Тўраев Бахтиёр Омонович онтология, гносеология, логика ва фан фалсафаси муаммолари танланган асарлар



бет144/177
Дата15.02.2024
өлшемі1.82 Mb.
#492067
1   ...   140   141   142   143   144   145   146   147   ...   177
1- (1)

Анорганик дунё ёки нотирик табиатда физикавий ва химиявий алоқадорликлар ҳукмронлик қилади, шу туфайли нотирик табиатдаги қонуниятлар шу ҳаракат шакллари доирасида чекланган бўлиб, бу дунё нисбатан пассив ва ташкилий жиҳатдан уюшганлиги паст даражада бўлади. Бу элементар заррачалар ва уларнинг таркибий қисмлари, атом ва атом ядросининг таркиби, молекулалар (химиявий элементлар ва химиявий бирикмалар) ва молекулалардан ташкил топган жисмлар, жонсиз табиятда мавжуд бўлган геологик жинслар ва қатламлар, ер шари, унинг пўстлоғи ва ядроси, Ер шарининг ўзи космик жисмлар, Қуёш ва Қуёш системаси, унинг таркибига кирувчи космик объектлар, юлдузлар системаси ва юлдуз тўпи, юлдузлар ассоциацияси, галактика ва галактикалар системаси, Метагалактика ва метагалактикалар системаси, хуллас, бутун Коинот анорганик дунё таркибига киради.
Органик дунё. Энг кичик бир ҳужайрали содда организмлар, туфелка ва гидралардан тортиб, кўп ҳужайрали организмларгача, ўсимлик дунёсидан тортиб ҳайвонот дунёсига, ундан мураккаб тузилган ўмиртқалилар-у, то инсоннинг ўзигача, генетик ҳужайра (ДНК)лардан тортиб, то биосфера ва биоценозгача органик дунё объектлари ҳисобланади. Ер шаридаги бутун тирик табиат органик дунё таркибига киради. Тирик табиатда яъни органик дунёда биологик алоқадорликлар ҳам қатнашганлиги сабабли унинг уюшганлик даражаси нотирик табиатга нисбатан ривожланганроқ, юқорироқ, фаолроқ ва мураккаброқ тузилган бўлади.
Ижтимоий дунё даражасида эса юқорида айтилган алоқадорликлардан ташқари жамиятга хос бўлган ижтимоий алоқадорликлар ҳам иштирок этади ва бундай дунёнинг тузилиши ниҳоятда мураккаб бўлиб, материя бу даражада ўзининг ўта уюшганлигини, нисбий мустақиллигини ва юқори даражада фаоллигини намойиш қилади. Бу дунёга инсон ва инсоният жамияти, ижтимоий жараёнлар ва социал системалар, жамият, давлат, сиёсий тузилмалар, оила, маҳалла, цивилизация ва бошқа ижтимоий бирикмалар киради.
Бу дунёнинг структуравий элементи бўлган ҳар бир инсон жамиятга хос бўлган барча алоқадорликларни ўзида акс эттиради ва у ижтимоий муносабатларда, алоқадорликларда онгли равишда, мақсадга биноан, муайян мўлжалларни олдиндан белгилаган ҳолда ҳаракат қилади. Бу дунёлар бир-бири билан узвий алоқадорликларда бўлади ва уларнинг бири иккинчисидан келиб чиқади. Одатда, камроқ алоқадорликларга эга бўлган система унга нисбатан кўпроқ алоқадорликларга эга бўлган системага қараганда мураккаброқ ва ташкилий жиҳатдан уюшганроқ бўлади. Бу ерда ҳам ана шу қоида амал қилади.
Анорганик дунё инъикоснинг энг содда ва қуйи шакли – механик инъикос фаолият кўрсатса, органик дунёда унга нисбатан мураккаброқ кўринишдаги биологик инъикос намоён бўлади. Бундай инъикоснинг ўзига хос бўлган томони танловчанлик ва мақсадга мувофиқ ҳаракат қилишдир, жамиятда эса, инъикоснинг энг олий шакли социал инъикос намоён бўлади, шунингдек, бу инъикос ўзига инъикоснинг бошқа шаклларини ҳам қамраб олган бўлади. Онгли ва юқори доирада уюшган, фаол инъикос, алоқадорлик, хатти-ҳаракатлар ижтимоий дунёга хосдир.
Материя ташкилий структура даражаларининг балки биз ҳали билмайдиган янада мураккаброқ турлари ҳам бордир, лекин улар ҳали бизнинг тушунчаларимиз доирасига сиғмайди. Хуллас, материянинг ташкилий структура даражалари бир-биридан алоқадорликларининг сони ва сифати жиҳатидан, энергия ва информация алмашиш хусусияти билан, фаоллиги ва уюшганлиги даражаси билан фарқ қилади.
Ҳар қандай объектнинг ўзига хос бўлган, унинг ана шундай объект эканлигини намойиш қилувчи ажралмас хусусиятлари бўлади. Шу жиҳатдан, энди материянинг ажралмас хусусиятлари ҳақида тўхталиб ўтайлик. Ҳар қандай жисмнинг ажралмас хусусиятини ифодалашда файласуфлар лотинча «атрибут» сўзини қўллашади.
Муайян жисмнинг айнан шу жисм эканлигини кўрсатувчи хусусиятлари унинг атрибутлари бўлади. Материянинг ҳам бир қанча атрибутлари мавжуддир. Улар: ҳаракат, фазо, вақт, инъикос ва юксак даражада шаклланган материя – инсон миясининг атрибути – онг. Айни пайтда борлиқ билан бир қаторда, материянинг ҳам атрибутлари ҳисобланган ҳаракат, фазо ва вақт ўзаро алоқадорликда, бир-бирини тўлдиради ва бир-бири билан чамбарчас боғланган бўлиб, улар моддий оламдаги энг умумий ва универсал алоқадорликларни ифодалайди. Оламдаги барча ўзгаришлар, ривожланишлар, нарсаларнинг шакли ва кўринишлари ҳаракат, фазо ва вақт структураси билан боғлангандир. Ҳаракат, фазо, вақт материяни жонлантиради, намоён қилади, шакл беради, ўзгартиради, ривожлантиради. Моддийлик – материянинг асосий белгиси.


Достарыңызбен бөлісу:
1   ...   140   141   142   143   144   145   146   147   ...   177




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет