Амалий машғулот учун саволлар:
1. “Замонавийлик”нинг маъноси нима?
2. “Тараққийпарвар” адабиётнинг қандай белгилари мавжуд?
3. Ҳозирги адабиётда қандай ўзгаришлар кўзга ташланмоқда?
Адабиётлар:
1. Идеологическая борьба и современные литературы Зарубежного Востока. М., 1977.
2. Литературы зарубежной Азии в современную эпоху. М., 1975.
3. Финкелстайн С. Экзистенциализм и проблема отчуждения в американской литературе. Перевод с англ. М., 1967.
4. Челышев Е.П. Современная индийская литература. М., 1981.
5. Эминова С. Философская основа романа Агъея “Чужие”. Сб. “Литература Индии”. М., 1973.
6. Эминова С. Некоторые вопросы творчества Агъея “Чужие”. Сб. “Литературы народов Востока”. М., 1970.
7. Теории, школы, концепции. Художественный образ и структура. М., 1975.
8. Теоретико-литературные итоги ХХ в. М., 2000.
Мустақил иш мавзулари ва топшириқлар:
1. Илмий-техник ютуқлар ва адабиёт.
2. Оммавий адабиёт ва модернистик адабиётга қизиқиш.
3. Замонавий адабиётнинг вазифалари.
2.8. Янги адиблар — Ашок Важпей
Таянч иборалар:
Доимий саҳифа, мақоланавис, халқаро анжуманлар, янги номлар ва оқимлар, танқидчи.
Ашок Важпей Ҳиндистоннинг машҳур шоири ва танқидчиси бўлиб, у ўз ижодини ХХ асрнинг иккинчи ярмида, яъни 1960-йиллардан бошлаган ва “янги шеърият” оқимининг йирик вакили ҳисобланади. Унинг шеърлари Ҳиндистоннинг турли хил газета ва журналларида чоп этилган. Шеърларининг мавзулари турли-туман бўлган шоир ўз ижоди билан халқнинг эътиборини ўзига қарата олди ва халқ ўртасида обрў-эътибор, шуҳрат қозона бошлади. Шеърият билан бир қаторда Ашок Важпей танқидчилик соҳасида ҳам катта ва муҳим роль ўйнай бошлади. Хусусан, “Жансатта” номли газетада ҳар якшанба куни унинг “Кабхи-кабхар” номли доимий саҳифаси мавжуддир.
Ашок Важпей айни пайтда Маҳатма Ганди номли Халқаро ҳиндий университетининг декани сифатида фаолият кўрсатиб ҳам келмоқда.
Унинг мақоланавислигининг асосий мавзулари — янги чиққан китоблар билан таништириш, шунингдек, сиёсий масалалар бўйича ҳам янги маълумот бериш, тарихий воқеликларга (айниқса, Ғарбий Европага оид), шунингдек, динга оид ўз фикрларини билдириш.
А. Важпей ўзининг “Шошилинч шеърлар тўплами” китобида ўзини “илғор ёзувчи” деб изоҳлайди. У “мен ҳаётда анча машғул бўлганман, фикримга келган нарсани шу ондаёқ ёза оламан ва қирқ йилдан бери шундай ёзиб келаман”69 деб ёзади. Унинг айтишича, энди ўз услубига ўзгартириш киритиш учун “Шошилинч шеърлар тўплами” номини ўзгартириб, “Чидамлилик шеърлар тўплами” деб номламоқчи эканлигини билдирди.
Ҳиндий тили адабиётида нега ҳозиргача ҳеч бир адабиётшунос Нобель мукофоти билан тақдирланмаган деган саволга Важпей иккиланмай шундай жавоб беради: “Адабиётшуносга хос нарса — бу фақат мукофотлар ва рағбатлар эмас, ёзувчи фақат мукофот учун ижод қилмайди. Тўғри, мукофот билан тақдирланган ҳар бир шоирнинг халқ ўртасида мартабаси ва обрўси ортади ва ҳар доим халқ эътиборида бўлади, бироқ фақат рағбатлар учун ижод қилмаслик керак. Ҳинд адабиётида ҳам адабиётчилар бўлган, бироқ шуниси ажабланарлики, ўз ҳинд адабиётларини чет тилларига таржима қиладиган адабиётчилар жуда ҳам саноқли бўлган”70.
А. Важпей газета ҳақида шундай фикр билдиради: “Ҳиндистон газеталарига адабиёт учун жуда кам жой ажратилган, ваҳолангки, инглиз тилидаги газеталарда оддий китобларнинг муҳокамаси кенг берилади”71.
Шоир ва танқидчи Ашок Важпей яна бир нарсани таъкидлаб ўтдики, Ҳиндистоннинг доҳийси ва буюк аллома М. Ганди ҳақида умумхалқ орасида кўплаб нотўғри фикрлар тарқалган, бунинг асосий сабаби — унинг номи сиёсий сабабларга кўра нотўғри тарғиб қилинган. Важпейнинг айтишича, М. Ганди “Ғарб маданияти нафақат бошқалар учун, балки ўзи учун ҳам ёмондир”, — деб айтган экан72.
А. Важпей халқаро анжуманларда ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Шунингдек, Ғарбнинг жуда кўп ёзувчилари билан алоқада бўлиб, улар билан ҳам яқиндан танишиб боради. Шундай ёзувчилардан бири, яъни польшалик ёзувчи Тадеуш Ружевич ҳақида шундай деди: “Замонавий Польша ёзувчиси Т. Ружевич ҳақида жуда кўп нарса айтиш мумкин, унинг кўплаб шеър ва асарлари ҳиндий тилига таржима қилинган бўлиб, у 2000 йилда 80 ёшга тўлди. Краков ва бошқа шаҳарларда бўлиб ўтган анжуманларда иштирок этганман. Унинг шеърлар тўплами 2000 йилда Польша ёзувчиларининг тўпламлари билан бир қаторда чоп этилиши керак эди. Т. Ружевич шеърлари Кунвар Нарайан, Сом Датт, Прайаг Шукла, Ниламбҳ, Манглеш Дабрал, Асад Жейди ва бошқа машҳур ҳинд ёзувчилари томонидан инглиз тилидан ҳинд тилига таржима қилинган. Буларнинг барчаси китоб шаклида чиқариш учун берилди ва у “Шеърий тўплам” номи билан чоп этилди.
Краков шаҳрига қилган ташрифи давомида А. Важпей бир қанча жойларни кўрди. Шундан кейин А. Важпей Парижга йўл олди. У ерда Важпей Парижнинг энг машҳур музейи Пампидунинг санъат марказини томоша қилиш учун борган эди.
Кейинги 2000–2003-йилларда Ҳиндистонда Сатиш Гужрал, Рамкумар томонидан ёзилган ва чоп этилган китоблар инглиз тилига таржима қилиниб, чет элда нашр қилинганлиги тўғрисида ҳам А. Важпей айтиб ўтади. Ашок Важпей кўпгина Европа давлатларига, жумладан, Франция, Англия, Польша, Португалия ва бошқа давлатларга ташрифи давомида илм излашга, янгилик топишга ошиқади. Ҳатто ўша давлатларнинг айрим камчиликлари ва муаммоларига ҳам танқидий кўз билан қарайди.
Ашок Важпей мақоланавислигининг асосий мавзулари: янги чиққан китобларга танқидий назар билан қараш, янги номларни, оқимларни очиб беришдир. Унинг ҳар бир мақоласи чуқур илмий аҳамиятга эга.
Амалий машғулот учун саволлар:
1. А. Важпей — шоир, танқидчи ҳақида қандай маълумотга эгасиз?
2. 2000–2002-йилларда қандай масалаларни кўтарган?
Адабиётлар:
1. Челышев Е.П. Индийская литература вчера и сегодня. М., 1989.
2. Художественные направления в индийской литературе ХХ века. М., 1977.
3. Газета “Жансатта”, октябрь 2000, июль 2002.
Мустақил иш мавзулари ва топшириқлар:
1. А. Важпейнинг ижодий йўли.
2. Танқидчи ва мақоланависнинг қалам хусусиятлари.
3. Хориж мамлакатлакатлари ва А.Важпей.
2.9. ХХ аср охирида интеллектуал жанрлар
Таянч иборалар:
Янги шакл, маънавий қадриятлар, постмодернизм, интеллектуал жанр, назарий баҳслашув, притча, шартли қаҳрамон, илғор ривожланиш, роман-изланиш, роман-ҳужжат, янги давр, янги зиёлилар.
ХХ асрнинг иккинчи ярмида машҳур ҳинд адабиётшуноси Девендра Иссар (1928 йилда туғилган) ўзининг сўнгги китобларидан бири “Янги аср ва адабиёт. Саволлар, орзулар, ижодиёт” (“Найи сади аур сахитья: прашн-свапна-сриджан”, 2000) китобида Роллан Барт, Жак Деррида, Мишель Фуко ва бошқа шу каби постмодернизмнинг ғарбий европалик машҳур назариётчиларнинг ишларига батафсил тўхталиб, ўз-ўзига савол беради: бу назариётчиларнинг ишлари нима бериши мумкин? У шундай хулосага келадики, тил ва услубда ифода этишнинг янги шаклларини қидиришдан, шунингдек уларнинг барчасидаги шубҳалар ва умидсизликлардан ташқари — бошқа ҳеч нарса тақдим қила олмайди. Модернистик усуллардан жуда кенг фойдаланадиган ҳинд ёзувчилари ҳам постмодернизм фалсафасини қабул қилишмаяпти. Улар бу йўналишдаги ахлоқий меъёрларнинг аморализмини муҳокама қилишмоқда ва уни бозор муносабати (базарвад) маданияти билан бевосита боғлайди. Масалан, кинояли-ҳажвий услубда ижод қиладиган ёзувчи Манохаршьям Жоши (1933 йилда туғилган) “Хамзад” романида (1996) барча маънавий бойликлар (одоб-ахлоқ, муҳаббат, маданият, анъаналар ва бошқалар) сотиладиган молга айланадиган ва сотишга юбориладиган жамиятда инсоннинг маънавий ҳолатига қандай ҳалокатли таъсир қилишини кўрсатиб беради. Гопал Рай ўзининг сўнгги “Ҳиндий романи тарихи” номли китобида постмодернистик тенденцияларни кескин танқид остига олади.
Манохаршьям Жошининг яқинда дунё юзини кўрган “Йигирма биринчи аср” (“Иккисвин сади”, 2003) номли мақолалар ва эссе китобида жамиятнинг маънавиятсизлиги ҳақида сўз юритади. У бу китобида фақат ҳинд жамиятидаги кўпгина маданий, ижтимоий ва сиёсий муаммоларини кўтариб муҳокама қилмаган. Табиийки, жаҳоннинг турли минтақаларининг бугунги ҳаётидаги кўпгина воқеа-ҳодисалар бир-бири билан ўзаро жуда яқин муносабатдадир. Нафақат иқтисодиёт, балки маънавий ҳаёт соҳасида ҳам глобаллашув жараёнлари содир бўлмоқда. Шу муносабат билан “интеллектуал жанр” каби атамалар пайдо бўлмоқда.
“Интеллектуал жанрлар” (баъзан “роман-концепция”, “драма-концепция” деб ҳам аталади) — сўнгги ўн йилликда адабиётшуносликда пайдо бўлган атамадир. Уларда муаллифнинг эътибори нафақат ҳаёт, инсоний характерлар, балки ғоявий, назарий низоларга қаратилгандир.
Жаҳон адабиётининг қарийб барча буюк асарлари — Шекспир, Гёте, Пушкин, Стендаль, Л. Толстой асарлари интеллектуал (яъни чуқур фикр билан бойитилган) ҳисобланади. “Ҳамлет”да ҳам, “Уруш ва тинчлик”да ҳам ёзувчининг фикр-мулоҳазалари образлар тизими, қаҳрамонларнинг характери орқали очиб берилади.
“Интеллектуал жанр” атамаси бу асарларга эмас, балки улардаги характерлар ва воқеа-ҳодисаларни кўринадиган, чуқур маъносига мурожаат қилишдан иборатдир, бироқ моҳияти шундаки, ёзувчи образлар билан эмас, балки тушунчалар билан кўпроқ алоқадор бўлиб фикр юритади. Роман ёки драма притчага айланади.
Гарчи интеллектуал жанр анъаналари Маърифатчилик асрига бориб тақалса-да, (Вольтер, Дидронинг фалсафий қиссалари), интеллектуал жанрлар ХХ асрда Ғарб адабиётларида ўзига хос маънога эга бўлди. Интеллектуал жанрлар адабиётда асосий йўналишни (оқимни) ташкил қилмайди: интеллектуал жанр асарларини турли оқим ёзувчиларида учратиш мумкин.
Француз ёзувчиси Анатоль Франс (“Оқ тош устида”, “Фаришталар қўзғолони” ва бошқалар), немис ёзувчиси Томас Манн (“Сеҳрли тоғ”, “Веймардаги Лотта”, “Доктор Фаустус”) ХХ асрда танқидий реализмнинг машҳур вакиллари орасида интеллектуал романнинг муаллифлари ҳисобланади.
Бертольт Брехтнинг драмалари ҳам интеллектуал жанрга киритилади. Масалан, Брехт “Сичуандан келган меҳрибон инсон”73 драмасида икки инсон: меҳрибон ва баджаҳл инсон ўзларини қандай тутишларини кўрсатиб беради. Бироқ, хусусий мулкка асосланган жамиятда рақобат қонуни амал қилиб, унда кучсизлар нобуд бўлиб, кучлилар ва худбинлар омон қолади. Ва меҳрибон омон қолиши учун ёвуз бўлади, гўёки бошқа инсон томонидан бажарилади.
Брехтнинг ўзи ўз драмасини “парабола”, яъни притча деб атади, бунда кузатувчи буржуа жамияти асосларини тушуниши учун фикр юритиши лозим бўлади. Содир бўлган жой шартли равишда (нега айнан Хитойнинг Сичуань провинцияси танланганлиги) берилган, қаҳрамонлар ва сюжет ҳам шартли равишда танлангандир. Э. Межелайтиснинг асарлари ва С.Т. Мартиновнинг фалсафий лирикасини ҳам бу жанрга киритиш мумкин.
Ёш ҳиндларнинг ақли ва қалбига эгалик қилган Америка оммавий маданиятининг кириб келиши кўплаб ҳинд ёзувчиларида қаршилик туйғусини уйғотади. Сўнгги ўн йилликларда романлар, ҳикояларда асосий қаҳрамон Америка ёки Европада бўлган ҳиндлар бўлиб, уларда кўпинча эътибор маънавий-ахлоқий масалаларга қаратилади. Булар 90-йиллардаги Мридула Гарг, Гирираж Кишор, Дронвир Кохли, Махип Сингх ва бошқаларнинг романлари ва ҳикояларидир. Бугунги кунда ҳинд адабиётида Ғарб маданияти (айниқса Америка маданияти) олдида сўзсиз бўйсуниш кузатилгани йўқ. Ҳинд ёзувчилари Европа ва Америкадаги (АҚШ) ҳаётни ақл-идрок билан муҳокама қилмоқдалар. Улар ўз ишларида Ғарб ҳақида жуда танқидий эътирозлар билдирмоқдалар. Улар ижодида миллийликни сақлаб қолиш масаласини янада биринчи ўринга қўймоқдалар.
Сўнгги ўн йилликлардаги кўплаб асарларнинг сюжетлари — мустақиллик учун қаҳрамонона кураш эмас, балки кундалик ғам-ташвишлар бўлиб, бунда қаҳрамон кескинликнинг ошиши, баъзида эса иложсизликни ҳис қилади. Бундай ҳолатда тақдири кўпинча драматик тарзда битилган оддий инсоннинг ташвишларини тушуниш ва англаб олиш айниқса муҳим ҳисобланади. Бу масалани ишлаб чиқишга янги ёзувчилар катта ҳисса қўшдилар, уларнинг кўпчилиги “янги шеърият”, “янги ҳикоя”, “янги роман” оқимлари ўзанида иштирок этганлар.
Ғарб фалсафасининг янги оқимлари билан шуғулланиш барибир сақланиб қолмоқда. Ҳиндий адабиётида ёзувчилар ва танқидчиларнинг асосий қисми Ғарбий Европа ва Америка адабиётининг замонавий оқимлари ва йўналишлари замонавий босқичда ҳинд адабиёти олдида турган вазифаларга жавоб бермаслигини англаб етади. 60-йилларнинг бошларида Г.М. Муктибодх томонидан унинг катта асари “Танқид муаммолари”да билдирилган фикр кўпгина ёзувчилар учун муҳим бўлиб қолмоқда: “Ҳиндистон Франция, Ғарбий Германия, Буюк Британия, Америка Қўшма Штатларига бутунлай ўхшамаслиги лозим. Катта шаҳарларнинг адабий марказлари ҳали Ҳиндистонни бутунлай акс эттирмайди. Ҳиндистон юзини ҳозирча шаҳар эмас, балки ҳали илғор тараққиётнинг керакли даражасига чиқмаган унинг қишлоқ ҳудудлари белгилаб беради. Шунинг учун Камю, Ясперс ғоялари билан таққослаганда, Ҳиндистонга унинг заминида, ривожланаётган ҳудудларида пайдо бўладиган янги оқимлар ҳам яқинроқ, ҳам муҳимдир”. Айнан шунинг учун ҳинд ёзувчилари адабиётнинг ижтимоий-сиёсий ва маънавий-ахлоқий, тарбиявий функцияларига катта эътибор қаратишда давом этмоқдалар.
Амалий машғулот учун саволлар:
1. Д. Иссарнинг “Янги аср ва адабиёт” асарида нима ҳақида сўз боради?
2. М. Жошининг “ХХI аср” китоби нима ҳақида?
3. Интеллектуал жанр қандай хусусиятларга эга?
Адабиётлар:
1. Гаврюшина Н.Д. Премчанд и роман хинди ХХ в. М., 2006.
2. Глушкова И.П. Из индийской корзины (этнография, религия, мифология, история). М., 2003.
3. Индийская жена: исследования. ЭССЭ. М., 1990.
4. Индия: религия и политика в общественном сознании. М., 1991.
5. Индия 80-х годов — тенденции социального развития. М., 1990.
6. Индия: 1998. Ежегодник. М., 1998.
7. Литературы Азии и Африки. Опыт ХХ века. М., 2002.
8. Перегудов Л.В., Саидов М., Аликулов Д.Е. Методология научного творчества. Т., 2002.
9. Теоретико-литературные итоги ХХ в. М., 2000.
10. Халидаев В.Е. Теория литературы. М., 1999.
11. Человек и город в литературах Востока. М., 2002.
Мустақил иш мавзулари ва топшириқлар:
1. XXI аср адабиёти хусусиятларини очиб беринг.
2. “Интеллектуал жанрлар” мавзусини шарҳлаб беринг.
3. Постмодернизм адабиёти.
2.10. “Гьянпитх”, “Нилуфар” ва Сахитья Акадми (Адабиёт Академияси) мукофотлари
Таянч иборалар:
Нобель моҳияти, Сарасвати, Вальмики, декларация, программа, янги жамият, Ассоциация, Гьянпитх.
Гьянпитх (адабиёт бўйича Ҳиндистонда Нобель мукофоти ҳисобланади) қўмитаси Лондонда Ҳиндистоннинг ушбу мукофотга сазовор бўлган ёзувчиларининг анжуманини ташкил қилди (1994 йил, октябрь ойи). Ҳиндистондан телугу шоири Нарайян Редди, ассам ёзувчиси Вирендар Кумар Бхаттачарья, урду ёзувчиси Куртул-ан Ҳайдар ва Гьянпитх асосчиси Пандуранг Раолар таклиф қилинган. Улар Лондон, Манчестер, Кембрижга ташриф буюрдилар ва машҳур ёзувчилар билан учрашдилар. Улар Лондонда Ж. Неру номидаги Марказда маъруза, шеърлар ўқишди. Қизиғи шуки, 20 октябрь (бу Вальмики хотираси кунидир). 1944 йилда Гьянпитхга Кашда асос солинган эди. Гьянпитхнинг рамзи Вагдеви (Сарасвати) ҳайкали бўлиб, Лондондаги Британия музейида сақланади. Бу конференция 1994 йилнинг 15 октябрида Манчестерда бошланди. Конференцияда доктор Синдхви раҳбар бўлган. У маданият, адабиёт ва фалсафа бўйича Гьянпитх президенти бўлиб, 1992 йилда бундай конференцияни ташкил этиш таклифи билан чиққан эди. Адабиётшунослар орасида, шунингдек, Рамнатх Авастхи, Ашок Чакрадхар, Гопал Дас, Жавоҳир Бахши, Жамила Бону, Сурешчандра Шукла, Гаганпрасад Вималлар ҳам бор эди. Африкадан, Шарқ тадқиқотлари институтидан (Oriental and African studies) Доктор Рупард Снил ажойиб шеърларни ўқиди.
Эртаси куни шеърият кечаси ташкил этилиб, унда Пант, Нирала, Динкарларнинг шеърлари куйланди. Амитабх Баччан ўз отаси Хариваншрай Баччаннинг шеърларини ўқиб берди. Шу муносабат билан инглиз тилидаги “Матн ва контекст” номли китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди, китобга А. Притам, Бхаттачария, Нарайян Редди ва К. Ҳайдарларнинг айрим асарлари ва уларнинг парчалари киритилган.
Лондон университетининг Шарқ ва Африка бўлимида Доктор Синдхви раҳбарлигида учрашув ташкил этилди. 90 ёшли бенгал ёзувчиси Нирад Чоудхари унда нутқ сўзлади.
Оксфорд ва Кембрижда доктор Грэгор Мит Нарасинхан, Сатьендар Шривастав иштирокида учрашувлар ўтказилди. Калидаснинг инглиз тилига таржима қилинган “Номаълум Шакунтала” асари Оксфордда, Шарқшунослик институтида сақланади.
1956 йилда Деҳлида ҳинд ёзувчиларининг ташаббуси билан илк маротаба Осиё мамлакатлари ёзувчиларининг учрашуви бўлиб ўтди. Унда ёзувчилар ҳаракатини ташкил этиш ғояси пайдо бўлди. Осиё ва Африка мамлакатлари ёзувчиларининг биринчи анжумани 1958 йилнинг октябрида Тошкентда бўлиб ўтди. Унда Осиё ва Африканинг 37 мамлакатидан 204 та адабиёт вакиллари иштирок этди. Унда ёзувчилар ҳаракатининг тараққийпарвар дастури баён этилган Декларация қабул қилинди.
1962 йилда Осиё ва Африка мамлакатлари ёзувчиларининг иккинчи конференцияси Коҳирада (Мисрда) бўлиб ўтди. Учинчи анжуман эса 1967 йилда Байрутда ўтказилди. Унда Осиё ва Африка мамлакатлари ёзувчиларининг Ассоциациясини ташкил этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинди.
1968 йилдан бошлаб Ассоциациянинг ҳар чоракда чоп этиладиган адабий журнали нашр қилина бошланди ва 6-сонидан у “Нилуфар” деб атала бошланди. 1969 йилдан бошлаб Осиё ва Африка адабиётларидаги ажойиб асарлар учун “Нилуфар” мукофоти таъсис этилди. Мукофот Хариваншрай Баччан, Зулфияга тақдим этилди. Тўртинчи анжуман 1970 йилда Деҳлида, бешинчиси эса 1973 йилда Олма-Отада бўлиб ўтди (69 та мамлакатдан 213 та иштирокчи). Кун тартиби ёзувчиларнинг янги жамият қурилишидаги иштироки, ёзувчиларнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги, янги инсоннинг қиёфаси, Осиё ва Африка халқларининг мумтоз адабий мероси ва унинг жаҳон маданиятининг ривожлантиришдаги роли, бадиий таржиманинг ёзувчилар ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришдаги ўрни каби масалаларни ўз ичига олган эди.
Ҳиндистон Адабиёт Академияси Ж. Неру ташаббуси билан ташкил топган. Ҳар йил академия 24 та миллий тилларда энг яхши асарларни чоп эттиради. 1972 йилдан бошлаб у Халқаро китоб кўргазмасини уюштиради.
1988 йилда Гьянпитх мукофоти миаратхи ёзувчиси Ширвадакар (“Кусумграв”)га топширилди. Ушбу мукофотга биринчи сазовор бўлган маратхи ёзувчиси Кхандекар эди.
Машҳур панжоб шоираси ва адибаси Амрита Притам 1956 йилда “Сунехре” (“Хабарлар”) шеърий тўплами учун Сахитья Акадми (Ҳиндистон Адабиёт Академияси) мукофотини олди ва 1982 йилда “Қоғоз ва елкан” асари учун Гьянпитх мукофотига сазовор бўлди.
2003 йилда Адабиёт Академияси мукофоти билан ҳиндий ёзувчиси Камлешвар, урду адабиётидан — Саид Муҳаммад Ашраф, инглиззабон танқидчилардан Минакши Мукерджи мукофотланган эдилар. Қўшимча мукофотлар энг яхши романлар, ҳикоялар учун берилди: “Қанча Покистонлар” романи учун Камлешварга, ҳикоялар тўплами учун — Ашрафга, илмий-тадқиқот ишлари учун — Мукержига, бенгал тилида чиққан энг яхши асар учун Прафул Ройга, санскрит тилидаги энг яхши асар учун Бхраскарчарья Трипатхига, непали тилида ёзилган энг яхши асар учун Чарандас Сидх Виндха Субага.
1981 йилда Панжоб Адабиёт Академияси ташкил топди. 1999-2000 йилларда унинг энг олий мукофоти Пиара Сингх Датт ва доктор С.С. Уппалга берилди. Урду адабиётидаги энг олий мукофот — М. Ғолиб мукофотига 1980 йилда урду ҳикоянависи Джилани Бано сазовор бўлган эди.
Машҳур ҳиндий шоири, публицист, танқидчи Ашок Важпей 2005-2006 йилларда ҳиндий шеъриятига катта ҳисса қўшганлиги учун Кабир ва Сахитья Акадми мукофотига сазовор бўлди. Ушбу мукофот 1986-1987 йиллардан бошлаб берилади. 1989-1990 йилларда шоир Шамшер Бахадур Сингхга ва 2001-2002 йилларда шоир ва танқидчи Кумвар Нарайанга Кабир мукофоти берилди.
2006 йилдан бошлаб болалар учун ёзилган энг яхши асар учун ҳар йиллик “Ватсалйа Пурускар” уюштирилди. Биринчи бўлиб бу мукофотга доктор Харикришна Девсаре сазовор бўлди. Доктор Девсаре 50 йилдан бери болалар учун афсоналар, ҳикоялар, ривоятлар ёзади.
Амалий машғулот учун саволлар:
1. Гьянпитх мукофоти қандай мукофот ва нечанчи йилдан бошлаб берилади?
2. 1994 йилда Лондонга ким таклиф қилинган ва нима учун?
3. “Нилуфар” мукофоти Осиё ва Африка мамлакатлари ёзувчилари учун қачондан бошлаб берилади?
Адабиётлар:
1. Журнал «Индия» (Перспективы), июнь, 2002.
2. Журнал «Народы Азии и Африки» за 1974 г.
3. Журнал «Наи каханиян». 1962-1974 годы на языке хинди.
4. Журнал «Ганга». 1987 г. на языке хинди.
5. Журнал «Гагананчал». 2002-2007 годы на языке хинди.
Мустақил иш мавзулари ва топшириқлар:
1. “Гьянпитх” мукофоти тарихи.
2. “Нилуфар” мукофоти совриндорлари.
3. “Сахитья Акадми” мукофотининг муҳимлиги.
2.11. Мушоира
Таянч иборалар:
Юқори қатлам, уйғониш, баҳслашув, мусобақа, ғазаллар, совға саройи, тарихчи, ишқ.
XVIII асрда урду тили Ҳиндистон пойтахти аслзодалари орасида жуда машҳур бўлди ва ниҳоят оқсуякларнинг могол амирларининг данғиллама саройларда бўлиб ўтадиган шеърий йиғилишларда форс тилининг ўрнини эгаллай бошлади. Баъзи олимларнинг таъкидлашича, шеърий мусобақалар (учрашувлар) учун урду тилининг танланиши XVIII асрда Ҳиндистон шеърияти ва маданиятидаги уйғониш тўғрисида белги бўлади.
Иқтисодий инқироз билан биргаликда сиёсий келишмовчилик адабиётда ҳам ўз аксини топган вазиятнинг пайдо бўлишига олиб келди. Айни вақтда тарихчилар XVIII асрда нафақат иқтисодий тараққиётни, балки меъморчилик, мусиқа ва рақсни ўз ичига олган маданий тараққиётни ҳам сезишди. Бунга урду тилининг ривожланиши, урду тилидаги шоирларнинг доимий ҳатти-ҳаракатларини мисол қилиб келтириш мумкин.
XVIII аср учун урду тилидаги мушоира оддий бир воқелик бўлиб қолган. У шеърларни ўқиш учун нафақат керакли имконият, балки бу тилни яхшилаш йўлида тинимсиз меҳнат қилаётган ўша даврдаги етакчи шоирлари учун учрашишга имконият тақдим этган. Мирза Муҳаммад, Рафи Сауда (1713-1780), Хўжа Мир Дард (1720-1785), Мир Таки Мир (1723-1810), Инша (1757-1817), Шайх Иброҳим Заук (1789-1854) ва Мирза Асадуллахон Ғолиб (1797-1869) каби шоирларнинг шеърлари урду тилининг фақат оқсуяклар ва зиёлиларга тегишли эканлигидан озод қилди ва уни жамиятнинг энг паст қатламига етказиб берди. Урду тилининг айнан шу хусусияти мушоиранинг оммавийлигини ошириб юборди. У шоирларни ўзларининг энг яхши асарларини умумий минбардан туриб ўқишга руҳлантирди. Мушоира XVIII асрнинг маҳсулоти бўлганлиги сабабли, у тез орада ўз хусусиятлари ва муҳитига эга бўлди. Одатда мушоира шам нури ёруғлигида ўтиб, унинг атрофида ўзларининг даражалари тартибида шоирлар ўтиришган эди. Аввал камроқ машҳур бўлган шоирлар чиққан бўлсалар, улардан сўнг моҳир шоирлар, охирида эса энг етакчи, таниқли шоирлар чиқиш қилганлар. Шеърий асарлар мусобақа руҳида ифодали ўқилган. Аслини олганда, мушоира урду тилидаги шеъриятни тарғибот қилишда муҳим роль ўйнаган. Мушоирада асосан ғазаллар ўқилган. Могол услубидаги сўнгги катта мушоира ўша давр аслзодалари авлодларидан бири Фарҳод Оллоҳ Бек томонидан унинг “Дилли ка эк мушаира” асарида жуда ажойиб тарзда ёритилган бўлиб, у Ахтар Қамбар томонидан “Деҳлининг сўнгги мушоираси” сифатида таржима қилинган. Шоирлар иштирок этган ҳолат ва йиғилиш муҳитининг ёрқин тасвири ўша вақтдаги мушоиранинг жонли манзарасини яратади.
Форс тилида бўлгани каби, урду адабий услубида ҳам кейинчалик кўпгина турли шеърий шакллар пайдо бўлди. Қасида74, марсия75, маснавий76, қитъа77, рубоий78 ва ғазал79ни таъкидлаш жоиздир. Ғазаллар шеърий мусобақага айланган ҳолда, баъзида эса жанжалга олиб келган. Баъзан ҳасад натижасида вужудга келган жанжаллар айниқса Лакхнаудаги адабий муҳитни бузган. Лакхнаудаги мушоираларда марсиялар жуда оммабоп бўлган. Урду тилидаги буюк ғазалларнинг муаллифи Мир Таки Мир кўпгина ёш шоирларни руҳлантирди. Унинг ҳаётлиги даврида инсонлар бошқа мамлакатларга унинг ғазалларини совға ва эсдаликлар сифатида олиб боришган. Унинг инсоний ҳис-туйғуларга бағишланган достонлари мушоираларда улкан шуҳрат қозонган. У кўп сўзли эмасди, бироқ унинг шеърларида чуқур фикрлар акс этган:
Дил ки баат кахи нахи джати
(Қалбдаги туйғуларни ошкор қилиб бўлмайди).
Ҳамадоний Мушафий одатда мушоираларни ўз уйида ўтказган ва жуда машҳур ўқитувчига айланган, унинг диққат-эътиборини ҳамма излаган. 1787 йилда унинг Деҳлидан Лакхнауга қилган сафари пойтахтдаги умумий беқарор ҳолат билан боғлиқ. Аслида, у Деҳлини тарк этган кўпгина шоирлардан бири эди. Олим Мунибур Раҳмон Инша Оллоҳ Хон Иншо ҳақида Ҳамадонийнинг Лакхнаудаги мушоираларда ўз устози билан муваффақиятли рақобатлашган шогирдларидан бири сифатида ёдга олади.
Мирза Ғолиб шоирларнинг учрашувини жуда яхши кўрар эди ва шу билан бир вақтда расмий эътироф учун фаол даражада мусобақалашган ҳолда, шоирлар роҳат билан бир-бирларининг шеърларини тинглайдиган йиғилишларда иштирок этар эди. Ғолиб пойтахтда ўзининг энг яхши, оташин ва чуқур ғояли шеърларини ифода билан ўқиган.
Баҳодир Шоҳ Зафар шоир сифатида Ғолиб шеъриятидан завқ олиб, уни сарой тарихчиси этиб тайинлади. Мушоираларда ишқ мавзусидаги шеърлар ғазал шаклида бўлган. Атиргул, лола ёки ой нури, ой маъшуқа тимсоли бўлиб хизмат қилган. Уларда ғамгинлик аломатига эга бўлган жавобсиз севги ғояси асосий ўринни эгаллаган. Ғолиб шундай ёзган эди:
“Ишқ се табиет не зист ка маза пая
Дард ки дава паи, дард и ла дава пая”.
(Менинг табиатим муҳаббатда ҳаёт қувончин топди,
Унинг оғриғидан даво ва давосиз оғриқ).
Муҳаммад Ҳусайн Озод (1829-1910) ва Панипатлик Алтаф Ҳусайн Холий (1837-1914) 1874-йилда фақат муҳаббат мавзусидаги шеърлар ўқилган мушоира анъанасидан воз кечиб, янги мушоирага асос солдилар. Бу замонавий урду шеърияти учун мавзу диапазони кенгайтирилган янги мушоирага асос солган дастлабки шеъий йиғилиш эди. Фирақ Горакхпури, Али Сардор Жафри, Жош Малихбади, Сахир Лукхианви ва Жигар Мурадабади номлари ҳамон машҳур ва севимлидир. Инсонларга ҳозирда ҳам кўп йиллар давомида сеҳр этиб келаётган ғазаллар жуда ёқади. Кўп ҳолларда мушоирада шеърларнинг бир банди 100 саҳифали насрга қараганда кучлироқ ва воқеликни яхшироқ акс эттиради. Шоирлар инсоний ҳис-туйғуларни ғазаллар орқали баён этар эканлар, мушоира инсонларни ўзига жалб этишда давом этаверади. Бу мушоирада тингланган қуйидаги бандда жуда яхши таъкидланган:
“Жаван рахти хэ дилме тамманае
Тамам хота нахи мохаббат ка сафар”.
(Қалб хоҳиши ҳар доим ёш бўлиб қолади.
Муҳаббат йўли ҳеч қачон адо бўлмайди).
Қалбда хоҳиш ёниб турар экан, муҳаббат йўли тугамайди.
Достарыңызбен бөлісу: |