Алишер Навоий 1441-йил 9-февралда Хуросон ўлкасининг пойтахти Ҳиротда туғилди. Замондошлари уни «Низомиддин Мир Алишер» деб улуғлаганлар. «Низомиддин» дин низоми деганидир



Дата21.06.2023
өлшемі25.57 Kb.
#475287
Алишер Навоий 1441

Алишер Навоий 1441-йил 9-февралда Хуросон ўлкасининг пойтахти Ҳиротда туғилди. Замондошлари уни «Низомиддин Мир Алишер» деб улуғлаганлар. «Низомиддин» — дин низоми деганидир. Кўпинча, мансаб эгаларига нисбатан айтилган «мир» — амир демакдир. Чунки у Ҳусайн Бойқаро саройидаги энг нуфузли амир бўлган. Алишер болаликдан маърифатли оила муҳитида тарбия топди. Навоийнинг отаси Ғиёсиддин Муҳаммад (уни «Ғиёсиддин кичкина» ҳам дер эдилар) темурийларга яқин амалдорлардан бўлиб, ўз даврининг обрўли ва маърифатли кишиларидан саналган. Адабиётшунос Давлатшоҳ Самарқандийнинг ёзишича, у ўғли Алишернинг тарбиясига, келажакда фазилатли одам бўлиб етишмоғи учун астойдил ҳаракат қилган. Онаси Кобул амирзодаларидан Шайх Абусаид Чангнинг қизи бўлган. Бўлажак шоирнинг тоғалари Мир Саид (Мирсайид) Кобулий яхши шоир, Муҳаммад Али Ғарибий шоир, созанда ва хаттот эдилар. Алишер оилада учинчи ёки тўртинчи фарзанд бўлиб, мактабда бўлажак султон Ҳусайн Бойқаро билан бирга ўқиди. У ерда савод чиқарди, шеър ўқиш ва ёд олиш, шеър битишга болаликдан ҳавас уйғонди. Кичик мактаб ёшида форс шоири Фаридиддин Атторнинг катталар ҳам тушуниши қийин бўлган «Мантиқ ут-тайр» достонини форс тилида ўқиб ҳам уқиб ёд олгани унинг ёшлик истеъдодининг муҳим қирраларидан эди.


1447-йилда подшоҳ Шоҳрух Мирзо вафот этиб, пойтахт Ҳирот нотинч бўлиб қолади. Алишерлар оиласи Ироққа кўчиб кетади. Йўлда Тафт шаҳрида Алишер машҳур тарихчи Шара-фиддин Али Яздий билан учрашади, тийрак ва ақлли болакайнинг зукколигидан мамнун бўлган кекса олим унинг ҳаққига дуолар қилади. Халқ орасидаги «Улуғлар дуоси қабул бўлади» деган нақл бежиз эмас.
Алишерлар хонадони 1451-йилда Ҳиротга қайтади. Кўп ўтмай, тахтга Абулқосим Бобур Мирзо ўтиради. Алишернинг отаси Ғиёсиддин Муҳаммад Сабзаворга ҳоким қилиб тайинланади. Алишер эса, ўқишни давом эттиради.
1453-йилда Алишернинг отаси Ғиёсиддин Муҳаммад вафот этди. Алишер Абулқосим Бобур хизматига кирди. Аввал Сабзаворда, сўнг Машҳадда яшади. Икки мактабдош дўст — Ҳусайн ва Алишер яна бирга бўлдилар. Бу йиллар ҳам ёш Алишер учун ўқиш ва билим эгаллаш йиллари бўлди.
Шеърга меҳр Алишерни ижодга ундади. У 7-8 ёшларидан шеър ёза бошлади. Ўзбекча шеърларига «Навоий», форсча шеърларига «Фоний» тахаллусини қўйди.
Ўсмирлик даврларида Алишер ўқишда ва ёзишда тиним билмас, шеър мутоаласидан чарчамас эди. «Муҳокамат ул-луғатайн» асарида ўзининг ёшлик чоғида машҳур ўзбек ва форс шоирлари назмидан 50 минг байт (100 минг мисра) шеърни ёд билганини сўзлайди. Болалик вақтларидаёқ ўз даврининг Амир Шоҳий, Лутфий, Камол Турбатий каби шоирлари билан яқиндан алоқада бўлди. Отаси вафотидан сўнг таниқли илм ва адабиёт, санъат арбобларидан Саййид Ҳасан Ардашер, Паҳлавон Муҳаммад кабилар оталик қилдилар. Сабзаворлик олим ва шоир Дарвеш Мансурдан аруз бўйича таълим олди.
1457-йилда Абулқосим Бобур Мирзо вафот этди. Унинг ўрнини Абусаид Мирзо эгаллади. Ҳусайн Бойқаро тахт учун курашга шўнғиб кетди. Навоий эса Машҳад мадрасаларида ўқишни давом эттирди. 1464-йилда Ҳиротга қайтиб келган шоир ҳаётида нохушликлар бошланди. Абусаид Мирзо тахтга даъвогар Ҳусайн Бойқаронинг яқин кишиларини таъқиб остига олади. Алишернинг ота мулкини мусодара қилади, тоғалари Кобулий ва Ғарибийларни қатл эттиради.
Навоий 1460-йилларнинг иккинчи ярмида Самарқандда яшади. Темурбек пойтахт қилган бу кўҳна шаҳар унинг ҳаётида ўчмас из қолдирди. Бу ерда ўз даврининг етук олимларидан, хусусан, шу кунгача асарлари Ислом оламида мўтабар саналиб келаётган Фазлуллоҳ Абулайс Самарқандийдек алломадан сабоқ олди. Кейинчалик бу шаҳарни ўз асарларида «фирдавсмонанд» (жаннатмисол) деб таъриф этди. Бу ерда шоир сифатида жуда катта шуҳрат топа борди. Бир девонга етиб ортадиган асарлари бўлишига қарамай, камтарлик туфайли бўлса керак, ўзи тартиб бермаганлиги учун 1465-1466-йилларда унинг мухлислари шеърларини тўплаб, «Девон» туздилар. Бу китоб бугунги кунда шартли равишда «Илк девон» деб номланади.
1469-йилда Ҳирот тахтига Ҳусайн Бойқаро чиқади ва Самарқандга хат йўллаб, Алишер Навоийни ўз ёнига чақириб олади. Давлат ишларига жалб этади, аввал муҳрдор, сўнг вазир қилиб тайинлайди. Муҳрдор — давлат ҳужжатларини расмийлаштирувчи амалдор. 1487-1488-йилларда Астрободга ҳокимлик қилди. Ҳусайн Бойқаро ҳокимият ишларида Навоийнинг ақл ва садоқатига таяниб иш кўрди. Унинг қаршилигига қарамасдан, шоирни юқори мартабаларга тайинлади. Буюк шоир «амири кабир» (улуғ амир), «амир ул-муқарраб» (подшоҳга энг яқин амир) унвонларига мушарраф бўлди. Унинг вазирлик йиллари Ҳиротда ободонлик ишлари авж олган, маданият гуллаб, яшнаган, адолат ва ҳақиқат туғи баланд кўтарилган давр бўлди. «Илгимдан келганича, — деб ёзади «Вақфия» асарида Навоий, — зулм тиғин ушотиб (синдириб), мазлум жароҳатиға интиқом малҳамини (қасос малҳамини) қўйдум. Ва илгимдин келмаганни ул Ҳазрат (Ҳусайн Бойқаро) арзиға еткурдим».
Давлат ишлари билан бир қаторда ўзининг севимли машғулоти — бадиий ижодни ҳам тўхтатмади. 1472- 1476-йил-ларда «Бадое ул-бидоя» («Бадиийлик ибтидоси»), 1476-1483- йилларда «Наводир ун-ниҳоя» («Туганмас нодирликлар») номлари билан икки девон тузди.
1483-йилда туркий тилда биринчи бўлиб «Хамса» ёзишга киришди ва мисли кўрилмаган қисқа муддат — икки йилда беш йирик достондан иборат асарни ёзиб тугатди. Илм ва ижод аҳли бу воқеани зўр шодликлар билан қарши олди. Абдураҳмон Жомий Навоий «Хамса»сига юксак баҳо берди. Ҳусайн Бойқаро буюк шоирни ўзининг оқ отига миндириб, унга жиловдорлик қилиб, Ҳирот кўчаларини айлантирди. Бу инсоният тарихида камдан кам учрайдиган ҳодиса эди: қудратли давлатнинг шавкатли подшоҳи бир шоирга жиловдорлик қилса. Мазкур ҳодиса айни пайтда Ҳусайн Бойқаронинг маънан юксак, маърифатли ва ҳақиқатпеша ҳукмдор бўлганлигининг далилидир. Навоий «Ҳайрат ул-аброр» достонида бежиз уни Шоҳ Ғозий дея улуғламаган эди.
1489-1493-йиллар шоир учун айрилиқ, оғир жудолик йиллари бўлди. Дўстлари, устозларидан Саййид Ҳасан Ардашер, Абдураҳмон Жомий, Паҳлавон Муҳаммад кетма-кет вафот этдилар. Навоий уларнинг хотирасига бағишлаб учта мемуар — эсдаликлардан иборат насрий асарлар яратди.
Навоий фаннинг бир неча соҳаларида қалам тебратиб, забар-даст олим эканлигини ҳам исбот этди. Ўтмиш мавзусида «Тарихи мулки Ажам» («Ажам, яъни араб бўлмаган мамлакатлар тарихи»), «Тарихи анбиё ва ҳукамо» («Пайғамбарлар ва донишмандлар тарихи») асарларини ёзган. Туркий адабиётшуносликда ҳам унинг алоҳида ўрни бор. Арузга доир «Мезон ул-авзон» («Вазнлар ўлчови»), тазкирачиликка оид «Мажолис ун-нафоис» («Нафис мажлислар») каби асарлар яратди. Булар ўзбек (турк) тилида шу соҳалардаги биринчи асарлар эди. Буюк шоир тилшунослик билан ҳам қизиқди. Луғатшуносликка оид «Сабъату абҳур» («Етти денгиз») номли китоб ёзди. Айниқса, «Муҳо-камат ул-луғатайн» («Икки тил муҳокамаси») асарида турк (ўзбек) ва (форс) тилларини солиштириб, ўз она тилининг туганмас имкониятларини илмий асослаб берди.
Навоий 1490-йилларда адабиётимиз тарихидаги яна бир катта ҳодиса — «Хазойин ул-маоний» («Маънолар хазинаси») мажмуасини тузди. Тўрт девондан иборат бўлган бу улкан шеърий тўплам шоирнинг туркий тилда ёзган деярли барча лирик шеърларини қамраб олган эди. Шунингдек, форс тилини мукаммал билган ва унда ҳам баракали ижод қилган шоир бу тилда ёзган шеърларини тўплаб «Девони Фоний»ни тузди.
Тазкира — ижодкорлар ҳақида ихчам маълумот ва айрим асарларидан намуна келтириладиган тўплам.
Буюк адиб умрининг охирига қадар илм-у ижод билан қизғин ва самарали шуғулланди. Шарқда ўтган машҳур шайхлар, сўфийлар ҳаёти ҳақида маълумот берувчи «Насойим ул-муҳаббат» («Муҳаббат шабадалари») асарини ёзиб тугатди. Сўнг умр бўйи хаёлини банд этган «Лисон ут-тайр»ни қоғозга туширди. Бошқалар билан олиб борган ёзишмалари — хатларини тўплаб «Муншаот» («Хатлар») тузди. 1500-йилда буюк му-тафаккирнинг яхшилик ва ёмонлик ҳақидаги қарашларини ўзида ифодалаган «Маҳбуб ул-қулуб» («Кўнгилларнинг севгани») асари майдонга келди. Бу буюк адибнинг сўнгги асари эди.
Алишер Навоий 1501-йилнинг 3-январида вафот этди.
Алишер Навоий (1441-1501) – буюк шоир ва мутафаккир, давлат арбоби. Тўлиқ исми Низомиддин Мир Алишер. Навоий таҳаллуси остида чиғатой (эки ўзбек тили) ҳамда форсийда (форс тилидаги асарларида) ижод қилган. Ғарбда чиғатой адабиёти ҳисобланмиш ўзбек адабиётининг энг йирик намоёндаcи. Умуман олганда, бутун туркий халқлари орасида у каби йирик шахс йўқдир.
Навоий ёшлигидан Хуросоннинг (Трансоксания) бўлажак ҳукмдори Ҳусайн Бойқаро билан (1469-1506) дўст бўлган. 10-12 ёшидан шеърлар ёзишни бошлаган. Навоийнинг замондоши бўлмиш тарихчи Хондамир (1473(76) -1534) қолдирган маълумотларга кўра, машҳур ўзбек шоири Лутфий (1369-1465) қариган чоғларида болакай Навоий билан кўришади ва унинг шеърий иқтидорини юқори баҳолайди.
Ҳаёти давомида Навоий мусулмон Шарқининг турли мамлакатларида бўлади, ўз даврининг таниқли шахслари билан кўришади. Ўзининг шеърий маҳоратини оширади. 1464-1465 йиллар Навоий ижодининг шинавандалари унинг илк шеърий тўпламини (девонлари) тайёрлашади. Бундан кўриниб турибдики, ўша даврлардаёқ Навоий машҳур шоир бўлиб улгурган. 1469 йилгача темурийлар ўртасидаги ўзаро ички низолар туфайли Навоий ўзининг она шаҳри Ҳиротдан узоқда яшашга мажбур бўлган.
1469 йил темурий Ҳусайн Бойқаро Ҳиротни эгаллайди ва Хуросон ҳукмдори бўлади. Шу вақтдан эътиборан, Навоий ҳаётининг янги босқичи бошланади. У мамлакатнинг сиёсий ҳаётида фаол иштирок этади. Шу йили Хуросон ҳукмдори Навоийни давлат муҳрдори этиб тайинлайди, 1472 йил вазир бўлади. Эгаллаган мансаби орқали у мамлакатнинг маданий ва илмий тараққиётида катта ёрдам кўрсатади. Катта мулк эгасига айланади.
1480 йил Ҳирот шаҳрида ва бошқа вилоятларда ўз ҳисобидан бир нечта мадраса, 40 та работ (йўловчилар учун бекат), 17 та масжид, 10 та сўфийлар тураржойи (хонақоҳ), 9 та ҳаммом, 9 та кўприк ва бошқаларни қурдиради. Бироқ, сарой амалдорларига Навоийнинг бу каби фаолияти ёқмайди ва турли фитналар орқали Ҳусайн Бойқаро билан муносабатларини бузишади.
Шундай қилиб, Навоий эгаллаб турган мансабидан озод этилиб, 1487 йил Астробод шаҳрига ҳукмдор сифатида юборилади. Бу ерда у икки йил хизмат қилади. Мазкур муддат ниҳоясига етгачгина, Х. Бойқаро унга Ҳиротга қайтиб, ҳокимиятда мансабга эга бўлишига руҳсат беради. Лекин Навоий бу таклифни рад этади. Рад жавобига қарамай, Бойқаро султоннинг яқин кишиси лавозимини (“мукарраби хазрати султани”) таклиф этади. Бундай лавозимда Навоий барча давлат ишлари билан боғлиқ ишларда қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга эди.
Шу вақтдан Навоий ҳаётининг янги босқичи бошланади ва у кўпроқ ижод билан шуғулланади. У яратган асарларининг катта қисми айнан шу даврга тегишли. Навоий темурийларнинг сўнгги ҳукмронлик йилларида (1370-1506) яшаб ижод қилган. Шунинг учун унинг асарларида жамоат руҳи, даврга хос муҳим муаммолар устундир. 1490-1501 йиллар Навоий энг нафис, ижтимоий-фалсафий ва илмий асарларини яратган.
Алишер Навоийнинг ижоди улкан. Олти достонининг ҳажми 60 000 га яқин мисрани ташкил этади. 1483-1485 йиллар Навоий ўз ичига беш достонни олган “Ҳамса” асарини яратган: “Ҳайрат ул-Аброр” (“Яхши кишилариинг ҳайратланиши”), “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, “Сабъаи сайёр” (“Етти сайёра”), “Садди Искандарий” (“Искандар девори”).
Навоийнинг “Ҳамса”си мазкур жанрда яратилган туркий тилдаги биринчи асар ҳисобланади. У – туркий тилида ҳам бу каби йирик кўламдаги асар яратилиши мумкинлигини исботлаб берди. Ҳақиқатан ҳам, Навоий чиғатой тилида (эски ўзбек тили) ҳам форс-тожик адабиёти билан бир даражада турувчи асар яратиш мумкинлигини исботлашга ҳаракат қилган. Ва у ўзининг беш ҳазинаси орқали бунинг уддасидан чиққан.
Навоий мусулмон Шарқининг, деярли барча жанрларида ўз қаламини синаб кўради ва ўз овози, ўз услуби борлигини кўрсата олади. Шарқ адабиётида “Лайли ва Мажнун” мавзусида 120 дан зиёд достон яратилган. Навоий ҳам шахсий ёндашуви ила ушбу мавзуда достон ёзади. Достонда Лайли ва Мажнун ўртасидаги севги баён қилинади. Ўз ифодасида Навоий одамийлик ва сўфийлик севгисини шарҳлашга ҳаракат қилган. Ўзининг сўфийлик қарашларини Навоий, шунингдек, “Фарход ва Ширин”, “Ҳайрат ул-Аброр” достонларида ҳам ифодалаган. Унинг достонларида сўфийлик мавзуси умумфалсафий даражага кўтарилган.
Мазкур достонларда, бир вақтнинг ўзида шоирнинг инсонпарварлик дунё қарашлари орқали дунёнинг долзарб муаммолари қўйилади. “Ҳамса”даги бошқа икки достонида - “Сабъаи сайёр” (“Етти сайёра”), “Садди Искандарий” (“Искандар девори”) ҳукмдор билан боғлиқ муаммолар (Қаюмов А. Садди Искандарий. Тошкент, 1980 йил, ўзбек тилида) етакчи ўринга чиқади.
Маълум бўлишича, Навоий темурийлар саройига яқин бўлиб, дўсти ва подшоҳ Ҳусайн Бойқарога таъсир кўрсата олган. Шу сабабли, Навоий бу достонларида Ҳ. Бойқарога қаратилган ғояларни ифодалаб ўтган: дунёнинг ва шоҳ тахтининг ўзгарувчанлиги; ҳукмдорнинг ўз халқи олдидаги мажбуриятлари... Ҳамсанафислик анъаналарига нисбатан, Навоий ўзининг ижтимоий ва сиёсий қатъияти ва ўзига хослиги билан ажралиб туради. Абд ар-Раҳмон Жомий (1414-1492) Навоийнинг “Ҳамса”сини ўқиб, унга жуда юқори баҳо берган.
Ўзининг ижтимоий ва бадиий моҳиятига биноан, Навоийнинг “Ҳамса”си Ўрта Осиёда юқори ўринга эга бўлган. У кўп маротаба қайта кўчирилган. Ҳозирги кунда “Ҳамса” ёки унинг достонларининг катта рўйҳати мавжуд. Биргина Абу Райҳон Беруний номидаги шарқшунослик институти фондининг ўзида XV-XX асрларда қайта кўчирилган 166 та қўлёзма бўлиб, улар тўлиқ “Ҳамса” асари ёки унинг алоҳида достонларини ташкил этади. Шулардан 84 таси тўлиқ достон кўринишидадир. Навоий “Ҳамса”сининг миқдори ва кенг тарқалиши уни Ўрта Осиё интеллектуал ҳаётида алоҳида ўрин эгаллаганлигини кўрсатади.
Навоий бутун ҳаёти давомида жуда кўп насрий асарлар яратган. 1489 йили у барча шеърлари жам бўлган шеърий тўпламини якунлаган ва “Хазоин ал-маоний” (“Илмлар хазинаси”) номи остида тўрт девонини яратган. Мазкур тўпламни ташкил қилувчи барча шеърлар 50 000 дан зиёд мисрадан иборат. Шу билан бирга, Навоий мусулмон Шарқида маълум 21 жанрдан 16 тасида ижод қилган.
Навоий форсий тилида ёзилган ўз шеърларини “Девони Фоний” номи остида жамлаган. У форс шоирлари билан ҳам беллашмоқчи бўлган. Тўплам шаклида чиқарилган ғазалларини ўзини ҳисобласак, улар 3150 донани ташкил этади. Навоий ёзган шеърларининг миқдорига кўра пешқадам, десак муболаға бўлмайди. Шунингдек, Навоий форс тилидаги қасидаларини жамлаб, “Ситтаи зарурия” (“Олти зарурият”) ва “Фусули арбаа” (“Йилнинг тўрт фасли”) номли икки тўплам яратади.
Навоий ўз шеърияти орқали ўзбек (чиғатой) адабиётини янги даражага олиб чиқди. Навоийнинг назми мавзусининг кенглиги ҳамда жанрининг хилма-хиллиги бўйича ундан олдинги ўзбек адабиётини ортда қолдиради. У назмда достонлардаги каби дунёвий ва диний, сўфийликнинг долзарб масалаларини ифода қилган. Навоийнинг диний асарлари ҳам нашр қилинган: “Арбаин” (“Қирқ рубоий”), “Мунаджат” (“Аллоҳга илтижо”).
Сўфий прозаик асари “Насаим ал-муҳаббат” (“Муҳаббат шабадаси”)нинг тўлиқроқ матни нашр қилинган бўлиб, унда 750 та сўфий шайҳлар ҳақида маълумот келтирилган. Навоий илмий асарлар ҳам яратган. Улар қаторига форс ва туркий тиллар қиёси келтирилган асарларни киритиш мумкин: “Муҳокамат ал-луғатайн” (“Икки тил баҳси”); аруз назариясига оид (шеър ёзиш ҳажми) – “Мезон ал-авзан” (“Ҳажм мезони”), муаммо жанри назариясига оид – (жумбоқ) “Муфрадат”.
Бундан ташқари, у тарихий мавзуларда рисолалар яратган: “Тарихи мулуки Аджам” (“Эрон шоҳлари тарихи”), “Тарихи анбия ва хукама” (“Пайғамбарлар ва донолар тарихи”). Бадиий мактубларини “Муншаат” тўпламига жамлаган. Унинг шоҳ асарлари: Абд Ар-Раҳмон Жомий ҳаёти ҳақида – “Хамсат ал-мутахаййирин”, 1494, “Халати Саййид Хасан Ардашер” (“Саййид Хасан Ардашер ҳаёти”), “Халати Паҳлавон Муҳаммад” (“Паҳлавон Муҳаммад ҳаёти”)лардан иборат.
Алишер Навоийнинг сўнгги асари “Маҳбуб ул-қулуб” (1500). Унда шоирнинг сўнгги ижтимоий ва сиёсий қарашлари ёритилган.
Алишер Навоий бутун ҳаёти давомида адабий асарларни сиёсат билан бирлаштирган. Юқори мансабга эга шахс бўла туриб, у мамлакат ҳаётининг ижтимоий-иқтисодий такомиллашишига катта ҳисса қўшган; илм, фан, санъат ривожига ҳомийлик қилган; тинчлик ва тотувлик ҳукмрон суришига доим ҳаракат қилган.
Кўриб турганимиздек, Навоий мероси мавзу ва жанрлари бўйича турлидир. Унинг асарлари ХV асрдан ҳозирги кунгача ўзбек адабиёти ривожи учун хизмат қилиб келмоқда. Асрлар давомида унинг асарлари тақлид ва илҳом манбаи бўлиб ҳисобланиб келган.

Навоий нафақат шоир, таржимон, тилшунос олим, балки давлат арбоби сифатида ҳам тарихда катта из қолдирган. Ана шунинг учун ҳам унинг кўп рубоийлари, достонлари халқни қай йўсинда бахтли-саодатли қилмоқ мумкин, саволига жавоб тариқасида ёзилгандир. Алишер Навоий дунёни тушуниб ўтди. Шу боис, алғов-далғов замонларда ботинин хотиржам яшади. Зотан, Нозим Ҳикмат таъбири билан айтганда: "тушунмак - буюк хотиржамлик",- деганидир.


Навоий яшаган даврдан буён беш асрдан асрдан кўпроқ вақт ўтди. Мовароуннаҳр тупроғи не-не босқинларга, тожу тахт учун қонли курашларга саҳна бўлди. Аммо шоир ижодининг қиммати асло пасаймади. Ҳар авлод ундан ўзи учун нимадир топди. Навоий асарлари халқимиз учун маънавий қувват ва юксалиш манбаи бўлди.
Навоий шахсияти ва ижодини тадқиқ этиш XV асрдан буён олимлар, шоирлар, таржимонлар, котиблар, наққош ва мусаввирлар диққат марказидаги масалалардан бири бўлган.
Навоий ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш миқёси XX асрда янада кенгайди. 1941 йили қамал қилинган ва бомбалар ёғилиб турган Санкт-Петербург шаҳрида шоир ижодига бағишланган анжуманнинг ўтказилиши илм йўлидаги фидойиликнинг ёрқин намунаси бўлган эди. Кейинги ярим аср давомида Навоий асарлари жаҳоннинг турли мамлакатларида қайта-қайта чоп этилди. Жаҳон тинчлик кенгаши 1968 йили Навоий юбилейи муносабати билан йўллаган табрикномасида: "Жаҳон маданиятининг энг яхши дурдоналарига мансуб бўлган Алишер Навоийнинг қудратли ҳаётбахш шеърияти бутун тараққийпарвар инсониятнинг бойлиги бўлиб қолади", дея эътироф этган эди.
Навоий ижоди ўзининг ҳақиқий қадр-қимматини мустақил Ўзбекистонда топди, дея оламиз. Юртбошимиз ташаббуси билан 1991 йил Алишер Навоий йили деб аталган эди. Мамлакатимиз бу улуғ зот номи билан мустақиллик даврига қадам қўйди. Бунда ўзига хос рамзий маъно бор. Зеро, Навоий ўзининг ҳаёти ва фаолиятини юрт мустақиллиги ва тинчлиги, ўзбек тилининг нашъу намоси учун бахшида этган эди.
Бугун Алишер Навоий ҳақли суратда жаҳон маданиятининг мумтоз вакиллари сафидан ўрин олди. Унинг асарлари жаҳондаги юзлаб тилларга таржима қилинди. Дунё аҳли унинг мероси билан қизиқмоқда, асарларида тараннум этилган олижаноб ғоялар ва фалсафий мушоҳадаларидан завқ олмоқда. Шоир ҳайкаллари Япониянинг Сока университети ҳовлисида, Москва ва Боку шаҳарларида қад кўтарди.
Барча даҳо санъаткорлар сингари Алишер Навоий ҳам ўзининг номи ва яратган асарлари оша яшаб қолишига ишонган эди. "Умидим улдурки ва ҳаёлимга андоқ келурки, сўзим мартабаси авждан қуйи энмагай ва ёзган асарларимнинг тантанаси аъло даражадан ўзга ерни ёқтирмагай", деб ёзган эди улуғ шоир. Бу башоратомуз сўзлар ижобат бўлди. Эндиликда шоир сўзлари дунё бўйлаб ўзининг юксак парвозини давом эттирмоқда.
Ўзбек халқининг учта бахти бор. Биринчи бахти мустақиллик, иккинчи бахти ер ости ва ер усти бойликлари бўлса, учинчи бахти Навоийдир.

Достарыңызбен бөлісу:




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет