www.ziyouz.com кутубхонаси
26
оласашар шекилли. Нима десаларинг хўп, деб қўл қовуштириб турган бўлсак. (Бармоқларини
бир-бир букиб гапиради.) Қулоғи эшитмайдиганларга аппарат олиб бердик, бу, бир. Тиши
йўқларга протез қўйдириб бердик, бу, икки. Кўзи хира тортганларни кўрикдан ўтказиб,
франсузча гардишли кўзойнак қилдириб бердик, бу уч. Тоғора қўлтиқлаб, ҳаммомга бориб
юрмаларинг, деб уйларингга оппоққина ванна курдириб бердик, бу тўрт. Яна нима керак бўлса,
тайёр турибмиз. Хўш, нега сенлар айтган гап бўлаверади-ю, бизники бўлмайди. Оппоққина
ваннанинг ҳузурини ўзларинг кўраверасанларми?
З у м р а д. Бачкана бўлмай ўл. Ярашадиган гапдан гапир.
Р а ҳ б а р. Менга қара, Зеби, ўзинг хўп эсли жувонсану, аммо баъзи-баъзида айнаб турасан-
да. Хўш, менга бир айтиб қўй-чи, эрга тегиб биз нима рўшнолик кўрамиз? Илгариги кампирлар
азбаройи муҳтожлигидан эрга тегарди. Ҳозирги кампирлар ҳукумат билан теппа-тенг. Пенсияни
жарақлатиб олиб туришипти. Электрдан тортиб газгача, водани сувидан тортиб уйни
налогигача теппа-тенг. Зарур кептими, битта сассиқ чолга тегиб, пайтавасини ювиб, қизларидан
туртки эшитиб...э, бор-э!
З е б и н и с а. Бўлди, бошқаларни ҳам йўлдан урма. Сен тегмасанг, жон-жон деб
тегадиганлар бор. Фақат истиҳола қилиб, одамлар нима деркин, деб дамини ичига тортиб
туришипти. Бир гапни айтиб берай. Ўтган куни областда колхоз ветеранларининг кенгаши
бўлди. Облисполкомнинг залига одам сиғмай кетган. Кўкси тўла орденли чол-кампирлар савлат
тўкиб юришипти. Нима бўлди, дегин? Биздан борган чолларни залга киритишмади. Ёмонам
ўсал бўлиб қайтворишди.
Қ у м р и. Чолларимиз нима гуноҳ қилишган экан?
З е б и н и с а. Борган чолларнинг кийимига қараб бўлмайди. Оқ кўйлакка қизил тугма
қадалган. Дўпписининг ёғи чиқиб кетган. Шими ўлгурга бир умр дазмол тегмаган. Соқоллари
ўсиб, патак бўлиб кетган. Борларинг, одамга ўхшаб келларинг, деб қайтарворишди. Номусларга
ўлдим, ер ёрилмади-ю, ерга кириб кетмадим. Агар шу бечора чолларнинг сенларга ўхшаган
хотини бўлганда, чақмоқдек кийинтириб, майлисга юборарди. Тортинмай айтаверларинг,
биронта чолни кўз остига олиб қўйган бўлсаларинг, менга шипшиб қўйсаларинг, бас! Бу ёғини
ўзим келиштирвораман.
А н з и р а т. Менга қара, раис. Эрга тегадиган бўлсак, сени агитациянгсиз ҳам тегаверамиз.
Ташвиш қилмай қўяқол.
З е б и н и с а. Сенлар ўзларингни ўзларинг хор қиляпсанлар. Шундоқ замонда давру даврон
сурмай, кавакда занг босиб ётиш, ўзини ўзи хор қилиш эмасми? Ҳў, ярамас, шум кампирлар.
З у м р а д. Шу бир оғиз агитациянг билан тўс-тўполон қилиб, ҳамма кампирлар эрга тегиб
кетади, деб ўйлаяпсанми? Нима, биз сенга ёш боламизми?
З е б и н и с а. Менга бари бир. Узоқ яшайман, маза қилиб яшайман, десаларинг эрга
тегасанлар. Моғорлаб, занглаб ўлиб кетамиз, десаларинг, майли, ўлиб кетаверларинг.
Р а ҳ б а р. Албатта, ҳамманинг ҳам узоқ яшагиси келади.
Ж а м и л а. Кимни яшагиси келмайди. Ҳамманинг ҳам яшагиси келади.
З е б и н и с а. Яшагинг келса, эрга тег.
X о л н и с а. Нималар деяпсиз, раис, бизни ким оларди?
А с а л. Ҳа-я, кимгаям керакмиз.
З е б и н и с а. Ахир инсоф ҳам керак-да. Бу дунёга нимага келгансанлар? Қўша-қўша бола
туғиб, боқдиларинг. Болаларингни боласини ҳам боқдиларинг. Хўш, қачон ўзларинг учун
яшайсанлар? Эрларинг бўлса қўл ушлашиб бормаган жойларинг қолмайди. Кўрмаганингни
кўрасан, емаганингни ейсан, киймаганингни киясан. Ўзларингни бозорга солгунча бозорларинг
ўтиб кетади. Сал кунда пуф сассиқ бўлиб, биров қарамайдиган ҳолга келасанлар. Гапни ўғил
боласини айтсам, эрга тегсаларинг бетларингдаги ажинлар тарқаб кетади. Оқарган сочларинг
яна қораяди. Юрган йўлларингда минғиллаб ашула айтадиган бўласанлар. Эр қанақа бўлиши
Саид Аҳмад. Куёв (уч пардали комедия)
Достарыңызбен бөлісу: |