Тўраев Бахтиёр Омонович онтология, гносеология, логика ва фан фалсафаси муаммолари танланган асарлар



бет8/177
Дата15.02.2024
өлшемі1.82 Mb.
#492067
1   ...   4   5   6   7   8   9   10   11   ...   177
1- (1)

МАТЕРИЯ, ҲАРАКАТ ВА ВАҚТ


Бори ўтиб кетди, йўғи ҳали йўқ
Умар Хайём
Энди суҳбатимизни борлиқнинг мавжудлик шакли бўлган вақтнинг материя ва ҳаракат билан боғлиқлиги ҳақидаги масалага қаратайлик. Бу масала ҳозирги замон табиий-илмий фанлари хулосаларида тасдиқланмоқда. 1905 йили Альберт Эйнштейн (1879–1955) томонидан яратилган хусусий нисбийлик назариясида вақт билан ҳаракатнинг, 1917 йили эълон қилинган умумий нисбийлик назариясида эса, вақтнинг ўтиши билан жисм массаси ўртасидаги чамбарчас боғлиқлик илмий асосланди.
Нисбийлик назариясига кўра, муайян системадаги вақтнинг ўтиши шу системанинг ҳаракат тезлигига боғлиқ. Бироқ моддий объект, унга нисбатан тинч ҳолатда бўлган бошқа системага қараганда қанчалик катта тезликда ҳаракатланса, бу объектда вақт, тинч системага нисбатан, шунчалик секинроқ ўтади.
Нисбийлик назариясида бу ҳодиса «вақтнинг секинлашув эффекти» дейилади.
Шу эффектни аниқроқ тасаввур этиш мақсадида қуйидагича фаразий тажриба ўтказайлик. (Бу тажриба адабиётларда «эгизаклар парадокси» номи билан қайд этилади). Ердан 25 ёруғлик йили узоқликда жойлашган сайёрага тезлиги ёруғлик тезлигининг 98 процентига тенг бўлган космик кемани юборайлик. Кемага 20 ёшли эгизакларнинг каттаси – Ҳасан чиқади. Ҳусан эса, акасини кузатиб Ерда қолади. Сайёрага ёруғлик нурлари (25+25 = 50) 50 йилда бориб кела олади, космик кема эса бу масофани 51 йилда босиб ўтиб, Ерга қайтиб келади. Яъни Ерда 51 йил ўтган бўлади. Космик кемада эса, нисбият назариясига кўра, у ёруғлик тезлигига яқин тезликда учганлиги учун бор-йўғи 5 йил ўтган бўлади. Шундай қилиб, Ҳасан ўн йил космик саёҳатда бўлиб, 25 ёшга тўлганида Ерга қайтиб келади. Ерда эса, уни роса 51 йил орзиқиб кутган укаси Ҳусан 71 ёшида, нуроний қария қиёфасида қучоқ очиб кутиб олади! (Эгизаклар парадоксига оид ҳисоб-китоб маълумотлари қуйидаги манбадан олинди: Кауфман У. Космические рубежи теории относительности. – М., Мир, 1981. С. 25–40). Демак, ҳар хил тезликда ҳаракатланувчи системаларда вақт ҳар хил давомийликда ўтаркан. Вақтнинг ҳаракатга боғлиқлиги шундадир.
Вақтнинг ҳаракат билан боғлиқлиги нисбатан паст тезликда ҳаракатланувчи системаларда деярли сезилмайди. Шу туфайли нисбатан кичик тезликда ҳаракатланувчи жисмлар механикаси билан шуғулланувчи классик физика вақтни ҳаракат ва фазодан мустақил бўлган алоҳида субстанция деб изоҳлайди. Олимлар ёруғлик нурининг хоссаларини чуқурроқ ўргана бошлаганларидан кейин, катта тезликдаги ҳодисаларни ўлчаш муаммоларига ҳам дуч кела бошлашди ва шундагина вақт ритмининг ҳаракатга боғлиқ эканлиги ҳақидаги илк фаразлар майдонга келди.
Энди вақтнинг материя ҳолати билан боғлиқлигига оид масалага диққатимизни қаратайлик. Нисбият назариясига кўра Галактикамиз («Сомон йўли»)нинг зичлашган ядросига яқинлашган сари, вақтнинг ўтиши секинлашиб боради, аксинча, унинг сийракроқ бўлган четки зоналарда эса, вақт тез ўтади, чунки вақт ва фазонинг хусусиятлари жисмнинг массасига боғлиқ. Массаси ғоят катта космик объектларнинг яқинида уларнинг гравитация майдони таъсирида вақтнинг ўтиши секинлашиб, фазо кучли эгриланади.
Йирик массали объектлар ёнида фазо-вақтнинг эгилиши ҳодисасини Қуёшнинг тўла тутилиши пайтида Қуёш ёнига рўпара келган юлдузлар ўрнининг ўзгаришидан ҳам сезиш мумкин. Бу фикрни дастлаб, нисбийлик назариясига асосланиб, Альберт Эйнштейн илгари сурган. Унинг фикрича, ёритқичлардан келаётган нурлар Қуёшнинг ёнидан ўтаётганида, Қуёшга томон, маълум бурчак остида оғиши лозим. Эйнштейннинг бу илмий башорати 1919 йил 29 майда рўй берган Қуёшнинг тўла тутилишини кузатиш пайтида Артур Эддингтон экспедицияси томонидан узил-кесил тасдиқланган.
Массив жисмлар ёнида электромагнит тебранишларининг бошқа бир тури – радиотўлқинлар ҳам эгилади. Радио-тўлқинларнинг эгилиш даражасини аниқлаш радиоастрономлар учун унчалик қийин иш эмас. Маълумки, радиоастрономлар бугунги кунда коинотнинг энг узоқ бурчакларидаги объектларни, улардан келаётган радионурланишларни тутиш ёрдамида, ҳар томонлама тадқиқ қилишмоқда. Улардан келаётган радиотўлқинлар ҳам бизга энг яқин массив объект бўлган Қуёш ёнидан ўтаётганида, юқорида қайд этганимиздек, эгилади. Радиотўлқинларнинг оғиш даражасини аниқлаш учун Қуёш тутилишини кутиш шарт эмас, чунки Қуёш нурлари радиотелескопларга жиддий халақит бермайди. Ҳар йили 8 октябрда Қуёш ўзининг осмон сферасидаги кўринма ҳаракати мобайнида ЗС 273 квазари рўпарасидан ўтади. 1972 йилнинг октябрида радиоастрономлар ЗС 273 ва ЗС 279 квазарлари оралиғидаги бурчакли масофани ўлчаш жараёнида бу ўлчаш натижасининг бошқа пайтлардаги ўлчаш натижаларидан бир оз фарқ қилишини пайқашди. Бу фарқ – умумий нисбийлик назариясига биноан ҳисоблаганда Қуёшнинг гравитация майдони оғдириши мумкин бўлган катталикка тенг эди.
Кучли гравитация майдонида фазонинг эгилиши билан бир пайтда вақтнинг ҳам секинлашиш эффекти содир бўлади.
Америкалик физик Г. Гамовнинг адабиётларда кенг тарқалган ҳазиломуз мисолига кўра, Нью-Йоркдаги 102 қаватли осмонўпар бинонинг биринчи қаватида ишлайдиган машинистка, 102-қаватда ишлайдиган эгизак синглисига қараганда секинроқ қарийди. Чунки 1-қават 102-қаватга қараганда Ернинг зич ва массив марказига яқинроқда.
Бу фикр амалий тажрибаларда ҳам тасдиқланмоқда: 1979 ва 1981 йиллар мобайнида совет ва америка астрономлари «қўшалоқ» квазарлар Q = 0957 + 561 (А, В)дан келаётган радиотўлқинларни ўрганаётиб, бу квазарлар аслида битта квазар эканлигини, квазарлардан тарқалаётган нурланишлар икки хил йўл билан Ерга келаётганлиги сабабли Ердаги кузатувчиларга иккита объект бўлиб кўринаётганлигини аниқлашди1. Шуниси қизиқки, квазардан келаётган ёруғлик нурларининг бир қисми гравитацион линза функциясини бажараётган галактик муҳит орқали эгриланиб, узоқ масофа орқали бизга етиб келар экан. Узоқроқ масофа ҳамда галактик муҳитдан нурланишларнинг секинлашиб ўтиши туфайли бу тасвир иккинчи тасвирга қараганда бизга кечикиброқ етиб келаркан ҳамда у квазарнинг нисбатан «ёшроқ» кўринишини акс эттираркан. Шу сабабли тасвирларнинг бирида (асл тасвирда) бирор ўзгариш рўй берса, бу ўзгариш мавҳум тасвирда бир қанча вақт ўтгандан кейингина акс этаркан. Бу ҳодиса кучли гравитация майдонида вақтнинг секинлашиши ҳақидаги релятивистик хулосани тасдиқлайди.
Бу мисоллар Коинотимиз структурасини ўрганишда вақт билан масса ўртасидаги чамбарчас боғлиқликни ҳисобга олиш нақадар жиддий аҳамиятга эга эканлигини кўрсатиб турибди. Вақт билан масса (модданинг инерциал миқдори) муносабатини нисбийлик назарияси илмий асослаб берди. Баъзи олимлар эса бу фикрни бўрттириб, нисбийлик назарияси – вақт билан
1 Қаранг: Борисов О. Близницы с окраины Вселенной.// Журнал «Знание – сила».
1981, № 12. С.16–18.
материянинг муносабатини асослаб беради дейишади. Ҳақиқатан ҳам, вақтнинг ўтиши массив жисм ва унинг гравитация кучига боғлиқ эканлигини умумий нисбийлик назарияси тушунтиради, лекин бу вақт билан материянинг муносабати деган гап эмас. Негаки, материя масса ёки гравитация майдони тушунчаларига қараганда янада кенгроқ, умумийроқ тушунчадир. Вақт билан массанинг боғлиқлиги, вақт билан материя боғлиқлигининг хусусий кўриниши, холос. Материя фақат модда кўринишидагина учрамасдан, у антимодда, электромагнит, гравитацион, ядровий ва субъядровий майдон кўринишларида, шунингдек сиз билан биз ҳали билмаган бошқа турдаги моддалар ёки майдонлар кўринишларида ҳам учрайди ва учраши мумкин.
У қандай тарзда ёки кўринишда бўлмасин, бетўхтов ўзгаришда, ҳаракатда, ривожланишда эканлиги ҳамда унинг фазо-вақт структурасига эгалигини фалсафа фани барча табиий фанларнинг ютуқларига таянган ҳолда асослаб беради. Табиий фанлар, жумладан, нисбийлик назарияси фалсафанинг материя ва унинг ажралмас хусусиятлари ҳаракат, фазо ва вақт ҳақидаги таълимотни янги-янги далиллар билан бойитиб боради. Табиий фанларнинг ҳам ўз навбатида бундай далилларни топишда, асослашида, янги илмий хулосаларни яратишида фалсафа фани умумий методологик асос ва тадқиқот усули бўлиб хизмат қилади. Табииётшунослик фанлари ва фалсафанинг ажралмас иттифоқи ҳам шундадир.
Вақтнинг ҳаракат, фазо ва материя билан чамбарчас боғлиқлиги ҳақидаги нуқтаи назар Коинотимизнинг структурасини ва ривожланиш қонуниятларини ўрганишда ҳам жиддий методологик аҳамият касб этмоқда. Ҳозирги замон космологиясида «Катта Портлаш» назарияси кўпчилик тадқиқотчилар томонидан Коинотнинг эволюциясини тўғри тушунтириб бера оладиган космологик модель сифатида тан олинмоқда1. Рус олим академик Я. Б. Зельдович Халқаро астрономик уюшманинг сўнгги мажлисида, биз Катта Портлаш моделини эндиликда осмон механикаси сингари яхши тасдиқланган модел деб айта оламиз дея таъкидлади.
Бу назарияга кўра, биз яшаётган Коинот бундан 20 млрд. йиллар муқаддам ўта зич, ўта юксак энергия ва иссиқлик миқдорига эга бўлгани «чексиз» кичик нуқтавий ҳолатдан шиддатли ва кескин портлаш натижасида вужудга келган деб ҳисобланади. Ҳозирги пайтдаги мавжуд ҳисоб-китобларга кўра, бор-йўғи 10-30секунд ичида катталиги – 10-33 сантиметр, массаси – 10-5 граммли микрообъект бўлган Коинотимиз ҳозир биз кўриб турган ҳажми –1032 километрлик ва массаси 1045 тонналик улкан мегаобъектга айланган2.
Ҳозирги замон космологиясида Коинотимиз эволюциясининг Катта Портлашдан 10-42 секунд ўтгандан бошлаб, то шу пайтгача бўлган ривожланиш сценарияси яхши маълум, аммо Коинотнинг дастлабки 10-43 секунд ичида қандай бўлганлиги ҳануз фанга қоронғу. 10-43 секунд ҳақиқатдан ҳам жуда кичик вақт улуши. Фанга маълум энг кичик вақт оралиғи 10-43 секунд «хронон» ёки вақт кванти дейилади. Вақт квантига мос келувчи фазо кванти эса, 10-33 сантиметрни ташкил этади. Фазо ва вақтнинг бу митти улушларини тасаввур этиш учун сиз кўз олдингизга 10 миллиард ёруғлик йили ҳажми катталигидан Коинотимизни келтиринг ва уни фикран чанг заррасидек кичрайтиринг. Чанг зарралари ҳам шунга мос равишда кичраяди ва бу ўлчам фазо квантига тенгдир. Фазо квантига тенг масофани ёруғлик нурлари 10-44секунд ичида босиб ўтади! Ана шу «арзимас» вақт орасидаги Коинот «сирлари» ҳамон ечилмаяпти!
Баъзилар космология фанининг бу хулосаларига бир ёқлама ёндашиб, Коинотимизнинг ёши атиги 20 миллиард йилга тенг бўлса, оламнинг мавжудлиги вақтда чекланган эканда? – дейишади. Бу саволга жавоб беришга уриниб кўрайлик. Аввало, Коинотнинг ёши – оламнинг ёши деган гап эмас, яъни Коинот ва бутун олам бир нарса эмас. 20 миллиард йил бу бутун оламнинг бир қисми бўлган биз яшаётган Коинотнинг хусусий вақти бу вақтни оламнинг мавжудлиги даври билан айнанлаштириш методологик жиҳатдан хатодир.
Иккинчидан, (фикримизни яна ўша дастлабки 10-43 секундга қаратайлик) – дастлабки 10-42 секунд аслида шу Коинот – шу микрообъект учунгина хусусий вақт. Ташқи кузатувчи учун эса бу муддат чексиз узоқ вақтга тенгдир. Ташқи кузатувчи системасида ўша дастлабки 10-43секунд вақт Коинотнинг бутун кейинги умридан ҳам каттадир. Дастлабки пайтда Коинот ниҳоятда зич бўлганлиги, ўта юқори энергия ва ҳароратга эгалиги (иссиқлик миқдори 1019ГЭВ га тенг, 1 ГЭВ = 1014К) ҳамда уни ташкил этувчи моддалар жуда катта тезликда кенгайганлиги ёки космологлар тушунчаси билан айтганда «шишиши» туфайли вақтнинг релятивистик секинлашиши эффекти рўй берган. Вақтнинг бошланиши ёки оламнинг мангу эмаслиги ҳақидаги фикрлар мунозарали фикрдир. Бу ҳақда таниқли инглиз космологи Стивин Хокинг Коинотнинг бошланғич вақти тушунчасининг маъносизлигини таъкидлаб, фараз қилинг, сиз шимолга қараб йўл олдингиз ва ниҳоят шимолий қутбга ҳам етдингиз. Энди-чи? Ҳамма томон – жануб. Коинотнинг бошланғич вақтини ахтарган киши ҳам худди шу аҳволга тушади. Ҳамма йўналишлар келажак- ка олиб боради1.
Кейинги вақтларда космологлари Коинотимизни дастлабки Катта Портлаш пайтида вужудга келган кўпикларнинг биридан ҳосил бўлган ва бундай кўпиклар битта эмас, балки бир қанча бўлиши мумкин, деган фаразларни илгари суришмоқда. Жумладан, Чикаго университетининг астрономия ва астрофизика кафедраси бошлиғи Д. Шремм ҳам шу фикрда2. Агар бу фаразни тўғри деб ҳисобласак, коинотимиз билан ёнма-ён яшаётган бошқа коинотлар ҳам бўлиши мумкин, деган хулосага келамиз. Ҳозирги замон космологиясида коинотларнинг кўплиги ҳақидаги Коинотлар ансамбли назарияси ҳам илгари сурилмоқда1. Коинот деганда оламнинг биз яшаётган яхлит қисми назарда тутилади. Бу чексиз ва чегарасиз моддий оламнинг конкрет кўринишларидан биридир, холос. Бизнинг Коинот ташқи кузатувчига жуда ҳам кичик элементар заррачадек кўринишида туюлиши мумкин, чунки Коинотимиз улкан массага эга бўлиши билан бир қаторда, қудратли гравитация майдонига ҳам эгадир. Бу майдон ҳеч бир заррачанинг, ҳеч бир нурланишинг ва ҳеч бир информациянинг четга чиқиб кетишига йўл қўймайди ва, оқибатда, Коинотимиздан ташқарига чиқувчи (шунингдек, коинотни абсолют ёпиқ система деб ҳам ҳисобламаслик керак) озгина энергия тутамига асосланган ташқи кузатувчи уни элементар заррача деб ҳисоблаши табиий.
Демак, Коинотимиз ички кузатувчи учун жуда улкан объект ва унинг яшаш даври чекли, ташқи кузатувчи учун эса жуда кичик, яшаш даври чексиз! Бир жиҳатдан ақл бовар қилмайдиган ўта фантастик фикрлар бўлиб туюлувчи бу мулоҳазалар аслида нисбийлик назариясининг принципларига изчил таянилган, сақланиш қонунларига зид келмайдиган ҳамда чуқур илмий асосланган объектив хулосалардир.
Вақтнинг табиати ҳақида гап кетганида унинг қандай системадаги, материянинг қандай кўринишидаги вақт структурасига оид эканлигига жиддий эътибор бериш лозим. Вақтнинг ўтиши борлиқнинг ҳолатига, системанинг ҳаракатига чамбарчас боғлиқ эканлигини унутмаслигимиз лозим. Материянинг турли хил структура даражаларида: микродунёда, макродунёда, мегадунёда вақт турли хил метрик ва топологик хусусиятларини намойиш қилади. Бу хусусиятлар ҳозирги замон фанлари томонидан ўрганилмоқда. Баъзи ҳолларда вақтнинг микроскопик масштабда намоён бўлувчи хусусиятларини микроскопик ҳодисаларга кўркўрона татбиқ этишади. Оқибатда, вақт ҳақидаги турли хил ғайри илмий хулосалар пайдо бўлади. Вақтнинг хусусиятлари материянинг вақт структураси хусусиятларидир. Вақтнинг материянинг турли кўринишларида намоён бўлиш хусусиятларини ҳозирги замон табиий-илмий фанлари (материянинг муайян ҳаракат шакли доирасида) ўрганади. Вақтнинг энг умумий хусусиятларини эса, философия фани ўрганади. Бундай хусусиятларга унинг моддийлиги ва объективлиги, абсолютлиги ва нисбийлиги, зиддиятлилиги ва чексизлиги, узлуксизлиги ва бошқалар киради.


Достарыңызбен бөлісу:
1   ...   4   5   6   7   8   9   10   11   ...   177




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет