Тўраев Бахтиёр Омонович онтология, гносеология, логика ва фан фалсафаси муаммолари танланган асарлар



бет6/177
Дата15.02.2024
өлшемі1.82 Mb.
#492067
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   177
1- (1)

ПЕРЦЕПТУАЛЬ ВАҚТ ПАРАДОКСЛАРИ


Вақт ўтмишни келажак билан боғловчи ҳозирдир.
Ёқуб ибн Исҳоқ Ал-Киндий
Кўпгина вақт парадокслари вақтни идрок этиш мобайнида содир бўлади.
Реал вақтнинг муайян субъект томонидан идрок этилишига, шубҳасиз, ана шу субъектнинг руҳий ҳолати ҳам ўз таъсирини ўтказади. Масалан, гавжум шаҳарлараро телефон станцияси залида узоқ шаҳардаги қадрдон кишисининг товушини эшитишга муштоқ бўлиб, «навбат келиши вақти»1 нинг келишини кутаётган одам билан ўнлаб абонентларни турли шаҳарлар билан «улаш» учун куйиб-пишаётган телефонист қиз, ёки тезроқ имтиҳон топшириб чиқиш ниятида навбатда турган студент билан қўлидаги имтиҳон саволларига жавоб топишга улгура олмаётган имтиҳон топширувчи студент, севгилисининг келишини орзиқиб кутаётган йигит ва висол лаззатидан ҳузурланаётган ошиқ-машуқлар ҳис қилаётган вақтларнинг «ўтиш тезликларини» бир хил деб бўладими? Айримларга дақиқалар «йиллардек туюлади», бошқалар эса, вақтнинг қандай ўтиб кетганини сезмай қолишади. Хўш, бундай номутаносибликнинг сабаби нимада? Наҳотки, вақт ҳар кимга ҳар хил давомийликда таъсир этса?!
Бу саволларга жавобни вақтнинг субъект томонидан индивидуал идрок қилинишининг ўзига хос хусусиятларидан ахтариш лозим. Оламнинг замирида ётувчи, чексиз хилма-хил хусусиятларга эга бўлган борлиқ тўхтовсиз ҳаракатда, ўзгаришда ва ривожланишда бўлганлиги, унинг ҳар қандай конкрет кўриниши фазовий ва вақт структурасига эгалиги туфайли ҳам биз уни кўрамиз, биламиз ва ўрганамиз. Борлиқнинг ўзгариши ва ривожланишидаги ҳодисалар кетма-кетлиги, тартиби, структурасини ифодаловчи вақт (ҳар қандай субъектив онгдан ташқарида ва унга боғлиқ бўлмаган объектив реалликнинг яшаш шакли сифатида) реал вақт дейилади. Реал вақтнинг субъект онгида тасаввур қилиниши, идрок этилиши – перцептуаль вақт деб аталади. «Перцептуаль вақт» тушунчасини фанга биринчи бўлиб машҳур инглиз файласуфи Бертран Рассел (1872–1970) киритган. Унинг фикрича, вақт оқимини идрок этишда субъектив ўзгаришлар рўй бериши мумкин. Баъзи ҳодисалар онгимизда, хотирамизда ёрқинроқ, бошқалари эса, аксинча, хирароқ из қолдиради. Шунингдек, баъзи ҳодисалар бизга узоқ давом этгандек, бошқалари эса, тезгина ўтиб кетгандек туюлади. Бундай парадоксал ҳолатларии ҳар бир киши турмушда кўплаб кузатган бўлиши мумкин. Перцептуаль вақт гарчи реал вақтнинг инъикоси бўлса-да, ҳар доим ҳам реал вақтни айнан акс эттиравермайди. Бошқача айтганда, у реал вақтга нисбатан нисбий мустақилликка эгадир. Яъни, вақтнинг ўтишини идрок этиш идрок этувчининг руҳий ҳолатига боғлиқ.
Перцептуаль вақтнинг нисбийлиги, айниқса, субъектнинг эмоционал қўзғалиш ҳолатларида – қўрқиш, ҳаяжонланиш, шодланиш, ғазабланиш, ҳайратланиш ва ҳоказо ҳолатларда янада ёрқинроқ намоён бўлади. Фикримизнинг далили сифатида Ер шарининг биринчи космонавти Юрий Гагарин1нинг «Космосга йўл» хотиралари китобидан унинг дастлабки парашютдан сакраш машқларидан
11961 йил 12 апрелда «Восток» космик ракетасида инсоният тарихида биринчи бўлиб космосга парвоз қилган ва космик ракетада Ер шарини бир марта айланиб чиққан космонавт. – Б.Т.
бир мисол келтирайлик: «...«ПО-2» қандай қилиб белгиланган баландликка чиқиб олганини эслай олмайман. Қарасам, инструктор ишора қилиб, қанотга чиқ, деяпти. Кабинадан бир амаллаб чиқиб олдим... Ерга қарашнинг ўзи қўрқинчли: ер қанчалик пастда, узоқузоқда. Қарасанг, этинг жимирлаб кетади.
...Самолётнинг ғадир-будир бортидан ўргатилгандай депсиниб худди жарга тушгандай пастга отилиб кетдим. Халқани тортдим. Парашют эса очилмайди, денг. Қичқирай десам қичқира олмайман: нафасим қайтяпти. Шу пайт парашютнинг заҳира халқасига беихтиёр қўл узатдим. Қани у?! Қаерда? Бирдан қаттиқ силтандим. Жим-житлик. Мен осмонда асосий парашютнинг оқ чодири остида текис тебраниб юрибман. Асосий парашют, албатта, ўз вақтида очилди – заҳира парашют ҳақида барвақт ўйлабман...»1
Бу ҳодиса мисолида эмоциянинг вақтни идрок этишга қай даражада таъсир этиши яхши тасвирланган. Кучли эмоционал ҳолатлар вақтни идрок этишдаги хатоликларни кучайтиради.
Машҳур рус олими И. П. Павловнинг хулосасига кўра, даҳшатга тушиш, қўрқиш ва ҳадиксирашнинг нерв-физиологик асоси миянинг катта ярим шарлари зонасида тормозланиш ҳолатларининг вужудга келишидадир, бундай ҳолларда организмда турли даражадаги пассив ҳимояланиш рефлекслари ишга тушади. Шуниси қизиқки, мия ярим шарларида қўзғалиш жараёнлари устунроқ бўлса, субъект вақтнинг ўтишини тезлашган деб, аксинча, тормозланиш жараёнлари устунлик қилса, секинлашган деб ҳис қила бошларкан. Медицина психологияси, айниқса, унинг муҳим тармоғи бўлган патопсихология билан шуғулланувчи мутахассислар бундай ҳолатларни бошидан кечираётган беморларга кўплаб дуч келишади.
Бош мия ярим шарларидаги қўзғалиш ва тормозланиш жараёнлари хотирага ҳам ўз таъсирини ўтказади, Киши оғир қийинчиликларни, азоб-уқубатларни бошидан кечираётганида миясида тормозланиш жараёнлари устунлик қилади, оқибатда унга шу қийинчиликлар узоқ вақт давом этгандек бўлиб туюлади ва шу тормозланишлар хотира марказларида бу кечинмаларнинг кучсиз из қолдиришига сабабчи бўлади. Ва, аксинча, киши ниҳоятда қизиқарли машғулотга берилиб кетганида бош мия ярим шарларида қўзғалиш жараёнлари бир мунча устунлик қилади, натижада, унинг назарида, бу дамлар ниҳоятда оз муддат давом этгандек туюлади. Миядаги қўзғалишлар бу машғулот энг кичик тафсилотигача хотирада чуқур из қолдиришига имкон яратади. Бу ҳодисани кейинчалик хотирасига эслаганда, унинг анча узоқ вақт давом этганлигига шак-шубҳа қилмайсиз. Хуллас, юқорида баён этганларимиз вақтни психологик идрок этишнинг асосида реал физиологик жараёнлар ётишини, шунингдек, руҳий ҳолатимиз ҳам вақтни идрок этишда ўзига хос нисбий мустақилликка эга эканлигини кўрсатади.
Юқорида қайд этилган фактларда ифодаланганидек, перцептуаль вақтнинг давомийлиги субъектнинг руҳий ҳолатига маълум даражада боғлиқдир. Бу фактни баъзи бир файласуфлар бир томонлама абсолютлаштириб, «вақтнинг ўзи психологик иллюзиядан бошқа нарса эмас» (Ж. Смарт), вақтнинг ўтиши субъектнинг хоҳишига боғлиқдир, вақт субъектив реалликдир, деган ғайри илмий хулосаларни ҳам илгари суришмоқда. Аслида, перцептуаль вақтни реал вақт билан айнанлаштирмаслик лозим. Перцептуаль вақт реал вақтнинг субъектив инъикоси, холос. Шундай қилиб, вақтнинг хусусиятларини ўрганишда реал вақтнинг инъикосигина бўлган перцептуаль вақтга хос субъектив янглишишларни, хатоликларни ва чалкашликларни реал вақтга ҳам хосдир деб ҳисоблаш натижасида, вақт тўғрисидаги турли хил ғайриилмий ва субъектив хулосалар вужудга келади.
Масалан, немис классик философиясининг йирик вакилларидан бири Иммануил Кант (1724–1804) вақтнинг ўтиши нарсаларга эмас, балки идрок қилувчининг онгигагина хосдир деган ғояни илгари сурди. Инглиз файласуфи Жон Эллис Мак Таггарт (1868–1925), француз файласуфи Анри Бергсон (1859–1941) ҳам перцептуаль вақтни абсолютлаштириш, психологик вақтни вақтнинг ягона мавжудлик шаклидир деб ҳисоблашлари натижасида, вақтнинг реаллигини инкор этиш даражасигача бориб етишди. Мак Таггарт 1908 йил эълон қилган «Вақтнинг нореаллиги» номли мақоласида вақтнинг ўтиш жараёнини оддий мантиқий мулоҳазалар орқали тушунтиришнинг қийинлигига асосланиб: «у ерда» хилма-хил объектлар йиғиндиси абадий мавжуддир, барча ўзгаришлар эса, «бу ерда» – бизнинг онгимиздагина холос», – деб уқтирди. Анри Бергсон бўлса, тўғридан-тўғри вақтнинг реаллигини инкор этиб, вақт тушунчаси фақатгина субъект томонидан идрок этилган, бошидан кечирган, кечираётган ва кечирадиган кечинмаларнигина ифодалайди, холос, дейди.
Бундай ғояларнинг вужудга келишининг сабаби вақтнинг моҳиятини унинг асл замирида объектив реалликдан ажратиб, унга мустақил субстанция деб қараш ва бу субстанцияни объектив реалликнинг ўзига қарама-қарши қўйишдадир. Бундай файласуфлар вақтнинг реаллигига қанчалик шубҳа билдиришмасин, барибир, улар объектив оламда рўй берадиган ўзгариш ва ривожланишни тўхтатиб қола олмайдилар, бундай ўзгаришлар вақт мобайнида рўй беради, яъни вақт реалдир.
«Албатта, вақтнинг ўтиши реалдир, – деб ёзган эди Р. Гейл, – сиз буни ойнада биринчи бор ўз юзидаги ажинларига кўзи тушган ҳар бир аёлдан сўраб кўринг-а?!». Артур Эддингтон бўлса: «Биз ҳаммамиз – соатлармиз, юзларимиз эса, йиллар циферблати!» –деб хитоб қилганди.
Оламда рўй бераёттан ҳар бир ўзгариш, ривожланиш вақтда рўй беради. Вақт – материянинг яшаш шакли. Лекин баъзи мутахассислар вақтни ҳаракат билан, энергия билан, фазо билан, турли хил ўзгаришлар ва ҳатто ривожланиш билан айнанлаштиришга уринишади. Шу асосда, улар биологик, физиологик, механик, геологик, тарихий, ҳаттоки географик ва информацион вақтлар ҳам борлиги ҳақидаги фикрларни ўртага ташлашмоқда. Астроном Е. А. Милн механик ва оптик вақтларни бир-биридан фарқ қилишга даъват этади. Француз биологи П. Л. дю Нуйи бўлса, биологик ёки физиологик вақт ҳақидаги ғояни илгари суриб, биологик ўсиш тезлиги қонунини, яъни организмларнинг ёшига қараб, улардаги жароҳатларнинг тузилиши ўртасидаги боғлиқликнинг гиперболагик қонунини асослаган. Унинг ўтказган тажрибасига кўра, жароҳат ёшга қараб битар экан, кишининг ёши қанча катта бўлса, жароҳати ҳам шунча кеч битаркан.
Г. Бакман ҳам шу тарзда фикр юритиб, биологик (унинг талқинича – органик) вақт реал вақт ўтиши билан қисқариб боради деган хулосага келади. Чех олими И. Земаннинг фикрича, инсон билимлари ҳажмининг ошиб бориши структурасини ифодаловчи «гносеологик вақт» ҳам бордир. Ҳозирги пайтда Ю. А. Шрейдер информацион вақт тушунчасини, бир неча геологлар қатори, И. В. Курть геологик вақт тушунчасини, В. С. Лямкин бўлса, «географик ҳаракат» ҳамда унга мос келувчи «географик вақт» тушунчаларини зўр бериб ҳимоя қилишмоқда. Кўпчилик тарихчилар, айниқса, улардан бири – А. Я. Гуревич социал вақт ва унинг хусусий кўриниши деб «тарих вақти» тушунчасини фанга киритишга уриниб, «тарих вақтининг» ўзига хос намоён бўлиш хусусиятлари ҳақидаги фикрини жиддий тарғиб қилмоқда.
Гарчи бу фикрларда маълум маънода ижобий томонлар бўлсада, бундай қарашларни абсолютлаштириб бўлмайди. Вақтнинг шакллари ҳақидаги бу фикрлар, энг аввало, ҳаракат шаклларига оиддир. Ҳаракат шакллари учун энг умумий белги ўзгаришдир. Ҳаракат шакллари ўзгаришларнинг турига қараб бир-биридан фарқ қилади. Вақтни эса, ҳаракат турлари билан айнанлаштириб бўлмайди, негаки, ҳар қандай турдаги ўзгариш реал вақтда рўй беради. Реал вақт борлиқнинг умумий мавжудлик шаклидир. Бошқачароқ ифодаланганда, вақт борлиқнинг умумий яшаш шакли структурасини, яъни тузулишини ифодалайди. Географик ёки биологик вақт борлиқнинг конкрет кўринишларидаги ўзгаришларнинг хусусиятини ифодалайди, холос. Бу у ёки бу шаклдаги ҳаракат билан боғлиқ жараёндан бошқа нарса эмас. Ҳаракат борлиқнинг яшаш усулидир.


Достарыңызбен бөлісу:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   177




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет