ПРАГМАТИК МУНОСАБАТЛАРИ Таянч сўз ва иборалар: Матн ва унинг характерли белгилари, матн – нутқ махсули сифатида, матндаги семантик муносабат, радикал семантик муносабат, бевосита семантик муносабат, боғланишли нутқ, матн компонентларининг прагматик муносабати, “грамматик гап” ва “мантиқий ҳукм”, абзац макроматн компоненти сифатида. Маълумки, матннинг ҳар қандай тури ҳам тугалланган фикр ифодасини беради. Бу матннинг характерли белгиларидан бири саналади. Унинг иккинчи белгиси компонентларининг мазмунан боғланишли эканлиги ҳисобланади. Зотан, матн горизонтал чизиқда (синтагматик қатор доирасида) шаклланади ва бу жиҳатдан коммуникатив яхлитликни ташкил этади. Шундай бўлгач, ўзбекча матнларда боғланишлилик қуйидаги икки кўринишда воқеланади: а) матнда берилаётган икки ва ундан ортиқ ҳодисалар ўртасидаги боғлиқлик; б) ҳодисаларнинг ўзаро қоришуви натижасида шаклланган маъно бутунлигида акс этувчи боғлиқлик.
Матн, албатта, нутқимиз маҳсулоти саналади. Шунинг учун “боғланишли нутқ” (“связная речь”) тушунчаси тўғридан-тўғри матн билан алоқадордир. Матнда боғланишлилик унинг компонентлари муносабатида, биринчи галда уларнинг семантик муносабатида ўз аксини топади. Тилшунос олимлар матнда ифодаланаётган семантик муносабатни ўз навбатида, қуйидагича икки турга ажратиб ўрганмоқдалар:
1. Радикал муносабат. Бунда матн компонентлари ўзаро тўғридан-тўғри боғланмай матнда ифодаланаётган умумий маъно сатҳида муносабатга киришади.
2. Тўғридан-тўғри ёки бевосита муносабат. Бунда матннинг таркибий қисмлари бир -бирига боғлиқ бўлади ва бирининг маъноси иккинчисининг таъсирида ойдинлашади1.
Айтиш лозимки, матн компонентларининг ўзаро боғланишига хос бўлган семантик муносабатнинг ҳар икки тури ҳам муҳим аҳамият касб этади, зотан, ҳар бир матннинг асосий вазифаси маълум хабар ифодасини беришдан иборатдир. Бу эса семантик яхлитликни талаб қилади. Матннинг бундай сифати муқаррар равишда ёзма нутқда кузатилади. Оғзаки нутқда эса унинг семантик бутунлиги ҳар доим ҳам воқе бўлавермайди. Чунки, оғзаки нутқда узуқ-юлуқ жумлалар ҳам кўп ишлатилади. Бундан ташқари, маъно яхлитлигига тингловчининг репликаси ҳам сезиларли даражада салбий таъсир кўрсатади.
Матн компонентларининг маъно жиҳатдан боғланишли бўлиши нафақат матннинг маъно бутунлигини, балки унинг таркибий қисмлари саналувчи мустақил гапларнинг ҳам мазмуний салмоғи беками-кўстлигини таъминлайди. Тўғри, матндан ташқарида гап грамматик жиҳатдан мутлақо камчиликсиз бўлиши мумкин. Лекин унинг маъно бутунлиги фақат матн сатҳида бошқа гаплар билан ўзаро муносабатда келганда тўлиқ ифодасини топа олади. Бу матн таркибида қўлланилган барча гапларга хосдир, фақат матннинг бошланишида келган гап ўзининг нисбий мустақиллиги билан шу матн таркибига кирган бошқа гаплардан фарқ қилади2.
Матн таркибида гапларнинг ўзаро семантик муносабатлари хусусида сўз юритилганда, тафаккуримизда ҳукмлар мажмуаси қандай боғланишини тасаввур этиб кўрмоғимиз лозим. Матн компонентларининг боғланишли эканлигини ўрганиш тил ва тафаккур бирлиги диалектик қонуниятидан келиб чиқади. Шунинг учун мустақил гапларнинг ўзаро муносабати замирида шаклланувчи гапдан катта ҳар қандай нутқ бирлиги ўзининг умумий мазмуни салмоғи жиҳатидан тафаккур маҳсулининг тил унсурлари воситасида ифодаланишини тақозо этади.
Гапнинг сўзлар муносабатидан ташкил этилишини назарда тутсак, бунда сўзнинг фикр ифодасини воқелантирувчи белги эканлигини далилай оламиз. Бироқ нутқимиз қолипида рўй берувчи психологик мулоқатда сўз эмас, балки гап асосий белги саналади. Бу нутқимиз сатҳида гапнинг ўзига хос мақомини, унинг бошқа бирликлардан (масалан, сўз, сўз бирикмаси ва ҳ.к.) фарқини аниқ ва равшан намоён этади3.
Юқорида келтирилган фикр ва мулоҳазалар тил билан мантиқнинг ўзаро узвий боғлиқлигини кўрсатади. Аммо бу билан мантиқ ва тил категориялари қоришиб кетади, демоқчи эмасмиз, албатта. Чунки мантиқнинг ҳам, тилнинг ҳам фақат ўзига хос бўлган қонуниятлари мавжуд. Шунинг учун синтактик категорияларни мантиқ категориялари нусхаси сифатида талқин этиб бўлмайди. Ана шу боис ҳукм тушунчасини бу ўринда шартли деб билмоғимиз лозим. А.А.Потебня тўғри таъкидлаганидек, грамматик гап мантиқий ҳукм билан бир хил маъно касб эта олмайди4.
Дарҳақиқат, ҳукмнинг аниқ ва мукаммаллиги фақат нутқда аниқланади. Бунинг учун эса бир неча ҳукм ўзаро муносабатда олиб таҳлил этилади. Шунинг учун анъанавий мантиқда муайян бир ҳукмни нутқдан ташқари ҳолатда олиб таҳлил қилиниши бугунги кун талабларига жавоб беролмай қолди.
Бугунги кунда анъанавий грамматикаларда берилган синтактик қурилмалар таҳлилидан ўзгача таҳлил материалларига эҳтиёж туғилганлиги сабабли одатдаги семантик ва синтактик таҳлиллар доираси анча кенгайди. Бошқача айтганда, матн лингвистикаси масаласи кун тартибига асосли равишда кириб келди. Бунинг асосий далили сифатида ҳозирги лингвистик тадқиқотларда ўзаро боғланишли бўлган бир неча синтактик қурилмалар нутқнинг яхлит бир бўлаги сифатида талқин этилаётганини кўрсатиш мумкин.
Нутқда ўзаро боғлиқ бўлган гапларнинг семантик ва синтактик муаммоларини ўрганишда мазкур гапларни алоҳида олмай, ҳар бирини бошқалари билан боғлиқ ҳолда талқин этилгандагина уларнинг маъно тугаллиги ҳақида сўз юритиш мумкин. Бундай вазиятда мазкур гапларнинг нафақат маъно тугаллиги, балки синтактик хусусиятларининг ҳам анча мукаммал изоҳланиши учун имконият яратилади. Масалан, маълум бир нутқ парчасида намойиш хусусида фикр билдирилаётган бўлса, намойишчилар (демонстранты) сўзи бундай матн учун субъект вазифасини ўтайди, зотан, мазкур сўз бир ўринда гапда ўзининг аслий шаклида, бошқа гапларда эса олмош билан (масалан, улар, ўзлари олмошлари), ўзга бир синонимик сўз билан (масалан, кишилар, одамлар, халқ) ифодаланади ва ҳар сафар гапда бу тушунчанинг мавжудлигини ҳис этамиз.
Матн компонентлари таркибида бирор сўз ёки бирикманинг бу тахлит қўлланиши нафақат семантик, балки синтактик вазифа ҳам бажаради. Чунки мазкур сўз олдинги гапда грамматик эга вазифасида келса, кейинги гапларда тўлдирувчи, аниқловчи бўлиб қўлланилиши ҳам мумкин5.
Ана шулардан келиб чиқиб, ўзбекча матнларни синтактик ва прагматик таҳлили бобида ҳали ўз ечимини кутаётган жуда кўп жумбоқлар мавжудлигини таъкидлаш лозим.
Назорат саволлари:
1. Матнда ифодаланадиган радикал семантик муносабат ҳақида тушунча.
2. Матнда ифодаланадиган бевосита, тўғридан-тўғот семантик муносабат хусусиятлари.
3. Мантиқ ва тил категорияларининг ўзаро алоқаси ҳамда фарқли томонлари.
4. Ўзбекча матнларнинг синтактик ва прагматик таҳлили ҳақида.
8-маъруза
МАТН ВА МУРАККАБ СИНТАКТИК ҚУРИЛМАНИНГ
ЎЗАРО МУНОСАБАТИ
Таянч сўз ва иборалар: матн, қўшма гап, мураккаб синтактик қурилма, период, содда период, мураккаб период, туб структура, предикатив марказ.
Маълумки, тил бирликлари ўз ички табиатига кўра доим ўзидан катта бирликлар сатҳида синтактик фаоллик касб этади, яъни фонема морфема ёки сўз сатҳида, морфема сўз сатҳида, сўз гап қолипида, гап эса матн доирасида нутқий фаолликка эга бўлади. Бу эса, ўз навбатида, ҳозирча синтаксисда, умуман матн тилшунослигида қўлланилиб келган “қўшма гап” терминининг маълум даражада изоҳталаб эканидан далолат беради. Гап шундаки, қўшма гап дейилганда гапнинг ўша гап ичида синтактик фаоллик касб этаётганидек тасаввур уйғотади. Бу эса тил бирликларининг поғонали муносабати қоидасининг қўпол равишда бузилишига олиб келади.
Масаланинг бу таҳлитда ҳал этиб келинаётгани нотўғри эканлиги тилшунослар алоҳида таъкидлаб келмоқдалар. Масалан, М.В.Ляпоннинг фикрича, “Қўшма гап икки ёки ундан ортиқ нисбий тугалланган (коммуникатив маъноли) хабар парчаларини ташкил этувчи гапларнинг ўзаро онгли равишдаги бирикуви натижасини тақозо этар экан, унинг структурасида матнга хос жиддий белгилар мавжудлигидан келиб чиқмоғимиз ва буни эътироф этмоғимиз лозим”1.
Бундай фикр ва мулоҳазалар проф.Н.Турниёзов ва унинг шогирдлари томонидан ҳам айтилмоқда. Масалан: “Тилшуносликда азалдан қўлланилиб келаётган “қўшма гап” терминини мақсадга мувофиқ деб бўлмайди. Чунки қўшма гап деганимизда, биринчидан, гапларнинг қўшилаётганини (бирикаётганини) тушунсак, иккинчидан, янги мураккаб тузилишли қурилманинг ҳосил қилинишини ҳам англаймиз. Бундай мураккаб қурилма матн тушунчаси билан тенглашади”2.
Шуни эътиборга олиш лозимки, рус тилшунослигида “қўшма гап” (“сложное предложение”) терминидан ташқари “мураккаб синтактик бутунлик” (“сложное синтаксическое целое”) атамасидан ҳам кенг фойдаланилмоқда. Бундан ташқари, рус тилшунослигида гапдан юқори бундай тил бирликларини ифодалаш учун “сверхфразовое единство” (“фразадан юқори бутунлик”) термини ҳам қўлланади. Бунда ҳам бир неча гапнинг матн таркибида яхлит синтактик бутунлик тарзида намоён бўлаётганлиги англашилади.
Шу билан бирга матн тилшунослигида п е р и о д термини ҳам қўлланиб, унинг таркибида содда гаплар ҳам, қўшма гаплар қатнашиши мумкинлиги таъкидланмоқда. Жумладан, акад.Ғ.Абдураҳмонов периодга қуйидагича таъриф беради: “мураккаб составли гапларда маълум бир мазмун муносабати ифодалангани, оҳангда тугаллик бўлгани учун, бу хил гап қурилмалари ўзига хос белгига эга бўлади ва улар п е р и о д деб номланади… Период тузилиши, оҳанги, мазмунига кўра яхлит бир бутунликни ташкил этади, бу хил бутунликлар содда ёки мураккаб бўлиши мумкин: агар улар бир хил, бир турдаги гаплардан тузилса (масалан бир неча эргаш гапли қўшма гаплар, бир неча содда гаплардан тузилган боғланган ёки боғловчисиз қўшма гаплар ва ҳоказо), с о д д а п е р и о д дейилади, агар бу бутунлик турли хил гаплардан тузилса (масалан, эргаш гапли қўшма гап ва боғловчисиз қўшма гап бирикмаси каби), м у р а к к а б п е р и о д дейилади”3.
Таъкидлаш керакки, период шаклан “фразадан юқори бутунлик” (“сверхфразовое единство”), яъни жумла ёки гапдан катта бирликдан қарийб фарқланмайди. Зотан “фразадан юқори бутунлик” ҳам гаплар мажмуасидан ташкил топади ва бунда ҳар бир гап иккинчиси билан мазмунига кўра боғланган бўлади. Кейинчалик А.Мамажонов ўзбек тилидаги периодлар муаммосини махсус тадқиқ этиб, номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган4. М.Абдупаттоев эса матн таркибидаги грамматик жиҳатдан тўлиқ шаклланган нисбий мустақил гапларнинг семантик жиҳатдан бирикувидан ташкил топган синтактик қурилмаларни суперсинтактик бутунлик (ССБ) деб номлаган эди5. Масалан: “Ҳаво совуқ, осмонда захардек аччиқ қор учқунлари эринчоқ кезади. Кўчаларни ойнадек муз босган, машиналар эмаклагудекқўрқа-пуса имиллайди. Нафас олсанг оғзингга совуқ олов кираётгандай бўғзингни ачиштиради. Одамлар тойғоноқда йиқилиб майиб бўлмаслик учун эҳтиётлаб қадам босади” (Ў.Ҳошимов).
Юқорида яхлит ССБ келтирилган бўлиб, у тўртта нисбий мустақил гапдан ташкил топган, шулардан учтаси қўшма гап, биттаси эса содда гап кўринишидадир. Бу гаплар грамматик ва семантик жиҳатдан боғланган ҳамда ягона бир мавзуни – қиш пайтидаги пейзаж тасвирини ёритишга хизмат қилиши билан характерланади. Шунга кўра, Л.М.Лосева ана шундай кўринишдаги ССБларни таҳлил қилар экан, “ҳар бир ССБ бу ўз бошланиши, ривожи ва тугалланмасига эга бўлган миниатюра ҳолидаги ҳикоя (матн)дир”, - деб тўғри таъкидлаган эди6.
Аслида, терминлар сонини кўпайтириш орқали матн таркибидаги гапдан юқори бундай лисоний бирликлар табиатини очишда салмоқли ютуқларга эришиш қийин. Бир неча гапларнинг, шу жумладан мураккаб синтактик қурилмаларнинг бирикувидан ташкил топган бутунликни бир йўла матн деб, агар у матн ичида берилган бўлса, матн компоненти деб аташ мақсадга мувофиқ, деган фикрдамиз.
Шундай қилиб, икки ва ундан ортиқ гапларнинг ўзаро семантик ва синтактик жиҳатдан боғланишидан ташкил топган бутунликни мураккаб синтактик қурилма деб аташ тил бирликларининг поғонали (иерархик) муносабати қонуниятига мос келади. Бунда яхлит матнни ҳосил қилувчи қўшма гапнинг тенг боғланишли ва эргаш боғланишли ҳар икки тури ҳам мазмунан тўлиқ сақланган бўлади:
1. Кўп вақт ўтмай, қирқ тўрт йил Форсу Ироқда давру даврон сурган, Шоҳ Шужоъ билан Шоҳ Маҳмуд хабар олмаганларидан хайрон, охир оқибат – ҳамма бало ўзи ардоқлаб вояга етказган суюкли ўғилларидан келганлиги етти ухлаб тушига ҳам кирмаган, дунёдан бехабар Амир Муборизиддин зиндонда, азоб-уқубатлар чангалида бандаликни бажо келтирди (Муҳаммад Али. Мироншоҳ Мирзо, 67).
2. Шоҳ Шужоъ тантанавор юришини тўхтатмади, Табризга бориб қудасининг маъракасида қатнашди, кейин Қазвинни олди ва Исфахонга қараб от сурди (Муҳаммад Али. Мироншоҳ Мирзо, 69).
3. – Юзингизга солиб ўлтирмаймен, эй падари бузруквор! Бўлар иш бўлди! Бундан наф йўқ! – Султон Аҳмад жалойир ғазабини зўрға тийди. – Шоҳ Шужоънинг шундай разилу номард эканлигини билардим!.. Билардмс! Падаркуш-ку у! Мана, қудачиликнинг оқибати!.. Шунчалар ғофилман-а мен галварс!!.. Хонавайрон бўлдук! Хонавайрон бўлдук! (Муҳаммад Али. Мироншоҳ Мирзо, 58).
4. - Қўй, қизим, қўй. Бу кунлар ҳам ўтиб кетар. Шундоқ бўлишини билган эдим. Аммо эринг уруш кўрди, мусофирчилик кўрди, йўлини топиб олгандир, деб ўйлаган эдим. Бўлмапти-да (Саид Аҳмад. Уфқ).
Келтирилган мисолларда компонентлари тенг боғланаётган мураккаб синтактик қурилмалар мавжуд. Компонентлари тенг боғланаётган мураккаб синтактик қурилмаларда икки-учтадан мустақил предикатив марказ мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири орқали тасвирланаётган воқеликка алоҳида аҳамиятга эга бўлган муносабат билдирилмоқда. Бунинг асосий боиси ҳар икки компонент ҳам ўзича мустақил ҳолда туб структурага эга эканлигидадир. Охирги мисолда эса матн таркибида тўртта предикатив марказ иштирок этмоқда.
Айни пайтда туб структура дейилганда, гапнинг синтактик жиҳатдан шаклланиши учун асос бўлаётган структурани тушунилади. Бошқача айтганда, туб структура – бу катта синтактик структуранинг вужудга келиши учун пойдевор (асос) вазифасини бажарувчи семантик структурадир. Бундай структура мавҳумлик белгиси билан характерланади. Зотан, унда синтактик структурада тўлдирилиши лозим бўлган бўш ўринлар кузатилади.
Эргаш боғланишли компонентлар муносабатига асосланган мураккаб синтактик қурилмалар таркибий қисмларининг бири (келтирилган учинчи мисол) хабар ифодасида муҳим роль ўйнайди. Шунинг учун бу компонент ўзига эргашиб келаётган иккинчи компонентга нисбатан семантик жиҳатдан ҳам, синтактик жиҳатдан ҳам устувор аҳамият касб этади. Бу эса, ўз навбатида, мураккаб синтактик қурилмани ягона туб структура асосида шаклланишга олиб келади. Тобе компонент ҳам маълум бир туб структурага асосланса-да, бу структура матннинг синтактик жиҳатдан шаклланишида иккинчи даражали аҳамият касб этади. Қиёсланг: …ёқди шекилли --- кулиб қўйди.
Юқоридагилардан ташқари, мураккаб синтактик қурилма тенг ёки эргаш боғланишли компонентлар муносабатининг қайси бирини тақозо этишидан қатъий назар, унда устпредикативлик белгиси бўлади. Бошқача айтганда, мазкур қурилма компонентларининг алоҳида предикативлик белгилари асосида мазкур микроматннинг умумий предикативлик белгиси юзага келади7. Буни мураккаб синтактик қурилманинг воқеликка билдираётган муносабати орқали изоҳлаш мумкин. Дарҳақиқат, мураккаб синтактик қурилмада воқеликка билдирилаётган муносабат яхлитланган ҳолатда кўзга ташланади: Йиқилиб ҳолсиз ётган Шоҳ Мансурдек мард жангчини ўлдиришдан орланмаган, совға-инъомлар кутиб турган майманалик амирни дарҳол тутиб қатл этишларини, мол-мулкини эса мусодара қилишларини буюрди (Муҳаммад Али. Мироншоҳ Мирзо, 209).
Мураккаб синтактик қурилма компонентларининг ҳар бири нисбий хабар ифодасини беришга қодир экан, бундай қурилмаларни матн характерига эга дейиш мумкин. Шунинг учун уларни микроматн тарзида, яъни кичик матн тарзида ўрганиш мақсадга мувофиқдир. Бундан кўринадики, мамлакатимизда матн тилшунослигида соҳасида, жумладан матн ва мураккаб синтактик қурилма мақомининг ўзаро муносабатини ўрганиш соҳасида қатор муаммолар мавжуд бўлиб, Самарқандда проф.Н.Турниёзов томонидан асосланган матн деривацияси муаммоларини тадқиқ этиш илмий мактаби бу соҳада бир қатор хайрли ишларни амалга оширмоқда. Яқинда Самарқандда “Тил тараққиётининг деривацион қонуниятлари”, “Систем-структур тилшунослик муаммолари”, “Тил системаси ва ҳозирги замон лингводидактикаси” мавзуларидаги республика илмий-назарий анжуманларининг ўтказилиши ҳамда “Структур синтаксис асослари” номли монографиянинг нашр этилиши фикримизнинг ёрқин далили бўла олади.
Назорат саволлари:
1.”Мураккаб синтактик қурилма” термини ҳақида тушунча.
2. Матннинг мураккаб синтактик қурилма билан ўзаро муносабати.
3. Матнда периодларнинг қўлланиш хусусиятлари.
4. Гап ва матннинг синтактик таҳлили орасидаги умумий ҳамда фарқли ҳолатлар.
9-маъруза
МАТН ТАРКИБИДА НООДАТИЙ БИРИКМА-
ЛАРНИНГ ГРАММАТИК СТРУКТУРАСИ
Таянч сўз ва иборалар: сўз бирикмаси, тургун сўз бирикмалари, фразеологизмлар, ноодатий бирикмалар, оксюмаронли бирикмалар, оксюмаронларда предикатив муносабат.
Маълумки, тил системасида сўзлар ўзаро турли-туман алоқага киришади. Сўзларнинг тобеланиш йўли билан ўзаро боғланиши ҳам ана шу тизимнинг жуда муҳим қисмини ташкил этади. Икки ва ундан ортиқ мустақил сўздан тузилиб, тобеланиш алоқаси асосида бир грамматик бутунлик, семантик яхлитликни ташкил этган ҳар бир комплекс сўз бирикмаси саналади. Сўз бирикмасини ташкил қилган компонентлар мустақил маъноли сўзлар бўлиб, ўз маъноларини сақлаган ҳолда бошқа бир бирикмани ҳосил қилишда иштирок этади. Агар бир сўз бирикмаларини уларга яқин, ёндош бўлган бошқа бир тил ҳодисаси – турғун сўз бирикмалар ёки фразеологизмлар билан чоғиштириб кўрсак, фразеологизмлар деб аталган бирликни ташкил этувчи сўз (компонент)лар ҳаммаси бирлашибгина яхлит, бир бутун маънони (луғавий, лексик маънони) ифодалайди ва у кўпинча синтактик қисмларга бўлинмайди1. Бошқача қилиб айтганда, турғун бирикманинг формал томони эмас, балки ўша бирикмани ташкил этувчи компонентларнинг жами, йиғиндиси яхлитликда бутун бир маънони ифодалайди: қулоқ осмоқ – тингламоқ, ҳолдан тоймоқ – чарчамоқ, кўзига қарамоқ – эҳтиёт бўлмоқ кабилар.
Сўз бирикмасини ташкил этган компонентлар бирор марказий сўз атрофига уюшади, сўзга ўхшаб сўз ўзгариш тизими билан боғлиқ бўлади. Сўз бирикмаси ўз таркибидаги ҳоким компонентнинг қайси сўз турпкумига киришига қараб от бирикма (бу йигит, чиройли боғ, ўқиган талаба, онамнинг рўмоли каби), феъл бирикма (болани чақирмоқ, яёв юрмоқ каби), равиш бирикма (овоздан тез, ўқдан тез каби) сингари турларга бўлинади. Шу билан бирга сўз бирикмалари тобе компонент қандай синтактик вазифани бажаришига қараб атрибутив бирикма (яхши бола, чиройли куйлак каби), қаратқичли бирикма (унинг орзуси, бобомнинг ҳассаси каби) , ҳолли бирикма (тез юради, эртага боради каби), тўлдирувчили бирикма (уни топдим, ундан олдим каби) сингари гуруҳларга ажратиб тасниф қилинади2. Ўзбек тилида ноодатий бирикмалар ҳам худди ана шундай тобе-ҳоким бўлакларнинг муносабати асосида шаклланади, яъни ноодатий бирикмаларнинг шаклланиш жараёни, формаси тилдаги сўз бирикмаларига мос келади, лекин ифодалайдиган маъно, семантик муносабат ноодатий характер касб этади, яъни “предмет ва унинг белгиси” семантик муносабати кутилмаган маъно қирраларига эга бўлади.
Кузатишлар шундан далолат берадики, ноодатий оксюмаронли бирикмалар матн таркибида асосан икки компонентдан иборат бўлади ҳамда ўзаро атрибутив муносабатга киришади ҳамда сифат + от, сифатдош + от, от + от, сон + от сингари грамматик моделлари асосида тузилади, яъни ноодатий бирикмаларнинг асосий қисми отли бирикмалардир. Ўз вақтида таниқли рус тилшуноси П.А.Лекант томонидан айтилган қуйидаги фикр бевосита ўзбек тилидаги ноодатий бирикмалар тизимига ҳам мувофиқ келади: “Предмет ва унинг белгиси” семантик моделли сўз бирикмалари учун асосан атрибутив муносабатлар характерлидир”3. Олиб борилган статистик таҳлиллар тилимиздаги барча ноодатий оксюмаронли бирикмаларнинг 52 фойизини атрибутив муносабатли бирикмалар ташкил этишини кўрсатди. Шу билан бирга тилимизда феълли ноодатий бирикмалар ҳам бор. “Сўз эстетикаси” номли рисола муаллифлари бундай бирикмаларни “ғайриодатий бирикмалар” деб номлаб, уни қуйидагича изоҳлайдилар: “Ғайриодатий бирикмалар ...”мутлақо индивидуал фикрларни” индивидуал ҳолатда ифодалаш воситаларидан биридир. Одатий бўлмаган бирикмалар ўзларининг “янгилиги”, индивидуаллиги ва айни ғайриодатийлиги билан тезда диққатни ўзига тортади. Китобхон беихтиёр бундай бирикмалар устида ўйлай бошлайди, натижада ёзувчининг ниятига чуқурроқ тушунади. Шунинг учун ҳам одатий бирикмаларга қараганда, ғайриодатий бирикмалар бадиийлик нуқтаи назаридан кўпроқ аҳамиятлидир”4. Масалан, шоир Мақсуд Шайхзоданинг “Шоир қалби дунёни тинглар” шеъридан олинган қуйидаги парчага эътибор қаратайлик:
Товушларнинг кичик, улуғи,
Товушларнинг ҳиди – бўйи бор.
Товушларнинг совуқ, илиғи,
Товушларнинг ранги-рўйи бор.
Товушларнинг ширин-аччиғи,
Бордир ҳатто юмшоқ, қаттиғи.
Шоир рассом бўлсайди агар,
Чизар эди шундан лавҳалар.
Юқорида келтирилган шеърий парчада товушларнинг кичиги, товушларнинг ҳиди, товушларнинг совуғи, товушларнинг ранги, товушларнинг ширини, товушларнинг юмшоғи каби бирикмалар ғайриодатийлиги, “янгилиги”, ноодатийлиги билан матн таркибида алоҳида ажралиб туради.
Ноодатий бирикмалар грамматик жиҳатдан ўзига хос хусусиятларга эга. Биз тўплаган материалларда сифат + от моделли икки компонентли атрибутив бирикмалар оксюмаронни шакллантиришга кўпроқ хизмат қилади. Масалан, ўзбек тилида форсча-тожикча “ширин” сўзи “шакар, бол, қиём ва шу кабиларнинг таъмига оид” маъносини билдиради (ЎТИЛ-5, 1У, 579). Шунга биноан бу сўз ижобий баҳоли сўзлар билан келиб, ширин олма, ширин сўз, ширин жон, ширин суҳбат сингари бирикмалар ҳосил қилади. Худди шу қолипдаги бирикма зид маъноли сўзлар билан ҳосил қилинса, ноодатий, оксюмаронли бирикма вужудга келади: ширин дард, ширин ғам, ширин ўлик, ширин азоб, ширин ситам, ширин қийинчилик каби. Оксюмарон // оксиморон сўзи юнонча (oxymoron – закий нодон) бўлиб, қарама-қарши маъноли сўзлардан фавқулодда янги мазмун келтириб чиқаришга асосланган кўчим туридир. Оксюмарондаги мана шу хусусият унга кучли образлилик бахш этади5. Масалан: “- Отахон жаннати одам эканлар. Жуда ширин ўлик бўптилар“ (Саид Аҳмад. Лаб ҳақида достон) кабилар.
Ёзувчи Назар Эшонқул ижодидаги “бадбахт чеҳралар” ноодатий бирикмаси ҳам худди шу модел асосида шаклланган, оксюмаронли, ноодатий бирикмадир:
Бадбахт чехралар – Худди қора чимматининг пардасини кўтариб, юрагингизни ўрташ учун сизга бир қараб қўйган гўзал форс қизи янглиғ унинг мавҳум, ҳалқалари бир-бирини зўрға ушлаб турган занжирдай узундан-узун жумлаларининг юзидаги ниқоби остидан баъзан менга улуғ ёзувчининг бадбахт чеҳралари кўриниб кетарди6.
Ҳозирги ўзбек шеъриятида фаол қўлланилаётган “дилбар сукунат”, “дилбар коинот” сингари ноодатий бирикмалар ҳам худди шу модел асосида шаклланган: Сукут. Сукут. Дилбар сукут // Қалбда хаяжон (Ш.Салимова); Сен борсан – мен учун гўзал бу ҳаёт // Сен борсан – мен учун дилбар коинот (А.Орипов) кабилар.
Ўзбек тилида сифатдош + от моделли икки компонентли атрибутив бирикмалар ҳам ноодатий оксюмаронли бирикмаларни шакллантиришда мухим ўрин тутади. Масалан, “бақирмоқ” феъли “овозни борича қўйиб, шанғиллаб гапирмоқ, қичқирмоқ” маъноларини билдиради (ЎТИЛ-5, 1, 187). Бу сўз сифатдош қўшимчасини қабул қилгач, бақирган киши, бақирган бола, бақирган талаба сингари бирикмалар таркибида аниқловчи вазифасини бажаради. Шу модел асосида шоир Рауф Парфи “бақирган сукунат” ноодатий бирикмасини ҳосил қилган эди.
Ўзбек тилида қаратқичли аниқловчи + қаралмиш моделли атрибутив бирикмалар ҳам оксюмаронлар кенг қўлланмоқда. Масалан:
Ҳасрат боғи – Ўзбекистон Халқ шоири Шукурулло асари асосида қўйилган “Ҳасрат боғи” спектаклидаги воқеалар, фалсафий мулоҳазалар тоталитар тузум зуғумларини ўз тақдирида синаган халқ шоири ва драматург умр дафтарининг мазмуни десак муболаға бўлмас (Исломов Т. Ҳасрат боғи // ЎзАС, 14.07.2006).
Виждон қўнғироғи – Неъмат Аминов адабиётда, ҳаётда виждон қўнғироғини мардона чалиб кетди, десак муболаға бўлмайди. Бу бебаҳо ва беозор қўнғироқ устозни билганлар, кўрганлар ва асарларини ўқиб-уқиганлар қалбида, хотирасида ҳамиша акс-садо бериб туришига ишонамиз (Жўраев А. Устознинг тилло табассумлари // ЎзАС, 14.07.2006).
Оғриқ лаззати – сарлавҳа. Ёзувчи Назар Эшонқул ўз ҳикояларидан бирига шундай оксюмаронли сарлавҳа қўйган. “Оғриқ лаззати – энг олий лаззат, - деб ёзишарди маҳкумлар билан қилинган суҳбатларда, - бу лаззатни фақат оғриққа маҳкум бўлгач сезиш мумкин” (Н.Эшонқул); Оғриқ фароғати – Шундагина биз оғриқ фароғатидан сўнг ҳам унинг ўзимиз турган заминга тушмаганини англадик – у нариги ёқда, лаззат юртида қолган эди – унинг жонсиз танаси ҳам санъат асарига айланган ва яшноқ гулларга кўмилиб ётарди (Н.Эшонқул) кабилар.
Бундай қаратқичли бирикмаларнинг айримлари уч ва ундан ортиқ компонентли мураккаб ноодатий бирикмалардир: Рўёдай омонат умидсизлик панжаралари – Шунда сенинг кўнглинг дилбар, латиф, орзуманд туйғулар билан тўлади ва ҳаётингни бошқатдан бошлагинг, кўз олдингдаги рўёдай омонат умидсизлик панжараларини парча-парча қилиб ташлагинг келиб қолади (Н.Эшонқул); Сирли фалак қалъаси – Сенга менинг бу оҳу воҳларим етмайди. Сен хаёллар ҳам етиб боролмайдиган сирли фалак қалъасига яширингансан (Н.Эшонқул) кабилар.
Ўзбек тилида объектли муносабатга асослаган ноодатий бирикмалар ҳам маълум даражада учрайди. Масалан, шоир М.Абдулҳакимов ижодида “оғриқларни севиб қолганман” ноодатий бирикмаси кўзга ташланади. Бу бирикмада ҳоким компонент ўтимли феъл (севиб қолмоқ) ўзидан олдин тушум келишигидаги тўлдирувчи (оғриқларни) ни талаб қилган ва шу асосда объектли муносабат асосида тўлдирувчили бирикма шаклланган.
Тилимизда объектли муносабатга асосланган айрим ноодатий бирикмалар ҳам шаклланиб бормоқда, бунда бадиий таржималарнинг улуши каттадир. Масалан, рус шоири Е.Евтушенко ижодида “очлик билан тўқман” ноодатий бирикмаси учрайди. А.Ахматовада эса “увос тортиб ширин йиғлайман” ноодатий бирикмаси ҳосил қилинган.
Шоир Рауф Парфининг “Муҳаббат” шеъридан олинган қуйидаги матнга диққат қилайлик:
Лов-лов ёнаётир қуёш – ул нажот,
Осмон чорлаётир, чорлар юксак тоғ.
Шундай юрагимда товушсиз фарёд,
Мен сенга инонмоқ истайман, эвоҳ..
Бу шеърий матнда товушсиз фарёд ноодатий бирикма саналади, негаки бу бирикмани ташкил этувчи сўзлар (товуш ва фарёд)нинг маънолари бир-бирига зид, яъни форсча-тожикча “фарёд” сўзи “меъёридан ортиқ овоз билан нола (қилиш), дод солиб йиғлаш, додлаш” маъноларини билдиради (ЎТИЛ-5, 1У, 325-326), “овоз, садо, сас” маъноларини билдирувчи “товуш” (ЎТИЛ-5, 1У, 130)нинг зиди бўлган “товушсиз” сўзи эса унга аниқловчи сифатида қўлланган ҳамда яхлит сўз бирикмаси ҳосил қилинган. Ана шунинг ҳисобига бу сўз бирикмаси ноодатий бирикмага айланиб матнда кучли эмоционалликни ифодаловчи асосий воситалардан бирига айланган.
Бокс оқармоқда - …бир ҳамкасбимиз ака-ука Кличколарни назарда тутиб “Бокс оқармоқда” дея ёзганидай, биз ҳам юқоридаги сарлавҳани танладик. Лекин гап, билсангиз ва эътибор қилсангиз, рингда ҳам, рангда ҳам эмас… (ЎзАС, 14.07.2006).
Ухлаётган бахтни уйғотинг – “ЎзАС”нинг 9 июнь сонида чоп этилган Дамин Жўрақуловнинг “Ухлаётган бахтни уйғотинг” мақоласида ёзилганидек, инсон ўз вақтининг қули эмас, жиловдори бўлиши зарур. Чунки беҳуда ўтган ҳар бир дақиқамиз қайтмайди (ЎзАС, 14.07.2006).
Шундай қилиб, ўзбек тилида ноодатий бирикмалар асосан атрибутив, қаратқичли, объектли муносабат асосида шаклланади, айрим ноодатий бирикмалар эса содда гап қолипли предикатив муносабат асосида юзага келган ҳамда ноодатий бирикмаларнинг барча структурал кўринишлари бадиий, публицистик матнларда фаол қўлланиши билан характекрланади.
Назорат саволлари:
1. Сўз бирикмаси ва унинг турлари ҳақида тушунча.
2. Эркин сўз бирикмаси ва турғун сўз бирикмаси орасидаги муносабат ҳақида.
3. Ноодатий бирикма ва унинг грамматик структураси ҳақида.
4. Матнларда ноодатий бирикма (оксюмаронли бирикма)ларнинг қўлланиш хусусиятлари.
10-маъруза
МАТН КОМПОНЕНТЛАРИНИНГ ПОҒОНАЛИ
МУНОСАБАТИ ҲАҚИДА
Таянч сўз ва иборалар: матн компонентлари, якка сўз ва матн, сўз бирикмаси ва матн, гап ва матн, матнда поғонали муносабат, мураккаб синтактик қурилма ва матн, абзац ва матн.
Ҳозирги кунга келиб матн лингвистикаси тилшуносликнинг алоҳида соҳаси сифатида шаклланди, бу соҳада янгидан-янги умумлашмалар қилинмоқда. Бу соҳанинг шаклланиши ва ривожида таниқли олим, проф. Б.Турсуновнинг алоҳида ҳиссаси бор эди. Худди шу олим ташаббуси билан Самарқанд шаҳрида матн таҳлилига бағишланган бир неча марта халқаро ва республика илмий анжуманлари ўтказилган. Шулардан 1998 ва 2000 йилларда уюштирилган илмий анжуманлар ўз кўлами жиҳатдан матн лингвистикаси тараққиётида алоҳида аҳамият касб этади1. Бу анжуманларнинг бирида проф.Б.Турсунов иловали қурилмаларни матннинг синтактик-стилистик категорияси сифатида ўрганиш ҳамда уларнинг матндаги поғонали муносабати ҳақида муҳим фикр-мулоҳазаларни билдирган эди2.
Аввало шуни айтиш керакки, матн бир сўздан, сўз бирикмасидан, ва бир гапдан ҳам иборат бўлиши мумкин. Бундай матнларнинг биринчиси бир компонентли бўлади. Бунга махсус қўлланишли сўзлар мисол бўла олади. Масалан: 1. “Сароб”, “Сумбул”, “Турналар”, “Аяжонларим”, “Диёнат”, “Умид”, “Ҳукм”, “Уфқ”, “Ғилдирак”, “Садоқатнома”, “Муҳаббатнома”, “Куёв”, “Жимжитлик”, “Алпомиш” – бадиий асарларниг номлари (идеонимлар ёки библионимлар); 2. “Тошкент”, “Ўзбекистон”, “Лондон” – хариталар номлари ва ҳ.к.
Сўз бирикмаси орқали ифодаланган матн ҳам кўпроқ бирор санъат асарининг номи (идеоним) сифатида воқеаланади: От билан суҳбат; Кўҳна дунё; Улуғбек ҳазинаси;Қайтар дунё, Юлдузли тунлар кабилар.
Айни пайтда бундай матнлар икки компонентли саналади ва бу орқали бир сўзли матндан фарқланади. Бироқ сўз бирикмаси билан ифодаланган матн фақат икки компонентли эмас, балки кўп компонентли бўлиши ҳам мумкин: Менга етиб келмаган хат; Икки эшик ораси; Тушда кечган умрлар; Она лочин видоси; Беш болали йигитча; Қишдан қолган қарғалар; Дайди қизнинг дафтари - бадиий асарларнинг номлари.
Гап орқали ифодаланган матн компонентлари вазифасида ҳам сўзлар қатнашади: Сени Ватан кутади. Ўзбекистон – мустақиллик диёри кабилар.
Лекин матн тилшунослиги муаммоларини бир сўзли, бирикма ёки бирор содда гап билан ифодаланган матнлар асосида ўрганиш, унчалик мақсадга мувофиқ эмас. Чунки бундай матнларга таяниб тил системаси бирликларининг нутққа кўчирилишига оид масалалар тавсифини мукаммал ҳолатда амалга ошириб бўлмайди. Бундан ташқари, кичик матнлардан микро- ва макросистема ҳақида, матн компонентларининг семантик ва синтактик боғланиши хусусида ҳам тўлиқ маълумот ололмаймиз. Шунинг учун матн тилшунослиги масалаларини катта матнлар, ҳеч бўлмаганда, матн мақомидаги мураккаб синтактик қурилмалар асосида ўрганиш мақсадга мувофиқдир. М.Абдупаттоев бундай синтактик қурилмаларни суперсинтактик бирлик (ССБ)лар термини билан номлаган эди3. Проф.Ё.Тожиев тўғри таъкидлаганидек, “нутқ албатта, сўз-гап, гап, қўшма гап кўринишлари, ундан юқорироқ, мураккаброқ бўлган, масалан, абзац, период, суперсинтактик бутунлик, мураккаб синтактик бутунлик, фраза ёки жумла, оят каби нутқ бирликларидан ташкил топганлиги ҳам ҳаммага маълум. Фақат, шуни айтиш керакки, ҳозирги тилшуносликда суперсинтактик бутунлик моҳияти билан матн моҳияти (уларга берилаётган таърифлар, изоҳлашлар) бир хилдек. Уларнинг туб фарқи ҳажмдами ёки бошқа жиҳатлардами эканлиги ҳам аниқ ҳал этилмаган”4.
Ҳозирги замон тилшунослигида матн компонентлари таснифи масаласи ҳам анча мураккабдир, чунки мустақил сўздан бошлаб, гап, мураккаб синтактик қурилмалар, абзац, боб кабиларнинг барчаси матн компонентлари жумласига киради ва улар матн таркибида поғонали (иерархик) муносабатга киришади. Қуйида ана шулардан баъзиларига тўхтаб ўтамиз.
Матн бир сўз билан ёки сўз бирикмаси билан ифодаланганда унинг компоненти вазифасида мустақил сўз келади. Масалан, “Юлдузли тунлар”, “Чаён йили”, “Ҳижрон кунларида”, “Йиллар армони”, “Ёшлик девони”, “Истамбул фожиаси”, “Мунгли кўзлар”, “Жаннати одамлар”, “Уфқ бўсағасида”, “Келинлар қўзғолони”, “Авлодлар довони”, “Чотқол йўлбарси” сингари сўз бирикмаси орқали ифодаланган матнларни икки компонентли деб атаймиз.
Матн компоненти сўз бирикмаси тарзида келиши ҳам мумкин. Лекин сўз бирикмасини бирор жиддий зарурат туғилгандагина матн компоненти тарзида ўрганилади. Одатда катта матнлар бир нечта гапдан ташкил топган бўлади. Шунинг учун гап матннинг асосий компоненти саналади: Айвонда китоб ўқиб ўлтирган Гавҳаршод бегим гоҳо саҳифалардан кўзини олиб, ўша тоғлар атрофида ўралашадиган булутларга ўйчан тикилади. Баланд тоғ тизмаси устидан ошиб ўтолмайдиган оғир қора булутлар чўққилар бошига шамол бўрони келтириши, дўл ёғдириши бегимнинг қўлидаги Яздий “Зафарнома”сининг таҳликали воқеаларига ўхшаб кетади (П.Қодиров. Она лочин видоси).
Берилган матн икки компонентли бўлиб, бу компонентлар кетма-кет келмоқда. Агар мазкур матн компонентларининг ички қурилишини таҳлил этиш лозим бўлса, ҳар бир гапни алоҳида ўрганиш ва уларнинг нечта сўздан ташкил топаётганлигига эътибор берилади: Матннинг биринчи компоненти ўн олти сўзнинг, иккинчиси эса ўттиз сўзнинг ўзаро муносабатидан ташкил топмоқда. Айтиш лозимки, матн таркибига кирган барча гаплар бир-бири билан маъно жиҳатидан ҳам синтактик жиҳатдан ҳам боғланган бўлади. Аммо бу боғланишни гап таркибидаги сўзлар боғланиши билан тенглаштирмаслик лозим. Чунки гап компонентларининг бири бош бўлак, бошқалари эса иккинчи даражали бўлак тарзида синтактик вазифа бажаради. Матн компонентларининг ўзаро боғланиши эса, биринчи навбатда гапларнинг маъноларига асосланади. Шунинг учун ҳам бунда “боғланишли нутқ” тушунчасидан фойдаланиш ўринлидир.
Мураккаб синтактик қурилма компонентлари ўзаро икки хил боғланади. Уларнинг бирини тенг боғланиш деб, иккинчисини эса эргаш боғланиш деб номлаймиз. Шунга биноан мураккаб синтактик қурилмаларни ҳам фарқлаб ўрганамиз:
1. Турсунбой ювиниб уйга ўтиб кетди-да, бир оздан кейин кийиниб чиқди. У чинакам биров ҳавас қилса арзийдиган йигит бўлганди (Саид Аҳмад. Уфқ).
2. Кучи, ғайрати танига сиғмайдиган бу йигит кўча эшиги олдида ўтириб, атайин кучини кўрсатиб қўйиш учун эшак қўшилган араванинг орқасидан тортиб юргизмай қўяр, қопдаги буғдойми, унми, нима бўлса тиши билан кўтариб ирғитарди (Саид Аҳмад. Уфқ).
Келтирилган мисолларнинг биринчисида компонентлари тенг боғланишли, иккинчисида эса компонентлари муносабатлари эргаш боғланишга асосланган мураккаб синтактик қурилмаларни кўрамиз.
Матн компонентлари вазифасида абзац ҳам келади. Абзац, албатта, том маънода матн саналади. Бироқ у катта матн таркибида унинг компоненти ҳисобланади, чунки матн таркибидаги фикр тугаллиги бир неча абзац сатҳида берилади. Абзац матн таркибида, хусусан, семантик жиҳатдан муҳим мавқега эгадир. Буни матнда ифодаланаётган умумий хабарнинг қисмларга бўлиб берилишида янада аниқроқ кўриш мумкин. Чунки ҳар бир абзац матннинг маълум бир мазмуний парчасини тақозо этади:
Низомжон бирдан лоҳас бўлиб яна ёстиққа бош қўйди. Бадани гўё куйиб кетгандек бўлди. Бу одамларга ортиқча ташвиш бўлди-ку, энди кўрмагани шу қолдими?
Кўзи илиниб уйқуга кетди. Жаннат хола унинг устига Икромжоннинг тўнини ёпиб ёстиғини тузатди. Низомжон ғарқ терга пишган, чаккаларидан маржон-маржон тер қўйяпти (Саид Аҳмад. Уфқ).
Кўринадики, мисол сифатида берилган ҳар икки матн ҳам маъноларига кўра бир-бири билан боғланмоқда. Абзац катта матн таркибида қўлланилар экан, ўша матннинг умумий маъноси билан қандайдир йўсинда боғланган бўлади. Бундай боғланиш, юқорида стилистик усул тарзида кўриб ўтганимиз сингари, икки матн ўртасида кузатилмаслиги ҳам мумкин. Лекин ҳар бир абзац катта матнда ифодаланган умумий маънонинг қандайдир парчаси билан у ёки бу тарзда алоқадор бўлади.
Катта матн таркибида келувчи компонентлар ўз грамматик категорияларига кўра бир хил бўлмайди, албатта. Уларнинг бири сўз, иккинчиси сўз бирикмаси, учинчиси эса гап, тўртинчиси мураккаб синтактик қурилма, бешинчиси абзац каби категорияларда бўлиши мумкин. Аммо ана шу категориялардаги ҳар бир компонент синтактик ва семантик фаоллашуви жиҳатидан поғонали муносабатни тақозо этади5. Қуйида ана шу масала тавсифига қисқача тўхтаб ўтамиз.
Матн бир сўз билан ифодаланган бўлса, унда тил бирликларининг поғонали муносабати фонема, морфема ва сўзлар мисолида кузатилади6. Масалан, китобхонларга сўзи билан ифодаланган матн компонентларининг поғонали муносабатига эътибор берайлик. Бунда 13 фонема ишлатилган бўлиб, уларнинг ҳар бири ўзларига тегишли морфема таркибида фаоллашмоқда: китоб +хон+лар+га.
Мазкур морфемалар эса сўзнинг таркибий қисмлари сифатида синтагматик қатор сатҳида фаоллашмоқда.
Матн сўз бирикмаси билан ифодаланган бўлганда ҳам поғонали муносабат юқорида эслатиб ўтилган морфемалар мисолида бўлади, зотан, сўз бирикмаси номинатив бирликни тақозо этади. Агар сўз бирикмасини гапнинг сатҳида ўрганадиган бўлсак, поғонали муносабат сўз бирикмаси ва гап категориялари ўртасида вужудга келади: Мактабимиз боғи чиройли (мактабимиз боғи, боғ чиройли). Бироқ бундай вазиятда сўз бирикмаси матн мақомида бўлмайди.
Матн гап билан ифодаланган бўлса, поғонали муносабат сўз ва гап доирасида вужудга келади: Ўзбекистон – келажаги буюк давлат. Айни пайтда қўлланилаётган ҳар бир сўз гап таркибида синтактик ва семантик фаоллик олмоқда.
Матн компонентлари гап ёки мураккаб синтактик қурилмалар билан ифодаланганда улар орасидаги поғонали (иерархик) муносабат бирмунча мураккаблашади. Бошқача айтганда , гап мураккаб синтактик қурилма ёки матн таркибида синтактик фаоллик олади. Мураккаб синтактик қурилма эса, ўз навбатида, абзац ёхуд катта матн сатҳида синтактик актуаллик касб этади. Абзацнинг синтактик фаоллиги ҳам, ўз навбатида, ўзидан катта боб ёки матнда таъминланади. Шунинг учун бир боб таркибида ёки бобларга бўлинмаган матн таркибида бир пайтнинг ўзида бир неча абзац синтактик фаоллик олиши мумкин.
Назорат саволлари:
1. Матн компонентлари ва уларнинг таснифи ҳақида.
2. Сўз бирикмаси орқали ифодаланган матнда поғонали муносабатнинг намоён бўлиши.
3. Мураккаб синтактик қурилма, суперсинтактик бутунлик (ССБ) орқали ифодаланган матнда поғонали муносабатнинг намоён бўлиш усуллари.
4. Катта матн таркибида компонентларнинг поғонали муносабати.
11-12-маърузалар
МАТНДА ГУМОН ОЛМОШЛАРИНИНГ АЙРИМ
СЕМАНТИК ВА ФУНКЦИОНАЛ-УСЛУБИЙ
ХУСУСИЯТЛАРИ
Таянч сўз ва иборалар: сўз туркуми, мустақил сўз туркуми, олмош, гумон олмоши, сўроқ олмошлари, олмошларда келишик, эгалик, кўплик қўшимчалари, ноаниқлик, гумон маъноси, функционал-услубий хусусият, матнда олмошнинг актуализаторлик вазифаси.
Ўзбек тилида гумон олмошлари предмет, белги ёки ҳодиса ҳақидаги ноаниқ тасаввурни билдириб, уларга умумий, мавҳум (абстракт) ва тахминли ишора қилиши билан характерланади1. Гумон олмошлари номаълумликни – сўзловчи шахс, субъект аввал учратмаган ёки тушунтириб бера олмайдиган нарса-ҳодиса тушунчасини билдиради. Гумон олмошлари орасида фаол қўлланувчи қандайдир олмошида ана шу мавҳумлик, номаълумликнинг айрим жиҳатлари рўёбга чиқади ёки актуаллашади. Масалан: Қошлари бир-бирига туташган, қисилган кўзлари тўрда сурат бўлиб қолган Фазилатга қадалган, лунжлари ичига ботиб кетган қорамтир юзида ғазаб эмас, йўқ, қандайдир чексиз бир алам муҳрланган (О.Ёқубов. Диёнат). Келтирилган матн таркибидаги “қандайдир” гумон олмоши жуда ҳам чексиз, поёнсиз ғам-алам билан тўлган қаҳрамон ички дунёсини очишга восита бўлган.
Энди публицистик услуб намунаси бўлган қуйидаги парчага эътиборни қаратайлик: Кеча кечқурун осмондан қандайдир номаълум жисм учиб тушди (“Халқ сўзи”). Бу парчада ифодаланувчи мавҳумлик, гумон оттенкаси икки сўзда – ҳам “номаълум” сўзида, ҳам “қандайдир” гумон олмошида оўёбга чиқмоқда. Шу ўринда келтирилган парчада “қандайдир” гумон олмоши ортиқчадек, грамматик плеоназм (ортиқчалик) ҳодисаси содир бўлаётгандек туюлади. Агар биз юқорида келтирилган гапнинг бошқача вариантини ўзаро қиёсласак, матн таркибида “қандайдир” гумон олмошининг функционал ўрни ўз-ўзидан англашилади: Кеча кечқурун осмондан қандайдир номаълум жисм учиб тушди // Кеча кечқурун осмондан номаълум жисм учиб тушди. Бу парчалар қиёси шундан далолат берадики, “қандайдир” олмошининг матнда қўлланиши билан шу матн ёрдамида ифодаланаётган номаълумлик оттенкаси кучли, таъсирчан тарзда намоён бўлади ҳамда ўша номаъум нарсанинг қандайлигига қизиқиш оттенкаси ҳам рўёбга чиқади. Шунга кўра тилшунос олимлар гумон олмошлари ва бошқа айрим тур олмошлари матнда қўлланилиши билан услубий актуализаторлик хусусияти намоён бўлишини алоҳида таъкидлаб кўрсатмоқдалар2. Шунга кўра, гумон олмошларининг функционал-семантик хусусиятлари ўрганилаётганда уларни матн таркибидаги бошқа тил бирликлари билан ўзаро уйғунлигини аниқлаш, шу асосда қандайдир, нимадир, қачондир, қаергадир, кимдир сингари гумон олмошлари англатган семантик-услубий оттенкаларни микроматн қуршовида белгилаш лозим бўлади.
Шуни унутмаслик лозимки, гумон олмошларидан матнда фойдаланиш ҳаммавақт ҳам функционал-услубий жиҳатдан кутилган натижани беравермайди, яъни улар орқали оддийгина маълумлик-номаълумлик хусусияти ифодаланади-ю, лекин бу матндан муҳим, эмоционал таъсирчанликни кутиш қийин бўлади. Масалан: Мен кўчадан нимадир топиб олдим (Халқ сўзи). Публицистик услубга хос оддий хабар мазмунидаги бу гапда “нимадир” олмоши оддийгина номаълумлик маъносини ифодалашга хизмат қилмоқда. Бу матн таркибидаги гумон олмошидан қўшимча функционал-услубий хосланишни кутиш қийин.
Энди бадиий услубга хос қуйидаги матнга диққат қилайлик: Негадир бурчакка қисилиб, мум тишлаб олган Фазилат ортиқ чидаб туролмади. Бирдан овозининг борича уввос тортиб йиғлаб юборди (О.Ёқубов. Диёнат). Келтирилган матн бошида қўлланган “негадир” гумон олмоши ўз хатти-ҳаракатидан қаттиқ пушаймон бўлиб, асаблари таранглашган Фазилат ички кечинмаларига ишора қилмоқда. Қаҳрамон эри Жаббор тирик бўла туриб, Бўрибоевнинг алдовларига учиб, унга тегиб олган, эри фронтдан келганини эшитиб, нима қилишини билмай турган идора ҳисобчиси Фазилатнинг қалб туғёни ифодаланишига “негадир” гумон олмоши актуализаторлик (ишора қилувчилик) вазифасини бажаради. Бундай пайтда гумон олмошларининг матндаги қўшимча маъно хусусияти, услубий жиҳатлари ҳақида фикр юритиш мумкин бўлади.
Гумон олмошларидан матнда сўзловчига кўпроқ маълум бўлган предмет, воқеа-ҳодисаларга нисбатан қўллаш мантиққа тўғри келади. Масалан: Ва кўп ҳолларда, маънавият ҳақида бериладиган саволларга ҳар хил, баъзан эса бир-бирига қарама-қарши, қандайдир ноаниқ, саёз жавобларни ҳам эшитишга тўғри келади (И.Каримов. Ю.м., 18). Келтирилган матнда “қандайдир” гумон олмоши ўзидан кейинги “ноаниқ”, “саёз” каби мавҳумликни билдирувчи сўзларни маъно жиҳатдан тўлдириб, услубий жиҳатдан кучайтириб келишга хизмат қилган, яъни бу матнда “қандайдир” гумон олмоши стилистик актуализатор вазифасини бажариб келмоқда.
Шуниси муҳимки, ноаниқлик, гумон маъносини билдирувчи кимдир, нимадир, қайсидир, қаёқдадир, қанақадир, қандайдир, қачондир олмошларига келишик, эгалик ва кўплик қўшимчалари –дир элементидан олдин қўшилади, бундай грамматик ҳолат ноаниқлик, гумон маъносининг матнда кучли тарзда таъкидланишига хизмат қилади: ...бу дунёда табиатда ҳам, жамиятда ҳам бўшлиқ бўлмайди. Қаердадир бўшлиқ пайдо бўлдими, ҳеч шубҳасиз, уни албатта кимдир тўлдиришга ҳаракат қилади (И.Каримов. Ю.м., 12); Саида ниманидир мулоҳаза қилиб, мажлисда Қаландаровга ҳея нарса демади (А.Қаҳҳор. Синчалак) кабилар.
Ўзбек тилида гумон олмоши баъзи сўроқ олмошларига “ҳам” ёрдамчисини қўшиш орқали ҳам ҳосил қилинади. Шуниси муҳимки, “ҳам” ёрдамчиси сўз ўзгартувчи қўшимчалар ёки кўмакчилардан кейин қўшилади: Толибжон нима билан ҳам ўз фикрини исботламоқчи бўлди, лекин уддасидан чиқа олмади (Саид Аҳмад. Жимжитлик) кабилар.
Ўзбек тилида “биров” сўзи кўпинча гумон олмоши сифатида қўлланилиб, бегона, бошқа, нотаниш, ноаниқ одам, ноаниқ шахс, аллаким, кимдир сингари маъноларини алоҳида таъкид билан ифодалашга хизмат қилади: – Томорқани биров кўтариб кетармиди, тураверади-да, - деди кампир ўғли ҳозироқ кетмонни куўтариб томорқа томон жўнашидан ҳадиксираётгандек (Ш.Бўтаев. Даста райҳон) кабилар.
Баъзи сўзи кўплик қўшимчасини олган ҳолда гумон олмоши вазифасини бажаришга хизмат қилади. Аслида “баъзи” сўзи ноаниқ белги, хусусият маъносини билдириб, матн таркибида кўпинча сифатловчи аниқловчи вазифасини бажаради ҳамда бу сўз “айрим” сўзи билан маънодошлик ҳосил қилади. Қиёсланг: баъзи одамлар // айрим одамлар; баъзи уйлар // айрим уйлар.
Шундай қилиб, ўзбек тилида гумон олмошлари сўроқ олмошларига –дир, алла- элементларини қўшиб ҳосил қилинади, “биров, бирон, бирор” сўзлари ҳам гумон олмоши маъносида қўлланилади ҳамда бу олмошлар матн таркибида ноаниқлик, гумон маъноларини кучли таъкид, алоҳида таъкид йўли билан ифодалаб, матнга хилма-хил экспрессив ҳолатларни рўёбга чиқаради, баъзан эса матнда актуализаторлик вазифасини бажаради. Матнда “бир нима”, “қай бир”, “баъзи”, “баъзилар” каби сўзлар ҳам ўрни билан гумон, ноаниқлик маъноларини ифодалашга восита бўлади.
Назорат саволлари:
1.Олмошларнинг таснифий белгилари ҳақида тушунча.
2. Гумон олмошлари орқали матнда мавҳумлик, ноаниқлик, гумон маъноларининг ифодаланиш хусусиятлари.
3. “Баъзи”, “айрим”, “бир нима” каби сўзларнинг матн таркибида олмош вазифасида қўлланиши.
4. Гумон олмошлари матн таркибида актуализатор сифатида.
13-маъруза
МАТНДА ЖАМЛОВЧИ ОЛМОШЛАРНИНГ
АЙРИМ ФУНКЦИОНАЛ-УСЛУБИЙ
ХУСУСИЯТЛАРИ
Таянч сўз ва иборалар: сўз туркуми, мустақил сўз туркуми, олмош, жамловчи олмош, сўроқ олмошлари, жамловчи олмошларда келишик, эгалик, кўплик қўшимчалари, тўдалик, жамлаш, белгилаш маъноси, функционал-услубий хусусият, матнда жамловчи олмошнинг актуализаторлик вазифаси.
Маълумки, олмошлар от, сифат, сон, равиш сўз туркумлари ўрнида, ҳатто, бир гап ёки матн ўрнида нутқий ихчамлик учун фойдаланиладиган сўзлар бўлиб, улар нутқ жараёнида нутқий алоқа вазифасини бажаради. Олмошларнинг ҳар бир семантик тури матн таркибида нутқий алоқа вазифасини, дейктик (ишора қилиш, кўрсатиш) вазифасини бажаради [ТТИЛ, 74-75]. Олмошларнинг барча семантик турлари услубий жиҳатдан вазифадошлик (синонимик) ва таъсирчанлик (эмоционал-экспрессив) ифодасига кўра бир-биридан фарқ қилади. Масалан: Ҳаммага яхши маълумки, Ўзбекистон аҳолиси кўп миллатли мамлакат ҳисобланади. Бу юртда юзга яқин миллат ва элат вакиллари яшайди (Ўзб. овози). Келтирилган матнда иккита олмош тури қўлланган бўлиб, биринчи гап белгилаш олмош “ҳамма” билан бошланган, кириш бирикма таркибида қўлланган бу олмошни унинг вазифадоши “барча” билан алмаштириш мумкин, бундай алмашинув ўша гапнинг эмоционал-экспрессив хусусиятига таъсир этмайди. Матн таркибидаги 2-гап “бу” кўрсатиш олмоши билан бошланган, бу олмош матнда дейктик (ишора қилиш) функциясига эга, шу билан бирга бу сўз матндаги ана шу икки гапни семантик жиҳатдан боғлаш, муносабатга киритиш, уларнинг ўзаро яхлитлигини таъминлаш учун ҳам хизмат қилади.
Ўзбек тилига доир дарслик ва қўлланмаларда таъкидланишича, жамлаш-белгилаш олмошлари предмет ва шахсларнинг йиғиндисини, тўдасини билдиради ёки уларни айириб, таъкидлаб кўрсатади. Шунга кўра жамлаш-белгилаш олмошлари жамлаш ва белгилаш олмошлари деб икки кичик гуруҳга ажратиб ўрганилмоқда1. И.Суяров ўз номзодлик ишида белгилаш олмошларини қуйидагича уч гуруҳга ажратиб тасниф қилади: а) умумлаштирувчи-белгилаш олмошлари: ҳамма, барча, бари, бутун, тамом, жами, бор; б) яккалик-айирув белгилаш олмошлари: ҳар, ҳар ким, ҳар нима, ҳар қандай каби; в) қисман-айирув белгилаш олмошлари: баъзи, айрим, бир хил каби.
Тилшунос олимлар жамлашни ифодаловчи белгилаш олмошларига ҳамма, бари, жами, барча, бутун, ялпи каби сўзларни киритадилар. Матн таркибида бу олмошлар қаторида энг функционал жиҳатдан фаоллари ҳамма ва барча олмошларидир.
“Ҳамма” олмоши предмет ҳамда шахслар ўрнида қўлланиб, от характерида, предмет белгисини кўрсатиб, сифат характерида келади ҳамда предмет ёки шахслар тўдасини, ёки уларнинг белгисини ифодалашга хизмат қилади, матн компонентларини мантиқий жиҳатдан боғлаш, муносабатга киритишда асосий дейктик восита саналади: Япония ёки Жанубий Кореяни олайлик. Бу мамлакатларнинг Иккинчи жаҳон урушидан кейин қандай оғир аҳволга тушиб қолганини ҳаммамиз яхши биламиз (И.Каримов. Ю.м., 26); Тарихимиз саҳифалари шундан далолат берадики, юртимиз ривожи ҳамма замонларда ҳам бир текис кечмаган (И.Каримов. Ю.м., 50); Энг ёмони, бундай хуружларнинг пировард оқибати одамни ўзи туғилиб ўсган юрти ва халқидан тонишга, ватанпарварлик туйғуларидан маҳрум этишга ва ҳамма нарсага лоқайд бўлган шахсга айлантиришга қаратилганида намоён бўлмоқда (И.Каримов. Ю.м., 13) кабилар.
ЎТИЛ-5да қайд қилинишича, “ҳамма” олмоши форсча сўз бўлиб, “шахс, нарса, унинг белгиси, сони ва бошқа хусусиятларини жамлаб ёки ажратиб кўрсатади, шу тарзда белгилайди” [ЎТИЛ-5, У, 500]. Бу луғатда “барча, жами, бутун” олмошларининг “ҳамма” олмоши билан ўзаро синонимик муносабатга киришуви таъкидлаб к0рсатилган [ЎТИЛ-5, У, 500].
“Ҳамма” олмоши матн таркибида от вазифасида қўлланганида эгалик ва келишик қўшимчаларини қабул қилиб, функционал жиҳатдан турли хил синтактик вазифаларни бажаради: Ҳаммамизга маълумки, муқаддас китобларимиз ва қадриятларимиз, буюк мутафаккир аждодларимиз мероси бизни доимо ҳалол меҳнат билан яшашга, мардлик, саховат ва камтарликка чақиради, лекин, шу билан бирга, ҳаётда бу каби даъватларга амал қилишга интиладиган одам кўпинча турли қийинчиликлар, ҳатто азобу уқубатларга дуч келишини кузатиш қийин эмас (И.Каримов. Ю.м., 21) кабилар.
Олмошларнинг айримлари ўзаро синонимик уялар ёки қаторларга бирлашади. Лекин ана шундай бир синонимик уя (қатор)ни ташкил этувчи маънодош олмошларни ҳамиша ҳам бири ўрнида иккинчисини алмаштириб қўллаб бўлмайди. Масалан, луғатларда таъкидланишича, ҳамма, барча, бутун, бари, бор, жами, буткул, тамом, бор-йўқ сўзлари бир синонимик қаторни ташкил этади [ЎТСИЛ, 267]. Бу сўзларнинг асосий вазифаси шахс, нарса, белги, хусусият билдирувчи сўзлар ўрнида қўлланиб, умумийлик, жамлик маъносини ифодалашдан иборатдир. Масалан: Барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайдиган томони шундаки, бизнинг эзгу интилишларимиз замирида ҳам ана шундай пок ният, буюк ишонч мужассам (И.Каримов. Ю.м., 172). Келтирилган мисолдаги “барчамизга” белгилаш олмошини юқорида келтирилган сўзлардан фақат “ҳаммамизга” сўзи билан алмаштириб қўллаш мумкин, чунки бундай алмашинув матнда услубий ғализликка олиб келмайди: Барчамизга (ҳаммамизга) ғурур ва ифтихор бағишлайдиган томони шундаки, бизнинг эзгу интилишларимиз замирида ҳам ана шундай пок ният, буюк ишонч мужассам (И.Каримов. Ю.м., 172).
Баъзан бир матн таркибида ўзаро маънодош бўлган “ҳамма” ва “барча” олмошлари қўлланади. Бундай қўлланиш такрордан, услубий ғализликдан сақланиш учун хизмат қилади. Масалан: Биз ўз тақдиримизни ўз қўлимизга олиб, азалий қадриятларимизга суяниб, шу билан бирга, тараққий топган давлатлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда мана шундай олижаноб интилишлар билан яшаётганимиз, халқимиз асрлар давомида орзиқиб кутган озод, эркин ва фаровон ҳаётни барпо этаётганимиз, бу йўлда эришаётган ютуқларимизни халқаро ҳамжамият тан олгани – бундай имкониятларнинг барчасини айнан мустақиллик берганини бугун ҳаммамиз чуқур англаймиз (И.Каримов. Ю.м., 3).
Баъзан жамлик маъносини кучайтириш учун бир матн таркибида “ҳамма” олмоши такрор қўлланади ҳамда улар бир-бирини тўлдиришга, эмоционал-экспрессив таъсирини оширишга хизмат қилади: Иттифоқо, шу пайт, бозор ёнидан ўтишда ҳамма нарсадан хабардор, ҳамма жойда ҳозиру нозир, лақаби “аёс” – бозор оқсоқоли Аҳмад ибн Мораз ҳам пайдо бўлиб, ҳаллослаб келиб Темур Маликка пешкаш чиқди... (Мирмухсин. Темур Малик) кабилар.
“Жами” // “жамики” олмошлари ҳам кам қўлланса-да, семантик жиҳатдан “ҳамма”, “барча”, “бари”, “бутун” каби белгилаш олмошларига мувофиқ келади: Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили – бу миллатнинг руҳидир (И.Каримов. Ю.м., 83) кабилар.
Шундай қилиб, кузатишлар шуни кўрсатадики, жамловчи-белгилаш олмошлари ўзбек адабий тилининг барча функционал услублари хос матнларда қўлланиб, хилма-хил функционал-услубий хусусиятларга эга бўлади.
Назорат саволлари:
1.Ўзбек тилида олмош туркумига оид сўзларнинг таснифий белгилари ҳақида тушунча.
2. Жамловчи олмошлар орқали матнда тўдалик, жамлик, белгилаш маъноларининг ифодаланиш хусусиятлари.
3. Ҳамма, барча, бутун, бари, бор, жами, буткул, тамом, бор-йўқ сўзларининг ўзаро маънодошлик муносабати ҳамда уларнинг матн таркибида жамловчи, белгилаш олмошлари вазифасида қўлланиши.
4. Жамловчи олмошларнинг матн таркибида актуализатор сифатида қўлланиш хусусиятлари.
14-маъруза
БАДИИЙ МАТНЛАРДА ЛАҚАБЛАРНИНГ
АЙРИМ УСЛУБИЙ ХУСУСИЯТЛАРИ ҲАҚИДА
Таянч сўз ва иборалар: ономастика, антропонимика, антропоним, исм, лақаб, тахаллус, интропонимик сериялар, бадиий асарда қаҳрамон исми, бадиий асарда қаҳрамон лақаби, ономапоэтика, исмларнинг функционал-семантик хусусиятлари, лақаблар бадиий матнда услубий восита сифатида.
Маълумки, тўлақонли бадиий образнинг юзага келишида қаҳрамоннинг портрети, ташқи қиёфаси, нутқи, монолог ва диалоглари билан бир қаторда унинг исми, лақаби ёки тахаллуси ҳам муҳим восита бўлиб хизмат қилади. Шунинг учун жаҳон адабиётининг йирик вакиллари ўз асарлари қаҳрамонларининг исмларига ҳам алоҳида эътибор беришган, қаҳрамонга муносиб исм топиш ўзига хос санъаткорлик белгиси деб баҳоланган. Улуғ рус ёзувчиси А.П.Чехов қаҳрамон исмининг бадиий асар учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини назарда тутиб, жумладан, шундай деган эди: “фақат асар қаҳрамонларининг нутқларидагина эмас, балки уларнинг исмлари ва фамилияларида ҳам чуқур соддалик вқа ҳаётийлик бўлиши керак. Бинобарин, қаҳрамоннинг номи асарнинг ғоявий-бадиий мазмунини чуқурлаштириб, унинг миллий руҳини, халқчиллигини кучайтиришда, асардаги образлар ва воқеаларни типиклаштиришда муайян роль ўйнайди”1. Масалага ана шу нуқтаи назардан қараганда, бадиий матнда, жумладан, тарихий романларда қўлланган исмлар (антропонимлар)нинг функционал-семантик хусусиятларини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади. Негаки, тарихий романларда, жумладан таниқли ёзувчи Мирмуҳсиннинг “Темур Малик” романида қўлланган антропонимлар ўша асарда тасвирланган ХШ-Х1У асрлар тарихий воқелигига мос бўлишига эришилган. Мирмуҳсин бу асарида кўпроқ ўша давр, яъни ХШ-Х1У аср эски ўзбек адабий тилида, туркий халқлар орасида кенг қўлланган киши исмлари, лақаблар ва тахаллуслардан ўринли фойдаланишга интилади.
Ёзувчи “Темур Малик” романи устида ўн йил меҳнат қилган эди (1975-1985). 1985 йилда асар дастлаб “Шарқ юлдузи” журналида эълон қилинди, кейинчалик “Хўжанд қалъаси” номи билан алоҳида китоб ҳолида нашр этилганди. Ёзувчи бу асарни қайта ишлаб, унинг кейинги нашрларида асарни “Темур Малик” (“Хўжанд қалъаси”) номи билан нашр этишни маъқул кўрди. Бу асарга сўнгсўз ёзган, тарихчи олим Ҳ.Зиёев тўғри таъкидлаганидек, “романнинг Чингизхон истило қилган жойларда, хусусан, Ўтрорда, Хўжандда ва Урганчда қилган ёвузликларига бағишланган саҳифалари катта қизиқиш билан ўқилади”2.
“Темур Малик” арихий романи матнида бошқа лексик воситалар сингари лақаблар ҳам муҳим тасвирий аҳамият касб этган. Масалан, романдаги асли самарқандлик сардор Муҳаммад Интизом “Мехтар Бодиялдойи Самарқандий соний” лақабига эга (Т.м., 107). Ёзувчининг эслатишича, Мехтар Бодиялдойи Самарқандий соний - жангномалардаги афсонавий айғоқчиларнинг исмларидир (Т.м., 107). Шу билан бирга бу айғоқчилар сардорининг “Меҳтарбод”, “камак Кайёний”, “салтанатнинг ўткир ханжари” каби лақаблари ҳам бор: “- Мана ўқинг, азизим. Сиз на Меҳтарбод ва на Камак Кайёний экансиз!..” (Т.м., 294).
Асарнинг бош қаҳрамони Темур Малик “Фили Маҳмуд” лақабига эга: “Темур Малик ибн Маҳмуд – ўттиз ёшларга борган барваста, елкалари кенг, қўл-оёқлари узун, йўғон овозли киши... Баъзан кулгисинию қаҳрини юзидан аниқ сезиб бўлмас, шу сабабли ҳам уни “фили Маҳмуд” дердилар – эллик қадамча ердан тегирмон тошини елкада кўтариб келиб, чарх устига ўрнатиб берганидан ташқари, гап кўтатар, ҳар қандай нохуш хабар олдида сачраб кетмас, бўронларга қоядек чидамли эди, “Фили Маҳмуд” лақаби ҳам шундан бўлса керак” (Т.м., 5). Романда ана шу лақаб баъзан сўз ўйинига, аскияга асос бўлиб хизмат қилади:
“ - ...Сизга тенглашолмас эканмен. Бу оғир ходалар шернинг эмас, филнинг ҳам (“Фил” сўзи билан у Темур Маликка ишора қилди) юрагини ўйнатиб юборади.
- Филнинг ҳам бўладигани бўлди. Юринг, дарёда бир чўмилиб келамиз... (Т.м., 128-129).
Мўғуллар эса Темур Маликни “қора Ирвэс” - “қора Қоплон” лақаби билан юритишган: “Тунда қора “Ирвэс” пайдо бўлиб, посбонларни ечиниб ётган жойида қонга белаб, қилич билан чопиб, найза билан чанчиб... кетиши мўғулларнинг тинкасини қуритди. Улар тун бўйи ухламай “Ирвэс”ни кутадиган, пойлаб чиқадиган бўлиб қолдилар” (Т.м., 300) кабилар.
Асарда айрим хотин-қизлар ҳам ўз лақабларига эга. Бу жиҳатдан Хоразмшоҳнинг онаси – Туркон хотун образи характерлидир. У ўта маккор, ўғли – Хоразмшоҳнинг ишига ҳам бўлар-бўлмасга аралашаверадиган аёл бўлиб, асарда у “Худованди Жаҳон”, “Қари тулки”, “Буюк энамиз” лақаблари билан ҳам юритилади: “Султоннинг инъомига сазовор бўлиш ва буни султон ўз қўли билан топшириши - катта воқеа. Хўжандлик Маҳмуд Малик ўғли Темурнинг салтанатга садоқати кейинчалик Хўжандга ҳоким этиб тайинланишига асос бўлган эди. Бу девқомат йигитнинг “Худованди Жаҳон” – Туркон хотунга итоаткорлиги, унга доимо қўли кўксида, саломини канда қилмаслиги, айниқса, ҳамиша бургутдай чақнаб туриши қаҳри қаттиқ Туркон хотуннинг диққатини ҳам жалб этган эди” (Т.м., 43); “...Худованди жаҳон – Туркон хотун энамизни “Қари тулки” атамишлар... Хўжанд қалъасини мустаҳкам таъмирлашдан мақсад Хоразмшоҳга қарши туриш эмиш” (Т.м., 76); “...Шаҳзодадан яширманг, менинг “қисматим”дан хабардор. Зинҳор-базинҳор буюк Энамиз мақсадингиздан воқиф бўлмасун...” (Т.м., 78) кабилар.
Романнинг бир ўрнида Туркон хотуннинг Хоразмшоҳлар давлатидаги улуғлиги раққоса Нигина бегимнинг ҳатти-ҳаракати билан қиёсланади: “Аёллар ўртасида ҳам “Улуғликда Туркон бўл, эр бағрида Нигинайи жаҳон бўл...” деган гап ҳам юрарди” (Т.м., 58).
Романда салбий мазмунли лақабга эга бўлган аёллардан бири Бинафша бекадир. Темур Маликнинг хотини Ойчечакнинг канизаги бўлган бу хотин “Қора қанжиқ” – “Олақанжиқ”, “кўрпа тагидаги илон” лақабига эга: “Бинафша бека ҳам Гурганждан Ойчечак билан бирга келган, бу энаганинг ҳам Туркон хотунга алоқадорлигини Темур Малик аллақачон сезган. У ҳамма нарсани кавлаштириб, ҳамма гапга бурнини тиқарди. Шунинг учун бўлса керак, Темур Малик билан Шоҳмурод Кўҳистоний уни “Қора қанжиқ” деб аташарди ўзаро. Темур Малик... Бинафша бека кўрпа тагидаги илон эканини унутмасди. Чунки салтанат шаънига тегадиган ҳар бир гап Гурганжга етиб бориши, “Қора қанжиқ”нинг шаҳарда одамлари борлиги Муҳаммад Интизом орқали унга ҳам маълум эди” (Т.м., 75); “Баланд айвон зинасида рўпара келган мўғул қоровули ичкарига кириб, Бинафша бекани бошлаб чиқди. “Олақанжиқ” оқсоқолдан бола топилганини эшитиб, хурсанд бўлганидан йиғлаб юборди” (Т.м., 314) кабилар.
Романда “ҳамма жойда ҳозиру нозир” бозор оқсоқоли Аҳмад ибн Моразнинг лақаби “аёс” эди: “Иттифоқо, шу пайт бозор ёнидан ўтишда ҳамма нарсадан хабардор, ҳамма жойда ҳозиру нозир, лақаби “аёс” – бозор оқсоқоли Аҳмад ибн Мораз ҳам пайдо бўлиб, ҳаллослаб келиб Темур Маликка пешкаш чиқди” (Т.м., 10).
Асарда Темур исмли образлар ҳам иккита. Бири – Хўжанд ҳокими, моҳир саркарда Темур Малик бўлса, иккинчиси – хоин, қочоқ Темурдир. Унинг барваста қомати ва исми Темур эканлигига ишониб, Шоҳмурод Кўҳистоний бу барваста йигитни жангчилар сафига қўшади: “Девқомат бўлгани билан палағда тухумдан чиққанлиги... юрагимга шубҳа солган эди. Лаънатининг номи ҳам “Темур”. Шубҳам тўғри – у иблис бўлиб чиқди!” (Т.м., 240); “Ножинс, аттанг қочибди, лекин қўлимизга тушмай иложи йўқ! Мен бу хоиннинг Афросиёбдек қадду қоматига, муртига қарабману юрагига қарамабман. Кўзим кўр экан. Мен бир чаённи бағримизга олибман...” (Т.м., 240).
Романда мўғулларнинг саркардалари Сўқту нўён ва Улоқ нуён исмлари жуда кўп марта такрорланади, уларнинг ўзларига хос характерини, жиззакилик, тош бағирлик, ёвузлик, маккорлик, ишратпарастлик хусусиятларини очиш мақсадида ёзувчи уларнинг ҳар бирига мос мўғулча лақаблардан ҳам фойдаланади. Масалан, Сўқту нўённинг лақаби мўғулча “хулгана” (“сичқон”) бўлса, Улоқ нўённинг лақаби “чоно” (“қашқир”)дир: “Моварауннаҳр тупроғига ўтишда у Хўжанд, ундан то Ўшу Ўзгангача боришни синалган “цергийи” (ҳарбий бошлиқ)лари Сўқту нўён билан Улоқ нўёнларга топширди. Уларнинг катта ўттиз беш ёшда, лақаби “Хулгана” (сичқон) эди. Юмалоқлиги, тишларининг ўткирлиги, питирлаб тез юриши сабабли шу лақабни олган бўлса керак. Иккинчиси ўттиз уч ёшда бўлиб, лақаби “Чоно” (қашқир), “Удирдагч” (йўлбошчи, яъни Чингизхон) бу икки нўёнга Удегей, Чиғатою Ботухондек эътимод қўйган...” (Т.м., 187) кабилар.
Таниқли ёзувчи Муҳаммад Алининг “Улуғ салтанат” тетралогиясининг учинчи китоби - “Мироншоҳ Мирзо” тарихий романида ҳам айрим антропонимларнинг этимологияси, халқ орасида шундай номланишнинг сабаблари очиб берилган. Масалан, Амир Темур ўзининг севимли набираси Улуғбекка ўз отаси Муҳаммад Тарағай номини беради, шундай улуғ номнинг авлодлари орасидан ўчиб кетмаслиги учун шу номни танлаганини, “Улуғбек” эса унинг лақаби эканини Соҳибқироннинг қуйидаги сўзларидан билиб олиш мумкин:
“...Набирамизни эски удумларга кўра, отамизнинг исмлари бирлан атағоймиз! Токи ул зот руҳлари шод бўлсун, ҳар лаҳза, ҳар он ёдланиб турсунлар! Бас, унинг номи Муҳаммад Тарағайдур!
-Бироқ уни чорлағонда табаррук исмни улуғлаб, уринтирмаслик лозим, шу сабабдан лақабини “Улуғбек” деб танладук. Оллоҳ таоло анга улуғлик, буюк мартаба ато этсун!” (У.с., Ш, 287)3.
Ёки Амир Темурнинг содиқ дўсти Жаҳоншоҳ ибн Жоку ягона қизига Соғинч бика деб исм қўяди. Бунинг сабаби отанинг қуйидаги ички нутқи, ўй-кечинмалари орқали очиб берилган: “Демак, Соғинч бика жинларга учрамаган... Эҳ, Соғинч, Соғинч! Қайданам сенга шу исмни қўйғон эканмен! Мана энди, соғинтириб кетдинг!...” – деб ўйлади хориб-эзилган ота” (У.с., Ш, 266).
Асардаги довюрак, баҳодир йигитлардан бири Аҳий Жаббордир. Шу исм олдидан келтирилган “аҳий” сўзига ҳам асарда Айбож ўғлон сўроғига кўра қуйидагича изоҳ берилади:
“- Ёнаяпман, жигарим сув бўлиб оқяпти, оҳ... – мунгсиради оташнок Айбож ўғлон. – Баҳодир жаноблари... Майлими, сўрасам? Агар... энди-да... оҳ... агар, борди-ю... ўз ичимингизни менга илинсангиз, тирик қолишим аниқ, йўқ эса ўламен... Қулоғимга тушмиш эрдиким, битта ноннинг ярмини муҳтожга берганни сахий дерлар. Ўзи оч-у нонни ҳаммасини мухтожга берганни аҳий деб улуғлайдурлар... Сиз аҳийсиз, аҳий, Ахий Жаббор Баҳодир... Жавонмардлардан эканлигингиз ҳақида эшитғонмен...” (У.с., Ш, 259).
Асардаги персонажларга исм танлашда ёзувчининг яна бир маҳорати шунда кўринадики, Соғинч бика ўзи заифа бўлса-да, мард, жасур қиз, у ёшлигидан йигитлардек жанг қилишни, от минишни машқ қилган. Шу сабабли ўзига йигитча исм – Арғуншоҳни танлаб, севгилиси Муҳаммад Султонни излаб Самарқанддан чиқиб кетади, унинг қўшинига бориб қўшилади. Ўзини сипоҳи йигитлардай тутиб, ўз муҳаббати учун курашади. Буни Соғинч бика (Арғуншоҳ)нинг Муҳаммад Султонга йўллаган мактубидан ҳам сезиш мумкин: “Бас... Мактуб битаётғон кимса... Арғуншоҳ, зукко ва ақлли йигит, сипоҳ... Аслида Арғуншоҳ эрмас, йўқ, йўқ, сизнинг суйғонингиз... шундай дея олурменму, авф этғойсиз... бир бечора, шўрлик, ўксиз, афтода, нотавонлар нотавони Соғинч бикадур...” (Ў.с., Ш, 337).
Асарда айрим персонажлар хатти-ҳаракати билан боғлиқ ҳолда уларга исмига алоқадор кинояли лақаблар ҳам тўқилган. Бу эса романнинг таъсирчанлигини, образлилигини оширишга хизмат қилади. Масалан, Соғинч биканинг эркакшода характери туфайли уни дугоналари “Авбош бика” деб чақиришади. Аслида “авбош” эскирган форсча-тожикча сўз бўлиб, “безори, бадкирдор, саёқ” маъноларини билдиради (ЎТИЛ-5, 1, 29): “- Вой, Соғинч ўлгур, роса ҳаммамизни қўрқитиб юбординг-ку! Қаёққа йўқолдинг? Шундан гапир! Биров Зарафшонга тушиб кетди дейди, яна қочиб кетди дейишадими-эй... Авбош бика деганлари ҳам бежиз эмас экан-да” (У.с., Ш, 357). Қизнинг отаси ҳам уни ана шу хусусиятидан келиб чиқиб, “авбош қиз” дейди: “...Орқаваротдан Арғуншоҳ деган йигитни суриштирди, унинг Самарқандга жўнаб кетганини билди. Демак, “авбош” қизи энди Самарқандда экан...” (У.с., Ш, 329). Канизак Сарвиноз ҳам йўқолган Соғинч биканинг топилгани ҳақида қизнинг отаси Жахоншоҳ ибн Жокуга ёзган хатида яна қизнинг “авбош”лигини эслатади: “...Оллоҳнинг инояти бирлан, “авбош” Соғинч бика қизимиз, худога шукур, соғ-саломат уйимизга қайтиб келди!...” (У.с., Ш, 329).
Соғинч бика эса қадрдон дугоналари Зубайдабонуни “войвойхон”, Билқис бегимни эса “думбоққина” лақаблари билан “сийлайди”: “Илоё, жондай дугоналарим войвойхон Зубайдабону бирлан думбоққина Билқис бегимларга қўчқордай куёвлар ато этсин...” (У.с., Ш, 357).
Мироншоҳ Мирзо айш-ишратга берилиб кетгани учун ўз атрофидагиларнинг барчасига турли хил лақаблар қўйиб олган эди. Масалан, Абдулмўмин Гўянда яхши рақсга тушгани учун даврдагилар унга “Сарвиноз” деб лақаб қўйган эдилар: “- Сарвиноз! – амр этди хийла тўлишиб қолган Мироншоҳ Мирзо ҳаллослаб сўрига яқинлашар экан. – Ўйинга-а-а!..
Қийқириқ кўтарилди.
“Сарвиноз” – Абдулмўмин Гўянданинг даврадаги лақаби. У ўйинни қийворгани, қизлардай эшилиб рақс туша олгани учун шундай лақаб олган. Надимларнинг барчасида лақаб бор, чунончи, Хожа Мароғийни “Ўйинчи”, Мавлоно Кўҳистонийни “Раққос”, Ардашер Чангийни “Жилвагар”, Қутбиддин Нойийни “Шўхий”, Ҳабиб Удийни “Нозича” деб атардилар” (У.с., Ш, 390).
Соҳибқирон Амир Темурнинг қизи Султон Бахт бегим эса оилавий ҳаётда нотинчлиги, эри темурийлар давлатига хоинлик қилгани учун ўзини Султон Бадбахт бегим деб ҳисобларди. Буни Султон Бахт бегимнинг ички кечинмалари, ўй-хаёллари тасвири берилган қуйидаги матн ҳам яққол тасдиқлайди: “Сен-чи, Бахт? – сўради ўзидан ўзи алам гирдобида... – Худо шоҳид, ичингда Амир Шоҳмалик жанобларини севардинг. Ҳа, севардинг, аммо севгинг учун курашдинг-му?.. Агар курашганингда, анови ер юткур малъун телбанинг қўлида эзилган гулдек хор бўлмасдинг-ку?.. Энди Султон Бадбахт бегимга айланиб ўлтирибсен!...” (У.с., Ш, 370).
Шундай қилиб, бадиий матнларда, жумладан, ёзувчи Мирмуҳсиннинг “Темур Малик” ва Муҳаммад Алининг “Мироншоҳ Мирзо” тарихий романларида лақаблар асарда тасвирланган тарихий давр – мўғул босқинчиларига қарши кураш, темурийлар давлатини мустаҳкамлаш даври ҳақида китобхонларга аниқ тасаввур бериш учун хизмат қилади. Ўзбек бадиий матнида лақабларнинг функционал-услубий хусусиятлари эса махсус кузатишлар талаб қиладиган алоҳида муаммо саналади. Номшунос олимларнинг таъкидлашларига кўра, “ўзбек тарихий номшунослигининг долзарб муаммолари орасида лақаб ва тахаллусларни ўрганиш иши алоҳида ўрин тутади. Чунки қадимги даврларга борганимиз сари номлар ва лақаблар орасида фарқ камая боради ва умуман лақабларнинг номдаш воситаси сифатидаги роли орта боради. Умуман лақаб ва тахаллусларни фақатгина номинатив (номлаш) воситаси сифатида ўрганиш етмайди, балки уларни бадиий-услубий восита тарзида тадқиқ қилиш ҳам муҳимдир. Бундай кузатувларда исм, лақаб ва тахаллуслар орасидаги атоқли отларга хос умумийлик ва ўзаро фарқларни очиб бериш алоҳида аҳамиятга эгадир”.
Назорат саволлари:
1. Ўзбек тилида антропонимлар ва уларнинг таснифий белгилари.
2. Исмлар, тахаллуслар ва лақабларнинг ўзаро муносабати, уларнинг антропонимлар тизимида тутган ўрни.
3. Антропонимларнинг бадиий матнда вўлланиш хусусиятларини ўрганишнинг аҳамияти.
4. Ўзбек ономопоэтикаси ва унинг асосий муаммолари.
5. Бадиий матнда (“Темур Малик”, “Мироншоҳ Мирзо” тарихий романларида) лақабларнинг функционал-услубий хусусиятлари.
15-маъруза
“МАТН ТИЛШУНОСЛИГИ” ФАНИДА НУТҚ
ДЕРИВАЦИЯСИ МУАММОЛАРИНИ ЎРГАНИШ
Достарыңызбен бөлісу: |