I-IV синфларда тасвирий санъат дарслари
методикаси.
1. I-IV синфларда тасвирий санъат машғулоти турлари ва уларни ўқитиш методикаси.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси президенти И.Каримовнинг ташуббуси билан ўрта умумтаълим мактабларини ислоҳ қилиш масаласи мамлакатимиз халқ таълими ходимлари олдига алоҳида вазифалар қўймоқда. Президентимиз И.Каримовнинг 1997 йилги Ўзбекистон Республикаси Олий мажлисининг IX-сессиясида сўзлаган нутқида мамалакатимизда ўрта таълим мактаблари фаолиятидаги камчиликлар очиб ташланиб, уни қайта қуриш режалари ҳақида аниқ ва реал кўрсатмаларни беради.
Таълим-тарбия назарияси тажрибасидан шу нарса маълумки, умумий таълимнинг асосий босқичи бошланғич синфлар (I-IV синфларда) даври бўлиб, бу даврда бола асосан шаклланади. Чунки, бу даврда бола ҳам жисмоний, ҳам ақлий, ҳам маънавий жиҳатдан ғоят тез ривожланади.
Бу даврда болалар барча билимлар заминини ўзида мужассам қилади ва барча фанлардан бошланғич маълумот олади. Болалар бу даврда моддий оламни кўришни, кузатишни, улардан олган таасуротларни текширишни ўрганади. Бу малакалар бошланғич синфларда ўрганадиган ўкув фанлари дарслари асосида амалга оширилади. Шу боисдан бошланғич синфларда ўкитиладиган ўқув фанлари зиммасига жуда катта масъулиятлар юкланади. Бошланғич синфларда ўрганиладиган тасвирий санъат ўқув фани ҳам бугунги болаларимизни таълимий ва тарбиявий соҳаларида беқиёс аҳамият касб этади. Мактаб тасвирий санъати болаларга табиат ва жамият қонунларини, уларни шакли, тузилиши, ранги, ўзаро боғлиқлиги ҳақида дастлабки тушунчаларни беради. Бу уларни жуда ёшлигидан материалистик дунёқарашларини шакллантириб, уни ривож топтиради.
Маълумки, мактабдаги бирор фан табиат ва унинг элементларини ўқувчига шакли, тузилиши, ранги ва мазмун жиҳатдан ўргатмайди. Буни фақат тасвирий санъат ўқув предмети амалга оширади. Шу боисдан болаларни ёшлигиданоқ 7-6 ёшдан бошлаб тасвирий санъат ўзининг таълимий ва тарбиявий соҳаларини сиру-асрорларини болаларга очади.
1-синф ўкувчисига тасвирий санъат оддий чизиқ нимадан иборат, уни қандай чизиш керак, шакл нима, уни кандай тасвирланади, шаклни натурадан олиб, дафтар юзасига қандай туширилади, барг, ўсимлик, дарахтлар, қуш ва ҳайвонлар, уларни тузилиши ва ранглари ҳақида дастлабки илмий маълумотларни беради. Предметларни кўришни нарсалар шаклидаги ўхшашликлар, фарқлар, уларни шаклланиши ва ривожланиши, ранглари, ранглардаги ўхшашликлар каби хали бола билмайдиган нарса ва воқеалар ҳақида, уларни пайдо бўлиши ва ривожланиши бўйича маълумот оладилар. Бу жараён II-III ва ниҳоят IV синфларда ўсиб, такомиллашиб, ривожланиб боради. Бошланғич синфлардаги тасвирий санъат дастури нарсани ўзига қараб расм чизиш, тематик композициялар устида ишлаш, бадиий-амалий санъат, ҳайкалтарошлик, санъат асарларини идрок этиш каби турларини ўз ичига олади. Аммо дастурда I-II синфлар учун санъат асарларини ўрганиш учун алоҳида дарс соати берилмаган. Бу жуда тўғри, сабаб бошланғич синфдаги асосий вазифа нарсалар расмини қаламда ва бўёқда ишлаш малакасини оширишдан иборат бўлади.
Янги дастурда:
1. Суҳбат.
2. Рангтасвир.
3. Графика (қаламтасвир)
4. Ҳайкалтарошлик.
5. Меъморчилик.
6. Амалий ва дизайндан иборат бўлган 6 та йўналишда билим малакалар бериш кўзда тутилади. Бу йуналишларнинг ўқув-тарбия вазифаси:
1. Санъатшунослик асослар (фаолиятидан)
2. Тасвирий фаолият (натурага қараб расм чизиш ва тасаввурлар асосида расм ишлашдан).
3. Композиция фаолияти (мавзули ва безакли композиция) дан иборат бўлади.
Бу вазифаларни бажарилиши рангтасвир, қаламтасвир, (график), хайкалтарошлик машғулотлари мазмунида ўз ифодасини топади.
Бошланғич синфни I-II синфларида санъат асарларини ўрганиш бўйича алоҳида дарс соати берилмаган бўлсада, расм чизиш машғулотларида бир неча санъат асарлари ўзига хос талабда таҳлил қилинади. III синфда 2 соат суҳбат берилади. Бунда «Санъатда ранг, ранг турлари, совуқ ва иссиқ ранглар», «Санъатда турмуш воқеаларини тасвирланиши» темалари ўрганилади. Бу машғулотларда ўқитувчи болалар билимига, ёшига кўра санъат асарлари танланади. Унда атоқли рассомларни манзара, портрет, турмуш жанрида яратилган асарлари таҳлил қилинади.
Суҳбатда табиатда ранг, уларни турланиши, иссиқ ва совуқ ранглар, уларни санъат асарини яратилишида тутган ўрни, шунингдек санъат асарларини жанрларга, турларга бўлиниши ва турмуш жанрида яратилган асарларни тузилиши, ундаги рангларни ишлатилиши ҳақида маълумотлар берилади.
2. I-IV синфларда тасвирий санъат ва бадиий меҳнат дарслари, уларни ўқитиш методикаси.
Таълим-тарбия ва кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш муносабати билан халқ таълимининг барча жабҳаларида, шу жумладан тасвирий санъат таълимининг жаҳон педагогикаси тажрибалари асосида қайта қуришни бугунги кун талаб қилмоқда.
Шунга кўра, Ўзбекистонда тасвирий санъатни ўқитилишини қайта қуриш самарадорлигини ошириш бўйича Ўзбекистон халқ таълими вазирлигининг 1996 йил 18 июль № 01-282 сонли буйруғига асосан Тасвирий санъат ва бадиий меҳнат номи билан ягона интегратив ўкув предмети тузилади.
Бу ўқув предметида ўқув режаларда 2 соатдан вақт ажратилиб, бу фан «Тасвирий санъат» ва «Меҳнат» дарслари ўрнида ўқитилади. Бу фанни фақат тасвирий санъат, амалий санъат рассомлари ва педагогик рассомлар ўкитадилар. Бу ўқув предмети мазмунига бошланғич синфлардаги тасвирий санъат дарслари ва меҳнат дарсларини бадиийлаштирилган характердаги материаллари киритилади. Бу ўкув предметининг йиллик машғулотлари учун ҳар бир синфга 66 соатдан вақт ажратилган бўлиб, уларни муваффақиятли ўқитиш учун мактаб тасвирий санъат ўқитувчиси зиммасига каттагина масъулият тушади.
Бу ўқув предмети дастури бўйича ўқув материаллари вилоят малака ошириш институти, Наманган Давлат Университети «Тасвирий санъат» кафедраси, Ўзбекистон ПФИТИ нинг «Бадиий таълим ва тарбия» сектори биргаликда тахминан режалаштириш ишлаб чиқилди. Бу дастур ва режалаштиришлар ўқувчиларга замон талаби даражасида график билим ва малака беришнинг ва ўкувчиларни ҳар томонлама камол топишини, юксак эстетик тарбиясини амалга оширади. Яна юксак маънавий маданиятга эга бўлган шахсни камол топишига тўла жавоб беради.
Шуларга кўра мазкур дастур ва режалаштириш I-IV синф ўкувчиларига қуйидагича билим ва малакалар беришни амалга оширади:
1. Борлиқни чиройли, гўзал шаклини, тузилишини ва ранг ҳолатларини кўра билишни ва уларни ифода эта олиш малакаларини бериши;
2. Натура ва объектларни қаламтасвир ва рангтасвирини ярата олиш малакаларини етказиш;
3. Унчалик мураккаб бўлмаган нарсаларни, предметларни ва механик буюмларни қоғозда, картонда, ёғочда, лой ва пластинда ишлаш кўникмаларини бериш;
4. Тасвирий санъат асарларини, бошланғич тахлилини ўтказа олиш, тасвирий санъат бўйича бошланғич сўз ва атамаларни ўргатиш каби асосий таълимий вазифаларни бажара олади. Узлуксиз таълим амалга ошириш ва кадрлар тайёрлашни миллий дастурини фаолиятга киритилиши муносабати билан бошка ўқув фанлари қатори тасвирий санъат дастурлари ҳам анча мураккаблашиб бораётганлиги сабабли ҳам, уни ўқитилишида бир қатор талабалар қўйилади. Уларда энг биринчи ва асосий талаб мактабда тасвирий санъат кабинетини ташкил этиш ва уни зарурий ўқув дидактик материаллари билан таъминлаш. Кабинетда фанга бўлган ўқувчилар қизиқишини ошириш учун зарурий барча дидактик шарт-шароитни яратилиши лозим.
Шунингдек, мактаб мутахассис тасвирий санъат ўқитувчиси билан таъминлаш зарур.
Мактаб тасвирий санъат ўқитувчиси тасвирий санъат ўқув предметига, ҳар бир дарсга бўлган ўқувчилар қизиқишини ошириб бориш тадбирларини ишлаб чиқади. Синфдан ва мактабдан ташқари ишларни мунтазам ҳолда амалга оширади.
I-IV синфларда тасвирий санъат дарсларини ўтказиш методикаси ва дидактикасининг педагогик асосларига таянади. Шунга кўра ўқитувчи I-IV синфни ҳар бир синфида ўқувчиларни билим-малакаси, қизиқиши ва ёш хусусиятига кўра дарс материалини танлайди.
Маълумки, I-III синфларда ҳажмсиз предметлар расми чизилади. Бу машғулотларни самарали бўлиши учун ўқитувчи кўпроқ амалий ишларга эътибор бериб, расм чизишни илмий асослари билан ўқувчиларни таништириб боради. Дарсда тасвирлаш машқлари узлуксиз - дидактиканинг «системалилик» принципи асосида амалга оширилади.
I-III синфларда «нарсани ўзиға қараб», «тема асосида» расм чизиш, «бадиий-амалий санъат» ва «ҳайкалтарошлик» каби амалий ишлар мазмунида машғулотлар ўтказилади. Бу синфларда санъат асарларини ўрганиш учун алоҳида вақт ажратилмаган бўлсада, ҳар бир машғулотда дарс мавзуси бўйича 1-2 дона асарлар ўрганиб борилади. Бу машғулотлар янги дастурда қаламтасвир, рангтасвир, амалий ва дизайн санъати, меъморчилик, ҳайколтарошлик ва суҳбат мазмунида берилади. Бу машғулотлар асосида ўқувчиларга бошланғич синфданоқ тасвирий санъат ҳақида маълумотлар берилади. Шунингдек бошланғич синфларда чизиқ, композиция, шакл, ҳажм, фазо, натура ҳақида бошланғич маълумотлар бериш кўзда тутилади.
I-VII синфларда тасвирий санъатни ўқитиш
методикаси.
Педагогика назарияси ва тарихида маълумки ҳар бир дарс методикаси жаҳон педагогикаси тажрибаларига суянади. Дарс методикасининг тўғри танлаш энг аввало педагогика назариясига таянган ҳолда амалга оширилади. Ҳар бир ўқитувчи ўзи дарс методикасини белгилашда ўкитишнинг дидактик принципларидан келиб чиққан холда дарс материалини осон, қисқа, илмий асосда ўқувчига етказадиган энг самарали методини танлайди.
Тасвирий санъатни ўкитишда оғзаки баён этиш, савол-жавоб ва амалий ишларни ташкил этиш ва кўргазмалилик методларидан фойдаланилади. Мактаб тасвирий санъати курсини ўзига хос хусусиятлари бўлиб, дарс жараёнида ўқитувчи расм чизиладиган нарса, объект воқеа-ҳодисалар ёки ўргатилаётган асар ҳақида ўқувчиларга оғзаки маълумотлар беради. Бу оғзаки баён этиш методида талқин этилиб, ўқитувчи дарснинг мақсади ва вазифасидан келиб чиққан ҳолда дарс мазмунини оғзаки баён этиш услубида амалга оширади.
Тасвирий санъат дарси ўз характерига кўра ҳар бир дарс материалини кўргазмалар воситасида, кўргазмали ўқитиш услубиётида амалга оширади. Ўқитувчининг кўргазмалилик услубида амалга оширган дарси ўқувчиларга пухта билим бериш имконини беради. Тасвирий санъат дарсларининг барчасида амалий ишлар бажарилади. Шу боисдан ўқитувчилар амалий ишлар методидан ҳам фойдаланади.
I-VII синфларнинг тасвирий санъат дарсларини барчасида педагогиканинг барча турдаги дарс ўтиш методларидан фойдаланилади. Унда ҳатто савол-жавоб методидан ҳам фойдаланилади.
I-VII синфларда расм чизиладиган натура ва натюрмортларда расмини чизиш ёки тематик композициялар яратишнинг иш мазмуни анча мураккаблашиб боради. Булар ўқитувчидан дарс жараёнида қўлланилаётган услубларини ўзгартириб гоҳ бир, гоҳ иккинчи - бошқа услублардан фойдаланишни тақазо этади. Аммо ҳар бир дарсда оғзаки баён этиш ва савол-жавоб методидан кенг фойдаланади.
Тасвирий санъат дарсларини ташкил этишда турли услубларни қўлланишидан қатъий назар ўкитиш дидактикасини тарбиявийлик, илмийлик, изчиллик, кетма-кетлик, кўргазмалилик, назариёт билан амалиётни бирлиги каби принципларга доимо асосланади. Чунки, дарс услубларини барчаси ўқитиш дидактикаси асосида амалга оширади. Дидактика синф - дарс системасини илмий асоси бўлиб, дидактика талабига жавоб бермайдиган дарс ўз мақсадига эриша олмай ва олдига қуйган вазифани бажармайди. Шунингдек, тасвирий санъатнинг ҳар бир дарс машғулоти предметлараро боғланиши принципи асосида ишлайди.
Предметлараро боғланиш дарсни илмийлигини, изчиллигини, амалиёт билан боғлиқлигини таъминлайди. Предметлараро боғланиш дарсини ва унинг ўқув материалларини бошка ўқув фанлари билан боғлайди. Ўқувчиларни бошқа фанлардан олган билим ва малакаларидан тасвирий санъат дарсларида фойдаланишга ўргатади. Улар бу боғланиш асосида дарс материалини осонроқ ўзлаштириб оладилар.
Ўқитувчининг дарс услубини тўғри танлаши ва ундан унумли фойдаланиши ўзига осонроқ шароит яратади, ўқув материалини осон, киска, илмий ва тушунарли килиб ўқувчига етказади.
Янги дастур бўйича I-VII синфларда тасвирий санъат ўқув фани машғулотлари: суҳбат, рангтасвир, графика (қаламтасвир), ҳайкалтарошлик, меъморчилик, амалий ва дизайн санъати йўналишларида олиб борилади. Бу синфларда ҳам ўқувчилар тасвирий санъат, амалий санъат, бадиий лойиҳалар, дизайн санъати, ҳайкалтарошлик (ҳажмли тасвирлаш) ни ва санъат асарлари таҳлилини ўрганадилар. Шунингдек, улар қаламтасвир, рангтасвир, графика, жанрлар, мавзу, композиция, ҳажм, фазо (перепектива), чизиқ, ёруғ соялар, ранг, ранг уйғунлиги, доғ, мазмун, шакл, ғоя кабилар ҳақида маълумот оладилар.
Дарс конспекти
Намунавий вариант.
«Тасдиқлайман»
илмий ишлар бўйича
директор ўринбосари.
«____» ______________2001
________________________
дарс тури: нарсани ўзига қараб расм чизиш.
(Қаламтасвир)
Кун, ой, йил: 14 - сентябрь 2001. IV-синф
Дарсни мавзуси. Кубни ўзига қараб расм чизиш.
Дарсни мақсади. Ўқувчиларга ҳажм ҳақида маълумот бериш ва ҳажмли предметлар расмини чизишга ўргатиш. Куб ва призматик предметлар расмини чизиш, перспектива ҳақида маълумот, штрихлар асосидаги ёруғ-сояларни тушунтириш.
Дарсни жиҳозлари: Куб, призма ва шулар тасвирланган расмлар. Куб расмини чизиш бўйича расм-таблица. IV-синф тасвирий санъат дарслиги (30-32 бетлар) даги расмлар.
Дарсни боғланиши. Дарс IV-синф математика ўқув предметини «ҳажм ҳақида маълумот» дарси ва Чизмачилик фанини «аксанометрик проекция» дарслари билан боғланади.
Дарснинг режаси. Ташкилий давр.
Уй вазифасини текшириш.
Янги тема баён этиш.
Ўқувчиларни мустақил ишларини ташкил этиш.
Синф ишини таҳлили.
Уйга вазифа бериш.
Дарснинг якунлаш.
Дарсни бориши.
Ташкилий давр: Кабинетни дарсга ҳозирлаш. Ўқувчиларни дарсга тайёргарлигини назоратдан ўтказиш.
Уй вазифани кўриш ва баҳолаш:
4-6 ўқувчини уй иши тахлил қилинади ва баҳоланади.
Таҳлил учун тахминий саволлар:
1. Бу ишни ким бажарган?
2. Иш уйга берилган вазифа асосида бажарилганми?
3. Бу иш сизларга ёқадими?
4. Расм яхши ишланганми?
5. Расмда қандай камчиликлар бор?
6. Расмни қайси ўринлари яхши ишланган?
7. Расмни кандай баҳолаймиз? кабилар.
Янги темани баён этиш:
Янги мавзу: Кубни ўзига қараб расмини чизиш (қаламтасвир).
Куб бир-бирига тенг 6 та томон, 12 та қиррага эга бўлган геометрик шаклдир. Куб ҳажм бирлиги сифатида қабул қилинган. Куб шаклидаги буюмлар турмушимизда кўплаб учрайди.
Аквариум, қутича, яшиқ ва бошқалар. Агар сиз куб расмини чизишни билиб олсангиз, шунга ўхшаш нарсаларнинг расмини бемалол чиза оласиз. Мана бу куб, уни яхшилаб кузатинг, унинг томонлари, қирраларини кўринг, улар бир-бирига тенг. Уни расмини чизишда дафтарингиздан кубни расмини сиғадиган жойни белгиланг.
Доимо ҳажмли предметларни чизишда контур чизиқлардан фойдаланинг. Яъни кубни умумий баландлиги ва энини топиб олинг. Сўнгра тик қирраларини топиб белгиланг.
Сўнгра кубни тик қирраларини баландлигини кўз билан чамалаб, белгиланган, нуқталарни қушиб чиқинг. Ана кубни умумий тасвири чиқди. Сўнгра чизиқларни эгри-бугри жойларини тўғрилаб чиқинг.
Шу ерда сизга яқин турган кирраларни бироз узунлигини сезяпсизми? Доскадаги расмларни кузатинг. Кубни шакли тўғри топилган бўлса контур чизиқларингизни ўчириб ташлайсиз. Шундан кейин кубни кўриниб турган учта томонини қалам штрихлари билан бўяб чиқинг. Томонларни бўяганингизда томонлар бир-биридан оқ-қоралиги бўйича фарқ қилсин. Таблицадаги куб расмини яхшилаб кузатинг. Ундаги қайси қирралар сизга узунроқ, қайсилари қисқароқ кўриняпти. Сиз доскадаги таблицада кубни чизиқларини қискаришини кўриб чиқинг, яқиндаги нарсадан узоқдаги нарса кичик кўринишини эсланг. Шунинг учун куб қирраларида ҳам шу кичрайиш - перспектива ҳодисаси содир бўлади, уни расмда тасвирлайсиз. Сўнгра қаламда бўяшга киришасиз.
Ўқувчиларни мустақил ишларини ташкил этиш.
Дарсни тушунтириб бўлингач, ўқувчилар қаршисидаги барча расмлар, таблицалар олиб қуйилади, доскадаги расмлар ҳам ўчириб ташланади. Ўқитувчи ўқувчилар оралаб юриб қийналаётган болаларга индивидуал ёрдам бериб боради. Ўқувчиларни натурага қараб, уни қандай кўринса шундай тасвирлашга ҳаракат қилиши тушунтирилади. Агар кўпчилик ўқувчилар бирор ўринда тўхтаб қолсалар, ўша ўринни чиза олмасалар, барча ўқувчиларни ишдан тутатиб, 1-2 минутли консультатция - кўрсатмалар берилади. Айрим ўқувчиларни ишидан наъмуналар олиб ўқувчиларга кўрсатиб ҳам турилади.
Синф ишини таҳлили.
Дарсни тугашига 6-8 минутлар чамаси қолганда ўқитувчи «аъло», «яхши», «ўрта» ва «ёмон» бажарилган ишлардан 4-6 дона (тахминан) олиб ўқувчилар иштирокида таҳлил қилинади.
Таҳлил саволлари:
1. Қаранг, куб расми чиқиптими?
2. Расм яхши чизилганми?
3. Расм нима учун яхши чизилган?
4. Расмда айрим камчиликлар ҳам борми?
5. Камчиликларни тузатиш мумкинми?
6. Расмни чизган ўқувчимиз ким?
7. У нега расмни яхши чизади?
Уйга вазифа бериш.
Уйга вазифа: Куб шаклидаги предметлардан топиб, уни расмини қаламда чизиб келиш.
Ёдда тутинг! Расм чизишингизда албатта контур чизиқлардан фойдаланинг. Натурангизни шундай қуйингки уни учта томони албатта сизга кўринсин. Уйдагиларингиз вазифангизни чизиб беришмасин, улар зарур бўлса, куб расмини чизишни ва бўяшни ўргатиб қўйишсин. Уйда расмни 2-3 маротаба қайта-кайта чизишингиз хам мумкин.
Дарсни якунлаш.
Дарс тугашига 1-2 минут қолганда, хона тозалигини ўриндиқлар тозалиги кузатувдан ўтказилиб, дафтар, қалам, резина, ўчирғичларни сумкага солиб, дарсни тугаганини эълон қилинади.
Куб расмини чизиш.
Дарс тури: санъат ҳақида суҳбат.
Кун, ой, йил. 20 - октябрь 2001 й.
VI-синф.
Дарснинг мавзуси: шарқ миниатюра санъати.
Дарснинг мақсади:
Ўқувчиларни миниатюра санъати билан таништириш. К.Беҳзод, М.Музаххаб, А.Бухорий, М.Самарқандий, Ч.Ахмаров, Т.Мухаммедовлар ижоди ҳақида маълумот бериш. Миниатюра санъатига ўқувчилар қизиқишини ошириш.
Дарс жихози: Миниатюра санъати асарлари репродукциялари, К.Беҳзод, Музаххаб, Бухорий, Самаркандий, Ч.Ахмаров, Т.Мухаммедов асарларидан намуналар.
Дарс режаси: Ташкилий давр.
Уй вазифасини куриш.
Янги темани баён этиш.
Асарлар тахлили (мустакил ишлаш)
Уйга вазифа бериш.
Дарсни боғланиши. Дарс адабиёт, тарих, меъморчилик фанлари билан боғланади.
Дарсни бориши.
Ташкилий давр: Кабинетни дарсга ҳозирлаш. Дидактик ва кўргазма материалларни дарсга тайёрлаш. Ўқувчиларни дарсга ҳозирлаш.
Уйга берилган вазифани текшириш ва баҳолаш.
4-6 ўқувчини (ишини) уйда «ўрта асрларда жаҳон санъати»га оид йиғилган репродукция ва ёзилган иншолар бўйича савол-жавоб ўтказилиб, уларни иши баҳоланади.
Ўрта асрлардаги жаҳон санъати ютуқлари бўйича саволлари:
1. Ўрта асрлар санъатига қайси даврлар санъати киради?
2. Ўрта асрларда қайси халқлар санъати яхши ривож топди?
3. Ўрта асрларда уйғониш даври Осиёда, жумладан Ўрта - Марказий Осиёда қачон бўлган?
4. Ўрта асрлар уйғониш даври Италияда қачон бошланди?
5. Уйғониш (Италия) даврида қандай рассомлар ижод қилдилар?
6. Италия уйғониш даврида рассомлар қандай жанрларда ижод қилдилар?
7. XIV-XVI асрларда Ўрта Осиё санъати қандай ривожланади?
8. К.Беҳзод, А.Бухорий, М.Самарқандий, М.Музаххаб ҳақида нима биласиз?
9. Умуман Ўрта асрларда катта ижод қилган рассомларни номларини биласизми?
10. Ўрта асрда меъморчилик қандай ривожланади? кабилар.
Янги темани баён этиш.
Янги тема мазмуни: шарқ миниатюра санъати.
Жаҳон санъати тарихида миниатюра санъати, айниқса Шарқ миниатюра санъати жуда катта ўрин тутади.
Шарқ миниатюра санъатига Араб, Эрон, Турк, Озарбайжон, Ҳинд ва Ўрта Осиё миниатюра санъати киради. Улар орасида Маворауннаҳр (Ўзбекистон) миниатюра санъати ўзига хос алоҳида ўрин тутади. Чунки ўрта асрлар миниатюра санъатида Темурийлар даври санъат, яъни Шарқ миниатюра санъатини қайта тиклаб, уни наваторлиги асосида ривож топган. К.Беҳзод, М.Музаххаб, А.Бухорий, М.Самарқандий ва Шарқнинг Боғдод, Қобул, Шероз, Теҳрон, Истамбул, Хуросон, Деҳли, Бенгал, Агра каби шаҳарларидаги Беҳзод услуби шарқ миниатюра санъатини янгича талқин этишга олиб келади.
Камолиддин Беҳзод - (1455-1537) Хиротда туғилиб ижод этган. У жуда ёшлигиданоқ етим қолади ва тоғаси Мирак Наққош қулида тарбия топади. Мирак Нақкош Навоийнинг замондоши катта рассом эди. Мирак Наққошни «Нигористон» бадиий Академияси бўлиб, Беҳзод шу ерда мўйқалам сирларини ўрганади. Сўнгра Ҳусайн Бойқаро саройида ижод услубларини давом эттиради.
Беҳзод Навоий, Жомий, Машхадийлар замондоши сифатида уларни кўплаб суҳбатларида бўлган. 1487 йили Беҳзод Ҳусайн Бойқаронинг Хиротдаги кутубхонасини мудири этиб тайинланади.
1492 йили Жомий, 1501 йил Навоий, 1506 йил Ҳусайн Бойқаро вафот этдилар, темурийлар салтанати инқирозга юз тутади.
1507 йили Шайбонийхон Хиротни эгаллайди. К.Беҳзод 3 йил Шайбонийхон саройида ишлади. 1510 йили Эрон шоҳи Сафавийлар томонидан Шайбонийхон тор-мор келтирилиб, Хирот исмоил Сафавий қўлига ўтади. Исмоил Беҳзодга яхши шароит яратиб беради. Сўнгра уни ўғли (1524 й) Исмоил Тўхмас қўлида ишлади. 1506 йилдан табризда ижод килади. 1537 йилда жияни шогирди Рустам Али вафот этган йили вафот этади.
Беҳзод Хиротда вафот этади. Хоки Кухи мухтор тоғи этагидаги Ҳазрати шайх Буховиддин қабристонига, Рустам Алининг қабри ёнига қўйилган.
Асарлар таҳлили (мустақил ишлар).
Мустақил ишлаш даврида Беҳзоднинг «Алишер Навоий» портретни таҳлилини ўқитувчи қилиб беради.
Сўнгра, К.Беҳзоднинг «Бир чўпон тасвири», «Бино қурилиши», «Чавғон уйини», «Бой ва деҳқон», «Суворийлар кўриги» (қушинлар паради) «Маст қози», «Масжиддаги ваз», «Илтижо», «Ухлаётган дарвеш», «Меърож», «Илтижо», «Отбоқар тулпор ёнида», «Расмий қабул» каби миниатюра асарлар таҳлил қилинади.
Таҳлил учун саволлар.
1. Бу асарни авваллари кўрганмисиз?
2. Уни қаерда, қачон кўргансиз?
3. Асар муаллифини биласизми?
4. Муаллиф (рассом) ҳақида нима биласиз?
5. Бу асар қачон ва қайси даврда ишланган?
6. Асарни темаси нима?
7. Асардаги сюжет - нимадан иборат?
8. Асардаги ғоя, рассомни фикри-туйғулари?
9. Асардаги бадиий услуб қайси «мактаб» услуби?
10. Асар ҳозир қаерда, қандай сақланади? ва ҳоказолар.
6-8 ўқувчи мустақил иш даврида баҳоланади.
Уйга вазифа бериш: Дарс тугашига 2-3 минут қолганда уй вазифаси берилади.
Миниатюра асарлари репродукциялар йиғиш ва 2 та миниатюра асарига таҳлил ёзиш.
Таҳлил юқоридаги саволлар асосида ёзилиши ҳам мумкин. Қўнғирок чалинишига 1 минут қолганда ўқувчиларни ҳамма ўқув қуроллари папкаларига солишига рухсат берилади. Ўқитувчи дарсни тугаганини эълон қилади.
Курс бўйича адабиётлар рўйхати.
1. И.Каримов. Ўзбекистон Буюк келажак сари. Т. 1998 й.
2. И.Каримов. Баркамол авлод орзуси. Т. 1999 й.
3. Умумий ўрта таълимнинг Давлат таълим стандарти ва ўқув дастури. 6-махсус сони. Т. 1999 й.
4. Н.Ростовцев. Ўрта мактаб тасвирий санъатни ўқитиш методикаси. М. 1980 й (рус тилида).
5. Н.Ростовцев. Тасвирий санъатни ўкитиш методикаси тарихи. 2 томли. М. 1980 - 82 й. (рус тилида).
6. Р.Ҳасанов. Ўзбекистон мактабларида бадиий таълим ва тарбия беришнинг методик асослари. Т. 1990 й. (рус тилида).
7. Р.Ҳасанов. Нарсани ўзига караб расм чизиш. Т. 1968 й.
8. Р.Ҳасанов. Нақш чизиш методикаси. Т. 1972 й.
9. Б.Орипов. Тасвирий санъат ва чизмачилик кабинети, синфдан ташқари ишлар. Т. 1974 й.
10. Б.Орипов. Тасвирий санъат дарслари самарадорлигини ошириш омиллари. Т. 1978 й.
11. Е.В.Шорохов. Композиция асослари. М. 1979 й. (рус тилида).
12. Б.Н.Орипов. Тасв ирий санъатни ўқитиш услубиёти. Н. 2001 й. (ўқув қўллнма).
13. Б.Н.Орипов, Б.Б.Орипов. Тасвирий санъатни ўқитиш методикаси. (дастур). Н. 2001 й.
14. М.Набиев, Б. Азимова. Расм чизишни ўргатиш методикаси.Т.1976й.
15. Б.Орипов. Расм чизиш ва уни ўкитиш методикаси (дастур).Т.1986 й.
16. Р.Ҳасанов. Тасвирий санъат машғулотларини такомиллаштириш. Т. 1986 й.
17. Р.Ҳасанов. Бошланғич синфларда тасвирий санъат дарслари.Т.1983й.
18. К.Қосимов. Наққошлик тўгараги. Т. 1990 й.
19. Б.Орипов, А.Турдалиев. Тасвирий санъатни ўқитиш методикаси. Т. 1991 й.
20. Р.Ҳасанов, Х.Эгамов. Мактаб тасвирий санъат дарслари. Т. 1995 й.
21. Р.Ҳасанов. Умумий таълим мактабларида тасвирий санъат таълими концепцияси. Т. 1995 й.
22. Р.Ҳасанов. Тасвирий санъат. (1-7 синфлар дастури). Т.1995 й.
23. Р.Хасанов, Б.Орипов. Тасвирий санъат. (1-7 синфлари тасвирий санъат ва бадиий мехнат ўқув материалларини режалаштириш) Н. 2000 й.
М у н д а р и ж а
1, Кириш.
|
|
2. Санъат назарияси.
|
|
3. Нафис санъат
|
|
4. Графика
|
|
5. Ҳайкалтарошлик.
|
|
6. Амалий санъат.
|
|
7. Дизайн санъати.
|
|
8. Фото санъати
|
|
9. Икэбана санъати
|
|
10. Тасвирий санъатнинг жанрлари
|
|
11. Меъморчилик санъати.
|
|
12. Расм чизишни ўргатиш
|
|
13. Педагогика коллежларида тасвирий санъат.
|
|
14. Нарсани ўзига қараб расм чизиш.
|
|
15. Қаламтасвир.
|
|
16. Ясс ива шартли ясси предметлар расмини чизиш
|
|
17. Ҳажмли нарсаларни ўзига қараб расм чизиш.
|
|
18. Перспектива ҳақида умумитй маълумот.
|
|
19. Геометрик шакллар расмини чизиш.
|
|
20. Мураккаб (аралаш) шаклдаги предметлар расмини чизиш.
|
|
21. Газламани букланган ҳолати расмини чизиш.
|
|
22. Табиат материалларини расмини чизиш.
|
|
23. Қуш ва ҳайвонлар расмини чизиш.
|
|
24. Одам расмини чизиш.
|
|
25. Рангтасвир.
|
|
26. Ранг ва бўёқлар.
|
|
27. Расм ишлашда ранг ва бўёқлардан фойдаланиш.
|
|
28. Композиция.
|
|
29. Нарсани ўзига қараб расм чизишда композиция.
|
|
30. Тематик расм чизишда композиция
|
|
31. Бадиий безаш ишлари.
|
|
32. Бадиий безаш ҳақида умумий маълумотлар.
|
|
33. Харфлар ва уларни ёзилиши.
|
|
34. Ҳайкалтарошлик.
|
|
35. Тасвирий санъатни ўқитиш методикаси.
|
|
36. Тасвирий санъатни ўқитиш методикасига кириш.
|
|
37. Тасвирий санъатни ўқитиш методикаси тарихи.
|
|
38. Ўзбекистонда тасвирий санъатни ўқитиш тарихи
|
|
39. Мактаб тасвирий санъати ўқувчиларнинг таълим ва тарбиясидаги роли ва ўрни.
|
|
40. Мактаб тасвирий санъатининг дастур, дарслик ва ўқув методик қўлланмалари.
|
|
41. Мактаб тасвирий санъатини ўқитиш дидактикаси.
|
|
42. Тасвирий санъатни ўқитишда предметлараро боғланиш.
|
|
43. Мактаб тасвирий санъат кабинети ва уни иш фаолияти.
|
|
44. Тасвирий санъат дарсида техника воситаларидан фойдаланиш.
|
|
45. Тасвирий санъат бўйича синфдан ва мактабдан ташқари ишлар.
|
|
46. Тасвирий санъат ўқитувчиси ва унга қўйиладиган талаблар.
|
|
47. I-IV синфларда тасвирий санъат машғулотлари ва уларни ўқитиш методикаси.
|
|
48. Дарс конспект ива уни тузилишига қўйиладиган талаблар.
|
|
49. Дарс конспектини намуналари.
|
|
50. Курс бўйича адабиётлар.
|
|
ўзбекистон Олий ва ўрта махсус
таълим вазирлиги
ўзбек тилида
Бадриддин Нуриддинович Орипов
тасвирий санъат ва уни ўқитиш методикаси.
Педагогика коллежлари учун ўқув қўлланма
Тақризчилар:
Редактор:
Бадиий редактор:
Тех.редактор:
Корректор:
Масъул рассом:
Тошкент «Ўқитувчи» - 2004 йил
Достарыңызбен бөлісу: |