2.2. Субстанция масаласига детерминистик ёндашиш
Ибн Сино натурфалсафий қарашларининг марказини жисмларнинг субстанционаллиги ҳақидаги таълимот ташкил этади. Айрим тадқиқотчиларнинг фикрича, жисмларнинг субстанциаллиги ҳақидаги тушунча натурфалсафага Ибн Сино томонидан киритилган. Ушбу жисмларнинг субстанционаллиги ҳақидаги қараш аста – секин шаклланиб борган. Унинг илк асарларида ҳам, “Аш – шифо” асарида ҳам бу тушунча учрамайди. Ибн Синонинг “Нажот” китобида бу тушунча илк бора ишлатилган ва мазкур асарнинг биринчи бўлими жисмларнинг субстанционаллиги деб аталади. Ишорат ва танбеҳот асарида эса бу тушунчага метафизика ва физика бўлимларида яна ҳам кенгроқ таъриф берилган.
Ибн Сино жисмларнинг субстанционаллиги деганда, жисмларнинг ички моҳиятини ташкил этувчи материя ва шакл бирлиги ёки майда заррачаларнинг йиғиндисини назарда тутади.1 Ибн Сино борлиқни икки турга ажратади: субстанция ва аксиденция. Субстанция бу нарсаларнинг моддий жиҳати эмас, балки нарсаларнинг моҳияти ва жисмларнинг борлиғи айнан шу моҳиятга боғлиқдир. Бундай моҳият унинг фикрича, қуйидагилардан иборат:
-
Барча нарсаларнингасосида ётувчи материя - модда;
-
Моддий жисмнинг табиати ва моҳиятини ташкил этувчи шакл;
-
Материя ва шакл бирлигидан иборат бўлган жисм;
-
Инсон жони ва ақли, уларнинг заминида тўртта моддий унсур ётади.
Акциденция эса субстанциянинг хоссаси бўлиб, у нарсаларнинг моҳиятини ташкил этмайди, лекин жисмларнинг муҳим жиҳатлари ва хусусиятларини очиб беради. Демак, субстанциянинг асосий хусусияти унинг мутлақлиги ва ўз – ўзининг сабабчиси эканлигидир. Ибн Сино томонидан субстанция тушунчасида материя, шакл ва жон бирликда эканлигини таъкидлаш, шарқшунос олим Диноршоев фикрича, уни Аристотел гиломорфизмига ниҳоятда яқинлаштиради.2
Ибн Сино фикрича, субстанция тушунчасидан ҳам олдин ҳаракатнинг бирламчи сабабчиси Худодир. Файласуф Худони субстанциядан олдинги бирламчи сабаб деб ҳисоблаб уни субстанциядан юқори қўйади.
Моддий жисмларнинг асосий атрибути бу уларнинг ҳаракати, макон ва замонда мавжудлиги. Ибн Сино фикрича, жисм жисмоний жиҳатлардан ташқари бошқа нарсалар билан муносабатга киришади, пайдо бўлади ва йўқолади. Жисмни ташкил этувчи бирламчи сабалар нарсанинг моҳиятида мавжуддир. Ушбу моҳиятни ташкил этувчи вирламчи сабаблар иккита. Биринчиси бирламчи материя бўлиб, у жисмларнинг моддадан иборатлигини кўрсатиб туради. Иккинчиси эса нарсаларни ташкил этувчи шаклдир. Жисмлар бирламчи модда ва шаклдан иборат. Жисм ўзининг мукаммаллиги, ўзгарувчанлиги ва ҳаракатчанлиги билан ҳам бирламчи сабабга эгадир. Нарсаларнинг ўзгарувчанлиги ва мукаммаллиги уларнинг руҳий табиатга эгалиги билан белгиланади. Барча жисмларнинг асосида бирламчи материя ётади ва унинг энг муҳим хусусияти шакл билан алоқага киришишдир. Материянинг элементар шакллари сув, олов, ҳаво,тупроқ ва барча моддий жисмлар уларнинг йиғиндисидан иборат. Ушбу элементлар ўзгарувчан бўлиб, бир-бирига ўтиш ва айланиш хусусиятига эга. Уларнинг моҳияти эса бир нарсадан иборат.
Ибн Сино фикрича, барча ҳодисаларнинг, моддий нарсаларнинг ўз сабаблари бор. Шунинг учун сабаб ва оқибат муносабатлари универсал, мутлоқ характерга эга. Ўзининг тиббиётга оид асарида меланхолия ҳолатининг сабабини Ибн Сино қуйидагича келтиради: “Айрим табибларнинг фикрича меланхолия руҳий ҳолатининг сабаблари назарланиш ёки кўз тегишидир, лекин тиббиёт фанини ўрганувчи шахс бунга эътибор бермайди. Ушбу касаллик назрланиш натижасида пайдо бўлса ҳам, унинг энг яқин сабаби ўт пуфагида сафронинг қуйуқлашиб қорайишидадир. Кейинчалик еса ушбу сафронинг қуйуқлашиши ва қорайишига назарланиш ёки кўз тегиши сабаб бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Меланхолия юзага келишининг энг кучли сабаблари бу хафагарчилик ва қўрқувдир”.1
Ибн Синонинг ушбу фикрлари касалликнинг келиб чиқишида иккита сабаб мавжудлигини кўрсатади. Биринчиси бевосита ёки яқин сабаб; иккинчиси кучли сабаб. Биз буни қандай тушунишимиз керак ?
Бунинг учун биз Ибн Синонинг бошқа бир фикрларига эътибор қаратамиз. Ибн Сино барча касалликларнинг сабабини ҳам руҳий ҳам жисмоний сабабларга боғлаган. Бунга Ибн Сино ўтказган қуйидаги тажрибани мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Олим битта қўйни қафасга солиб қўйади, унинг ёнига эса бўрини боғлаб қўйади. Қафасдаги қўйга озуқаси керакли миқдорда берилади. Иккинчи қўйни эса ўтлоқзорда эркин ҳолатда қўйиб юборади. Натижада биринчи қўй озуқаси етарли бўлса ҳам ўлади. Иккинчи қўйнинг озуқаси биринчисиникига нисбтан кам бўлсада у семириб яшайди. Бу тажрибадан Ибн Сино шундай хулосага келади: барча жисмларнинг субстанциясида ҳам моддий аспект ҳам шакл ва жон ётади. Шунинг учун Ибн Сино фикрича, беморни даволаганда унинг танасига ҳам руҳий ҳолатига ҳам эътибор бериш керак.
Мутафаккир фикрича, руҳий ҳолат жоннинг нурланиши билан боғлиқдир. Агар руҳий ҳолат салбий бўлса, жоннинг нурланиши хиралашади ва аксинча руҳий ҳолат ижобий бўлса, жоннинг нурланиши кучайади. Жисмларнинг субстанционаллиги ғояси Ибн Сино Шарқда кенг тарқалган ҳулул ва иттиҳод концепцияси билан боғлиқдир. Бу концепцияга биноан моддий жисмларнинг барчасида шакл ва жон мавжуддир.
Ибн Сино илмий изланишларида борлиқнинг биринчи сабабини таҳлил этиш эътиборли ўрин эгаллайди. Мутафаккир борлиқ ва биринчи сабаб - Аллоҳни ифодалайдиган категорияларни - “Вужуди вожиб” ва “Вужуди мумкин”ни тавсифлайди. Унингча, “Вужуди вожиб” – бу биринчи жавҳар, моҳият. Унинг мавжудлиги сабабини бошқа нарса-ашёлардан қидириш ўринсиздир, чунки биринчи сабаб оқибати, фаолиятининг натижаси саналмиш хилма-хил жараёнлар ва ашёларнинг моҳиятига боғлиқ бўла олмайди. “Вужуди вожиб”нинг мавжудлиги унинг айнан ўзига боғлиқдир. Унинг зотида камчиликлар ва нуқсонларнинг учраши ҳар қандай имкониятдан ташқаридадир. Бу биринчи сабабнинг муҳим хусусияти-доимий фаолият, чунки у ягона яратувчидир. Биринчи сабаб баъзан фаол, баъзан эса фаолликдан ҳоли бўлиши, баъзан исташи, баъзан эса истамаслиги имкониятдан ташқаридадир. У ҳеч қандай нарсага қарам бўлмаган мустақил моҳият сифатида ягона борлиқни ташкил этади.
“Вужуди вожиб”нинг оқибати, фаолияти натижаси бўлган “Вужуди мумкин”, яъни яратилган олам замон ва маконда ҳаракат қилади. Агар вақт Абу Райҳон Берунийда мутлақ, абадий ва нисбий чегараланлиги билан белгиланиб, ҳар бир ашё-нарса ва ҳодисанинг умри нисбий, чегараланган вақт билан ўлчаниб, абадийлик эса яратганнинг умрига қиёсланса, бирон-бир нарса эса абадийликка даъво қила олмаса, Ибн Синода бу муаммо ўзгача тус олади. “Вужуди вожиб” билан “вужуди мумкин” бир-биридан вақт нуқтаи назаридан эмас, балки ўзининг нафислиги, саҳоватлиги ва карами билан фарқ қилади. Ўз саҳовати ва мурувватини дариғ тутган нарса ҳеч қачон яратилган нарса-ашёларнинг ягона ва ҳақиқий соҳиби бўла олмайди. Демак, муҳтож бўлмаган кимсага пичоқ совға қилиш - бу мурувватли зотнинг иши эмас. Ҳақиқий мурувватли зот шундай зотки, у бирон-бир мақсадни кўзламаган ҳолда ўзгага фойда-наф келтиради1.
Мутафаккир “вужуди мумкин”нинг ҳаракати муаммосига алоҳида эътибор қаратади. У ўзининг “Донишнома”, “Ишорат ва-т-танбиҳот”, “Китоб аш-шифо” асарларида бу муаммога қайта-қайта мурожаат қилади. Унинг назарида жисм ва ҳаракат бири иккинчисиз мавжуд бўлмайди. Бу борада мутафаккир фалсафа ва табиатшунослик соҳасида Шарқ ва Ғарб тафаккури тарихида биринчилардан бўлиб ҳаракат ўз моҳиятига кўра жисмларнинг оддий бир тарзда фазода силжиш, ўрнини алмаштиришгина бўлмасдан, балки мураккаб жараён эканлигини теран ҳис қилганлиги сезилиб туради. Унинг уқтиришча, ҳаракат тушунчасини тор маънода талқин қилиш маъқул эмас. Аслида у фазовий ҳаракатга нисбатан янада умумийроқ бўлиши керак. Имкониятда бўлган муайян ашё-нарсанинг ҳар қандай ҳолати ва ўзгариши айнан шу ички яширин имконият сабабли ҳаракат деб аталади”,2 – дейди Ибн Сино. Алломанинг “ҳаракат” тушунчасига умумфалсафий категория сифатида берган таърифи узоқ вақтга қадар кўпчилик тадқиқотчилар томонидан уқиб олинмай келинди, десак хато қилмаймиз.
Аммо шунга қарамасдан, Ибн Сино “ҳаракат” тушунчасига аниқ таъриф бериш бирмунча қийин эканлигини ҳам унутмайди. “Ҳаракат” тушунчасининг таърифига танқидий ёндашсак, ҳозирга қадар “мавжуд барча унинг таърифлари унинг яширин маъносидан беҳад даражада йироқдир”,1 - деб уқтиради мутафаккир. Лекин бундан қатъий назар, ҳаракат қуйидаги: 1) Ҳаракатлантирувчи; 2) Ҳаракатланувчи; 3) Масофа; 4) Ибтидо; 5) Чегара ва 6) Вақт (замон) каби жиҳатлар билан боғлиқдир. Ҳар қандай ҳодиса, унинг конкрет ҳолатлари ва моҳиятидан қатъий назар, ўзининг “аввалги” ва “ҳозирги” ҳолатларига эгадир. Бунда унинг “ўша вақт” ва “аввалги ҳолати” эндиликда ўзининг илк шакл ва мазмунини сақлаб қолмайди. Бундан ташқари, шуни ҳам таъкидлаш зарурки, бу ҳаракат фазода содир бўладиган ўзгаришдан бошқа нарса эмас.
Ибн Сино “табиат-ҳаракат сабаби”, замон эса ҳаракатнинг миқдори, деб таърифлайди. Табиатдан ташқарида, мавҳум бир тарзда реал ҳаракатнинг мавжуд бўлиши мумкин эмас. Лекин шунга қарамасдан, мутафаккирнинг “ҳаракат” тушунчасининг талқинида икки хил маъно бор. Ҳаракат актуал ва потенциал равишда мавжуд бўлади. Улардан бири оламда мавжуд ашё нарсалар ва уларнинг қарор топиши билан шарҳланса, иккинчиси аса, мавҳум бир тарзда фараз қилинади. Табиийки, ҳар бир алоҳида олинган муайян нарсага тааллуқли конкрет макон ва замон билан чегаралангандир. Мавҳум ҳаракат масаласига келсак, у ҳаракатнинг аниқ даражада умумлаштирилган, ашё-нарсалар конкрет жиҳат ва хоссаларидан йироқлаштирилган, мавҳум тушунчалар кўмагида назарийлаштирилган фалсафий томонидир, Олимни, айниқса, ҳаракатнинг айни шу жиҳати кўпроқ қизиқтиради.
Алломанинг қарашларида ҳаракат ва вақт муайян функционал муносабатда амал қилади. Узлуксиз фаоллик яратувчининг муҳим ва узвий жиҳатидир. Шундай экан, ҳаракатни чексиз, яъни ибтидо ва интиҳосиз деб эътироф этиш яратганнинг фаоллигини тан олишдир. У ўзининг “Китоб аш-шифо” ва қатор бошқа асарларида ҳаракат манбаини уқтириб бериш учун тангрининг саҳоватини теран англаб олиш зарурдир, деган хулосага келади.
Мутафаккир ўзаро бир-бирига таъсир ҳар қандай сабабий боғланишнинг асосини ташкил этишини алоҳида уқтириб ўтади. Ўзаро таъсир нарсаларнинг муайян сабаблари асосида юз бериб, у пировард натижада маълум оқибатларга олиб келади. Унинг фикрича, “сабаб деб ўзи бошқа нарса туфайли келиб чиқиб, ўзидан бошқа нарсаларни вужудга келтирадиган нарсани тушунамиз. У туфайли келиб чиққан нарсани эса оқибат деб атаймиз”1.
Сабаб ва оқибат макон ва замонда рўй беради. Лекин сабаб олдин мавжуд бўлади, унинг натаижасида оқибат келиб чиқади, деган фикрни Абу Наср Форобий ва Ибн Сино рад этадилар. Уларнинг таъкидлашича, сабабсиз оқибат бўлмаганидек, оқибатсиз сабабнинг бўлиши ҳам мумкин эмас. Масалан, эр-хотинни фарзанднинг сабабчиси деб олайлик. Фарзанд вужудга келиши билан эр-хотин ота-онага айланадилар. Шундай экан, сабаб фаол омилу оқибат эса суст натижа деб фикр-мулоҳаза юритиш ўринсиз саналади. Бундан ташқари, Ибн Синонинг “Донишнома” ва қатор бошқа асарларида таъкидланганидек, ҳар қандай ҳодиса ва нарса сабаб сифатида оқибатни келтириб чиқаравермайди. Бунинг учун муайян нарса ва ҳодисаларнинг бири сабаб, бошқаси эса оқибат мақомига эга бўлиши ҳамда муайян шарт-шароитларнинг мавжуд бўлмоғини тақоза қилади.
2.3. Ибн Синонинг табобат масалаларини детерминизм принципи асосида тадқиқ этиши.
Ибн Сино соғлик ва касалликнинг қандай омиллар билан тақозаланганлиги (детерминатцияланиши) масаласини жиддий тадқиқ этади. Хусусан, у касалликларни уларнинг пайдо бўлиши сабаблари, зарурийлиги, воқелигини таҳлил қилишга катта эътибор каратади.
Мутафаккирнинг таъкидлашича, ҳар бир нарсани билиш, у нарсанинг сабаблари бўлса, шу сабабларни ўрганиш орқали ҳосил бўлади ва камолга етади. Шунинг учун табобатда соғлиқ ва касалликнинг сабаларини билиш керак бўлади. Соғлиқ, касаллик ва уларнинг сабалари гоҳо очиқ, гоҳо махфий бўлиб, унга ҳис билан эмас, балки белгиларга асосланиб фикр юритиш билан етишилади. Шунингдек, тибда соғлиқ ва касалликда юз берадиган ҳодисаларни ҳам билиш керак бўлади. “Сабаблар эса тўрт хил бўлади: моддий, фаол, (таъсир қилувчи), шаклий ва тугалловчи сабаблардир.
Моддий сабаблар шундай негизларки, соғлик ва касаллик шу негизларда барпо бўлади.”1
Таъсир қилувчи сабаблар мутафаккир фикрича, одам гавдасининг ҳолатларини ўзгартирувчи ёки ўзгармаган ҳолда сақловчи сабаблардир. Улар ҳаволар ва уларга алоқадор нарсалар, овқатлар, сувлар, ичимликлар ва уларга алоқадор нарсалар, бўшалиш (ва чиқиндиларнинг) тўхталиши, шаҳарлар, турар жойлар ва буларга алоқадор нарсалар, жисмоний ва нафсоний ҳаракат ва осойишталиклардир. Уйқу ва уйғоқлик ҳам фаол сабаблардандир.
Қолган иккита сабаб турлари қуйидагилар:
“Шаклий сабаблар мижозлар, улардан кейин пайдо бўладиган қувватлар ва таркиблардир.
Тугалловчи сабаблар фаолият (ишлар) бўлиб, уларни ўрганишга қувватлар ва уларни ташувчи руҳларни ўрганиш ҳам киради. Тиб санъати одам баданининг соғлиғи ва касллигидан баҳс қилиши сабабли, ана шулар бу санъатнинг мавзуларидаир”.2
Ибн Синонинг фикрича, сабаб деб олдин пайдо бўладиган ва одам гавдасида қандайдир бир ҳолатни келтириб чиқарувчи ёки бу ҳолатни турғунлигича сақлаб турувчи омилга айтилади. Касаллик эса киши гавдасидаги ғайритабиий бир ҳолат бўлиб, касал киши аъзосининг ишига бевосита зарар етказади. У ғайритабиий мижоздан ё ғайритабиий таркибдан пайдо бўлади. Юз бериш шу касаллик ҳолатининг натижасидир. Хоҳ, бу табиатга қарама – қарши бўлсин, масалан, қуланждаги оғриқ каби, ёки қарама – қарши бўлмасин, масалан, ўпка яллиғланишидаги юзнинг ўта даражада қизариши каби, бари бир юз бериш ғайритабиийдир. Сабанинг мисоли ириш, касалликнинг мисоли иситма, аломатнинг мисоли чақнаш ва бош оғриғи.яна саба мисоли – ўткир назла, касаллик мисоли – ўпкадаги яра: аломатнинг мисоли – юз ёнғининг қизариши ва тирноқларнинг букчайишидан иборат.1
Мутафаккир касалликларни келтириб чиқарувчи сабабларни ўрганар экан, шундай деб ёзади: “Билгинки, касалликларнинг кўпчилигида тўрт давр бўлади: бошланиш даври, зўрайиш даври, зўрайишда ниҳоятга етиш даври ва пасайиш даври. Бу даврлардан ташқари вақт соғлиқ ҳисобланади”.2
Ибн Синонинг айтишича, касаллик мижоз, ёш ва йил фасли билан алоқадор ва уларга мос бўлса, уларга мос бўлмаган ва сабабларнинг зўрлиги орқасида вужудга келган касалликларга қараганда кам хавфлидир.
Олим фикрича, касалликлардан шундайлари борки, улар бошқа касалликларга айланади ва бутунлай ёқолиб кетади: бу ҳол хайриятли бўлади. Шундай қилиб, бир касаллик бошқа бир қанча касалликларга шифо бўлади. Масалан, тўрт кунлик иситма кўпинча тутқаноқ, ниқрис, вена томирининг кенгайиши, бўғинларнинг оғриши, қўтир, қичима, майда тошмалар ва томир тортишганга шифо бўлади.
Унингча, касалликлардан баъзилари юқумли бўлади. “Булар мохов, қўтир, чечак, вабо иситмаси, йирингланган яралар каби касалликлардир. Хусусан, булар одамларнинг турар ерлари тор бўлганда ва касал кишининг қўшнилари шамол тагида бўлганларида юз беради. Кўз оғриғи шулар жумласидандир. Сил ва барас (пес ) ҳам юқумли касалликлардандир.
Касалликлардан баъзилари наслдан – наслга кўчади. Масалан, табиий каллик, мохов, подагра. Сил вабарс каби.
Касалликлардан баъзилари бир қабила ва бир ўлкада турувчиларга хос ёки уларда кўпроқ учрайдиган бўлади”.3
Аллома бетакрор тиббий асари саналмиш “Тиб қонунлари”нинг биринчи жилдида илм-фан соҳасида жаҳонда биринчилардан бўлиб табиий муҳит ва инсон саломатлигининг ўзаро муносабатларини тадқиқ этиш заруратини теран англаганлигини яққол кўрамиз. Инсон ҳаёти, унинг сиҳат-саломатлиги ташқи муҳитнинг инсон организмига таъсирига боғлиқдир. Бундай шароитларга об-ҳаво, турар жой, унинг конкрет хусусиятлари, йил фасллари ва уларнинг ўзгариб туриши киради. Инсон организми фаолияти учун муҳим бўлган омиллардан бири турар жойдир. У одам гавдасига қуйидагича таъсир кўрсатади: “ жойларнинг баландлик ёки пастлиги, ёки уларга яқин жойда (баланд, пастлик) ва тоғларнинг бўлиши; Tyпpoқлapнинг қандай бўлишлиги, яъни улар тоза тупроқликми, ботқоқликми, лойликми ёки (тупроқда) маъдан қуввати борми? Бундай сабабларга яна сувнинг кўп ёки озлиги, у жойнинг яқинида дарахтлар, конлар, қабристон, ўлган ҳайвонлар ва шунга ўхшаш нарсаларнинг борлиги ҳам киради”1. Ташқи муҳит таркибида ҳавонинг ўрни муҳимдир. Яхши ҳаво буғ ва тутун каби ёт нapcaлap аралашмаган соф ҳаводир. Бу очиқ ҳаво бўлиб, девор ва томлар ичида беркилмаган бўлади. Яхши ҳаво тоза ва тиниқ бўлиб, унга пастлик, чуқурлик, чакалакзор, ботқоқ ерлар ва полизлардан, айниқса, қалин дарахтзорлар, ёнгок, шавҳат, анжир каби моддалари ёмон бўлган дарахтлар ўсган жойдан сув буғлари ва сассиқ ҳидли еллар аралашмаган бўлади. Аслида қуёш ботганда тез совийдиган ва қуёш чиққанида эса тез исийдиган ҳаво инсон ҳаёти учун фойдалидир.
Ибн Синонинг уқтиришича, инсонлар ҳаётида сувнинг аҳамияти беҳад даражада эътиборлидир. Аллома сувнинг турли хил жиҳатларига тўхталиб, “Сувларнинг энг яхшиси булоқ сувидир. Лекин ҳамма булоқнинг эмас, балки ери тоза ва тупроғида биронта чет хусусият ва кайфият бўлманган булоқнинг сувидир; ёки сув оқадиган жой тошли бўлиши керак, чунки у балчиққа ўхшаб сасимайди, аммо тоза тупроқли ер тошли ердан яхшироқ”2,- дейди. Бундан ташқари, ҳамма тоза тупроқли булоқнинг суви доимо ҳам яхши бўлавермайди. Агар бу сув оқар сув бўлса яна ҳам маъқулдир, чунки оқар сувнинг фазилатлари бисёрдир.
Тиббиёт илмининг султони юқорида келтирилган фикрлар пировард оқибатда далиллар талаб қилишини яхши билади. Унингча, буларга самарали кузатув ва оқилона ташкил этилган тажрибалар ишончли далил бўла олади. Сувнинг сифати унинг солиштирма оғирлигини белгилаш йўли билан аниқланади. Билгилки, деб ёзади аллома, тортиб кўриш сувнинг сифатини аниқлашда қулай усуллардан биридир. Енгил сув яхшироқ бўлади. Сувнинг вазнини баъзан маълум ўлчов ёрдами билан, баъзан эса қуйидаги усул орқали аниқлайдилар: оғирлиги бир хил бўлган икки бўлак латта ёки пахтани икки хил сув билан ҳўлланиб, кейин улар яхшилаб қуритилади. Натижада қайси пахта енгил келса, ўша ҳўлланган сув яхшироқ ҳисобланади.
Мутафаккир таъкидлашича, нарса-ашёларнинг бир-бирига ўзаро таъсири остида уларда мисли кўринган ўзгаришлар содир бўлиб туриши кузатилади. Масалан, Қуёш ва Ойдан тарқаладиган нур ва қувват Ерда жамики юз берадиган ҳодисалар, жумладан одамлар, ҳайвонот ва ўсимликлар олами ҳаётига, тирик табиат ҳодисаларнинг ҳаракатига таъсир этади. Ойнинг яққол кўзга ташланадиган таъсири шундан иборатки, у “меваларни етилтиради, ўз сатҳининг катталашиши туфайли мева мағзи ҳажмини кенгайтиради ва денгиз сувининг кўтарилишига олиб келади”1, - деб таъкидлайди Ибн Сино.
Ёмғир, қор, дўл ва шунга ўхшаш табиат ҳодисаларининг юзага келиши олим томонидан сув буғларининг тарқалиши ёки концентрацияси даражаси билан изоҳланади. Бунда Ибн Сино коллоид жараёнларнинг умумий манзарасини кўрсатиб олган бўлса-да, ёғингарчиликнинг содир бўлиши сир-асрорини, унинг теран моҳиятини ҳар томонлама илмий таҳлил қилиш тадқиқотчидан илмий тадқиқ қилиш янгидан-янги техник воситаларини яратишни ва улардан самарали фойдаланишни талаб қилар эди.
Олимнинг ўзи қолдирган маълумотларга кўра, Ибн Сино замондошларининг кўпчилиги оғир хасталиклар вақтида содир бўладиган инқирозларнинг давом этиши муддати Ойнинг ҳолатига боғлиқ деб ҳисоблар эдилар. Ойнинг қуввати одамлар органзимларида ҳар хил ўзгаришларни юзага келтиради. Бундай ўзгаришлар ўз навбатида одамлар учун фойдали ёки зарарли бўлган турли-туман оқибатларга олиб келиши мумкин. Бунга денгиз сувларининг қалқиб кўтарилиши ва пасайиб қайтишини, Ой нури кўпайганда мия мағзининг кўпайишини ҳамда Ой тўлганда дарахтлардаги мевалар ва сабзавотларнинг пишишининг тезлашувини далил қилиб кўрсатадилар. Уларнинг айтишича, киши баданининг рутубатлари ҳам Ойдан таъсирланади: “Ой ҳолатининг ўзгаришига қараб рутубатларнинг ҳолати турлича бўлади. Ой ҳолатидаги ўзгаришнинг кучайиши билан рутубатлардаги турлилик ҳам кучаяди”, - дейишади.
Алломанинг ўзига келсак, у бундай содда далилларга шубҳа билан қарайди. Олимнинг фикрича, хасталикларда учрайдиган инқирозли ҳолатлар, уларнинг даври ва сабаблари асосан ердаги шароитларга боғлиқдир. Шунинг учун бу хил далил ва ҳисобларда бир қанча шак-шубҳалар бўлиб, улар устида ҳар хил тортишувлар, баҳс-мунозаралар борлигини эслатиб ўтади. Тажриба ва кузатувлар натижасида қўлга киритилган маълумотлар ҳар қандай астрологик хулоса ва башоратлардан афзалдир. Астрология, унга асосланган диагностика услублари ва даволаш методикаси олимга қадар ҳам яшаб келганлиги маълум. Ибн Сино баъзи ҳолларда фазовий жисмлар ва ёритгичлар тўғрисида фикр юритар экан, бу унинг астрологияни тан олганлигини кўрсатмайди, балки унинг касалликларнинг олдини олишда йил фаслларида учраб турадиган метеорологик шароитни эътиборга олиш кераклигини уқтирганлигидир.
Ибн Синонинг кўпгина ҳодисаларнинг физик моҳиятини аниқлаб бериш борасидаги саъй-ҳаракатлари унинг катта хизматларидан бири саналади. Жисмлар орасидаги алоқадорлик ва ўзаро таъсир тўғрисидаги ғояларнинг илгари сурилиши илмий тадқиқотлар доирасидан астрологияни сиқиб чиқаришга реал имкониятлар яратиб беришга олиб келди.
Тажриба ва кузатувлар натижасида қўлга киритилган салмоқли ижобий ютуқлардан ўз фикр-мулоҳазаларини ҳар томонлама асослаш, уларга илмий тадқиқотларни амалга оширишда таяниш Ибн Синонинг мустақил тарзда фикр юритиши, бошқа олимларга тақлид қилишни хуш кўрмаслиги ўша давр учун ўта эътиборлидир. Инсон организмининг ташқи муҳитга нисбатан фаоллиги ҳозирги замон фанида “адаптация” тушунчаси орқали ифодаланади. Ибн Сино терминологиясида эса, у “мижоз”, организмнинг ўзига хос табиати сифатида ишлатилиб келинганлиги маълум1. “Тиб қонунлари”да “мижоз” қуйидагича таърифланганлигини кўрамиз: “Унсурларнинг ниҳоят даражада майда бўлакларидаги қарама-қарши кайфиятларнинг бир-бирига таъсири маълум бир чегарага етганда иайдо бўлган кайфиятга мижоз дейилади. Унсурларнинг энг кичик бўлакларидаги кайфият ҳар бир унсурнинг аксар бўлаклари билан аралашиши учун лозимдир. Бу унсурлар ўз қувватлари билан бир-бирларига таъсир қилишлари натижасида уларнинг ҳаммасига мос бир кайфият вужудга келади. Ана шу кайфият мижоздир”2. Мижозларнинг хилма-хиллиги туфайли кўпинча сабаб битта бўлса ҳам, турли гавдаларда турлича касалликларни ёки турли вақтларда турли касалликларни, оқибатларни келтириб чиқарган бўлади. Бирор- бир сабабнинг таъсири кучсиз ва кучли одамда, сезувчан ва кам сезадиган одамда бир хил бўлавермайди. Инсон организмининг доимо ўзгариш ва ҳаракатда бўлган ташқи муҳитга мослашувида жисмоний машқларнинг роли ғоят муҳимдир. Жисмоний машқлар фаол, мўътадил, пассив шаклларда амалга оширилади. Инсон организмини чиниқтириш мақсадида амалга ошириладиган бадан-тарбияни барчага бир хил кўринишда тавсия этиш самарасиздир. Бу масалада кишиларнинг ёшлари, амалий кўникмалари, одатлари, мижозлари, куч-қуввати ва саломатлигини алоҳида эътиборга олиш муҳимдир.
Ибн Синонинг таъкидлашича, йил фасллари ҳам маълум бир касалликларни келтириб келтириб чиқарувчи сабаб ҳисобланади. Йил фаслларинг ҳар бири ўзига муносиб соғлом мижозда бўлган кишига мувофиқ келади ва ўзига муносиб бўлмаган ёмон мижозли кишига тўғри келмайди. Йил фасллари ўзларига лозим бўлган хусусиятлари билан келишлари керак. Аллома “Тиббий ўгитлари ”да йил фаслларининг инсон танасига таъсири ҳақида шундай ёзади: “Фасллари доимо бир турли бўлган кайфиятда бўлган йил ёмон йилдир, масалан, йилнинг ҳамма фасллари ҳўл ё қуруқ, иссиқ ёхуд совуқ бўлса, бундай йилларда ўз кайфиятларига муносиб касалликлар кўпайади ва бу касалликларнинг муддатлари ҳам узун бўлади. Масалан, совуқ фасл балғам мижозли гавдага таъсир қилиб, гавдага таъсир қилиб, тутқоноқ, фалаж, сакта(мияга қон қуйилиши, инсульт), юз фалажи ва шунга ўхшаш касалликларга олиб боради 4 иссиқ фасл сафро мижоз гавдага таъсир қилиб, жиннилик, ўткир иситма ва иссиқ шишларни келтириб чиқаради”.1
Аллома фикрича, бир фаслдан иккинчи бир фаслга ўтишда маълум бир таъсир юз беради. Агар ҳаво бир кунда иссиқдан совуққа айланса, бу гавданинг соғлиғи ўзгаришига сабаб бўлади. Энг соғлом вақт, кузнинг ва қишнинг ўта совуқ бўлмасдан шу мамлакатга хос мўтадил даражада совуқ бўлишидир. Агар баҳор ёмғирли бўлиб, ёз ҳам ёмғирдан ҳоли бўлмаса, бу энг соғлом йилдир.
Баҳорда узоққа чўзиладиган касалликлар қўзғалади, чунки баҳор туриб қолган хилтларни юргазиб оқизади. Шу сабабдан меланхолия касаллиги бор одамларда бу касллик қўзғалади. Баҳор касалликлари қуйидагилар: ичдан қон ўтиши, бурн қонаш, сафро табиатида бўлган меланхолиянинг қўзғалиши, шишлар, йирингли шишлар, томқ оғриқлари – булари ўлдирувчидир – ва бошқа чиқиқлар. Баҳорда кўпинча томирларнинг ёрилиши, қон қон тупуриш ва йўтал бўлади. Бу нарса, айниқса, қиш сифатида бўлган баҳорда бўлади. Шу касалликларга, хусусан, сил касаллигига дучор бўлган одамларнинг аҳволлари баҳорда ёмонлашади.
Қишга келсак, у ҳазм учун энг яхши вақтдир, чунки совуқ туғма иссиқликнинг жавҳарини сиқади ва бунинг натижасида иссиқлик зўрайади ва тарқалмайди. Қишки касалликларнинг кўпчилиги балғамдан бўлади.
Ибн Сино таъкидича, хилтларни ҳаддан ташқари кўп эритиб тарқатиб қувват ва табиий таъсирларни заифлаштиради. Ёзда қон ва балғам камаяди. Иссиқ вақт касалликларига келсак, буларга, масалан, кун оралатиб турадиган иситма, доимий иситма, куйдирувчи иситма ва гавданинг ориқлаши киради. Бу даврда оғриқлардан қулоқ оғриғи ва кўз оғриғи бўлади. Хусусан, қаттиқ ёз шамолсиз бўлса, булар кўп бўлади.
Куз фаслида эса, бунда одамлар иссиқ офтобда юриб, кечаси совуққа чиққанларидан, мевалар кўплигидан ва улар билан хилтлар бузилишидан ҳамда ёзда қувват камайишидан касалликлар кўп бўлади. Куз фаслининг аввали қари одамлар учун бир қадар мувофиқ бўлса ҳам, охири уларга қаттиқ зарар қилади. Ибн Сино ёзади: “Куз фасли касалликлари қўйидагилар: пўст ташлайдиган қўтир, темиратки касаллиги, саратон ўсмалари, бўғин оғриқлари, аралаш иситмалар ва тўрт кунли иситмалар. Буларнинг ҳаммасига сабаб, савдо (қораўт) нинг кўплигидир. Ўпкалари яра бўлган сил касаллари учун энг зарарли фасл куздир. Сил куздан илгари бошланиб, аломатлари ошкор бўлмаган бўлса, куз бу аломатларни ошкор қилади”.1
Юқоридагилардан маълум бўладики, Ибн Сино табобат масалаларини тадқиқ этишда детерминизм принципидан унумли фойдаланган. Бунда аллома сабаб ва оқибат (натижа), зарурият ва тасодиф, имконият ва воқелик, моҳият ва ҳодиса каби детерминистик категорияларнинг диалектик алоқадорлиги ва моҳияти тўғрисида аниқ назарий билимга эгалигин намойиш этган. Айни пайтда у мазкур категорияларни мазмунан бойитган, уларни методологик аҳамиятини янада ойдинлаштирган, деб айтишга асос борлиги кўриниб турибди.
Достарыңызбен бөлісу: |