Бутун Коинот атомлар ва бўшлиқдан ташкил топгандир.
Атомлар йўқолмайди, мангу ва атомлардан ташкил топган Коинот абадийдир.
Атомлар энг майда, бўлинмас, ўзгармас заррачалардир.
Улар доимо ҳаракатда бўлиб, ўзининг фазодаги вазиятини ўзгартириб туради.
Атомлар катталиги ва шакли билан бир-биридан фарқ қилади. Аммо улар шу қадар кичкинаки, инсоннинг сезги органлари билан уларнинг борлигини сезиб бўлмайди.
Моддий оламдаги барча предметлар турли шаклдаги ва турли тартибдаги атомларнинг бирикишидан хосил бўлгандир.
Оламнинг субстанциясини ахтаришнинг яна бир усули гўёки мева истеъмол қилаётган киши, унинг келиб чиқишини ахтариб, дастлаб дарахтга, сўнгра унинг гулига, баргига, кўчатига ва уруғига назар солганидек, атрофимиздаги моддий оламнинг ўзагида дастлабки яратувчи модда сифатида нима ётишини, яъни илк материяни, азалий материяни, материянинг «бобоколонини», «праматерияни» ахтариш усулидир.
Хуллас, шу тариқа моддий оламнинг асосида ётувчи умумий моҳиятни ахтариш фалсафада материя ҳақидаги тасаввурларнинг майдонга келишига ва ривожланишига сабабчи бўлди. Материя тушунчаси моддий унсурга нисбатан ҳам, атомга нисбатан ҳам, праматерияга нисбатан ҳам умумийроқ бўлган тушунчадир.
Материя оламдаги барча моддий объектларни, бутун объектив реалликни ифода этувчи энг умумий тушунча – фалсафий категориядир.
Материя категорияси
Файласуфлар умумий маънодаги материя фақат фикрнинг махсули ва абстракциясидир, деб ҳисоблашади. Умуман одам бўлмаганидек, умуман материя ҳам йўқ. Материя, бу тушунчадир, абстракциядир, фикримизнинг маҳсулидир. Яъни, файласуфлар барча моддий объектлара хос хусусиятларни умумий тарзда ифодалаш учун қўллайдиган тушунча материя деб аталади.
Демак, материя моддий объектларга хос энг умумий тушунча, фалсафий категориядир. ХХ асрнинг бошларида марксист-файласуфлар материяга сезги аъзоларимизга таъсир этиб, сезги уйғотувчи объектив реалликдир деб таъриф беришган. Бу таъриф айтилган даврларда материя тузилишининг мураккаб шакллари ҳақидаги тасаввурлар у қадар ривожланмаган эди. ХХ асрнинг ўрталарига келиб, квант механикаси, нисбийлик назарияси ва релятивистик космология соҳаларидаги илмий ютуқлар кишиларнинг объектив олам ҳакидаги тасаввурларини тубдан ўзгартириб юборди. Натижада, табиатшунос олимлар сезгиларимизга бевосита таъсир этишининг имкони бўлмайдиган реалликлар ҳақида ҳам тадқиқотлар олиб бора бошлайди. Оламнинг классик механика нуқтаи назаридан келиб чиқиб, нисбатан кичик тезликда ҳаракатланувчи системалар ҳақидаги илмий манзараси ўрнини янгича катта тезликда ҳаракатланувчи системалар ҳақидаги илмий манзаралар эгаллай бошлади. Бу эса материя ҳақидаги тасаввурларнинг янада ривожланишига шароит туғдирди. Бу ўзгаришларни ҳисобга олиб таниқли файласуф
Б.М.Кедров бу таърифга «сезгиларимизга бевосита ёки билвосита (яъни турли асбоблар; қурилмалар воситасида) таъсир этувчи» деган қўшимча киритади. Шундай қилиб, бу таъриф гўё материянинг ҳам моддавий, ҳам номоддавий шаклларини, ҳам модда, ҳам антимодда кўринишларини қамраб олувчи таърифга айланди.
Материя ўзининг хоссалари, хусусиятлари орқали намоён бўлади. Табиат ва жамият ҳақидаги конкрет фанлар материянинг ўз предметларига мос келувчи муайян хусусиятларинигина ўрганади. Материянинг умумий хоссалари ҳақида эса фалсафа фани тадқиқот олиб боради.
Моддий объектларнинг тузилиши ҳақида гапирганда бизнинг теварак атрофимизни ўраб олган хилма-хил кўринишдаги, шаклдаги турли-туман моддий объектларнинг таркибини кўз олдимизга келтирамиз. Бундай объектлар турли хил хоссаларга ва хусусиятларга эгадир. Бир пайтлар ҳамма жисмлар материянинг бўлинмас шакли атомлардан ташкил топгандир, деган тасаввур фанда ҳукмрон эди. Атомларнинг мураккаб тузилганлиги ҳақидаги фаразлар ХХ асрга келиб узил-кесил тасдиқланди.
Ҳозирги замон фанларининг хулосаларига кўра, атрофимиздаги ҳар қандай жисм молекулаларидан ташкил топгандир, молекулалар эса атомлардан тузилган. Атомлар мураккаб тузилган ядро ва электрон қобиқлардан ташкил топган. Атомнинг электрон қаватлари бир-биридан ва атом ядросидан муайян узоқликда жойлашган бўлади. Энг содда атом ҳисобланувчи водород атомининг ядроси битта протондан ташкил топгандир, мураккаброқ атомларнинг ядроси эса протон ва нейтронлардан ташкил топади, Протон ва нейтронлар эса кварклар ва уларни туташтириб турувчи глюонлар (глюон-ёпиштирувчи деган маънони беради)дан ташкил топгандир. Ундан ташқари ҳар бир заррача айни бир вақтнинг ўзида ҳам дискретлик (корпускуляр), ҳам узлуксизлик (майдон) хусусиятини намойиш қилиб, заррачалар аро фазо материянинг майдон ва нурланиш кўринишидаги объектлари билан тўлғазилгандир.
Органик ва анорганик моддалар молекула тузилиши билан бирбиридан фарқ қилади. Жонли организмлар органик моддалардан ташкил топган бўлади. Жонли организмларнинг таркибий асосида ҳужайралар ва ҳужайра системалари ётади. Ер шари атрофини қуршаб турувчи биосферани бир бутун жонли система деб олиш мумкин. У микроорганизмлар, ўсимлик дунёси, ҳайвонот дунёси ва инсоннинг ўзаро алоқадорликлари бу биосферанинг мавжудлигини таъминлаб туради.
Ер шари ва унинг атрофида ҳаракатланувчи Ой бир йилда бир марта Қуёш атрофини айланиб чиқади. Бу система ҳам биосферага ўз таъсирини ўтказади. Қуёш ва унинг атрофида ҳаракатланувчи сайёралар, уларнинг йўлдошлари, астероидлар, метеоритлар, кометалар ва кичик планеталар биргаликда Қуёш системасини ташкил этади. Қуёш системаси миллионлаб юлдузларни ўз ичига олувчи Галактика (Сомон йўли) таркибига киради. Унинг диаметри 94,6 млн. ёруғлик йилига тенг. Ундан кейинги система галактикалар тўпи бўлиб, унинг диаметри 1 мегапаксекка тенг, 30 тагача галактикани ўз ичига олади. (1 парсек = 3,26 ё.й., 1 мегапаксек = 106 парсек). Кейинги система – галактикаларнинг маҳаллий тўпи, унга 2 та гипергалактика ва 27 та митти галактикалар киради. Маҳаллий галактикалар тўпи «галактикалар мажмуасига» киради. Мажмуада 500тагача галактика бўлади, унинг диаметри – 5 мегапарсек. Галактикалар мажмуаси галактикаларнинг ўта катта мажмуасига бирлашади, унинг диаметри 40 мегапарсек бўлиб, ўзида 10 мингдан зиёд галактикани бирлаштиради. Ўта йирик мажмуалар Коинотнинг бошқа структуравий бирликларига киради. Коинотнинг радиуси эса 15-20 млрд. ёруғлик йилига тенгдир. Ҳозирги замон космологиясида бир қанча юз минглаб галактикаларни ўзида бирлаштирган космологик объект Метагалактика деб аталади. Метагалактика бир томондан умумий ҳолда олганда бир жинсли ва изотроп кўринишда бўлсада, унинг ички таркиби бир-бири билан чамбарчас боғланган фазо-вақт уяларини бириктирган асаларининг уясига ўхшаш ғовак катакчалар тўпламидан ташкил топгандир. Галактикалар ва ундаги юлдуз тўплари бу уячаларнинг деворларида жойлашган бўлиб, уларнинг ичи ғовак бўшлиқдан иборатдир. Метагалактикани паралонга ўхшатиш мумкин. У бир томондан яхлит бир текис массани ҳосил қилгани билан, унинг ичи кўплаб бўш уячалар тизимидан ташкил топгандир1.
Бу системаларни фалсафий жиҳатдан умумлаштириб, материянинг кўринишларини, яъни бизга намоён бўлиш шаклларини умумлашган ҳолда, турли хил структура (яъни тузилиш) даражаларига ажратиш мумкин. Материянинг бундай тузилиш шаклларини қуйидаги даражаларга ажратиб ўрганиш мумкин:
Материянинг тузилиш шакллари
Сифатий жиҳатдан материя икки хил шаклда, кўринишда учрайди: моддасимон ва номодда кўринишда. Жисм ва майдон кўринишлари модда ва номодданинг намоён бўлиши. Материянинг моддасимон кўринишдаги шакллари иккига, модда ва антимоддага ажралади. (Электрон материянинг модда кўринишига, позитрон эса материянинг антимодда кўринишига мансуб. Ҳар бир элементар заррачанинг ўз антизарраси мавжуд: электрон – позитрон, протон – антипротон, нейтрон – антинейтрон ва ҳоказо). Булар бир-бири билан чамбарчас боғланган бўлиб, улар тўқнашганда кескин сифатий ўзгариш рўй беради, яъни модда номоддавий кўринишга, номодда эса моддавий кўринишга айланади. Модда аннигиляцияга учрайди. Материянинг номоддавий кўриниши ҳам икки хил шаклда учрайди: майдон ва нурланиш. Муайян майдондаги нурланишлар физик вакуумда (физик вакуум физик жисмлардан ҳоли бўлган жой) моддий заррачаларнинг ҳосил бўлишига имкон беради. Хуллас, булар ҳам бир-бири билан чамбарчас боғлангандир. Материянинг биз юқорида қайд этган кўринишларидан бошқача кўринишдаги турлари ҳам бўлиши мумкин. Уларнинг табиати ҳали фанга маълум эмас.
Материянинг тузилиш даражалари ҳақида
Агар биз материянинг моддий кўринишларини тузилиши жиҳатидан классификация қилсак, яъни турласак, материянинг структура (тузилиш) даражалари ҳақидаги қуйидаги хулоса ҳосил бўлади.
Материянинг тузилиш даражалари
Биз теварак-атрофимизга назар ташласак, умуман,материяга эмас балки, муайян жисмларга, нарса ва ҳодисаларга кўзимиз тушади. Улар эса ўзига хос тузилишга, таркибий қисмларга эга. Сиз билан биз инсон сифатида Ер шарида истиқомат қиламиз, ўзимизга мос келувчи ўлчовлар билан иш юритамиз. Биз одатланган ўлчовдаги катталикларни макроскопик катталиклар деб ҳисоблаймиз. Макроскопик дунёга нисбатан кичик микроскопик дунё, макроскопик объектлар жойлашган мегаскопик дунё мавжудлигини ҳам ҳис қиламиз. Ундан ташқари, жонсиз табиат, жонли табиат ва жамият сингари ташкилий системаларга дуч келамиз. Уларни муайян тартиб асосида системалаштирсак материянинг тузилиш даражаларини, яъни структура даражаларини ҳосил қиламиз. Шу нуқтаи назардан материянинг структура даражаларини миқёсийструктура даржалари ва ташкилий-структура даржаларига ажратамиз.
Материянинг миқёсий структура даражалари
Материя масштаб жиҳатидан, яъни миқёси билан фарқ қилувчи учта миқёсий структура даражаларига ажралади. Улар: микродунё, макродунё ва мегадунё.
Достарыңызбен бөлісу: |