Ҳозирги кунларда замонавий адабий оқимларнинг ривожланиш масаласи жаҳон адабиёти тарихида муҳим аҳамият касб этади



бет4/9
Дата21.06.2016
өлшемі0.61 Mb.
#152712
1   2   3   4   5   6   7   8   9

Амалий машғулот учун саволлар:
1. “Параллел ҳикоя” қачон пайдо бўлган ва қандай масалаларни қўйган?

2. Ушбу оқимнинг қайси адабиёт вакилларини биласиз?

3. 80-йиллардаги ҳикояда қандай мавзуларга эътибор берилган?
Адабиётлар:
1. Индийские рассказы ХХ века. М., 1996.

2. Общественная мысль Индии. Прошлое и настоящее. М., 1989.

3. Гаврюшина Н.Д. Эволюция литературы хинди в оценке индийских писателей и исследователей. «Восток», 1999, №3.

4. Гаврюшина Н.Д. Развитие прозы хинди во второй половине ХХ века. В кН: «Литературы Азии и Африки. Опыт ХХ века». М., 2002.

5. Индийская жена. Исследования, эссе. М., 1996.

6. Теоретико-литературные итоги ХХ в. М., 2003.

7. Ш. Шривастав, С. Арора. Антирассказ. Лакхнау, 1967 (на языке хинди).

8. Избранные рассказы 80-х годов. Дели, 1987 (на языке хинди).


Мустақил иш мавзулари ва топшириқлар:
1. ХХ аср охири ва жанрлар ўзгариши мавзусини очиб беринг.

2. Кескин ўзгаришлар даври ва жанрлар масаласини шарҳлаб беринг.

3. «Психологик реализм» ва «ижтимоий реализм» атамаларини тушунтириб беринг.

4. Параллел ҳикоянинг ривожланиш тарихи.

5. Кусум Ансалнинг ҳикояси.

6. Янги ўзгаришлар.

1.8. Замонавий Ғарб ва Ҳиндистон адабиётларидаги оқимлар
Таянч иборалар:

Субъектив идеализм, табиатшунослик, биология, физиология, маънавий бузуқлик, дадил тасвирлаш, субъективлик, мистика, тушкунлик, ишончсизлик, “изланиш”, ҳудудий роман ва ҳикоя, гандизм, тасаввуф таъсири.
Неореализм — янги реализм. ХХ асрнинг 40-йилларида итальян киноси, санъати, адабиётидаги оқим, ҳозирги замон буржуа фалсафасида — субъектив идеализмнинг ниқобланган кўринишларидан бири, унинг кўринишлари ҳозирги буржуа адабиётида намоён бўлмоқда. ХХ асрнинг бошларида футуризм, экспрессионизм каби неореалистик оқимлар юзага келганди, бу оқимлар билан бошқа оқимлар (декаданс) ҳам яқин алоқада бўлдилар.

Неоромантизм — янги романтизм. ХIХ асрнинг охири ва ХХ асрнинг бошларида Европа адабиётида пайдо бўлган қатор эстетик тенденцияларнинг шартли атамаси.

Натурализм (лот. natura — табиат сўзидан) — натурализм. 

1.ХIХ асрнинг 70-йилларида Ғарбий Европа адабиётида юзага келган бадиий методлардан бири, ХIХ асрнинг 80–90-йилларида француз ёзувчиси Эмиль Золя бошчилигида пайдо бўлган адабий оқим. Бу оқимга қисман Флобер, Мопассан, Г. Ибсенлар ҳам мансуб эдилар. Россияда ХIХ асрнинг 80–90-йилларида Немирович-Данченко, В. Белинский, В. Тихонов каби бир қанча тарафдорлари бўлишига қарамай, натурализм оқими кенг ёйила олмади. Натурализмнинг асосий талаблари Э. Золянинг “Экспериментал роман” ҳамда П. Боборикиннинг “ХIХ асрда Европа романи” номли китобларида баён қилинган. Натурализм ўзининг эстетик асосларида табиий фанларга, биринчи навбатда, биология ҳамда физиологияга таянади. Натурализм адабиётда инсон характерини экспериментал ўрганишни мақсад қилиб қўяди ва бадиий асарга инсон ҳақида маълумот берувчи ҳужжат сифатида қарайди. Бу оқим дастлаб капитализм инқирози рўй берган бир даврда буржуа тузумига қарши кўтарилган демократик ҳаракатлар таъсирида юзага келгани учун санъатни демократлаштиришни, воқеликни ҳаққоний акс эттиришни, ҳаёт воқеалари, кўринишларини, турли ижтимоий табақаларга мансуб кишилар турмушини тўғри ифодалашни маъқул кўради. Натуралистлардан Э. Золянинг “Сармоя”, “Ўлжа”, Ги де Мопассаннинг “Азизим” романларида аристократларнинг маънавий бузуқлиги, буржуа вакилларининг ярамас ишлари рўй-рост очиб ташланади. Натурализм ХIХ аср 80-йилларидан кейин аста-секин инқирозга юз тута бошлади. Уларнинг кўпгина намояндалари декадентликка, символизмга томон оға бошладилар. Шундай қилиб, натурализм ХIХ асрнинг 90-йиллари иккинчи ярмидан реакцион оқимга айланди. Бу оқим тарафдорлари ижтимоий тараққиёт қонунларини рад қилиб, табиат қонунларини ижтимоий тараққиётга механик кўчиришга интилдилар, воқеа ва ҳодисалар тасвирида моҳиятдан кўра сиртқи кўринишга, типиклик ўрнига ҳаётий материални айнан тасвирлашга аҳамият бердилар.

Рус адабиётидаги натуралистик оқимга қарши М.Е. Салтиков-Шчедрин, Короленко, М. Горькийлар қаттиқ кураш олиб бордилар. Натуралистик оқимнинг у ёки бу ҳаётий материални дадил, очиқдан-очиқ тасвирлаш тажрибаси реалистик ёзувчилар ижодига таъсир кўрсатди. Бу нарса Т. Дрейзер, В. Иванов ва бошқалар ижодида сезилиб туради. Зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб қилувчи айрим реакцион адабиёт ва санъат намояндалари ижодида натуралистик ижодий метод вульгарлаштирилган ҳолда ҳозир ҳам қўлланилади.

2. Натурализм тор маънода инсон ҳаётидаги физиологик жиҳатларни ёрқин акс эттириш мазмунида ҳам қўлланилади.

“Натурал мактаби”. ХIХ асрнинг 40–50-йилларида рус адабиётида мавжуд бўлган рус реализми кўринишини англатувчи тушунча — илғор реалистик оқим. Бу оқим асосан Гоголь ижоди билан боғлиқ бўлиб, унинг бадиий тамойилларини ривожлантирган, ёзувчидан ҳаётни чуқур ўрганишни ва уни бадиий асарда ҳаёт ҳақиқатига мос равишда тасвирлашни талаб қилган. “Натурал мактаб”нинг асосий мафкурачиси В. Белинский бўлган.

Символизм. ХХ асрнинг бошида Франция ва Россияда пайдо бўлган оқим. Символистларнинг фикрича, нарса ва воқеаларни тўғри кўрсатиш адабиётни ҳалокатга олиб келади, деб билардилар. Улар учун реал воқелик аҳамиятсиз эди. Натижада символизм халқдан узоқлашиб, аристократларнинг эрмаги бўлиб қолди. Символизмга хос субъективлик, мистика, индивидуализм уни реакцион романтизм билан яқинлаштиради. Шу сабабли бу адабий оқим кўпгина манбаларда неоромантик (янги романтик) жараён сифатида ҳам тилга олинади. Символизм ХХ аср бошларида ҳам Европа адабиётида ўз мавқеини сақлаб қолди. Гарчи символизм буржуа маданиятининг тушкунлигини ифодаласа-да, ижобий хусусиятлардан холи эмас эди. Символистлар (символизм тарафдорлари) бадиий жиҳатдан адабиётни бойитиб, уни мусиқа санъати билан яқинлаштирдилар. Француз шоири ва адиби Артюр Рембо (1854-1891) символизмнинг асосчиси ва истеъдодли вакилларидан бири бўлган. Рембо дастлаб адабиётнинг ижтимоий ролини эътироф этган исёнкор шоир сифатида танилди. Аммо 1871 йилда Париж Коммунасининг ҳалокатидан сўнг унинг позицияси кескин ўзгарди. Адабиёт Рембо учун ижтимоий-сиёсий аҳамиятини йўқотди. Унинг асарларида кема поэтик “мен”нинг рамзидир. Шоир “Унлилар” шеърида символизмнинг моҳиятини шундай ифодалайди: “А — қора, Е — оқ, И — қизил, У — яшил, О — кўк. Уларнинг сирини кейин айтаман”.

Символистик поэма, рамзий поэма. Рамзлар асосида яратилган поэма. Француз символисти Стефан Малларме (1842-1898)нинг “Муваффақият тасодифан шарафламайди” поэмаси символистик поэманинг ёрқин намунасидир.



Декаданс — (тушкунлик сўзидан), декадентлик. ХIХ асрнинг охири ва ХХ асрнинг бошларида фалсафа, эстетика ва санъатдаги тушкунликни, мазмунсиз санъатни куйловчи оқим. ХIХ аср охиридаги буржуа жамиятнинг чирий бошлаши билан боғлиқ ҳолда юзага келади. Декадентлар ўз ижодида инсоннинг дунёни ўзгартира олиш қудратига ишончсизликни реал ҳаёт олдида ожизликни тарғиб қиладилар. “Декадент” атамаси Францияда символист шоирлар тўгарагида юзага келди. Символизм бутун Европа шеъриятида тарқалгач, декадентлик ҳам шу қаторда Умумевропа адабиётига тарқалди. ХХ аср бошларида неореалистик оқим билан ҳам яқин алоқада бўлди. Натижада декадентлик атамаси кўп маънолилик касб этди. Улар санъатнинг ижтимоий ҳаёт билан боғлиқлигини инкор қилдилар ва “санъат санъат учун” шиорини илгари сурдилар. Шунинг учун модернизм оқими ҳам декадентларнинг қарашини қабул қилди.

Чхаявад шоирларидан фарқли равишда 50-йилларда неоромантизм шеъриятида “боқий гўзаллик” образларидан фойдаланилмасдан, аниқ ҳис қилинадиган образлар яратила бошланди.

Бироқ мазкур ҳинди неоромантизм адабиёти (ҳам шеърият, ҳам насрда) катта мафкуравий хилма-хиллиги билан ажралиб ривожланар эди. Масалан, ўша вақтда ўзининг тараққийпарвар ҳиссиётлари билан танилган шоир Нагарджуннинг (1910 йилда туғилган) ёзишича, “узоқ вақтдан сўнг қадрдон она қишлоғимнинг тупроғи менинг бағримга тегди”. Агъей (1911 йилда туғилган) бошчилигида ўз шеърлари билан чиққан “изланиш” оқими вакиллари (прайёгвад) ўз ижодларининг мақсади сифатида “ҳис-туйғулар ҳақиқийлиги” шиорини илаги сурганлар.

Шу боим праёгвад (“изланиш” оқими) хусусиятлари ҳақида қисқача тўхталиб ўтиш лозим. Уларнинг тасдиқлашича, фақат шахсий идрокни акс эттириш орқали “ишончли” нарсани кўрсатиш мумкин. Ва, бундан ташқари, бу фақат “бирор бир мафкурадан холи бўлган” ёзувчи учун мумкиндир. Агъей ўзининг “Ўзим ҳақимда” номли китобида ёзишича, ўз-ўзини англаш, ўз-ўзини ифода этиш — шоирнинг вазифаси бўлиб ҳисобланади.

Мустақилликдан сўнг неоромантизм оқими ҳам тараққийпарвар шоирлар, ҳам “изланиш” оқими шоирларини қамраб олади. Агъей ўзининг “Харе гхас пар ек кшан бхар” (“Кўм-кўк майсадаги лаҳза”, 1949 й.) номли достонида “шаҳар ҳаётидаги тартибсизликдан” табиат қучоғида, нозик кўм-кўк майсада дам олишни хоҳлашини ёзади. Бироқ, неоромантизмнинг янада тўлиқ белгилари нафақат шеърий жанрларда, балки насрда ва, энг аввало, ҳудудий (“анчалик”) роман ва ҳикояда намоён бўлади.

Ҳинди тилида “анчаликта” номини олган, 1954 йилда ўзининг “Пан пхул” (“Бетелнинг гуллари”) номли ҳикоялар тўпламини чоп этган ёзувчи Маркандей (1932), ўша вақтда “Мейла анчал” (“Ифлос чойшаб”)47 номли романини ёзган Пханишварнатх Рену, “Каб так пукарун” (“Қачонгача чақираман?”)48 романининг муаллифи Рангей Рагхав ва бошқалар мазкур оқимнинг етакчи ёзувчилари бўлишган. 50-йилларда — 60-йилларнинг бошларида “ҳудудий” насрчилик ҳинди адабиётида ёрқин ва ҳақиқатдан янги оқимга айланди. Танқидчиларнинг фикрича, “ҳудудий” ёзувчилар “қишлоқ ҳаётининг унутилган гўзаллиги”ни биринчи ўринга қўйишган. Ҳинди тилидаги мазкур насрчилик уни Россиянинг урушдан кейинги “қишлоқ насрчилиги”га яқинлаштирадиган баъзи жиҳатларга эга бўлган.

Ҳинд қишлоғининг ҳаёти ҳинди тилидаги “ҳудудий” роман ва ҳикоянинг асосий мавзулари бўлган, бироқ Премчанддан фарқли равишда “ҳудудий” насршунослар четдаги, узоқ туманларнинг қишлоқ ҳаёти мавзусини кўтарган.

Мазкур асарларнинг романтик характери эса ҳақиқий, реал қишлоқ ҳаёти манзарасининг шоирона тасвирланиши билан аниқланади. “Ҳудудий” ёзувчилар қишлоқ ҳаётининг ёрқин манзараларини унинг барча хилма-хиллигида акс эттиришган. Ушбу роман ва ҳикояларда кўрсатилган алоҳида қишлоқ ҳудудининг унинг урф-одатлари, расм-русумлари — тўйлар, таваллуд кунларининг нишонланиши, диний байрамлари, қишлоқ ярмаркалари билан биргаликда қишлоқ ҳаётининг ўзига хослиги акс эттирилган. Шунинг учун романтик тенденциялар бу асарларда реалистик тенденциялар билан чатишиб кетган. Ва, эҳтимол, мазкур насрчиликнинг лирик характери ҳақида ҳам сўз юритиш мумкиндир.

“Ҳудудий” насрчиликнинг ғоявий мазмуни барча “неоромантик оқимлар” каби мустақилликдан кейинги биринчи ўн йилликда мамлакатда ижтимоий ўзгаришларни тезда амалга ошириш имкониятига қилган ҳинд зиёлилари умидлари билан аниқланган. Ҳинд зиёлилари Жавоҳарлал Неру томонидан таклиф қилинган ижтимоий ўзгаришлар дастурининг тезда амалга оширилишини хоҳлаганлар.

“Ҳудудий” адибларнинг эстетикаси ва поэтикага тўхталадиган бўлсак, у ҳолда бу ерда уларга Кришан Чандарнинг илк ҳикоянависликнинг кўрсатган таъсирини таъкидлаб ўтиш жоиздир. Ҳудудий насрчиликка Кришан Чандар ҳикоялари, айниқса унинг “Кашмир даври” ҳикоялари учун хос бўлган шоироналик ва лиризм хосдир. Кришан Чандарнинг “Кашмир ҳикоялари” каби кўпгина “анчалик” ҳикояларини ҳам насрчиликдаги шеърлар деб аташ мумкин. Ҳинди ёзувчиларининг “ҳудудий” ҳикояларидаги қишлоқ ҳаёти манзаралари мазкур ёзувчиларнинг чуқур ватанпарварлик кайфиятини акс эттиради. Кўпгина “анчалик” асарларига ҳаётий, реал манзара хос бўлиб, уларнинг баъзилари қайғули, ғамгин хотима билан якун топади.

“Анчалик” адабиётида шевачилик, маҳаллий хусусиятлар, ҳудудий лаҳжалар, фольклор, афсоналар ва ривоятлардан кенг фойдаланилган. Бу замонавий ҳинди адабий тилининг ривожланишига сезиларли ҳисса қўшди.

Неоромантик шеъриятнинг безаги ва айрим жиҳатлари бу даврда “анчалик” оқимига тегишли бўлмаган, ҳинди ёзувчи-реалистларининг кўпгина асарларига ҳам хосдир. Масалан, Амритлал Нагарнинг “Томчи ва уммон” романи, Кришан Чандарнинг “Хал ки чхая мен” (“Омочнинг соясида”, 1953 й.) ҳикояси ҳамда Яшпалнинг “Ёлғон ҳақиқат” романини мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Лекин, мазкур реалистик асарларнинг деярли барчаси бахтли хотимага эга бўлган, чунки “умид ва ишонч ҳис-туйғулари” уларда кўпроқдир.

Бироқ, бу даврда насрчиликда бўлгани каби ҳинди шеъриятида ҳам “изланиш” оқими тенденциялари ривожланиши давом этади ва чиққан асарларда яққол ифода этилган модернизм характерига эгадир. Газета, журналларнинг саҳифаларида, оғзаки мунозараларда “изланиш” оқими вакиллари тараққийпарвар ёзувчиларга танқид билан чиқадилар.

50-йиллардан бошлаб Ғарб буржуа маданиятининг таъсири кучайди ва тарқала бошлади, бу эса адабий ҳаётда ҳам сезилди. Тасаввуф руҳидаги оқимга бўлган қизиқиш кучайиб борди ва бу эса ҳинд ёзувчиларининг бир қисмига ҳам ўтди. Уларнинг баъзилари қадимги ҳинд тасаввуфи ва экзистенциализмдан фойдалана бошлашди.

Баъзида тасаввуф руҳи реалист ёзувчиларнинг асарларига ҳам кириб бормоқда эди. Шундай қилиб, Амритлал Нагарнинг “Томчи ва уммон” романида садху Рамжи қаҳрамонлардан бири бўлиб, унинг маънавий таъсири остида романнинг ёш қаҳрамони Сажан “ўз камолотига етишга ҳаракат қилади”, “гуноҳлардан тозаланади”.

50-йилларда ҳинди адабиётида инсонлар тенг бўладиган жамиятни яратишга бўлган ишонч билан боғлиқ бўлган Ганди ғоялари ва қарашларининг таъсири ҳам кузатилмоқда. Гандизмга мувофиқ, айрим инсонларни камолотга етказиш ва қайта тарбиялаш йўли билан бунга эришиш мумкин. Бу “ҳудудий” ёзувчиларнинг бир нечта асарлари ҳамда Ж. Кумар, А. Нагарнинг романларида ўз аксини топмоқда.


Амалий машғулот учун саволлар:
1. ХIХ асрнинг охирида адабиётда қандай янги оқимлар пайдо бўлди?

2. Неореализм ва неоромантизм атамалари қандай ишлатила бошланди?

3. Натурализм асосан нимага таянади?

4. Символизмнинг хусусияти нимадан иборат?

5. Декаданснинг белгилари?

6. Неоромантизм асосан қайси жанрларда ва кимнинг асарларида ўз аксини топган?

7. “Анчалик” асари нима билан ажралиб туради?
Адабиётлар:
1. Челышев Е.П. Индийская литература вчера и сегодня. М., 1989.

2. Серебряков И.Д. Литературы народов Индии. М., 1985.

3. Рену П. Грязное покрывало. М., 1960.

4. Художественные направления в индийской литературе ХХ века. М., 1977.

5. Литературы Индии. М., 1979.

6. Теоретико-литературные итоги ХХ в. М., 2000.


Мустақил иш мавзулари ва топшириқлар:
1. Замонавий оқимлар ва уларнинг моҳиятини очиб беринг.

2. Неоромантизм ва анчалик маъноларни очиб беринг.

3. Қайси асарларда уларни учратиш мумкин?

1.9. Ҳиндистон адабиётида неореализм ва декадентлик, авангардлик оқимлари


Таянч иборалар:

Шаҳар муаммолари, замонавий бадиий услуб, сюжет кескинлиги, танқидий ўткирлик, ижтимоий адолатсизлик, сиёсатлаштириш, антигуманистик, ишончсизлик, символизм, Ғарб таъсири, ижтимоий муаммолар.
Йирик ҳинд танқидчиси Намвар Сингх ўзининг хусусий ва жаҳон адабиётининг энг яхши ютуқлари билан бойитилган бу оқимни “неореалистик” оқим деб номлаган. У замонавий жаҳон адабиёти жараёнининг оламида ривожланмоқда. Реалистик санъат учун воқеликни умумлаштириш усулларининг кўп хиллиги хосдир. Бадиий шартлилик, образнинг реалистик зичлиги, гротеск, муболаға, фантастика — булар ҳам реалистик тасвирлаш усули воситаларидир.

Реалистик ҳикоянинг анъанавий услубига кўникиб қолган ёзувчилар учун 70-йиллардаги ҳинд ёзувчиларининг кўпгина асарлари нореал бўлиб туюлиши мумкин ва шунинг учун кўпгина низолар ва қарама-қаршиликларга сабаб бўлмоқда. “Янги адабиёт”ни яратишга интилаётган адабиётшуносларда янги мавзу, образларида ҳинд тупроғидан узоқлашиш кузатилган... Аслида, янги асарларда баъзи бир ғайриоддийлик кузатилади. Энди улар анъанавий қишлоқ муаммолари билан боғлиқ эмасди, уларда асосий эътибор шаҳар муаммоларига қаратилган бўлиб, заминдор, катта ер эгаларининг зўравонлиги ҳақида эмас, балки жамиятнинг шафқатсизлиги ҳақида ҳикоя қилинади; янги ҳикояларнинг сюжети қизиқарли, кескин ривожланишда, баъзида зўрға ишлаб чиқилган бўлиб туюлади. Ва бир вақтнинг ўзида ушбу “рангсиз” ҳикоялар адабий низоларнинг марказида бўлган ва китобхонларнинг умумий эътиборини ўзига тортган.

Жаҳон адабиёти тажрибасини ижодий жиҳатдан ўзлаштирган ҳолда, янги реалистик йўналишнинг ҳинд ёзувчилари эскириб қолган эстетик қонун-қоидаларини енгиб чиқишга, бадиий тасвир усулининг “замонавий” техникасини ўзлаштиришга, деталлар, иштирок этувчи шахслар билан ўз асарларини ортиқ даражадаги оғирликдан озод қилишга, уларни янада динамик ва сиғимли қилишга ҳаракат қилмоқдалар. Реалистик тасвирлашга ҳаракат қилаётган 70-йиллардаги ёзувчиларнинг асарлари панд-насиҳатлар, давомли мулоҳазалардан халос бўлмоқда. Улар доимий равишда тезда ўзгарувчан борлиқни бадиий англаб етишнинг янги йўллари ва воситаларини қидирадилар. Ҳиндистонда ҳинди адабиётида янги реализмнинг пайдо бўлишини Г.М. Муктибодх номи билан боғлайдилар.

70-йилларда реалист ёзувчилар ижодида танқидий белгилар кучаймоқда, оддий одамларнинг тақдири, эҳтиёж, қайғу ва азоб-уқубатлар билан эзилган оддий инсоннинг ҳаёти учун оғриқ сезилади. Уларнинг асарларида бойлар ва камбағалларнинг дунёси қарама-қарши қўйилади, бу эса Ҳиндистонда ижтимоий зиддиятларнинг дарҳол кескинлашиши билан тавсифланадиган объектив ҳолатни акс эттиради.

Машҳур ҳинди ёзувчиси Бхишам Сахнининг “Басанти” романи (1980) бундай турдаги асарларга ёрқин мисол бўлиб хизмат қилиши мумкин. Ёзувчи Деҳлидаги қурувчиларнинг мураккаб ҳаёти ҳақида сўзлаб беради. Улар тирикчилик қилиш мақсадида бутун оилалари билан узоқдан пойтахтга келадилар. Бироқ, Деҳлини қураётганлар учун бу гўзал шаҳарда жой йўқдир. Полиция вақти-вақти билан уларнинг қўним топган жойларига ҳужум уюштирадилар, турар жойларини бузадилар ва улар шаҳарнинг ташқи кўринишини бузмасликлари учун уларни истиқомат жойларидан ҳайдаб юборадилар. Роман қаҳрамони Басанти исмли ўсмир қиз навбатдаги бундай ҳужумнинг қурбонига айланади. Қурувчиларни зўравонлик билан кўчириш вақтида у ота-онасидан айрилади, бироқ бундан унчалик ачинмайди, чунки отаси уни чолга узатишга, яъни сотиб юборишга қарор қилган эди. Басанти ёлғиз, уйсиз, ҳимоясиз қолади, ушбу улкан шаҳардан у билан ҳеч кимнинг иши бўлмайди. Кўпгина синовлар унинг бошига тушади. Бироқ ҳеч нарса уни синдира олмади. Ҳеч бир ҳолатда у инсоний қадр-қимматини йўқотмайди, ноодатий барқарорлик ва бардошлиликни намоён қилади. Роман қаҳрамони, у билан бирга муаллиф ҳам инсонга, унинг энг яхши келажагига ишонади. Оддий одамлар энг оғир шароитларда яшайдилар, бироқ ҳар доим бундай шарт-шароитларда инсоннинг олий фазилатларини сақлаб қоладилар —асарнинг хулосаси ана шундан иборатдир.

Тамил ёзувчиси П. Ахиландананинг “Сутли дарахтнинг соясида” номли романида (1977) Малайзия плантацияларида мавжуд бўлган тамил ишчиларининг шафқатсиз шарт-шароитлари ҳақида сўз юритилади. Ҳинди ёзувчиси Шивнараян Шривастав инсон ҳаётининг тўлиқ мусибатлари ва камчиликлари ҳақида ёзса, машҳур адиб Такажи Шивашанкар Пиллэ Кералнинг оддий одамлари ҳақида сўзлаб беради.

“Нима учун мустақил Ҳиндистонда ҳам оддий халқ олдин яшагандек, балки ҳатто ундан ҳам ёмон яшамоқда? Қуллик ва мустақиллик ўртасида қандайдир фарқ бўлиши лозим?.. Нима учун бутун умр оғир меҳнат билан шуғулланган инсон умрининг охиригача камбағал бўлиб қолади? Нима учун мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотлари мўл-кўл бўлган вақтда, одамлар очдан ўлмоқда? Нега илм-фан ривожланаётган вақтда, кўп одамлар саводсиз ва жоҳил бўлиб қолмоқда?.. Университет унинг бир қисми бўлиб ҳисобланган Бутун бино, яъни жамият барбод бўлмас экан, талабалар, халқ ҳаётида ҳеч нарса ўзгармаслигини мен яхши биламан”, — деган хулосага келади Кашинатх Синхнинг “Ўз фронти” романи қаҳрамони.

Халқнинг қашшоқлиги ва ҳақсизлигини англаб, реалистик йўналишдаги кўпгина ёзувчилар бундай ҳолатдан чиқиш йўлини кўрмаяптилар. Шунинг учун уларнинг асарларида умидсизлик ва иккиланиш кайфиятлари сезилади. Реалистик йўналишдаги бундай ёзувчилар атроф-муҳитни фақат қора бўёқларда, инсонни эса — доимий азоб-уқубатларга маҳкум қилинган қурбонлик сифатида тасвирлайди. Бундай адабиётшунослар қийин ҳолатдан чиқиш йўлини топишга бўлган ҳатти-ҳаракатларни асоссиз, хом-хаёл деб тушунадилар.

Тараққийпарвар ҳинд адабиётшунослари адабиётда борлиқнинг бемаъни намоён бўлишини, унинг ўзгаришига умидбахш ишонч билан уйғунлаштириш зарурлигини таъкидлайдилар. 70-йиллардаги тараққийпарвар-ёзувчилар адолатсизлик ва зўравонликка қарши курашиш йўлига қадам қўйган инсоннинг кучи ва имкониятларига ишонадилар. Табақалар мавжуд экан, янги эркин жамиятни яратиш ҳақида сўз бўлиши ҳам мумкин эмас — машҳур ҳинди ёзувчиси Амритлал Нагар ўз романларида китобхонларни шундай хулосага олиб келади.

70-йилларда Ҳиндистоннинг адабий ҳаёти жамиятнинг маънавий ривожланишининг мураккаб жараёнларини акс эттирадиган кескин мунозаралар билан тавсифланади. Адабиётда нима ҳақиқий тараққиёт бўлиб ҳисобланади? “Замонавий адабиёт” тушунчасига қандай маъно киритиш лозим? Ёзувчининг жамият олдидаги бурчи ва масъулияти нимадан иборат? — барча ушбу саволлар зиёлиларга берилади. Агар асарда илгари асосан унинг ижтимоий-сиёсий мазмунининг долзарблилигига эътибор қаратилган бўлса, у ҳолда 70-йилларда ҳодисаларнинг ҳаётийлиги ва ёзувчиларнинг маҳорат даражаси масалалари биринчи ўринга кўтарилади. “Биз нимани халқ адабиёти деб атаймиз” (1976) ва “Адабиётдаги замонавийлик ва тараққийпарварлик” (1978) масалалари бўйича мунозаралар “Джан-юг” газеталари саҳифаларида чоп этилган49.

Замонавийлик нима эканлиги тўғрисидаги саволга ҳинд олими Ҳазарипрасад Двиведи шундай деган эди: “...Адабиётнинг диний мафкуранинг таъсиридан халос бўлиши, атрофдаги борлиқнинг долзарб муаммоларига асосий эътиборнинг қаратилиши, ҳаёт воқеликка бўлган тарихий ёндашув, жамиятнинг озодлиги учун курашиш зарурлиги — адабиётда ҳақиқий замонавийлик бўлиб ҳисобланади”50.

Айрим ҳинд ёзувчилари ва танқидчилари ҳинд адабиёти Ғарб адабиётининг энг сара намуналарига тақлид қилгандагина, ҳақиқий тараққиётга эришиши мумкинлигини тасдиқлашга ҳаракат қилмоқдалар. Шундай қилиб, Г.М. Муктибодхни Ҳиндистонда гоҳида Кафка, гоҳида Сартр, баъзида Маяковский, гоҳида ҳинди адабиётида модернизм оқимининг асосчиси Агъей, баъзан ҳинди тилидаги инқилобий-романтик шеърият вакили — Нирала билан таққослайдилар. Уни баъзан романтик, гоҳо экзистенциалист, гоҳида реалист, баъзида модернист деб ҳисоблайдилар. Аслини олганда, унинг ижоди 70-йиллардаги ёзувчилар учун илҳом манбаи бўлиб ҳисобланган.

Ҳинд адабиётининг ўткир сиёсий мазмун билан тўлдирилиши — 70-йилларда унинг тараққиётининг энг муҳим тенденцияларидан биридир. Сиёсат ва кураш билан тўлдирилган ҳаёт замонавий ёзувчилар учун илҳом манбаи бўлиб ҳисобланади. Ҳинд адабиётининг сиёсатлаштирилиши — мураккаб жараён, ва ундаги анъанавий мавзулар долзарб, кескин сиёсий мазмунга эга ва иқтисодий тенгсизлик муаммоси билан боғлиқдир.

70-йилларда ҳинд адабиётидаги сиёсатлаштириш сиёсий низоларга дадиллик билан аралашган, қонунларга риоя қилмаслик ва коррупцияга қарши қатъий норозилик билдирган ёзувчилар фаоллигининг ошишида намоён бўлган. 70-йилларда ҳинд реалистик адабиётига уларнинг қаторида жамият иллатлари, ижтимоий адолатсизлик устидан қаттиқ кулган шоирлар ҳам кирган.

Реалист-ёзувчиларнинг ижоди, аввалгидек бўлгани каби, бугунги кунда кескин танқиднинг объекти бўлиб қолади. Баъзан тараққийпарвар адабиётнинг танқидчилари тараққийпарвар ёзувчилар классик меросни менсимасликларини ва шунинг учун адабиёт ўзининг маданий анъаналаридан узоқлашишини исботлашга ҳаракат қиладилар. Бироқ, айнан классиклар ботир довюрак курашчиларнинг образларини яратиш зарурлигига эътибор қаратганлар. Айнан шундай инсонлар реалистик адабиётнинг қаҳрамонларига айланиши лозим.

Кўплаб ҳинд ёзувчилари ва танқидчилари ҳинд адабиётида антигуманистик, декадентлик тенденцияларнинг тарқалиши муносабати билан хавотирга ва ташвишга тушмоқдалар.



Декаданс — (французча тушкунлик сўзидан), декадентлик. ХIХ асрнинг охири ва ХХ асрнинг бошларида тушкунликни, мазмунсиз санъатни куйловчи оқим ва буржуа жамиятининг чирий бошлаши билан боғлиқ ҳолда юзага келади. Улар инсоннинг дунёни ўзгартира олиш қудратига ишончсизликни реал ҳаёт олдида ожизликни тарғиб қилдилар. Бу атама Францияда символист шоирлар тўгарагида юзага келади ва бутун Европа шеъриятида кенг тарқалади. Декадентлар ўзларини янги эстетик ва этик бойлик яратувчи пайғамбарлар деб билдилар. Улар адабиётнинг ижтимоий ҳаёт билан боғлиқлигини инкор қиладилар. Шунинг учун модернизм оқими ҳам декадентларнинг қарашини қабул қилди. Кўп декадентлар ўзларини ХIХ асрнинг иккинчи ярмидаги эстетик исёнкор сифатида тутдилар. Европа декадентлигининг отаси Ф. Ницше алоҳида ўрин тутади. М. Горький, Р. Роллан каби кўпгина ёзувчилар уларнинг ғояларига қарши кураша бошладилар ва ХIХ асрнинг охири — ХХ аср бошларида натурализм, импрессионизм ёки символизм каби нореалистик йўналишларни декадентлик деб тушуниш тўғри эмас эди.


Достарыңызбен бөлісу:
1   2   3   4   5   6   7   8   9




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет