда “чиғатой туркийси” бўйича яратилган энг яхши луғатлардан бири сифатида тан олинади.
“Китоб-и луғат-и атрокийа” тўрт қисмдан иборат: муқаддима; чиғатойча-форсий луғат; Мирзо Меҳдихоннинг “Санглох”ида тушунарсиз қолган ўн икки сўзнинг изоҳи; Навоий асарларида кечган форсий сўзлар луғати.
Муқаддимада муаллиф Навоийнинг йигирма етти асарини санаб ўтади. Иккинчи – луғат қисмига жами 7694 та сўз киритилган. Уларнинг маъносини очиқлаш учун Навоийнинг тўртта девони, “Хамса”си, насрий асарлари - “Маҳбубу-л-қулуб”, “Тарих-и мулук-и ажам”дан, шунингдек, Лутфий, Мир Ҳайдар, Бобур, Ҳусайн Бойқаро, Искандар Мирзо, Баноий, Камолий, Убайдхон, Фузулий, Соқий шеърларидан мисоллар беради. Ора-чора форсий манбаларга ҳам мурожаат қилган.
Фатҳали Қожор эски ўзбек тили (“чиғатой туркийси”) билан Эрон турклари лаҳжаси орасидаги ўхшашлик ва фарқларга ҳам эътибор қаратади. Масалан, унинг кўрсатишича, эски ўзбек тилидаги ort (олов), cağïr, tört, qïrq, elli cўзлари уларнинг тилида ot, čaxïr, dört, qïrx, älli шаклида қўлланган.
Луғат йигирма саккиз бобдан иборат. Улар ўз ичига киритилган сўзларнинг бош ҳарфлари номи билан юритилади.
Боблардаги сўзлар алифбо тартибига солинган эмас. Қолган ҳамма белгилари “Абушқа” луғати сингари.
Унлиларнинг ёзилиши ва ўқилишига муаллиф алоҳида урғу берган. Масалан:
كيمه - bi-fathi kāf, ya’ni kemä;
كير - bi-kasri kāf, ya’ni kir;
قير - bi-kasri qāf, ya’ni qïr;
قوش - bi-fathi avval va vāvi ma’lum, ya’ni quš;
كوز - bi-fathi kāf va vāvi ma’lum, yani köz.
Фатҳали Қожор луғатни тугатгач, Алишер Навоий шеърларидаги маъноси тушунарсиз бўлган ўн икки сўз тўғрисида фикр юритади. Уларни Мирзо Меҳдихон ўз луғатида “маъноси ечилмаяпти” ибораси билан қад этганини ёзади. У ушбу сўзлар “Хазойину-л-маоний” ва “Хамса”да қай йўсинда келгани айтиб, сўнг бу сўзнинг маъноларини ечиб беришга уринади.
Луғатда Навоий асарларида қўлланган айрим арабча ва форсча сўзлар ҳам учрайди. Чунончи, луғатнинг охирида 429 та арабча, форсча сўз ва иборалар берилган.
“Хамса бо ҳалли луғат”
“Хамса бо ҳалли луғат” XVIII асрнинг иккинчи ярмида яратилган, Навоий асарлари бўйича эски ўзбек тилида тузилган луғатлардан биридир (қаранг: Шарахмедова 1990). Асарнинг ягона қўлёзмаси ЎзР ФА Шарқшунослик институтида сақланмоқда (7863- сонли қўлёзма). Асар “Хамса”нинг уч достони – “Сабъаи сайёр”, “Лайли-ву Мажнун”, “Садди Искандарий” бўйича тузилган. Дастонлардаги мазмунини англаш қийин бўлган сўзлар маъноси матн теварагига (ҳошиясига) ёзиб чиқилган. Хат услубига кўра, достонни кўчирувчи ҳам, луғат тузувчи ҳам бир кишининг ўзи, лекин оти маълум эмас. Луғатнинг охирида унинг тузилган йили – 1262 йил (мелодий 1845-1846) ёзиб қўйилган. Кузатувларга қараганда, котиб аввал “Хамса”ни кўчирган. Кейин қотор йиллар давомида (чамаси, ўн саккиз йил) асар устида жиддий иш олиб бориб, матнда учровчи қийин англашиладиган сўзлар маъносини ҳошияга изоҳлаб чиққан. Юқоридаги сана ана шундан кейин қўйилган (қаранг: Шарахмедова 1990,7).
Луғатни матнни кўчирган котибнинг ўзи тузганлиги ўта аҳамиятли. Бу иши унинг классик асарлар поэтикасини яхши англагани, “чиғатой туркийси”ни жуда яхши билгани, хусусан, эски туркий, форсча, арабча сўзлар маъносини яхши тушунганидан далолат беради.
Одатда, ўтмишдан қолган луғатларда (жумладан, “Абушқа” ҳамда бошқа луғатларда) аввал сўз ва унинг маъноси келтирилиб, кейин унинг мисоли берилади. Ушбу луғатда эса сўз ва унинг маъноси келтирилиб, мисоли учун матндаги байтга ишора қилинади, тўғрироғи, ҳошиядаги изоҳ матндаги сўз маъносини очиқлаб беради. Достон ҳошиядаги луғати билан бирга яхлит асарни юзага келтиради. Унга “Хамса бо ҳалли луғат” (яъни “Сўзлари изоҳланган “Хамса” ёки “Луғатли “Хамса”) дея от берилганининг сабаби ҳам шунда.
Луғат достонда қўлланган кўп маъноли ёки XVIII асрга келиб унутилган, кўпчилик, айниқса, ёш талаба учун англаш қийин бўлган эски туркий, арабча ва форсча сўзлар бўйича тузилган. Унда жами 2108 сўзга изоҳ берилади.
Тузувчи достонда учрайдиган сўзлар маъносини изоҳлашда уч усулдан фойдаланган:
Биринчидан, тушунилиши қийин сўзлар уларнинг синонимлари билан изоҳланган: jayran – kiyik, yalïn – ot, qaršu – otru, yawa – behuda, kālbad – badan. Cўзлар маъносини аниқлаштириш учун уларнинг бир нечта синонимлари ҳам кетма-кет қўлланилади. Масалан, aqrabā сўзи yruğ, tuğğan деб изоҳланган; ifrāt сўзи tola, köp деб берилган.
Иккинчидан, сўзлар уларнинг эквивалентини келтириш йўли билан изоҳланган: ’ajuz – qarï, yildïrïm – barq сингари.
Учинчидан эса, сўзлар уларни қисқача таърифлаш йўли билан изоҳланган. Масалан, jalā сўзи vatandïn ajrağan деб берилган; mustağraq – özdin ketkän; me’mār – ’imārat qïlğučï; mavqe’ – jāy-i vuqu.
Бундай усуллар, айниқса, кўп маъноли сўзларнинг ушбу байтдаги маъносини изоҳлашда жуда қўл келади. Масалан, mahd сўзи бир байтда “бешик” маъносида, бошқа бир байтда эса “тобут” маъносида келган. Луғатда эса, биринчисининг рўпарасига bešük, иккинчисига эса tābut деб изоҳлаб қўйилган.
Биринчи маъносининг мисоли:
Yatquzdïlar anï mahd ičindä,
Gul yafrağï tüšti šahd ičindä.
Иккинчи маъносининг мисоли (“Сабъаи сайёр”дан):
Kötärip zād sarv-i čālāknï,
Salïban mahd ara pāknï.
Муҳими кўп маъноли сўзларнинг у ёки бу маъноси контекстга қараб белгиланади. Масалан, “Садди Искандарий”да misāl сўзи икки ўринда икки хил маънода келади. Биринчиси, “хат” маъносида, бу ўринда у nāma деб изоҳланган:
Skandar oquğač bititti misāl
Ki, siz kelgäli bolmaŋ āšuftahāl.
Иккинчиси, “сурат, образ” маъносида, бу ўринда у surat деб изоҳланган:
Xirāmïda tāvus-i zebājamāl,
Malak xaylïdïn zāhir äyläp misāl.
Уй иши:
“Келурнома” луғатини, Мирзо Меҳдихоннинг “Санглох” ҳамда “Мабониу-л-луғат” асарларини ҳозирги илмий нашрлари бўйича синчиклаб ўрганиб чиқинг. Ушбу луғатларнинг тузилиши, ўзгачаликларини белгилашга уриниб кўринг. Бунга мисоллар йиғинг.
Талабаларнинг билимини текшириш учун сўроқ ва топшириқлар:
XVII–XIX юзйилликларда Навоий асарлари ва “чиғатой туркийси” бўйича тузилган қандай луғатлар ва грамматик асарлар бор?
“Келурнома” луғати тўғрисида сўзлаб беринг.
Мирзо Меҳдихоннинг “Санглох” луғати тўғрисида сўзлаб беринг.
Фазлуллахоннинг “Луғат-и туркий” асари тўғрисида сўзлаб беринг.
“Китоб-и луғат-и атрокийа” тўғрисида сўзлаб беринг.
“Хамса бо ҳалли луғат” тўғрисида сўзлаб беринг.
Еттинчи мавзу: “ҲОЗИРГИ ТИЛШУНОСЛИКДА ТУРКИЙ ЁЗМА ЁДГОРЛИКЛАР БЎЙИЧА ЯРАТИЛАЁТГАН ЛУҒАТЛАР”
Таянч тушунчалар: ҳозирги замон луғатлари.
Дарсни олиб бориш йўллари: маъруза, савол-жавоб. Маъруза баён, таҳлил, чоғиштирма-типологик усулда олиб борилади.
Дарсдан кўзланган мақсад ва вазифалар: ҳозирги чоғда туркий ёзма ёдгорликлар бўйича тузилаётган луғатлар, уларнинг муҳим принциплари тўғрисида билим бериш.
Кўрсатма ва тарқатма материаллар: чоп эттирилган луғатлардан намуналар; топшириқ берилган варақлар; турли жадваллар,
Дарсда қўллаш мумкин бўлган техник ускуналар: компьютер, расмни деворга туширувчи мослама, катта бичимли телеэкран, турли дисклар.
Э ъ т и б о р қ а р а т и л а д и г а н м а с а л а л а р:
Ҳозирги зомон луғатчилиги ва унинг ўтмиш луғатчилигидан фарқли жиҳатлари.
Ёзма ёдгорликлар бўйича тузилган луғатлар.
“Древнетюркский словарь” ва унинг тузилиш принциплари.
А.К. Боровковнинг “Лексика среднеазиатского тефсира XII–XIII вв.” асари.
Ҳозирги туркшуносликда ўтмишдан қолган ёзма ёдгорликларни чоп эттириш билан бир қаторда, уларда қўлланган сўзларни йиғиш, ёдгорликлар бўйича луғатлар тузишга катта эътибор қаратилмоқда. Бу ишга XIX асрданоқ киришилган эди. Ҳозирга келиб бу соҳа туркшуносликда катта ютуққа эришди.
Муҳим жиҳати, кунимизда яратилаётган луғатлар тузилиш принципига кўра эски луғатлар анъанасидан фарқ қилади. Булар, асосан, ҳозирги европа луғатчилиги ишлаб чиққан йўриққа таянади.
Яна бир белгиси, ушбу луғатлар изоҳли бўлиб, ёзма ёдгорликлардан олинган мисоллар транскрипцияда берилади. Транскрипция – ёдгорлик тилини, асарнинг фонетик хусусиятларини сақлаган ҳолда ҳозирги ёзувга ўгириш дегани. Ҳозирги туркшуносликда кенг ёйилган ҳамда мутахассисларга маъқул тушаётган транскрипция икки турли – кирилл ҳамда лотин алифболарига таянади. Тўғриси, сўнгги йилларда кириллдан кўра лотинни қўллаш кенг тус оляпти. Шунинг учун ҳам шу чоққача яратилган луғатларда икки хилидан ҳам фойдаланилган: ё униси, ё буниси. Баъзи ўринда кириллга асосланган транскрипцияда ҳам, товушга тенг келувчи белги йўқлигидан, лотинча белгиларни қўллаганлар.
Замонавий луғатларнинг барини ҳам илмий талабларга тўлиқ жавоб беради, дейиш қийин. Чунки орада ўқув луғатлари, қисқача луғатлар ёки транскрипцияда эмас, транслитерацияда берилганлари ҳам бор. Шунга қарамай, уларнинг ичида илмий жамоатчилик кенг эътироф этган, соф илмийлари оз эмас. Ушбу ўринда биз уларнинг бир нечтасини кўриб чиқамиз.
“Древнетюркский словарь”
“Древнетюркский словарь” (Л., 1969) ҳозирги замон туркология илмида қадимги туркий ёдгорликлар бўйича яратилган илмий луғатдир (қаранг: ДТС). Луғат рус туркологиясининг етакчи мутахассислари томонидан тузилган. Ишда қамраб олинган ёзма ёдгорликларнинг кўлами ниҳоятда кенг: унда VII–XIII асрларда кўк турк (турк-руний), араб, уйғур, моний, браҳма ёзувларида туркий тилда битилган турли хилдаги адабий, тарихий, диний-фалсафий мазмундаги асарлар, расмий ҳужжатлар, фаннинг турли соҳаларига оид битигларда қўлланган сўзлар жамланган. Булар қадимги турк хоқонлиқлари давридан қолган урхун ва енисей ёдгорликлари, уйғур хоқонлиқ ва давлатларида яратилган будда, моний ва христиан мазмунли битиглар, расмий ҳужжатлар, “Ўғузхоқон” достони, Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғатит турк” асари, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”, Адиб Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибату-л-ҳақойиқ” асари, “Туркий тафсир” сингари ниҳоятда улуғ манбалар бўлиб, мисоллар уларнинг туркшуносликда эътироф этилган илмий нашрларидан олинган.
Луғатда келтирилган туркий сўзлар ва ёзма ёдгорликлардан олинган мисоллар лотин алифбоси негизида ясалган транскрипцияда. Унлилар учун тўққиз белги қабул қилинган: a, ä, e, ï, i, o, ö, u, ü. Ундошларда: жарангсиз [ш] товуши учун – š, [ч] учун – č, жарангли [ғ] учун – γ, сонор [нг] учун – ŋ, [х] учун – χ, араб хатида ﺬ билан берилган, тишора [дз] товуши учун – δ, араб ёзувли матнларда ڤ билан берилган лаб-лаб ҳамда “вав” билан берилган лаб-тиш [в] ундошлари учун – v, араб хатидаﮋ билан берилган сирғулувчи [ж] учун - ž, араб тилидан ўзлашган сўзларда келувчи ع (айн) учун (’) белгилари қабул қилинган. Сўзларнинг берилиши алифбо кетма-кетлигида: A, Ä, B, Č, D, δ, E, F, G, γ, H, H, ĺ, Ï, Y, K, L, M, N, O, Ö, P, Q, R, S, Š, T, U, Ü, V, χ, Z, Ž, J.
Аввал катта ҳарфларда бош сўз берилиб, кейин унинг маънолари ва маъноларнинг ҳар бирига мос келувчи мисоллар русча таржимаси билан келтирилади. Қавсда ушбу сўз ёки мисолнинг қандай нашрдан олинганлигига ҳавола этилади.
Луғатда сўзларнинг қадимги диалектларда ёки ёзма ёдгорликларда ўзаро фарқ қилувчи фонетик вариантлари ҳам бош сўз сифатида берилади: ADAQ, AδAQ, AYAQ, AZAQ; EB, EV сингари. Бундай сўзларнинг бир варианти берилгач, охирида бошқа вариантига ҳам қаралсин, деган белги қўйиб кетилади.
Кўп маъноли сўзларнинг бир-биридан фарқ қилувчи маънолари арабча сонлар билан, омонимик маънолар эса римча сонлар билан ажратиб кўрсатилади. Масалан:
AČ I голодный …;
AČ II милость…;
AČ- I 1. открывать, отворять ...; 2. рассеять, развеять, разогнать …; 3. отвязать, отцепить…; 4. проложить путь…; 5. завоевать…; 6. разрешить…; 7. обелить…; 8. доверить, поверить что-л….
AČ- II изголодаться, сильно голодать…
Масалан, қадимги туркий sab сўзи ва унинг маъноларига берилган изоҳ қуйидагича:
SAB слово, речь: tabγač bodun sabï süčig aγïsï jïmšaq ermiš у народа табгач речь была сладкая, драгоценности “мягкие” (KTм.5); körüg sabï antaγ слова лазутчика таковы (Toн.9); qaŋïm sabïn tïŋlayïn да услышу я слова своего отца (ThS II.90).
◊ sab ïd- говорить, сообщать: sab anča ïdmïš он так сказал (Toн.9); bitigintä ïnča tep sav ïdmïš erdi в своем письме сообщал о следующем (Hüen.238); sab ötüg парн. просьба; известие: jalabačï edgü sabï kelmäz [от татбийцев] не приходят послы и хорошие известия (БК.39); sab sï- искажать слова: meniŋ sabïmïn sïmadï [резчик] не исказил моих слов (КТь.11); sab söz парн. слова, речь: sab söz qodup лишившись речи (Suv 4.18); ičrä sab см. ičra; söz sab см. söz.
□ Ср. sav I.
“Древнетюркский словарь” ҳозирги туркшуносликнинг катта ютуғи ўлароқ, мутахассислар учун энг эски туркий ёзма ёдгорликлар лексикасини ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
А.К. Боровковнинг “Лексика среднеазиатского тефсира XII–XIII вв.” асари
Қуръон-и каримнинг таржималари ва тафсирларининг энг эскиси “Туркий тафсир” (“Ўрта Осиё тафсири”) отини олган. Қўлёзмаси Қаршидан топилган. Асар Қурон-и карим сураларининг таржимаси ва шарҳидир. Таржимон ва қўлёзма котибининг оти маълум эмас. Асарнинг тузилган даври ва қўлёзма санаси ҳам номаълум. Матннинг тил хусусиятларига асосланиб, асар XII–XIII юзйилликларда яратилган дея тахмин этадилар.
Асарнинг дастлабки бўлими XLIX сурага қадар Қуръон-и карим таржимасидир. Сўнгра айрим бўлимларнинг шарҳи берилади. Суралар таржимасида сатр ости ўгирмалари арабча матнга монанд бўлиб, туркий тилнинг синтактик қурилишига уқадар мос тушавермайди. Тафсир қисми бундай эмас, ундаги матн туркийнинг гап қурилиши бўйича битилган.
А.К. Боровковнинг “Лексика среднеазиатского тефсира XII–XIII вв.” китоби ана шу “Туркий тафсир”нинг тилига бағишланган (қаранг: Боровков 1963).
Китоб икки бўлим: кириш ва глоссарий (сўзлик)дан иборат.
Ёдгорликлардан олинган мисоллар транскрипцияда. Транскрипция учун кирилл ҳарфлари асосга олиниб, айрим товушлар учун лотин ҳарфлари ва унинг туркий транскрипцияга мослаштирилган шакллари аралаштирилган.
Унлилар учун тўққиз ҳарф қабул қилинган: а, ä (е), i, ï, о, ö, у, ý.
Ундошларнинг берилиш йўли шундай: лаб-лаб ва лаб-тиш [в] товуши w, сонор [нг] учун ң, [й] учун j ҳарфи ишлатилган. Араб тилидан ўзлашган сўзлардаги ع учун‘а, ﺬ учун δ ҳарфи ишлатилган (масалан: ‘аδаб), ﺝ ўрнида дж дан фойдаланилган (джуфт, джумлä сингари). Арабча сўзларда h, h белгилари ҳам ишлатилади.
Сўзликда сўзларнинг берилиш йўли ҳозирги луғатчилиги принципларига таянади; у қуйидаги кетма-кетликда: а, ä (е), б, w, г, ғ, д, дж, з, i, ï, j, к, қ, л, м, н, о, ö, п, р, с, т, у, ý, ф, х, h, h, ч, ш.
Сўзлик асарда келган сўзларнинг барини қамрайди: унда соф туркий сўзлар билан бир қаторда, келиб чиқиши арабча ва форсий сўзлар ҳам тўлиқ.
Сўзликда аввал бош сўз ва унинг русча маънолари берилади, сўнг тафсирдан олинган мисоли билан далилланади. Мисолни берганда айрим сўзларнинг қўлёзмадаги араб ёзувли шакли ҳам келтириб ўтилган. Охирида эса кўрсатилган бош сўз яна бошқа қандай ёзма ёдгорликларда учраши қайд этилади ёки унинг фонетик шакллари чоғиштирилади. Қавсда ёзма ёдгорликларнинг нашрларига ҳаволалар берилган.
Масалан, ағач, äрiн сўзларининг изоҳига эътибор беринг:
ағач (см. jïғач) 1. ‘дерево’; ол ағач (آغاج) турур... қамуғ тýрлýг jäмiш анда бiтäр ... (59,11) ‘то есть дерево ... различные плоды зреют на нем ...’ ; ағачлар öкýш будақлï болур (66б,7) ‘деревья со множеством ветвей бывают [там]; ол бостан ағачларï (66б,16) ‘деревья того сада’; 2. ‘бревно’, ‘столб’; анлар ағачлар кäбi ерýрлäр дамға таjaнмïш (90б,1) ‘они, как столбы, поставленные для опоры здания’ (Сура 63, ст.4) –РС л., , 149; АФ,069.
äрiн ‘губа’, ‘губы’; äждäрhа ағзïнï ачтï алтïнғï äрнiнi фiр‘авн тахтïнïң алтïнда урдï ýстýнкi äрнiнi ... ýстýндä урдï (30,27) ‘дракон раскрыл пасть и нижнюю губу положил под трон фараона, а верхнюю губу сверху положил’. –РСл., 1,766; Gab., 311 irin.
Омоним сўзларнинг англатган маънолари римча рақамлар билан ажратиб берилган:
jïлқï I ‘лошадь’; ‘крупный рогатый скот’;
jïлқï II ‘годовой’; тöрт jïлқï ‘четырехлетний’.
Ёки:
jïғ- I ‘собирать’;
jïғ- II ‘удалять’, ‘отклонять’; ‘препятствовать’.
Муҳими, феъллар ҳозирги ўзбекча луғатлардаги сингари инфинитив шаклда (бормоқ, қайтмоқ сингари) эмас, бош шаклида берилган. Одатда, бундай ўринларда феълларни уларнинг бошқа омонимларидан фарқлаш учун чизиқча (-) қўйиб кетилади:
қар ‘снег’;
қар- ‘смешивать’, ‘мешать’.
Ёки:
тýш ‘сон’;
тýш- ‘падать’; ‘спускаться’; ‘останавливаться’; ‘случаться’.
“Туркий тафсир” δ- лашган ёдгорликлар туркумига киради. Шунга қарамай, асарда δ (яъни ﺬ) билан келган туркий сўзлар з, j билан ҳам келади: қуδï~қузï~қуjу – ҳозирги ўзб.: қуйи. Луғатда бундай вариантлар ҳам тўлиқ берилган. Қиёсланг:
қуδуғ (ср. қуjуғ) ‘колодец’;
қуjуғ (см. қуδуғ) ‘колодец’.
“Туркий тафсир” тилида синонимларнинг аралаш қўлланилгани эътиборни ўзига тортади. Масалан, асарда “хотин киши”, “хотин” маъносида урағут, хатун, ‘аwрат, ‘аjал, кiшi, тiшi; “қўл” маъносида äл, äлiг, қол; “шаҳар” маъносида ел, улус, кäнт, урам, шähäр, шähрiстан сўзлари қўлланилган.
Айниқса, асарда бир маъноли сўзларнинг жуфт ҳолда қўлланилгани муҳим. Бундай сўзларнинг айрим компонентлари бошқа тиллардан ўзлашган. Бир қарашда, бундай жуфтликлар бир маъноли сўзларнинг такроридай кўринса-да, аслида улар сўз маъносини кучайтиришга, янги тушунчалар англатишга хизмат қилади. Масалан: еw барқ. Бунда еw ҳам, барқ ҳам “уй” маъносида, бироқ жуфт ҳолда “уй-жой” маъносини беради. Бошқа мисоллар: қан қаδаш – қон-қариндош, тоға кöзсýз ёки қарағу кöзсýз – кўр, кäнд улус –шаҳар, ортақ еш – дўст, ўртоқ. Ишлатилишига мисоллар: еwi барқï бäjт ул-муқаддасда äрдi – уй-жойи байтул-муқаддасда эди (39,16); қанï қаδашïнï тердi – қон-қариндошини йиғди (28,20). Баъзида бундай жуфтликлар jа’нï сўзи билан изоҳланади: розï jа’нï jäмлiг аш – насиба, яъни ейиладиган ош (2,5); äкiн jа’нï данä – экин, яъни дон (64б,9).
Асар тилида ҳозирги туркий тилларда, хусусан, ўзбек тилида унутилган сўзлар ниҳоятда кўп. Бу ҳам бўлса асар тилининг қадимийлигидан далолат беради. Бундай сўзларга мисоллар: асïғ – фойда, ашну - аввал, бурун, äт-öз – ўзлик, вужуд, jiг – касал, jалаwач – пайғамбар, öгдi – мақтов, сý – лашкар, қўшин, тапуғ – хизмат сингари.
А.К. Боровковнинг ушбу луғатидан “Туркий тафсир” лексикаси, унинг тил хусусиятларига тегишли бўлган муҳим маълумотни йиғиш мумкин.
Уй иши:
“Древнетюркский словарь”ни синчиклаб ўрганиб чиқинг. Унда қадимги туркий сўзлар, сўзларнинг фонетик вариантлари, жуфт сўзлар, иборалар қай принципда берилганига эътибор қаратинг.
Талабаларнинг билимини текшириш учун сўроқ ва топшириқлар:
Ҳозирги луғатларда ёзма ёдгорликлар лексикасининг берилиш принципларини тўғрисида сўзлаб беринг.
“Древнетюркский словарь” ва унинг тузилиш принциплари тўғрисида билганларингизни сўзлаб беринг.
Амалий дарс ҳисобидан ўқитувчи раҳбарлигида “Ёзма ёдгорликлар бўйича тузилган замонавий луғатлар” мавзуида илмий семинар ўтказинг. Семинарда слайд материалларидан унумли фойдаланинг.
ҚЎЛЛАНМАДА ҲАВОЛА ЭТИЛГАН МАНБАЛАР ВА ИЛМИЙ АСАРЛАР
ДТС – Древнетюркский словарь. Л., 1969.
МА – Ҳасанхожа Нисорий. Музаккири аҳбоб. Форс тилидан И. Бекжон таржимаси. Тошкент, 1993.
MBL – Мирзо Меҳдихон. Мабони ул-луғат. Форсийдан З. Умаров таржимаси. Нашрга тайёловчи Х. Алимова. Тошкент, 2008.
МК – Маҳмуд Кошғарий. Девону луғотит турк. Таржимон ва нашрга тайёрловчи С. Муталлибов. I–III томлар. Тошкент, 1960–1963.
MKUrumchi – مه هموت قه شقه ري. توركي تيللار ديۋاني.3-1. ئورومجي. 1981-1983.
MKH – Mahmud al-Kāšγari. Compendium of the Turkic Dialekts (Diwān Luγāt at-Turk). Edited and Translated with Introduction and Indices by Robert Dankoff in Collaboration with James Kelly. Parts I–III. Harvard. 1982–1985.
МКMосква – Махмуд ал-Кāшгари. Дивāн лугāт ат-турк (Свод тюркских слов). Перевод с арабского А.Р. Рустамова, под редакцией И.В. Кормушина. В 3-х томах. Том 1. М., 2010.
MK.facsimile – Kaşgarlı Mahmud. Divanü Lugati’t-Türk. Tıpkıbasım / Facsimile. Ankara, 1990.
AZFT – Аттуҳфатуз закияту филлуғатит туркия (Туркий тил (қипчоқ тили) ҳақида ноёб туҳфа). Таржимон ва нашрга тайёрловчи С. Муталлибов. Тошкент, 1968.
KN – Мухаммед Якуб Чинги. Келур-наме. (староузбекско-таджикско-персидский словарь XVII в.) Введение, транскрипция и перевод текста, глоссарий, лексико-грамматический очерк, грамматический указатель А. Ибрагимовой. Ташкент, 1982.
КТТ – Kitab-ı Mecmü-ı Tercüman-ı Türki ve Acemi ve Muğali. Recep Toparlı, M. Sadi Çögenli, Nevzat H. Yanık. Ankara, 2000.
Tarjuman – “Таржумон” – XIV аср ёзма обидаси. Нашрга тайёрловчи А. Юнусов. Тошкент, 1980.
DDT – Dictionnnaire Djaghatai-turc. V. de Viliaminof-Zernof. SPb., 1869.
Боровков 1961 – Боровков А.К. “Бадā’и‘ ал-лугат”. Словарь Тāли’ Имāни Гератского к сочинениям Алишера Навои. М., 1961.
Боровков 1963 – Боровков А.К. Лексика среднеазиатского тефсира XII–XIII вв. М., 1963.
Исломов 1998 – Исломов З. Маҳмуд Замахшарийнинг “Муқаддамату-л-адаб” асарининг қўлёзма манбалари ва арабча-туркий феъллар сўзлигининг йиғма илмий-танқидий матни (Тошкент қўлёзмалари асосида). Докторлик диссертациясининг автореферати. Тошкент, 1998.
Радлов 1890 – Радлов В.В. Кутадку-Билик. Факсимиле уйгурской рукописи. СПб., 1890.
Sodiqov 2009 – Sodiqov Q. Turkiy til tarixi. Toshkent, 2009.
Содиқов 2011 – Содиқов Қ. “Муҳокамату-л-луғатайн”ни ўқиб ўрганиш. Тошкент, 2011.
Убайдуллаев 2011 – Убайдуллаев А.А. “Луғати туркий”нинг лексикографик тадқиқи. Номзодлик диссертациясининг автореферати. Тошкент, 2011.
Ҳасанов 1981 – Ҳасанов Б. Алишер Навоийнинг “Сабъат абҳур” луғати. Тошкент, 1981.
Ҳасанов 1989(1) – Ҳасанов Б. Жавоҳир хазиналари (Алишер Навоий асарларига тузилган қўлёзма луғатлар). Тошкент, 1989.
Хасанов 1989(2) – Хасанов Б. Принципы составления рукописных словарей к произведениям Навои. Автореферат докторский диссертации. Ташкент, 1989.
Xudoyberdiev 2011 – Xudoyberdiev J. Mahmud Koshg‘ariy hayoti va “Devonu lug‘otit turk” bo‘yicha yaratilgan asarlar ko‘rsatkichi. Toshkent, 2011.
Шарахмедова 1990 – Шарахмедова Н. Словарь “Хамса бā ҳалли луғат” как источник узбекской исторической лексикографии. Автореферат кандидатской диссертации. Ташкент, 1990.
Щербак 1962 – Щербак А.М. Грамматика староузбекского языка. М.-Л., 1962.
Qurban Vali 1986 – قوربان ۋه لي. بیزنيڭ تاريخي ييزيقليريميز.ئورومچي. 1986.
Қ Ў Ш И М Ч А Л А Р
ЎТМИШДА ТУРКИЙ ТИЛ БЎЙИЧА ЯРАТИЛГАН ЛУҒАТЛАР ВА ГРАММАТИК АСАРЛАР
№
|
Муаллифи
|
Луғат ёки грамматик асарнинг оти
|
Яратилган ери ва йили
|
|
محمود الكاشغري
|
ديوان لغات الترك
|
1076-1077, Бағдод
|
|
|
|
|
|
شرف الدين ابو حيان محمد بن يوسف بن علي بن حيان
|
|
|
|
|
التحفة الزكية في اللغة التركية
|
XIV аср, Миср (?)
|
|
علي شير نوايي
|
كتاب محاكمة اللغتين
|
1499, Ҳирот
|
|
علي شير نوايي
|
سبعة ابحر
|
|
|
طالع ايماني هروي
|
بدايع اللغت
|
1500 (?)
|
|
Ражаб ибн Муҳиб Али Шомлу
|
لغت نوايي
|
XVI аср
|
|
Мустафо бин Содиқ
|
(?) ابوشقه
|
XVI аср
|
|
محمد يعقوب جينكي
|
كيلورنامه
|
Ҳиндистон
|
|
ميرزا مهدي خان
|
سنكلاخ
|
1760
|
|
ميرزا مهدي خان
|
مبانع اللغت
|
|
|
فظل الله خان
|
لغت تركي
|
1779, Ҳиндистон
|
|
|
خمسه با حل لغت
|
1845-1846
|
ФАН ЮЗАСИДАН ОЧИҚЛАМА СЎЗЛИК
Лексикология – тилшуносликнинг бир бўлими бўлиб, тилнинг луғат таркибини, сўз бойлиги, сўзларнинг маъносини ўрганади. Лексикология ўз ичида семантика, семасеология, этимология, лексикография бўлимларига бўлинади.
Семантика, семасеология – сўзнинг луғавий маъносини ўрганувчи бўлимдир.
Этимология – сўзларнинг келиб чиқишини ўрганади.
Лексикография – сўзларни кодлаштириш, луғат тузиш принципларини ўрганувчи фандир.
“ТАРИХИЙ ЛЕКСИКОГРАФИЯ” ФАНИНИНГ ЎҚУВ ДАСТУРИ
Т у з у в ч и: профессор Қ. СОДИҚОВ
Достарыңызбен бөлісу: |