I.2. “Ҳужум” ҳаракатининг ташкил этилиш сабаблари ва унинг оқибатлари
Хотин-қизларга муносабат масаласи башарият тарихида доимо ўзига хос мураккаб ижтимоий муаммолардан бири бўлиб келган бўлса-да, собиқ Иттифоқ тузуми даврида ўзбек хотин-қизлари аҳволига муҳим ижтимоий масала сифатида қаралмади. Совет ҳукумати ва коммунистик партия ушбу ижтимоий-сиёсий масалани ўзининг сиёсий ва иқтисодий манфаатларидан келиб чиқиб, кескин ҳал қилиш йўлидан борди.
Ислом динига қарши кураш баҳонасида халқимизнинг қадимий урф-одатлари, маданияти, қадриятларига ҳужум бошланди. Хотин-қизларни “озодликка чиқариш” баҳонасида 1927 йилда республикада “Ҳужум” ҳаракати бошланди. Бу кампанияни ўтказиш учун 1926 йил декабрь ойида Ўрта Осиё республикалари ва хусусан Ўзбекистонда махсус комиссиялар тузилди5.
1927 йилга келиб, ўз сафида маҳаллий миллатлардан 25 минг аъзога эга бўлган Ўзбекистон компартиясига “Ҳужум” нинг ташкилотчиси бўлиш ва намуна кўрсатиш вазифаси юкланди6. “Ҳужум” шу қадар тус олдирилдики, ҳатто хотин қизлар юзини очиш бўйича Ўзбекистон ва Туркманистон республикалари ўртасида “социалистик мусобақа” ҳам ташкил қилинди. У тарихга “миллионлар шартномаси” номи билан кирган1.
20-йилларда республика, вилоят, туман ва қуйи совет ташкилотлари қошида ташкил этилган хотин-қизлар бўлимлари бу жабҳада, умуман олганда, тўғри ишларни амалга оширди. Фаоллар масалага дастлабки йилларда жуда эҳтиёткорлик билан ёндашдилар, ҳар бир хонадонга кириб, тушунтириш ишлари олиб бордилар, махсус хотин-қизлар клублари, артеллар, дўконлар ташкил этдилар2.
1925 йилда “Курашчан худосизлар Иттифоқи” ташкил топди. Мазкур даврда атеизм бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари янада кучайтирилиб, маърузачилар моддий рағбатлантирилди. Советлар ўз тарафдорлари сонини ва марказнинг итоаткор хизматкорларини кўпайтириш сингари сиёсий мақсадлардан келиб чиқиб, турли ғаразли мақсадлар яширинган режалар асосида ниқобланган сиёсатининг «айёрона» тадбирлари орқали фаолият олиб борди ва шу мақсадда турли қарор ҳамда кўрсатмалар қабул қилди3.
Ҳужум ҳаракати ва унинг салбий оқибатлари ҳақида ёзувчи Чингиз Айтматов шундай деган эди: “Афсуски, давлат томонидан ўтказилган “Ҳужум” кампанияси ўша даврнинг оғир хатоларидан бири эди, дейиш камлик қилади. Бу инсониятга қарши қаратилган жиноят эди. Устига-устак, илоҳий олам қурилмасига қарши йўналтирилган жиноят эди. Худонинг барқарорлигини инкор этган муртадлар худонинг вазифасини ўз зиммаларига оладилар ва “янги одам яратамиз” деб, даҳшатли ўйин бошладилар”4. Советлар барча қолоқликларнинг сабабини дин билан боғлашга ҳаракат қилишди. Ислом дини хотин-қизларнинг ижтимоий ҳаётда ва ишлаб чиқаришда қатнашишини ман этмаса-да, ислом динини тан олмаслик сиёсати олиб борилди. Бу эса, ўз навбатида маҳаллий аҳоли орасида совет ҳокимиятига қарши душманлик кайфиятини кучайтирди. Шунинг учун ҳам “...аёллар ўртасида динга қарши ташвиқотни кескин йўлга қўйиш, уларни ижтимоий меҳнатдан четлаштириб юбориши” мумкинлиги туфайли советлар томонидан “кўпхотинлик ва қалин олиниши диннинг айби” қилиб кўрсатилди5.
Собиқ Иттифоқ даврида «аёлларга эркаклар билан тенг ҳуқуқ берилиши” муносабати билан аёлларнинг жамоат ишларидаги иштироки ортиб борди. Улар жамиятда, жамоатчилик ишларида эркаклар билан тенг иштирок этиши билан бир вақтда уларнинг оиладаги анъанавий, этник ҳолатлари: аёллик, оналик мавқеи, оилавий роллар тақсимотида улар зиммасига тушадиган ишлар миқдорининг кўплиги сақланиб қолаверди.
1927 йил 8 март куни Ўзбекистонда бўлган юзлаб митингларда қатнашган хотин-қизлар ўз паранжиларини ташладилар6. Лекин бу ижтимоий-сиёсий тадбирни ўтказишда ўша даврда мавжуд бўлган ижтимоий аҳвол, миллий-маънавий дунёқараш, оиладаги ниҳоятда нозик бўлган эркак билан аёл ўртасидаги муносабат, кишилар онгига сингиб қолган ислом қадриятлари, оила ва аёллар масаласидаги мавжуд анъаналар, урф-одатлар эътиборга олинмади.
1927 йил баҳорига келиб 100 минг аёл паранжини ташлади, 5 минг аёл саводсизликни тугатиш курсларида таҳсил олди, 5202 нафар аёл вилоят, шаҳар, туман судларига халқ маслаҳатчилари қилиб сайландилар. Бироқ бу ютуқлар фақат “Ҳужум”нинг таъсир кучи билан боғлиқ эмас эди.
Совет ҳукуматининг хотин-қизларни озодликка чиқариш борасида шошма-шошарлик ва зўравонлик асосида амалга оширган сиёсати аёлларнинг бегуноҳ қурбон бўлишига сабаб бўлди. Манбаларнинг гувоҳлик беришича, 1927 йил 27 июнда Қўқон вилояти Бувайда туманининг Полосон қишлоғида деҳқон Абдуқодир Ҳожиматов ўз аёлини паранжи ташлаб фаоллик кўрсатгани учун осиб ўлдирган1. Бундай воқеалар жуда кўплаб кузатилади.
“Ҳужум”ни амалга ошириш жараёнида, хотин-қизлар бўлими ходимларининг ҳар бир яхши ташаббуслари мафкуравий ниқобга олинди, оқибатда бу ҳаракатга зиён келтирилди. Масалан, оилавий маърифий тўгарак ташкил қилиниб, унда маълум бир маҳалладаги эр-хотинлар биргаликда тўпланиб, аёлларни ишлаб чиқариш ва ижтимоий ҳаётга жалб қилиш каби масалалар ҳақида суҳбатлар қилинган. 1927 йилда ана шундай тўгараклардан Ўзбекистонда 200 таси фаолият кўрсатган эди2. Аслини олганда, мазкур усул эркакларга руҳий таъсир кўрсатувчи муҳим тадбирлардан бири бўлган.
Хотин-қизлар озодлиги кураш аслида синфий кураш эмас, дунёқарашлар кураши эди. Мазкур кураш асрлар оша ислом онгига муҳрланган ўзбек халқининг ўз тасаввурларидан мажбуран воз кечишга қаратилганди. Бу кураш партия қўмиталарининг нотўғри иш услублари асосида сунъий равишда синфий курашга айлантирилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, дастлабки йилларда хотин-қизлар кучидан кенг фойдаланиш масаласига эҳтиёткорона ёндашилди. Улар бирданига фабрика ва заводларнинг оғир ишларига тортилмади. Аёллар оғир юк кўтарадиган ва соғлигига зарарли, мураккаб соҳаларда ишламаслиги алоҳида таъкидланди. Бироқ 20-йиллар охирига келиб бу ёндашув кескин ўзгарди. Аёллар ва эркаклар меҳнатини том маънода тенглаштириш ғояси устиворлик қилди.
Совет ҳукуматининг қатағон сиёсатини олиб борган йилларида “Ҳужум”ни қувонч билан қабул қилиб, унга ўз кучини, шижоатини, ҳаётини бағишлаган аёлларнинг кўпчилиги қурбон бўлди. Адолатсизлик асосида қурилган мустабид тузумнинг жазо қонунлари жамият ҳаётидаги энг табаррук инсон, гўзаллик тимсоли бўлган аёлларга ҳам раҳм қилмади. 1937-1938 йилларда “Ҳужум”нинг фаолларидан Тожихон Шодиева, Собира Холдорова, Хосият Тиллахонова, Маръям Султонмуродова, Хайринисо Мажидхонова ва бошқа минглаб оддий ишчи-деҳқон аёллар, маданият ва фан арбоблари қатағон қилиндилар3.
Марказ пахта мустақиллигига эришиш мақсадида маҳаллий хотин-қизларнинг қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришидаги иштирокидан қониқмай, уни янада кучайтириш мақсадида ташкил этган «социалистик мусобақа»лар, туманлараро, вилоятлараро слётлар ва ҳатто, республикалараро ўтказилиб келинган. Мажбурий ишлашга даъват этишнинг бундай маданий кўринишлари мустақилликкача бўлган давр мобайнида мунтазам амалга ошириб келинган. Марказ ўзининг пахта мустақиллигига эришиш йўлида меҳнат фронтида фаолият юритаётган “илғор”ларни сиёсий жиҳатдан рағбатлантириб борган.
Ҳатто, ёппасига жамоалаштириш даврида ҳам Украина ва Сибирга сургун қилинган Табон Ёқубова, Одалан Жамолова, Инохон Матхалилова, П.Мирзарахимова ва И.Болтаевалар сургун қилинган жойларида ташкил этилган пахтачилик совхозларида йиғим-терим мавсумида “илғорлик” кўрсатиб, меъёридан кўп пахта теришга мажбур қилингани ҳолда пахта терими бўйича стахановчилик ҳаракатининг “фаоллари” бўлишган эди. Жумладан, Украинанинг ҳозирги Херсон вилояти Голопристан туманидаги Мартин номли колхозда 1938 йили 18 гектарга сара пахта нави экилиб, йиғим-терим мавсумида стахановчилар деб тан олинган – Табон Ёқубова 9189 кг, Одалан Жамолова 7721 кг, Инохон Матхалиловалар 7986 кг пахта терган1. «Южная Правда» газетасининг 1938 йил 27 октябрдаги сонида «Совхоз пахтакорларининг муваффақияти» сарлавҳаси билан мақола эълон қилиниб, унда Каховский 2-пахтачилик совхозида ўтказилган стахановчилик декадасида қатнашганлар- П.Мирзарахимова ва И.Болтаевалар 2220кг (мавсум бўйича), кунига 220 кг пахта терганлиги ҳақида «фаҳрланиб» ёзилган2. Хотин-қизлар ўртасида ернинг ҳар бир гектаридан 20-30 центнердан юқори ҳосил олиш учун «Йигирмачилар», «Ўттизчилар», «Бешмингчилар», «Биринчи рақамли Сталин йўлланмаси учун», «Сталинча юриш», «Яхши кетмончи» номлари учун ҳаракатлар ташкил қилиниб, турли шиорлар ва рағбатлантириш усулларидан фойдаланилган3. Бу машъум сиёсат ва амалиётнинг қишлоқ хўжалигига келтирган зарарини ҳозирда ҳам тузатишга тўғри келмоқда.
Коммунистик партиянинг ғоявий тарғиботчилари томонидан аёллардан механизатор кадрлар тайёрлаш жараёни колхозларда хотин-қизларни эркаклар билан тенг ҳуқуқли эканлигини таъминлашга қаратилган тадбирлардан бири сифатида ташвиқот қилинди. Бироқ, шундай бўлсада, кейинги йилларда хотин-қизлар ўртасида қишлоқ хўжалиги механизатори мутахассислигини эгаллашга бўлган интилиш камайгани манбалардан маълум4. Бунинг сабаби бир томондан, аҳолининг кўп қисми жумладан, эркаклар томонидан мазкур ҳаракатнинг қўллаб-қувватланмаганлигида бўлса, иккинчи томондан, эркак-раҳбарлар томонидан хотин-қиз механизаторларга нисбатан эҳтиётсизлик муносабати, учинчи томондан эса, аёлларнинг жисмоний имкониятлари чекланганлигида кўриш мумкин. Албатта, ҳақиқатан ҳам пахтачиликни механизациялаш, қишлоқ хўжалигига янги техниканинг жорий қилиниши қўл меҳнатининг камайишига олиб келган, хотин-қизлар меҳнатини бирмунча енгиллаштирган. Бироқ, мазкур тадбирлар моҳият эътибори билан марказнинг пахта яккаҳокимлиги сиёсатига хизмат қилган.
Совет ҳокимияти ва коммунистик партиянинг мақсад-манфаатлари маҳаллий миллат хотин-қизларининг ижтимоий аҳволи ҳамда турмуш тарзини тубдан ўзгартиришни талаб этар эди. Яъни, уларни фақат оилани ўйлайдиган шахслар эмас, балки жамият ҳаётининг барча соҳаларида эркаклар билан тенг асосда фаол иштирок этишни истайдиган шахслар қилиб тарбиялаш вазифасини ўз олдига қўйган эди5.
“Ҳужум” ҳаракатининг асл мақсади фақат паранжи ташлашдан иборат эмасди. Унинг асосий мақсади хотин-қизларни ижтимоий-ишлаб чиқаришга кенг жалб этиш эди. Шу мақсадда ўша йиллар Ўзбекистонда ва унга қўшни республикаларда бир қатор хотин-қизлар артеллари ташкил қилинди.
Совет ҳокимияти коммунистик партиянинг маънавий раҳнамолигида аёлларнинг ижтимоий-сиёсий ва касб-кор мартабасини, уларнинг раҳбарлик лавозимларида ишлашини қўллаб-қувватлади ҳамда мунтазам рағбатлантириб борди. Давлатнинг ҳомийлик сиёсати натижасида аёлларнинг ҳокимият органларида вакиллик қилишлари кўпайиб борди. Совет тизими аёллар номенклатурасини вужудга келтирди, бироқ у аёлларга нисбатан бўйсунувчи мавжудот сифатидаги анъанавий муносабатни бартараф эта олмади. Совет даврида ўзбек аёли учун тенг ҳуқуқлилик ва ижтимоий меҳнат фаолияти оиладаги анъанавий итоатгўйлик билан уйғунлаштирилди. Аёлнинг дин таъсиридан холи ва мустақилликка бўлган ички интилиши давлат томонидан қўллаб-қувватлангани ҳолда, миллий ва маданий ўзига хосликни сақлаб қолиш манфаатлари йўлидаги ҳар қандай ҳаракат эса бостириб келинди.
Лекин 30-йилларнинг бошларидан бошлаб аёллар масаласи мамлакатдаги социалистик қурилишнинг умумий жараёнида ўзининг дастлабки аҳамиятини йўқота борганлиги сезила бошлади. Натижада, 1930 йилда хотин-қизлар бўлимилари бекор қилинди, сўнгра хотин-қизлар учун махсус журналлар чоп этиш ҳам тўхтатилди.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, “Ҳужум” кампанияси жараёнида жиддий камчиликларга йўл қўйилди. Энг аввало бу тадбир шошма-шошарлик билан, ўзбек халқига хос миллий хусусиятлар, урф-одатлар ўрганилмасдан амалга оширилди. Ушбу ҳаракат совет ҳокимиятининг иқтисодий манфаатларидан келиб чиқиб, хотин-қизларни “озодликка чиқариш” жараёнини сунъий йўллар билан жадаллаштириш учун йўлга қўйилди. Унинг ижобий томони ўзбек аёлининг озодликка чиқишида, тенг ҳуқуқликка эришишида, ижтимоий ҳаётда эркаклар билан баробар мавқега эга бўлишида муҳим аҳамиятга эга бўлди.
I.3. Ўзбекистонда саноат ва пахтачиликни ривожлантиришда хотин-қизларнинг иштироки: ютуқлар ва муаммолар
Маълумки, собиқ Иттифоқ марказий ҳукумати Ўзбекистонни иқтисодий жиҳатдан мустамлака, «марказ” учун арзон хом ашё етказиб берувчи база сифатида шакллантирди.
Собиқ Иттифоқ даврида «хотин-қизлар масаласининг ҳал бўлганлиги» ҳақидаги ғайриилмий хулоса совет ҳукумати ва коммунистик партиянинг хотин-қизларни «иқтисодий озодликка чиқариш» шиори остида ижтимоий ишлаб чиқаришга жалб этиш, улар меҳнатидан арзон ишчи кучи сифатида фойдаланиш орқали жамиятнинг асосий ишлаб чиқарувчи кучига айлантиришига “имкон яратди”.
Маҳаллий хотин-қизларни ишлаб чиқаришга кенг жалб этиш, аввало мустабид тузумнинг иқтисодий базасини мустаҳкамлаш учун зарур эди. Энг аввало, социализмнинг бош мақсади ўз иқтисодини ривожлантириш экан, шу мақсадда хотин-қизлардан ишчи кучи сифатида фойдаланиб, уларни ижтимоий ишлаб чиқаришга жалб этди. «Социализм мамлакатларидан бўлак жаҳондаги ҳеч бир мамлакатда ишловчи хотин-қизлар фоизи бунчалик юқори бўлмаган1».
Аёл организмининг табиатан нозиклиги, оғир жисмоний меҳнатларни бажаришга қодир эмаслиги, агар бу мувозанат бузилса, оғир ижтимоий оқибатлар келиб чиқиши ҳеч кимни қизиқтирмади. Чунки, мустабид тузум хотин-қизларнинг ишлаб чиқаришдаги оммавий иштирокисиз уларнинг тўлиқ озодлигини таъминлаб бўлмаслигини таъкидлаган ҳолда, уларнинг оиладан ҳам кўра кўпроқ ишлаб чиқаришда қатнашишидан манфаатдор эди. Шунинг учун ҳам “Иқтисодий мустақиллик – жамиятда хотин-қизлар тенгҳуқуқлилигини таъминлашда асосий, бош ютуқ”, “иқтисодий мустақилликни таъминлашдаги бош вазифа эса, хотин-қизларни ижтимоий меҳнатга жалб қилишдан иборат”, деб ҳисобланди1.
1924 йил 18 апрелгача қишлоқ хўжалик банки Турксельсоюз ва бошқа қишлоқ хўжалик кооперативлари ҳамда давлат ташкилотлари орқали бевосита қишлоқ хўжалик ссудалари учун 2183076 сўм сарфлади, шу жумладан, қишлоқ хўжалик кредит ширкатларига 888028 сўм миқдорида ссуда берди. Қишлоқ хўжалик ширкатлари ҳам, ўз навбатида, 52286 аъзога ссуда берди.
Ўзбекистонда 1925 йилда пахта экиш ишларини ташкил қилишда қишлоқ хўжалик кооперациясининг роли катта бўлган.
Қишлоқ хўжалик кооперациясига аъзо бўлишнинг афзаллигини деҳқонлар амалда сезган ва билган. Шунинг учун Ўзбекистонда кооператив аъзоларининг сони 1924 йил 1 октябрдан 1926 йил 1 октябригача 141959 нафардан 396067 нафарга кўпайган. 1926 йил 1 октябрга 654 та ширкатдан 540 таси ёки 82,4 % и пахта экишни ва етиштиришни ташкил қилиш билан шуғулланган. Пахта экиш билан банд бўлган кооператив аъзолари 346983 нафарни ёки 87,7% ни ташкил қилган. Айрим пахтакор районларда пахта ширкатлари барча ширкатларнинг 97% игача, пахта ширкатлари аъзолари эса барча кооператив аъзоларининг 90% игача етган.
Қишлоқ хўжалик кооперацияси пахтакор ва бошқа хўжаликларни пул, уруғлик, деҳқончилик қуроллари, ғалла, газмол ва бошқа саноат, озиқ-овқат маҳсулотлари билан товар айирбошлаш асосида таъминлаб турди. Универсал қишлоқ хўжалик кооперацияси деҳқончиликнинг барча тармоқларига хизмат қилиш билан бирга, пахтачиликка алоҳида эътибор берар эди. Ихтисослашган пахтачилик кооперациясининг ташкил қилиниши пахтакор хўжаликларни аванс билан таъминлаш ишини янада яхшилади. Давлат органлари, пахтачилик ташкилотлари – Главхлопком ва унинг маҳаллий кўмиталари якка деҳқон хўжаликларида пахтачиликни ўстиришни, асосан, кооперация орқали амалга оширар эди. Қишлоқ хўжалик ва пахтачилик кооперациялари Россия тўқимачилик фабрикаларини пахта хом ашёси билан таъминлашда муҳим роль ўйнадилар.
Шундай қилиб, биринчи беш йилликнинг охирига келиб, 1932 йилда Иттифоқнинг пахта мустақиллиги таъминланди. 1928 йилда СССРнинг пахтага бўлган эҳтиёжи ички ресурслар ҳисобига 59 фоизга қондирилган бўлса, бу кўрсаткич 1932 йилга келиб 94,2 фоизга етган. Чет элдан келтирилган пахта шу даврда 41 фоиздан 5,2 фоизга камайган.2
Пахтачиликни ривожлантириш, пахта майдонларини кенгайтиришда Европа типидаги деҳқончилик қуролларининг аҳамияти катта эди. Шуни ҳисобга олиб, пахта мустақиллиги учун кураш шароитида пахта майдонини жадал ўстиришда Европа типидаги деҳқончилик қуролларини кенг жорий қилиш муҳим вазифалардан бири эди.
Россиядан келтирилган қишлоқ хўжалик машиналари Ўзбекистонда пахтачиликнинг кескин ўсишини таъминламай олмас эди. Шунинг учун “Бош пахта кўмитаси тўғрисида”ги қарорда Ўрта Осиёда махсус пахта асбоб-ускуналари (сеялкалар, культиваторлар, окучник-чопиқ асбоблари) ишлаб чиқариш учун завод қуришга шошилинч киришиш ва бир йил ичида тугатиш топширилган эди. Завод Бош пахта кўмитасининг Тошкентдаги механик устахоналари асосида қурилди. Завод қурилишига фақат ишчи, инженерларгина эмас, балки республика колхозчилари ҳам жалб қилинди. Заводнинг биринчи навбати 1930 йил 1 майда ишга туширилди. Завод К.Е.Ворошилов номли “Сельмаш” деб номланди. “Сельмаш” заводи 1932 йилдан бошлаб сеялкалар, культиваторлар, культиватор-чизеллар ва бошқа қишлоқ хўжалик машиналари ишлаб чиқара бошлади.1
ВКП(б) МК қарорида биринчи беш йилликда пахтакор районларга 15 минг трактор, шундан 1929/30 хўжалик йилида 2200 та трактор етказиб бериш топширилган эди. Бош пахта қўмитаси бу топшириқни бажариш учун аниқ режа тузди. Пахтакор районларга 1929/30 йилда 2307 та, шундан баҳорги экин компаниясига 2043 та, кузги экин кампаниясига 254 та трактор келтириш режалаштирилди. Баҳорги экин кампаниясига белгиланган 2043 трактордан 1664 тасини Ўрта Осиёга, 210 тасини Кавказ ортига, 169 тасини янги пахта районларига юбориш режалаштирилган эди. 1930 йил 10 мартига Ўрта Осиёга 1425 та трактор етказиб берилган ва 239 таси йўлда эди.2
Бош пахта қўмитаси пахта ҳосилдорлигини ошириш учун пахтакор хўжаликларга агрономия ёрдамини кенгайтирган, аҳолининг агрономия саводхонлигини ўстиришга ҳар тарафлама кўмаклашган. 1928 йилда Ўрта Осиёда аҳолига агрономия ёрдами 68 та агропункт орқали амалга оширилган эди. 1929 йилда пахтакорларга агрономия ёрдамини кучайтириш учун Бош пахта қўмитаси 112 та агропункт очишга 1.017618 рубль, комплекс агрономия тадбирларини ўтказишга 94548 рубль ажратган.
ВКП(б) МКнинг Қарори асосида Меҳнат ва Мудофаа Совети 1929 йил 13 сентябрда 1930 йилда Ўрта Осиёдаги агропунктлар сонини 280 тага етказишга қарор қилган эди. Бош пахта қўмитаси ва пахта кооперацияси ташкилотлари томонидан баҳорги экин кампаниясига Ўрта Осиё республикаларида 305 та агропункт тузилди.3 Агротехника фани ва пахтачилик соҳасидаги тажриба ишлари ютуқларини пахтачиликка жорий қилишда, пахтакор деҳқонларнинг агрономия бўйича саводхонлигини оширишда агропунктлар муҳим аҳамият касб этган. Улар пахта ҳосилдорлигини оширишга, умуман, пахта етиштиришни ўстиришга маълум даражада ҳисса қўшган.
Бош пахта қўмитаси пахтакорларни саноат моллари билан таъминлаш масаласига доимо алоҳида эътибор берган. Пахта миқдори ортиб боргани сари пахтакор районларга саноат молларини ўз вақтида ва етарли миқдорда етказиб беришга ҳаракат қилган. Қишлоқ аҳолисини саноат моллари билан матлубот кооперацияси таъминлар эди. Бош пахта қўмитаси ташаббуси билан Ўзбексавдо давлат ташкилоти акционерлик жамиятига айлантирилди. Ўзбексавдо акционерлик жамияти 7 млн. рубл капитал билан ташкил қилинган бўлса, ундаги Бош пахта қўмитасининг ҳиссаси 1530 минг рублни ташкил қилган эди. Ўзбексавдо давлат ташкилоти бўлган даврда пахтакорларга эътибор бермаган бўлса, акционерлик жамиятига айлангандан кейин, Бош пахта қўмитаси таъсирида деҳқонларни пахтачиликни ривожлантиришдан манфаатдор қилиш мақсадида уларга эътиборни кучайтирди.
1938 йил 20 майда қабул қилинган ЎзКП (б) МҚ “О работе среди женщин” (Хотин-қизлар ўртасида олиб бориладиган ишлар) тўғрисидаги қарорида4 хотин-қизларнинг малакасини ошириш йўли билан уларни саноат ишлаб чиқаришига жалб қилиш, моддий-маиший шароитларини яхшилаш, раҳбарлик лавозимларига жалб қилиш масалаларига эътибор қаратилди. Республика хотин-қизлари партия ва ҳукумат томонидан қабул қилинган шу каби қарорларни бажаришга мунтазам равишда сафарбар қилиб борилди.
Мазкур жараёнларга ўзбек хотин-қизлари ҳам кенг жалб қилинди. Республикада колхоз ишлаб чиқариши меҳнатининг 50-60 фоизи, айрим районларда эса бундан ҳам кўпроқ қисми хотин-қизлар зиммасига тушар эди. Пахта далаларининг майдони кенгайтирилиб, Ўз КП(б) МҚ томонидан хотин-қизларнинг қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши соҳасига жалб қилиниш жараёни юзасидан доимий назорат ўрнатилди. Ўзбек аёлларининг меҳнат фронтида совет давлати учун ишлаб беришга мажбуран сафарбар қилиниши, уларнинг оиласи ва фарзанд тарбиясидан иборат муқаддас вазифасининг кейинги ўринга суриб қўйилишига сабаб бўлди. Бу эса, уларнинг анъанавий турмуш тарзидан бегоналашувининг ўсишига олиб келди. Айниқса, аёлларнинг трактор билан ишлашга мажбур этилиши янги қатлам, яъни эркаклар билан тенг меҳнат қилишга шай эркакшода аёллар қатламини юзага келтирди. Бу эса, тоталитар тузум раҳнамолари томонидан аёлларни “оғир қўл меҳнатидан халос этиш”, “енгил ишларга жалб қилиш” деб аталди. Колхозда хотин-қизларнинг «катта куч эканлиги, агар улар техникани эгалласа, янада катта кучга айланиши» мустабид тузумнинг ғоявий тарғиботчилари томонидан ҳар бир аёл онгига турли мафкуравий усуллар орқали сингдирилди. Шунингдек, кунига 200-300 кг пахта териб, «илғорлар» сафидан ўрин олганлар ва ҳаттоки, ёш бўлишига қарамай (Ургут тумани Мирза қишлоқ советидан 12 ёшли қиз Қумри) кунига 65-70 кг пахта терган қизлар «фахр» билан овоза қилинди1. Бу ерда хотин-қизлар саломатлигига, уларнинг миллат таянчи сифатида соғлом авлод туғиш ва тарбиялашдан иборат бирламчи вазифасига эътибор берилмади. Чунки, советларнинг асосий мақсади қандай қилиб бўлса ҳам белгиланган беш йиллик режаларини муддатидан илгари бажаришга эришиш орқали республика имкониятларини марказ манфаатига бўйсундиришга қаратилган эди. Шу мақсадда хотин-қизлар ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда механизаторлик курсларига жалб қилиниб, аёллар организмининг ўзига хос нозик хусусиятлари инобатга олинмай, олдиндан белгиланган аниқ меъёрларни бажаришга сафарбар қилинди. Айнан қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш –“пахтачиликнинг истиқболи” деб таърифланди.
Хотин-қизлардан механизаторлар тайёрлашда турли даъватлардан, мурожаатнома ва шиорлардан кенг фойдаланиб, тарғибот-ташвиқот ишлари авж олдирилди. Хусусан, 1939 йилда Тимирязев номидаги қишлоқ хўжалиги академияси тингловчиларидан 100 минг нафар хотин-қизларни ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда МТСларга жалб қилиб, тракторчи хотин-қизларни тайёрлашдан иборат даъватидан келиб чиқиб, комсомол ташкилотлари, Ер ишлари халқ комиссарлиги тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борди. Йирик колхозларда махсус кечки механизаторлар курси ташкил қилиндики, асосий эътибор ўзбек қизларининг жалб этилишига қаратилди. Механизаторлар тайёрлаш курсларига 2442 нафар хотин-қизлар жалб этилди. 1941 йилнинг август-сентябрь ойларида икки ойлик қишлоқ хўжалигини механизациялаш курсларида ўқувчиларининг 82,4 фоизини ташкил этган 12,5 минг нафар хотин-қизлар таҳсил олган. Чиноз МТС жамоаси ҳар бир бригада механигини ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда камида 3 нафар ёш колхозчи қизларни трактор ҳайдашга ўргатиши ва режадаги 15 нафар ўрнига 35 нафар тракторчи тайёрлаши лозимлиги “ташаббуси” билан чиқди2. Бухоро ва Тошкент вилоятлари кадрлар тайёрлаш мажбуриятини 1939 йилда 1940 йил ҳисобига бажарганлиги юқори ташкилотлар томонидан ижобий баҳоланган ҳолда, Фарғона, Самарқанд, Хоразм вилоятлари механизатор кадрлар тайёрлашдаги сусткашлиги, яъни тракторчилар тайёрлов курсларини битирган 2126 нафар хотин-қизлардан атиги 714 нафари тракторлар билан ишлаётганлиги танқид қилинди3. Шундан сўнг тракторчи аёллар тайёрлашда ҳам мусобоқабозликка зўр берилиб, тарғибот-ташвиқот ишлари кучайтирилди. Тракторчи хотин-қизларни тайёрлаш жараёнлари, уларнинг тажрибаларини тарғибот-ташвиқот қилишда «Комсомолец Узбекистана”, “Ёш ленинчи” газеталари ва бошқа оммавий ахборот воситаларидан кенг фойдаланилдики, газеталар ўз саҳифаларида механизатор хотин-қизларнинг меҳнати етарли баҳоланмаётганлиги борасида фактлар орқали қатъий кураш олиб борди.
1940 йилнинг июнь ойида қабул қилинган Ўзбекистон большевиклар Компартияси Марказий қўмитасининг “О мероприятиях по вовлечению женщин на работу в систему потребительской кооперации Узбекистана” (“Ўзбекистонда хотин-қизларни истеъмол кооперацияси тизими ишига жалб қилиш тадбирлари тўғрисида”)ги қарорида1 таъкидланишича, бир йил давомида 10 минг нафардан кам бўлмаган хотин-қизларни, энг аввало маҳаллий миллат аёлларини ижтимоий ишлаб чиқаришга жалб қилиш орқали истеъмол кооперациясида ишловчиларнинг умумий таркибида уларнинг улушини 35 фоиздан кам бўлмаган даражага етказиш бирламчи вазифа сифатида белгилаб қўйилган эди2.
1940 йилнинг декабрь ойларида республика истеъмол кооперациясида банд хотин-қизлар сони 8863 нафарга етиб, уларнинг 3135 нафари маҳаллий миллат аёлларига мансуб эди. Шунингдек, бу соҳада банд аёлларнинг 482 нафарини коммунист-аёллар, 1208 нафарини комсомол қизлар ташкил этган3. Айни коммунист ва комсомол хотин-қизларни ижтимоий ишлаб чиқаришга янада кенгроқ жалб қилишдан кўзланган мақсад хотин-қизлар орасида коммунистик партиянинг сиёсий найрангларга тўла мақсад-манфаатларини амалга оширишдан иборат эди4.
1940 йил 9 июнда Ўзбекистон комсомол-ёшлар уюшмаси кенгаши (“Ўзбекистонда хотин-қизларни истеъмол кооперацияси тизими ишига жалб қилиш тадбирлари тўғрисида”)ги Ўзбекистон большевиклар Компартияси Марказий қўмитасининг 1940 йил 1 июндаги қароридан келиб чиқиб, 3 минг нафар комсомол-қизларни Ўзбекистон истеъмол кооперацияси тизимида ўқитиш курсларига жалб қилиш ҳақида махсус қарор қабул қилди5. Қарор ижросини таъминлаш мақсадида республика комсомол хотин-қизларидан 1500 нафари бир ойлик курсларни якунлаганидан сўнг, туман ва қишлоқларга - 225 нафари Тошкент вилоятига, 227 нафари Самарқанд вилоятига, 525 нафари Фарғона вилоятига, 300 нафари Бухоро вилоятига, 105 нафари Хоразм вилоятига йўлланма олдилар6.
Шундай қилиб, социализм қурилишида муҳим аҳамият касб этган иқтисодий хўжаликда кўп миқдордаги талаб қилинган ишчилар сафи маҳаллий миллат хотин-қизлари ҳисобидан тўлдирилди.
1941 йил 22 июнда бошланган фашистлар Германиясига қарши уруш йилларида ўзбек хотин-қизларининг халқ хўжалигидаги иштироки ва салмоғи ниҳоятда юқори даражага кўтарилди. Улар халқ хўжалигининг барча соҳаларида фаол тарзда иштирок этиб, фронтга кетган эркаклар ҳисобига ҳам меҳнат қилдилар.
Фронт орқасида қолган минглаб хотин-қизлар “Ҳамма нарса фронт учун!”, “Фронт ортида фронтдагидек!”, “Фақат олға ва олға!”, “Топшириқни бажармай туриб уйингга кетма!” шиорларига жавобан юксак масъулият билан меҳнатда жасорат кўрсатдилар.
Урушнинг иккинчи кунидан бошлаб Тошкент шаҳридаги барча корхоналарда, маҳаллаларда ва бошқа жамоат жойларида кўп минг кишилик митинглар бўлиб, шаҳар аҳолиси Ватанни ҳимоя қилиш учун жанг майдонидами, меҳнатдами, қаерда бўлмасин тайёр эканликларини баён қилдилар.
1941 йил 26 июнда Тошкент тўқимачилик комбинатида кўп минг кишилик митинг бўлиб, бунда улар ўз зиммаларига оширилган мажбуриятларни қабул қилганликларини таъкидладилар. Шаҳарда «Ўзинг ва фронтга кетган ўртоғинг учун ишла!” деган шиор кенг қулоч ёйди. 4 июлда Тошкент шаҳар Октябрь райони хотин-қизларининг “Ҳар қандай вазиятда ҳам эркаклар ўрнини эгалла!”, “Меҳнат фронтидаги станок сари!” 15 минг кишилик митингида республика хотин-қизларига қарата мурожаатнома қабул қилинди. Унда: “...Азиз опа-сингиллар! Эримиз, акамиз, укамиз ва ўғилларимизнинг станок ёнидаги, комбайн рулидаги ва даладаги ўрнини эгаллайлик”, дейилган эди. Айниқса, уй бекаси Ойша Юсупованинг фронтдаги ғалабани таъминлашга фронт ортида ҳисса қўшамиз, деган даъвати кўпчилик хотин-қизларни Ватан ҳимоясини ўз меҳнати билан таъминлашга чақирди. Мазкур мурожаатнома ва даъватномалардан сўнг, пойтахт хотин-қизлари фронтга жўнатиш ва ишга жойлаштириш ҳақида шаҳар партия комитети ва давлат органларига ариза бера бошладилар. Биргина 22-26 июнда шаҳар бўйича 1551 нафар хотин-қизлар фронтга жўнатишни, Октябрь райони бўйича 1-15 июлда 7508 нафар хотин-қизлар эса, ишга жойлаштиришни сўраб ариза берганлар1.
1941 йил июлда “Правда” газетасида “СССРнинг ҳамма хотин-қизларига” мурожаатнома эълон қилинди2. Мурожаатнома моҳияти аёлларни эркаклар ўрнини эгаллаган ҳолда фронт ортида меҳнат қилишга сафарбар этишга бағишланган эди.
Шундан сўнг, республиканинг корхона ва ташкилотларида хотин-қизларни “эркаклар касби”га ўргатиш ҳаракати кенг авж олди.
Самарқанд шаҳридаги «Колхозчи” заводининг ишчилари биринчилардан бўлиб корхонада хотин-қизларни бевосита станок олдида туриб ишлашга ўргатиш ташаббуси билан чиқиши натижасида 35 нафар уй бекаси токарь ва слесарлик касбини эгаллаган3. Шундай қилиб, республика ишлаб чиқариш корхоналарида хотин-қизларнинг нисбати йилдан-йилга ортиб борган. Агар бу 1940 йилда 34 фоизни ташкил этган бўлса, 1942 йилда 50фоизни, 1943 йилда эса 63 фоизга етган4.
1941 йил 3 июлда Бухоро меҳнаткашларининг кўп минг кишилик митингида ҳам хотин-қизлар эркаклар ўрнини эгаллашга даъват этилди. Чақириққа биринчилардан бўлиб қўшилган Когон темир йўл ишчи хотин-қизларидан 100 киши қисқа фурсатда эркаклар ўрнини эгаллаб, темир йўл қатновини бир маромда давом этишида катта роль ўйнадилар. Станция навбатчиси, машинист-аёллар сафи кенгайди. 1941 йил охиригача вилоятдаги 5 мингдан ортиқ хотин-қизлар эркаклар станокларини эгалладилар. 1943 йилга келиб, вилоятда саноатдаги ишчи-хизматчиларнинг 82 фоизини хотин-қизлар ташкил қилди5.
Хотин-қизларни оммавий касб-ҳунарларга ўргатиш бўйича техникум ва МТСларда саноат ҳамда қишлоқ хўжалиги учун кадрлар тайёрлашнинг 1 ва 6 ойлик қисқа муддатли курслари, 10 кунлик семинарлар, стахановчилар мактаблари ташкил этилди. Натижада, урушнинг 3 йили давомида 103 минг нафар ишчи-аёллар тайёрланди6. Улар оғир жисмоний меҳнат талаб қиладиган ишлаб чиқаришга жалб қилинди. Хусусан, 1700 нафар ўзбек хотин-қизлари Ангрен кўмир конига ишга тушди1.
Республикада оммавий равишда хотин-қизларни эркаклар касбини ўқиб-ўрганишга сафарбар қилиш бошланди. 1941 йил октябрь ойида Тошкентдаги биргина “Ташсельмаш” заводида меҳнат қилган 2624 нафар ишчиларнинг 52,6 фоизини хотин-қизлар ташкил этган бўлса, ноябрь ойида Тошкентнинг 42 та саноат корхонасида 7620 нафар хотин-қизлар эркаклар касбини ўқиб-ўрганган. Агар 1940 йилда республика саноатида банд бўлган аёллар 34 фоизни ташкил этган бўлса, совет ҳокимияти ва коммунистик партия томонидан олиб борилган мажбурий сиёсат туфайли хотин-қизлар 1942 йилга келиб, 54,9 фоизни ташкил этган2, шу йилнинг охирида хотин-қизлар республика йирик саноат корхоналари меҳнат ресурсларининг 63,5 фоизини3 ташкил этиб, халқ хўжалигида ҳал қилувчи роль ўйнаган.
1941 йилнинг 15 октябрида Тошкент шаҳрининг 42 та саноат корхонасига 11 минг нафар ишчи ишга қабул қилинган бўлиб, уларнинг 8 минг нафари хотин-қизлардан иборат эди4. Хотин-қизларни саноат корхоналарига ишга жалб қилишда партия фаолларидан Ж.Обидова, Ф.Йўлдошбоева каби ўзбек аёллари ташкилотчилик ишларини фаол олиб борганлар.
