1-§. Умумий қоидалар
1. Асосий воситаларни ҳисобга олишдаги асосий қоидалар асосий воситаларнинг актив
сифатида тан олиш пайтини аниқлаш, уларнинг мазкур активларга нисбатан қўлланилиши шарт
бўлган баланс қийматини ва амортизация ҳисоблаш усулларини белгилаш, шунингдек асосий
воситаларнинг баланс қийматидаги бошқа ўзгаришларни ва уларнинг чиқиб кетишидан молиявий
натижаларни аниқлаш ва ҳисобга олиш ҳисобланади.
2. Мазкур БҲМСда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
асосий воситалар — ташкилот томонидан узоқ муддат давомида хўжалик фаолиятини
юритишда маҳсулот ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш жараёнида ёхуд
маъмурий ва ижтимоий-маданий вазифаларни амалга ошириш мақсадида фойдаланиш учун тутиб
туриладиган моддий активлар;
амортизацияланадиган қиймат — кутилаётган (баҳоланган) тугатиш қийматини
чегирган ҳолда молиявий ҳисоботларда кўрсатилган активнинг бошланғич (тиклаш) қиймати
суммаси. Бошланғич қиймати қўшимча қуриш, қўшимча асбоб-ускуналар билан таъминлаш,
реконструкция, модернизация қилиш, техник қайта қуроллантириш ишлари ва бошқалар бўйича
харажатлар суммасига оширилган асосий воситалар учун амортизацияланадиган қиймат бўлиб,
ушбу ишлар тугатилганидан сўнг кутилаётган (баҳоланган) тугатиш қийматини чиқариб ташлаган
ҳолда мазкур асосий воситалар фойдаланишга киритилган пайтда аниқланган уларнинг қолдиқ
(баланс) қиймати ҳисобланади;
амортизация — фойдали хизмат муддати мобайнида активнинг амортизацияланадиган
қийматини асосий воситаларнинг вазифасидан келиб чиққан ҳолда маҳсулот (ишлар, хизматлар)
таннархига ёки давр харажатларига тизимли тақсимлаш ва ўтказиш кўринишида эскиришнинг
қиймат ифодаси;
фойдали хизмат муддати – ташкилот активдан фойдаланадиган вақт даври ёки ташкилот
ушбу активдан фойдаланишдан олишни мўлжаллаётган маҳсулот (ишлар ва хизматлар) миқдори.
Қўшимча қуриш, қўшимча асбоб-ускуналар билан таъминлаш, реконструкция, модернизация
қилиш ва техник қайта қуроллантириш бўйича ишлар тугатилганидан сўнг фойдаланишга
киритилган асосий воситалар учун фойдали хизмат муддати бўлиб ушбу ишлар тугатилганидан
сўнг мазкур асосий воситалар фойдаланишга киритилган пайтдан бошлаб ташкилот томонидан
асосий воситалардан фойдаланиладиган вақт даври ёки ташкилот ушбу асосий воситалардан
фойдаланишдан олишни кутаётган маҳсулот (ишлар, хизматлар) миқдори ҳисобланади;
|