Абу Абдуллоҳ Шоший Нашрга тайёрловчи: Шамсиддин Дарғомий 2013 1434 فتح الأندلس الجزء الثاني «باللغة الأوزبكية»



Дата23.06.2016
өлшемі97.56 Kb.
#155086



Андалус фатҳи

Иккинчи қисм

[ Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي ]
Абу Абдуллоҳ Шоший
Нашрга тайёрловчи: Шамсиддин Дарғомий

2013 - 1434



فتح الأندلس

الجزء الثاني

« باللغة الأوزبكية »

أبو عبد الله الشاشي

مراجعة: شمس الدين درغامي


2013 - 1434


Бани Умайя тарихига чизгилар


Андалус 711 (92 ҳижрий) санада Умавийлар хилофати даврида фатҳ бўлди. Ўша пайтлар Умавийларга Валид ибн Абдулмалик раҳимаҳуллоҳ (86–96 ҳ.с/705–715 м.с) халифа эди. Ислом тарихида Умавийлар давлатига кўп таъна тошлари отилди, улар қоралаб кўрсатилиб, уларнинг устига кўплаб бўҳтон ва ёлғонлар ёғдирилди. Баъзи одамлар, хоссатан ислом душманлари Ислом тарихини қоралаб кўрсатишга ҳаракат қилдилар. Ҳатто баъзилар Абу Бакр ва Умар разияллоҳу анҳумо хилофатини ҳам инкор қилдилар.

Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларига энг яқин бўлган Уммавийлар, ундан сўнгра Аббосийлар хилофати даврларида Ислом ҳукми қоим қилинмаган бўлса, улардан кейингиларни умуман гапирмаса ҳам бўлади. Бу даъвогарлар фақатгина «Оллоҳнинг нурини оғизлари (яъни гап) билан ўчирмоқчи бўладилар. Оллоҳ эса, гарчи улар хоҳламаслар-да, фақат Ўз нурини тўла-тўкис ёйишни истайди»1.

Ҳақиқатда эса, Умавийлар давлати замонида мусулмонлар катта муваффақиятлар қозонди ва кўп ёруғ кунларга гувоҳ бўлдилар. Кўплаб инсонлар ҳамда давлатлар бани Умайя замонида Исломга кирди. Бутун Шимолий Африка – Ливиядан бошлаб, Мағриб2нинг энг чекка қисмларигача –, Афғонистон ва Россиянинг жанубий жумҳуриятлари шулар жумласидандир. Булар Умавийлар давлатига бўҳтон, ёлғон ва таъна тошларини отувчиларга етарли раддиядир.

Умавийлар давлати мамлакатларни бир вақтнинг ўзида ҳамма тарафдан фатҳ қилиб, Исломни оламга таратдилар. Жумладан, ғарбда Андалус ўлкаси – бу биз қўлга қалам олган мавзудир –, Муҳаммад ибн Қосим Сақофий қўли билан Синд диёри3, Қутайба ибн Муслим Боҳилий қўли билан Мовароуннаҳр ўлкалари то Хитойгача, шимолда Маслама ибн Абдулмалик Марвоний қўли билан Қўқоз минтақаси4 фатҳ қилинди. Бани Умайя қўли билан фатҳ қилинган ўлкалардан бутун оламни Ислом нурига етакловчи забарбаст олимлар етишиб чиқди, жумладан, Бухорий, Муслим, Термизий, Насоий, Табарий, Ибн Холдун, Заҳабий, Ибн Сино, Фаробий, Киндий, Беруний ва бошқалар...

Умавийлар хато ва айблардан холи бўлган, демоқчи эмасмиз, зотан, инсон зоти хатокордир. Бани Умайя тарихида кўп хатолар содир бўлди, лекин бу хатолар уларнинг ҳасанот ва яхшиликлари денгизида ювилиб кетишида шубҳа йўқ, иншаоллоҳ.

Умавийлар давлати 660–750 (40–132 ҳижрий) саналар мобайнида, 92 йил салтанатда ҳукм сурди. Умавийлар давлати асосчиси буюк саҳоба Муовия ибн Абу Суфён разияллоҳу анҳумодир. Кўпчилик у киши ҳақида, унинг хилофати ҳақида бадгумон бўлиш билан бирга уни қоралашдан ҳам тилини тиймайди. Лекин Муовия ибн Абу Суфён разияллоҳу анҳумонинг Ислом ва мусулмонлар учун қилган улкан ишларини эътибордан қочирадилар!

Умавийлар тарихини батафсил зикр қилиш ўрни бўлмагани сабаб, бу ўринда мавзуимиз учун фойдадан холи бўлмаган ва мавзуимизга муқаддима тарзида Умавийлар тарихидан баъзи маълумотларни китобхонга ҳавола қилиб ўтишни лозим топдик. Муовия ибн Абу Суфён разияллоҳу анҳумодан кейин Умавийлар хилофати давом этди, Умавий халифаларидан машҳурлари Абдулмалик ибн Марвон раҳимаҳуллоҳ, унинг ортидан ўғиллари: Валид, Сулаймон, Язид ва Ҳишом ҳокимият тепасига келди, улардан кейин салтанат тепасига келган ва кўпчилик олимлар бешинчи халифаи рошид деб эътибор қилган, оламни адолат, омонат, раҳмат ва тўкин-сочинликка тўлғазган халифа Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ эди. У ҳам бани Умайядан эди.

Андалус ва унинг фатҳи бани Умайя ҳасанотларининг энг улуғларидан бўлиб тарих саҳифаларига ўйиб битилди...


Андалус фатҳидан олдин...


Ислом Шимолий Африка ўлкаларига Андалус фатҳидан 70 йил олдин, яъни 644 (22 ҳижрий) санада кириб борди. Ушбу минтақаларда улкан саноқдаги Амазийғ ёки Барбар5 деб аталган қабилалар истиқомат қиларди. Бу қабилалар жисмонан қувватли ва қайсар қавмлар бўлиб, Исломга киргандан сўнг, бир неча бор диндан қайтиб кетдилар. Улар билан мусулмонлар ўртасида мунтазам урушлар бўлиб, охир-оқибат 704–705 (85–86 ҳижрий) саналарда Мусо ибн Нусайр қўли билан бу минтақаларда Ислом барқарорлашди6.

Мусо ибн Нусайр сийрати

(19–97 ҳ.с./640–716 м.с.)7

Мусо ибн Нусайр раҳимаҳуллоҳ художўй, тақводор, моҳир саркарда эди. Оллоҳ таоло Шимолий Африка минтақаларида Исломни у билан барқарор қилди. У тобеъинлардан бўлиб, Тамим ад-Дорий разияллоҳу анҳу каби баъзи саҳобалардан ривоят қилган8.

Машҳур тарихчи Ибн Халликан уни шундай сифатлайди: «У оқил, саховатли, довюрак, художўй ва тақводор инсон эди. Унинг қўшини умуман енгилмади»9.

Мусо ибн Нусайрнинг отаси Нусайр ибн Абдурраҳмон ибн Язид довюрак киши бўлиб, Ярмук ғазоти иштирокчисидир. 13 ёки 14 ёшлар чамасидаги Нусайр насроний канисаларидан бирида Инжил ва насронийликни ўрганиб юрарди, Холид ибн Валид разияллоҳу анҳу ва унинг сафдошлари унга Исломни етказдилар, Нусайр Исломни қабул қилди ва динга кўп хизмати сингди. Унинг ўғли Мусо ибн Нусайр Андалусни фатҳ қилди, бу фатҳда Нусайрнинг Исломига сабабчи бўлган Холид ибн Валид разияллоҳу анҳунинг ҳам улуши бор, албатта. Нусайр ибн Абдурраҳмон Умар ва Усмон разияллоҳу анҳумо хилофати замонида Шомга волий бўлган Муовия разияллоҳу анҳумонинг бош посбони мансабига чиқди ва Али разияллоҳу анҳу билан Муовия разияллоҳу анҳумо ўртасида юзага келган низога аралашмади10. Умавийлар давлатида Муовия ибн Абу Суфён разияллоҳу анҳумо лашкарининг сардори даражасига етди.

Мусо ибн Нусайрнинг онаси ҳам шижоатли аёл бўлганлиги ва эри билан Ярмук ғазотида иштирок этганлиги тарих саҳифаларида зикр қилинади11.

Мана шу ота ва онадан Андалус фотиҳи Мусо ибн Нусайр дунёга келди. Мусо ибн Нусайрнинг отаси узун замон армия сардори бўлгани учун Мусо халифа ва амирларнинг фарзандлари билан ҳамоҳанг улғайди. Диний ва аскарий ҳаётда тарбия топган Мусо улғайиб, Муовия разияллоҳу анҳу замонида денгиз қўшинига бош бўлиб, Қибрис оролига ғазот қилиб, у ерда қўрғонлар бунёд қилди12. Ҳажжож даврида Басрада харож йиғиш мансабига кўтарилди13, сўнгра Мусо ибн Нусайр Валид ибн Абдулмалик замонида, 708 (89 ҳижрий) йили Африка ва Мағрибга волий бўлди14.

Африка минтақасида Исломнинг қарор топишига сабаб бўлган шахс Мусо ибн Нусайрдир. Ҳолбуки, бу ўлкаларни Уқба ибн Нофиъ раҳимаҳуллоҳ фатҳ қилганди, бироқ улар Исломдан қайтиб кетгандилар.

Бу ўринда зикр қилиб ўтиш айни муддао бўлган масалани айтиб ўтмоқчиман, мусулмонлар Оллоҳнинг ҳақ динини етказишга, халқларни зулм, истибдод ва бандаларга қул бўлиш зулмати ва жаҳолатидан оламларни яратган барҳақ Парвардигорга ибодат қилиш, адолат, тенг ҳуқуқлиликка тарғиб қилувчи нурни оламга ёйишга маъмур бўлдилар. Мусулмонлар ўз зиммаларидаги бурчларини адо этиш мақсадида бошқа халқларни Исломга даъват қилдилар, уларнинг устига лашкар тортишларидан олдин ҳар доим учта шарт қўярдилар:



Биринчи: Агар Исломни қабул қилсангиз, дунё ва охиратда саломат қоласиз, мол-у жонингизни ҳам қутқарасиз.

Иккинчи: Агар Исломни қабул қилмасдан, мусулмонларга қарши чиқмаймиз ва уларнинг душманларига ёрдам бермаймиз ҳамда жизя тўлаймиз десангиз, ўзингизнинг динингизда қолиб, шу дунёдагина мол-у жонингизни сақлаб қоласиз, охиратдаги ҳолингиз Оллоҳга ҳавола.

Учинчи: Агар юқоридаги иккита шартдан бирортасига унамасангиз, сизларга қарши уруш эълон қиламиз.

Ҳа, мусулмонлар мол-дунё учун уруш қилмаганлар, уларнинг буюк мақсадлари бўлган эди, юқоридаги шартларга инсоф билан назар солган киши ундаги адолатни, албатта кўради. Бу ўринда жизя ҳақида ҳам умумий тушунча бериб ўтсак, мақсадга мувофиқ бўлса керак.


Жизя ҳақида


Жизя — мусулмонларнинг аҳли китоблар (яҳудий ва насронийлар), (аксар фуқаҳолар наздида) мажусийлар ва (баъзи фуқаҳолар наздида) мушриклардан уларни мудофаа қилишлари муқобилида оладиган тўловдир. Агар мусулмонлар уларни ҳимоя қила олмай қолсалар, олган жизяларини қайтариб берадилар.

Исломнинг раҳмат ва адолат дини эканини исботловчи далиллардан бири, жизянинг фақат маълум тоифа инсонларнинг зиммасигагина юкланишидир. Жизя балоғатга етган, соғлом ва бой эркак кишилардан олинади. Балоғатга етмаган, касал, ногирон, жанг қилмай ибодат учун эътикофда ўтирган киши, камбағал ҳамда аёл кишилардан олинмайди. Аксинча, мусулмонлар ҳукмида бўлган насроний, яҳудий, мажусий ва мушриклар агар фақир бўлсалар, жизя бериш ўрнига мусулмонларнинг давлат бюджетидан (байтулмолдан) ҳақ оладилар!

Жизянинг миқдори эса, бир йилда бир марта зиммий (мусулмонлар ҳукмида бўлган кофир) киши бошига бир динордир. Агар зиммий Исломга кирса, ундан жизя соқит бўлади. Шунингдек, у мусулмонлар сафида жангда иштирок этса, бу учун ҳақ ҳам олади.

Жизя ҳокимлар ўз халқига мажбурий қилган ҳар қандай солиқдан (налог ва тўловлардан) оздир. Нафақат жизя, ҳатто бутун молидан йилда бир марта чиқарадиган 2,5% ни ташкил қилган закот ҳам уларнинг солиқларидан камдир. Ҳозирги кунда ўз халқига 2,5% гина солиқ солаётган бирорта давлат борми? Аксинча, одамлар энг камида 10% ёки 20%, баъзан 50%–70% гача солиқ тўлашга мажбурдир. Жизя ва закот бу солиқлар олдида арзимас қийматга айланиб қолади! Лекин баъзилар инсонларни Исломдан буриш ниятида Исломни ва Ислом ҳукмларини қоралаб, ёмонлаб кўрсатишга уринади. Ҳақиқатда эса, озгина ақлини ишлатган одам Исломдан адолатлироқ бирорта йўл йўқлигига амин бўлади. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам зиммийларга тоқатидан ортиқ нарсани таклиф қилманглар, дейиш билан бирга шундай қилган кишини қаттиқ огоҳлантирдилар ҳам. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким мусулмонлар тарафидан аҳд берилган (кофир)га зулм қилса ёки уни камситса ёхуд кучи етмаган нарсаларни қилишга мажбурласа ёда ундан норози қилиб бирон нарсани олса, мен Қиёмат кунида унинг даъвочисиман!» – дедилар15. Яъни мен у билан хусуматлашаман, ҳужжатлашаман, дедилар.

Ҳа, Ислом дини бутун оламга раҳмат бўлиб келган диндирки, ҳатто арзимаган тўлов бадалида зиммийларни мудофаа қилишни мусулмонларнинг зиммасига вожиб қилди.

Мусо ибн Нусайр пухта ҳарбий режа тузиб, муносиб тайёргарликни кўргандан сўнг, Ториқ ибн Зиёд исмли барбар миллатига мансуб саркарда бошчилигидаги аскарни Андалусга сафарбар қилди ва маълум вақтдан кейин ўзи ҳам унинг ортидан борди. Оллоҳ таоло мусулмонларга ўзининг мислсиз нусрат неъматини берди. Мусулмонлар уч ярим йил мобайнида, яъни 711–714 (92–95 ҳижрий) саналарда Андалус ўлкасининг биргина шимоли-ғарбий қисмидаги Лос Пикос минтақасини ҳисобга олинмаса, тўлиқ фатҳ этдилар16...

Зулм, истибдод ва жаҳолат гирдобида кун кечириб юрган Андалус халқи ўз ерларига келган мусулмонлардаги инсонийлик сифат- ларини кўриб, ҳанг-манг бўлганларидан қироллари Родерикка қуйидаги маънолар битилган мактубни йўллайдилар: «Бизнинг еримизга шундай қавм келдики, улар осмон аҳлиданми ёки ер аҳлиданми билолмадик»17. Улар мусулмонлардаги каби олижаноблик, инсонийлик, адолатга ҳали бутун тарихлари мобайнида дуч келмаган эдилар. Фараз қилинг, бир давлат босиб олинаяпти ва уларга зулм қилиш, уларнинг мол-мулкини талон-тарож қилиш, бойликларини ўзлаштириш, вайрон қилиш ўрнига учта шартдан бирини танлаш ўртасида ихтиёр берилаяпти. Гарчи Исломни қабул қилмасаларда жизя тўласа, ўз ҳокимиятларида қолишдан ташқари душманлардан ҳам ҳимоя қилиниши кафолати берилаяпти! Ҳа, бу ҳукмлар фақат Ислом динидагина бор. Ҳатто Андалус халқи мусулмонларни осмон аҳли ёки ер аҳли эканини билолмай қолдилар! Улар Оллоҳнинг қўшинларидир,

«Ана ўшалар Оллоҳнинг ҳизбидирлар. Огоҳ бўлингизким, албатта Оллоҳнинг ҳизби нажот топгувчидирлар!»18

Андалус фатҳ қилиниши билан бу ўлкада зулм ва истибдодга якун ясалиб, тарихнинг янги саҳифаси — тараққиёт ва ривожланиш саҳифалари очилди...



1 Тавба: 32

2 Рус. Марокко.

3 Ҳозирги Покистон минтақаси.

4 Касбий денгизи ва Қора денгизи орасидаги тоғли ҳудудлардир. Ҳозирги кундаги Чеченистон, Доғистон ва Кафказ орти ўлкаларидир.

5 Рус. Бербер. Араб тилида «барбар» калимаси «тушунарсиз товушлар мажмуаси»ни ифодалашда ишлатилади. Тоҳир Аҳмад Завий «Тарихул фатҳул арабий фи Ливия» (20-бет).

Шимолий Африка, Марказий ва Ғарбий Суданнинг туб аҳолиси. «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» (Барбарлар калимасига қаранг).



6 Сиржоний «Қиссатул-Андалус» (28-бет).

7 Аз-Зириклий «Ал-аълам» (7/330).

8 Ибн Халликан «Вафаятул аъйан» (5/318), Сиржоний «Қиссатул-Андалус» (28-бет).

9 Ибн Халликан «Вафаятул аъйан» (5/319).

10 Ибн Халликан «Вафаятул аъйан» (5/319).

11 Сиржоний Ибн Ҳажарнинг «Ал-исобату фи тамйизи ас-саҳоба» (8/314) китобидан нақл қилган, «Қиссатул-Андалус» (29-бет).

12 Заҳабий «Сияру аълам ан-нубала» (4/496).

13 Аз-Зириклий «Ал-аълам» (7/330).

14 Ибн Халликан «Вафаятул аъйан» (5/319), Абдуллоҳ Анан «Давлатул ислам фил Андалус» (1/25).

15 Абу Довуд: 2654, Албоний саҳиҳ деган.

16 Воқеа тафсилотларини «Ахбару мажмуъа», «Нафҳут-тийб», «Ал-баян ал-муғриб» , «Ровзул миътар», «Фажрул Андалус», «Тарихул андалус», «Давлатул ислам фил Андалус» ва бошқа тарих китобларининг Андалус фатҳи бўлимига қаранг.

17 Ал-Мақаррий «Нафҳут-тийб» (1/240).

18 Мужодала: 22.



Достарыңызбен бөлісу:




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет