I – Мавзу “Бухгалетрия ҳисобининг назарияси” фанининг предмети ва методи



бет3/43
Дата12.07.2016
өлшемі4.32 Mb.
#193019
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   43


Хўжалик жараёнлари маълум маблағлар заҳирасини талаб этади. Шунинг учун ҳам, ишлаб чиқариш корхоналари иморатлар, машиналар, ускуналар, материаллар, пул маблағлари, номоддий активлар ва шу каби бошқа маблағларга эга бўлади. Корхона маблағларининг манбаалари - давлат фондидан, акцияларини чиқариш ва сотиш, муассисларнинг бадалларидан, банкларнинг кредитлари ҳисобидан, бошқа корхоналар ва ташкилотлардан олинган қарзлар ҳисобидан, фойдадан ва бошқалардан ташкил этилади. Хўжалик фаолиятини тўғри бошқаришда корхонанинг қандай маблағларга эгалиги, уларнинг жойлашуви ҳамда бу маблағлар манбаалари, мақсадларини билиш керак.

Шунга қараб корхонанинг барча маблағлари икки қисмга гуруҳланади: биринчидан, уларнинг турлари ва жойлашганлигига қараб, иккинчидан, ташкил топиш манбаи ва қандай мақсадларга йўналтирилганлигига қараб.

Маблағларни турлари ва жойланиши бўйича гуруҳлаш корхона хўжалик фаолиятининг хусусиятларига боғлиқ бўлади. Саноат корхоналарига биринчи набатда ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш учун маблағлар бўлиши керак. Ундан ташқари у муомала жараёнининг икки - таъминот ва реализация босқичида ишлатиладиган маблағларга эга бўлиши керак. Одатда корхоналар ўз ходимларининг эҳтиёжларига хизмат қиладиган ноишлаб чиқариш соҳасидаги маблағларга ҳам эга бўлади. Шундай қилиб, корхона маблағлари ўзларининг турлари ва жойлашиши бўйича қуйидаги гуруҳларга бўлинади: ишлаб чиқариш воситалари; муомала соҳа (сфера)сидаги маблағлар; ноишлаб чиқариш соҳасидаги маблағлар.

Ишлаб чиқариш воситалари меҳнат воситалари ва меҳнат буюмларидан иборат.

Меҳнат воситалари - инсоннинг яратаётган буюмларига ўз таъсирини ўтказувчи воситалар ҳисобланади. Меҳнат воситалари таркибда ишлаб чиқариш қуроллари (машиналар, асбоб - ускуналар, асбоблар) етакчи ролни ўйнайди. Ишлаб чиқариш қуроллари ёрдамида ишчилар меҳнат буюмларини ташқи кўринишини ўзгартирадилар, уларга янги тус берадилар ва меҳнат маҳсулига айлантирадилар. Меҳнат воситаларига шунингдек, иморатлар, иншоотлар, транспорт воситалари ва хўжалик инвентарлари ҳам киради. Улар ишлаб чиқариш жараёнини нормал амалга ошириш учун керакли шароитлар яратиб, уни тўғри ташкил этишга ёрдам беради.

Барча меҳнат воситаларининг хусусиятлари шундан иборатки, улар маҳсулотни тайёрлаш жараёнида узоқ муддат давомида қатнашадилар, кўплаб ишлаб чиқариш жараёнларига хизмат қиладилар ва шу билан бирга ўз ташқи кўринишлари ва хусусиятларини ўзгартирмасдан сақлаб қоладилар. Шу билан бир вақтда меҳнат воситалари ўз қийматини аста-секин ишлаб чиқарилган маҳсулот, бажарилган иш ва хизматлар таннархига ва давр ҳаражатларига (амортизация ажратмалари кўринишида) ўтказадилар. Бу уларнинг эскиришига ва қийматини камайишига олиб келади.

Ундан ташқари, корхоналар номоддий активларга эга бўлиб, капитал қўйилмалар ҳамда узоқ муддатли молиявий қўйилмаларни амалга оширишлари мумкин.

Номоддий активлар ўз эгаларига узоқ муддатли ҳуқуқлар ёки афзалликлар беради. Номоддий активларга патентлар, муаллифлик ҳуқуқлари, фирманинг баҳоси, савдо маркалари, алоҳида имтиёзлар, лицензиялар, формулалар, технологиялар, ноу-хау, компьютер дастурлари ва ҳоказолар киради. Номоддий активлар ҳам асосий воситалар сингари фойдаланиш муддатларида ўзларининг қийматини маҳсулот ишлаб чиқариш таннархи ва давр ҳаражатларига аста-секин ўтказиб боради.

Корхоналар узоқ муддатли характерга эга бўлган бошқа активларга ҳам капитал қўйилмалар қилиши мумкин. Уларнинг таркибига асосий воситаларни сотиб олиш, янги объектларни кўриш ва ҳоказоларни киритиш мумкин.

Узоқ муддати молиявий қўйилмалар пай ва акцияларга, облигацияларга ҳамда бошқа корхоналарга қарз бериш учун бўш қолган пул маблағларини қўйишдан ҳам иборат.

Меҳнат буюмлари маҳсулот тайёрланадиган бошланғич материалдан иборат. Уларга хом ашё ва материаллар, ярим тайёр маҳсулотлар ва тугаланмаган ишлаб чиқаришлар киради. Шу гуруҳга ёрдамчи материаллар ва ёқилғилар ҳам киради. Барча меҳнат воситаларининг умумийлиги шундан иборатки, улар фақат биргина ишлаб чиқариш жараёнида истеъмол қилиниб, ўзларининг қийматини тайёрланаётган маҳсулот танархига бутунлай ўтказади.

Хом ашё ва асосий материаллар деб, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг асосини ташкил қилувчи меҳнат буюмларига айтилади. Масалан, машинасозлик заводида асосий материаллар сифатида машиналарнинг эҳтиёт қисмлари тайёрланадиган металнинг ҳар хил турлари(пўлат, чўян ва бошқалар) хизмат қилади. Хом ашё деганда ҳисоб амалиётида асосий материаллар (руда, пахта, қанд лавлагиси ва бошқалар) тушунилади.

Ёрдамчи материаллар, асосийлардан фарқли ўлароқ, тайёрланаётган маҳсулотнинг асосини ташкил қилмай, фақат унинг юзага келишида қатнашади. Бунда улар меҳнат воситаларининг нормал ишлаши учун (суртиш ва артиш материаллари) асосий материалларга қўшиш (бириктириш) йўли билан уларга сифат ўзгаришларини киритиш учун (бўёқлар, лаклар, елимлар), ёки меҳнат жараёнига хизмат қилиш учун - биноларни ёритиш, меҳнат шароитларининг керакли санитария ва гигиенасини таъминлаб туриш учун (электротехникавий материаллар, совун, қипиқ ва шу кабилар) ишлатилади.

Ёқилғи, ўз мохиятига кўра ёрдамчи материалларнинг бир туридир, ёрдамчи материаллар сингари, улар ёки меҳнат воситалари тамонидан истеъмол қилинади (энергетик ёқилғи) ёки асосий материалларга қўшилади (технологик ёқилғи), меҳнат жараёнига хизмат қилиш учун ишлатилади (иситиш учун ишлатиладиган ёқилғи). Ҳисобда ёқилги ёрдамчи материаллар таркибидан алоҳида гуруҳларга ажратилган. Ёрдамчи материалларнинг кўпчилик қисми сингари, ёқилғининг хусусияти шундан иборатки, у ўзининг натура шаклида янги маҳсулотнинг таркибига кирмайди. Лекин сарфланган ёқилғининг қиймати, ёрдамчи материалларнинг қийматига ўхшаб, ишлаб чиқариш чиқимлари сифатида бутунлай шу маҳсулотнинг таннархига киритилади.

Ярим тайёр маҳсулотлар, баъзи бир ишлов босқичларини ўтган, лекин ҳали тайёр маҳсулотга айланмаган меҳнат буюмларидан иборат. Уларнинг хусусияти шундан иборатки, гарчи улар мазкур босқичдаги (маълум цех ёки маълум участкадаги) барча ишлов операцияланини ўтган бўлсалар ҳам, лекин ишлов ёки йиғиш учун навбатдаги босқич (навбатдагти цехга, участкага) йўналтиришиши керак бўлади. Масалан, ярим тайёр маҳсулотларга машинасозлик заводининг тайёрловчи цехи томонидан ишлаб чиқарилган, лекин шу заводнинг қайта ишлаш цехида ишланиши давом этадиган деталлар киради. Бир цехда ишловдан ўтгандан кейин, ярим тайёр маҳсулотлар одатда омборга топширилади, кейинчалик омборлардан, уларга бўлган эҳтиёжга қараб, навбатдаги цехга ишлов ёки йиғиш учун келиб тушади.

Мазкур корхонада тайёрланган ярим тайёр маҳсулотлар ўз ишлаб чиқаришининг ярим тайёр маҳсулоти деб номланади. Улардан ташқари, сотиб олинган ярим тайёр маҳсулотлар ҳам (ушбу корхонанинг буюртмаси билан тайёрланган ва унинг тайёр маҳсулотини бутлаш учун мўлжалланган) бўлиши мумкин. Сотиб олинган ярим тайёр маҳсулотлар хом ашё ва асосий материаллар гуруҳига киради. Бу гуруҳга шунингдек эҳтиёт қисмлар, ва идиш материаллари ҳам киради.

Тугалланмаган ишлаб чиқариш бевосита ишловда (иш жойларида) жойлашган меҳнат буюмларидан иборат. Шундай қилиб, улар ҳам, ярим тайёр маҳсулотларга ўхшаб, баъзибир ишлов босқичларини ўтиши билан ҳали тайёр маҳсулотга айланмаган меҳнат буюмларидан иборат бўлади. Лекин, ярим тайёр маҳсулотлар мазкур цехда барча ишловлардан тўла ўтган бўлса, тугалланмаган ишлаб чиқаришда жойлашган меҳнат буюмлари бу ерда ҳали ишланиши лозим бўлади.

Бухгалтерия ҳисобида арзон ва тез эскирувчан буюмлар алоҳида гуруҳга ажратилган холда ҳисобга олинади. Уларга, хизмат қилиш муддатидан қатъий назар қиймати 50 та минимал иш ҳақи миқдоригача бўлган, ва қийматидан қатъий назар, бир йилдан кам хизмат қиладиган буюмлар киради. Масалан, ускуналар, махсус кийим ва махсус пойабзал, кўрпа - ёстиқлар, хўжалик инвентарлари идора товарлари ва ҳоказо.

Муомала доираси (сфераси)даги маблағлар, яъни муомала буюмлари, пул маблағлари, ҳисоб - китобдаги маблағлар (дебиторлик қарзлардаги) ва муомала ва хизмат қилувчи маблағлардан иборат.

Муомала буюмлари корхонада ишлаб чиқарилган ва сотиш учун мўлжалланган тайёр маҳсулотдан иборат. Жойлашган жойга қараб муомала буюмлари омбордаги тайёр маҳсулот ва ортиб жўнатилган товар (тайёр маҳсулот)га бўлинади. Ортиб жўнатилган товарларни муомала буюмларига қўшилишининг боиси шундаки, харидор унинг учун пул тўлагунга қадар (касса усулисида) улар мазкур корхонанинг мулки ҳисобланди. Ҳисоблаш (начисление) усулидан фойдаланганда харидорларга ортиб жўнатилган маҳсулот уни ишлаб чиқарувчи корхонанинг мулки бўлмай, балки сотиб олувчи корхонанинг мулки ҳисобланади ва тўловнинг йўқлиги дебиторлик қарзнинг юзага келганлигини англатади. Ушбу холда мазкур объект муомала доираси (сфераси)дан ҳисоб-китобдаги маблағларга ўтади.

Пул маблағлари ҳар хил тўловларни амалга ошириш учун хизмат қилади. Пул маблағлар ёрдамида корхона мол етказиб берувчилар билан ҳисоб-китоб қилади, ўз ходимларига иш ҳақи тўлайди, давлат доромадларига ҳар хил тўловлар ва ажратмалар қилади ва ҳоказо. Пул маблағлари корхонага ҳаридорлардан - уларга сотилган буюмлар учун, банклардан - кредитлар кўринишида, юқори ташкилотлардан, юқори компаниялардан - вақтинчалик молиявий ёрдам тартибида келиб тушади ва ҳозако.

Пул маблағлари ўзларининг жойлашган жойга қараб тақсимланади. Корхоналар ўзларининг пул маблағларининг асосий қисмини банкдан ҳисоб-китоб ёки валюта счётларида сақлайдилар. Бунда ҳисоб - китоб счёти корхоналарнинг фақат бўш маблағларини сақлаш учун мўлжалланган бўлмай, у эгасининг барча асосий ҳисоблашувларини мол етказиб берувчилар ва харидорлар, кредит муассасалари, ташкилотлар ва ҳоказолар билан амалга ошириш учун ҳам мўлжаллангандир.

Корхонанинг кечиктириб бўлмайдиган, масалан меҳнат ҳақи, нафақа тўловларини амалга ошириш учун керак бўлган нақд пул заҳиралари унинг кассасида жойлашган бўлади. Нақд пуллар кассага асосан ҳисоб-китоб счётидан келиб тушади. Фойдаланилмай қолган нақд пуллар ҳисоб-китоб счётига белгиланган муддатларида қайтариб топширилади.

Корхонанинг ҳисоб-китоб счётидаги маълум маблағлар бошқа хўжалик юритиш субъектлари ёки шахсларининг қарзларидан ҳам иборат бўлади. Бундай маблағларга, биринчи навбатда, мазкур корхонадан ҳаридор (буюртмачи) томонидан сотиб олинган маҳсулот (улар учун ишлар ёки хизматлар)лар учун қарзлари ҳамда корхона хизматчиларига ҳар хил ҳаражатларини қоплаш мақсадида ҳисобдорлик шарти билан берилган пул суммалари бўйича ҳисоб-китоблар киради. Топшириқни бажариб бўлгандан кейин, ходим (ҳисобдор шахс) томонидан олинган суммаларнинг сарфланганлиги тўғрисида ҳисобот топширилади ва ишлатилмай қолган пуллар корхона кассасига қайтарилади. Бундай ҳисоб-китоблар ҳисобдор шахслар билан ҳисоб-китоблар деб аталади.

Корхонага қарзлар бошқа муомалалар (бошқа ҳисоб-китоблар) бўйича ҳам бўлиши мумкин. Уларга, мол етказиб берувчиларга тақдим этилган даъволар бўйича қарзлари, ишчи ва хизматчиларнинг ўз эҳтиёжлари учун олинган банк ссудалари бўйича қарзлари киради. Бундай қарздорлар бошқа дебиторлар деб номланади.

Муомала соҳасига хизмат қилувчи маблағлар шу соҳада хизмат қиладиган ҳар хил бинолар, асбоб-ускуналар ва инвентарлардан иборат. Бундай маблағларга тайёр маҳсулот омборларининг бинолари, ушбу ишлаб чиқариш корхонасига қарашли савдо иморатлари, шу бино ва иморатлардаги асбоб-ускуналар (тарозилар, совитувчи қурилмалар, токчалар ҳамда шу ерда жойлашган хўжалик инвентарларининг буюмлари - столлар, стуллар, шкафлар ва ҳоказолар) киради.

Ноишлаб чиқариш соҳасидаги маблағларга мазкур корхана ихтиёридаги уй-жой хўжалиги, маданий - маиший мақсадларга мўлжалланган ва соғлиқни сақлаш воситалари киради. Булар турар-жой бинолари, кино-театрлар, болалар боғчалари ва яслиси, болалар оромгоҳи, болалар дам олиш жойлар, ҳаммомлар, кир ювиш ва сартарошхоналар, амбулаторийлари, тиббиёт пунктлари, бинолари, шу биноларда (корхонага қарашли) жойлашган асбоб-ускуналари ва инвентар ҳамда улардан фойдаланиладиган (корхонанинг мулкини ҳосил қиладиган) материаллар, дори-дармонлардан иборат. Бу маблағларининг барчаси корхона ходимларига хизмат қилиш ҳамда уларга зарур бўлган маиший шароитларни яратиш учун мўлжалланган.

Бухгалтерия ҳисобида капитал иккига бўлиб ҳисобга олинади: актив (ҳаракатдаги) капитал ва ҳаракатдаги актив капиталнинг манбаини кўрсатувчи пассив капитал.

Ҳаракатдаги капитал қуйидагилардан иборат:




3-чизма. Маблағлар таркиби.

Ҳар бир корхона ташкил қилиниш дақиқасида ўз фаолиятининг ҳажми ва ҳарактерига қараб маблағларини шакиллантиради. Агар уларда қўшимча маблағга вақтинчалик эҳтиёж туғилиб қолса, унда маблағларни муайян манбалардан олишлари мумкин. Ишлаб чиқариш натижасида олинган фойданинг бир қисми ёки махсус мақсадларда жамғарилган фондлардан, давлат грантлари ва субсидияларидан фойдаланади. Шундай қилиб, корхона маблағларини ҳосил қилиш режали характерга эгадир. Корхона томонидан ҳар қандай манбадан олинадиган маблағлар маълум мақсадлар учун мўлжалланган бўлади.

Корхона маблағларини ташкил топиш манбалари ва қандай мақсадларга мўлжалланганлиги уларни ушбу корхонага келиб тушиш даражасига қараб амалга оширилади. Маблағлар манбаларининг туси (характери) мулкчиликнинг шаклини акс эттиради. Корхоналар энг аввало ўзининг бутун яшаш даври учун умумдавлат фондидан (давлат корхоналари) ёки ўзларининг муассисларидан, банклардан, бошқа корхона, ташкилотлардан вақтинчалик фойдаланиш учун маблағлар олади.

Шундай қилиб, корхона маблағларининг ташкил топиш манбалари ва қандай мақсадларга йўналтирилганлигига қараб қуйидаги гуруҳларга бўлинади: ўз маблағлари, қарзга олинган (жалб қилинган) маблағлар.

Ўз маблағлари давлат корхоналарида, фолиятининг ҳамма даврида берилади ва унга бириктириб кўйилади.

Давлат корхоналарининг маблағларидан фарқли ўлароқ, бошқа мулкчилик шаклидаги корхоналарнинг ўз маблағлари айрим юридик ва жисмоний шахсларнинг қўшма ёки индивидуал мулкидан иборат бўлади.

Давлат корхоналарининг ўз маблағлари бюджетдан молиялаш, заҳиралар, тақсимланмаган фойда ва бошқа ўз маблағлардан иборат.

Капитал (фонд)лар - бозор иқтисодиёти шароитларидан келиб чиққан ҳолда корхонанинг ихтиёри билан шакллантириладиган устав капитали (фонди) ва заҳира (резерв) капиталидан ташкил топади.

Устав фонди, корхонага уни ташкил қилиш пайтида умумдавлат фондидан (давлат корхоналарининг капитали) келиб тушган маблағларни ифодалаб, у давлат корхоналари миқёсида фойдаланиладиган бухгалтерия атамасидир. Устав капитал эса аксинча, муассислардан (мулкчиликнинг бошқа шаклларида) келиб тушган маблағлардан иборат бўлиб, у нодавлат секторидаги корхоналарнинг бухгалтерия ҳисобида фойдаланиладиган иқтисодий атамадир. Корхоналарга ишлаб чиқариш воситалари, муомала соҳасининг баъзи бир маблағлар турларии (муомалага хизмат қилувчи маблағлар ва йўл маблағлари) ва ноишлаб чиқариш соҳасининг маблағлари (тураржой хўжалиги, маданий-маиший мақсадларга мўлжалланган ва соғлиқни сақлаш) берилади. Корхона ташкил қилинаётган пайтда ҳосил қилинган барча ўз маблағларининг пулдаги ифодаси устав фонди (капитали)нинг ҳажмини ифодалайди. Устав фонди (капитали)нинг ҳажми корхонанинг низомида кўрсатилади. Хўжалик фаолияти жараёнида устав фонди (капитали)нинг ҳажми ўсади ёки камаяди ва бунда тегишли ўзгаришлар заҳира фонди (капитали)да акс аттирилади.

Илгари, фойда ҳисобидан амалга ошириладиган ишлаб чиқаришни ривожлантириш харажатлари, яъни янги техникани жорий этиш, ишлаб чиқаришни механизациялаш ва автоматлаштириш, асосий фонларни янгилаш, ишлаб чиқаришни техникавий такоммилаштириш ва шу кабилар моддий рағбатлантириш - ходимларни мукофотлаш, уларни алоҳида муҳим топшириқларни бажарганликлари учун рағбатлантириш, уларга якка тартибдаги ёрдам кўрсатиш; ижтимои-маданий тадбирлар ва тураржой – қуриш, тураржойларни ва маданий-маиший муассасаларни қуриш, уларни капитал тузатиш ҳамда хизматчиларга маданий-маиший хизматларни яхшилашга қилинган сарфлар ҳисобот даврида содир бўлган харажатлар сифатида акс эттириларди.

Бюджетдан молиялаш - бу давлат корхонаси томонидан ўз фаолиятини кенгайтириш учун қўшимча равишда оладиган маблағлар манбаидир. Бюджетдан молиялаш тартибидаги маблағлар давлат корхоналарига янги меҳнат воситаларини сотиб олиш (капитал қўйилмаларни молияшлаш) ёки моддий бойликлар заҳираси ва пул маблағларини ошириш) айланма маблағларнинг ўсиши ва тўлдирилишини молияшлар ҳамда бошқа эҳтиёжларга - болалар ва маданий - маориф муассасаларини сақлаш, илмий - тадқиқот ишларини бажариш, кадрлар тайёрлаш ва бошқалар (мақсадли молиялаш) учун берилади.

Қарзга олинган (жалб қилинган) маблағлар корхонага вақтинчалик фойдаланиш учун маълум бир вақтга, маълум шартлар асосида берилади ва унинг муддати тугагандан кейин улар ўз эгаларига қайтарилиши лозим. Уларнинг манбаи узоқ муддатли кредитлар ва қарзга олинган маблағлар, қисқа муддатли кредиторлик қарз ва тақсимотга доир мажбуриятлар ҳисобланади.

Кредитлар ва жалб қилинган маблағларга банкларнинг қисқа муддали ва узоқ муддатлари ҳамда юридик, жисмоний шахслардан қарзга олинган маблағлари киради. Қисқа муддатли банк кредитлари ва қарзга олинган маблағлар корхонанинг вақтинчалик эҳтиёжлари учун қўшимча маблағларнинг асосий манбаи ҳисобланади. Бу товар - моддий бойликлар, йўлдаги ҳисоб-китоб ҳужжатлар ва бошқалар юзасидан олинган кредитлардир. Улар қисқа муддатли кредитлаш тартибида, яъни унча узоқ бўлмаган муддатга (бир йилгача), шу муддатнинг ўтиши билан уларни банкка албатта қайтариш шарти билан берилади.

Узоқ муддатли банк кредитлари ва қарзлари корхонага вақтинчалик истеъмоли узоқ муддатли маблағлари (асосий воситалар ва ҳ.к.)га учун, лекин узоқроқ бўлган муддатга олинадиган қўшимча маблағлар манбаини кўрсатади. Бундай кредитлар, янги техникани жорий этиш, ишлаб чиқаришни механизациялаш ва ишлаб чиқариш технологиясини яхшилаш; янги маҳсулотни ишлаб чиқаришни ташкил этиш тадбирларига, буюмларнинг сифатини, ишончлилигини ва чидамлилигини кўтариш; ўз маблағлари ҳисобидан молиялаш ўрнига капитал сарфларга ва бошқа эҳтиёжларга харажатлар қилиш учун берилади.

Узоқ муддатли кредитлар ва қарзга олинган маблағлар ҳам муддатли ва қайтариладиган хусусиятларга эга бўлиб, бир неча йилга берилади.

Шундай қилиб, қисқа муддатли ва узоқ муддатли кредитлар ҳамда қарзга олинган маблағлар учун умумийлик - уларнинг муддати ва қайтарилиши ҳисобланади.

Бозор иқтисодиётида банк кредитлари ва қарзга олинган маблағлар корхоналар томонидан бошқа ташкилотлардан вақтинчалик эҳтиёжлари учун қўшимча маблағлар олишнинг муҳим манбаидир.

Кредиторлик қарзларининг гуруҳи - мол етказиб берувчилар ва бошқа кредиторларга бўлган қарзларни ўз ичига олади.

Мол етказиб берувчилар деб, корхонага моддий бойликларни сотадиган ташкилотларга айтилади. Моддий бойликлар бўйича қилинадиган ҳисоб - китоб тизимига биноан, бойликларни олиш вақти билан уларга ҳақ тўланиши ўртасида бирқанча вақт ўтади. Шу давр давомида мазкур корхона ўзларининг мол етказиб берувчилари олдида қарздор бўлиб қоладилар. Натижада мол етказиб берувчиларга бўлган қарз ушбу корхона маблағлари учун вақтинчалик қўшимча манбага айланади.

Бошқа кредиторлар - корхонага бошқа (товарсиз) муомалалар бўйича қарздор бўлган ташкилотлар (ёки шахслар) киради. Уларга ижтимоий суғурта органларига, пенсия, иш билан таъминлаш жамғармаларига ва ҳоказоларга қарзлар, бошқа ҳисоб-китоблар киради. Булар - ишчи ва хизматчиларга уларнинг ўз (индивидуал) эҳтиёжлари учун берилган ссудалар бўйича, суд органларининг қарори асосида ишчи ва хизматчиларнинг иш хақларидан ҳар хил ташкилот ва айрим шахслар фойдасига ушлаб қолинган суммалар бўйича, ишчи ва хизматчилар томонидан ўз вақтида талаб қилиб олинмаган иш ҳақлари бўйича корхонанинг қарзларидир.

Мол етказиб берувчиларга ва бошқа кредиторларга бўлган қарзларнинг хусусияти шундан иборатки, олинадиган маблағлар корхонанинг бизнес-режасида назарда тутилмайди ва корхона уларни жуда чекланган муддатга олади.

Тақсимотга доир мажбуриятлар гуруҳига ишчи ва хизматчиларга иш ҳақи бўйича, касаба уюшмаси ташкилотларига ижтимоий суғурта ажратмалари бўйича, пенсия, иш билан таъминлаш фонди ва молия органларига - бюджетга тўловлар бўйича мажбуриятлар киради. Жалб қилинган маблағларнинг бу гуруҳи миллий даромадни тақсимлашнинг баъзи шаклларини акс эттиради.

Жумладан, ишчи ва хизматчилар олдидаги мажбуриятлар корхонада яратилган зарурий маҳсулотни тақсимлашнинг шаклини англатади. Гап шундаки, қабул қилинган қоидага кўра ишчи ва хизматчиларга иш ҳақи уларнинг корхонада ишлаган даври тугаб, бир неча кун ўтгандан кейин берилади. Масалан бу давр бизда - бир ой, АҚШ да эса - бир ҳафта. Шундай қилиб, корхонанинг ихтиёрида маълум муддат давомида ҳисоблаб қўйилган, лекин ҳали берилмаган иш ҳақига тўғри келадинан маблағлар сақланиб қолади. Шу муносабат билан, унинг доимо ишчи ва хизматчилар олдида иш ҳақини беришда узиладиган мажбуриятлари юзага келиб туради.

Ижтимоий суғурта, пенсия фонди ва иш билан таъминлаш фонди бўйича мажбуриятлар қўшимча маҳсулотнинг тақсимланишини акс эттиради. Корхоналар ҳар ойда ижтимои суғуртага, пенсия, иш билан таъминлаш фондига ажратмалар қилади ва ҳисобланган суммаларни тегишли бюджетдан ташқари фондларга ўтказади. Бу маблағлар ўтказилишига қадар улар корхона ихтиёрида бўлади. Шу муносабат билан унинг яна тегишли суммаларни ўтказиш бўйича доимо мажбуриятлари пайдо бўлиб туради.

Молия ташкилотлари олдидаги мажбуриятлар ҳам қўшимча маҳсулотни тақсимлашни тавсифлайди. Корхоналар вақти-вақти билан белгиланган тўловларни давлат даромадига топшириб туради (қўшилган қиймат солиғи, фойдадан ажратмалар). Демак уларда маълум муддатларда молия органлари олдида шу тўловларни ўтказишга доир мажбуриятлари пайдо бўлиб туради. Шу тўловлар бўйича суммаларни ҳисоблаш дақиқасидан, тўлаш давригача улар корхона ихтиёрида бўлади.

Тақсимот бўйича мажбуриятларнинг умумийлиги шундан иборатки, бу манбалардан маблағлар четдан олиш йўли билан эмас, балки ҳисоблаш йўли билан ҳосил қилинади.

Ялпи (маржинал) даромад - бу корхонада олинган соф даромаднинг бир қисмидир. Маълумки, ялпи фойда амалда сотилган маҳсулот қиймати ва ишлаб чиқаришга кетган ҳаражатлар ўртасидаги фарқ сифатида намоён бўлади. У марказлаштирилган давлат соф даромади ва корхона соф даромадига бўлинади. Марказлаштирилган давлат соф даромади қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи ва фойдадан ажратмалардан ҳосил бўлади. Қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғи корхона маҳсулотининг реализацияси жараёнида қатъий меъёрлар бўйича ундирилади, фойдадан ажратмалар корхона томонидан уни тақсимлаш пайтида давлат бюджетига киритилади. Фойданинг бошқа қисми корхонанинг ихтиёрида қолдирилади ва давр ҳаражатлари, молиявий фаолиятдан талофотлар, дивидендларни тўлаш ва бошқа эҳтиёжлар ҳаражатларини қоплаш учун ишлатилади. Шундай қилиб, корхона томонидан олинган ялпи фойда икки томонлама йўналишга эга: унинг бир қисми давлат даромадига ажратилади, бошқа қисми эса корхона ихтиёрида қолдирилади. Шунинг учун уни тақсимланишига қадар ўз маблағлари ёки жалб қилинган маблағлар манбаига киритиш мумкин эмас ва шу сабабдан у алоҳида гуруҳга ажратилади.

Корхона фойда (даромад) ёки зарарни яратилган маҳсулот (бажарилган иш, кўрсатилган хизматлар) реализациясидан, ортиқча моддий бойликларни сотишдан, молиявий фаолиятдан, жарималар ва пениялар кўринишида, валюта операциялари ва қимматли қоғозлар бўйича муомалалар бўйича ва бошқалардан олади.

Бухгалтерия ҳисоби мазкур корхона ва унинг хўжалик бўлинмалари эга бўлган маблағлари ва улардан фойдаланишнинг самарадорлиги керакли ахборот билан таъминлаган ҳолда, уларнинг самарасини оширишга ёрдам бериши керак.

Қуйида ҳаракатдаги капитал манбалари схемасини келтирамиз.4-чизма




Достарыңызбен бөлісу:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   43




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет