Ҳайвонлар, ҳайвонот дунёси (animalia) – органик олам системасидаги йирик бўлимлардан бири. Ҳайвонларнинг бундан 1 – 1,5 млрд. йил илгари океан сувида микроскопик, хлорофиллсиз амёбасимон хивчинлилар шаклида пайдо бўлганлиги тахмин қилинади. Ҳайвонларнинг энг қадимги қазилма қолдиқлари ёши 0,8 млрд. Йилдан ошмайди. Ғовак ичлилар, чувалчанглар, тубан оёқлиларнинг дастлабки қолдиқлари 690 – 570 млн. йил илгари вужудга келган геологик қатламларда учрайди. Ташқи минерал скелетли денгиз умиртқасизлари – трилобиталар, жабраоёқлилар, молюскалар, археоциатлар 570 – 490 млн йил илгари пайдо бўлган. Судралиб юрувчилар 230 – 66 млн йил илгари бўр даврларида пайдо бўлган. 230 – 195 млн йил илгари динозврлар ва сут эмизувчилар келиб чиққан. Қушлар юра даврининг охирида, бундан 195 – 136 млн йил аввал пайдо бўлган. Ҳайвонларнинг 3 – 4,5 млн тури маълум. Аниқланган ҳайвонларнинг 2/3 қисмини ҳашоратлар ташкил этади. Ҳайвонот дунёсини ўрганувчи фан зоология дейилади.
Фауна (лот. Fauna – Рим мифологиясига кўра ўрмонлар ва далалар маъбудаси, ҳайвонларнинг асровчиси) – муайян ҳудудда тарихан яшаб келувчи ҳайвонларнинг турлари мажмуаси. «Фауна» атамаси муайян системага кирувчи жониворлар мажмуасига нисбатан ҳам қўлланилади. Масалан, қушларга – орнитофауна, балиқларга – ихтиофауна дейилади.
Флора (лот. Flora – Флора маъбудаси номидан; лот. flos қаратқич келишигида – floris, гул деган тушунчани беради) – Тарихан Ер юзининг муайян ҳудудида ўсиб келаётган ёки ўтмишдаги геологик замонларда ўсган ўсимликлар мажмуаси. Материклар флораси, қитъалар флораси, муайян мамлакат ҳудудида ўсувчи ўсимликлар флораси ва бошқа.
Инсон – тарихий фаолият ва маданиятнинг субъекти ва мазкур жараёнда ўзини-ўзи шахс сифатида намоён қилувчи, онгга, ақлга эга бўлган ижтимоий мавжудот. Жамиятнинг таркибий элементи ва тарихнинг яратувчисидир.
Ҳужайра – тирик организмларнинг, барча ҳайвонлар ва ўсимликларнинг ҳаётий фаолиятининг асосида ётувчи таркибий элемент. Ҳужайралар мустақил организм сифатида ҳам (бир ҳужайрали содда бактериялар, энг содда ҳайвонлар, айрим сув ўтлар ва замбуруғлар) кўп ҳужайрали организмлар сифатида ҳам учрайди. Генетик аппарат эукариотларда цитоплазмадан мембрана билан ажралган ядрода; прокариотларда эса нуклеоидда жойлашади. Жинсий ҳужайра мейоз натижасида ҳосил бўлади. Кўп ҳужайрали организмларнинг шу организмнинг кўпайиши учун жинсий ҳужайралари ҳам бўлади, бундан ташқари соматик ҳужайралар ҳам бўлиб, улар тузилиши ва функциялари бўйича турлича бўлади. Масалан, нерв ҳужайралари – нейронлар, суяк ҳужайралари, мускул ҳужайралари, секретор ҳужайралар. Ҳужайраларнинг катталиклари 0,1-0,25 мкм (баъзи бактериялар) дан то 155 мм (туяқушнинг тухуми)гача бўлади. Янги туғилган чақалоқда 2⋅1012 та ҳужайра бўлади. Ҳар бир ҳужайра икки қисмдан ташкил топган бўлиб, улар ҳужайра ядроси ва цитоплазмаси ҳисобланади. Ўсимликларнинг ҳужайралари одатда қаттиқ қобиқ билан қопланган бўлади. Ҳужайранинг хилма-хил функциясини ихтисослашган ички структуралар – органоидлар бажаради. Ҳужайранинг универсал органоидлари: ядрода – хромосомалар, цитоплазмада – рибосомалар, митохондриялар, эндоплазматик тўр, Гольжи комплекси, лизосомалар. Ўсимликларнинг тирик ҳужайрасидаги цитоплазма ажратадиган суюқлик – ҳужайра шираси дейилади, у вакуолалар ичида бўлади.
Достарыңызбен бөлісу: |