Тўраев Бахтиёр Омонович онтология, гносеология, логика ва фан фалсафаси муаммолари танланган асарлар



бет7/177
Дата15.02.2024
өлшемі1.82 Mb.
#492067
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10   ...   177
1- (1)

ВАҚТНИ ЎЛЧАШГА ОИД ПАРАДОКСЛАР
Ҳа, инсоният вақтни ўлчайди. Лекин у ҳақиқатан ҳам вақтни ўлчармикин?!
Аврелий Августин
Вақт ҳақидаги тасаввурлардаги кўпчилик зиддиятлар вақтни ўлчаш мобайнидаги вужудга келган субъектив хатолардан келиб чиқади. «Йўқолган» ва «ортиб қолган» кунлар ва соатлар ҳақидаги ривоятлар шулар жумласига киради. Кўпчилик илмийоммабоп китобларда магелланчилар йўқотган бир кун ҳақида завқ билан ҳикоя қилинади. Фернан Магеллан бошчилигида 265 кишидан иборат бешта кема экипажи 1519 йил 20 сентябрда, Испаниядан Осиёга, Ғарб томондан йўл очиш мақсадида, сафарга отланганини кўпчилик билади. Роса икки йил давом этган машаққатли денгиз сафаридан атиги 17 киши ўз юртига тирик қайтиб келади. Магелланчилар бу сафарда қизиқ бир ҳодисанинг гувоҳи бўлишган. Сафар иштирокчиларидан бири — Антонио Пигафетта кундалик тутиб, саёҳатни бошидан охиригача батафсил ёзиб борган эди. Яшил Бурун ороллари аҳолиси билан суҳбатда, у:

  • Бугун 19 июль, чоршанбами? – деб сўрайди.

  • Йўқ, бугун 20 июль пайшанба! – деб жавоб қилишади унга. Бундан ажаблангаи Пигафетта барча ёзувларини бирма-бир текшириб чиқади, бироқ кундалик дафтарда кун саналарининг ҳаммаси тўғри, кетма-кет қайд этилган эди! Шунга қарамай, бир кун қаёққадир йўқолганди!

Жюль Верннинг қаҳрамонларидан бири Филеас Фогг, Ер шарини 80 кун ичида айланиб чиқаман, деб гаров ўйнайди. Кейин у ўз ёрдамчиси Паспарту билан биргаликда шарққа қараб йўл олади. Бироқ улар, ғаройиб саргузаштларни бошидан кечириб, қадрдон шаҳарларига қайтиб келишганида белгиланган муддат – 80 кундан ташқари яна бир неча соат ҳам ўтган эди. Фогг ўзини гаровдан ютқаздим деб ҳаёлга чўмганида ёрдамчиси Паспарту кўчага чиқиб «бугун» – «кечаги кун» эканлигини билиб келади ва мистер Фогг белгиланган муддатнинг сўнгги дақиқаларида клубда ҳозир бўлиб, гаровда ютиб чиқади.
Бошқа бир ҳикояда эса, икки капитаннинг қовоқхонада учрашиб қолишгани ва уларнинг Ер шари бўйлаб саёҳат қилиб, яна шу жойда учрашишга ваъдалашганлиги баён этилади. Улардан бири шарққа, иккинчиси эса, ғарбга қараб йўл олади ва иккаласи ҳам Ер шарини тўла айланиб чиқишгач, шу қовоқхонага баб-баравар етиб келишади. Ғарбга йўл олган капитан суҳбат орасида:

  • Эртага якшанба, роса дам оламан! – дейди. Шарққа қараб йўл олган капитан эса унинг устидан кулиб:

  • Оғайни, якшанба кеча ўтиб кетди-ку, бугун – душанба! – дейди.

Қовоқхона эгаси эса, уларнинг гапини бўлиб:

  • Жаноблар, тортишманглар. Якшанба – бугун! – дейди.

Юқорида баён қилинган бу зиддиятларнинг сабаби вақтни ҳисоблаш системаларидаги фарқлардадир. Маълумки, магелланчилар Ернинг айланишига қарама-қарши йўналишда ғарбга қараб ҳаракат қилишган. Вақт ҳисоби қуруқликда ҳам, денгизда ҳам бир хил ҳодисага, яъни қуёшнинг чиқиши ва ботиши ҳодисасига асосланади. Магелланчилар учун ҳар сутка оралиғи 24 соатдан зиёдроқ бўлган. Ер шарини тўла айланиб чиққунча бу фарқ бир суткага, яъни Ернинг ўз ўқи атрофида бир марта айланиш вақтига тенглашган. Натижада, магелланчилар қуёш чиқиши ва ботиши ҳодисасини Яшил Бурун ороллари аҳолисига нисбатан бир марта кам кузатишган. «Йўқолган» бир куннинг сири ҳам шунда.
Шарққа қараб йўл олган мистер Фогг билан Паспарту эса, ҳар сафар қуёш чиқишини эртароқ кутиб олишган, улар учун ҳар бир сутка 24 соатдан камроқ давом этган, натижада, улар Ер шарини айланиб чиқиш мобайнида Қуёш чиқишини бир марта кўп кузатишган. Капитанлар жумбоғи ҳам шу хилда ечилади.
Вақтни тушунчалар билан ифодалашдаги қийинчиликлар, масалан, Зенон апориялари, уни идрок этишдаги ва турли хил жараёнларга асосланиб ўлчашдаги субъектив янглишишлар реал вақтнинг асл хусусиятларини ўрганишда бирмунча қийинчиликлар туғдиради. Шу сабабли ҳар доим реал вақт тушунчасини перцептуаль ва концептуаль (математик) вақт тушунчаларидан, ҳаракат ва ўзгариш жараёнларидан фарқ қила олиш муҳим аҳамиятга эгадир. Ҳаракат билан вақт ҳодиса сифатида, шакл жиҳатидангина бир-бирига ўхшаб кетади, аммо моҳияти ва мазмунига кўра бир-биридан фарқ қилади. Ҳаракат изотроплик хусусиятига, яъни барча йўналишларда бир хил мазмунга эга бўлса, вақт эса, анизотроплик хусусиятига, яъни фақат бир (ўтмишдан келажакка қараб оқувчи) йўналишга эгадир.


Достарыңызбен бөлісу:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10   ...   177




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет