Вақт ҳамма нарсага ўз таъсирини ўтказади; йилларнинг поёнсиз ҳалқаси номини ҳам, қиёфани ҳам, характерни, ҳатто тақдирни ҳам ўзгартира олади. Платон. Қадимги Юнонистон тарихидаги «Буюк Эллада» даврида Жанубий Италиянинг Элей шаҳрида қулдорчилик аристократияси мафкурасини ифода этувчи Элей фалсафий мактаби вужудга келди. Бу мактабнинг йирик вакиллари Ксенофан (э.о. 570–478 й.), Парменид (мил.ав. 504–501 й. туғилган) ва унинг шогирди (Зенон (мил. ав. 488–430 и.) ҳам да Мелисс (мил. ав. V аср) ўзларининг оригинал фалсафий ғоялари билан фан тарихида салмоқли из қолдиришган. Зенон ўз устози Пармениднинг борлиқни илоҳийлаштириб, материянинг асосий яшаш шакллари, фазо, вақт ва ҳаракатни инкор этувчи қарашларини ҳимоя қилиб, турли хил масалалар, чигал жумбоқлар тузган. У ўз шогирдларига бундай масалаларни бериб, уларнинг мушоҳада қилиш қобилиятларини синаб кўраркан.
Зеноннинг бундай масалалари – апориялари ихчамлиги, ғайриоддий ва чуқур мазмунли хулосалари билан икки ярим минг йилдан буён барча давр олимларини жиддий бош қотиришга ундаб келмоқда. Арасту Зенонни ҳақли равишда диалектиканинг (субъектив диалектиканинг) яратувчиси деб ҳисоблаган. Гегель Зенонни диалектиканинг отаси деб билар ва у яратган апорияларининг мағзини чақишга уринарди.
Зенон «Ахилл ва тошбақа», «Дихотомия» ва «Учаётган камон ўқи» каби бир қатор апорияларида вақтнинг реаллигини, мавжудлигини инкор этишга уринган. Ана шу апориялар ҳақида тўхталиб ўтайлик.
«Ахилл ва тошбақа» апорияси
Бу апориянинг мазмунига кўра, қадимги Юнонистоннинг югуриш бўйича олимпия чемпиони Ахилл ҳайвонот оламининг энг уқувсиз югурувчиси тошбақани қувиб бораётир, деб фараз қилинади. Айтайлик, Ахилл А нуқтадан, тошбақа эса ,А1 нуқтадан югуришни бошлади. Зенон: «Ахилл тошбақага ета оладими?» – деган саволни ўртага ташлайди ва у қуйидагича мулоҳаза юритади. Ахилл тошбақа югуришни бошлаган А1 нуқтага етгунга қадар тошбақа ҳам қандайдир А2 нуқтага силжишга улгурган бўлади. Ахилл А2 нуқтага етгунча тошбақа А3 нуқтага етади ва ҳоказо. Хуллас, Ахилл ҳар гал тошбақа эгаллаган нуқтага етгунча доимо ҳаракатда бўлган тошбақа ҳам ўз навбатида янги жойга силжишга улгуради. Бошқача айтганда, Ахилл чексиз равишда қисқариб борувчи масофани чексиз марта босиб ўтиши учун унга чексиз вақт зарур.
Зенон ана шу тарзда фикр юритиб, Ахилл ҳеч қачон тошбақага ета олмайди, деган хулоса чиқаради. «Воқеликда ҳар қандай секин югурувчи ҳам тошбақани бир зумда қувиб ета олади-ку?» – деган эътирозларга жавобан у «Бу – инсон сезгилари алданишининг натижасидир, аслида ҳеч ким тошбақани қувиб етиши мумкин эмас!» – дейди.