Тўраев Бахтиёр Омонович онтология, гносеология, логика ва фан фалсафаси муаммолари танланган асарлар



бет166/177
Дата15.02.2024
өлшемі1.82 Mb.
#492067
1   ...   162   163   164   165   166   167   168   169   ...   177
1- (1)

МАТЕРИЯ (лот. materia – модда) – борлиқнинг моддий шаклини ифодаловчи умумий тушунча. Оламда «умуман одам» бўлмаганидек «умуман материя» ҳам бўлмайди, балки материянинг аниқ, кўринишлари учрайди. Шу тарзда фикр юритган файласуфлар барча моддий объектларга хос хусусиятларни умумлаштириб ифодалаш учун материя тушунчасини қўллашган. Материя тушунчасини моддий оламнинг субстрати (асоси) сифатида Платон ва Арасту ишлаб чиққан, шу билан бирга материя соф потенция (яширин имконият) деб тушунилган. Материяни Р. Декарт фазовий кўлам ва бўлинадиган моддий субстанция деб таърифлаган ва у 17–18 аср материализмининг асоси бўлган. Материя диалектик материализмнинг асосий тушунчасидир. Материалист файласуфлар материя тушунчасини бир ёклама бўрттириб, борлиқ тушунчаси билан айнанлаштириб талқин этишади. Табиат, жамият ва инсон тафаккурининг асосида ётувчи ва уларни умумлаштирувчи тушунча субстанция (моҳият) деб аталади. Оламнинг асосида битта субстанция ётади деб ҳисобловчи оқим монизм, иккита субстанция ётади деб ҳисобловчи оқим дуализм, кўп субстанциялар ётади деб ҳисобловчи оқим плюрализм деб аталган.
Оламнинг асосида ётувчи моҳиятни ахтариш тарихи узок, ўтмишга бориб тақалади. Қадимги Ҳиндистон ва Хитойда, Миср ва Бобилда, қадимги Ўрта Осиё ва Юнонистонда файласуфлар оламнинг асосида қандайдир модда ёки унсур ётади деб ҳисоблашган. Уларнинг баъзилари бу унсурни олов, бошқалари – сув ёки ҳаво, айримлари – тупроқ деб билишган. Баъзи фалсафий таълимотларда эса оламнинг асосида 4 унсур – олов, ҳаво, сув ва тупроқ ётади, барча нарсалар шу 4 та унсурнинг бирикишидан ҳосил бўлган, деб таъкидланади. Юнон файласуфлари Левкипп, Эпикур, Демокрит оламнинг асосида энг кичик бўлинмас унсурлар – атомлар ётади, улар ўзларининг шакли, ҳаракатланиши ва вазнлари билан бир-биридан фарқ қилади, деб ҳисоблашган. Шундай қилиб, моддий оламнинг асосида дастлабки яратувчи модда сифатида нима ётишини, яъни илк, азалий материяни, материянинг «бобокалони»ни ахтариш вужудга келди.
20-аср бошларида марксчи файласуфлар материяга сезги аъзоларимизга таъсир этиб, сезги уйғотувчи объектив реалликдир деб таъриф беришган. Бу таъриф айтилган даврда материя тузилишининг мураккаб шакллари ҳақидаги тасаввурлар у қадар ривожланмаган эди. 20-асрнинг ўрталарига келиб, квант механикаси, нисбийлик назарияси ва релятивистик космология соҳаларидаги илмий ютуклар кишиларнинг объектив олам ҳақидаги тасаввурларини тубдан ўзгартириб юборди. Натижада, табиатшунос олимлар сезгиларимизга бевосита таъсир этишнинг имкони бўлмайдиган реалликлар ҳақида ҳам тадқиқот олиб бора бошладилар.
Материя – дунёдаги чексиз барча объект ва системалар бўлиб, ҳар қандай хусусият, алоқа, муносабат ва ҳаракат шаклларининг субстрати (асоси)дир. Материя табиатда бевосита кўз билан кўриладиган объектлар ва жисмларнигина эмас, балки кузатиш воситалари ва экспериментнинг такомиллашиши асосида келгусида билиниши мумкин бўлган нарсаларни ҳам ўз ичига олади. Материя ўзининг хоссалари, хусусиятлари орқали намоён бўлади. Ҳозирги замон фанларининг хулосаларига кўра, ҳар қандай жисм молекулалардан, молекулалар атомлардан, атомлар протон ва нейтронлардан ташкил топган ва ҳ.к.
Сифат жиҳатдан материя икки: моддасимон ва номодда кўринишида учрайди. Моддасимон кўриниши модда ва антимоддага ажралади. Булар бир-бири билан чамбарчас боғланган бўлиб, улар тўқнашганда кескин сифат ўзгариши рўй беради, яъни модда номоддий кўринишга, номодда эса моддий кўринишга айланади. Материянинг номоддий кўриниши ҳам икки: майдон ва нурланиш шаклида учрайди. Муайян майдондаги нурланишлар физик вакуумда моддий зарраларнингҳосил бўлишига имкон беради. Материянинг юқорида қайд этилган кўринишларидан бошқача кўринишдаги турлари ҳам бўлиши мумкин. Уларнинг табиати ҳали фанга маълум эмас. Материя тузилиш даражаларига кўра, микродунё, макродунё ва мегадунёга бўлинади. Микродунё – молекуладан кичик зарралар (масалан: атом, ядро, элементар зарра ва бошқалар). Макродунё – молекуладан катта жисмлар (мас. Қум, тош, Ер, планета, Қуёш, ҳайвон, одам ва б.). Мегадунё – Ердан то Коинот миқёсигача бўлган ўлчовдаги дунё. Бу учала дунё бир-бири билан боғлиқ, шунингдек, улар бир-бирига алмашиниши мумкин.
Ҳар қандай объектнинг ўзига хос бўлган, унинг шундай объект эканли-гини ифодаловчи ажралмас хусусият (атрибут) лари бўлади. Материянинг ҳам бир қанча атрибутлари мавжуд: ҳаракат, фазо, вақт, инъикос, онг ва ҳ.к. Бу атрибутлар бирбири билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, моддий оламдаги энг умумий ва универсал алоқадорликларни ифодалайди, материяни жонлантиради, намоён қилади, шакл беради, ўзгартиради, ривожлантиради.
Ад.: Фалсафа, Т., 1999; Философия. Курс лекций, Т., 2002.
Ўзбекистон Миллий энциклопедияси. 5-ж. Т.: ЎзМЭ ДИН, 2003. Б.519.


Достарыңызбен бөлісу:
1   ...   162   163   164   165   166   167   168   169   ...   177




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет