Ҳозирги кунларда замонавий адабий оқимларнинг ривожланиш масаласи жаҳон адабиёти тарихида муҳим аҳамият касб этади



бет7/9
Дата21.06.2016
өлшемі0.61 Mb.
#152712
1   2   3   4   5   6   7   8   9

Амалий машғулот учун саволлар:
1. Рекхчитр жанрининг хусусиятлари?

2. Ушбу жанрда ким асарлар ёзган?

3. А. Притамнинг рекхачитра асарларининг мавзуси?
Адабиётлар:
1. При блеске дня во мраке ночи. М., 1980.

2. Притам А. «Атиит ки парчхаииян». Дели, 1962.

3. Хинди сахитья ка ктихас. Дели, 1978.

4. Ходжаева Т.А. Художественная проза А.Притам. Т., 2007.

5. Синхал О. Гадья ки наи дишаен. Дели, 1981.
Мустақил иш мавзулари ва топшириқлар:
1. Ҳикоя ва рекхачитраанинг фарқи.

2. Рекхачитраа тарихи.

3. Рекхачитраа муаллифлари ва асарлари.

2.5. Инглиззабон адабиётда янги тенденциялар

Таянч иборалар:

Мифологизм, индуизм, метафизика, фалсафа, веданта, ёлғизлик, Шарқ маданияти, маънавий мерос, символ, сюрреализм, модернизм.
Ража Рао асарлари китобхонларнинг катта қизиқишларига сабаб бўлган, танқидчиларнинг эътиборини ўзига жалб этган “Баррикадалардаги сигир” ҳикоялари тўплами (1947 й.) “Кантапура” (1938 й.), “Илон ва арқон” (1960 й.), “Мушук ва Шекспир (1965 й.) каби романлар муаллифи бўлиб, замонавий Ҳиндистоннинг етакчи инглиззабон ёзувчилари қаторига киради. Ҳам Ғарбий Европа, ҳам ҳинд адабиётшунослари уни бир овоздан ХХ асрдаги жуда ажойиб ёзувчилардан бири деб ҳисоблашади.

Машҳур адабиётшунос П. Вергезенинг таъкидлашича, Р. Рао ижодида символизм ва миф қўшилиб кетган, ва “у бу маънода бошқа ҳинд ёзувчиларидан фарқ қилади. Биз Ража Рао ижодида унинг ҳинд анъаналарини чуқур билишини кузатишимиз мумкин”.

Мифологизм ёзувчи поэтикасининг асосий хусусиятларидан бири бўлиб, у ҳозирги вақтга қадар ушбу мамлакатнинг маданиятини унинг анъаналарининг бир қисми сифатида таъминлаб туради. Маълумки, анъана замонавий ҳинд маданиятида муҳим унсурни ташкил этади ва тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, “мифология у орқали ўзининг муҳим аҳамиятини сақлашда давом этади.

Р. Рао ижодининг диққатга сазовор бўлган хусусиятини нима ташкил қилади? Нима учун унинг ижоди адабиётшуносликда бунчалик юқори баҳоланади? Ёзувчи ўз асарларида қандай турдаги қаҳрамонни яратди? 40–60-йилларда унинг Ҳиндистон адабий жараёнида роли қандай бўлган? Ража Рао 70-йилларда ҳинд адабиётига кириб келган ёш авлодга таъсир кўрсатганми?

Ҳиндшуносларнинг кўп асарлари Бхабани Бхаттачария ва Мулк Раж Анандга бағишланган бўлса, Ража Рао тўғрисида жуда кам маълумотга эгамиз. Ёзувчининг таржимаи ҳоли М.К. Наикнинг китобида тўлиқроқ баён этилган.

Ража Рао 1908 йилда Жанубий Ҳиндистонда, Майсор шаҳри яқинида дунёга келди.

Гарчи Р. Раонинг дастлабки адабий асарлари канара тилида ёзилиб, нашрларда чоп этилган бўлса, кейинчалик ёзувчи ўз китобхонлари доирасини кенгайтиришни истаб, инглиз тилида ёза бошлади. Рао санскрит адабиётини чуқур ўрганди. Канара тилидаги замонавий адабиётдан ҳам у яхши хабардор бўлган. Рао бутун ҳаёти давомида Европа ёзувчиларидан Шекспир, Платон ва Достоевский олдида бош эгган.

1960 йилда Рао ўзининг иккинчи романи “Илон ва арқон”ни нашр эттиради, 1963 йилда ушбу асар учун Ҳиндистон Адабиёт Академиясининг мукофотига сазовор бўлади. Танқидчиларнинг таъкидлашича, бу роман инглиз тилидаги замонавий ҳинд адабиётининг етакчи асари бўлиб ҳисобланади. 60-йилларнинг бошларида Рао Америкадаги Техас университетида ҳинд фалсафаси бўйича маъруза ўқиб бериш таклифини қабул қилади. 60-йилларнинг охиридан бошлаб у бутунлай АҚШга кўчиб кетади. 1965 йилда китобхонларни ҳайратга солган “Мушук ва Шекспир” номли кичик романи дунё юзини кўрди. Ҳиндшунос Е.Я. Калинникованинг сўзларига кўра, “ҳатто модернизмнинг энг ёрқин асарлари ичида ҳам Ража Рао романи ўзининг бадиий тузилмаси ва услубининг ноодатийлиги билан ажралиб туради”.

Агар Ража Рао “Кантапура” романида аниқ бир тарихий воқелик ва миллий-озодлик ҳаракати юксалиши даврининг реал ҳодисаларини акс эттирган бўлса, “Кантапура” пайдо бўлганидан сўнг 22 йил ўтгач дунё юзини кўрган “Илон ва арқон” романи бутунлай бошқа усулда ёзилган. Ҳинд танқидчилиги бир овоздан романни етакчи асар деб эътироф этди, унинг пайдо бўлиши эса — мамлакатнинг адабий ҳаётидаги ҳодисага айланди. Ҳиндистондаги университетлар “Илон ва арқон” романини “ХХ аср” ва “Инглиз тилидаги ҳинд адабиёти” фани бўйича илмий даража учун имтиҳонга тавсия этилган адабиётлар рўйхатига киритишди. Кўп сонли тақризлар пайдо бўлди. “Метафизикага оид роман (“Илон ва арқон”) ва унинг бизнинг давримиз учун аҳамияти” — машҳур ҳинд адабиётшуноси Нарасимхайа ўз мақоласига шундай сарлавҳа қўйган бўлиб, мақола кейинчалик унинг мақолалари тўпламида чоп этилган эди.

Биринчи шахс номидан ҳикоя қилиш кундаликдаги парчалар, китоб қаҳрамони ташриф буюрган шаҳарларнинг тавсифи, тарихий воқеа-ҳодисалар ҳақида қисқа репортажлар билан алмашиб туради, баъзида ҳикоя мулоқотлар билан тўхтатилиб, уларнинг маъноси кўпинча шундай шифрланган бўладики, уларнинг маъносини тушуниб етиш учун қадимги ҳинд фалсафаси бўйича мутахассисларнинг шарҳини талаб қилади. Кўпинча ҳикоя қилиб берувчи қаҳрамоннинг IХ асрдаги диний файласуф Шанкар тўғрисидаги фикрлар романнинг асосига қўшиб юборилади. Қаҳрамон билан нима содир бўлаётганлиги ёки яқин ўтмишда нима содир бўлганлиги тўғрисидаги ҳикоя тушлар, хотиралар билан ҳақиқатга кўчади. Иқтибослар, афоризмлар, парадокслар, қўшиқлар, диний мадҳиялардан парчалар қаҳрамоннинг ҳикоя қилиш ва фикрлаш жараёнини тўхтатади. Буларнинг барчаси роман услубининг ўзига хос хусусиятини ташкил этади.

Бош қаҳрамон — Рамни турли қиёфадаги ва турли тилларда сўзлашадиган муҳит ўраб туради. Унинг танишлари орасида унинг тақдирига таъсир кўрсатадиган кўп инсонлар мавжуд: ҳиндлар, французлар, инглизлар, руслар, испанлар. Мустаҳкам оилавий ришталар, кўп сонли қариндош-уруғлар ва дўстларга қарамасдан, Рама ёлғиздир. Ёлғизлик ва ўлим тўғрисидаги фикр-мулоҳазалар мавзуси аниқ янграйди.

Бир томондан — ёлғизлик, бошқа томондан — у ўзини атрофдаги ва танимайдиган инсонларга ўхшамайдиган шахс сифатида англаб етади. Роман муаллифи қаҳрамонни бошқа инсонлар томонидан тавсифланиши услубидан фойдаланади, Рам уларни ўз қайдларида келтиради. Унинг ватандошлари, яқинлари ва дўстлари у ҳақда ўзига хос, истеъдодли инсон сифатида сўз юритадилар. Улар аслзодалик, унинг зотли (брахман оиласидан) келиб чиқишини таъкидлашади.

Роман сарлавҳасининг моҳияти бутун романни тушунишга йўл очиб беради. Ёруғлик, билимлар манбаси билан қуролланган устоз, ўқитувчи (гуру) қоронғуликда илон деб қабул қилинган нарса бор йўғи арқон эканлигини тушунишга ёрдам бериши мумкин.

Қаҳрамон ўзгарадими? Романда содир бўладиган барча воқеа-ҳодисалар беш йиллик даврни ўз ичига олади. Романнинг композицион режаси гўёки барча нарсаларнинг ўзгармаслигини таъкидлайди. Китоб ўхшаш эпизодлар билан якунланади: қаҳрамон меҳмонхонада истиқомат қилади, хотираларни ёзади, ўзининг ёлғизлигини кескин ҳис қилади.

“Илон ва арқон” китоби муаллифининг дунёқарашга оид концепциясининг асосида, энг аввало, фалсафа ва дин нуқтаи назаридан талқин этиладиган Шарқ ва Ғарб маданиятлари ўртасидаги ўзаро тушуниш имкониятларининг йўқлиги тўғрисидаги тасаввур ётади. Китобда ҳиндистонлик Рам ва франциялик қиз Мадленларнинг айрилиғи, Рам ва ҳиндистонлик Савитрининг яқинлашиши бунга исбот бўлиши мумкин. Қаҳрамоннинг айтишича, буддист бўлиш мумкин эмас, фақат буддист бўлиб туғилиш мумкин. Қаҳрамоннинг бутун ҳаёти ҳақиқат йўлини излашга бағишланган — қаҳрамон ва муаллиф бирлашиб кетишади, ҳамда Рама муаллиф ҳолатининг ифодаси бўлиб ҳисобланади.

Шу муносабат билан Л.Я. Гинзбургнинг кузатиши жуда қизиқарлидир, “сюрреалистик анъана насрчиликда романдан жуда узоқ бўлган жанрлар — хотиралар, эътирофлар, фикр-мулоҳазаларнинг оралиқ шаклларини, турли туман эсселарни афзал кўради. Ёзувчининг ўзи ва унинг дунёга бўлган муносабати тўғрисидаги бевосита суҳбати — аслида муаллиф “мен”ининг лирик ҳолати билан боғлиқдир”65.

Романнинг таҳлили ва унинг бош қаҳрамони образи шунга ишонтирадики, баён этишнинг бундай услуби ёзувчига Ҳиндистоннинг маънавий мероси ва унинг анъаналарига эътиборни жалб этиш учун зарур бўлган.

Китобдаги барча эпизодлар қаҳрамон характерининг турли қирраларини очиб беради, бироқ қаҳрамоннинг ўзи, унинг дунёга, ҳаётга бўлган муносабати ўзгармайди.

Муаллифнинг ҳолати биз томондан бош қаҳрамон орқали қабул қилинади ва романнинг жанр-услуб тузилмасида мифологизм ва символлар ролида кузатилади.

Шундай қилиб, арқон ва сув — чексиз, идрок қилиб бўлмайдиган воқелик, илон — инсоннинг хато ва камчиликлари, унинг хом хаёлларининг мужассамлашишидир. Инсон реаллик ва нореаллик ўртасидаги тафовутни тушуниши, ўз камчиликларини бартараф этиши лозим, бу эса ўз-ўзини такомиллаштириш йўли сифатида фикр юритиладиган ўз “мен”ини амалга оширгандагина бўлади.

Қаҳрамон қандай қилиб бундай қарорга келади? Рам Францияга келаётган ўз ўртоғининг рафиқаси Савитрини кутиб олишга бориш олдидан у Будда тўғрисидаги афсонани ёдга олади. Гаутама тўғрисида қўйиладиган новелла гўёки қаҳрамон ҳам ўтиши лозим бўлган йўлни кўрсатади.

Раонинг мифологик анъаналарига таянган асарлари нафақат борлиқ воқеликларини, балки уларнинг муаллифининг дунёқарашга оид эстетик ҳолатини акс эттиради.

“Кантапура” ва “Илон ва арқон” романларининг яратилиши орасидаги 20 йил мобайнида Ража Рао ижодидаги шахс концепциясида қандай ўзгаришлар рўй берди?

30-йилларда миллий-озодлик ҳаракатлари ривожланган даврда Ража Рао “Кантапура” романини ёзади, унинг қаҳрамони инсонлар учун ўз-ўзини қурбон қилиш жасоратларини кўрсатди, ўзининг шахсий манфаатларини озодлик курашининг фаровонлиги йўлида фидо қилишга тайёр эди. 60-йилларда вазит ўзгарди. Ҳиндистон тараққийпарвар ёзувчилари Ассоциациясининг VI конференциясининг иштирокчиларидан бири таъкидлаганидек, 60-йилларнинг ўрталарида ишончсизлик ва ҳаёсизлик, “шафқатсиз кўнгилсизлик ва интелектуал қарама-қаршиликлар”ни тафсифлашган. Шунга ўхшаш кайфиятлар таъсири остида “Илон ва арқон” романи яратилган. Қадимги ҳинд фалсафасини чуқур ўрганиш, кўплаб инсонлар Ҳиндистон эришган мустақиллик самараларидан кўнгиллари тушкунликка тушган 60-йиллардаги мураккаб вазиятда ҳинд зиёлилари учун реал чиқиш йўлини топиш имкониятининг йўқлиги Ража Раони инсоннинг имкониятларига ишонмаслиги билан қайд этилган асарнинг яратилишига олиб келди. Рама доимий равишда касал бўлган, у босим остидаги кайфиятда бўлиб, бутун асар мобайнида унинг беқарор ҳолати кучайиб боради.

Романдаги ғоялар ва образлар оҳангдорлик бўйича экзистенциализм адабиётига яқин туради. Эсзистенциализм йўналишидаги адабий асарларда бўлгани каби, “Илон ва арқон” романида ҳам эътибор субъектларнинг ички, маънавий кечинмаларига қаратилади, инсон ёлғизлигининг фожеаси алоҳида таъкидланади. Китоб экзистенциализм адабиёти гуллаб-яшнаган йилларда яратилган бўлиб, Пруст, Рильке, Велери каби экзистенциализмнинг ўтмишдошлари Раога таъсир кўрсатдилар.

“Илон ва арқон”нинг мураккаблиги муаллифнинг Ғарбий Европа адбиёти намуналари билан жуда яхши танишлиги ҳамда ҳинд адабиётининг бу йўналишдаги имкониятларини кўрсатиб беришга ҳаракат қилганлиги билан изоҳланади. У типологик жиҳатдан Европа экзистенциализм романига ўхшаш бўлган, Ҳиндистоннинг диний-фалсафий анъаналарига йўналтирилган асарни яратади.

Рус ҳиндшуносларининг адабий тадқиқотларида Ҳиндистонда экзистенциализмнинг вужудга келишининг дастлабки шарт-шароитларига эътибор қаратилган. Экзистенциализмнинг ҳиндча варианти ўз ижодида Ҳиндистоннинг диний-фалсафий қарашдаги олимларининг ғояларига таянган ёзувчиларда (масалан, ҳиндий адабиётида Агъей) пайдо бўлган. Шунингдек, файласуфларнинг асарларида экзистенциализмнинг белгилари ўз-ўзини қурбон қилиш ғояларига эга бўлган қадимги ҳинд фалсафасининг айрим тизимларида ҳам кузатилади (масалан, упанишад ва веданталар).

Р. Рао романларининг таҳлили ёзувчи қарашларининг эволюцияси ва унинг модернизм ҳолатига ўтганлиги тўғрисида хулоса қилишга имкон беради. 60-йилларда Ҳиндистоннинг ижтимоий-сиёсий ва маънавий ҳаётида миллий тенденциялар кучайиб боради. Бу тенденциялар нафақат инглиззабон адабиёт, балки Ҳиндистоннинг бошқа адабиётлари: бенгал (Бибхути Бхушан Банержи), малаялам (Каавур Каад) адабиётларида ҳам кузатилади.



Амалий машғулот учун саволлар:
1. Рао Р. асарлари ва у ижод қилган давр?

2. “Илон ва арқон” романининг асосий ғояси нимада?

3. Рама образининг хусусиятлари?

4. Бу услубий жиҳатдан қандай романлар тоифасига киради?


Адабиётлар:
1. Калинникова Е.Я. Англоязычная литература Индии. М., 1974.

2. Гаврюшина Н.Д. Премчанд и роман хинди ХХ в. М., 2006.

3. Индия: религия и политика в общественном сознании. М., 1991.

4. Индия 80-х годов — тенденции социального развития. М., 1990.

5. Индия: 1998. Ежегодник. М., 1998.

6. Литературы Азии и Африки. Опыт ХХ века. М., 2002.

7. Перегудов Л.В., Саидов М., Аликулов Д.Е. Методология научного творчества. Т., 2002.

8. Теоретико-литературные итоги ХХ в. М., 2000.


Мустақил иш мавзулари ва топшириқлар:
1. Романдаги янги белгилар.

2. Баён қилиш хусусиятлари ва ажойиблиги.

3. Романдаги асосий масалаларни очиб беринг.

2.6. XXI аср инглиззабон адабиёти
Таянч иборалар:

Имконият, имкониятнинг намоён бўлиши, янги шакл — викторина, икки сюжетли чизиқлар, харобалар, шаҳар ҳаёти, жиноятчилик, мусулмонлар, христианлар, ҳиндулар, Ғарб маданияти, кўр-кўрона тан олиш, анъанавий қадриятлар.
Маълум қилинишича, Викас Сварупнинг инглиз тилидаги “Q ва A” номли биринчи китоби гонорар сифатида унга бир миллион фунт келтирган. У Европанинг 12 та тилига таржима қилинди ва 2005 йилда Лондонда мюзикл учун қайта ишланди. Китоб изчиллик билан Англия ва Америкада оммабоплик мақомига интилмоқда.

Ҳар бир инсонда туғма ва, эҳтимол, яширин имконият борки, у қулай ҳолатларда ўзи ҳақида билдиради ва кейинчалик ишлатилиши мумкин. Ушбу китобнинг асосида мазкур икки йўналиш ўз аксини топди.

Романнинг асосий қаҳрамони жамиятнинг қуйи қатламига мансуб бўлган инсондир. У викторинада иштирок этади ва ғолиб чиқади. У бунга қандай қилиб эришади, унинг ҳаётидаги қандай турфа ҳодисалар унинг саволларига жавоб беришга ёрдам берди — китобнинг ғояси ана шундан иборатдир. Қаҳрамоннинг шахсий ҳаётидаги ҳодисалар унда муфассал баён этилган. Айнан шунинг учун китобнинг мазмуни икки йўналиш бўйлаб кетади. Ҳикояда викторина иштирокчиси Рам Муҳаммад Томас ҳаёти ва шоу-викторинада содир бўлган ҳодиса ҳақида сўз боради. Ва айнан, шу сабабли, китобнинг сюжети тезда ривожланади, чунки сюжетнинг мазкур икки чизиғи ўртасида қарама-қаршиликлар ва кескинликлар кузатилади.

Бу асар шуниси билан қизиқарлики, унда қашшоқ официант бир миллиард ютиб олади. Шубҳасиз, шоу-викторина сюжет учун марказий ҳисобланади. Аслида, китобнинг энг биринчи сатри: — “Мени қамоққа олишди”... — Рам Муҳаммад Томас ҳаётига тегишли китобхонни жалб этувчи сатрлардир. Асарда мазкур қашшоқ етимнинг ҳақиқий ишончли қиёфасини яратиш ва бунда шоу шартларига риоя қилишдек жуда мураккаб вазифа қўйилган эди.

Яна бир муаммо шундан иборат эдики, муаллиф қаҳрамон ҳаётининг тарихини у туғилган кундан бошлаб, хронологик тартибда — у қандай қилиб 18 ёшга етганлигини бевосита кузата олмаган, чунки бу жуда зерикарли бўлар эди. Бироқ китобхон сюжет ипларини йўқотмаслиги учун ва шу билан бирга викторина саволлари шоу формасида ишонарли туюлиши учун, уларни чамбарчас боғлаб беради. Спорт ҳақида иккита савол бирин-кетин бўлмаслиги учун викторинада фан, кино ва бошқалар тўғрисидаги саволларни киритишга мажбур бўлган. Ғоя шоу-викторинанинг меъёрий қоидаларига риоя қилиш ва шу билан бир вақтда қаҳрамон ҳаёти тарихининг ўзи шоуда ғойиб бўлмаслигини таъминлашдан иборат бўлган.

Бунинг учун муаллиф “Бомбей ва мамлакатдаги энг катта харобалар ҳаёти” мавзусини синчковлик билан тадқиқ қилган. Романда Ҳиндистон шаҳарларининг салбий томонлари очиб берилган, шунинг учун жиноятчилик жиҳатини ҳисобга олмасдан бўлмайди. Ҳақиқатдан ҳам китобда жуда кўп инсон оламдан ўтади.

Шундай савол туғилади: Нима учун муаллиф ўз қаҳрамонини Рам Муҳаммад Томас деб атаган? Бу исм маъно-мазмунига кўра “Ҳиндистоннинг хилма-хиллиги”ни ифодалаган. Шу билан бир вақтда муаллиф Ҳиндистоннинг микроиқлимини акс эттирувчи бир ҳинднинг барча хусусиятларини ўзига олган умумлаштирувчи образни талқин этишни истаган. Ва у мазкур уч исмдан жуда самарали фойдаланганлигини кўриш мумкин. У мусулмонлар учун Муҳаммад, христианлар учун — Томас, ҳиндулар учун эса — Рамга айланади. Ва у қандай қилиб ўзгарувчан ҳолатларга мослашаётганлиги ва шоуда керакли калитни қандай қилиб очиши — бу ҳақда романда сўз юритилади. Айнан инсоннинг мослашиш қобилияти ва топқирлиги романнинг асосий ғояси бўлиб ҳисобланади.

1986 йилда Лондонда тараққийпарвар ҳинд ёзувчиларининг ҳаракатига бағишланган анжуман иштирокчилари ҳинд адабиётининг янги ютуқлари ҳақида сўз юритганларида, “Бизнинг ҳаракатимиз яшамоқда ва у қудратли мевали дарахтга айланди”66, — деб таъкидлади Али Сардор Жафрий.

1986 йилда Лакхнауда тараққийпарвар ҳинд ёзувчилари миллий федерациясининг IV анжуманида таниқли ҳинди адабиётшуноси Ражив Саксена мазкур ташкилотнинг бош котиби, машҳур урду шоири Г.Р. Табан унинг раиси этиб тайинланди. Анжуман тараққийпарвар ёзувчиларнинг “маданий империализм” ҳаракатига қарши кураш шиори остида ўтди. “Маданий империализм оқими” анъанавий ахлоқий қадриятлар, маънавий ютуқларни рад этиб, ўрнига ҳеч нарса бермаган. Мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларига Ғарб моделларини ўрнатишда Ғарб оммавий ахборот воситалари ёрдамида кўчиришга интилиш — Ҳиндистонда “маданий империализм” фаолиятининг ўзига хос хусусиятлари ана шундан иборатдир.

Ғарб маданияти олдида бош эгиб, уни жаҳон цивилизациясининг чўққиси деб ҳисоблаб, мамлакатга Ғарб маданиятининг кириб келиши учун қулай шароит яратишга ҳаракат қилди. Инглиз маданий анъаналари асосида тарбияланган ҳиндлар кўпинча ушбу маданиятга, энг аввало, инглизларнинг маданиятини кўр-кўрона қабул қилдилар. Шундай қилиб, 1983 йилнинг охирида ҳинди шоираси Махадеви Вармага берилган олий адабий мукофотни (Бхаратия гъянпитх) ўша вақтда Ҳиндистонда расмий ташриф билан бўлган Буюк Британия бош вазири Маргарет Тэтчер топширди. Кейинчалик, дарҳақиқат, бу ҳолат ҳинд маданиятининг тараққийпарвар арбоблари орасида танқидга сабаб бўлди.

Ғарб буржуа маданиятининг ғоявий-эстетик асослари тараққийпарвар ҳинд адабиётшунослари учун тўғри келмайди. Ҳинд танқидчиларининг фикрича, 60–70-йиллардаги модернизм ҳинд заминида пайдо бўлмаган, балки бундан олдин аста-секин ўз таъсирини ўтказган. Бироқ модернизм Ҳиндистонда анъанавий қадриятларни бутунлай вайрон қилмади. Лекин бу оқим Европа адабиётида ҳам унчалик ёйилмади.

Танқидчилар Ҳиндистонда “маданий империализм”нинг фаолиятини танқид қилган ҳолда, таъкидлашадики, улар “ўз кучига эга бўлган Ғарб маданиятига қарши эмаслар, балки унинг ҳиндлар томонидан ўйламасдан қабул қилинишига қаршидирлар”67.

Ҳиндистонда “маданий империализм”га нима қарши туриши мумкин? Бу, албатта, ҳинд маданиятининг бойлигидир. Шунинг учун, “маданий империализм” билан курашиш “тараққийпарвар ёзувчиларнинг биринчи вазифаси” бўлиб ҳисобланади68.

Шундай қилиб, ўн йил аввал Ш. Мукхопаддхай сўз юритган “ҳиндистонлаштириш” замонавий ҳинд адабиётининг ривожланишидаги энг муҳим тенденция сифатида бугунги кунда янада долзарб аҳамият касб этмоқда. У 80-йиллардаги ҳинд ёзувчиларининг ижодиётида ўз аксини топмоқда, кўпгина тараққийпарвар ҳинд ёзувчиларининг фаолиятига сингиб кетмоқда. Таниқли ҳинди ёзувчиси Бхишам Сахнининг ёзишича, адабиёт ҳинд маданиятининг кучли демократик анъаналарига асосланиши лозим. Бироқ “маданий империализм”нинг агрессиясини тўхтатиш мақсадида, бу қалқон жуда пишиқ бўлиши керак. Ҳинд маънавий маданияти эга бўлган инсонпарварлик, руҳни кўтарувчи ишонч, юқори даражадаги ахлоқлилик идеаллари бундай асос бўлиб хизмат қилади.

Тараққийпарвар ёзувчилар “маданий империализм”га қарши чиқиш билан бирга хорижий мамлакат адабиётидан ажралиб қолмаяптилар, балки ҳинд адабиётининг тараққиётига жаҳон адабиётининг муҳим ва аҳамиятли жиҳатларини ўз миллий заминларига кўчирмоқдалар. Уларнинг фикрича, шундай ҳолатдагина Ғарбнинг маданий қадриятлари ҳинд маданиятини бойитиши мумкин.

Бошқа жиддий муаммо бу — Ҳиндистонда “диний қайта тирилиш” оқимидир. Танқидчиларнинг фикрича бу оқим “фақат муҳокама қилиниши эмас, балки диққат билан ўрганилиши ва тушуниб олиниши лозим... “Диний қайта тирилиш” ўз негизида сиёсий ҳаракат бўлиб ҳисобланади. Шунинг учун, биринчидан, омманинг ҳис-туйғуларини ҳурмат қилиш кераклигини унутмаслик лозим, иккинчидан, ҳукмрон синфнинг динга бўлган муносабатини фарқлаш лозим. Динга нисбатан танқид билан чиқаётган кўплаб ёзувчилар жиддий хатоларга йўл қўймоқдалар, кўплаб оддий инсонларнинг кўнглини қолдирмоқдалар.


Амалий машғулот учун саволлар:
1. “Q ва A” романининг асосий мавзуси қандай?

2. У қандай қилиб очиб берилади?

3. Романнинг ўзига хос хусусияти нимада?

4. “Маданий империализм” оқимининг мақсади нима?

5. “Ҳиндистонлаштириш” оқимининг даври ва хусусиятлари?
Адабиётлар:
1. Идеологическая борьба и современные литературы Зарубежного Востока. М., 1977.

2. Художественные направления в индийской литературе ХХ века. М., 1977.

3. Челышев Е.П. Индийская литература вчера и сегодня. М., 1989.
Мустақил иш мавзулари ва топшириқлар:
1. Шоу шаклидаги роман.

2. “Маданий империализм” белгилари.

3. “Ҳиндистонлаштириш” белгилари.

2.7. Замонавийлик ва адабиёт
Таянч иборалар:

Модернизм, тараққийпарвар адабиёт, сиёсий фаоллик, кўнгилочар адабиёт, саводсизлик, сиёсатлаштириш, доимий саҳифа, мақоланавис, янги номлар ва оқимлар, халқаро анжуманлар.
80-йиллардаги ҳинд адабиётида Ғарбдан кириб келган турли хилдаги модернистик оқимлар кузатилади. Уларнинг барчаси тараққийпарвар адабиётга, бхакти шеъриятига, танқидий реализм анъаналарига қарши чиқади. Адабиётнинг “замонавийлиги” учун курашувчилар Ғарбдан Ҳиндистонга кириб келган барча ғоявий эстетик сифатларни қабул қилдилар.

50–60-йилларда ҳинд адабиётида кенг ёйилган модернизм оқимларига жиддий зарба берилган эди. Етакчи адабиётшунос Х.П. Двиведининг фикрича, “индивидуал эркинлик учун чақирувлар эмас, балки асосий эътиборни атрофдаги ҳаётнинг долзарб муаммоларига қаратиш, ҳаётни тасвирлашга бўлган тарихий ёндашув адабиётда ҳақиқий замонавийлик бўлиб ҳисобланади”.

Танқидчи Чарумитранинг қайд этишича, “инсон аниқ миллий ва тарихий шарт-шароитларда тасвирланадиган адабиётгина тараққийпарвар адабиёт бўлиб ҳисобланиши мумкин. Ҳақиқий инсонпарварлик руҳидаги юксак мақсадлар ва қадриятларни тасдиқлайдиган адабиёт тараққийпарвар адабиёт ҳисобланиши мумкин”. Тараққийпарвар адабиётшуносларнинг ҳисоблашича, адабиёт тарбиявий функцияларни бажариши лозим, Ш. Мукхопаддхайянинг сўзларига қараганда, “адабиёт инсонда инсонпарварлик сифатларини ривожлантириши шарт”.

Ҳозирги вақтда адабиётда содир бўлаётган ўзгаришлар мамлакат ҳаётида сезиларли ижтимоий-иқтисодий ва маданий ўзгаришларга сабаб бўлган илмий-техник инқилобнинг таъсири билан изоҳланади. Бироқ илмий-техник инқилоб фақатгина тараққийпарвар ўзгаришларга олиб келмайди. Капиталистик муносабатларнинг ривожланиши билан давлат аппаратининг бюрократлаштирилиши, эксплуатация қиладиган синфларнинг кейинги бойиши ҳамда меҳнаткашларнинг қашшоқланиш жараёни содир бўлади.

Сўнгги йилларда Ҳиндистондаги воқеа-ҳодисалар аҳолининг кўп қатламларининг сиёсий ҳаётга фаол қатнашишига ёрдам берди. “Анъанавий” ва “замонавий”, “миллий” ва хориждан кириб келган адабиёт ўртасидаги кураш мамлакатнинг бутун маънавий ва маданий ҳаётига сингиб кетди.

Ҳиндистоннинг 60 йиллик мустақил ривожланиши давомида фан ва техника тараққиёти, саноатлаштириш халқ оммасининг ҳаётида сезиларли ўзгаришларга сабаб бўлмади. Натижада адабиётда умидсизлик, қаноатланмаслик кайфиятлари янада кенг тарқалади. “Ўрта қатлам” вакиллари ҳинд ёзувчиларининг асарларида бундай кайфиятларни ифода этувчилар бўлиб ҳисобланади.

Мамлакатда саводхонлик даражасининг пастлиги, пировардида кенг оммадаги инсонлар адабий ҳаётдан узилиб қолган ҳолатда бўлганлиги таълимнинг чўзилиб кетган қайта қурилиши ҳали-ҳамон замонавий Ҳиндистонда адабиётнинг тараққиёт йўлидаги сезиларли тўсиқ бўлиб ҳисобланади. Замонавий Ҳиндистонда саводхонлик даражаси 40%дан кўпроқни ташкил этади.

Аҳолида кўнгилочар, оммавий адабиётга талаб катта бўлиб, у ўз шакли ва мазмунига кўра Ғарб адабиётига яқиндир. Бундай адабиёт мамлакатнинг китоб бозорида янада катта роль ўйнайди, ҳинд китобхонларида катта талаб билан ёйилади. Масалан, Тамилнаду штати шаҳарларидаги катта ёшдаги аҳолининг қарийб ярми доимий равишда кўнгилочар журналларни ўқийди.

Замонавий ҳинд адабиётида турли оқимлар, мактаблар, йўналишлар кўпдир. Бироқ, ўз моҳиятига кўра миллий, халқаро анъаналар билан боғлиқ бўлган, жаҳон тараққийпарвар адабиётида куч тўплаётган реализм ҳинд адабиётининг ривожланишида илғор тенденция бўлиб қолмоқда.

Сўнгги йигирма йилликлар мобайнида Ҳиндистоннинг адабий ҳаётида турли хилдаги модернизм оқимларига бўлган қизиқишнинг пасайиши кузатилмоқда. Ҳиндистонда қийин, мураккаб бўлган меҳнаткаш халқнинг ҳаёти, инсоннинг кундалик муаммолари ёзувчиларнинг диққат марказида турибди.

Маълумки, бу мавзу ҳинд адабиётида янги эмас. 80–90-йиллардаги ёзувчилар янги шакллар, оқимлар ва йўналишларни ҳисобга олиб, бутун ҳинд адабиётининг ютуқларидан фойдаланган ҳолда, уни янги ғоявий-эстетик даражада қайта ишлаб чиқмоқдалар.

Ёзувчилар адабиётнинг кейинги тараққиёт йўлларини излаб, мумтоз адибларнинг ижодий меросига мурожаат қилмоқдалар. “Ҳиндистоннинг барча тилларига таржима қилинган Тҳокур китобларининг миллионлаб нусхалари мамлакатимизда янги маънавий туртки рўй бериши учун бугунги кунда биз учун жуда ҳам зарурдир”, — деган эди Мулк Раж Ананд.

Ҳиндистон ҳалқларининг ҳар бир адабиётида илғор ёзувчилар мавжуд бўлиб, ўзининг миллий адабиётида реализмнинг кейинги тараққиёт йўлларини излаётган кўплаб замонавий ёзувчилар уларнинг ижодий меросидан илҳомланиб, асос топмоқда. Реализм ҳинд адабиёти тўплаган барча эстетик қадриятларни ўзлаштириб ва ижодий жиҳатдан қайта ишлаб, замонавий адабиётда бошқа бадиий услублар билан ўзаро яқин муносабатда тараққий этмоқда.

Замонавий ҳинд ёзувчилари ўз ижодларида порлоқ келажак учун курашда уларнинг ватандошларини руҳлантиришга қодир бўлган янги идеалларни топиш ва тасдиқлашга ҳаракат қилмоқдалар.

Сўнгги йигирма йилларда ҳинд адабиётидаги тараққийпарвар ўзгаришлар ривожланиб бормоқда. Унда реализмнинг негизини мустаҳкамлашга олиб келиши лозим бўлган долзарб муаммолар, ишончлилик, сиёсатлаштиришга бўлган қизиқишнинг кучайиши кузатилмоқда.



Достарыңызбен бөлісу:
1   2   3   4   5   6   7   8   9




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет