Физиология – яхлит организм ва унинг қисмлари – ҳужайраси, аъзолари, функционал системаларининг ҳаётий фаолияти ҳақидаги табиий фан. Физиология тирик организмнинг турли хил функциялари механизмини (ўсиши, кўпайиши, нафас олиши, озиқланиши ва бошқаларни), уларнинг ўзаро алоқадорликларини, ташқи муҳитга мослашишини, ҳар бир турнинг келиб чиқиши ва эволюция жараёнларини ўрганади.
Цитоплазма (юн. kytos – идиш ва plasma – шаклланган) – ҳужайранинг ядро билан плазматик мембрана оралиғида жойлашган асосий таркибий қисми. Цитоплазмадаги коллоид заррачалар ва бошқа таркибий қисмлар доим ҳаракатда бўлади. Микрофибрилла, микронайчалар ва бошқа толасимон тузилмалар ҳужайранинг ҳаракат-таянч системаси ҳисобланадиган цитосклетни ҳосил қилади. Ҳайвон ҳужайралари цитоплазмаси органоидлари кам бўлган, плазматик мембранага яқин ташқи қисмини, ички, ядрога яқин жойлашган органоидларга бой, қисмини эндоплазма дейилади. Ўсимлик ҳужайралари цитоплазмаси ҳайвон ҳужайраларидан махсус органоидлар – пластидалар ва йирик вакуолаларнинг бўлиши билан фарқ қилади.
Гомеостаз (юнонча homoios – ўхшаш, бирдай ва stasis – ҳаракатсиз, ҳолат сўзларидан олинган) – организмнинг ички муҳити таркиби ва хусусиятларининг нисбатан доимийлиги ва асосий физиологик функцияларининг барқарорлиги динамикаси. Гомеостаз тушунчаси биоценозга (тур таркибининг доимийлигининг ва тур вакиллари сонининг сақланиши), генетикага ва кибернетикага нисбатан қўлланилади. Уни одамга нисбатан қўлласак, бу тушунча инсон организмининг мустақил яшашининг шартини англатади.
Қон, лимфа ва тўқима суюқлиги – организмнинг ички муҳити.
Лимфа – (лот. lympha – тоза сув, намлик) қон плазмасида ҳосил бўлувчи рангсиз суюқлик. Унинг таркиби оз миқдорда оқсиллар ва асосан лимфацитлардан ташкил топган турли туман ҳужайралардан ташкил топган бўлади.
Тўқима суюқлиги– ҳайвонлар ва одамнинг тўқималари ва органларидаги ҳужайралараро фазони тўлдириб турувчи суюқлик. У ҳужайралар учун озиқланувчи ва модда алмашинувчи муҳит ролини ўтайди.
Қон – умуртқали ҳайвонлар ва одамнинг қон айланиш системасини ташкил этувчи томирларида айланиб оқувчи суюқ тўқима. Қон ҳужайра ва тўқималарга етиб бориб, уларнинг ҳаёт фаолиятини ҳамда физиологик функцияларининг бажарилишини таъминлайди. Эритроцитларнинг таркибидаги гемоглабин қонга қизил ранг беради. Қоннинг таркиби, осмотик босими ва актив реакцияси (рН) деярли ўзгармайди. Қон ҳужайраларга кислород етказиб беради ва карбонат ангидрид газини олиб кетади (нафас олиш функцияси), овқат ҳазм қилиш аъзоларидан озиқ моддаларни бутун организмга тарқатади (озуқа ташиш функцияси), моддалар алмашинуви махсулотини чиқариш аъзоларига (буйракка) олиб боради. Қон аъзоларнинг гуморал алоқасини юзага чиқаради, у газ алмашинуви, нафас, сув-туз алмашинуви, кислота-ишқор мувозанатида иштирок этади.