ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ
Тошкент давлат Шарқшунослик институти
“Хорижий мамлакатлар тарихи” кафедраси
УМУМИЙ ТАРИХ.
ҚАДИМГИ ДАВР.
Тошкент – 2009
1 боб. Қадимги Миср
1. Қадимги Миср манбашунослиги ва тарихнавислиги
Қадимги Миср тарихи, маданияти, турмуш шароити, ижтимоий - иқтисодий ва сиёсий ҳаётини ўрганишда антик муаллифларнинг тарихий асарлари, археологик қазилмалар, миср ёзма ёдгорликлари, тошлардаги битиклар, моддий – маданий ёдгорликлар ва бошқа манбалар муҳим аҳамиятга эга.
Қадимги Миср тарихига оид манбаларни асосан тўрт гуруҳга бўлиш мумкин:
1. Антик муаллифларнинг тарихий асарлари
2. Археологик қазилмалар.
3. Миср ёзма ёдгорликлари.
4. Моддий маданият ёдгорликлари.
Антик муаллифларнинг, хусусан Юнон ва Рим тарихчиларининг асарларида қадимги Миср тарихи, маданияти, халқ турмуши, унинг урф – одатлари, диний ақидалари ва анъаналарига доир кўплаб қимматли маълумотларни учратиш мумкин.
Аммо бу маълумотларга танқидий назар билан қараш лозим. Чунки антик муаллифлар ўз асарларида Миср ҳақида эшитганлари, ўқиганлари, кўрган - билганларини ёзишган. Бундай вазиятда улар томонидан баён қилинган баъзи бир воқеа – ҳодисалар, маълумотлар, фактлар ўша даврдаги мавжуд аҳволга, шароитга маълум даражада мос келмаслиги аниқ. Бу табиий хол.
Милоддан аввалги VII асрда Юнон савдогарлари, колонистлари, ёлланма кишилар турли йўллар билан Мисрга келишади. Улар Нил дарёсининг дельтасида (Нил дарёсининг қуйи ўзанларида) жамоа-жамоа бўлиб жойлашадилар. Айни вақтда XXVI сулолалар даврида ҳукмронлик қилган Миср фиръавнлари Миср қўшинига кўплаб юнонларни жалб қиларди, бундан ташқари Юнонистон ва Миср ўртасидаги савдо алоқалари кенг ривожлана бошлади. Юқорида айтилганидек кўплаб юнон савдогарлари Мисрга келишади. Савдо алоқаларининг ривожланиши Мисрда юнон колонияларини вужудга келишига ёрдам берди.
Қадимги юнон файласуф ва сиёсий арбоблари - Фалес, Анаксимандр, Пифагор, Солон ва бошқалар Миср халқининг қадимий тарихи, маданияти, илм-фанда эришган ютуқлари билан яқиндан танишиш мақсадида Миср бўйлаб саёҳат қилишади. Шунинг учун ҳам юнон тарихчилари ва географларининг асарларида Қадимги Миср тарихига оид кўплаб қизиқ маълумотларни учратиш мумкин.
Юнон тарихчиси Геродот асарларида қадимги Миср тарихи ва маданияти ҳақидаги ёзилган очеркларни кўплаб учратиш мумкин. Милоддан аввалги V асрда Геродот бутун Миср бўйлаб айланиб чиқди. У ўз саёҳати давомида кўрганлари, билганлари ҳамда эшитганлари асосида қадимги Мисрга бағишлаб йирик тарихий асар ёзди.Тўғри, Геродот қадимги Миср тилини билмасди, шунинг учун у баъзида Миср ҳақидаги маълумотларни саводи етук бўлмаган, маълумоти кам бўлган шахслардан олишга мажбур эди. Лекин шунга қарамасдан, тарихий адабиётнинг истеъдодли соҳиби бўлган Геродот қадимги Миср тарихи тўғрисида жозибали, ёрқин, кенг панорамали, қизиқишга молик тарихий асар яратишга эришган.
Геродот асарида келтирилган маълумотлар, воқеалар қадимги Миср манбаларида хам ўз тасдиғини топган. Қадимги Миср тарихи ва маданиятини тўлиқроқ ёритиш мақсадида, Геродот Миср водийларининг табиий шароити, Нил дарёсининг дельтаси,
қадимги мисрликларнинг урф-одатлари, диний қарашлари, динга ишонишлари ҳақида батафсил ёзади. Геродот ўз асарида Мисрнинг ижтимоий тузуми, ҳаёти хўжалиги тўғрисида қимматли маълумотлар келтиради.
Геродот Нил дарёсининг тошиши, унинг қадимги Мисрдаги деҳқончилик ривожига кўрсатган таъсири, айниқса мисрликларнинг дини, диний ақидалари хусусида ҳамда коҳинларнинг роли, уларнинг мақомлари тўғрисида батафсил ёзади. Муаллиф Миср маданияти ҳақида фикр юритиб ушбу маданият бир неча минг йилликлар давомида мустақил ривожланганлиги ва юнон маданиятига таъсир қилганлигини ҳам айтиб ўтади. Қадимги мисрликларнинг муқаддас ҳайвонлар, жумладан, ит, мушук, ҳатто тимсоҳларга эътиқод қилиши, уларга топиниши тўғрисидаги қизиқарли маълумотлар ҳам Юнон тарихчиси Геродот назаридан четда қолмаган.
Геродот Мисрнинг сиёсий тарихига алоҳида эътибор қаратади. У ўз асарида қадимги Миср давлатининг асосчиси Мин ҳақида бирмунча батафсил маълумот келтиради. IV сулола фиръавнлари томонидан барпо этилган пирамида қурилишлари, бу қурилишларда кўплаб одамларнинг жалб этилганликларини мароқ билан ёзган. Геродот Миср тарихининг милоддан аввалги VII - VI асрларда юз берган воқеаларини батафсил ва ишонарли тасвирлайди.
Қадимги Миср тарихини ўрганган антик муаллифлардан яна бири Диодордир. Диодор милоддан аввалги I асрда яшаган. У Мисрга Геродотдан сўнг тахминан 400 йил кейин борган бўлиб, Геродот каби қадимги Миср маданиятига доир бой ва қимматли маълумот тўплай олмаган. Шу билан бирга Диодор ўзининг кенг қамровли умумий тарихини ёзишда жуда кўп юнон тарихчилари, жумладан Гекатей Абдерский, Агатархидларнинг асарларидан кенг фойдаланган.
Диодор фойдаланган тарихий асарлар маълум даражада бизгача сақланиб қолмаган. Диодор ҳам Мисрнинг табиий шароитини муфассал баён қилади. Айниқса, у фиръавн Нехонинг Нил дарёсининг Шарқий йўналиши билан Қизил денгизни бирлаштириш мақсадида канал қуришга уринганлиги ҳақида ёзади. Бироқ Диодор қадимги Миср қонунчилиги, маъмурий бошқарув тизими ва унинг хусусиятлари ҳақида сўзлаб, деспотик давлат тузумини кўкларга кўтаради. Диодор қадимги Миср қонунлари ҳақида юксак фикрда бўлганлиги маълум. Умуман олганда, Диодор қадимги Миср маданиятига юксак баҳо бериб, унинг антик дунёга жиддий таъсир кўрсатганлигидан гувоҳлик беради.
Миср тарихининг эронликлар (форслар) ҳукмронлик қилган даври Диодорда катта қизиқиш уйғотади. Диодор Нубия олтин конларида меҳнат қилаётган жиноятчилар қай даражада эксплуатация қилинганликларини жуда муфассал, аниқ, ишончли далиллар асосида таърифлайди. Унинг айтишича, занжирбанд одамлар кечаю - кундуз оғир меҳнат билан банд. Улар ҳатто қочиб кетиш умидидан ҳам маҳрум эдилар, чунки улар чет эллик аскарлар назоратида турардилар.
Кўзга кўринган тарихнавис Страбоннинг география, айниқса тарихий географияга бағишланган асарларидан ҳам қадимги Мисрга оид кўплаб маълумотлар олиш мумкин. Страбон ўзидан аввал яшаб ўтган муаллифларнинг асарларидан кенг фойдаланган ҳолда Нил дарёси ҳақида батафсил ахборот беради. У Мисрдаги табиий ва сунъий суғориш тизими, бу ернинг ўсимликлар ва ҳайвонот дунёси, табиий шароитлари тўғрисида муфассал ёзади. У Фаюм воҳасини сув билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган каналлар, тўғонлар, сув тақсимлайдиган қурилмалар ҳақида, шу билан бирга Страбон Мисрда виночилик, ўсимлик мойини тайёрлаш усуллари тўғрисида айтиб ўтади.
Страбоннинг Миср билан қўшни бўлган мамлакатлар, жумладан Эфиопияда яшаган қабилалар ҳақидаги берган маълумотлари ўта қимматлидир. Страбон ҳам Геродот ва Диодор каби, қадимги Миср маданиятининг Юнонистонга кўрсатган таъсирини алоҳида таъкидлаб ўтади. Страбоннинг айтишича, Юнонистоннинг Евдокс ва Платон (Афлотун) каби кўзга кўринган олим ва файласуфлари узоқ вақт Мисрда яшаганлар ва Миср коҳинларидан кўп нарсалар ўрганишган.
Қадимги Миср динини ўрганишга Херонеялик Плутарх улкан ҳисса қўшган. Плутарх (милодий 50 -125 йиллар)нинг “Изида ва Озирис” китобида Мисрда бутун антик дунёда кенг тарқалган худога ишониш ҳақидаги афсоналар ўз ифодасини топган. Ушбу китоб Плутархнинг бизгача етиб келган ягона тўлиқ китоби ҳисобланади. Унинг тарихий нуқтаи - назардан эътиборли томони шундаки, бу китоб кўплаб манбалар асосида ёзилган. Бироқ бу манбаларнинг маълум қисми сақланиб қолмаган.
Плутарх китобидаги маълумотлар Миср манбалари томонидан кўп жиҳатдан тасдиқланади. Масалан, Плутарх Миср манбаларига асосланган ҳолда Озирисни Нилга намлик, сув берган ва уни ўзида мужассамлаштирган Оллоҳдир дейди. Унинг сўзига кўра “донишманд коҳинлар Нилни нафақат Озирис, балки Тифон денгизи деб ҳам аташган”.
Қадимги Миср ҳақида ёзган антик муаллифлар ичида тарихчи Манефон (милоддан аввалги IV - III асрларда яшаган) алоҳида ўрин тутади. Манефон Мисрнинг биринчи руҳоний коҳини бўлиб, Птоломей 1, Сотера ва Птоломей II Филадельфа подшолиги даврида яшаб ўтган. Бу даврда Миср юнонларнинг кучли маданий таъсири остида бўлган. Манефон олий коҳин даражасига эга бўлганлиги сабабли, ибодатхона архивларидан, кутубхоналардан фойдаланган ҳолда, қадимги Миср манбаларидан фойдаланиш имкониятига эга эди. Ўз даврининг олий маълумотига эга бўлган Манефон Миср тарихини ёзишга киришади. Манефон асари тўлиқ ҳолда сақланмаган. Манефон асарининг қисқача конспекти ҳақида кейинги даврларда яшаган тарихчилар томонидан қолдирилган маълумотлар мавжуд.
Манефоннинг бу маълумотларида 30 та сулолалар даврида яшаган фиръавнлар ҳақида тарихий тусдаги қисқача хронологик саналар берилган. Шунга қарамай, фиръавнлар тўғрисидаги Манефон қаламига мансуб тарихий материаллар жуда катта аҳамиятга эга. Ана шу асарга асосланиб, Мисрнинг сиёсий тарихи ва воқеалар ривожини тиклаш мумкин. Манефоннинг бу асари антик муаллифлар ва илк христиан ёзувчилари ўртасида катта эътиборга эга бўлган эди.
Қадимги Миср тарихи, маданияти ва санъатини ўрганишда археологик қазилмалар беқиёс ўрин тутади. Маълумки, қадимги Миср маданияти антик цивилизациянинг тараққиётига кучли таъсир кўрсатди. Шунинг учун ҳам Европа олимлари ва сайёҳларида катта қизиқиш уйғотди. XVIII асрнинг ўрталарида Покок, Норден ва Брюс каби Европа олимлари Мисрга йўл олдилар. Улар Фива водийсидаги қадимий пирамида ёдгорликлари, подшолар қабрлари ҳақида ёзиб қолдиришди. Бироқ Ғарбий Европанинг илмий доиралари биринчи марта, Миср маданияти билан 1798 йилда Наполеон Бонапартнинг Мисрга экспедицияси туфайли озми - кўпми яқиндан танишиш имконига эга бўлишди.
Наполеон Бонапарт экспедицияси таркибида турли олимлар, археологлар бор эди. Ушбу экспедициянинг илмий натижаси сифатида Миср тарихига бағишланган 24 томдан иборат бўлган қадимги ибодатхона вайроналари, айрим предметлар (тош, суяк, ёғоч ва ҳ.к.) устига битилган ёзувлар нусхасини ўзида акс эттирган расмлар, жадваллар, қадимги Миср ёдгорликлари нашр этилди. Чоп этилган илмий ишлар Европа олимлари, мутахассислари ҳамда жамиятнинг ўқимишли табақалари ўртасида қадимги Миср тарихи ва маданиятига нисбатан катта қизиқиш уйғотади.
Баъзи олимлар қадимги Миср иероглифларини ўқишга киришишди. Ана шундай ташаббускор олимлардан бири истеъдодли француз филологи Франсуа Шампольон (1790-1832 й.) эди. У юнон, лотин тилларини яхши билар, копт тилини эгаллаган, араб тилида эркин сўзлашар ва ёзарди. 20 ёшида тил бўйича докторлик илмий даражасини олишга муяссар бўлган эди.
Ф. Шампольон Наполеон экспедицияси олимлари ишини давом эттириш мақсадида 1828 йилда Мисрга археологик экспедиция уюштирди. У Мисрда бир ярим йилча ишлаб, археологик қазилмалар ўтказди, турли қадимий ёзувлардан нусхалар кўчирди. Иқтидорли олимнинг жонкуяр меҳнати туфайли “Миср ва Нубиянинг ёдгорликлари” деб номланган қатор қимматли альбомлар яратилди. Бу альбомлар олимнинг вафотидан сўнг нашр этилди.
Археологик қазилмалар. XIX аср ўрталарида немис мисршунослари - Лепсиус ва Бручшем Мисрга йирик археологик тадқиқот экспедициясини уюштиришди. Экспедиция ходимлари нафақат Мисрни, балки унга туташ ва қўшни бўлган Сурия, Фаластин, Синай ярим ороли, Нубия ва Суданни ўрганиб чиқишди. Экспедиция жараёнида кўплаб қадимий ёдгорликлар тўпланди. Бу ёдгорликлар кейинчалик Берлинда Миср музейини ташкил қилишга асос бўлди. Археологик қазилмалар ва қидирувлар натижасида Лепсиус ”Миср ва Нубия ёдгорликлари” номи билан ноёб, монументал альбомларни нашр этди.
Ташаббускор, жасоратли олим Марриэт бутун ҳаётини Мисрдаги археологик тадқиқотларга бағишлади. У биринчи бўлиб Миср ҳудудида комплекс археологик қазилмаларни амалга оширишга киришади. Марриэт Мемфис яқинидаги муқаддас букалар - опислар мозорида, Саккарадаги қадимги подшолик давридаги қабрларда, Абидос ва Фивадаги XIX сулола даврига оид ибодатхоналар (эхромлар)да қазиш ишларини амалга оширди. Шунингдек, қадимги Миср пойтахтида археологик тадқиқотларни амалга оширди. Марриэт Мисрда қадимги қазилмалар бошқармасини ташкил қилишга, шунингдек Қоҳирада мисршунослик музейини тузишга ёрдам берди.
Шампольон ва Марриэтнинг археологик ишларини француз мисршуноси Гастон Масперо (1846 - 1916 йиллар) давом эттирди. У V - VI сулолалар даврида барпо этилган Саккара пирамидаларини синчиклаб ўрганиб чиқди. Пирамидалар ичидаги қабрлар устига битилган ғаройиб диний матнларни топди. Уларни “Саккара пирамидаларидаги ёзувлар” номи билан нашр этди.
Фива яқинидаги Дайр - ал - Бахрида жойлашган махфий ерларда Янги Подшолик давридаги машҳур фиръавнларнинг 30га яқин мўмиёланган жасадларини топди. Масперо Мисрнинг турли қисмларида кўплаб археологик қазилма ишларини амалга оширди ва Мисрдаги қадимий ёдгорликларни ўрганиш, нашр этиш ва уларни муҳофаза қилиш ишларини ташкил қилди. XIX аср охирида “Мисрни тадқиқ қилиш фонди” ташкил бўлди.
Ўша вақтларда Мисрда анча йирик археологик қазилмаларни де Морган амалга оширди. У архаик даври ёдгорликларини кашф этди. Сўнг Невилл исмли олим Малика Хатшепсут ибодатхонасини синчиклаб ўрганди.
Инглиз қадимшуноси Флиндерс Петри ҳам бутун умрини (1853-1942 йй.) археологик изланишларга бағишлади. У Мисрнинг турли нуқталарида йирик қазилмаларни мувафаққиятли амалга оширди. Петрининг қазилма ишлари туфайли фан моддий маданиятнинг жуда кўп қимматбаҳо ёдгорликларига эга бўлди.
XX асрга келиб Мисрда олиб борилган археологик қазиш ишлари илмий ва археологик усуллар асосида амалга ошириладиган бўлиб, бирмунча системали тус олди. Мисрнинг турли мавзеларида археология қазилмалари билан шуғулланган археологлар орасида мамлакатнинг йирик музейлари ходимлари, мисрлик ёш олимлар, коптлар ва араблар бор эди. Улар Мисрда маҳаллий мисршунослик мактабига асос солдилар. Америкалик мисршунос Рейснер эса Хуфу пирамидаси атрофида жойлашган қабрларни ўрганиб, шу жумладан қадимги Миср подшолиги даврида яшаган аёл подшо қабрини ҳам тадқиқ этди. Англия ва Франция археологлари Ферт, Генн, Лауэр ва бошқалар томонидан Саккарада йирик археологик қазилмалар ўтказилиб, Жоссердаги зинапояли пирамида атрофида жойлашган йирик меъморлик мажмуаси ўрганилди.
Ал - Амарнада ўтказилган қазилмалар натижасида фиръавн Эхнатоннинг пойтахти - “Атон уфқи” шаҳри харобалари аниқланди. Бу шаҳар гўзаллиги, бой саройлари, ибодатхоналари, хизматкорлар яшайдиган ҳовлилар, боғлари, кўчалари, чиройли бинолари билан бағоят гўзал манзарани касб этарди.
Фиръавн Тутанхамон (XVIII сулола) қабрининг очилиши археология фанида улкан шов-шувга сабаб бўлди. Археологлар Картер ва Карнарвон ушбу қабрнинг тўртта хонасидан жуда бой бўлган Миср саройини, шунингдек қўл тегмаган, мўмиёланган Миср фиръавни жасадини топишди. Жасад олтин ниқоб, кўплаб қимматбаҳо зеб - зийнатлар, тумор ва бошқа нарсалар билан безатилган эди. Мисрнинг қадимги пойтахти Фивада Амон худоси шаънига атаб қурилган улкан ибодатхона вайроналари диққат билан ўрганилди. Айниқса америка археологлари томонидан Мадинат - Абудаги Рамзес III саройи, ибодатхона вайроналари чуқур ўрганиб чиқилди. Бу ерда топилган жуда бой меъморий ва эпиграфик материаллар Мисрнинг ўтмишини ўрганишда катта аҳамиятга эга бўлди.
Шундай қилиб, юз йилдан зиёд вақт ичида ўтказилган археологик қазилмалар натижасида кўплаб моддий маданият материаллари, хилма - хил ёзувлар, санъат асарлари, дин ва унга оид буюмлар ва уларнинг ўрганилиши қадимги Миср тарихи ва маданиятининг ёрқин томонларини очиб бериб, шунингдек, илмий мисршуносликнинг янада ривожланишига катта туртки бўлди.
Миср ёзувларининг кашф этилиши. Қадимги Миср тарихини ўрганишда Миср ёзувларини ўқиш, ўрганиш, улар «калитининг» топилиши муҳим аҳамият касб этади. Мисрнинг қадимги ёзувларини, тилини ўрганиш, уларни тадқиқ қилиш ва илмий муомалага киритиш ниҳоят мушкул ва мураккаб иш эди.
Антик муаллифлар Мисрнинг қадимги ёзувларига оид асарларида бу ёзувларни ифодалаган белгиларга ортиқча урғу бериб юборганлар. Уларнинг сўзларига кўра, айрим миср иероглифлари бутун бошлиқ сўзни, ҳатто диний - фалсафий тушунчани англатган. Миср ёзувларини ўрганган кейинги мисршунослар ҳам антик ёзувчиларининг нотўғри фикр - мулоҳазаларига таяниб, улар йўл қўйган хатоларни такрорлашган. Масалан, XVII асрда Кирхер қатор илмий асарлар яратиб, ўз асарларида қадимги Миср ёзувлари маъносини нотўғри изоҳлайди. Ушбу ёзувлардаги ҳар бир белги бутун сўз ёки тушунчани билдиради деб тушунтиради. Унинг хизмати шундаки, Кирхер копт тилини қадимги Миср тилининг авлоди деб тўғри эътироф этган. Кейинчалик Томас Юнг Миср ёзувида фонетик белгилар борлигини аниқлаб, ҳатто бир нечта номларни аниқлашга ҳам эришди.
Миср иероглифлари сирининг узил-кесил очилиши француз олими Франсуа Шампольон номи билан узвий боғлиқ. Наполеон Бонапартнинг Мисрга қилган экспедициясида иштирок этган аскарлар кунлардан бир кун чуқур қазиб туриб тошга дуч келишди. Улар тошни хазина солинган сандиқ бўлса керак деб ўйладилар. Бироқ сандиқ ўрнига тош плита чиқди. Шунда аскарлар плитанинг пастки қисмига иероглиф шаклида ёзилган матнга эътибор берадилар. Олимлар плитанинг қуйи қисмида битилган ёзувларни осонликча ўқишди. Матннинг бир қисми юнон тилида ёзилган эди. Бу плита қўйилган ерга нисбат берилиб “Розетт тоши” деб аталган. Розетт тошига ўйиб ёзилган ёзув милоддан аввалги 203 йилда тахтга ўтирган Птоломей V нинг шаънига ёзилган эди.
1808 йили Шампольон Розетт тошига битилган ёзувни ўқишга киришди. Узоқ машаққатлар, изланишлардан сўнг 1822 йили 17 сентябрда Париж Фанлар Академияси мажлисида “Розетт тоши” ёзувлари ҳақида илмий маъруза қилди. Бу мажлисда Европанинг турли мамлакатларидан олимлари ҳам ташриф буюришди. Бу сана янги мисршунослик фани вужудга келган сана сифатида тарихга кирди. Шампольон қадимги Миср тили грамматикаси ва луғатини тиклашга кўп ҳаракат қилди, бироқ улгурмади. Олим Мисрдан қайтиб келганидан сўнг кўп вақт ўтмай вафот этди. Шампольоннинг илмий ишлари унинг вафотидан сўнг чоп этилди.
Қадимги Миср тарихини ўрганишда ёзма ёдгорликлар ўта муҳим аҳамиятга эга. Қадимги ёзувлар фил суякларидан тайёрланган плиталар, ликопчалар, қора дарахтдан ясалган тахтачаларда, лойдан ишланган турли жадваллар, қабртошлар, ҳамда муҳрларда сақланиб қолган. Шу каби ёзувлардан энг муҳими бу фиръавн Нармернинг ғалабасига бағишланиб битилган ёзувлардир. Муҳрлар ва қабртошларда битилган ёзувларда амалдорларнинг номлари, унвонлари қайд этилганки, уларга асосланиб олим Мисрда ана шу даврда мавжуд бўлган бюрократик бошқарув тизимини кўз олдига келтириши мумкин.
Мисрнинг тарихий хронологиясини аниқлашда «Турин подшо папируси» номини олган ёзма манба катта аҳамиятга эга. Чунки бунда XVIII сулолаларгача бўлган даврларда фиръавнларнинг ҳукмронлик вақти аниқ йили, ойи ва кунларига қадар кўрсатилган. Аммо, афсуски, бу папирус яхши сақланмаган. У елимлаб ёпиштирилган 164 парчаланган папирус бўлакларидан иборат. Шунинг учун бу ёзма ёдгорликни ўқиш анча мураккаб. Унда кўплаб сўзлар, лавҳалар тушиб қолган.
Мисрнинг янги подшолик даврини ўзида акс эттирган солнома ва тарихий матнлар ибодатхона деворларига ўйиб ёзилган. Қадимги Миср подшолиги даврини акс эттирган “Палерм тоши” деб аталган солнома “Аморин” архивида сақланган бўлиб, лойдан ясалган жадвал ана шулардан ҳисобланади. Тарихий солномаларда Миср қўшинининг зафарли юришлари, урушлари, душманнинг яксон этилиши, қуршаб олиниши каби воқеалар битилган. Ёзма ёдгорликларда келтирилган маълумотларга ҳамма вақт ҳам ишониб бўлмайди. Чунки кейинги давр подшолари ўзларини улуғлаш, ғолиблигини кўкларга кўтариш мақсадида илгариги ўтган подшоларга бағишланиб ёзилган солномалардан нусха кўчириб олган ҳоллар ҳам бўлган.
Миср ҳукуматининг XVIII сулола давридаги муваффақиятли ташқи сиёсати Миср пойтахти Ахетатон давлат архивидан топилган миххат ҳужжатларида ўз аксини топган. Тарихдан Ахетатон архиви фиръавн Эхнатон томонидан барпо қилинганлиги маълум.
Бу ҳужжатларда Миср фиръавнларининг Олд Осиё давлатлари подшолари Сурия, Фаластин ҳукмдорлари билан олиб борган дипломатик алоқаларига оид матнлар акс эттирилган.
Мисрнинг XIX сулола даври дипломатияси тарихини ўрганишда Рамзес II нинг Хетт давлати подшоси Хаттушил билан тузган сулҳ шартномаси жиддий аҳамиятга молик.
Қадимги Мисрнинг ички ижтимоий – иқтисодий ва сиёсий ҳаёти, ибодатхоналари аҳволини ўрганишда қадимги Миср фиръавнлари томонидан берилган фармонлар, кўрсатмалар, суд жараёнларини ифода этган баённомалар, ҳужжатлар, коҳинларнинг ўзаро шахсий ёзишмалари, йирик давлат амалдорларининг таржимаи ҳоллари, подшоларнинг зодагонларга ер берганлиги ҳақидаги ҳужжатлар муҳим аҳамият касб этади.
Янги подшолик даврида яшаган вазир Реҳмирнинг таржимаи ҳолида Мисрнинг хўжалик ҳаёти, маъмурий-бошқарув тизими ҳақида қимматли маълумотлар келтирилган. Ушбу ёзма ёдгорликда подшонинг ўз вазирига берган кўрсатмалари, унинг мажбуриятлари санаб ўтилган.
Шу билан бирга қадимги Миср тарихи, айниқса, маданиятини ўрганишда ҳужжатли манбаларнинг етишмаслиги туфайли замонавий тадқиқотчиларни адабий ва диний матнлардан фойдаланишларига ҳам тўғри келади. Бундай ҳолда улар диний таълимотлар, кўрсатмалар берилган ҳужжатлар, ёзма ёдгорликлар, диний тўпламлар, худо ва подшолар шаънига битилган мадҳиялар, маросимлар, афсоналар ва бошқа шу каби ёзма ёдгорликлар, ҳужжатлар ва адабий асарлардан кенг фойдаланишади.
Моддий маданият ёдгорликлари. Моддий маданият ёдгорликлари, санъат асарлари, диний маросимларга оид буюмлар тарихни ўрганишда қўшимча ёзма манба ҳисобланади. Марҳумни мўмиёлаш, уни турли-туман зеби-зийнат ашёлари, қурол - аслаҳалар, тумор, мунчоқ, тақинчоқлар, турли ҳайкалчалар билан дафн этиш одатлари, шунингдек, қабр деворларини марҳумнинг ҳаётлик давридаги саҳна кўринишлари билан безатиш кўплаб моддий маданият ёдгорликларини ҳамда қадимги мисрликлар санъати намуналарини сақлаб қолиш имконини берган. Ушбу ёдгорликлар ҳозирги кунгача яхши сақланган, чунки, одатда, қабристонлар ҳавоси қуруқ ва тоза бўлиб, шаҳар, қишлоқлар ва турар жойлардан анча четда, дашт жойларда жойлаштирилган. Юнонлар бундай қабристонларни “Некропол” (ўликлар шаҳри) деб атаганлар. Ўзбек халқининг истеъдодли шоири Чустий қабристонларни “Индамаслар шаҳри” деб атаб, бу тўғрида ажойиб шеърий асар ҳам битган.
Мисрнинг Гиза ва Саккар мавзеларида қадимий подшолик даврида барпо этилган подшолар пирамидаси яқинида жуда катта “Ўликлар шаҳри” топилган. Бу жойда подшоҳнинг кўплаб қариндош - уруғлари, хизматчилари ва амалдорларининг қабрлари бор эди. Коҳуна вайроналаридан Ўрта подшолик даврига оид кўпгина қурол - аслаҳа топилган. Ахетатонда эса уй жиҳозлари, ойна, кулолчилик устахоналари, ҳайкалтарошлик хоналари, омборлар, савдо бинолари, маиший буюмлар (болалар ўйинчоқлари, идишлар, пичоқлар, устаралар ва ҳ.к.) топилган. Топилган қурол - аслаҳалар, мис ва бронзадан ишланган асбоб - ускуналар, ашёлар ўша замон мис саноатини синчиклаб ўрганиш имконини беради. Синай ярим оролидаги мис конлари, Мисрнинг турли туманларидаги тош тарошлаш жойлари бу ерда тоғ ишлари техникаси ривожидан далолат беради.
Бағоят нафис ва дид билан ишланган қимматбаҳо зеби-зийнатлар, олтин-кумушдан тайёрланган шода маржонлар, узук ва билагузуклар, бой нақшлар билан безатилган мебеллар, ниҳоят нафис, мустаҳкам, ажойиб тўқилма матолар Мисрда ихтисослашган ҳунармандчилик тараққий этганидан далолат беради.
Мисрнинг жанубий чегараларида сақланиб қолган харобалар, қалъалардан топилган кўплаб қурол - аслаҳалар мамлакатда ҳарбий ишлар техникасини ҳамда қалъа қуриш механизмларини ўрганиш имконини беради. Айни вақтда ибодатхоналар, кўплаб мақбаралар, қабрлар, сарой харобалари, одамлар яшайдиган уйлар қадимги Мисрнинг ажойиб меъморчилигини муфассал ўрганиш имконини беради.
Мисршуносликнинг ривожланиши. Мисршуносликнинг ривожланишига Ғарб олимлари, чунончи немис олимлари Г.Бругш, Р.Лепсиус, француз олимлари Ф.Шампольон, Девериа, де- Руже ва Шаба, италиялик олим Розеллини, инглиз олими Берч катта ҳисса қўшди. Ғарб олимлари ўз диққатини, куч - ғайратларини асосан қадимги Миср ёзувлари ёдгорликларини ўрганиш ва нашр қилишга бағишладилар.
Лепсиус биринчи бўлиб Миср хронологиясини ўрганиш асосида Миср тарихини даврларга бўлиб чиқди. Унинг хизмати ҳам ана шунда. Бругш эса Миср тарихининг умумий тавсифини баён қилди. Шунингдек, у Миср тарихига оид қатор маълумотномалар, мисршунослик бўйича қўлланмалар ёзди. Француз олими Г.Масперо ҳам мисршунослик ривожига улкан ҳисса қўшди. У мисршуносликда тарих, филология ва археология илмларини бирга қўшиб олиб борди.
Масперо ўзининг “Классик Шарқ халқларининг қадимги тарихи” фундаментал асарида биринчи бўлиб қадимги Миср тарихи ва маданиятини ҳамда классик Шарқ халқлари, яъни Шимоли-шарқий Африка ва Олд Осиё халқлари тарихий тараққиётини кенг доирада узвий боғлиқ тарзда ўрганди. Масперо айниқса қадимги Миср маданияти, тили, санъати, динини чуқур тадқиқ этиб, унинг тараққиёт босқичларини аниқлаб берди.
XIX аср охири – XX аср бошларида Эрман ва Зете миср тили муаммосига бағишланган қатор илмий асарлар яратган бўлсалар, Эрман ва Ранки ушбу тилнинг беш томлик фундаментал асарини чоп этишди. Англиялик мисршунос А.Гарднер миср тили грамматикасини ишлаб чиқди.
Америка мисршуноси Д.Г.Брэстед XX аср бошларида маълум бўлган қарийб барча тарихий ҳужжатларнинг беш томлик таржимасини нашр қилди ва ана шу манбалар асосида қадимги Миср тарихини яратди. Бундан ташқари, Брэстед Қуёш мадҳиялари (фиръавн Эхнатон) га бағишланган йирик илмий ишларни, Ўрта подшолик даврига мансуб бўлган саркофаглар (тобутлар) матнларини нашрдан чиқарди.
Мисршунослик фанининг ривожида рус олимларининг хизмати ҳам катта бўлди. Рус мисршунослигига асос солган йирик олим, академик Б.А.Тураев (1868 - 1920 й.) кўплаб ҳужжатларга таяниб “Қадимги Шарқ тарихи”ни ёзди. Б.А.Тураев илмий фаолиятининг энг катта ютуғи шундаки, у бутун Шарқ оламини яхлит ягона маданий - тарихий жараён сифатида ўрганди. Олим ўзининг беқиёс билими, фанга содиқлиги, меҳр - муҳаббати туфайли мисршунослар мактабини яратишга муваффақ бўлди.
Мисршунослик фанига улкан ҳисса қўшган рус мутахассиси В.С. Голенищев (1856 - 1947 й.) Миср бўйлаб бир неча марта саёҳат қилди, бу ерда кўплаб археологик қазилмаларни амалга оширди, қадимги Мисрга оид кўплаб, қимматли коллекцияларни излаб топди. Бу коллекциялар кейинчалик Москва тасвирий санъати музейида қадимги Шарқ ёдгорликлари бўлимининг асосини ташкил қилди.
В.С.Голенищев қадимги Миср ёзувларига оид турли ёдгорликларни таржима қилиш, шарҳлаб бериш ва уларни нашр қилиш соҳасида жуда кўп меҳнат қилди.
1917-1934 йилларда мисршунос совет мутахассислари, асосан Собик Иттифоқ давлат музейларида сақланаётган қадимги Миср ёдгорликларини тўплаш, ўрганиш ва нашр қилиш билан шуғулланишган. Натижада Москва тасвирий санъат музейидаги ҳамда Ленинград Эрмитажида йиғилган коллекциялар Миср маданияти ва ёзувларининг улкан марказига айланди.
Кейинги йилларда мисршунослик фани ривожига йирик, кўзга кўринган мисршунос олимлар - В.В.Струве, В.И.Авдиев, Р.И.Рубинштейн, Д.Г.Редер, М.Э.Матье, И.М.Дьяконов ва бошқалар катта ҳисса қўшишди.
Достарыңызбен бөлісу: |