Узрсиз тарк қилинган намозлар қазосини ўқиш www.tavhid.com
Узрсиз тарк қилинган намозлар қазосини ўқиш
Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, у зотнинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг …
Намозни ухлаб қолгани ёки эсидан чиқаргани сабабидан ўқимаган одам эсига тушиши билан ўқиб қўяди. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида ворид бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айтадиларки: «Ким намоздан ухлаб қолса ёки уни унутса, эсига тушган пайтида ўқиб олсин. Бу намознинг каффороти шугинадир» (Имом Бухорий 572, Имом Муслим 684, Термизий 176, Насоий 614, Абу Довуд 442, Ибн Можа 695, Имом Аҳмад 3/269, Доримий 1229).
Бироқ намозни бирор сабабсиз қолдирган одам қазосини ўқиши ҳақида уламолар ихтилоф қилишди.
Aввалги ва кейинги олимлардан кўпчиликлари сабабсиз қолдирилган намозларни қазоси ўқиб берилмайди, балки астойдил тавба қилади, дейишган. Бу фикрни кўпгина саҳобалар айтишган. Улардан Умар ибн ал-Хаттоб, Ибн Умар, Саъд ибн Ваққос, Салмон Форсий ва Ибн Масъуд розияллоҳу анҳум. Улар сабабсиз қолдирилган намозлар қайта ўқилмайди, дейишган. Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Бу масалада саҳобалардан бирортаси уларга қарши гап айтганини билмаймиз» (ал-Муҳалла 2/235).
Бу фикрни кўпгина тобеъинлар ҳам айтишган. Улардан ал-Қосим ибн Муҳаммад, Муҳаммад ибн Сийрин, Ҳасан ал-Басрий, Умар ибн Абдулазиз ва Муътариф ибн Абдуллоҳ.
Бу фикрни айтган имомлардан ал-Ҳумайдий, ал-Жузжоний, Барбахарий, Ибн Батто, Довуд, Изз ибн Абдуссалом, Ибн Таймия, Ибнул Қоййим, Шавконий, Албоний, Ибн Боз, Ибн Усайминлардир (Мажмуъл фатава 40/22, ал-Инсоф 1/443, Найлул Автор 2/31, Саҳиҳ Фиқҳ Сунна 1/258).
Имом Ибн Батто раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Маълумки намозни ўз вақти бор. Кимки уни вақтидан олдин адо қилса ундан қабул қилинмайди. Худди шундай вақти ўтганидан кейин ўқиса ҳам қабул бўлмайди» (Фатҳул Борий 5/147, Ибн Ражаб).
Имом Барбахарий раҳимаҳуллоҳ айтдилар: «Аллоҳ фарз намозларини фақат ўз вақтидагина қабул қилади. Бундан фақат унутган одам мустасно, чунки унинг узри бор. У эсига тушгани заҳоти ўқиб олади» (Фатҳул Борий 5/148).
Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Сабабсиз намозни ўтказиб юборган одамга уни ўқиб қўйиш буюрилмаган. Буни қазосини ўқиши қабул бўлмайди. У киши кўпроқ нафл намозларни ўқимоғи лозим. Бу фикр салафлардан бир жамоатнинг фикридир!» (Ихтиёрот 34).
Шайх Албоний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Билиб туриб, бирор сабабсиз қолдирган намозларни қазосини ўқишни шарт дейдиганлар бирор далилга асосланишмайди. Бундай намозларни қазосини ўқиш бирор маънога эга эмас. Чунки намозларни ўз вақтидан бошқа вақтда ўқиш худди уни вақтидан олдин ўқиш кабидир. Бунда бирор фарқ йўқ!» (Силсила заифа 3/414 ва Силсила саҳиҳа 1/682).
Намозларни қазоси ўқилмайди дейдиган олимларнинг сўзлари бир неча жиҳатдан кучлироқдир.
Биринчидан: Аллоҳ таоло ҳар бир намоз учун ўз вақтини белгилади. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта намоз мўъминларга белигланган вақтда фарз қилинди» (Нисо: 103).
Иккинчидан: Аллоҳдан ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўтиб кетган намозларни ўқиб бериш ҳақида бирор буйруқ йўқ. Бу масалани ухлаб қолган ва эсидан чиқарган одам намозларини қазосини ўқиб бериши масаласига қиёс қилиш нотўғри. Чунки ухлаб қолган ва эсидан чиқарган одам қазосини ўқиши намозни тўлиқ адо қилишдек бўлади. Намозни сабабсиз ўтказиб юборган одам эса ўрнини тўлдирган бўлмайди.
Учинчидан: Агар сабабсиз намозни қолдирган одам қазосини ўқиб бериши шарт бўлганида эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким намоздан ухлаб қолса ёки уни унутса, эсига тушган пайтида ўқиб олсин», деб фақат ухлаб қолган ва унутган одамни қайд қилишларида (яъни алоҳида ажратишларида) маъно бўлмас эди.
Тўртинчидан: Қазони адо этиш ва тўлдириш бу шариат буйруқларидандир. Бу масалада Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам фарз қилмаган нарсани одамаларга фарз қилиш рухсат берилмайди. Ахир қолдирилган намозларни ўқиш ҳақида бирор ҳужжат йўқку. Аллоҳ таоло айтади: «Сизни Роббингиз (бирор нарсани) эсидан чиқармайди!» (Марям: 64).
Бешинчидан: Қолдирилган намозларни ўқиш бу фақат қазо масаласи эмас, балки бу иши Аллоҳнинг ҳузурида қабул бўлиши масаласи ҳамдир! Чунки қолдирилган намозни ўқиш ибодатга киради. Ҳар қандай ибодат эса аслида мумкин эмас, фақатгина шариатда далил келган ибодатларгина бажарилади.
Қолдирилган намозларни ўқишга буюраётганлар буни Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюришган деб айта оладиларми?! Албатта йўқ. Чунки Қуръонда ҳам, Суннатда ҳам бунга бирор буйруқ йўқ. Агар улар айтсаларки: «Аллоҳ бунга буюрмади, буни эҳтиёт шарт ўқиб қўйиш керак» десалар, бу фикрга кўпгина уламолар қўшилмайдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким Бизнинг бу ишимизга (динга) унда бўлмаган нарсани олиб кирса, у иши мардуддир (қайтарилади)!» (Муслим 1/224).
Аллоҳ Пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.
Манба: Тавҳид форуми
Достарыңызбен бөлісу: |