Ҳозирги кунларда замонавий адабий оқимларнинг ривожланиш масаласи жаҳон адабиёти тарихида муҳим аҳамият касб этади



бет3/9
Дата21.06.2016
өлшемі0.61 Mb.
#152712
1   2   3   4   5   6   7   8   9

Мохан Ракеш, А. Ядав, Камлешвар, Дхармвир Бхарти, Рамкумар, Уша Приямвада ҳикояларида тимсоллардан кенг фойдаланилган бўлиб, улар орқали ҳаётнинг турли томонлари, ҳаётий ҳодисалар акс эттирилади.

Ғояларнинг доимий оқимини ифодалаш учун мазкур “оқим” атамасини биринчи бўлиб тилга олган шахс Вильям Жойс эди18. “Онг оқими”да “онг сиртдан рағбат олиб, унга таъсир кўрсатган ҳодисаларни ўзича тушунишга мувофиқ унга акс таъсир кўрсатади”19.

“Онг оқими” ҳикоялари ХХ асрнинг 70-йилларида ҳинди, панжоб, телугу ва бошқа тилларда чоп этилади. Масалан, А. Притамнинг “720 қадам” ҳикояси асосида қатъий норозилик кўрсатилган бўлиб, тузилиши нуқтаи назаридан сюжет воқеалари кетма-кет, аниқ ривожланмаган20. Қатъий норозилик ёш йигит, талаба, ҳикоянинг бош қаҳрамони Сунилнинг ички ҳолати орқали кўрсатиб берилган. А. Притам салбий ҳис-туйғулар ёш йигитнинг хотирасида қандай қолганлиги ва у ички ўзгаришларга қандай қилиб бардош берганлигини кўрсатиб беради. Ва мазкур бир-бирига боғлиқ бўлмаган, салбий фикрлар, сўзлар, хотиралар кўринишида беихтиёр ифодага эга бўлади ва мазкур ҳолатда ҳатто аламли ҳолатга ўтади. Унга Нита билан учрашишни тақиқлаб қўйишади ва қизнинг акаси уни чала ўлик бўлгунча уриб дўппослайди. Уни коллеждан ҳайдаб юборишади. Кейин отаси уни докторга олиб боради. Ҳаётнинг аҳён-аҳёнда бўлиб турадиган ҳодисалари, бошдан кечириладиган ҳодисалар ярим ҳушсизлик ва таъқиб қилувчи овозлар билан алмашиниб туради. Кейин эса қўрқув, кучли қўрқув уни яна врачга олиб боришга мажбур қилади. У хонани ичидан бекитиб олади ва умуман эшикни очишдан бош тортади ва фақат Кашани — ёш хизматкор қиз унинг олдига кирган. Ва у беҳуш ҳолатдагидек унинг билагузукларининг жарангини эшитади, қизнинг уялган ҳолда унинг тўшагидан тураётганлигини ёдга олади. Кейин қиз ҳомиладорлиги туфайли ўзини қудуққа ташлаганини билиб олади. “Кашанининг боласи меники эдими?”, — ҳайрон бўлди у21. Уни руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирмоқчи бўлишади. Бироқ у Кашани ўзини ташлаб юборган қудуқ томон йўл олади ва “атрофдаги дарахтлар бақириққа ўхшаш қўрқинчли овозни эшитадилар ва титрай бошлайдилар”22.

Тасвирланаётган ҳодисаларнинг характери китобхонлар олдида қаҳрамоннинг психологик ҳолати сифатида баъзан меъёрий ҳолатда, кўпинча эса у касал бўлганда ва у ёки бу ҳолатни аниқ эсламаган ҳолатда намоён бўлади. Муаллиф Сунилнинг идрок қилишининг аниқлигига, унинг ҳақиқатни ҳимоя қилишга қодир эмаслигини таъкидлайди, бироқ энг асосийси — бу унинг ахлоқ-одоби, унинг виждони бўлиб, улар қаҳрамонни, ярим ақлдан озган, ярим касал йигитни қудуқнинг олдига олиб боради ва у ўзини ўлдиради.

А. Притам панжоб ҳикоянависларининг тажрибасида ўз ўрнини топган.У психо-аналитик мактабнинг таъсирида пайдо бўлган “онг оқими”дан фойдаланган ҳолда, ушбу ҳикояни ёзади. Адабий ижодга хос бўлган психо-аналитик ёндашув француз филологиясида жуда оммабоп бўлиб қолмоқда. Маълумки, у иккита асосий шаклга — фрейдизм ва юнгианликка таянади.

Таъкидланишича, машҳур адабиётшунослар С.С. Уппал, К.С. Дуггал, Навтеж Сингх ва А. Притам панжоб адабиётидаги ҳикоянависликда ушбу изланишнинг вакиллари бўлиб ҳисобланадилар. Бундай тажриба К.С. Дуггалнинг “Ўзининг нигоҳи” ва “Достон” ҳикояларида кузатилади. Навтеж Сингх ўзининг “Башариятнинг оталари” ва “Сенинг тегишинг сеҳрли эртакка ўхшайди” ҳикояларида ҳам ушбу оқимни тажрибадан ўтказади. А. Притам “онг оқими” тажрибасини “Архитектор”, “Кулгу қуши”, “Ажнабий” ҳикояларида қўллаган. Дастлабки ҳикоя ўзи танлаган қизга уйлана олмаган меъмор Ражментнинг хотиралари билан боғлиқ. Иккинчи ҳикояда дайди ўғлини ўқитиш учун пул топиш мақсадида, оналик ҳис-туйғуларини бадавлат инсоннинг жазмани бўлишга мажбур қилган қаҳрамон аёл Саулянинг ички кечинмалари ҳақида баён этилади. Учинчи ҳикоя ўзининг ўзгарувчан ҳис-туйғуларида ўралашиб қолган эркак кишининг руҳий ҳолати ҳақидадир.
Амалий машғулот учун саволлар:
1. Ҳинд ёзувчиларидан тимсолларни кимлар ишлатган?

2. Д.Сингх ва Н.Варма ҳикояларида тимсоллар қандай ишлатилган?

3. Ҳиндистон адабиётларида “онг оқими” белгилари қачон ва қандай кузатилади?

4. “Онг оқими” ҳикоялари нима билан ажралиб туради?


Адабиётлар:
1. Челышев Е.П. Индийская литература вчера и сегодня. М., 1989.

2. Литература стран Зарубежного Востока 70-х годов. М., 1982.

3. Притам А. Тот человек, та женщина. Дели, 1974. на языке хинди.

4. Художественные направления в индийской литературе ХХ века. М., 1977.


Мустақил иш мавзулари ва топшириқлар:
1. Ҳикоя ва тимсол.

2. “Онг оқими” тарихи.

3. “Онг оқими” ва ҳикоянавислар мавзусини очиб беринг.

1.6. 60-80 йиллар: ҳикоянавислик


Таянч иборалар:

Янги йўналиш, Камлешвар, Мохан Ракеш, “параллел ҳаракат”, “саманантар”
Ўз вақтида Ҳиндистон бош вазири И.Ганди шундай деган эди: “Ҳиндистон ўзига хос ғоят улкан ва ранг-баранг олам бўлиб, уни тасвирлашдан тил ҳам, қалам ҳам ожиз. Ҳозир бу мамлакат катта ўзгаришлар даврини бошдан кечирмоқда. Дарҳақиқат, ер юзида бирон-бир халқ йўқки, бу қадар бой тажриба тўплаган ва бунчалик қадимий маданиятга эга бўлган бўлсин. Бу мамлакат хақида қанчалик кўп нарса ўргансанг, шунчалик ўзингни кам нарса билгандай ҳис қиласан”23.

Ҳиндистон мустақилликка эришгандан сўнг, унинг ижтимоий, сиёсий, маданий ҳаёти тубдан ўзгара бошлади. Айниқса, адабиёт соҳасидаги ўзгаришлар, янги йўналишлар диққатга сазовордир.

Ҳиндий адабиётининг ўзига хос йўналиши бўлган “янги ҳикоя”да ижод этган ёзувчиларнинг дунёқарашлари ҳар хил бўлса ҳам, уларни бирлаштирувчи умумий томонлари бор эди. Мазкур йўналишда қалам тебратган ёзувчиларга Камлешвар, Мохан Ракеш, Ражендра Ядав, Рагхувир Сахай, Муктибодх, Уша Приямвада ва бошқа кўпгина ёзувчиларни санаб ўтиш керак. Бу ёзувчилар ҳикоянавислигининг умумий томонлари асосан шулардан иборат эди: Улар ўртаҳол табақадан чиққан эдилар. Адабиётга озод мамлакат даврида кириб келганлар. Улар ижодининг биринчи босқичи катта сиёсий ўзгаришлар даврига тўғри келади. Уларнинг асарларидаги қаҳрамонлар ҳам ўртаҳол табақаларнинг вакилларидир.

Бу ҳикояларда асосан қуйидаги мавзулар ёритилган: эскирган, лекин ҳали ҳам яшаб келаётган урф-одатлар, оила бузилиши муаммоси ва шу билан чарбарчас боғлиқ хотин-қизлар аҳволи; оилада, жамиятда ўз ўрнини топган аёллар образи; талабалар, ёшлар ҳаёти, уларнинг тақдири; зиёлилар (ёзувчилар, журналистлар, врачлар, рассомлар ва х.к.) ва уларнинг тақдири.

60-йилларда Камлешвар ва Мохан Ракеш, Ражендра Ядав билан биргаликда “янги ҳикоя” учун ҳаракат бошладилар. Шу йилларда ҳикоя жанри жуда тез ривожлана бошлади. Ҳиндистон адабиётида янги оқимлар 60-йилларнинг охири ва 70-йилларнинг бошида пайдо бўла бошлади. У “параллел ҳаракат” (“саманантар андолан”) номини олди. Унинг асосчиси Камлешвар эди. Бу ҳаракатда асосан ёш ёзувчилар иштирок этардилар. Унинг маркази Бомбей бўлиб, Камлешвар муҳаррарирлиги остида “Саманантар” ойномаси ҳиндий тилида нашр этила бошланди. Бу журналда ушбу ҳаракат намояндаларининг энг сара ҳикоялари чоп этиларди. Бу ҳаракатга кирувчи эстетик дастур шундан иборат эдики, адабиёт ҳаётдан орқада қолиши мумкин эмас, у халқ ҳаёти билан параллел (тўғридан-тўғри), чамбарчас боғланиб бориши, бугунги кун воқеа-ҳодисаларини акс эттириши керак. Мохан Ракешнинг “Ярим йўлда” драмасида, Жилани Банонинг “Шеърият саройи” романида (1967 й.), Кришна Собатининг “Митро шумтака” қиссасида (1971 й.), Шиварам Карантнинг “Ватапура хроникаси” романида, Мадхава Куттининг ҳикояларида (1971 й.) эскилик ва янгилик ўртасидаги кураш, янги ҳаётий қадр-қимматларни топишдаги изланишлар, сеҳрланган доирадан чиқиш йўллари, бахт-саодат учун ҳар қандай сунъий тўсиқлардан ўтиш ва шунга ўхшаш мавзулар акс этган.

Бадиий адабиётда, хусусан насрий жанрларда реализм тобора кўпроқ намоён бўла бошлади. “Модернист-ёзувчилар асарларида ўз моҳиятини йўқотган меҳнаткаш инсонлар образлари яна ҳинд насри саҳифаларида ўз аксини топа бошлади, - деб ёзади Ражив Саксена”24.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, 70-йиллар ёзувчилари ўзларини тараққийпарвар ёзувчиларнинг тўғридан-тўғри меросхўрлари, давомчилари деб тан олдилар. Бундай ёзувчилар жумласига Муктибодх, Нагаржун, Трилочан, Яшпал, Амритлал Нагар киради.

Ҳиндистон адабиёти ривожининг асосий йўналишлари – бу ҳаётдаги воқеа-ҳодисаларни ҳаққоний тасвирлаш, яъни реализм методидан фойдаланиш, адабиёт ва ҳаёт ўртасидаги узвий боғлиқлик, замоннинг энг долзарб масалаларини ифодалашда бадиий шакл ва услублардан фойдаланиш, асар қаҳрамонларининг руҳий ҳолатини янада чуқурроқ акс эттириш каби масалалар бўлиб қолди.

“Ғарб адабиёти ривожининг тажрибасига таяниб, кўплаб Ҳиндистон ёзувчилари асарларни яратишда эстетик қарашларни енгиб ўтиб, ўз асарларини кўплаб иштирок этувчилардан халос этишяпти. Уларнинг ижодида танқид мевалари ҳам кўриняпти”25.

Касталар, диний қарама-қаршиликларни акс эттирувчи масалалар кўпгина ёзувчиларни хаяжонга солиб келган. Худди мана шу мавзуга адиба Кришна Собатининг “1925 йилда туғилган”нинг “Ҳаёт китоби” мисол бўлади. Шу роман Ҳиндистон Бадиий Академиясининг мукофотига сазовор бўлган. Романда Панжобда яшовчи ҳиндулар ва мусулмонлар бирлигини таъкидлаб ўтилади. Замонавий Ҳиндистон учун бундай романларнинг қанчалик муҳимлигини айтиб ўтиришга хожат ҳам бўлмаса керак.

Талабалар ҳаракати муаммоси ҳам замонавий Ҳиндистоннинг энг долзарб масалаларидан биридир. Бу ҳаракат маориф тизимидаги қайта қуриш жараёнининг чўзилиб кетганлигидан норозиликлар туфайли юзага келди. Ушбу мавзуни Кашинатх Синх “Ўз фронти” (“Апна морча”, 1972й.) романида экс эттирган. Бу романга 60-йилларнинг охири Ҳиндистонда юз берган талабаларнинг норозилик чиқишлари асос қилиб олинган.

“Ҳиндистоннинг турли халқлари адабиётида ишчилар ҳаёти, уларнинг фаол ҳаётга бўлган орзу-интилишлари мавзуси ҳам пайдо бўлади. Лекин бу мавзуга, унинг нақадар аҳамиятга молик ва муҳимлигига қарамасдан, жуда кам ёзувчилар қўл урганлар”26.

70-йилларда урду адабиётида ҳам кўплаб ҳикоянавис ёзувчилар, янгидан-янги ҳикоялар пайдо бўла бошлади. Замонавий ёзувчилар Балраж Меҳра, Анвар Сажад, Интизор Хусайн, Жагендра Пал, Сурендра Пракаш, Рашид Амжадларнинг ижодида ҳикоянавислик изланиш йўлига қадам қўйганлиги кузатилади. Бу ёзувчиларнинг ҳикоялари ойномаларда чоп этилади. Мисол учун, И. Ҳусайннинг машҳур асарлари – “Сўнгги одам” (“Акхири адми”) (1967 й.) ва “Аянчли шаҳар” (“Шехр-е афсос”) ҳикоялар тўпламлари (1973 й.).

Белраж Меҳранинг “Композиция №1, ... №2”, “Сўнгги композиция” ҳикоялари, Рашид Амжаднинг асарлари, Шавкат Ҳаётнинг “Вазият №6” ҳикояларини бир қолипга солиб бўлмайди.

Анвар Сажаднинг “Новда” (“Конпал”), “Ёш новдалар” (“Наи конпал”) ҳикоялари жуда диққатга сазовордир. Унинг ҳикояларида рамзийлик, метафоралардан кўп фойдаланиш ҳоллари мавжуд бўлиб, бу нарса жамиятда юз бераётган долзарб воқеа-ҳодисаларга ёзувчининг дунёқараши нақадар аниқ эканлигини кўрсатади. “Урду адабиётида истиоралардан фойдаланилган ва мифлар асосида яратилган ҳикоялар асосий ўринни эгаллади. Бу йўналишнинг урду адабиётида ҳали номи йўқ эди. Баъзида ҳиндий адабиётига ўхшаш урду тилида ижод қилувчи ёзувчилар уни “янги ҳикоя” деб атадилар”27.

Дагмар Ансарининг Ҳиндий адабиётида «янги ҳикоя»28 асарида асосан 60-йилларда ҳиндий адабиётдаги ўзгаришлар, ютуқлар ва йўналишлар тўғрисида фикр юритилган. «Литература стран зарубежного Востока 70-х годов»29 мақолалар тўпламида урду адабиётида 70-йилларда ижод этган адиблар, уларнинг энг йирик ҳамда машҳур асарлари ва шу йилларда урду адабиёти ҳикоянавислик соҳасидаги янги йўналишлар ҳақида баён этилган.

И.Д. Серебряковнинг «Пенджабская литература»30 номли китобида 60-йилларгача бўлган давр мобайнида Панжоб адабиёти ҳақида маълумотлар берилиб, ҳикоянавислик ривожи ҳам кузатилади.

Н. Глебов, А. Сухочевларнинг «Литература урду»31 асарида 60-йилларгача урду адабиётидаги янги ижодкорлар, уларнинг асарлари билан бирга ҳикоянависликнинг ривожланиши, тараққиёти тўғрисида маълумотлар тўплаганлар.

Е.П. Челышевнинг «Литература хинди»32 номли китобида Ҳиндистон адабиётининг 50-йиллар охирида юз берган ўзгаришлар, йўналишлар, ижодкорлар, асарларнинг мавзу ва ғоялари хақида фикр билдирган.

И.Д. Серебряков “Литературы народов Индии”33 номли ишида 40–70-йилларнинг охиридаги Ҳиндистон миллий адабиётлари ҳақида маълумот беради.

“Художественные направления в индийской литературе XX века. Поэзия хинди”34 мақолалар тўплами асосан ҳиндий адабиётида, айниқса, унинг шеърият соҳасида пайдо бўлган янги йўналишлар ва оқимлар ҳақидаги маълумотлар жамлангандир.

Е.П. Челышевнинг “Индийская литература вчера и сегодня”35 асарида 80-йиллар бўйича жуда кам маълумотлар берилиб, улар кўпроқ романнависликка ва замонавий оқимларга оиддир.

Юқоридагилардан шу нарса маълум бўлдики, илмий ишлардан, мақолалардан жамланган ушбу мавзу бўйича маълумотларга кўра, 80-йиллар ҳикоянавислигида асосан зиёлилар, ўрта хол табақа вакиллари ҳаёти (журналистлар, педагоглар, врачлар, рассомлар) ҳақидаги мавзулар ёритила бошланди.
Амалий машғулот учун саволлар:
1. Рамзлар ҳикояларда нима мақсадда ишлатилади?

2. Рамзлардан фойдаланиш услуби ҳикояни қандай ўзгартиради?

3. Қайси ёзувчилар ижодида шу услуб кўпроқ ишлатилган?
Адабиётлар:
1. Притам А. Тот человек, та женщина. Дели, 1974. (на языке хинди).

2. Челышев Е.П. Индийская литература вчера и сегодня. М., 1989.

3. Литература стран Зарубежного Востока 70-х годов. М., 1982.

4. Ансари Д. Новый рассказ хинди. “Народы Азии и Африки”. №2, 1972.

5. Серебряков И.Д. Пенджабская литература. М., 1963.

6. Глебов Н., Сухочев А. Литература урду. М., 1967.

7. Челышев Е.П. Литература хинди. М., 1968.

8. Серебряков И.Д. Литературы народов Индии. М., 1985.

9. Художественные направления в индийской литературе ХХ века. М., 1977.
Мустақил иш мавзулари ва топшириқлар:
1. 60-йиллардаги ҳикоянавислик.

2. 70-йиллар — янги оқимлар ва номлар.

3. Замонавий ҳикоянависликка оид адабиётлар.

1.7. “Параллел ҳикоя” ва янги ўзгаришлар.


Таянч иборалар:

А кахани”, ишсиз қолганлар, паст табақа, аёл ҳикоянавислар, замонавий ҳаёт, эзилган табақа, оралиқ жанрлар, этюд, таҳлилий функция, бурилиш даври.


ХХ асрнинг 70-йилларида ҳиндий ёзувчиси Камлешвар “параллел ҳикоя” оқимини бошлаб берди. Бу оқим “а кахани” сифатида “янги ҳикоя”га қарши юзага келган эди. Лекин, Камлешварнинг асосий мақсади — ҳикояда оддий инсон, оддий халқ ҳаётини ва муаммоларини “параллел ҳикоя” орқали илгари суриш эди. Шунинг учун у ҳикоя оламида Ҳиндистон жамияти ва ҳаётининг ижтимоий муаммоларини кўрсатиб беришга ҳаракат қилди. “Параллел ҳикоя” намояндалари ўрта ва паст табақа қийинчиликларини, жамиятнинг мураккаб масалаларини ҳақиқий тасвирлаб берган. Ерга муҳтож деҳқонлар, корхона ишчилари, ишсиз ёшлар ҳамда паст табақага мансуб оилаларнинг кичик-катта қийинчиликларини ёритиб берган. “Параллел ҳикоя” асосан “Сарика” журнали ташаббуслигида ёйила бошлади. У орқали “параллел ҳикоя” кенг тарқала бошлади. Камтанатх, Рамеш Упандхяя, Дхармендра Гупта, Мадхукар Сахай, Иброҳим Шариф, Меҳруннисо Парвез, Сатиш Жамали, Нирупма Севти, Мридулла Гарг, Мани Мадхукар ва С.Р. Ятри “параллел ҳикоя” оқимининг асосий вакилларидир. Улар бу ҳикоя оқимига янги ишонч бердилар ҳамда ҳикояни оддий одамларнинг ғам-андуҳлари билан бойитишга ҳаракат қилдилар. Бу ҳаракатда эркак ҳикоянавислар билан бирга ҳикоя ёзувчи аёлларнинг ҳам сони ошиб бормоқда эди. Бу ҳикоянавис аёллар эркаклар кўтарган мавзуларни, яъни ҳарбийларнинг муаммолари, уруш ва тинчлик каби масалаларга эмас, балки келин-куёвларнинг ҳаёти, ишлайдиган аёллар ва оиланинг парчаланиши мавзуларини акс эттиришга ҳаракат қилишди. Меҳринуса Парвез, Мридулла Гарг, Индубала, Мамти Жоши ва бошқа аёл ёзувчилар ҳикоянавислик дунёсини бойитишда ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Бу ижодкорлардан ташқари ҳиндий ҳикоянавислигида замонавий ҳаёт муаммоларини ўз ҳикояларида тасвирлаётган қуйидаги ижодкорларни тилга олиб ўтишимиз лозим. Булар Ракеш Ватса, Суреш Сетх, Дхирендр Астхана Абхиманью, Свадеш Дипак, Рамеш Гупта, Уша Ядав, Кусум Ансал ва бошқаларнинг ҳикоялари муҳим аҳамият касб этмоқда. Насира Шарма ва Пушна Метрияларни унутиб бўлмайди.

Ҳикоя дунёсини бойитишда, параллел ҳикоянависликда Абдул Бисмиллоҳ, Удай Пракаш, Сунита Джейн ва бошқаларнинг ўринлари беқиёсдир. Улар ҳаётнинг реал воқеликлари билан яқин таниш бўлган ҳолда, уни нейтрал нуқтаи назардан ҳам ёритишмоқда. 80-йилларда ҳикоянависликда инсоннинг маънавий руҳиятига бўлган эътибор кучайиб кетганлиги туфайли ҳикоянинг соддалиги бузилмоқда. “Dalit-chetna” (Эзилган, ҳуқуқсиз табақаларнинг онги) ҳаракати сиёсий ҳаракатларнинг таъсирида ривожланиб, ҳиндий адабиётда ҳам ёйила бошлади. Унга мувофиқ “Dalit-varg” (эзилган табақа) ҳикоялари пайдо бўлди. Ҳиндий ҳикоянавислигида бугунги кунгача бир нечта ҳикоянавислар “Dalit-varg”нинг муаммолари асосида ҳиндий тилида ижод қилишмоқда. Премчанддан бошлаб Сударшан, Яшпал, Р. Рагхав, Шивпрасад Сингх, Маркандей шу масалани кўтарган эдилар. Шу сабабли оддий ҳаёт муаммолари кўпроқ юзага келди. Лекин, ҳозирги кунларда баъзи бир долзарб масалалар диққатга сазовор бўлади. Мустақилликдан кейин 80-йиллар ҳикоялари асосан оилавий муносабатлар, келин-куёвлар ҳаёти, эркак муаммолари эмас, балки ҳозирги замон сиёсий-ижтимоий ривожланиш натижасида ўзгараётган бозор муносабатлари билан боғлиқ муаммолар ўз аксини топган ва шу билан чамбарчас боғлиқ бўлган янги тасвирлаш усуллари, компьютердан фойдаланиш каби янгиликларни талаб қилади. Унда оила, жамият, сиёсат ва бошқа турли мавзулар дунёси муваффақиятли очиб берилмоқда.

1967 йилда «Антиҳикоя»36 тўплами босмадан чиқиб, унда ҳикоялар уч гуруҳга бўлинган: 1) ҳеч қаерга олиб бормайдиган йўллар; 2) ожизлик ва 3) мавжуд қадриятларнинг йўқотилиши. Бу ҳикоялар ҳаётий бойликларни топа олмаётган ожиз шахсларнинг ғамгин суръатлари билан тўлиб тошган. Бу ерда ишсиз аҳолининг ўрта қатламидан чиққан қаҳрамонлар учрайди, бироқ улар ёки бахтсиз, ёки йўлдан адашгандирлар. «Антиҳикоя»ларда субъектив хаёлларнинг бир-бирига боғланмаган фикрларида айтилмаган ва яширинлари кўпдир. Умидсизликка тушган қаҳрамонлар тасвирланган, касалликлар ҳамда қаҳрамонларнинг қиммат дорилар харид қила олмайдиган ва даволаш учун тўлай олиш қобилияти бўлмаган дардчил ҳолатлари ёритилган. Бу муайян шахснинг ожизлиги, саросимага тушиб қолганлигини таъкидлайди.

Айнан ушбу иложчизлик сабабларига «параллел ҳикоя» қарши чиқади. Камлешвар оддий инсоннинг турмуш тарзи, ҳаётий муҳит, борлиқ ҳодисалари билан параллел равишда акс эттириш ғоясини «параллел» атамаси билан боғлаган. Шунинг учун уни ҳикоя жанрида турли қарама-қаршиликлар, ижтимоий ҳаётдаги ихтилофларни акс эттириш тарафдори деб ҳисоблашади. Натижада «параллел ҳикоя» оддий ва аҳолининг ўрта қатламидан чиққан инсонларнинг ҳаёт тарзи, ҳолатини янада ошкор ва ҳаққоний акс эттириш вазифасини бажара бошлади; ёки айрим воқеа-ҳодисалар билан таққослади. Ерга муҳтож деҳқонлар, кечаги завод ишчилари, ишсиз қолган ёшлар, маълумотли битирувчилар, ижодкорлар, кичик клерклар, уларнинг оилавий кичик муаммолари, уларнинг қийинчиликлари биринчи даражада кўтарилди.

«Параллел ҳикоя»лар ёзишни бошлаган новеллачи-адибаларнинг ҳам сони кўпая бошлади. Улар ўз асарларида ишлаётган хотин-қизларнинг ўзгарган маънавий дунёси, фикр-мулоҳазалари, қарашлари, муаммолари, оилавий муносабатларнинг қайта қурилишини тасвирлаб беришган. Уларнинг қаторига Мринал Пандей, Мехрунисса Парвез, Мридулла Гарги, Индубала, Малти Жоши, Манжула Бхагат, Нирупма Севти, Мамта Калия, Судха Арора, Кришна Агнихотри, Мона Тулатиларни киритиш мумкин. Танқидчиларнинг таъкидлашларича, бу ҳикоялар мардлик, муаммоларни ёритишда муросасизликни ажратиб кўрсатади. Ракеш Ватса, Суреш Сетх, Дхирендра Астхана. Абхиманью (Шабнам), Свадеш Дипак, Ашок Агравал, Кришна Бхавук, Удай Пракаш, Рамеш Гупта, Уша Ядав, Кусум Ансал, Суннита Жейн, Малти Синха каби муаллифларнинг бошқа «параллел ҳикоя»лари ўз қаҳрамонларига бўлган ачиниш ва ҳамдардлик ҳислари билан тўлиб тошган. Шунингдек, Насир Шарма ва Лушта Мэтрияларнинг ўзига хос қизиқ ҳикояларини ҳам ажратиб кўрсатиш мумкин. Танқидчиларнинг таъкидлашича, Удай Пракаш, Митхалешвар, Вишвамуртилар замонавий ҳикояларнинг тараққий топишида ўзига хос ўрин тутади. Улар ҳаёт воқеликлари билан яхши таниш бўлган ҳолда ўз асарларида ҳақиқий реалист сифатида иштирок этадилар.

Мисол учун, Кусум Ансалнинг «Нимадир айтилмай қолди»37 ҳикояси. Асарнинг бош қаҳрамони ҳисобланган Суман — маълумотли аёл. У ёзувчи ва одатда ёзувчи-аёл қиёфасида биз ғайратли, ақлли, илғор қарашларга эга бўлган шахсни кўрамиз. Қаҳрамоннинг бутун латофати шундаки, қатъий ишонч ва соғлом ақлга эга бўлган ҳолда, у ўз бокиралиги ва тароватини йўқотмайди. У ғамхўр она ва шу билан бирга ҳар дақиқада ёрдамга тайёр бўлган содиқ дўст ҳамдир. У атрофдагиларни тушунишга ҳаракат қилади. Бироқ ҳамма ҳам ҳар доим уни тушунмайди. Ҳақиқий ижодкор сифатида унинг қалби кечинмалар ва хаёллар билан тўлган. Бироқ у қалбини оча оладиган бирорта инсон йўқ. Ҳатто унинг ақлли, хушмуомалали турмуш ўртоғи ҳам унинг иккинчи «мен»и бўла олмайди.

Муаллиф хотин-қизларнинг оиладаги роли, турмуш ўртоғининг қариндошлари билан муносабати, ушбу ҳолатда эса, қайнсингиллари билан муносабатини ёритиб беради.

Асарнинг илк сатрларидан бошлаб Суманнинг уйга, оилага муносабати очиб берилади: «Уй, яъни ушбу деворлар билан ўралган жойни, умрбод менинг чеккамга тушган ерни, мен ўз уйим деб ҳисоблайман...»38. У ўз уйи тўғрисидаги ташвишларни мажбурият сифатида қабул қилади. У нимаики қилаётган бўлса, ҳатто ҳинд аёллари шундай мамнуният ва шижоат билан амалга оширадиган уйни байрамга тайёрлаш жараёни у учун фақат оддий кундалик вазифадир. У анча йиллардан буён яшаб келаётган бу уйда бегонадир. Бу унинг оила тўғрисидаги ташвишларида ўз аксини топади. Ҳатто у овқатни турмуш ўртоғининг кўнглини олиш учун эмас, балки шартлиги учун тайёрлайди. Суман ва унинг турмуш ўртоғи Кейлаш ўртасидаги мулоқотда биз кечинмалари очиқ ифодаланмаган, унчалик дилкаш бўлмаган аёлнинг қиёфасини кўрамиз.

«... Қара, фонарларни қаерга осиб қўйдинг... Ўтган-кетганлар нима деб ўйлайди?» Мен индамадим, ва у яна бошлади — «Сен қариндошлар учун барча ширинликлар ва меваларни тайёрлаб қўйдингми?» «Малитларникида Дивали байрамига бир неча кун қолган бўлсада, барча нарса тайёр... Барча нарсаларни у мамнуният билан амалга оширмоқда». Мен яна жавоб қайтармадим.

«Яхши, ейишга у-бу нарса олиб кел».

«Бироқ печеньени ишда ҳам ея оламан...

Лолитаникига борганингда, у шундай дастурхон ёзадики! Шундай мазали хонаки пирогларни олиб келадики! Билмадим, нега сен бошқачасан»39.

Суман олдиндан биладики, унинг барча ҳатти-ҳаракатлари ҳамма яхши кўрсадиган ва ҳурмат қиладиган овсинининг чаққонлиги билан таққосланади. Муаллиф унинг ёмон уй бекаси эканлиги, ёки унинг турмуш ўртоғи инжиқ эканлигини кўрсатмоқда. Бу ҳаёт мажбурияти, жамоат олдидаги мажбурият бўйича яшаётган оиланинг атмосферасидир. Улар орасида ҳис-туйғу ва муҳаббатнинг эҳтимол, улар турмуш қурган вақтда бўлган софлиги мавжуд эмас. Хотин ўзининг нўноқлиги ва сукут сақлаши билан эрининг қаҳрини келтирса, эр эса ўзининг таъналари билан уни безор қилган. У қўрқмайди, у сукут сақлайди, чунки у тушунмовчилик билан дуч келишини билади, шунинг учун бекорга гапирмайди. Бу билан Суман «янги ҳикоя» қаҳрамонига ўхшайди. Муаллиф китобхонни қаҳрамоннинг қайнсинглиси билан таништириб, унинг келиннинг маълумотлилигига бўлган муносабатига эътибор қаратади: «Ёзаверади, ўқийверади. Қаерга қарама — китоблар. Агар сизга ёзиш шунчалик ёқаётган бўлса, ишхонага боринг... Уйда қоғозни ишлатаяпсиз»40. Мана аёлнинг оилада бўлган ўрнига назар. Буни эркаклар эмас, балки аёлларнинг ўзи айтмоқда. Қариндошларнинг Суманга бўлган муносабати навбатдаги лавҳада янада кўпроқ очиб берилади. Суманнинг яқин бўлган амакиваччаси оламдан ўтади. Эри, овсини қариндошлиги сабаб унга ҳамдардлик билдиришади. Қайинсинглиси ҳатто маъракага бормайди. Эҳтимол, европалик китобхонга қаҳрамон маъракага турмуш ўртоғининг қариндошлари қатнашмаганлигини қалбига яқин олганлигини тушуниш ғалати бўлиши мумкин. Бироқ ҳинд китобхонига кўпчилик билан ўтказиладиган мотам маросимлари, одамларнинг келиши бу уйга бўлган ҳурматга асосланиши яхши танишдир.

Воқеа-ҳодисалар 1984 йилнинг октябрь ойида содир бўлади. Суманнинг акасининг вафоти Ҳиндистон бош вазири Индира Гандининг вафотидан бир оз вақт олдин содир бўлади. Ёзувчи бу лавҳа билан ҳиндлар «Мамлакат онаси»га ҳис қилган муҳаббатни, уларнинг кечинмаларини кўрсатиб беради. «Биз дунёдаги барча нарсаларни унутдик. Ҳамманинг фикри-хаёли унинг хавотирли ҳолати билан банд эди... Кечқурун бутун оила телевизорнинг олдига йиғилди. Бундай катта ғам билан таққослаганда, бизнинг йўқотиш камроқ туюлди»41.

Индира Ганди ўлимидан сўнг бутун мамлакат бўйлаб сикхларни қатъий жазолаш амалга оширилди. Муаллиф сикхлар дуч келган ваҳшийликни кўрсатиб бермоқда. Ёзувчи вазиятга объектив баҳо беради. У Индира Гандининг ўлимига ҳеч қандай алоқаси бўлмаган сикхларни айбламайди. У оқил ва инсоний майлларни қўллаган ҳиндуларни акс эттирган. Бу ҳиндулар икки лагерга бўлинган кунлар эди: бирлари «Она учун қасос олиш»га интилган бўлсалар, бошқалари қўшниларига, яқин-сикхларга ўзбошимча оломондан бекинишга, азоб чекувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаганлар. Муаллиф параллел равишда сиёсий ҳолатга бўлган икки ҳолат, икки муносабатни қурган.

Муаллиф «қасос олувчилар»нинг ҳақиқий қиёфаси, уларнинг шафқатсизлигини бир кичик, бироқ аҳамиятсиз лавҳа билан кўрсатиб беради. Суманнинг қизи айтган гаплар орқали ҳақиқат янада ошкор намоён бўлади: «Ойи, ахир барча содир бўлаётган воқеаларнинг сабаби биттаку!? Наҳотки шу сабабли уйлар вайрон қилинмоқда. Аввал уйни талон-тарож қилишади, кейин ёқиб юборишади... Кеча келишди, видео таклиф қилишди. 500 рупийга»42. Қизча қаттиқ ғазабланди. Унинг бундай одамлар билан мулоқот қилиши ғашини келтиради. Бироқ, шундай инсонлар ҳам борки, улар уйда ўтириб, бундай босқинчиликни қўллаб-қувватлашади, ўғирланган буюмлардан ҳазар қилмайди. Шундай инсонлардан бири Суманнинг қайинсинглиси Тародир: «Сотиб олиш керак эди, мен олар эдим»43.

Ёзувчи бу ерда ушбу воқеа-ҳодисалар даврида полиция, ҳукумат ҳолатини кўрсатиб беради: «Қўшнимизнинг қариндоши полициячи. Унинг айтишича, ... босқинчилик вақтида, биз ҳиндуларни тўхтатмаймиз, ярамасларни уринглар, тор-мор қилиб ташланглар деб гапирамиз»44. Ёзувчининг таъкидлашича, инсон айнан мана шундай ҳолатда билинади. Меҳмонларни кенг қучоқ очиб кутиб олганлар (Лалита), кимдир ёрдам сўрамаслиги учун телефонларни ўчириб қўйишган. Ҳатто олийжаноб Кейлаш ҳам оиласининг дўсти — сикхга қўнғироқ қилиш ва унинг қандай ҳолатда эканлигини билишни «унутади». Бу ҳам ижтимоий, ҳам ахлоқий жиҳатдан таққослашдир.

Мазкур ҳақоратлар ва майда хоинликлар фонида Суман образи ажралиб туради. У «душманларга кўмаклашгани» учун калтакланишдан, қўшниларнинг иғвосидан, унинг хатти-ҳаракати катта бўлиб қолган қизининг шаънида акс этишидан қўрқмайди. Адолатсизлик у учун турғун, бефарқ турмуш тарзидан қутулиш учун туртки бўлади. У оиласининг дўстига қўнғироқ қилиб, унга ўз ёрдами, қони ва овқатини таклиф қилади. Унга атрофдагиларнинг муносабати, эрининг норозилиги таъсир қилмайди. У тилини тиймаганлиги атрофдагиларни ҳайратга солади: «Таро, сингилжон, илтимос, бу ердан кетгин. Мен сенга жуда ҳам кўп бардош бердим. Энди уйингга бор... Мени ёлғиз қолдиринг»45. Муаллиф унинг образини очиб берган ҳолда у билан Таронинг образини таққослайди.

Бироқ, уни яна бегона ва тушунмайдиган одамлар қамраб олади. Оиладаги ҳолат уни яна тинч юришига олиб келади. Суман унга барча хоҳлаганини охиригача айтишга улгурмаган турмуш ўртоғини тушунади. Унга нима демоқчи бўлганини тушунади. «... У ҳаммасини айтмади, лекин мен тушундим. Мен кўп нарса дедим, бироқ ҳеч нарсани тушунтира олмадим...»46.

Ёзувчи диний ихтилофлар муаммосини кўтариб чиқиб, ушбу ваҳшиёна ҳодисалар билан параллел равишда аёлнинг, ижодкор аёлнинг ички дунёси, унинг ички кечинмалари, зиддиятларини очиб беради. Унинг қаҳрамони тўсатдан «мулойим»дан исёнкорга айланмайди. Бу шундай ҳақиқий инсонки, унинг қалбида очилмаган қирралар бисёр. Бундай тасодифлар кескин ҳолатларда юзага чиқади, ва яна ўз жойига қайтади. Ушбу аёл қалби — батамом ўрганилмаган, Кусум Ансал унга назар солиб кўрди ва уни аёл номи билан кўрсатишга ҳаракат қилди.

Ҳикояда яна битта яширин параллеллик мавжуд. Агар ёзувчи, ижодкор кўп асрлар давомида кучли ва эътиборли шахс сифатида жамоат фикрига таъсир кўрсатишга қодир бўлган бўлса, капиталистик жамият шароитида, 80-йилларда, сиёсатчи эътиборли шахсга, қўлида ҳукумат ва капитали бўлганларни йўналтирган сиёсат эса энг муҳим соҳага айланди. Суман образида ижодкор шахс, кундалик реал ҳаётдаги аёлнинг психологик портрети яратилади, бироқ бу портрет мамлакатнинг сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа-ҳодисалар, оилавий ҳаётдаги кескин ҳолатлар билан параллел равишда ёритилади ва қаҳрамон аёл қандайдир кескинлик, нокулайликни ҳис этади, бу эса китобхонни ўйлантиришга мажбур этади. Шундай қилиб, ўтган асрнинг 60–70-йилларида Ҳиндистондаги ижтимоий-сиёсий вазият ҳиндий тилидаги реалистик ҳикоя олдига бир қатор муаммоларни қўйди, янги қараш остида кўплаб масалаларни ёритиш имконияти юзага келди.



Достарыңызбен бөлісу:
1   2   3   4   5   6   7   8   9




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет