Поезднинг боласи



бет1/5
Дата28.06.2016
өлшемі494 Kb.
#162888
  1   2   3   4   5
ПОЕЗДНИНГ БОЛАСИ

ЎЗБЕКИСТОН
Не-не таъриф-ташбеҳ битдилар,

Мангу илҳом, мангу имконсан.

Икки дарё оралиғида

Жўшиб ётган улкан уммонсан.


Бағрингни дур-марварид каби

Эзгуликлар этмишдир маскан.

Ёмонлигу ёвлар йўлига

Икки дарё кўндаланг ҳар дам.


Боқиб бағрим тўлур зиёга,

Сен – кўзимнинг оқ-қоралиги.

Алишмасман икки дунёга

Икки дарё оралиғини!


ЙИЛ МАДҲИ

“Соғлом бола” бизнинг йилдир,

Чиниқамиз, тобланамиз.

Мучалда-чи, от йили бу,

Ойдин йўлга отланамиз.
Нақарот

Тобланамиз,

Отланамиз,

Ўйнаб-қувнаб

Шодланамиз.
Доно бобо суяр бизни,

Эл кафтида тутар бизни,

Ҳур келажак кутар бизни,

Ойден йўлга отланамиз.


Нақорат

Орзулари осмонлармиз,

Яхшиликка посбонлармиз,

Соғломлармиз-полвонлармиз,

Ойдин йўлга отланамиз!

ДИЛ ИСТАГИ

Бу юрт эртасидан хабар —

Кўкда заррин ҳилол бўлгай.

Яна яшнар дала-даштлар,

Ҳаво соф, сув зилол бўлгай.


Назар қилган замин, ер бу,

Мудом тинчлик ғамин ер у,

Кам эмас, камтарин эл бу,

Ки камтарга камол бўлгай.


Тўкиб тер, тинмагай жони,

Осмонга устун хирмони,

Очиқ қўли, дастурхони,

Бутун нони ҳалол бўлгай.


Юксалур, куч олиб кунда,

Ойдайин балқар очунда,

Боболар барҳаёт бунда,

Болалар баркамол бўлгай!



Истиқлол болалари
Истиқлолдан баҳра олган,

Юрт меҳрини дилга солган,

Шодлик куйин баланд чалган,

Биз болалар, биз болалар –

Қувноқ ўғил-қиз болалар.
Чақин чақнар кўзимизда,

Олов бор-да кўксимизда,

Ёлғон йўқдир сўзимизда,

Биз болалар, биз болалар –

Қувноқ ўғил-қиз болалар.
Ватан озод, ватан – обод,

Келажакка борамиз шод,

Шодон авлод – соғлом авлод,

Биз болалар, биз болалар –

Қувноқ ўғил-қиз болалар.
Аъло ўқиш – чин онтимиз,

Ўзбек элин қувончимиз,

Буюк ватан ишончимиз,

Биз болалар, биз болалар –

Қувноқ ўғил-қиз болалар.

ЮРТ БАЙРОҒИ
Элнинг эрку ғурурин —

Рамзи, бахт чароғи бу.

Озод юрт байроғи бу,

Обод юрт байроғи бу!


Улуғ боболар руҳи

Шахди мужассам унда.

Элим деган эрларнинг,

Аҳди мужассам унда.


Мустақиллик шукуҳи,

Қадри мужассам унда.

Кўзимиз қароғи бу —

Озод юрт байроғи бу.


Юксакларда ҳилпираб —

Порлаб турар ҳамиша.

Буюк ғалабаларга

Чорлаб турар ҳамиша.

Эзгулик маёғи бу,

Озод юрт байроғи бу!


Бахши бола юрт кезса

(туркум)

Алқисса бахши бола, одоб-хулқи яхши бола, сўзлари дил нақши бола, қўлга олиб созини, янгратиб овозини, шундай баён этибди, завқию дил розини:


Ўзбек ўғли бўламан,

Кичик бекман, тўраман.

Элим айтган ўланга

Жўр бўламан, жўраман.


Орзудан қанотим бор,

Дил тўла баётим бор.

Элимдан айтар бўлсам,

Тилимда новвотим бор.


Бағри қуёш, ой бу эл,

Яхшиликка бой бу эл,

Кафти очил дастурхон,

Сахий, ҳотамтой бу эл.


Қалби қайнар хумчадай,

Завқи қайнаб тинмагай,

Атойи худо, дея

Меҳмонларин сийлагай.


Ниятлари пок-асл,

Ичда йўқ кир-қораси,

Унинг жондан суйгани

Даласию боласи.


Тўкиб ҳалол терини,

Яшнатган юрт-ерини.

Ҳалол топиб едириб

Ўстирар қиз-ўғлини.


Шу эл маним, агарда

Барин ёзсам дафтарга,

Қувончдан қанот қоқиб

Учади у каптардай.


Ўзбек ўғли бўламан,

Кичик бекман, тўраман.


Наврўзи олам келди
Эй бахтиёр болалар,

Қалби ёниқ лолалар,

Сиз учундир қаймоқдай

Қувноқ қўшиқ-яллалар.


Қўлга олиб торимни,

Айтай дилда боримни.

Нур сочган баҳориму

Гул очган диёримни.


Ватан – обод макондир,

Эркин, озод замондир.

Элим омон-омондир,

Йўлим қуёш томондир!


Яхшиликни ўйлайин,

Яхшиликни сўйлайин.

Ёмонларни қўяйин,

Айёмларни куйлайин.

Наврўз келди оламга,

Юрт тўйин тўй-тўйлайин.


***
Наврўз келди хуш келди,

Завқимизга эш келди.

Борлиқ тўлди ифорга,

Осмон тўла қуш келди.


Чуғур-чуғур наволар,

Бирам майин ҳаволар.

Онам кафтин эслатар,

Силаб ўтган саболар.


Кўк чеҳраси очилди,

Меҳр нури сочилди.

Боғ-бўстонлар яшнади,

Гул поёндоз ташланди.


Гулдай учар капалак,

Қизлар сочи жамалак.

Қиқир-қиқир кулади

Дошқозонда сумалак.


Сумалакни яланглар,

Камалакка қаранглар –

Еру кўкни боғлаган

Нурли кўприк бу ранглар.


***
Наврўз келди хуш келди,

Дала тўла иш келди.

Деҳқон бобо қалбига

Ғайрат келди, жўш келди.


Жилға чопар чулдираб,

Булут гоҳо гулдираб,

Ёмғир қуяр шовуллаб,

Лола чиқар ловуллаб.


Қирда ёнар лолалар,

Қирга чопар болалар.

Шўх елларга соч чайиб

Бирга чопар болалар.


Қанот ёзган бургутдай

Кенгайган қир-далалар.

Эртакларда топилмас

Бу ажойиб паллалар!


Наврўзи олам келди,

Бахтимиз чаман келди.

Элга ҳам байрам келди,

Дилга ҳам байрам келди!


Яхши ва ёмон
Бахши боладан яхши ва ёмон ҳақда айтиб беришни сўрашганда, у бироз жим қолиб, узоқларга назар солиб, ота-бобоси айтганларни ёдга олиб шундай дебди.
То замину замон бор, яхши билан ёмон бор,

Яхши билан ёмон бор, то замину замон бор.


Яхшига эҳтиром бор, эл дилида, тилида,

Эл дилида, тилида яхшига эҳтиром бор.


Ёмонликка товон бор, қочиб бўлмагай сира,

Қочиб бўлмагай сира, ёмонликка товон бор.


Яхшиларга омон бор, бу олам тўфонидан,

Бу олам тўфонидан яхшиларга омон бор.


Ёмонликка қопқон бор, тушар бир кун бўридай,

Тушар бир кун бўридай, ёмонликка қопқон бор.


Яхшида нур-иймон бор, устун каби сақлагай,

Устун каби сақлагай, яхшида нур-иймон бор.

Сен яхшилик томон бор, ёмонликдан йироқ бўл,

Ёмонликдан йироқ бўл, сен яхшилик томон бор.


Деҳқон даласида

(туркум)
Кетмон

Тинмай ишлар, ер чопар деҳқон,

То кечгача, саҳарлаб туриб.

“Дам олинг” деб ёлворар кетмон,

Оёғига ҳар дам бош уриб.
Ўроқ

Деҳқон қўлидаги шу ўроқ

Сўроқ бўлиб кўринар менга:

Кимнинг арпасини хом ўрдим,

... нега? ... нега? ... нега?
Хаскаш

Ер елкасин силаб-қашлайди,

Хас-хашакни тўплаб-чошлайди.

Ҳориб, оёғида туролмас,

Иш тугагач, жим ёнбошлайди.
Белкурак

Деҳқон бобо, доим тик-ку белкурагинг,

Лекин нечук ҳол-аҳволинг, бел, курагинг?

Кенг майдонга тушган чайир полвон ўзинг,

Толмагайсан, сира кўрмас ер курагинг.
Паншаха

Ўроқ ўрар букчайиб,

Қайтгунича то дами.

Хаскаш ишлар ер тирнаб –

Тўплаб қўяр пичанни.
Четда туриб паншаха

Ишни беғам кузатар.

Тайёр бўлган ғарамни

Юқорига узатар.


Паншаханинг эътирози

Ўйлаб сўйла

Биродар,

Беш панжа ҳам

Баробар.
Қуён йили” тилаги
Болажонлар, шўх қуёндай

Сакраб-ўйнаб чопинг ҳар ён.

Ғам-ташвишлар ета олмай,

“Ҳап сени!” деб бўлсин сарсон.


Устозларни тинглаб, пухта –

Илм олинг, нодон бўлманг.

Шўх-шўх ўйнанг танафусда,

Лекин дарсдан “қуён” бўлманг.


Ўтюраклар

Юртимизнинг тўрт фасли —

Бизга аталган асли.
Ёз – очиқ айвонимиз,

Куз – тўкин дастурхондир.

Қиш – момиқ чопонимиз,

Баҳор – яшил майдондир.


Алмашар фасллар-да,

Камол топиб борамиз,

Юрт меҳрини дилларга

Нондай ёпиб борамиз!

Қалби қайноқ боламиз!
Қорқизга олқиш

Ким айтар: у паримас?!

Ундан чирой аримас!

Ҳар йил бир ёш ўсса ҳам,

Қорқиз сира қаримас!
Чунки дили пок унинг,

Орзулари оқ унинг.

Номи қордан бўлса ҳам,

Меҳри кўп қайноқ унинг.


Худди гўзал оқ қайин.

Боқишлари бир майин.

Яшариб, очилгандай

Қорқизимиз йил сайин!


Шундай, қишда ҳам яшнаб,

Сарғаймасин, сўлмасин.

Ёшлик кетмасин ташлаб,

Сира кампир бўлмасин!


Жумбоқ бола

Қор десанг, бобо дейди, (қорбобо)

Муз билан қаймоқ ейди. (музқаймоқ)

Тешикдан кулча кўрар, (тешиккулча)

Атирни гулдай терар. (атиргул)
Тошлик бақа бўлар, дер, (тошбақа)

Соат қумга тўлар дер. (қумсоат)

Чечакни бой деб айтар, (бойчечак)

Болтани ой деб айтар. (ойболта)

Ўзи қандоқ бола бу,

Ажиб жумбоқ бола бу!


Дилшод РАЖАБ


Қор алёри

Осмон қорни элади,

Ерни оққа белади.

Худди юмшоқ пар тўшак,

Думалагинг келади.

Қор ёғар-ей, қор ёғар,

Тўлиб дала-қир ёғар.

Бошимиздан сочқидай,

Оқ марварид дур ёғар.

Хўп яхмалак отамиз,

Гоҳо қорга ботамиз,

Қизиб жўшар қон танда,

Ким дейди совқотамиз?

Қиш яхши-ё, қиш яхши,

Оппоқ қор – кумуш яхши.

Бир-бировга қор отиб,

Қийқириб, қувиш яхши.

Қортўпларни отамиз,

Роса кулиб қотамиз.

Писанд қилмай аёзни,

Қиш завқини тотамиз.

Қор ёғар-ей, зўр ёғар,

Ризқу рўз мўл-кўл ёғар.

Хўп қувнатиб дилларни,

Завқимизга жўр ёғар.
Қорбобога савол

Ҳар янги йил келасиз,

Совға-саломлар билан.

Байрамнинг ойбекаси –

Қорқиз опамлар билан.

Саолларим бор сизга,

Оилангиз ҳақда бу.

Биргинами қизингиз,

Ўғлингиз-чи, қайда у.

Қорболами, қорйигит,

Хўп улғайиб қолгандир?

(Мўйлови сабза уриб

Соқолларин олгандир...)

Ҳа, тушундим сирини,

Ўрмондан ҳеч жилмас у.

Ойиси – Қорбувини

Ёлғиз ташлаб келмас у.

Қиш ташбеҳлари
Қор кийинган арчалар,

Оқ қалпоққа ўхшайди.

Ялтироқ шох-шаббалар,

Жез тароққа ўхшайди.


Муз қотган ариқчалар,

Зар белбоққа ўхшайди.

Сумалаклар – қандиллар,

Муз чироққа ўхшайди.


Қор устида қарғалар,

Қора доғга ўхшайди.

Ё оқ қоғозга томган

Ранг-сиёҳга ўхшайди.


Феъли совуқ изғирин,

Кўп чатоққа ўхшайди.

Қувиб солар ҳаммани,

Уртўқмоққа ўхшайди.



Арча ҳақида

Рустам НАЗАРГА

Арча кўкламни қучиб —

Маҳкам олгандир ушлаб.

Кўклам кетолмас чиқиб

Ундан ёзу куз, қишлар.
Кўклам арчага банди,

Қила олар нима ҳам?

Ахир у ўралгандир

Сонсиз ниналар билан!


***

О, санъаткор табиат,

Сенга таъзим қиламан.

Шундай ажиб бир дарахт

Яратибсан... нинадан.
Сўз сеҳри
Ҳар бир гапу сўзимиз —

Гўё ойна-кўзгумиз.

Айтган ҳар сўзимизда

Кўринамиз ўзимиз.


Қандай яхши сўз-калом

Одоб боши “Ассалом”

Хуш ёқади ҳамма вақт:

“Раҳмат”, “Хўп-хўп”, “Марҳамат”.


Яйратади дилингни

Дўстларнинг “хуш келинг”и.

Сўнгги сўз ҳам аломат:

“Хайр, бўлинг саломат”


Посбонлар

Ҳур ватан фарзандлари —

Ўзбегим аскарлари.

Куч-қудрат бирликдадир —

Мустаҳкамдир сафлари.
Эл-юртга чин посбонлар,

Кўкси баланд осмонлар.

Улар борки, киролмас

Юртга ёвлар, ёмонлар.


Гурс-гурс қадам босганда,

Ҳавас билан қарайман.

Мен ҳам бир кун улғайиб

Эл тинчлигин асрайман


“АНДИЖОН ПОЛЬКАСИ”

Бунчалар шўх-ўйноқи

Мусиқаси нотаси,

Жимирлатар жисмингни,

Бу “Андижон полькаси”

“Така-тум-танг” чилдирма,

Тор булбулдай сайрайди.

Даврага туш, жим-турма,

Жону-танинг яйрайди.

Ўйнамаган қолмасин,

Чолғувчилар толмасин,

Янграсиней янграсин,

Андижоннинг полькаси.
ҒАРОЙИБ САЙР

“Ҳайвонот боғи”н аста

Қадам ташлаб кезаман

Ўзимни шу нафасда

Нақ паҳлавон сезаман.

Қўлимни белга тираб

Тикиламан қўрқмасдан.

Ювош мушукдай турар

Қаршимда зўр йўлбарслар.

“Ҳайт!” десам айиқ полвон

Чўчиб қайтар ортига.

Мени кўриб каркидон

Тошдай қотиб қолди-я.

Тимсоҳлар жим кўз тикиб

Қўрқа-писа мўралар.

Улкан филлар бош силкиб

Мулойим ҳол сўрашар.

Нақ паҳлавон сезаман

Ўзимни шу нафасда.

...Бунча сеҳр-куч қайдан

Оддий симтўр, қафасда?
ОТАМНИНГ БОҒИ

Кириб боқ бир бу боққа,

Жам бунда эрам ҳусни.

Ҳайратланиб қучоқдан

Тушиб кетар тарвузинг.

Кулар хандон писталар

Боғнинг қувноқ қизлари.

Уятчан гилосчалар

Турар чўғдай қизариб.

Бу хўб одобли ток-да,

Эгилиб тутар узум.

Қара, лампочка нокка

Ёришиб кетар юзинг.

Қанттай, дейсан тотисанг

Ана шу қантак ўрик.

Чойнак тушар ёдингга

Анов беҳини кўриб.

Пишиб ёрилган анор—

Кулиб юборган пари.

Кўринар қатор-қатор

Ёқут каби тишлари.

Бу ёққа боқ, бу ёққа,

Кўрсатай боғ гўзалин.

Сўзим кирмас қулоққа,

Олма терар кўзларинг.

Қай бирига қарашни

Билмай, шошиб қолдинг-а?

Шафтолини айтолмай

«Шап-шап-шап» деб толдинг-а?

Шундай, мевасин тотиб

Тўярсан ўзинг, дўстим.

Лекин бу боққа боқиб

Тўймас ҳеч кўзинг, дўстим.
ЁЗ ТОНГИ

Чекинади қора ғам-зулмат,

Ёришади юзи осмоннинг.

Далаларни олади чулғаб

Оппоқ шодлик каби ёз тонги.
Севинчдан кўз ёшлар майса-ўт,

Йиғлоқ чигирткалар овунар.

Ичларига сиғмай қувончи

«Тарс» ёрилиб кетар қовунлар.



ТУТ

Мевасини қоқишар,

Новдасини чопишар,

Борлиқ яшар кўкариб,

У қип яланғоч, ғариб.

Яшил-яшил барглари

Бўлар қуртлар емаги.

Ҳар йил шу бўлар такрор:

Бир бошига минг озор.

Мевасини қоқишар,

Новдасини чопишар.
Оҳ, дунёга бир келиб

Кетгил бир бора ўлиб.

Тутдай кесилмагин ҳеч,

Тутдай тўкилмагин ҳеч!


БУҒДОЙНИНГ ТАҚДИРИ

Майса эди, она офтоб

Бошидан нур тўкарди.

Ювар эди ёмғирлар гоҳ,

Еллар силаб ўтарди.
Ўсиб камол топди дуркун,

Роса пишиб етилди.

Синовлардан ўтказмоқ-чун

Бир кун олиб кетилди:


Аввал, аввал билмоқ лозим

Чидаму бардошини,

Юритдилар бошидан зил

Тегирмоннинг тошини.


Энди унинг поклигин ҳам

Бир текширмоқ керак-да.

Майин, оппоқ ун бўлса-да,

Ўтказдилар элакдан.


Сув қуйдилар, муштладилар,

Минг бир куйга солдилар.

Қизиб турган тандирга ҳам

Бир киритиб олдилар.


Нон бўлгач, у, сабр қилиб

Бор синов-оташларга,

Эъзоз қилиб,кўзга суриб,

Кўтардилар бошларга.


СОМОННИНГ ЎГИТИ

Бўлса ҳам соз замонлар,

Кўпдир ҳали ёмонлар.

Минг буралар шумликка

Суяги йўқ илонлар.
Роса етилганда биз,

Улғайиб хўп ёшимиз,

Топтадилар эшаклар

Тилло каби бошимиз.


Ҳушёр бўл ўнг-сўлингдан,

Ҳаттоки ўз дўстингдан.

Аввал ўзи кириб, сўнг

Мени тиқар пўстингга.


ШАМОЛ

Дархтларни силкитиб,

Тегмаганга тегиб хит,

Кезар шамол ғув-ғув.


Бандин узган япроқлар –

Учқур-чопқир тойчоқлар

Ўйнаб юрар қув-қув.
Юм-юмалоқ соққадай

Дум-думалоқ олмалар

Қулаб тушар дув-дув.
Қўрқиб кетган қушчалар

Сапчиб кўкка учарлар,

Кўтаришиб қий-чув.
Ғазабланган дев каби

Каттакон боғ тебраниб

Гувранади гув-гув.
ҚАРАШ

Кунгабоқар чинданам

Менга жуда ёқади.

У доим ёруғликка,

Юксакликка боқади.
Лекин ҳамма ҳам унга

Шу кўз билан қарамас.

Баъзилар бор ҳаётда

Фикри-зикри қорин, нафс.


Фарқи йўқдир уларга

Қай томонга боқишин.

Улар учун муҳими

Пистасини чақишдир.


ДЎЛАНАНИНГ ДАРДИ

Дейишиб «Ҳа бўл, яна»

Юришиб мўл йўл, мана,

Етиб келдик қошингга,

Чўққидаги дўлана.
«Ўзинг ушлаб кўр, ана,

Дўлана, чин дўлана!»

Бир-биридан олгудай

Сенинг учун кўрмана.


Юзи ёниб лоладай

Қувнар шодон болалар.

Мен-чи, заъфар чеҳрангга

Боқиб ҳайрон қоламан:


Атрофингда ҳаво соф,

Бошгинангда офтоб.

Юксакдасан, ғолибсан,

Пойингда-ку тоғу тош.


Тағин нечун маъюссан,

Юзинг зард—сарғайибсан,

Дўланажон, дўлана?

– Мен айтмай, сен сўрама.


Бу ғолиблик баландлик,

Билсанг, ғамлик, аламлик.

Гарчи ёриб тоғ-тошни,

Кўтардим мағрур бошни.


Кутавериб сарғайдим

Бир яқин дўст-қардошни.

Бўлсам-да юксакдаман,

Яккаман, оҳ яккаман.


ШАҲАРДАН ХАТ

Али дўстим соғмисан,

Жойидами жон қишлоқ?

Ҳануз тортиб хаёлим

Қилур мени лол қишлоқ.
Тонг отишни қичқириб

Эълон қилар хўрозлар.

Қатор-қатор қалдирғоч—

Симдордаги дорбозлар.


Олов селин тўсгувчи

Соябондур-садалар.

Қайнаган шўх қумғондай

Вақирлаган бақалар.


Яккахон хуш хонанда—

Ширин овоз булбулхон.

Раққоса ниначилар,

Доирачи Қизилиштон.


Яшил қинга тиқилган

Қиличдай оқ тераклар.

Сахий говмиш сигирлар

Сут бергувчи челаклаб.


Елкасида мени хўб

Сайр қилдирган эшакжон.

Чирилдоқлар тунлари

Чириллатган ҳуштак ҳам.


Бари-бари эсимда

Қай бирини айтайин.

(Ойим кўнсалар мен ҳам

Эҳ, қишлоқда яшардим!)


...Мендан сўрасанг, раҳмат,

Соғ юрибман ишқилиб.

Бетонкатак хонада

Ўтирибман сиқилиб.


Чиққан билан кўчага

Нимани ҳам кўрардим—

Дуд пуркаган мошинлар,

Текис асфальт йўлларни...


Ёздим сенга бу хатни

Қишлоқни хўб соғиниб.

Кутаяпман бесабр

Яна таътил чоғини.


КУЗ

Кузак юриш

Бошлади.

Яъни уруш

Бошлади.

Сарғайиб сўлди

Кўплаб

Ям-яшил баргу



Ўтлар.

Ўриклар ол япроғин

Яъни қизил

Байроғин


Ерга ташлади

Бир-бир,


Кузакка бўлиб

Асир.


Узум осилди

Дорга,


Олмаю нок

Анорлар


Барчаси

Битта-битта.

Кирди қазноқ—

Яшикка.


Авахта—Ўраларга,

Ҳам зиндон—

Тўрваларга.

Тиқилди кўп.

Асирлар—

Шолғом—пиёз

Сабзилар.

...Бу ғалаба

Кузники,

Энди мазза бизники!


ЧАНОҚ

Сулув теримчи қизлар

Ўтар доғда қолдириб—

Анграйиб қараб қолар,

Оғзидагин олдириб.
ХИРМОН

(ҳазил)


Буғдой экди Кетмонбой,

Суғорди, ўғит берди.

Пишиб етилгач, уни

Ўроқбой ўриб берди.


Хаскаш тўплади барин,

Хўп ҳам бўлди ҳайдалиб.

Ўроғда йўқ...Паншаха

Ҳозир бўлди қайдандир.


Оғримаган-да бели

У оч-юпун қолгурнинг!

Шунча хирмонни келиб

Зумда елга совурди.


СЎНГГИ ЯПРОҚ

Дарахтнинг бир

Бутоғи

Тутиб турар



Япроқни

Қўлларида

Авайлаб.

Ногоҳ келар ел

Пойлаб.

Тортқилай бошлар



Юлқиб,

Дарахт қалтирар

Дир-дир.

...Эй тўймас ел-

Қув, бахил,

Раҳм қил-да,

Бу, ахир.

Шир яланғоч

Дарахтнинг

Қолган сўнгги

Чақаси.
КИМГА ИШ,

КИМГА ОЛҚИШ

иш тугагач устидан

Кумуш қорларни қоқиб,

Яшил тўнча кийдириб

Дарахтларга муносиб,

Енгин шимариб ишга

Тушиб кетди Баҳорой.

Ҳалол меҳнати билан

Далалар очди чирой,

Дарахтларда энди ғўр

Мева пайдо бўлганда,

Меҳнатсевар Баҳорой

Тўқсон ёшга тўлганда,

Тугаб қолди меҳнатга

Бахш этган олтин умри,

Ёзга васият қилиб,

Аста кўзини юмди.
II

Жўшиб турган қайноқ ёз

Киришиб кетди ишга.

Баҳорнинг васияти—

Ҳосил етиштиришга.

Тинмай манглай тер тўуиб

Ҳосил етиштирган чоғ,

Аттанг, олтин Ёзнинг ҳам

Умри тугади эвоҳ.

«Меҳнат қилиб мевамиз

Еёлмасдан кетдинг-а»,

Деб дарахтлар ғам чекиб,

Бошларини эгдилар.
III

Эрта тонгда уйқудан

Куз кўщини очган дам,

Кўрди майса-ўтларнинг

Кўзлариди ёш-шабнам.

Куҳз ҳайро: нега бошин

Эгиб турар дов-дарахт?

(Билмас дарахтлар Ёзга

Сақлардилар сукунат)

Кўзини катта очиб,

Куз кўрди кенг боғларни.

Ширин шарбатга тўлган

Олма, узум, нокларни...

Сўнгра тайёр ҳосилни

Териб ола бошлади,

Яшикларни тўлдириб,

Хирмонларни чошлади.
IV

Баҳорой-у олтин Ёз

Кетдилар роса ишлаб.

Тайёр ҳосилни йиққан

Кузга бўлди олиқишлар.
ҚОР

Қор босмоқда атрофни—

оқлар босар гупиллаб.

Оқлар... ҳатто Офтобни

Кўкда таслим қилдилар.
Қаҳратоннинг қаҳридан

Қўрқиб қотган ер-фалак.

Қўл кўтариб асирдай

Қилт этмай турар дарахт.


Фақат курашар бетин

Азамат шербилклар—

Купаш учун яралган

Фидойи...Қоркураклар.


ҚИШ ЛАВҲАЛАРИ

Кечки осмон оҳиста

Қорни элай бошлайди.

Туннинг қора сочига

Оқ оралай бошлайди.

* * *


Турар қатор дарахтлар—

Ҳоли ночор дарахтлар

Бошга тушган қор—ғамдан

Сочи оппоқ оқарган.

* * *

Куйлар шодан яллалар



Боқи беғам қарғалар.

* * *


Ташвишларни зўридан

Тутун пуфлар мўрилар.

* * *

Ҳар тешикка бош суқиб



Қараб юрар изғирин.

Муз қаймоқдай қорларни

Ялаб юрар изғирин.

ҚАРҒА

Қора қарға қоғ этар,

Ўз кўнглини чоғ этар.
Х а л қ м а қ о л и

Мен қарғаман, қарғаман,

Бекор сўкиб қарғаманг.

Менку бир беозор қуш,

Сизга нима қилдим, хўш?

Тўғри «қағ-қағ» этаман,

Ўз кўнглим чоғ этаман.

Бунинг нимаси ёмон,

Ахир қиш совуқ чунон.

Турмайман-да тираб зор,

Анов мусича мисол.

Куйлайман—«қоғ» этаман,

Кўнглимни чоғ этаман.

Деманг:«Шундай паллада

Бало борми «ялла»га».

Баҳор ёздамас фақат,

Куйлаш керак ҳамма вақт.

Шунда қолмайсиз қотиб,

Ва қайғу-ғамга ботиб.
ҚИШГА

Қовоғингдан қор ёғар,

Бунча совуқ феълинг, Қиш.

Тарновларда осилган,

Сумалаклар-тилинг, Қиш.

Ҳеч гуноҳ қилмасак-да,

Чимчилаб юз-бурунни,

Тағин қилиб масхара,

Кўрсатасан тилингни.
ФАЛОКАТ

Ногаҳон эсди шамол

Даҳшат солиб, вағиллаб.

Қарғалар инин ташлаб,

Кўкка учди «қағ» иллаб.

Силкинади дарахтлар

Тебранади ин – уя, –

Қарғаларнинг юртида

Бўлаяпти зилзила.
ҚАЛИН ДЎСТ

Дўст билинар деганлар

Мушкул кунлар келганда,

Бир қалин дўстим бор, зўр

Жуда меҳрибон, ғамхўр.
Совуқ, аёзли кунда

Мендан ажрамай сира,

Олиб иссиқ бағрига

Асрар қишнинг қаҳридан.


Айланай бу дўстимдан,

Яъни иссиқ пўстиндан.


ҚИШКИ БОҒ

Совуқ юрар дарғазаб,

Урар юпун юрганни.

Дарахтлар турар

Қорга –

Оқ момиққа бурканиб.


Дарахтмас, булар гўё

Шу ерда қолган қишлаб.

Бир оёқда жим қотиб

Турган бир тўп оққушлар.



Достарыңызбен бөлісу:
  1   2   3   4   5




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет