Ернинг тузилиши. Ер – Қуёш системасидаги Қуёшдан узоқлиги жиҳатдан учинчи сайёра. Ернинг энг ташқи ва энг қалин пўсти магнитосфера дейилади. Ер доимо Қуёшдан келадиган корпускуляр заррачалар оқими (қуёш шамоли)да туради. Қуёш плазмаси оқими Ернинг магнит майдони билан тўқнашганида зарба тўлқини пайдо бўлади, унинг Ер марказидан узоқлиги 13-14 Ер радиусига тенг, шу тўлқиндан кейин 20 минг км қалинликдаги қатлам (оралиқ соҳа) келади. Қуёш плазмасидаги магнит майдонида зарралар тартибсиз ҳаракатланади. Бу майдонда плазма температураси 200 минг даражадан 10 млн даражагача кўтарилади. Магнитосферага қуёш шамоли оралиқ соҳа орқали ўтади. Оралиқ соҳа билан магнитосфера чегараси – магнитопауза қуёш шамолининг динамик босими Ер магнит майдони босими мувозанатлаб турадиган жойдан ўтади. У Ер марказидан 10-12 ер радиуси масофасида (70-80 минг км.). Магнитосферадан кейинги қатлам – атмосфера, ундан кейин гидросфера келади. Океан ва денгизлар, сув буғлари гидросферага мансуб. Ундан сўнг «қаттиқ» ер – литосфера келади. У ер пўсти дейилади. Бу сфера уч қатламдан ташкил топган. Ер сиртидан 20 км чуқурликкача чўкинди қатлам, ундан кейин – «гранит» қатлами, 40 км гача, «базальт» қатлами 70 км гача. Литосферадан кейинги қатлам Ер мантияси бўлиб, у юқори мантия (900 км гача) ва қуйи мантия (2900 км гача)га бўлинади. Юқори мантия уч қатламли. Сиртқи қатлам «субстрат» қатлам дейилади (50-100 км), ўрта қатлам «Гутенберг қатлами» дейилади (400 км), 3-қатлам «Голицин қатлами» (900 км). Мантиядан кейинги Ернинг таркибий қисми Ер ядроси дейилади. Ер ядроси ташқи ядро (4800 – 511 км) ва субъядродан 6371 км) ташкил топгандир.
Биология (юн. bios – ҳаёт ва ...логия) – борлиқнинг тирик организмлар тарқалган қисмидаги ҳаётий жараёнлар, уларнинг ривожланиши, кўпайиши, ўзаро ва нотирик табиат билан алоқадорликларига оид қонуниятларни ўрганувчи табиий фан. Тирик табиат ҳақидаги фанлар мажмуаси. Биология ботаника (ўсимликлар ҳақидаги фан), зоология (ҳайвонлар ҳақидаги фан), одам анатомияси ва физиологияси, микробиология (микроорганизмларни ўрганувчи фан), гидробиология (сувда яшовчи жониворларни ўрганувчи фан), генетика (ирсиятни ўрганувчи фан) ва бошқа кўплаб биологик фанларга тармоқланиб кетади.
Биомасса (био...ва масса...) – қуруқлик ёки сув ҳавзасининг муайян қисмида ҳаёт кечирувчи ва ўзаро боғланган ўсимликлар, ҳайвонлар ва микроорганизмлар мажмуаси.
Биосфера (био...ва юн.sphaira–шар) – Ернинг тирик организмлар тарқалган қобиғи. Биосфера атмосферанинг озон экранигача баландликда бўлган қисми (20-25 км), литосферанинг сиртқи қисми ва гидросферани тўлиқ ўз ичига олади. Биосферанинг қуйи чегараси қуруқликда 2-3 км, океан тубида 1-2 км чуқурликкача боради.