ва жойлашишига таъсир этувчи умумиқтисодий қонунлар.
Ишлаб чиқариш кучлари тараққиётининг бутун тарихий-географик босқичларида амал қиладиган уларнинг сабабий алоқа ва ўзаро ички боғланишларини ифодалайдиган иқтисодий қонунлар мажмуаси умумий иқтисодий қонунлар дейилади. Иқтисодий қонунлар мажмуаси ишлаб чиқариш муносабатларининг ишлаб чиқарувчи кучларнинг характери ва ривожланиш даражаси билан боғлиқлиги, самарали ишлаб чиқариш жараёнини ташкил этиш, мехнат унумдорлигининг ўсиб бориши, иқтисодий ва ижтимоий эхтиёжларнинг ошиб бориши, ишлаб чиқариш жараёнларининг умумлашуви ва иқтисодий интеграциясининг чуқурлашуви, давлат монополистик мулки ва иқтисодиётнинг ривожланиши ишлаб чиқариш монополизми ва давлатнинг антимонополистик тадбирлари, давлатнинг иқтисодиётнинг бошқарувига аралашуви, минтақавий режалаштириш ва башорат қилиш ва минтақавий, иқтисодий районлаштириш кабилардан иборат.
Ишлаб чиқариш муносабатларининг ишлаб чиқариш кучлари характери ва ривожланиш даражасига мос келиши, жамият тараққиётини тезлаштиради. Айни вақтда, ишлаб чиқариш муносабатлари (моддий неъматларни ишлаб чиқариш, тақсимлаш, айирбошлаш ва истеъмол қилиш жараёнларидаги ўзаро муносабатлар мажмуаси) ишлаб чиқариш кучларининг белгиловчи таъсири остида ривожланади.
Бугунги кунда, бозор иқтисодиётига ўтиш ва бозор муносабатларини шакллантириш, мураккаб ва умуминсоний жараён бўлиб объектив заруриятга айланди. Чунки, бозор иқтисодиёти жахон цивилизациясининг ғоят улкан ютуғи сифатида - иқтисодий ривожланган мамлакатларда иқтисодий ўсиш ва ахоли фаровонлигини узлуксиз таъминловчи иқтисодий тизим эканлигини исботлади.
Бозор иқтисодиёти ишлаб чиқариш кучларидан ғоят унумли ва самарали фойдаланишни таъминлаш билан шунга мос юксак ишлаб чиқариш муносабатларини хам юзага келтиради.
Чунки, иқтисодий тараққиёт йўли янги тизим заминида инсон манфаатини юзага чиқариш, унинг мехнатини кадрлаш, ахолининг ночор қатламини социал химоялаш мақсадлари ётади. Бозор иқтисодиёти тажрибаси унинг амал қилиш механизми ижтимоий янгиланишнинг энг самарали воситаси хисобланади, у халқнинг ижодий ва мехнат потенциалини тўла ишга туширади, боқимандалик ва текинхурлик кайфиятига чек қўяди. Иқтисодий ташаббус ва ишбилармонликни ривожлантиради. Хар бир кишининг миллий бойликни устириш масъулиятини ортиради, хар бир кишини бой қилиш орқали жамиятни хам бойитиб боради.8
Бозор иқтисодиётига ўтиш концепцияси ва стратегияси мамлакат президенти И.А.Каримов томонидан “Ўзбекистон: бозор муносабатларига ўтишнинг ўзига хос йўли”, “Ўзбекистон иқтисодий сиёсатининг устивор йўналишлари”, “Ўзбекистон иқтисодий ислохотларни чуқурлаштириш йўлида” асарларида чуқур ишлаб чиқилди. Бу концепция миллий мустақиллик назариясининг таркибий қисми бўлиб иқтисодиётни устивор йўналтиришда ривожлантириб миллий мустақилликни янада мустахкамлашни таъминлашдир. Ўзбекистоннинг иқтисодий тараққиётининг бош йўли ва мақсади иқтисодиётни узлуксиз ривожлантириш асосида халқ фаровонлигини таъминлаш инсон хак-хуқуқларини тўла таъминловчи демократик жамият қурилишдан иборатдир.
Ўзбекистонда кейинги йилларда рўй бераётган чуқур иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ўзгаришларнинг назарий асослари И.А.Каримов асарларида атрофлича баён қилинган бўлиб, иқтисодий ва ижтимоий ислох қилиш иқтисодий муносабатларнинг демократиялаш кишилар онгида рўй бераётган ўзгаришлар чуқур тахлил қилинган.
Чунончи, “Ўзбекистон иқтисодий ислохотларни чуқурлаштириш йўлида” асарида Ўзбекистон иқтисодиётни ислох қилишнинг биринчи босқичида мулкни давлат тассаруфидан чиқариш ва мулкчиликнинг турли-туман шаклларини вужудга келтириш, кўп укладли иқтисодиётни ривожлантириш, унинг янги типини шакллантириш каби ғоят мухим масалалар тахлил қилинган. Шунингдек, мулкни хусусийлаштириш ва рақобатчилик мухитини юзага келтириш жараёнларини чуқурлаштириш, макроиқтисодий барқарорликка эришиш, миллий валютани мустахкамлаш, иқтисод таркибий тизимини тубдан бозор иқтисодиётига мослаштириш, ижтимоий кафолатлаш кучли бўлган демократик давлатни шакллантириш вазифаси назарий ва амалий жихатдан асосланган. Ўзбекистоннинг бозор иқтисодиётига ўтишнинг ўзига хос йўли изчиллик билан унга аста-секин, босқичма-босқич, халқнинг кенг қатламларини ижтимоий химоя қилиб бориш, барқарорликни таъминлаш йўли билан бориш лозимлиги илмий жихатдан асослаб берилган.
И.А.Каримов Ўзбекистоннинг бозор иқтисодиётига ўтишнинг ўзига хос йўлини кўрсатиб, “Республиканинг бозор муносабатларига ўтишда ўз йўлидан изчиллик билан бориши демократик ўзгаришлар, республикани ривожланган мамлакатлар қаторига олиб чиқиш, уни халқаро обрў-эътиборини мустахкамлаш учун пухта моддий негиз яратади” 9 - деб уқтиради. Эркин демократик тузум шароитида мехнат кишилари, энг аввало ишлаб чиқариш воситаларига эгалик қила бошладилар. Бу эса бозор шароитлари талаблари асосида ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва уни ривожлантиришга кенг йўл очади. Ўзбекистонда демократик тузумни барча афзалликлари хар тарафлама тўла исботланиши маъмурий - буйруқбозликдан мустақил тузум билан алмаштирилиши ижтимоий-иқтисодий ислохотларнинг асосини ташкил этади.
Ўзбекистонда амалга оширилган иқтисодий - ижтимоий ислохотлар бозор иқтисодиёти ва бозор муносабатларига мос иқтисодий тизимларда таркибий ва худудий ўзгаришларга олиб келади. Шунга мос ишлаб чиқариш муносабатлари шаклланмокда. Натижада, Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш бошланди. Чунончи, 1999 йил ялпи ички махсулот (ЯИМ) - 4,4 фоизга ўсди. Саноатда махсулот ишлаб чиқариш хажми 1998 йилга нисбатан - 106,1 фоиз, қишлоқ хўжалигида - 105,9 фоиз, чакана товар айланиши - 110,5 фоизга кўпайди.
Самарали ишлаб чиқариш жараёнини ташкил этиш ишлаб чиқариш кучларини ривожланишида мухим ўрин тутади. Чунки, хар қандай ишлаб чиқариш умуминсоний иқтисодий жараён бўлиб унинг мақсади жамиятнинг ўсиб бораётган иқтисодий ва маънавий эхтиёжларини қондиришдан иборатдир. Буни амалга оширишда иқтисодий ресурслардан фойдаланилади, товар ва хизматлар яратиш жараёни юзага келади.
Инсон (жамият) эхтиёжларини қондириш мақсадида табиат неъматлари ва кучларини ўзига мослаштиришдан иборат иқтисодий жараён ишлаб чиқариш деб юритилади. Кўриниб турибдики, ишлаб чиқариш инсонларнинг маълум мақсадга мувофиқ йуналтирилган фаолияти бўлиб, эхтиёжларни тўларок қондиришга мўлжаллангандир. Бу жараён ишлаб чиқариш омиллари - мехнат, капитал, ер ва тадбиркорлигининг ўзаро боғлиқ харакат фаолияти натижасида юзага келади ва жамият ишлаб чиқариш кучлари тараққиётини тезлаштиради хамда жамият эхтиёжларини тўларок қондириш учун шарт-шароит хозирлайди.
Бугунги ишлаб чиқариш иккита йирик бир-бири билан боғлиқ сохалар: а) моддий ишлаб чиқариш - яъни саноат, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, қурилиш, транспорт ва алоқа (коммуникация тизими), савдо ва умумий овқатланиш, моддий техника таъминоти (логистика);
б) номоддий ёки ижтимоий - маданий сохалар - яъни маданият, таълим тизими, соғлиқни сақлаш, фан, бошқарув уй-жой ва коммунал хизмат, хизмат кўрсатиш (сервис) ва ахборотлар тизимидир.
Иқтисодий жихатдан ривожланган мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатмокдаки ХХ асрнинг 50-йилларидан бошлаб ИТИ таъсирида моддий сохалардаги чуқур сифат ўзгаришлари ижтимоий-иқтисодий сохалар тараққиётига ёки иқтисодиётнинг ижтимоийлашувига кучли таъсир этмокда. Натижада, моддий сохаларга нисбатан “мураккаб - сервис” сохаларининг ЯММ даги хиссаси узлуксиз ортиб бормоқда. Бу жараён деярли барча бозор иқтисодиёти мамлакатлари учун хос бўлиб ишлаб чиқариш кучлари ривожланиши ва тараққиётида хамда уларни мамлакатлар, минтақалар ва халқаро кўламда худудий жойлашишида хам ўзгаришларни юзага келтирмокда.
Мехнат унумдорлиги жамият тараққиётида мухим ўрин тутади ва ишлаб чиқариш жараёнида кишилар мехнатидан фойдаланиш самарадорлигини ва махсулдорлик кўрсаткичларини ифодалайди. Ишлаб чиқариш тармоқлари ва корхоналарида мехнат унумдорлиги ялпи ёки соф махсулотни ўртача ишловчилар сонига бўлиш орқали бир ишловчи хисобига яратилган махсулот сифатида аниқланади ва бу мехнат унумдорлигининг кўрсаткичи хисобланади. Жамият миқёсида эса мехнат унумдорлиги олинган миллий даромаднинг моддий ишлаб чиқаришда ишловчилар сонига бўлиш орқали хисобланади. Мехнат унумдорлигининг ўсиши махсулот бирлигига бўлган мехнат сарфининг камайишидир. Мехнат унумдорлигининг ўсиш жараёни иқтисодиётнинг турли тармоқларидаги мажмуали омиллар билан боғлиқ бўлади. Чунончи, бу жараён саноат тармоқларидаги силжишлар, илмий-техник имконият даражасининг кенгайиши, янги технологияни доимий жорий этиш, ишлаб чиқариш ва мехнатни ташкил этиш, янги фойдали ресурсларни ўзлаштириш ва корхоналарни ишга тушириш, бошқариш тизимини такомиллаштириб бориш билан боғлиқ. Агросаноат мажмуасида (агробизнес) ишлаб чиқаришни механизациялаштириш ва автоматлаштириш, самарали технологик жараёнларни қўллаш, дехқончилик ва чорвачиликни индустриал асосларга кўчириш, қурилишда-қурилиш индустриясини янада ривожлантиришдан иборатдир. Юқоридаги жараёнлар ижтимоий мехнат унумдорлигини ўсиш суръатини тезлаштиради ва айни вақтда мамлакатлар миллий хўжалик тизимининг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига кучли туртки беради.
Жамият иқтисодий ва ижтимоий эхтиёжларининг ўсиб бориши жараёни - мамлакатларнинг иқтисодий тараққиёти даражасининг ривожланиб боришини тақозо қилади. Иқтисодий тараққиёт даражаси ишлаб чиқариш ва истеъмолининг ахоли жон бошига тўғри келувчи хажми билан белгиланади хамда иқтисодий эхтиёжлар иқтисодиёт тараққиёт даражасига уйғунлашган бўлади. Маълумки, жамият иқтисодий ва ижтимоий эхтиёжлари доимий ўсиб бориши ишлаб чиқаришни барқарор ривожлантириб боришни тақозо қилади. Жамиятнинг эхтиёжлари айрим шахслар эхтиёжлари йиғиндисидангина иборат эмас, балки, ижтимоий муносабатлар хосиласи сифатида, бутун жамият манфаатларини ифода этади. Жамият аъзоларининг ўсиб бораётган иқтисодий ва ижтимоий эхтиёжларини қондириш, пировард натижада, ишлаб чиқариш кучларининг ривожланиши билан боғлиқ жараёндир.
Ишлаб чиқариш жараёнларининг байналминал-
лашуви ва иқтисодий интеграциянинг чуқурлашуви, XIX асрнинг охирлари ХХ асрдан бошлаб саноатнинг иқтисодиётда бош сохага айланиши билан боғлиқ барқарор ривожланаётган жараёндир. У дастлаб, ишлаб чиқариш тармоқлари ўртасидаги халқаро ихтисослашув тарзида, сўнгра муайян тармоқларнинг айрим буюм ва махсулотлар ишлаб чиқариш юзасидан халқаро ихтисослашуви, муайян тур ва хажмдаги махсулотлар, деталлар, технологик жараёнлар ихтисослашувида ўз ифодасини топмокда. ХХ аср 50 йилларидан бошлаб бундай халқаро ишлаб чиқариш жараёнларининг такомиллашуви илмий-тадқиқот ва конструкторлик-лойихалаш ишларида хам кучайди, мамлакатлараро илмиий-тадқиқот ишларини олиб борувчи гурухлар шаклланди. Ишлаб чиқаришдаги байналминаллашув (саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт) халқаро савдо, молия тизимларида хам ривожланиб халқаро иқтисодий ташкилотлар тизимини юзага келтирди. Натижада, мамлакатлар ўртасида хўжалик интеграциясининг ривожланиши учун шарт-шароитлар кенгайди ва бу жараён тобора чуқурлашиб минтақалар ва халқаро микёсда мамлакатлар иқтисодиётини бир-бири билан боғлиқ ишлаб чиқариш кучлари ривожланишини тезлаштирмокда.
Давлат монополистик мулки ва иқтисодиётни ривожлантириш жараёни ишлаб чиқариш кучларининг барқарор тараққиётида мухим ўрин тутади. Давлат монополистик мулки давлат бюджети хисобидан хамда айрим корхоналар, хатто тармоқларнинг миллийлаштирилиши (давлатлаштирилиши), корхоналар акцияларини бир қисмини сотиб олиниши орқали шакллантирилади. Давлат монополистик мулки иқтисодиётни барқарорлаштириш омилидир. Давлат асосан синиш, банкрот арафасидаги корхоналарни, кам даромадли корхоналарни, инқирозга ёки турғунликка учраган тармоқларни сотиб олади ва йирик инвестиция сарфлайди. Айни вақтда, давлат илмий-техника тадқиқотлари билан боғлиқ харбий саноат мажмуалари, ўта замонавий саноат тармоқлари, хатто инфраструктуранинг маълум сохаларини доимий суръатда рағбатлантириб туради. Чунки, иқтисодиёт тармоқлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш шакллари (монополиялар, трестлар, концернлар, фирмалар, корхоналар, ширкатлар ва бошқалар) давлатнинг бевосита қўллаб қувватлаши ва иқтисодий ёрдамисиз ривожлана олмайди. Давлат йирик корхоналарни, ўта янги замонавий тармоқларни барпо қилади ва уларнинг ривожланишига имкониятлар яратади. Шунингдек, давлатнинг иқтисодий фаолиятида субсидиялар, енгил шартларда кредит - қарзлар бериш, капитал сарфлашга, солиқларни камайтириш хам мухим ўрин эгаллайди. Давлатнинг иқтисодиётга фаол аралашуви (АҚШ, Германия, Франция, Япония, Буюк Британия ва бошқалар) ишлаб чиқариш кучларининг ривожланишига, иқтисодий барқарорликни таъминлашга хамда мамлакат иқтисодий-ижтимоий тараққиёт даражасининг юксалишига олиб келади.
Ишлаб чиқариш монополизми ва давлатнинг антимонополистик тадбирлари. XIX аср охири ХХ аср бошларида эркин рақобат негизида капитал ва ишлаб чиқаришнинг тўпланиши хамда марказлашуви сифат жихатидан янги жараёнларни юзага келтирди. Ижтимоий ишлаб чиқаришнинг катта қисми- йирик корхоналарда тўпланди. Натижада, махсулотлар ишлаб чиқаришнинг катта қисми монополия қилиб олинди ва шу тариқа ишлаб чиқариш монополизми юзага келди. Монополиялар ишлаб чиқаришнинг катта қисмини туплаб, мамлакат иқтисодиётининг бир ёки бир неча тармоқларини ўз таъсирига олиши, бозорда нарх-навони белгилаши ва монопол мавқеидан фойдаланиб монопол юқори фойдани ўзлаштириши билан характерланади. Ишлаб чиқариш монополиялари картел, синдикат, трест, концерн, фирма, ассоциация, холдинг, корпорациялар шаклларидадир. Давлат ана шундай юқори монопол олиш билан боғлиқ монополиялар фаолиятини чеклаш мақсадида антимонополистик тадбирлар мажмуасини амалга оширади. Бундай тадбирларга давлатнинг монополияларга нисбатан солиқ сиёсати, имтиёзли кредитлар бериши, давлат буюртмаларини қисқартириши ва бошқалар киради. Ушбу тадбирлар мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва валюта-молия тизимини барқарорлаштириш имкониятларини юзага келтиради.
Давлатнинг иқтисодиётни бошқарувга аралашуви, иқтисодиётни режалаштириш ва башоратлаш. Мамлакатлар иқтисодиётни барқарор ривожланишида (цикллиликни олдини олиш) давлатнинг иқтисодиётни бошқарувга аралашуви мухим ўрин тутади. Давлат иқтисодиётга бюджет - кредит, солиқ сиёсати, монополиялар ва тармоқларга имтиёзли кредитлар бериш, фоизнинг хисоб ставкасига таъсир этиш, аммортизацияни жадаллаштириш сиёсатига амал қилиш, фойдадан олинадиган даромад солиғини камайтириш, илмий-техника инқилоби ютуқларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш орқали таъсир этишга, уни тартибга солишга харакат қилади.
Иқтисодиётни давлат томонидан тартибга солишнинг юқори шаклларидан бири - давлат томонидан режалаштиришдир. Давлат инвестициялар, экспорт, импорт, малакали ишчи кучини тайёрлаш, илмий тадқиқотлар ўтказиш, тармоқлар ўртасидаги мувозанатни сақлаш тўғрисидаги узок муддатли дастурлар ишлаб чиқмоқда. Давлатнинг иқтисодиётга аралашуви асосан Кейнс модели10 асосида кенг тарқалган бўлиб, бюджет-солиқ ва молия-кредит сиёсати орқали амалга оширилади. Иқтисодий тараққий этган мамлакатларда давлат фаол ташқи иқтисодий сиёсат олиб бормоқда, инфраструктура сохалари ва харбий - саноат мажмуаларида унинг таъсири катта бўлмокда, хўжалик мажмуасининг тармоқ ва худудий таркибини тартибга солиш, инфляцияни бартараф этиш, тўлов балансини барқарорлаштириш, ишсизликни ва инқирозларнинг олдини олиш, иқтисодий ўсишни рағбатлантириш сиёсатини амалга оширмокда. Иқтисодиётни режалаштириш иккинчи жахон урушидан сўнг айрим тармоқ дастурларидан (Италияда кемасозликни, Буюк Британияда металлургияни, Францияда машинасозликни ва бошқалар) бошланган у бутун миллий иқтисодиётни ривожлантиришдан иборат миллий дастурларни ўз ичига олади. Айни вақтда, махаллий ва тармоқ дастурлари умумий дастурларнинг бир қисмидир. Иқтисодиётни режалаштириш яқин ва олис истиқболга мўлжалланган иқтисодиётни ривожлантириш башоратларидан иборат. Шунингдек, бихевиористик (gecharsiour - инглизча хулқ) яъни хулқий назарияга кўра ишлаб чиқаришни жойлаштиришда хал қилувчи омил ишлаб чиқариш харажатлари ва транспорт эмас, балки монополиялар ва фирмалар бошқаришининг роли кескин ошганлиги туфайли хулқ сабаби ва бошқа субъектив сабабларининг ахамияти кескин ортмоқда.
Кейинги йилларда ишлаб чиқариш кучларини оқилона жойлаштиришда давлат томонидан амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий, маъмурий ва хуқуқий тадбирлар мажмуаси минтақавий режалаштириш ва минтақавий башоратлаш шаклида бўлмокда. Бундай минтақавий сиёсат иқтисодий жихатдан ривожланган мамлакатларда қуйидагиларда ифодаланмокда:
1) ахоли ва ишлаб чиқаришнинг хаддан ташқари тўпланишини, олдини олиш яъни “шахарларни енгиллаштириш”;
эски саноат районларини (АҚШда-Аппалачи, Буюк Британияда - Жанубий Уэльс, Ланкашир. Францияда - Лотарингия, Шимолий район, Германияда - Рур ва Саар хавзаларидан ташқари) ривожлантириш;
бўш ривожланган қолоқ аграр районлар иқтисодиётини (Италияда - Жануб, Францияда - Шимоли-Ғарб, ва Жануби-Ғарб районлари, Японияда - Хоккайдо) ривожлантириш;
янги районларни ўзлаштириш (Канада- Шимоли, АҚШда - Аляска, Австралияда - Марказий, Ғарбий районлар, Буюк Британияда - Шимолий ва бошқа худудлар)
Ривожланаётган мамлакатлар гурухида минтақавий режалаштириш ва минтақавий башоратлаш ресурсли районларни ўзлаштириш, иқтисодиётни тармоқ ва худудий таркибини такомиллаштириш, халқаро мехнат тақсимотида хом-ашё ва плантация экинлари етказиб беришга ихтисослашувдан тайёр махсулотлар етказиб беришга ўтишдан иборат сиёсатни ўз ичига олади.
Пост - социалистик мамлакатлар, МДХ мамлакатлари ва Осиёдаги социалистик мамлакатларда (ХХР, КХДР, ВСР) амалга ошираётган минтақавий режалаштириш ва минтақавий башоратлаш сиёсати, яъни табиий ресурсли худудларни ўзлаштириш, минтақалар иқтисодиётини тенглаштиришдан иборат.
Иқтисодий районлаштириш - ишлаб чиқаришни самарали ташкил қилишни такомиллаштириш ва худудий режалаштириш асоси сифатида мамлакатларнинг худудий-иқтисодий мажмуасини ифодалайди. Иқтисодий районлаштириш узоқ тарихга эга. Иқтисодий районлаштириш асосида худудий мехнат тақсимоти етади. Ана шу мехнат тақсимоти орқали мамлакатларнинг айрим қисмлари, яъни табиий-иқтисодий жихатдан яхлит худудлари ишлаб чиқаришнинг бир ёки бир нечта иқтисодий самарали бўлган тармоқларига ихтисослашадилар. Натижада, район даражасидаги ва районлараро алоқалар амалга ошади. Мамлакат бу иқтисодий районлар тизими бўлиб, ўз навбатида иқтисодий минтақаларга, иқтисодий кичик районларга бўлинади. Иқтисодий районлар бир-биридан ишлаб чиқариш шароитлари билан фарқланади. Бундай шароитлар:
а) иқтисодий ривожланиш даражаси;
б) мехнат ресурсларининг шаклланиш хусусиятлари;
в) ишлаб чиқариш тизимининг ихтисослашуви ва
концентрацияси;
г) транспорт турининг шаклланиши;
д) ишлаб чиқаришнинг табиий омиллари хамда
е) табиий-тарихий хусусиятлари билан белгиланади. (Н.Т.Агафонов., А.Т.Чистабаев ва бошқалар)
Иқтисодий жихатдан қулай районларда йирик ишлаб чиқариш турлари - электро энергетика, металлургия, машинасозлик, химия, енгил, озиқ - овқат саноати мажмуаларини, ихтисослашган қишлоқ хўжалигини жойлаштириш бутун мамлакат хўжалик мажмуаси учун юқори иқтисодий самара беради. Айни вақтда, иқтисодий районларда самарали ишлаб чиқариш тизимининг шаклланиши мавжуд табиий шароит ва табиий ресурслардан мажмуали фойдаланиш, саноат тармоқларининг ўзаро уйғунлашган холда ривожланишини таъминлаш ва саноат мажмуалари, агросаноат ишлаб чиқариши ва инфраструктура тармоқларини барқарор ривожланиши хамда ижтимоий-иқтисодий, экологик муаммолар ечимларини хал қилиши билан чамбарчас боғлиқдир. Шунингдек, иқтисодий районларни сиёсий-маъмурий бўлинишлари доирасида ажратиш ишлаб чиқариш кучларининг ривожланишига ва самарали ишлаб чиқариш тизимини шаклланишига тўсқинлик қилади. Чунки, яхлит табиий - иқтисодий худудларда табиий ресурсларни турли сиёсий-маъмурий бирликлар доирасида бўлиниб қолиши бу ресурслардан оқилона фойдаланишга имкон бермайди. Мамлакатларни табиий, ижтимоий-иқтисодий, экологик хамда иқтисодий районлаштириш иқтисодиёт тармоқларининг ривожлантириш ва бошқариш имкониятларини кенгайтиради. Хар бир иқтисодий район учун минтақавий сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш имконини беради.
3.4. Ишлаб чиқариш кучларини жойлаштиришда қонуниятлар билан бир қаторда табиий, ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-демографик ва ижтимоий-экологик омиллар хам мухим ўрин тутади. Ишлаб чиқариш кучларни жойлаштириш омиллари ишлаб чиқариш корхоналари, корхоналар гурухи, миллий хўжалик тармоқларининг оқилона жойлаштириш учун хисобга олинмоғи лозим. Ишлаб чиқариш кучларини жойлаштиришдаги омилларни, уларнинг белгиловчи ролига кўра, 4 гурухга бўлиш мумкин.
Табиий омиллар;
Ижтимоий-иқтисодий омиллар;
Ижтимоий - демографик омиллар;
Ижтимоий-экологик омиллар.
1. Ишлаб чиқариш кучларининг табиий омиллари - табиий шароит ва табиий ресурсларнинг иқтисодиётнинг тармоқ хамда районларнинг ривожланишига таъсиридан иборат. Бунда ер ресурслари, фойдали қазилмаларнинг жойлашиши, миқдори, сифати, фойдаланиш даражаси, иқлим ва сув ресурслари, ўрмон ресурслари мухим ўрин тутади.
Айниқса, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши тармоқларининг жойлашишида табиий шароит - хаво харорати, вегетация даври, ёғинлар миқдори ва унинг даври, ер ости сувларининг кўтарилиш даражаси, шамоллар, ер усти тузилиши (рельеф), яйловлар ва уларнинг махсулдорлик даражаси, ер фонди ва унинг таркиби, қишлоқ хўжалигига яроқли ерлар, тупроқ таркиби ва табиий унумдорлик даражаси каби омиллар мажмуасининг ўрни каттадир.
Саноатнинг мухим тармоғи - қазиб берувчи саноат тармоқлари (тоғ-кон саноати) табиий ресурсларга, яъни минерал хом-ашё ресурсларининг - тоғ-геологик шароитлари, руда ва рудали хом-ашёларнинг ер остида жойлашиши даражаси, сифати (руда таркибида - металл миқдори), рангли металлар мажмуаси, нефт ва табиий газ сифати, кўмир (қатламларининг жойлашиш ва қалинлик даражаси кабилар), балиқ-консерва, озиқ-овқат, ўрмон-целлюлоза корхоналари хом-ашёга боғлиқ холда жойлашади. Айниқса, қора металлургия (чўян, пўлат ва прокат), гидролиз, ўрмон-целлюлоза, минерал ўғитлар ишлаб чиқариш корхоналари (1 тонна махсулот ишлаб чиқаришга 2 тоннадан 6-7 тоннага қадар хом-ашё талаб қилади) жойлашишида хом-ашёга боғлиқлик кучлидир.
2. Ишлаб чиқариш кучларининг жойлашишида ижтимоий-иқтисодий, яъни давлатнинг иқтисодий тараққиёт даражаси, давлат сиёсати, транспорт-географик, денгиз бўйи холати, қўшинчилик ва чегарадошлик (иқтисодий ривожланган худудлар билан) омилларининг хиссаси каттадир. Мамлакатларнинг иқтисодий тараққиёт даражаси илмий-техника инқилоби билан боғлиқ замонавий ишлаб чиқариш тармоқларини ривожлантириш имкониятларини беради. Айниқса, иқтисодиётда мухим ўрин тутувчи автомобилсозлик, самолётсозлик, атом саноати, электротехника, приборсозлик, контрол-ўлчов, космик-ракета ва бошқалар-автоматлаштириш, робототехника тармоқларининг ривожланишини таъминлайди. Давлатнинг саноатнинг янги ва энг янги тармоқларини ва инқироз хамда турғунликка учраган тармоқларини ривожлантиришга қаратилган тадбирлардан иборат сиёсати мамлакат ва унинг минтақаларида ишлаб чиқариш кучларининг барқарор ривожланиш имкониятларини юзага келтиради.
Давлатнинг иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган тадбирлари, чунончи янги ресурсли худудларни интенсив ўзлаштириш, ижтимоий-иқтисодий-экологик зўриққан худудларни енгиллаштириш кабилар ишлаб чиқариш кучларининг ривожланиши ва жойлашишида сезиларли ўзгаришларга олиб келади. Транспорт-географик холатнинг қулайлиги, денгиз бўйи худудлари, қўшничилик ва чегарадошлик холатлари халқаро мехнат тақсимотининг чуқурлашуви ва халқаро иқтисодий интеграциянинг ривожланиши билан ишлаб чиқаришни халқаро бозорга чиқиш қулай худудларга, денгиз бўйларига (бу хол кейинги йилларда йирик порт - саноат ишлаб чиқариш мажмуаларини ривожланишига олиб келди), ривожланган мамлакатлар билан қўшничилик ва чегарадошлик эса ишлаб чиқариш кучларини чегара худудларида ривожланишига (“Умумий бозор” доирасида) олиб келмоқда.
3. Ишлаб чиқариш кучларининг жойлашишида ижтимоий-демографик омиллар - ахоли сони, ахоли сонининг кўпайиши, зичлиги, миллий таркиби, мехнат ресурслари ва унинг сифат таркиби, ахолининг иқтисодий (малака) таркиби, маълумот даражаси, миграцион харакатларга тортилиши, ахолининг худудий жойлашиш тизими (овул, қишлоқ, кичик, ўрта, йирик ва ўта йирик шахарлар) катта ўрин тутади.
Ишлаб чиқариш кучларини ривожлантириш ва жойлаштиришда демографик жараёнларнинг бугунги ва истиқболдаги холати хисобга олинади. Мехнат ресурслари мавжуд худудларда сермехнат иқтисодиёт тармоқларини, ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш инфраструктураси тизимларини, юқори малакали мехнат ресурслари мавжуд худудларда замонавий ва ўта замонавий саноат тармоқларини ривожлантиришни тақозо қилади. Ахолининг худудий жойлашишига мос ишлаб чиқариш тизимини шакллантириш миграцион жараёнларнинг тартибга солиш ва бошқариш имконини беради. Бу ўринда саноат корхоналарини “филиаллаштириш” орқали ишлаб чиқариш кучларини худудлар бўйича бир текис ривожлантиришдан ташқари экологик муаммоларни хам юмшатиш мумкин.
4. Ишлаб чиқариш кучларини жойлаштиришнинг ижтимоий-экологик омиллари ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб илмий-техника инқилоби туфайли юзага келган экологик инқирозлар ва саноатнинг энг янги сохаларининг соф табиий мухитга бўлган талаби билан боғлиқдир. Ахоли ўсиши ва ишлаб чиқариш суръатларининг хаддан ташқари тезлашуви, унинг тўпланув жараёнининг кучайиши оқибатида атроф-мухитга таъсири кучайди. Атмосферанинг ифлосланиши, тупроқ ва ер ресурсларининг яроқсиз холга келиши, ўрмон ресурсларининг қисқариши, йирик шахарлардаги (мегалополислар) ижтимоий-экологик муаммоларнинг хаддан ташқари кучайишига олиб келди. Натижада, ишлаб чиқариш кучларини “енгиллаштириш”, яъни саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва инфрастуктура сохаларини мамлакат худудлари бўйича бир текис жойлаштириш, атроф-мухитга таъсири кучли корхоналар (химия, нефть-химия, металлургия ва бошқалар) қурилишини чеклаш сиёсатини амалга оширилиши иқтисодий ривожланган мамлакатларнинг бошқа худуд ва мамлакатларга “ифлос” ишлаб чиқариш сохаларини кўчириш сиёсатини юзага келтирди.
Иқтисодий ривожланган мамлакатларда ишлаб чиқаришга тобора кенг суръатда кам чиқит ва чиқитсиз технологик жараёнларни қўллашдан иборат берк ишлаб чиқариш тизимини тўла жорий қилиш қўлланмокда.
Умуман, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш сохаларининг ривожланиши ва жойлашишида, бу тармоқлар иқтисодий самарадорлигини оширишда мавжуд табиий ва ижтимоий-иқтисодий-ресурслардан самарали фойдаланишда барча омиллар мажмуасини хисобга олиш самарали худудий ишлаб чиқариш тизимини шакллантириш имконини беради.
Достарыңызбен бөлісу: |