Уруш йилларида марказдан Ўрта Осиёга эвакуация қилинган жами 308 та корхонанинг 104 таси Ўзбекистонга; улардан 55 та корхона Тошкент ва Тошкент вилоятига жойлаштирилган эди. Тошкентга кўчириб келтирилган 55 та саноат корхоналаридан бири Москва яқинидан кўчириб келтирилган Чкалов номидаги авиация заводи бўлиб, мазкур завод уч ой ичида катта ташкилотчилик ишлари туфайли ишчи кадрлар билан таъминланиб, тўла қувват билан ишлай бошлади. Умумий ишчилар сонининг 70 фоизи янги ишга қабул қилинган кадрлар бўлиб, шулардан 362 нафари ўзбек хотин-қизлари эди5. Тажрибали ишчиларнинг фронтга кетиши натижасида вужудга келган кадрлар етишмовчилиги янги келган, тажриба ва меҳнат малакасига эга бўлмаганларни ғоят қисқа муддат ичида турли ишлаб чиқариш касбларига ўргатиш ва ўқитиш йўли билан тўлдириб борилди.
1941 йил сентябрда Ўзбекистон КП МҚ бюроси томонидан шаҳар саноат корхоналарини қурол-аслаҳа ишлаб чиқаришга ўтказиш ҳақидаги қарор қабул қилганидан сўнг, 1942 йилда шаҳарда мавжуд 137 та корхонанинг 64 таси ҳарбий маҳсулот ишлаб чиқаришга ўтди6. Ҳарбий ишлаб чиқаришни янада ўстириш янги технологияларни жорий этиш, меҳнат унумдорлигини ошириш ғоят улкан қийинчиликларни енгишга боғлиқ эди. Давлат органларининг маъмурий-буйруқбозлик асосида хўжаликни бошқариши айниқса уруш йилларида авжига чиқди. Ҳукумат органлари томонидан ўртага ташланган асосий вазифа-мавжуд имкониятлар билан ҳисоблашмасдан, кишиларнинг жисмоний ва руҳий куч-қувватлари қанча сарфланса ҳам, ҳолдан тойгунча ишлаб, режани албатта бажаришни талаб этар эди. Оғир меҳнат юки асосан, аёллар ва ёшлар зиммасига тушди.
Советларнинг маъмурий-буйруқбозлик бошқарув усули асосидаги тазйиқ ва сиқувлар оқибатида хотин-қизлар мавжуд муҳитга мослашишга мажбур бўлганлар. Ўзлари билиб-билмай социалистик халқ хўжалиги зарбдори бўлишга интилганлар.
Уруш йилларида ҳам мусобақалар ташкил этиш орқали хотин-қизларнинг ишлаб чиқаришдаги имкониятларига зўр бериш ҳаракатлари давом этди. Жумладан, Тошкент тўқимачилик комбинати ишчиси Идрисова режани ортиғи билан бажариб, 1 ойда 1 тонна пахта титишга муваффақ бўлди. Тўқувчи М.Носирова эса, бир вақтнинг ўзида 80 та станок билан меҳнат қилиб, режани ортиғи билан1, Володарский номли Андижон фабрикаси ишчиси А.С.Шумилова кунлик нормани 3 ва 3,5 баравар ортиғи билан бажаришга муваффақ бўлди. “Тошсельмаш” заводида Г.Халилова, Х.Шарипова, Решетникова, «Тоштрам”дан Пушкарева, «Большевик” артелидан опа-сингил Маъруфа, Маҳнуса Ғофуровалар, Тўқимачилик комбинатидан Муҳаббат Носирова, Аъзамова ва бошқалар кунлик нормаларини 200 фоиз қилиб бажарган. 1233 нафар хотин-қизлар эркаклар касби бўйича меҳнат қилган. Биргина “Тошсельмаш” заводида 230 нафар хотин-қизлар ўқ-дори ишлаб чиқариш цеҳида ишлаган. 1945 йилнинг июнида СССР Олий Совети Президиумининг қарори билан фронт ичкарисидаги меҳнаткашлар учун таъсис этилган “Улуғ Ватан уруши йилларидаги шавкатли меҳнати учун. 1941-1945 йиллар” медали билан Тошкент шаҳри хотин-қизларининг вакиллари ҳам тақдирланган2. Мана шундай рағбатлантириш орқали сунъий равишда сиёсий тус бериб ташкил этилган мусобақалар аёлларнинг оғир меҳнат остида эзилишига сабаб бўлди. Аслида мусобақалар ишчиларни давлатга қўшимча ишлаб беришга мажбурлашнинг бир тури бўлган эди, холос. Ишчи-аёлларнинг мусобақадаги иштироки уларнинг сиёсий онгига берилган баҳо бўлганлиги боис, ишчи-аёллар ҳеч бир имтиёзсиз жон-жаҳди билан, нормадан ортиқ ишлашга, мусобақада ютишга мажбур эдилар. Мусобақалар маҳаллий хотин-қизларнинг советлар мақсадини амалга оширишни сунъий жадаллаштиришда муҳим омил бўлиб, советларнинг “инқилобий-бюрократик” тафаккур мантиқига мувофиқ миқдорий кўрсаткичлар ортидан қувишнинг ифодаси эди.
Янги индустриал марказларда асосан оғир саноат тармоқларига зўр берилиб, хотин-қизлар ишлаши мумкин бўлган соҳаларни ривожлантиришга етарли эътибор қаратилмаган. Натижада, Ангрен, Бекобод, Олмалиқ, Чирчиқ ва бошқа шаҳарларда хотин-қизлар улар организмининг ўзига хос хусусиятларига мос келадиган енгил ва озиқ-овқат индустриясида эмас, балки асосан оғир саноатда меҳнат қилишга мажбур бўлишган3.
1940 йилда партия ва комсомол ташкилотлари томонидан 1940-1941 йил учун “яхши тракторчилар” тайёрлаш мақсадида социалистик мусобақалар ташкил қилиниб, ҳар бир МТС учун 30 нафар, совхоз ва механизаторлик мактаблари учун 50 нафар тракторчи тайёрлаш мажбурияти юкланди4. Хотин-қизларни трактор билан ишлашга мажбур қилиниши “қишлоқ хўжалиги меҳнатини енгиллаштириш, деҳқоннинг маданий даражасини, уларнинг ташаббус ва қобилиятларини ўстириш учун имконият яратиш” деб ниқобланиб, «хотин-қизлар колхозда ҳал қилувчи, етакчи куч” деган шиор илгари сурилди. Коммунистик партия миллий, анъанавий қадриятларни инкор қилган ҳолда уларга қарши курашиб, деҳқон хотин-қизларни “социалистик қурилиш”га жалб этди. Хотин-қизларнинг қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришидаги раҳбар лавозимларга кўтарилиши жамиятда хотин-қизларга нисбатан муносабатда “инқилобий ўзгариш бўлди”, деб таъкидланди.
Марказ ўзининг пахта яккаҳокимлигига бўлган интилиши йўлида барча усуллардан фойдаланди. Жумладан, мусобақабозликни эркак ва аёл жинслариаро ташкил этишдан ҳам тоймаган. Мусобақа шартлари аёллар ва эркаклар учун бир хилда белгиланган. Бунда аёл кишининг жисмоний имкониятлари чекланганлиги эътиборга олинмаган.
Пахта терими мавсумининг салбий жиҳати шунда эдики, теримчилар кўпинча ҳаводан сепилган пестицидлар ҳамда ўғитларнинг салбий таъсири остида ўз соғлиғига зиён етказар эди.
Собиқ Иттифоқ сунъий жадаллаштириш орқали эришилган хотин-қизлар меҳнатининг натижаларини сиёсий рағбатлантириш орқали уларни мавжуд тузумга мослаштириш, совет ҳокимияти ва коммунистик партия ғояларини улар онгига сингдириш ҳамда уларнинг ўзларидан коммунистик ғоя тарғиботчиларини тарбиялашга интилган.
Шундай қилиб, мустабид тузумнинг аграр сиёсати туфайли аёллар эркаклар бажарадиган ишнинг 50 фоизини эгаллади. Қишлоқ жойларда яшовчи аёллар жамоа ва давлат хўжаликларидаги ишчи кучининг 80 фоизини ташкил қилди. Улар қишлоқ хўжалик ишларининг 15 соҳасида: уруғ тозалашдан тортиб, ер ҳайдаш, экин экиш, унга ишлов бериш ва териб олишгача бўлган барча ишларда қатнашарди1.
Аёлларни колхозларга жалб қилиш жараёнида уларга маиший хизмат кўрсатишга эътибор қаратилмади. Айниқса, қишлоқ аёлларининг фарзандлари учун ясли ва болалар боғчалари етишмас, борлари ҳам етарли шарт-шароит билан таъминланмаган эди. Аксарият ҳолларда ёш болалар махсус ташкил этилган, шарт-шароити қониқарсиз дала боғчаларига жалб қилинган эди. Ўзбек аёлларига бундай муносабат собиқ иттифоқ марказининг республика нисбатан муносабатда фақат ўз манфаати йўлидан борганлигидан, инсон омили, шахс манфаати каби тушунчалар улар учун бутунлай ёт бўлганлигидан далолатдир.
Собиқ совет тузуми аёлларга ҳуқуқий тенглик бериш билан бирга уларни эркаклар билан меҳнатда ҳам тенглаштириб қўйди. Аёлларга илм-фан, санъатга кенг йўл очилиши билан бирга эркаклар билан тенг равишда иқтисодиётда иштирок эта бошлади. Пахта далаларида қишни қиш демай, шудгор ишларини, жазирама иссиқда эса, ғўзага ишлов бериш ишларини оғир жисмоний меҳнат асосида бажариш ҳам аёллар зиммасига юклатилди. Улар онгига мафкуравий таъсир кўрсатишнинг турли-туман воситаларини ишлатиб, «Пахта ўзбек халқининг миллий ифтихори”, “Пахта Ўзбекистоннинг байналмилал бурчи” сингари шиорлар тинимсиз сингдириб борилди. Хотин-қизларнинг жисмоний имкониятларига мос келмаган вазифаларни бажаришга сафарбар қилиниши «катта ютуқ» деб эътироф этилди.
Собиқ марказ шу тариқа Ўзбекистондан кўп-миллионлаб тонна пахтани талаб қилгани ҳолда, республикадаги ижтимоий-иқтисодий муҳит билан қизиқмади. Натижада, юзага келган носоғлом муҳит республика аҳолисининг турмуш тарзига жиддий таъсир кўрсатди.
Атроф-муҳитнинг муттасил заҳарланиб борганлигига қарамасдан, пахтазорларда миллионлаб инсонлар, жумладан аёллар ҳатто, ҳомиладор аёллар ҳам бу далаларда тиним билмай меҳнат қилдилар. Оқибатда, қишлоқ жойлардаги 29 фоиз аёллар турли хасталикларга чалинган ҳолда кўз ёрдилар2. Қишлоқларда яшаётган аёлларнинг кўпчилиги, туғиш ёшидаги аёлларнинг 89,3 фоизи камқонлик касалига мубтало бўлган эди. Ҳолбуки, Иттифоқда бу хасталик бўйича ўртача кўрсаткич 27,3% ташкил этар эди. Шунингдек, 87-99 фоиз аёллар камқонликнинг ҳар хил даражалари билан касалланган. Қорақалпоғистон Республикаси ҳомиладор аёлларининг 90 фоизи ана шундай дард билан кўз ёрдилар. 8,4 фоиз ҳомиладор аёлларнинг туғиш жараёнида қон кетиш ҳоллари рўй берган. Касалманд, заиф болалар туғилиши 86,9 фоизни, туғма нуқсонлар билан туғилган чақалоқлар 5 фоизни ташкил этган3. Қабул қилиб келинган қонунлар, амалга оширилган тадбирлар асосан аёлларни ижтимоий фойдали меҳнатга қаратиш, ишлаб чиқариш илғорларини мақташга йўналтирилди. Уларнинг турмуши, ҳаёти, оиласи муаммоларига етарли эътибор берилмади. Совет ҳокимияти раҳнамолари коммунистик партия манфаатларидан келиб чиқиб, хотин-қизлар меҳнатидан имкони борича турли усуллар билан, яъни рағбатлантириш ҳамда мажбурлаш орқали фойдаланишга ҳаракат қилди ва бунинг уддасидан чиқди. Хотин-қизларга асосан ишлаб чиқариш воситаси сифатида эътибор берилди.
Хулоса қилиб шуни таъкидлаш керакки, биринчидан ўрганилаётган давр мобайнида республика аҳолисининг, жумладан хотин-қизларнинг ижтимоий турмуш шароити йилдан-йилга оғирлашиб борди. Шунингдек, бу ҳолат, шубҳасиз, шаҳар ва қишлоқларнинг эпидемиологик аҳволига салбий таъсир кўрсатди.
Иккинчидан, мавжуд имкониятларни ҳисобга олмай қабул қилинган ижтимоий ва бошқа соҳалардаги кўпгина дастурлар иқтисодий қарама-қаршиликларни чуқурлаштириб юборди. Натижада, меҳнаткашлар, жумладан хотин-қизлар турмуш шароитининг янада ёмонлашишига олиб келди. Ишсизлик, озиқ-овқат, турар жой ва бошқа муаммолар ўз-ўзидан келиб чиқаверди.
Учинчидан, собиқ Иттифоқ маркази юритган ижтимоий сиёсат ҳам хўжакўрсинга эди. Ногиронлар ва пенсионерларнинг оғир ижтимоий аҳволи, “бепул” тиббиёт сифатининг ниҳоятда пастлиги, кўп болали оилаларни қўллаб-қувватлашнинг мутлақо етарли эмаслиги шулар жумласидандир.
Достарыңызбен бөлісу: |